Отабек Йўлдошев. Мажлис (ҳажвия)

Тушликда ёғлиққина паловни туширган Бозорқулов деканатга кириб келганида котибаси Холидахон оёқларини чалиштириб, шапалоқдек келадиган ойнасига тикилганча ўзига оро бериб ўтирган экан. Бозорқулов унга еб қўйгудай бир қарадию:
– Мени ким сўраб келса ҳам мажлисдалар деб айтинг!-деди.
У эшиги сиртига “Декан” деб ёзилган хонага кириб кетди. Холидахон энсасини қотириб, оғзидаги сақичини чапиллатиб чайнади. У Бозорқуловнинг “мажлис”ларига ўрганиб қолган. Деканнинг “Мени йўқ, деб айтинг”, ”Мажлисдаман” каби гапларининг туб маъноси фақатгина Холидахонга маълум эди. “Демак, бугун ҳам футбол бор эканда”, ўйлади Холидахон. Ҳа, Бозорқулов баъзи пайтларда уззукун хонасига қамалиб олиб телевизорда футбол томоша қиларди.
Деканатга бурни устига кўзойнак қўндирган олтмишларни қоралаган Сувонов домла ва факултетга яқиндагина ишга кирган қирқ ёшлардаги  Бекжонов домлалар кириб келишди.
– Ўзларидамилар?- сўради Сувонов деканнинг эшигига ишора қилиб.
– Мажлисдалар,-деди Холидахон бепарво охангда.
– Тушундим, тушундим. Кутамиз, қизим, – деди Сувонов стулга чўкаркан.
Сувонов ва Бекжоновлар талабаларнинг дарсда қўл телефонида гаплашиб ўтиришларини мухокама қилишарди. Шу пайт ичкаридан Бозорқуловнинг “Э, қийшиқ. Эплолмасанг нима қилардинг…”, деган асабий овози эшитилди.
Сувонов ва Бекжонов бир-бирлари билан ўғринча кўз уриштириб олишди.
– Шарипов домлани койиётган бўлсалар керак, -деди Сувонов кафти билан оғзини юмганча. – Домланинг бир оёқлари калтаку. Шунга қийшиқ дегандирлар.
Сувонов чўнтагидан дастрўмол чиқариб кўзойнагини артиб олди. У энди нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, яна Бозорқуловнинг момоқалдироқдек гулдуросли овози уангради:”Э, лапашанг… Сени ўзи давно ҳайдаш керак эди”. Сувонов юзлари қизарганча:
– Тохир акани ишдан олмоқчилар, шекилли. Ўтган ой ҳам шунга ўхшаш гап бўлувди, – деди шивирлаб. Бекжонов оғзи ланг очилиб қолди.
– Жуда муҳим масала хал этилаётганга ўхшайди. Нега бизни мажлисга айтишмади экан-а?- деди у.
“Э, мановини қаранглар! Нега думалайсан-а? Тур ўрнингдан!” Бу сафар Бозорқуловнинг овози янада қаҳрли чиқди. Сувонов ва Бекжоновларнинг калласидан бир хил фикр чарх урди:” Қайси шўринг қурғур калтак еди экан?”
Сувонов компютердан кўзини узмай ўтирган Холидахонга қараб:
– Қизим, биз бошқа сафар келармиз, Ишимиз унчалик зарур ҳам эмасди,- дедию Бекжоновни бир туртиб, узун-қисқа бўлиб чиқиб кетишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Бозорқулов чиқиб келди. Унинг қўлида ярми чекилган сигарет.
– 1-тайм тугади. Шу араблар ўйнаганда нуқул асабим қўзийди-да. Сал тегиб кетдингми, бўлди уни ялиниб ҳам ўрнидан қўзғата олмайсан,-деди Бозорқулов оғзидан тутун бурқситиб.- Ҳозир 2-тайм бошланади. Ким сўраб келса ҳам мен мажлсидаман!