Озод Мўъмин Хўжа. Учқун ва аланга (фантастик ҳикоя)

Ҳар бир фантастик ҳикояда ғайри табиий ҳолат бўлиши керак. Акс ҳолда у жанр талабига жавоб бера олмайди. Шунинг учун, ушбу асарга реал ҳаётда бўлмаган кичик бир элемент киритамиз ва ёзамиз.
 Айтилаётган фантастик элемент шундан иборатки, ҳикоянинг асосий персонажида, яъни менда рўпарамдаги одамларнинг қалбида чақнаётган учқунларни кўра олиш ва улар хавфли бўлсалар, алангага айланиб улгурмасдан аввал уни ўчириш имконияти мавжуддир. Бошладик…
 
 Биринчи суҳбатдошим найнов йигит бўлди. Унга иш жуда керак экан. Қўлидан барча юмуш келар эмиш. Олти ой бекорчи бўлиб юриб, зерикиб кетибди.
 – Ота-онамнинг кўзига қараш оғирлик қиляпти, – деди у. – Девдай йигитман. Қачонгача текинхўрлик қиламан? Мени ишга олинг, илтимос!
 Мен унинг қалбига боқдим. Ишга нисбатан бирор учқун тугур, учқунча ҳам йўқ! Ғирт ишёқмас. Текинхўр. Агар қабул қилсам, то ҳайдамагунимча фирмамнинг иши юришмайди.
 – Бу гапларни сенга ким ўргатди? – сўрадим мен.
 У жилмайди.
 – Онам! – деди у ҳиссиз оҳангда.
 Тўғри-да, қалбда учқун бўлмагандан кейин сўз оҳанги ҳисли бўлармиди?
 – Нега ишлашни хоҳламайсан?
 – Нима кераги бор ўзни уринтиришни. Инсон дунёга бир марта келади. Меҳнат қилиб, меҳнат қилиб, бир куни ўлиб кетади.
 – Ҳозир сени ота-онанг боқяпти. Улардан сўнг, нима қиласан? Қандай қорин тўйдирасан?
 Найновнинг қалбида ниҳоят учқун чақнади. Менга аҳмоққа қарагандай боқди.
 – Шу ҳам муаммоми? – жилмайди у, ҳис-ҳаяжон билан. – Жуда содда одам экансиз! Ўйлаб кўринг, чўлоқ ва маймоқмасман. Бутун йигитман. Қизларга ёқаман. Бир бадавлат қайнота топсам бўлди. Олам – гулистон!
 Мен нима дейишни билмай қолдим.
 – Лекин, уни бу дунёга боғлаб қўйишмаган-ку! Тўсатдан ўлиб қолса-чи? – дедим ниҳоят. Мен бу йигитнинг фалсафасини тўлиқ билиб олишга жазм қилгандим.
 – Шу ёшга кириб, атрофни тузукроқ кузатмаган экансиз! Ёши сал каттароқ, турмушга чиқолмаган қанчадан-қанча қизлар бор. Уларнинг кўпчилиги ўз ишини топиб олган. Бадавлат қайнатам вафот этиб, оч қолсам, хотиним билан ажрашаман. Эр керак бўлган, иши яхши, ўтириб қолган қизларнинг бирига уйланаман-қўяман.
 – Сендакаларни биласанми, нима дейишади?
 – Ҳа, биламан, альфонс деб аташади. Менга эса фарқи йўқ. Одамлар гапириб-гапириб, қолиб кетишаверади.
 У сўзлар экан, қалбида учқунлар чақнар эди. Дарҳол қарор чиқардим. Найновнинг қалбидаги бу альфонслик мақсадидаги уйланишга интилиш учқунларини ўчирмасам, у келажакда алангага айланиб, кўп бегуноҳ қизларни ва инсонларни катта ташвишга солади. Ва шу заҳотиёқ ўзимдаги учқун ўчириш қобилиятимни ишга солдим. Натижа кўринди. Фақат менга. Йигит буни сезгани ҳам йўқ.
 – Сен уйлана олмайсан, – дедим оҳиста.
 У ҳайрон бўлиб боқди.
 – Нега энди? – сўради у. – Тўрт мучам соғ. Қизларга интилиш бор. Истаган пайтимда уйлана бераман.
 – Эртадан бошлаб, бунга ҳам хафсаланг қолмайди. Сен Ер юзида юрган керакмас балластсан. Суҳбатимиз тугади. Онангга, ҳамма ўргатган гапларингизни айтдим, лекин ёқмадим, ишга қабул қилишмади, дегин.
 – Майли. Бу одатдаги жавобим. Хайр. Яхши қолинг!
 У жилмайди. Топширилган вазифани қойиллатган одамдек енгил тин олди. Ишга қабул қилмаганимдан хурсанд эди. Чиқиб кетди.
 Энди бу йигит альфонслик қила олмайди. Ота-онасига тирик товон бўлиб яшайди ва қирқ ёшга тўлар-тўлмас бу дунёни тарк этади. Борлиққа текинхўрлар керак эмас.
 
 Кейинги йигит ўрта бўй ва вазмингина экан. Лаблари жилмайиш шаклида, кўзлари совуқ.
 – Эълон бўйича келдим, – деди у. – Сизга ишчилар керак экан.
 – Ҳа, керак, – жавоб бердим мен. – Фақат, хизмат жуда оғир бўлади.
 – Ҳар қандай иш қилиб ўрганиб қолганман. Оғир ишдан чўчимайман.
 – Унда, жуда соз. Ҳафтада олти кун ишлайсан. Тушлигинг текин. Маош эълонда кўрсатилган. Агар, ишинг ёқмаса, дарҳол ҳайдайман, розимисан?
 – Ишлаганимга пул берасизми?
 – Бераман, лекин норози бўлиб.
 – Майли, келишдик! – деди у, хурсанд ҳолда.
 Мен оҳиста унинг қалбига назар солдим. Унда мендаги ишга нисбатан учқун йўқ эди. Ҳайрон бўлдим. Аввал, ўзимга ўзим савол бердим: “Нега менга ишга кирмоқчи?” Кейин унга бошқача савол бердим.
 – Кимнинг истаги билан келдинг?
 У ўнғайсизланди. Қандай жавоб беришни билмасди. Чунки, мен мўлжалга аниқ теккандим.
 – Ўзимнинг, – деди у ниҳоят.
 – Алдаяпсан! Тўғрисини айтсанг, сени урдирмайман! – пўписа қилдим.
 – Нега мени урдирасиз?!
 – Чунки, сен жосусликка келяпсан! Ким юборди?
 – Қандай урдирасиз? Мен милицияга арз қиламан!
 – Далил-исботинг бўлмайди. Нима, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Охирги марта сўраяпман. Ким юборди? Агар, тўғри жавоб бермасанг, ўзингдан кўр.
 – Жасур ака…
 – Маҳсулотларим технологияси билан қизиқяптими?
 – Ҳа.
 – Жасур акангнинг ўзи қишда қор сўрасанг бермайди. Унга қанча яхшилик қилдим. Битта маслаҳат сўрасам, аввал икки миллион сўм чўзинг, деди. Беш йил аввал ишхонамга тўрт тонна мелни сизда туриб турсин, туширишга жойим йўқ, деб ташлаб кетди. Айтган муддатида олиб кетмади. Унинг қоплари чириб, ёрилиб ҳамма ёқни ифлос қилди. Охири, ахлат машина чақириб, унинг пулини тўлаб, жўнатвордим. Краска ишлаб чиқарувчи қурилмасини олти йил сақлаб бердим. Бунга пул сўрамадим. Раҳмат ҳам демади. Энди, сени жосусликка юбордими?
 – Мени кечиринг, пул зарур бўлиб қолганди.
 – Кечирмайман. Сени ҳам, уни ҳам! Фарзандинг борми?
 – Ҳа!
 – Унинг катта бўлганда ўғри, муттаҳам, наркоман бўлишини истайсанми?
 – Йўқ.
 – Унда ҳалол пул топ.
 – Тушундим… – жавоб берди у.
 Яна унинг қалбига боқдим. Тушундим, деяптию, учқун йўқ. Яна алдаяпти. Нега баъзи одамлар шунақа? Бировни лақиллатса, учқун пайдо бўлади. Кечирим сўраса, ҳеч қандай учқун йўқ, демак узри – ёлғон. Бу йигитдаги алдаш учқунларини келгусида алангага айланмаслиги учун ўчиришга тўғри келди. Энди, унда одамларни алдашга рағбат бўлмайди.
 – Бўлди, кетабер. Сени урдирмайман. Жасур акангга индама. Ишга қабул қилинмадим, десанг бўлди. Тушундингми?
 – Ҳа! – деди у ва чиқиб кетди.
 Мен ўтирган жойимдан узоқдаги Жасурнинг қалбига қарадим. Унинг дилида пул топишга, бошқаларни юлишга, очкўзликка нисбатан учқунлар чақнаб турарди. Унга ёрдам бердим, яъни ўша учқунларни ўчирдим. Улар алангага айланиб кетмасин. Энди, у пул топишга, таниш бизнесменларни алдашга, ўзгаларни юлишга, очкўзликка интилмайди. Ўзига борлиқ томонидан берилаётган ризққа қониқиб яшайберади. Қандай фикрдасиз, тўғри қилдимми?..
 
 Хонам эшиги очилиб, яна бир йигит кирди. Уни ўтиришга ундадим.
 – Мархамат!
 Қаршимдаги инсон озғингина, кўзлари қоп-қора ва чақноқ эди.
 – Хўш, хизмат? – сўрадим мен.
 – Шу… ишга кирмоқчи эдим. Қанақа шарт-шароитлар бор, билмоқчиман.
 – Менда фақат оғир, қўл меҳнати мавжуд.
 – Ишнинг оғир-енгили йўқ, сидқидилдан бажарилган ҳар қандай иш шодлик келтиради, – жавоб қилди у.
 – Файласуф экансан! – хитоб этдим мен.
 – Қизиқаман…
 – Яна қандай шарт-шароитларни билмоқчисан?
 – Маошдан ташқари мукофот пули бериб туриладими?
 – Йўқ! – дедим мен, – Фақат тушлик бизнинг ҳисобимиздан.
 – Тушунарли, – хўрсинди у. – Биласизми, мен янги уйланганман. Ота-онам “дом” олиб беришди. Икки хонали. Ва, хайр, севган қизинг билан қандай истасанг, ўшандай яша, дейишди. Сабаби, улар айтган номзодга рад жавоб берганим. Хотиним – талаба. Ҳеч кимдан ёрдам кутолмайман.
 – Ҳаёт шунақа! – жилмайдим. – Менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Кунда-кунора мастава ва бўлка нон билан қорин тўйғазиб яшаганмиз. Аммо, бахтли эдик. Сен чида ва бетиним ҳаракат қил. Тўкинлик аста-секин келади.
 – Бир қанча вақтдан кейин маошимни ошира оласизми?
 – Фақат маҳсулотларимнинг сотилиш ҳажми кўпайсагина.
 – Шунда қанча қўшилади?
 Мен айтдим. У чуқур хўрсинди.
 – Йўқ, бўлмайди. Унда мардикор бозорга чиққаним дуруст.
 Оҳиста унинг қалбига назар солдим. Фирмамдаги ишга нисбатан учқун бор. Мардикор бозорга йўқ.
 – Сен кўп пул топаман деб орзу қилма, бахтли яшашим керак, деб ният қил. Ҳаёт фалсафаси шундан иборат.
 – Етишмовчилик қийнаяпти-да…
 – Айтдим-ку, чида ва ҳаракат қил деб. Мардикор бозорда кўпроқ пул топарсан, лекин у ишга рағбатинг йўқ. Ўзингга ёқмаган юмушни қилсанг – тез чарчайсан, асабларинг зўриқади. Тажанг бўлиб қоласан. Хотининг билан унар-унмасга уришаберасан. Ҳаётдан доимо норози бўлиб юрасан. Шу сенга керакми?
 – Ўзингиз файласуф экансиз!
 – Ҳа. Сенга ўхшаб, ёшлигимдан жуда қизиқаман.
 – Майли. Узр. Бундай маошга ишлай олмайман. Бошқа жойларни ҳам суриштириб кўраман.
 – Ихтиёр ўзингда. Ҳаёт – сеники. Истаганингдай яша.
 Йигит чиқиб кетди. Мен унинг қалбига ҳеч қандай таъсир кўрсатмадим. У ҳали кўп адашади, аммо бир кунмас бир кун ўз қозиғини топиб олади, деган фикрга келгандим. Асосийси, ўз севганига уйланибди. Латта-ландавурлик қилмабди. Турли ёлғон-яшиқларданми ё ота-онасининг менталитети торлигиданми вужудга келган тўсиқларни енгибди. Ҳақиқий севги қалбда беҳуд учқунланмайди. У – илоҳиёт мўъжизасидир. Борлиқ йигитга ҳали ўз мукофотини беради.

 Тўртинчи одам кирди. Салом берди. Алик олдим. Қаршимга ўтирди.
 – Мени ишга олинг! – деди у, дабдурустдан.
 – Оламан, фақат менда қандай иш шароити мавжудлигини билмайсан-ку?
 – Мен бир неча йил Россияда ишлаганман. Роса чиниққанман. Совуқ мамлакат жонимга тегди. Нима иш бўлса ҳам ишлайбераман.
 Мен унинг қалбини кўздан кечирдим. Ҳақиқатдан фирмамдаги ишга нисбатан учқунлар бисёр.
 – Маошга розимисан?
 – Ҳа, албатта. Менга етади. Қаноатли одам қадрли бўлади.
 – Унда, келишдик. Сенга бир ҳафта синов муддати бераман. Меҳнатинг сифати ёқмаса, хайрлашамиз. Англадинг-а?
 – Ҳа. Бундай бўлмайди, деган ниятдаман.
 – Айтгандай, тушлик овқатинг мендан.
 – Раҳмат! – жилмайди у.
 – Эртадан келабер. Иш соат 8°°да бошланади. Ҳаммасини тушунтираман.
 Йигит қувонч билан чиқиб кетди.

 Шунинг билан мақсадимга етдим. Назаримда, ташкилотимга яна бир яхши ходим қабул қилдим. Ташқарига – коридорга чиқдим. Яна уч йигит кутиб ўтирган экан. Уларга вакансия тугаганлигини айтдим. Индамай кетишди. Шу пайт учинчи, севгилисига уйланган йигит қайтиб келаётганлигини пайқадим. У тўғри менинг олдимга келди.
 – Мен фикримни ўзгартирдим, – хитоб қилди у. – Мени ишга қабул қилинг. Барча шартларингизга розиман.
 – Келинпошша билан телефонлашдингми? – сўрадим мен, унинг ёш рафиқасини кўзда тутиб.
 – Ҳа, – жавоб берди у.
 – Кечикдинг! – хабар қилдим мен. – Вакансия тугади.
 – Вакансияни яратинг! Сиз вакансиялари чекланган давлат корхонаси раҳбари эмассиз-ку!
 Мен яна унинг қалбига боқдим. Унда учқунлар кўпайганди. Деярли аланга олаётганди. Рафиқасининг қалбидаги учқунлар қўшилибди, хулоса қилдим мен. Агар, икки қалб бир ишга нисбатан баробар учқунласа, алангаланса, улар мустаҳкам қояга айланадилар. Ва бу қоя то умрнинг охиригача қилт этмай туради. Бу қоя эгалари эса ўта бахтли яшайдилар, ҳаётдаги барча орзу-мақсадларига етадилар.
 – Менда энди оғир иш йўқ!
 – Унда, енгилини беринг! – деди у. – Рафиқамга барча сўзларингизни баён этдим.
 – У қандай фикр билдирди?
 – Ҳақиқатни айтибдилар, деди.
 – Сен ўзинг нима дейсан?
 – Менга ҳамма фикрларингиз ёққанди. Сизга жуда ишга киргим келганди. Лекин, яна бошқа вариантларни ҳам кўрмоқчи бўлгандим. Нотўғри қарор чиқарибман.
 Йигит алдамаётганди. Унинг қалбидаги учқунлар мени ишонтирдилар.
 – Яхши, – сўз қотдим мен. – Эртага 8°°га етиб кел. Менга реклама бўйича ҳам одам керак. Билмасанг, ўргатаман. Маош ва шартлар ўша-ўша. Маҳсулотлар сотилиши ҳажмини кўпайтирсанг, оладиган пулинг ҳам кўпаяди. Келишдикми?
 Унинг оғзи қулоғига етди.
 – Раҳмат! – деди у. – Жон-дилим билан ишлайман.
 Йигит қувонч билан орқасига ўгирилди-да, шаҳдам қадамлар билан юриб кетди.
 Мен хонамга қайтиб кирдим. Жойимга ўтириб олиб, мушоҳада қилдим. Инсон қалби шундай яққол ойнаки, унда барча яширин ниятлар яққол намоён бўлади. Фақат унга бехато қарашни билиш керак. Менда қалблардаги учқунларни кўра олиш ва ўчира олишдек хусусият бор. Уни қайдан олганимни сизга айта олмайман. Узр.
 

Чах-Чам қишлоғи. 30.03.15. 11:48.