Отабек Йўлдошев. Бир пиёла чой устида (ҳажвия)

Дарсдан қайтсам, хонадошим Шерали:
-Эртага жаҳон чемпионати бошланади. Нима қиламиз?-деб қолди.
Биз тақдир тақазоси билан Шерали иккимиз институтимизнинг ётоқхонасида бирга турамиз. Жуда сергап бўлса ҳам яхши бола. Кўча тили билан айтганда, “боқса одам бўлади”. Иккита футболнинг ашаддий ишқибози битта хонада яшаса, уларнинг суҳбати ҳам албатта футбол ҳақида бўлади. Баъзида бахслашиб, баъзида гаровлашиб, ҳатто аразлашиб юрамиз. Ўзининг айтишича, қишлоғида футбол майдонида унга тенг келадигани йўқ эмиш. Мен эса унинг бесўнақай ва қўпол гавдасига қараб кулиб қўяман. Жаҳон чемпионати бошланишини икки ойдан буён кутиб юргандиму, буёғини ўйламаган эканман. Ахир хонамизда телевизор йўқку. Эх, шундай ўйинларни кўриш насиб этмаган шекилли. Кечқурун тиниб-тинчимас Шерали янгилик билан келди:
-Кўчанинг нариги томонидаги кафеда катта телевизор ўрнатиб, футболниям кўрсатишаркан!
-Лекин бунинг учун кафеда нимадир буюртма бериш керак-да, – дедим мен хафсалам пир бўлиб.-Менда бўлса пул йўқ.
-Қўявер, оғайни, буёғиниям ўйлаб қўйдим, -деди у бир кўзини қисиб.
Шундай қилиб, иккимиз ҳам ўйин бошланишини кутиб, аста ташқарига чиқдик. Сезиб турибман, Шералининг ҳам пули йўқ, ҳисоби. Лекин нимага ишониб кафега бошлаяпти хайронман.
Кафе эшиги олдида турган офитсиант бизни енгил табассум билан кутиб олди ва ичкарига таклиф қилди. Мен Шералининг орқасидан эргашдим. Биз жойимизни эгаллагач Шерали офитсиантга қараб:
-Бир ўртоғимиз ҳам келиши керак эди. Ўша келгандан кейин буюртма берамиз,- деди.
Кафега одам сиғмайди. Кўпчилик бугунги ўйинни кўриш учун мана шу шинамгина кафени танлаган. Офитсиантлар қўли-қўлига тегмай, уёқдан буёққа югуриб пивохўрларга пешма-пеш пиво етказиб турибди. Кафенинг қоқ ўртасига катта телевизор ўрнатилган бўлиб, одатдагидай реклама бўляпти. “Бундай шовқин-суронда футбол кўриб бўлармикан”, дебўйланиб тургандим. Йўқ, футбол бошланиши билан хўрандалару пивохўрлар жим бўлишди. Кондиционерни ёқишди, шекилли, салқин шабададан яйраб кетдим. Шерали ҳам гоҳ тиржайиб, гоҳ қошларини чимириб телевизорга кўзини тиккан. Мен бўлсам Шералининг уддабуронлигидан ҳайратланиб ўтирибман. Биринчи тайм тугар-тугамас бояги офитсиант яна бизни йўқлаб келди:
-Акалар, нима бўлди? Буюртма берасизларми?
Шерали менга қаради. Мен эса елкамни қисдим.
-Ҳа, майли, бизга ҳозирча бир чойнак аччиқ кўк чой олиб келинг. Оғайнимиз негадир кечикяпти, -деди Шерали сир бой бермай.
Зум ўтмай чойнакда чой келтириб беришди.
-Қани олсинлар, мехмон,- деди Шерали пиёлада чой узатаркан.
-Менга қара, сен кўпам алжирама. Пулинг йўқлигини биламан,-дедим Шерали томонга энгашиб.
-Ҳар ҳолда бир чойнак чойга етадиган пулим бор,- деди у айёрона илжайиб.
-Ҳозир шунча одамнинг орасида шармандамизни чиқаришади. Ундан кўра тур ўрнингдан. Кетдик, -дедим яна зардам қайнаб.
-Қаёққа? Ахир иккинчи тайм бўлади-ку.
Барибир футболга қизиқишим устун келиб, ўрнимдан қўзғалмадим. Шундай қилиб, иккинчи тайм ҳам бошланди. Офитсиант бўлса ҳар дақиқа олдимизда пайдо бўлаверди. Охири Шералининг ҳам тоқати тоқ бўлди, шекилли:
-Намунча клей бўлиб қолдингиз. Бирпасгина сабр қилинг. Ўртоғимнинг машинаси бузлиб қолибди. Ҳозир келади,-деди овозини баландлатиб.
-Ака, мениям тушунинг, мижоз кўп. Лекин жой етишмаяпти. Сизлар бўлса икки соатдан бери бир чойнаккина чой заказ қилдингиз, холос, -деди офитсиант.
-Бирпасгина кутинг, -дедим мен ҳам гапга аралашиб.
Охири офитсиант биздан безиб кетгандай олдимизга келмай қўйди. Хўрандалар бир-бирларига парво ҳам қилишмайди. Ҳамманинг кўзи телевизордаги футболга қаратилган. Ўйин ҳам охирлаб қолди. Кимдир севимли жамоасига қарсак чалиб қўйса, кимдир чуқур уф тортади. Яна кимлардир асабларини жойига келтириш учун сигарет тутатган. Бир махал Шерали мени турткилади:
-Ана энди кетсак бўлади, деди у мамнун жилмайиб.
Барча хўрандаю пивохўрлар футбол кўриш учунгина келишганга ўхшайди. Футбол тугагач, деярли ҳамма ўрнидан қўзғалди. Кўчага чиққач аста Шералига гап қотдим:
– Офитсиант бақирмадими, ишқилиб?
– Орқамдан вовуллаб қолди,- деди у ва овози борича кулиб юборди.
– Энди эртанги ўйинни қаерда кўрамиз?-дедим мен бўшашиб.-Энг яхши ўйин эртага бўлади-да. Ҳар ҳолда энди бу кафеда кўролмаслигимиз аниқ.
– Ташвишланма, оғайни. Бошқа кафе кўпку. Яна бир чойнак чой менинг ҳисобимдан.