Йўл ямону яхшисидан ема ғам,
Бисмиллоҳ, дегилу қўйғил қадам.
Алишер Навоий
Шеърга, адабиётга қачон ишқим тушиб, қачондан қоғоз тирнай бошлаганим ёдимда йўқ. Лекин шуниси аниқ эсимдаки, шоирлик ҳавасига эш бўлиб Тошкентда ўқиш «қарори» ҳам юрагимга қаттиқ ўрнашган эди.
Тўққизинчи синфдалигимда отамиз хасталаниб қолди. Оилада етти ўғил, тўнғичи менман. Кичиги икки, олди ўн икки яшаргача бўлган укаларим, касалманд отам, ёлғизқўл онамни ташлаб, пойтахтга жўнаш инсофдан эмасди. Аммо мурғакликдан дилимга қаттиқ ўрнашган ўжар истак ақлимга бўйсунмасликка ундар, дам-бадам ғалаён қўзғаб турар, бу ғалаённи аранг босиб тинчитсамда, ич-ичимдан ўксиниб юрардим.
Ўнинчи синф яримлаганда дардимни қўшнимиз – Самарқанд давлат университети математика факультетида таҳсил олаётган Аббос акага айтдим. У ҳеч нарса демади. Демадию, эртаси куни мени шаҳарга олиб кетди. Биргаликда университетнинг филология факультети биносига кирдик. Аудиториялар, кенг заллар, спорт майдончаларини кўрсатди. Талабалар билан учраштирди. Бу ерда кимлар ўқиб, қандай одам бўлиб етишгани, айни чоқда қанақанги машҳур сиймолар дарс бераётганигача гапириб берди. Қисқаси, шоир бўладиган одам бу ерда ҳам астойдил ўқиса, мақсадига эришишига ишонтирди ва ўз шаҳримда қолиб ўқишимга кўндирди.
Мактабни тугаллаб, СамДУнинг ўзбек ва тожик филологияси факультети кундузги бўлимига ҳужжат топширдим. Пойтахтдан бошқа жойда ўқишни хаёлига ҳам келтирмай, ҳаволаниб юрган малласоч ғўр йигитча ўқишга аранг илинди. Илинганда ҳам сиртқи бўлимга… Гап шундаки, менга ўхшаган хиёл камроқ бал тўплаганлардан 30 нафарини (кўзлари қиймаганидан бўлса керак) сиртқи бўлимга қабул қилишди. Хуллас, 16 ёшимда университетнинг сиртқи бўлим талабасига айландим.
«Зарари йўқ, – дедим ҳамон отдан тушмай, – биринчи курсни тамомлаб, кундузги бўлимга қайта ариза бераман. Керак бўлса, имтиҳон ҳам топшираман, лекин сиртқида қоп кетмайман!..»
Бу аҳдим биринчи курс охирига етмай чиппакка чиқди. Отам вафот қилдию, кундузги бўлим ҳавасидан воз кечдим. Энди иш топишим, онамнинг ёнига киришим керак эди.
Колхоз раиси Рофе Ҳамроев қабулига кирдим. У киши ота қадрдоним эди, ниятимдан қувонди. «Ўғлим, сени бухгалтерия курсига юборамиз. Ўқиб келиб, бағримизда ишлайверасан», деди.
Ана холос, муштдай бошим билан шоир бўламан, журналист бўламан деб юрган еримда ҳаммасини четга суриб қўйиб, бухгалтерлик қилармишман.
– Раис бобо, ўзимнинг ўқишим нима бўлади? – дедим ҳовлиқиб.
– Ўқишинг ўз йўлида кетаверади. Сессия пайтларинг ишдан рухсат берамиз. Ҳам ўқиб, ҳам дам олиб келасан, – деди раис хотиржам қилиб.
Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Рози бўлдим. 1970–71-ўқув йилида бир йўла икки жойда ўқидим. Университетнинг учинчи курсига кўчган йилим колхозда меҳнат бухгалтери ёрдамчиси бўлиб иш бошладим. Аста-секин экономист ёрдамчиси, кейин чорва бухгалтери бўлдим. Бу орада университет таҳсили ҳам тугаб, филолог-ўқитувчи деган диплом олдим. Энди истаган еримда ишлашим, дебит-кредит ҳисоб-китобларидан халос бўлишим мумкин эди. Аммо бутун ўқишим давомида мени қўллаб, иззатлаб, маош бериб турган жамоани индамай тарк этишим одобдан эмасди. Қолаверса, чорва бухгалтерлигидек баобрў, «ёғли» жойдан кетиб, мактабда оддий ўқитувчилик қилиш ҳам кўпчилик наздида кулгили туюларди. Яна бир томони – қарамоғимдаги укаларимнинг олди энди-энди суяги қотиб, оёққа туриб келаётган эди. Қисқаси, дипломли бўлганимдан кейин ҳам яна икки йил чўт қоқишга мажбур бўлдим.
Мажбур бўлдим, дейишим ҳам рост гап, ботинимда ҳали-ҳамон ижод дарди симиллар, озроқ фурсат топдимми, нималардир машқ қилишга ундарди. Ўқувчилик йилларимда шеърларим чиқа бошлаганди, кейин эса ҳикояларим ҳам… Уларни фақат туманимиз газетасигина тан олиб босиб турарди.
Ота қадрдоним бўлмиш Раис бобомиз (кейинчалик у киши қиссаларимда Рустам Ҳайдаров бўлиб кўринди) 56 ёшида дунёдан ўтди. Раҳматли яхши одам, республика миқёсида танилган машҳур раҳбар эди. Шундан кейингина менга «монелик қиладиган» киши бўлмай, мактабга кетдим.
Мактабда бир йил ҳавас билан ишладим, ўзимни сувга тушган балиқдек ҳис этардим. Ғайратим ичимга сиғмас, «Шалола» деган адабий тўгарак очиб, ўқувчиларимга шоирликдан «дарс» бера бошладим. Кўп ўтмай яна безовталик оралади кўнглимга. «Нега дунёнинг бир чеккасида оддий ўқитувчи бўлиб қолиб кетишим керак экан, лоақал энди толеимни синаб кўришим мумкинку!» дердим ўзим билан ўзим курашдим.
Ҳамкасбларим билан сирлашдим. Қўлловчи бўлмади: «Энди кеч, оила, беш фарзанд билан Тошкентда яшашнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, бу соҳани танлаганнинг ё зари, ё зўри бўлиши керак», дейишди. Фақат биргина инсон – қишлоғимизга Нурота томонлардан келиб қолган Нурмуҳамедов деган қария, бошланғич синф ўқитувчиси, бошқача гап қилди: «Менинг бир танишим бор, Низомийда, сиртқи бўлимда бизга дарс берган. Ёшим улуғ бўлгани учун ҳурмат қиларди, шу одамга учраб кўрингчи», деди.
Мактабда иккинчи йил иш бошлашимдан олдин – август ойларида Тошкентга келдим. Аспирантурада ўқиётган собиқ синфдошим йўл бошловчи бўлди. Ўша пайтларда қисқагина қилиб, «проспект 41» деб аталадиган (ҳозирги «Буюк Турон кўчаси, 41-уй») бино остига келиб, «Гулхан» журналига қўнғироқ қилдик. Чунки журнал таҳрир ҳайъатида биз излаб келган киши – Пирмат Шермуҳаммедов исмини кўргандим ва шу журналда ишласа керак, деган хаёлда эдим. Соддалигим ҳам шу даражада эканда.
Ичкаридан кимдир жавоб берди: у киши катта одам. Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлайдилар, деди.
Оёғимдаги титроқ зўрайгандан зўрайди: ана холос, бу катта одамга қандоқ рўпара бўламан?!
Айтмоқчи, Тошкентдай жойга паспортсиз келибман. Учраган эшикда паспорт суриштириб туришса, бу ёғи қандоқ бўларкин, деган хавотирим ортиб борарди… Йўқ, «Навоий – 30»да ҳеч ким ҳужжат сўрамади.
Бинога бемалол кириб, ўша пайтлардаги энг машҳур Ғафур Ғулом номидаги нашриёт бош муҳаррири хонасини осонгина топдик. Катта одам дейишгани – Пирмат ака (профессор Пирмат Шермуҳаммедов) очиқ чеҳра билан қарши олди. Стулларга ўтқазиб, чой узатди.
– Домла, биз Самарқанддан келдик, бир танишингиз юбордилар, – дедим томдан тараша тушгандай қилиб ва мактубни узатдим.
Пирмат ака дарҳол конвертни очиб, аввал суратга қаради.
– Э, домлаку, – деди кулимсираб.
– Ҳа, Нурмуҳаммедов домла, мактабда бирга ишлаймиз, – дедим жонланиб.
– Тўғри, Нурмуҳаммедов. Олтмиш ёшида биздан диплом олганди. Ғайратли қария эди…
Пирмат ака кўп куттирмай хатни ўқиб чиқдида, «қани, нарсаларингизни берингчи?» деди. Нарсаларим – бир даста шеър ва ҳикоялар эди, дарҳол узатдим.
– Яхши. Эртага шу пайтларда кела оласизми?
– Албатта, – дедим ҳовлиқиб.
Хуллас, эртаси куни айтилган соатда Пирмат Шермуҳаммедов хонасида ҳозир бўлдим.
– Шеърларингизни …га (исми ёдимдан кўтарилибди), ҳикояларингизни Ботир Норбоевга берганман. Ҳозир уларни чақиртирамиз, – деди Пирмат ака ишчанлик билан.
Шеърларимни олган одам топилмади, Ботир Норбоев хонага кириб келди. Қорачадан келган, қорувли йигит экан.
– Хўш, Батиржан, ҳикояларди ўқидингизми, – деди Пирмат ака хоразмча лаҳжада.
– Ўқидим, иккитасини…
– Қалай?
– Зўр!
– Расттанми?! – деди Пирмат ака унга синчков нигоҳини тикиб.
– Ҳа, Пирмат ака, менга ёқди. Вилоят муҳитидаги бир нарса бўлса керак дегандим. Йўқ, ёзса бўлар экан!
– Яхши, яхши. Унда ҳаммасини ўқингда, кейин менга беринг. Менам танишай. Кейин бир хулосага келайлик. Шу йигитти паддержка қилайлик, бўптими!
– Албатта, домла, мен тайёрман!
Пирмат ака менга юзланди.
– Самарқандга кетгунча яна бир келсангиз, ҳикояларни ўқиб қўяман. Шеърларингизни ҳам…
Бир-икки кун ўтказиб, яна Пирмат акага учрадим. Энди бир мунча журъатланиб қолгандим. Анча суҳбатлашдик. Ҳикоялар тили, жумла қурилиши, воқеалар ривожи, мантиқийлигини мақтаб, кўнглимни кўтарди. Фақат озроқ юк ортиш зарурлигини айтди. Шу йил охирида – декабрларда янги ҳикоялар билан келсангиз, деди.
(Шеърларимни ортиқ суриштирмадим. Мендан шоир чиқмаса керак, насрда бирор нарсага эришарман, деган фикрларим қатъийлашиб улгурган эди.)
Пирмат ака мен учун «нажот фариштаси»дек бўлиб кўринган, мурғак болалигимдан ҳаловатимни ўғирлаган орзу-истакларимни қанотлантирган бир зот сифатида таассурот уйғотганди.
Қишлоққа қайтдим. Қадам босишларим бўлакча, эрта-индин ёзувчи бўлиб танилишимга ишониб, ич-ичимдан ғурурланиб юраман. Ғайратим ичимга сиғмайди: эрталаб вақтли уйғониб, «ижод столим»га ўтираман, уч-тўрт қоғоз қоралаб, мактабга отланаман, у ёқдан қайтиб, тамадди қилмасдан яна қоғозга мук тушаман, кечки овқатдан кейин ҳам не маҳалгача қалам қитирлатаман. Столим устида – рўпарамда Пирмат Шермуҳаммедовнинг «Ижод дарди» китобининг орқа муқовасидаги сурати: «Ғайрат қилинг, сиздан ёзувчи чиқади», дегандай жилмайиб, қувватлаб туради.
Шу тарзда 1978 йил сентябридан декабригача ўнга яқин ҳикоя ёздим. Сўнг ҳаётимда тубдан бурилиш ясаган янги йил арафасида яна Тошкентга йўл олдим.
* * *
Кейинги йил март ойларида, чамамда баҳорги таътил кунлари бўлса керак, ўзим раҳбарлик қилаётган ўнинчи синф ўқувчиларини Тошкентга томошага олиб келдим. Икки кун биргалашиб шаҳар айландик. Музей, театрларга кирдик, хиёбонларда кездик. Кейин уларни автобусга ўтқазиб, Самарқандга жўнатиб юбордимда, ўзим Тошкентда қолдим. Биринчи қилган ишим – Ғафур Ғулом нашриётига бориб, ҳикояларим ҳақида илиқ гап айтган адабиётшунос олим Ботир Норбоевга учрадим. Навоий кўчаси бўйлаб юриб, гурунглашдик. Гап орасида мавриди келиб қолувди, дардимни айтдим. Ҳали икки йил ўтмаёқ ўқитувчиликдан чарчаганимни, ўқувчиларнинг ярим умри далада ўтаётгани, хоҳлагандек дарс бера олмаслигингни ва ҳоказо муаммоларни қаторлаштириб, кейин мабодо мактабни ташлаб Тошкентга келсам, иш топишим мумкинми, энг муҳими, ишлаб кета оламанми… шунга сиз нима дейсиз, дедим. Ботир ака гапни айлантириб ўтирмади, иккиланмай келаверинг, иш топилади. Чидасангиз, ишлаб ҳам кетасиз, деди. Бу гапни ўзимча шундай тушундим: бу одам менга ишоняптики, шундай деяпти. Акс ҳолда… Хуллас, яна руҳландим. Ўзимга ишончим ортди. Мактабдаги фаолиятимнинг сўнгги ойларини ички бир орзиқиш, пинҳоний бир севинч билан ўтказиб, синфимнинг болаларига етуклик аттестацияларини топширган куним, мактабимиз директори, тарих ўқитувчиси, Халқ маорифи аълочиси Исомиддин ака Қаршиев ҳузурига кирдим ва мақсадимни айтдим. У айрим касбдошларим огоҳлантиргандек овора бўлма, Тошкентда яшашнинг ўзи бўлмайди, ё заринг, ё зўринг бўлиши керак деб қўрқитиб ўтирмади. Биламан, анча кеч ҳаракат қиляпсан, бошқа имконинг ҳам йўқ эди. Мана энди… бемалол кетаверсанг бўлади, деди. Дуо қилди. Хуллас, ўша 1979 йилнинг июлида паттам қўлимга тегди ва эркин қушга айланиб, йигирма олти ёшимда Тошкентга йўл олдим…
* * *
Худонинг берган куни Ғафур Ғулом нашриётидаман. Ботир аканинг хонасига кириб ўтираман. Ботир ака, Маҳкам ака (Маҳкам Маҳмудов) кун бўйи ишдан қолиб мен учун иш излашади. Аввал марказий газета-журналларга қўнғироқ қилиб чиқишди. Кейин Тошкент вилояти, «Тошкент оқшоми» газеталарига. Натижа йўқ. Илгари қаерда ишлаган, дейишади, мактабдами, бўлмайди. Бизга тайёр ходим керак! Кунлар эса ўтиб боряпти. Охири шу даражага бордимки, «Китобсеварлар жамияти»да бухгалтерлик ўрни бўш экан, борасизми, дейишди ҳазил-чин аралаш. Розиман, дедим сира иккиланмай. Ҳой, бу сенга колхоз эмас, давлат ташкилоти, кирим-чиқим, дебит-кредит ҳужжатларини юритишда осмон билан ерча фарқ бўлса керак, деб ҳам ўтирмадим. Нашриёт жойлашган бинонинг иккинчи қаватига тушдим. Раҳбарга учрадим. Бир кўзи қора тасма билан боғланган, аммо ўзи анча басавлатгина киши экан. У таржимайи ҳолим юзасидан обдон сўраб-суриштирдида, кейин кўзимга қаттиқ тикилиб, «Хотин, бола-чақадан қочиб келяпсизми?» деса бўладими!.. Ҳалигача тушунмайман, нега бунақа деди бу одам… Сариқ одаммасманми, қизариб-бўзариб ўрнимдан туриб кетдим. Э, нима деяпсиз, ўйлаб гапиряпсизми, бизди Самарқанддан бола-чақани ташлаб қочадиган номард чиқмаган, чиқмайдиям!.. Бўпти, хайр!.. Раҳбар илжайди. Ўтиринг, ўтиринг, ҳазил. Бўпти, эртадан ишни бошлайверинг, Пирмат акадан таърифингизни эшитганман, ука. Фақат бунақа сержаҳл бўлмангда…
Хиёл тинчланиб, Ботир акаларнинг хонасига кўтарилдим. Хўш?.. Бўлди, дегандай бош ирғадим. Лекин авзойимдан унчалик хурсанд эмаслигимни пайқади, шекилли, Ботир ака тасалли берди. Вақтинча илиниб туринг, бирорта маъқулроқ жой чиқиб қолса, шундай ўтиб кетаверасиз. Биз сўраб-суриштириб турамиз, деди. Шу пайт Маҳкам ака билан гаплашиб турган, чамаси ўзим тенги бир йигит биз томонга ўгирилдида, радиога борсин, менинг ўрнимга, мен кетяпман, деса бўладими!.. Сиз Литдрамда ишлайсиза, деди Ботир ака жонланиб. Ҳа, зўр жой. Ойлиги яхши, қалам ҳақиям… Маҳкам ака гапга аралашди: Ботиржон, сиз дарров Пирмат акага киринг, у киши тавсия қилса, йўқ дейишмайди.
Ишонсангиз, дилим шундай равшан тортиб кетдики, қўяверасиз. Ахир, ўйлаб кўринг: муштдай бошимдан чўт қоқиб, дебит-кредитлардан безиб, мактабга ўтиб кетган бўлсамда, азза-базза Тошкентга келиб, яна… Хуллас, Республика радиосига қараб йўл олдим. Ҳа, айтмоқчи, мени бу ерга келишимга сабабчи бўлган йигит – бугунги кунда таниқли шоир, олим, таржимон Тоҳир Қаҳҳор эди. Ҳозир ўйлаб туриб ҳайратга тушаман: бу одамларни илгари кўрмаганман. Бири қорақалпоқлик, бири хоразмлик, бири андижонлик, яна бири наманганлик… Уларга ўтказиб қўйган жойим ҳам йўқ. Лекин худди ўз жигарларига қайғургандек қайғуришади. Сира малолланмай, мен учун кимларгадир қўнғироқ қилишади, илтимос қилишади. Йўлим очилавермаса, хафа бўлишади, ёруғлик кўринса, қувонишади. Мабодо дейман, шуларнинг ўрнида бирор тўнгроқ одамга дуч келганимда (кейин бунақа кимсаларга ҳам дуч келдим) нима бўларди?! Қишлоқдан ташқарига чиқмаган, ҳатто ҳарбий хизматда ҳам (оилавий шароит туфайли) бўлмаган мўрт йигитча Тошкент тош шаҳар экан, бу ерда ё заринг, ё зўринг бўлмаса бўлмас экан, деб ортимга қайтиб кетармидим. Ҳа, биринчи қадамларингда қандай одамларга дуч келишингда гап кўп экан…
Радио эшигига келиб, ичкарига қўнғироқ қилдим. Ҳаял ўтмай новча (мендан бир калла баланд), туташ қора қошли йигит чиқиб келди. Кулимсираб кўришдида, паспортимни сўради. Кейин бир туйнукка бориб, рухсатнома ёздириб олдида, ичкарига бошлади. Мелиса текширувидан ўтиб, иккинчи қаватга кўтарилдик. Бу ерга келишдан олдин, қулоғимни пишитишган. Синов қаттиқ бўлади. Дадил бўлинг, катта-катта гапираверинг, дейишган. Лекин барибир юрагим чопмаяпти. Бўлмайди, бари бефойда, деган ишончсизлик миямда айланади. Гап шундаки, мен шу чоққача туман газетасидан бўлак даргоҳни кўрмаганман. Санаганда саккиз-ўнта шеъру ҳикоям фақат ўша туман газетасида босилган. Республика радиосидай маҳобатли бир жамоага нимамга ишониб ишга олишади. Ҳужжатларимни кўрибоқ ҳафсалалари пир бўлади, дердим. Тоир Юнус (ҳалиги мени ичкарига олиб кирган йигит) бир хонага бошлаб кириб, шу ерда ўтириб туринг, дея чиқиб кетди. Хона торгина, икки стол, бири кираверишда – ўнг қўлда, иккинчиси унга тақалган ҳолда эшикка қаратиб жойлаштирилган. Столлар ёнига биттадан қўшимча стуллар қўйилган. Улардан бирига ўтирдимда, қўлимдаги папкани стол устига қўйдим. Ва шундай бошимни кўтариб, рўпарадаги эшик ёзувига кўзим тушди: «Бош муҳаррир Насиба Эргашева». Ие, ана бўлмаса, фамилиядош эканмизку! Лоақал фамилиям шарофати билан… Ҳа, демак, қабулхонадаман. Ҳозир бошлиққа олиб киришади. Йўқ, ундай бўлмади. Хонага жиддий қиёфали, баланд бўйли, қорачадан келган киши кирди. Қаердадир кўргандайман. Дарҳол жонкуяр Маҳкам аканинг гапларини эсладим: «У ерда Эминжон, Тоҳир Малик деган ёзувчи акаларингиз ишлашади. Танийсиза уларни? – Ҳа, ўқиганман. – Унда жуда яхши. Иккиси ҳам бўлим бошлиғи, ана шулар ҳал қилишади…» Дарҳол, миям тиниқлашди. Ие, Тоҳир Маликку! Ўрнимдан чаққон туриб, салом бердим. У киши индамай кўришдида, юқоридаги столга ўтиб ўтирди. Ўтиринг дегандай бош ирғади. «Тоҳир ака, яхшимисиз?» У эшитилар-эшитилмас овозда «яхши» дедида, олдимдаги папкага ишора қилиб, қўлини чўзди. Дарҳол олиб бердим. Нафас ютиб, кузатиб турибман. У шошилмай қоғозлар билан таниша бошлади, аввал маълумотномани қараб чиқди, кейин таржимайи ҳолимни ўқиди. Навбат газеталарга келди. Уларни ва қўлёзмаларни бир-бир кўздан ўтказдида, кейин ҳаммасини қайтадан жойига жойлаб, папка боғичини боғлади. «Тамом, ҳозир қўлимга қайтиб беради!» Йўқ, ундай бўлмади. Бошини кўтариб, жиддий тикилдида, «Ҳм, беш болали йигитча», деб қўйди. Нима дейишни билмайман, ҳазиллашяпти, десам, қарашлари жиддий. «Ўқиганмисиз?» «Нимани?» «Беш болали йигитча»нида». «Ҳа, романними, ўқиганман…» Шундан сўнг Тоҳир ака папкани стол чеккасига олиб қўйдида, чоршанба куни келасиз, ҳикояларингиз билан болалар танишиб чиқишади. Қолганини кейин гаплашамиз… У шундай дедида, бош ирғаб қўйиб ўрнидан турди.
Тоҳир ака билан роса қирқ йиллик ака-укачилигимиз, устоз-шогирдлигимиз ана шу кундан, ўша мубҳамгина суҳбатдан бошланган экан, ҳозир ўйлаб қарасам. Кошки эди шундай бўлишини олдинда билганимда, дўппимни осмонга отган бўлармидим. Аммо ўшанда у киши билан қайта учрашгунимча ичимни ит тирнаб юрди. Энди нима бўларкин? Ҳикояларим ёқармикин? Ҳалиги ҳазили бекорга бўлмаса керак. Ўзингизни ҳам, беш болангизни ҳам қийнаб юрманг, Тошкентда яшашнинг ўзи бўлмайди, десая!.. Орадан бир кунни амаллаб ўтказиб, чоршанба куни яна радиокомитет биноси олдида ҳозир бўлдим. Бу сафар ичкарига қўнғироқ қилишимга ҳожат бўлмади. Ойнаванд эшик очилиб, бир киши отимни айтиб чақирди. Бу ёққа келинг, деди. Эски танишлардек, қўл бериб кўришдида, ичкарига бошлади. Қарасам, фойеда Тоҳир Малик ўрта бўйдан баландроқ, пишиқ-пухта тана-тўшли, очиқ чеҳрали бир киши билан турибди.
– Келинг, беш болали йигитча… Ва алайкум ассалом. Танишинг, бу акангиз – Эминжон Усмонов.
Қўш қўллаб кўришдим.
– Буниси, – мени чақириб кирган йигитга ишора қилди. – Сотволди Ражабов, анжанлик.
– Тоҳир билан юртдошмиз…
– Бўлмаган гап, ман тошканликман… – деди Тоҳир ака бамайлихотир. – Булар шунақа, машҳур одамларни дарров ўзлариники қилиб олишади. Ҳм, нотўғрими?.. Машраб қаерлик?
– Асли анжанлик.
– Ана, айтмадимми?..
– Исбот керакми?
Тоҳир ака исбот талаб қилиб ўтирмадида, шеригига юзланди.
– Эминжон, бўлмаса, бу йигитчани сизга топширдим. Биз бормасак бўлмайди. Опага олиб киринг. Айтмоқчи, опаниям теги анжанлик.
Сотволди ака шарақлаб кулди. Тоҳир ака жиддий қиёфада давом этди.
– Анжанлик бўлмасаям бўладиган бола экан, денг. Ҳикоялари ҳақидаги фикримизни айтинг. – У шундай дея менга ўгирилди. – Битта ҳикоянгиз ёқмади менга. Билдингиза? Босмачилар ҳақидагиси. Билмаган нарсангизни ёзманг…
– Ҳалиги… Бўлган воқеа экан. Ҳатто ўзимизнинг қариндошимиз экан…
– Қариндошингиз Йўлдошхўжа… – у шерикларига қараб кулимсираб қўйдида, – унақа одам бўлмаган, эҳтиёт бўлинг, – деди. Кейин гапни қисқа қилди. – Бўпти, буни алоҳида гаплашамиз…
(Тоҳир аканинг бу танбеҳи сабабини кўп ўтмай тушундим. Кўзим ярқ этиб очилди. Мен, қизил шўро мактабининг аълочи ўқувчиси, билиб-билмай ўз аждодларим юзига (Ўзи кечирсин!) лой чапламоқчи бўлган эканман).
Мен ғалати бир ҳолатда эдим. Куни кеча бу кишиларнинг бирортасини танимасдим. Аммо ҳозир ўз-ўзидан уларнинг бирига айланиб турибман. Бир-бирларига бемалол ҳазил қилишяпти. Ўзларига яқин олганларидан бўлса керакда, акс ҳолда… Наҳотки, бу ёғи осон кўчса…
Жудаям осон кўчмаган бўлсада, оқибати хайрли бўлди. Тўрт ой синовда юрдим. Топшириқ беришади, мен Ботир акага учраб, йўл-йўриқ оламанда, ишга киришаман. Лавҳа, мақола, очерклар тайёрлаб келаман. Ёзганларим маъқул топилади, эфирга берилади, Уч-тўрт сўм қалам ҳақи ҳам оламан. Лекин иш масаласи илгари силжимайди. Яхшиям ётоқ масаласида қийналмадим. Аввалига Халқ хўжалиги институти ётоқхонасида (Абдуманнон исмли талаба ҳамқишлоғим ёрдамида), кейин «Аспирантлар уйи»даги ҳалиги аспирант синфдошим хонасида деярли текинга яшаб турдим. Ҳафта сайин Самарқандга қатнайман. Қатнаганда ҳам пайшанба куни кечки поездга ўтириб, жума куни эрталаб қишлоқда бўламан. Уйимдагилар билишади, билмаганлар – мени Тошкентдаги катта бир редакцияга жойлашиб опти, деб эшитганлар, ажабланишади. Бугун иш куни эмасми, деб сўрашади. Мубҳам жавоб қиламан: иш куни. Мен сафардаман, дейман. Ишқилиб, охири бахайр бўлсинда, шарманда бўлмайинда, Худойим, деб қўяман. Шу тахлит ою кунлар ўтиб борарди. Бир сафар «дам олиш» кунларини ўтказиб, Тошкентга отланиб турибман. Октябрь ойи яримлаган. Укаларим томга шифер қоқишяпти. Нима бўлдию, йўлга чиқаман, деб турган еримда ниятимдан қайтиб, кел, бир-иккита шиферни узатишиб юборай дебман. Шифер деганим ҳалиги биз билган азбестданмас, тунукадан эди. Иккитасини тепага узатдиму, учинчиси негадир тепада турган йигитнинг қўлидан сирғалиб тушиб кетди. Ўзимни четга олдиму, ўнг оёғимни тортишга улгурмадим. Оёғим юзи худди олов теккандек «жиз» этди. Қарасам, оқиш туфлим қип-қизил қонга бўялибди. Дарҳол мени суяб, қўлтиқлаб, чорпояга олиб бориб ўтқазишди. Туфлимни, пайпоғимни ечишди. Тунука шифер қирраси шим почасини, пайпоғимни устарадек қирқиб, кейин оёғимга ботган, йўғон томирлардан бири кесилган шекилли, қон тўхтай демасди… Бир ҳафтача қишлоқда қолиб кетдим. Кейин учта чок тушган кесик оёқ билан яна Тошкентга йўл олдим. Оқсоқланиб радио биноси томон борарканман, «Э, қаёқда юрибсиз?!» дейди биров. Қарасам, шу ердаги кўз танишларимдан бири. Ниманидир сездими, юрагим бир қалқиб олди. «Тоҳир ака билан Эминжон ака сизни бир ҳафтадан бери қидиришади. Тез учранг. Янгилик бор, шекилли…”
Оёғим симиллаши бирпасда йўқолди.
Узун коридор охирида Эминжон ака кутиб олди. Қаёқларда юрибсиз, дарвеш?! Қишлоқда эдим. Келаётиб…
Эминжон ака оёғимга тикилиб, бир зум жимиб қолдида, кейин: Тузукми энди, пахта теришга ярайсизми, деди. Тушунмай, анграйдим. Бу ёққа юрингчи. Тоҳир аканинг хонасига бошлаб кирди. Ие, беш болали йигитча топилибдику, дея Тоҳир ака телефон гўшагини жойига қўйди. Ҳозир розискка берсамми деб тургандим… Бу дарвишингиз қишлоққа кетган экан, деди Эминжон ака ўтираётиб. Ҳмм… деди Тоҳир ака менга бошдан оёқ қараб чиқиб, болаларни кўпайтиргани кетгандирда. Эминжон ака кулди. Қаёқда, устачилик қилиб, оёғини кесиб олибди… Тоҳир ака воқеа тафсилотини эшитиб, бир зум жим қолди. Кейин кулимсиради. Зарари йўқ, қишлоқди боласи, чидайди, деди. Энди гап бундай, беш болали йигитча. Опа сизни раисга олиб киради. Оқсамайсиз. Ҳеч нарса бўлмагандай, нима дейишса, хўп дейсиз. Бугун 1-ноябр, Убайдулла Ёқубович ҳужжатингизга қўл қўядида, эрта шанба, якшанбани ўтказиб, тўртинчида пахтага кетасиз. Келишдикми?!
Ҳаяжондан нафасим тиқилиб, овозим чиқмай қолди. Шошиб бош ирғадим.
Кейинчалик айтиб беришларича, менинг фамилиядош опам бўлим бошлиқлари Тоҳир ака билан Эминжон акадан пахтага одам сўрабди. Ҳамма ишга ярайдиганлар пахтада, бошқа одамимиз йўқ дейишибди. Билмадим, иккита одам керак. Ана Тоиржон (Тоир Юнус) борсин. Яна битта топинглар. Одам бор, дебди Эминжон ака Тоҳир акага қараб олиб. Ким? Синовда юрибди, ёзганларини ўқидингиз. Эфирга бериб турибмиз, дебди Тоҳир ака давом этиб. Шу йигитни ишга олайликда, пахтага жўнатайлик… Майликуя, Литдрамга ёшлик қиладида. Қанақасига ёшлик қилади, дебди Эминжон ака қатъий туриб. Йигирма олтига кирган… Ижодкор сифатида ёш деяпман, китоби чиқмаган. Марказ тугул, вилоят газеталарида бирор нарсаси босилмаган. Менга қолсаку, йўқ демасдим, сизларга ишонаман, дирекциядагилар оёқ тираб олишган. Опа, дебди Эминжон ака сўнгги нуқтани қўйиб, шу йигит учун Тоҳир иккаламиз кафилмиз. Агар ишни эплолмаса, жавобини биз берамиз. Хуллас, бош муҳаррирни кўндиришибди. Кейин мени излашса, йўқмишман. Агар бир кун кечикканимда билмадим нима бўларди.
Хуллас, ўша куни Телерадио давлат қўмитасининг қирқ йиллик раҳбари Убайдулла Ёқубович Иброҳимов буйруққа имзо чекди. Бир кун ҳам ишламай, 4 ноябрь куни Бекободга пахта ҳашарига жўнадим. Айтмоқчи, ишга кирган куним аспирантлар ётоғига бордимда, оёғим яраси битгандир деган хаёлда, секин ипларини қайчи билан қирқдим. Қирққанимни биламан, жароҳат ўрни очилиб кетса бўладими!.. Оббо, энди нима қиламан? Ҳамхоналарим маслаҳати билан оёғимни сиқиб боғладимда, дорихонага чиқиб, бир талай стрептотсид таблеткалари, ёд, зеленка, бинт олдим. Хонага қайтиб, таблеткаларни туйдимда, кукунини ярамга сепдим. Устидан ачитиб ёд суркаб, бинт билан боғладим…
Пахта териб юраман. Бир маҳаллар этигимни ечсам, пайтавам қип-қизил қонга бўялган бўлади. Дарҳол ярамга таблетка кукунидан сепаман, малҳам суриб, бинт билан боғлайман ва устидан пайтава ўрайман. Ҳеч кимга сездирмайман. Суягим ғўза эгатларида қотган эмасми, теримда қийналмайман. Аксинча, ҳавас билан, соғинч билан эгат оралайман. Болалигим ўтган далаларни, бешинчи синфдан бошлаб пахта ҳашарига чиқиб кетишларимизни эслайман. Синфдош, қишлоқдош болалар, қизларни бир-бир кўз олдимга келтираман. Айниқса, кичкинтойларим ёдимга тушса, нафасларим қайтиб, юрагим ҳаприқиб кетади. Тавба, дейман, етти ухлаб тушимга кирмаган ишлар бўп кетдия!..
Бўлажак ҳамкасбларим Тоир Юнус (муҳаррир), Санжар Саъдуллаев, Воҳиджон Дўстмуҳаммедов (радиорежиссёр)лар билан деярли тенгдош эканмиз, юлдузимиз ўнг келиб, иноқлашиб кетдик. Ишим осон ҳал бўлганидан бир қувонсам, бўлажак ишхонам қоронғу ўрмондай кўриниб ваҳимага солади. Хўп, эрта бир кун пахтадан қайтарман. Ишга ҳам тушарман, дейман гоҳида ўзимча. Эплаб кетармикинман? Ишқилиб, мени кафилликка олганларни уялтириб қўймасам гўрга эди. Баъзан шунга яқин гап қилсам, Тоиржон далда беради. Э, парво қилманг, ҳаммаси яхши бўлади, дейди. Ҳали сиз билан бирга кўп эшиттиришлар тайёрлаймиз, қувватлайди Санжар ҳам уни. (Санжар Саъдуллаевни танийсиз, бугунги аксар хориж телесериаллари бош қаҳрамонларини «ўзбекча гапиртирадиган» дубляж қиролларидан бири. Тоир Юнус ҳақида гап кетганда мен доим радиодан топган энг садоқатли, оқибатли дўстим, дея эътироф этаман. Афсус, умри қисқа экан, 56 ёшида (1954–2010) дунёдан ўтди. У 1996 йилда радиодан кетиб, кинохроникада бош муҳаррир бўлиб ишлаётган эди. Режиссёр Воҳиджон Дўстмуҳаммедовнинг ҳам ширали, салобатли овози бор эди. Кейинги пайтларда уни телекўрсатувларга ҳам жалб қилишиб, мумтоз ғазалларни ўқитишаётган эди. У ҳам Тоиржон билан тенгдош, вафоти ҳам деярли бир вақтга тўғри келган эди, янглишмасам. Аллоҳ раҳмат қилсин уларни).
Хуллас, пахта териб юрибман. Ҳали айтганимдай, кунига икки-уч маҳал бекитиқча этигимни ечиб, оёғим жароҳатини тозалаб, кукун билан селгитиб, ёд суркайман. Баъзида оёғимни қимирлатсам, шиқирлаган овоз чиқади. Бош бармоғимни ушлаб кўрсам, карахт, ҳеч нарсани сезмайди. Оббо, дейман ташвишга тушиб, бир касофатга йўлиқиб қолмасайдим!.. Кундузи деярли оғриқ сезмайман, лекин кечаси йиғма каравотимга чўзилишим билан, нафақат жароҳат ўрни, ўнг оёғим бор бўйи билан қақшашга тушади. Тишимни тишимга босиб, ухлаб олишга уринаман. Баъзида ярим тунлар бўлиб кетса ҳам оғриқнинг хуружидан кўзимга уйқу келмайди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганича бор экан. Радио раҳбарлари биздан хабар олгани келишган экан, кимдир мени «сотибди». Ғафур ака Аҳмедов деган директор ўринбосари ёнимга келди. Мен эндигина каравотимга ёнбошлаган эдим. Нари-беридан гаплашган бўлдида, секин одеялимни кўтарди. Бу нима, деди. Ҳеч нарса. Бинт билан боғлаб ташлабсизку. Дўхтирга учрадингизми? Э-э, шарт эмас… Сизни қарангу… У бирпасда амбулатория навбатчисини бошлаб келди. Қисқаси, менга рентгендан ўтиб келишга йўлланма беришди. Рухсат текканидан қанотланиб, тўғри Самарқандга кетдим. Соғинганларим билан дийдорлашиб, рентген натижасини олиб қайтдим. Суякка зарар етмаган экан. Лекин барибир, теримга қайта рухсат беришмади.
Шундай қилиб, 1979 йилнинг 19 ноябрь куни Республика радиосининг Адабий-драматик эшиттиришлар бош таҳририятида Наср бўлими муҳаррири сифатида биринчи иш кунимни бошладим. Ҳеч шубҳасиз, бу менинг омадим, Яратганнинг буюк марҳамати эди. Гапнинг ҳалолини айтадиган бўлсам, ўша ҳолатимда мен бу вазифага муносиб эмасдим. Мендан ташқари ҳам (кейинчалик эшитишимча) бу ўринга яхши-яхши номзодларни тавсия қилишган, шу сабабли ҳам етарлича қаршиликлар бўлган, бироқ ҳали айтганим Тоҳир Малик, Эминжон Усмонов деган улуғ инсонлар (Аллоҳ раҳмат қилсин уларни!) қатъияти орқасидан улоқ менда кетган экан. Энди ҳаммаси ўзимда қолган эди. Ҳар ҳолда азза-базза ишлаб турган жойимни ташлаб Тошкентга келганим, оилам, болаларим, аввало, онаизоримнинг умид билан кўз тутиб тургани, менга ишонч билдирган устозлар олдидаги масъулиятим ва албатта, табиатимдаги ботиний бир ўжарлик қувват бердими, хиёл фурсатда радиочига айландим. Шубҳасиз, бу борада жамоанинг, атрофимдаги яхши одамларнинг бағрикенглиги ҳам катта ёрдам берди.
Радиода иш бошлаганимдан сўнг эфирга биринчи берилган жиддий ишим – олти миллионли пахта режаси бажарилган кун эфирга берилган радиокомпозициям бўлди. Уни синовда юрган пайтларим ёзиб берган эдим. Композиция аввали ва охирида таниқли ижодкорлар табриги берилса… деган таклиф тушди. Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар бўлса янаям яхши бўларди, дейишди. Усмон ака (Усмон Азимов) жонимга ора кирди. Мен бирга бораман, деди. Мендек бир ғўр йигитчанинг бундай номдор шоирларга рўпара бўлиши осонми?! Хуллас, дастлабки иш кунларимданоқ ана шундай инсонлар билан юз кўришиш насиб этди. Хизмат тақозоси билан кейинчалик не не улуғлар билан мулоқотда бўлдим, уларнинг неча бирлари билан ота-бола, ака-ука, устоз-шогирд сифатида бир умрга боғланиб қолдим. Бир чеккадан айтаверсам, эҳ-ҳе…
Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Тилак Жўралар ҳақида орқаворотдан эшитиб юрардим. Уларнинг атрофидаги ажабтовур муҳит, гуррос-гуррос талабаларнинг уларга эргашиб юришлари… Шунингдек, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Талъат Солиҳов каби машҳур домлалар ҳақида ҳам… Уларда ўқиган, улар билан мулоқотда бўлган ижодкорларга ҳавас қилар ва Тошкентда ўқиёлмаганимдан ўксиб қўярдим.
1992 йил эди. Профессор Ғайбулла Саломовнинг 60 йиллиги муносабати билан эшиттириш тайёрлашга топшириқ олдим. Домла билан танишдим, анча суҳбатлашдим. Шу аснода Нажмиддин Комилов, Тилак Жўралар билан ҳам кўришиш насиб этди, уларнинг ҳам овозини ёзиб олдим. Эшиттириш 11 декабрь куни эфирга чиқди. Айнан шу куни университетда домланинг 60 йиллигига бағишланган катта тантана бўлиб ўтди ва уни ҳам махсус овоз ёзиш машинасида университетга бориб, магнит тасмасига туширдим. Юбилейдан роса бир ҳафта ўтиб эса… фожиа юз берди – домланинг Республика прокуратурасида масъул вазифада ишлайдиган ўғли Ҳабибулла Саломов сирли равишда ғойиб бўлди. Икки инфарктни ўтказган отанинг ёлғиз фарзандидан жудо бўлиши тасаввурга сиғмайдиган мусибат эди. Яхши эслайман, ўшанда кўплаб шогирдлари, Ҳабибулланинг дўстлари домлани мусибат билан ёлғиз қолдирмасликка, чалғитишга, тасалли беришга ҳаракат қилишди. Мен ҳам ўз ўрнида Ғайбулла акани радиога тез-тез чақирадиган ёки ёзув ускунасини кўтариб, уйларига бориб турадиган бўлдим. Ҳар хил байрам, юбилейлар муносабати билан буюртмалар ҳам берардим ва домла бу ишларни камоли ҳафсала билан бажариб келарди. Эсимда, ўша кунларда Тилак Жўра касал бўлиб қолди. Оғир эмиш, Сайётга опкетишибди, деган хабарларни эшитдик. Ғайбулла ака менга қўнғироқ қилиб, Тилакжон бетоб, унинг ижодига бағишлаб эшиттириш тайёрладим. Шуни тезгина эфирга берсак, эшитиб зора умрига умр қўшилса, деди. Биз улгурдик, раҳматли Тилак ака эшитиб, хурсанд бўлганидан ҳам хабар топдик ўшанда. Самарқанддаги энг яқин дўсти, профессор Нуриддин Шукуров вафот этганида ҳам бутун бошли хотира эшиттиришни домланинг ўзи ташаббус кўрсатиб, тайёрлаб келди. Хуллас, муносабатларимиз шу даражага етдики, Худонинг берган куни қўнғироқлашиб, бир-биримиздан ҳолдон бўлмасак уйқумиз келмасди. «Ёзилмаган достон» бадиамда айтганимдек, домла 1995 йили ҳаж зиёратида бўлиб қайтди. Ўша йилларда, баъзи бир сабабларга кўра, Москвада яшашга мажбур бўлган тадбиркор шогирдларидан бири – Анвар Ҳусайинов домла, бир Ҳажга бориб келмайсизми, деб қолади. Э Анваржон, бизга йўл бўлсин, дейди домла кулиб. Нега ундай дейсиз, домла, нафақат ўзингиз, қанча шогирдингиз бўлса, айтинг, биз юборамиз, дейди. Йўғ-эй! Хўп, деяверинг, корпорациямиз ҳомийлик қилади. Домла бир куни мени ёнига чақириб, мулла фалончи, нима дейсиз, бизга ҳамроҳ бўласизми, деб турибди. Қулоқларимга ишонмадим. Аввалига хўп дедимда, кейин ниятимдан қайтдим. Ғуломхон Ғафуров (адабиётшунос олим)га ёрилдим. Ҳар қанча ҳомийлик қилишганда ҳам, ёнингда ўзингнинг уч-тўрт танга пулинг бўлиши керакку, мен бўлсам, қип-қизил пролетарман, домлага узримни айтиб қўйсангиз, дедим. Йўқ, йўқ, деди раҳматли Ғуломхон ака бош чайқаб, бу гапни ўзингиз айтганингиз маъқул, домлани хафа қилиб қўямиз. Биргалашиб бордик. Узримни айтдим. «Ие, бу қанақаси бўлди, – деди Ғайбулла ака ранжиган қиёфада. – Мен ҳали кимларга ишониб юрибмана!» «Домла, айтдимку…” «Бу баҳона бўлмайди, мана сизга юз доллар!» «Қарз олиб ҳажга бориш тўғри эмаску, домла…” «Қарз эмас, ҳалиги таржима қилаётган китобингиз ҳисобидан!» Бошқа гапга ўрин қолмади. Рози бўлдим…
Яна гап аввалига қайтсам. Анча қўлим келиб қолди. Ишга шунчалик шўнғиб кетдимки, операторлик, баъзида режиссёр оғайниларим ҳаяллаб қолишса, уларнинг йўқлигини билдирмай, режиссёрлик ҳам қилиб кетаверадиган даражага етдим. Қизиғи, бунга оддийгина оператор қизнинг дашноми туртки бўлди. Адашмасам, Жуманиёз Шарипов деган кекса бир ёзувчининг интервьюсини ёзиб олишим керак эди. Домлани студияга бошлаб кирибманда, рўпарасида ўтириб олибман мен содда. Жуманиёз ака суҳбатини бошлади, аниқроғи, қоғозга ёзганларини ўқиб берди. Кексалик сабаб, бир-икки жойларида янглишди. Аппаратхонада ўтирган қиз, ойнадан менга қараб, қандайдир ишоралар қилди. Тушунмадим. Ўтиравердим. Кейин билиб оларман, дедим. Хуллас, домлани кузатиб қўйиб, аппаратхонага кирдим. Нима гап, Вазирахон, деганимни биламан, э, қанақа одамсиз, деб бобиллаб берса бўладими.
Ҳа, нима бўлди?
Нега студияга кириб олдингиз? Редактор дегани мана бу ерда ўтирмайдими. Виступаюший адашса, кнопкани босиб, домла тўхтанг, мана бу жойини бошқатдан ўқиб беринг, демайдими?!
Узр, узр, билмабман.
Билмасангиз, энди билиб оласиз. Мана лентангиз, монтажний топиб, ўзингиз монтаж қилинг. Менинг вақтим йўқ…
Латтам сувга тушиб, хонамга қайтдим. Ҳалиги қиз ўзимга дашном бергани етмагандай, таҳририятга ҳам кириб ахборот бериб кетибди. Бошим гангиб, қип-қизариб ўтирган еримда барака топкур Матлуба опа (Матлуба Исломова, «Дугоналар» журналини тайёрларди) деган муҳарриримиз шартта ўрнидан турдида, фалончи бу ёққа юринг, деди. Индамай эргашдим. Опа тўртинчи қаватга бошлаб чиқди. Монтажхона топиб, бирпасда ҳалиги «виступаюшим» сўзида адашган жойларини шартта-шартта қирқиб, улаб чиқдида, магнит тасмаси ўрамини қўлимга тутқазди. Ҳалиги маҳмаданага обориб беринг, янги лентага кўчирсинда, фонотекага топширсин, деди. Шунчалик иш экану анови қиз… дея ажабландим. Роса алам ўтган эканми, нафақат матнга алоқадор юмушларни, балки техник ходимлар бажарадиган вазифаларни ҳам ўзлаштириб олишга киришиб кетдим. Натижада студияга кириб бораверсам, қизлар қувонадиган, бутун бошли студия ихтиёрини менга топшириб, «зарур юмушлари»ни бажариб олгани чиқиб кетадиган бўлишди…
Кунларнинг бирида Эминжон ака, ҳадеб қишлоққа қатнайверасизми, оилани кўчириб келинг энди, деб қолди. Ижарага яхшироқ жой чиқишини кутиб юрибман, дедим. Жой бор, сиз ҳаракатингизни қилаверинг, деди. Кейин мени Келесга кетаверишдаги Киров деган бир қишлоққа бошлаб борди. У ерда бўш ҳовли бор экан. Ҳовли эгаси Эминжон аканинг туғишган акаси бўлиб, у хизмат юзасидан оиласи билан бошқа вилоятга кўчиб кетган. Ижара ҳақисиз, фақат ҳовли-жойга қараб туриш шарти билан яшаб турадиган бўлдим. Эминжон ака раҳматли шу тахлит менинг яна бир муаммомни ҳал қилиб берган эди.
Тошкентда илк учратганим ёзувчи-шоирларнинг баридан нуқул яхшилик кўраверганим учунми, бу қавм аслан фариштага яқин яратилган экан, деган хулосага ҳам келиб бўлгандим. Лекин… Йўқ, хулосада янглишган эканман, демоқчи эмасман. Ҳали ҳамон ўша фикрдаман. Китоб ўқиган, боз устига қўлига қалам тутиб, қоғоз қоралашни уддалаган одамдан ёмонлик чиқмайди деб ўйлайман. Лекин… айтайлик, кимнингдир омади юришавермади, омади юришганларга қараб дили оғригандай бўлди. Бу оғриқ секин-аста шайтон қутқуси билан аламга, алам ҳасадга айлана борди. Шайтонга изн бердингми, (Ўзи асрасин!) имонинг заха ейди, бир кун қарабсанки аламангиз, ожиз бир кимсага айланиб қолибсан. Бадиамни «Яхши одамлар» деб номлаганман. Шу сабабли онда-сонда учратганим – бундай касларни эсламоқчи эмасдим. Аммо бошқа бир сабаб билан айрим бирларини тил учидагина айтиб ўтмоқчиман. Хуллас, бир ҳамкасбимиз бор эди. Ёзувчи сифатида ўзимиз қатори бўлсада, радиожурналист сифатида тенгсиз эди. Шу оғайнимиз икки гапнинг бирида менга танбеҳ берар, бир йилдан ошди, радиодасиз, наср бўлимида ишлайсиз. Ўзингиз ҳам ҳикоялар эълон қилинг бундай. Бунақа имконият ҳаммадаям бўлавермайди, дерди. Ҳайрон қолардим, наср бўлимида ишлашимнинг нима алоқаси бор? Яхши ҳикоя ёзсам, чиқаверадида, дердим. Қишлоқдан қўлтиқлаб келган ҳикояларимни эса эълон қилдиришга юрагим бетламасди. Ҳар ҳолда наср бўлимида ишлаб, турли савиядаги асарларни ўқийвериб, озмунча кўзим пишиб қолган эканда. Ниҳоят, янги бир нарса туғилдида, уни «Ўзбекистон маданияти» газетасига олиб бордим. Наср бўлими бошлиғи Абдуқаҳҳор Иброҳимов ҳикояни маъқул топиб, олиб қолди. Лекин ана-мана дегунча олти ойлар ўтиб кетди ҳам, ҳикоя босилмади.
Ёши улуғлар яхши эслайди: 1981 йилда таниқли ёзувчи ва давлат арбоби Сарвар Азимов Ёзувчилар уюшмасига биринчи котиб бўлиб келди. Янги раҳбарият янгича иш тутди. Об-ҳаво буткул ўзгариб, уюшма фаолияти жонланиб кетди. Шу жараёнда уюшма муассислигидаги «Ўзбекистон маданияти» газетаси «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»га айлантирилиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ёш ижодкорларнинг катта ҳомийси Асқад Мухтор бош муҳаррир этиб тайинланди. Газета янги номда апрель ойидан чиқа бошлаган бўлса, май ойининг бошида менинг «Пойандоз» деган ҳикоям босилиб турибди. Ҳалиги оғайним мени табриклаган, ана бу бошқа гап, дея мақтаган бўлди. Лекин ноябрь ойига бориб иккинчи ҳикоям ҳам «ЎзАС»да босилиб чиқдию, балога қолдим. Оғайним энди ғайирлигини яширолмади. Газетага борсам, аввал фалончининг ҳикояларини бериб олайлик, кейин сизга навбат тегади, дейишяпти, деди. Йўғ-э, дедим анг-танг бўлиб, етти ой оралиғида наҳотки сизга навбат тегмаган бўлса?! Оғайним бу билан кифояланиб қолмай, Опа (бош муҳаррир)га кирибди. Гўёки мен «ЎзАС»нинг масъул котиби билан олди-берди қилиб, яъни унинг ҳикоясини радиода бериб, ўзимникини газетада чиқариб ётганмишман. Бу қаттиқ айбнома эди. Опаям бу гапга лаққа тушиб, бўлим бошлиқларини чақириб, бу масалани ўрганишни топширибди. Тоҳир ака кулибди, нима Маматқулнинг (таниқли адиб М.Ҳазратқулов) ҳикоялари илгари радиода кетмаётганмиди?! Яқин орада мен унинг бирор нарсасини берганимизни эслай олмайман, дебди. Опа, биз аксинча хурсанд бўлишимиз керак эмасми, дебди Эминжон ака дангалига олиб. Кечагина ишга олишда қанча иккиланган эдик. Ишни тортиб кетди. Мана энди ёзувчи сифатида Асқад Мухтордай устознинг назарига тушибди, бу яхшику! Қолаверса, мен домлани яхши биламан, яхши асарни тутиб турмайди. Асар ёқмаса, авлиёси ўртага тушсаям босмайди…
Бу масала шу тарзда ёпилиб кетдию, лекин мендаги карахтлик анчагача тарқамади. Наҳотки, одам дегани шу қадар буқаламун бўлса, дея тутақардим дамба-дам. Ахир, айнан унинг ўзи эмасмиди мени шунга тарғиб қилган, оғайни, наср бўлимида ишлайсиз, бунақа имконият ҳаммадаям бўлавермайди, деган.
Кўп ўтмай ўзимга келдим. Ўйлаб қарасам, бекорга тутақибман. Аксинча, қувонишим керак экан. Кимнингдир ҳасадини қўзғабманми, демак, менда ҳам нимадир бор экан… Бўлиб ўтган гап-сўзлардан чиқарган хулосам тўғри экан, шекилли, кўнглим ўз-ўзидан ёришиб бораётганини пайқадим… Ҳа, дарвоқе, бу нохуш ҳодисани эслаб ўтишимдан мақсадим бошқа эди. Ўшанда янгиланган адабий газетамизга бош муҳаррир бўлиб келган Асқад ака ишни таҳририят папкаларида йиғилиб ётган асарлар билан танишишдан бошлаган экан. Айтишларича, бир ҳафта босим ўтириб, ҳикоялар, шеърлар, публицистик асарларни битталаб кўздан ўтказади, саралайди ва шунда менинг сарғайибгина ётган ҳикоям ҳам қўлига тушиб қолади.
(Ўрни кеп қолди, айтиб ўтай: ўша етмиш-саксонинчи йиллар муҳит бир мунча юмшаган даврлар экан. Ундан аввалроқ эса… айтишларича, «Ўзбегим», «Ўзбекистон» қасидаларини, «Темур тузуклари»ни кимлардир (Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим кабилар) бошларини кундага қўйиб, эълон қилдиришган экан. Ҳатто ўшанда республиканинг биринчи раҳбари ҳам ўртага тушишга мажбур бўлган дейишади. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода, Зулфия опа каби забардаст инсонлар ҳимоясида ҳам қанчалаб истеъдод ниҳоллари омон-эсон қад ростлаб олгани ҳақида эшитиб юрардик. Масалан, мен ўзим эса Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби атоқли адиблар, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ҳаққул сингари ҳақгўй олимлар, болалар адабиётидан Носир Фозилов, Қудрат Ҳикмат, Турсунбой Адашбоевдек жонкуяр инсонлар не-не истеъдодлар бошини силаб, уларни иссиқ-совуқ шамоллар хуружидан асраб қолганига гувоҳман).
Асқад акага учрадингизми, дейишди. Йўқ, нимайди? Ҳар ҳолда раҳмат айтиб қўйган яхши. Шартмикин, дедим чўчинқираб. Тортинманг, боринг, қоидаси шунақа.
Минг бир истиҳолаю ҳаяжон билан йўлга чиққандим, учрашувимиз жўнгина ўтди. Уюшмадаги тадбирларда узоқдан кўриб юрардим, аммо ўзи билан биринчи марта юзма-юз келишим, кўришишим эди. Домла, мен раҳмат айтгани келган эдим, дедим. У индамай, синчи нигоҳ билан кулимсираб қараб қўйди. Ҳикоям чиққан эди. Ҳа, сизмидингиз? Ҳа, домла, миннатдорман… Қаердасиз, сўради Асқад ака мулозаматимга ортиқча эътибор қилмай. Радиодаман, Литдрамда. Ҳа, яхши жой, Ўлмас ишлаган, Омон Мухтор. Билишимча, ҳозир Тоҳир, Эминжонлар ўша ерда… Бўпти, қатнашиб туринг. Яхши нарсалар ёзинг…
Айтишардики, кимнинг асари Асқад Мухтор имзоси билан эълон қилинса, бу катта омад. Мана фалончи, фалончилар ҳаммаси Асқад Мухтор туфайли катта йўлга чиқиб олишган… Шуларни ўйларканман, ич-ичимдан қувониб қўяман: демак, энди менинг ҳам… Айни чоқда ичимга хавотир оралайди. Қатнашиб туринг, яхши асарлар ёзинг, деди Асқад ака. Лекин яхши асарлар ёзишга имкон бўлармикин? Ишимдаги нафас олдирмайдиган югур-югурлар йўл берармикин?.. Радио дегани конвейердай гап бўлса, ҳафта алмашиб келаверса. Эфир деганни тўлдириб бўлмаса… Йўқ, тўхта дейман, бирдан ҳушёр тортиб. Сен нималар деяпсан? Бу анови боланинг гапларику. Нима бало, сенам вирус юқтириб олдингми ундан?! Унинг таъсирига бериляпсанми ҳалитдан?!
Дарҳақиқат, ишга келибманки, ҳали айтиб ўтган ҳамкасб оғайним бир гапни такрорлайди: Фалончи дўстим, – дейди кўпни кўрган ёшуллидай салмоқлаб, – кўриб турибман, ишга киришиб кетдингиз. Омадингизни берсин. Лекин битта нарсани унутманг: Радио, бу – истеъдодлар қабристони!.. Йўғ-э, дейман ажабланиб, унчалик эмасдир. Ҳа, ишонаверинг. Кўриб юрибмизку. Мана ўзингизни олинг: кечаси ухламай сценарий ёзасиз, студия, монтаж деб чопасиз. Тайёрлайсиз. Раҳбарларга эшиттирасиз. Албатта, камчилик топишади, топиш уларнинг вазифаси. Перемонтаж қиласиз. Ниҳоят, эфир. Эфир дегани ҳавога учди, кетди дегани. Биров эшитса, эшитади, эшитмаса йўқ. Лекин ёзилган асар қолади… Тушунаман, оила бор. Тоҳир акангиз айтгандай, беш болали йигитчасиз. Туғдириб қўйгандан кейин боқиш керак. Шунинг учун ишламанг, демайман, ишланг, эшиттириш қилинг, инсценировка қилинг, пул топинг. Лекин қаттиқ кўнгил қўйманг. Кўпроқ ижод қилинг. Тошкентга радиочи бўламан деб келмагансизку, тўғрими?! Бундай ташқарига ҳам қаранг, газета бор, журнал бор. Уларга ҳикоялардан беринг. Наср бўлимида ишлайсиз, ҳурматингиз бор, фойдаланиб қолингда, оғайни. Ёзяпсизми ўзи? Ёзиш керак, дўстим, ёзиш керак. Унутманг, радио фақат гонорар ишлашга ярайдиган жой. Бошқа ҳеч нарса эмас…
Унинг насиҳатларини индамай эшитаман. Баъзида ғашим келсада, сабр қиламан. Ҳар ҳолда ғайирлик қилиб гапирмаётгандир, айрим гаплари жўялига ўхшайдику, дейман. Лекин бир нарсасини, тарбиям сабаб бўлса керак, сира қабул қилолмайман: одам ўзи ишлаётган, ризқ топаётган жойига нисбатан ҳам шунча беписанд бўладими? Бу ношукурлик эмасми, дейман. Радиода обрўси зўр бўлса, мудом мақталиб юрса, Опанинг эрка муҳаррири бўлса, нега бунча ғингшийди бу бола. Ижодда омади чопмаган бўлса, бечора радионинг нима айби бор. Ўлмас Умарбеков, Омон Мухтор, Анвар Эшонов, Эркин Аъзамов деган машҳур ижодкорлар радиодан чиқишмаганми?! Тоҳир Малик, Эмин Усмоновлар радиода ишлаб ҳам кетма-кет китоблар ёзиб ётишибдику! Усмон ака (Усмон Азимов)нинг қайси бир шоирдан кам ери бор?! Менимча, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ, дея ўзимни тинчитишга уринаман. Анови боланинг таъсирига берилмаслигим керак…
Хайрият, бу нарса кўпга бормади, ҳали айтганимдай, иккинчи ҳикоям босилдию оғайнимнинг «миси» чиқди. Уни энди жиддий қабул қилмайдиган, аксинча… ачинадиган бўлдим. Ўзи ёмон йигит эмасу… ҳар тўкисда бир айб бўлмаса бўлмайдида. Ўзимам фаришта эмасманку.
Бир сафар фамилиядош Опам – бош муҳарриримиз хонасига чақирди. Қандайдир топшириқ бердида, бир мавриди кеп қолдими, оилам, болалар, уларнинг ўқиши, боғчаси ҳақида суриштирган бўлди. Кейин, шу, сизга қараб, кўпдан бери бир нарсани ўйлаб юраман, деди кулимсираб. Нимани, опа, дедим. Юрагингиз отнинг калласидай эканми, дейманда. Йўғ-э, нега? Бешта бола билан шундан шунга келишга ҳаммаям журъат қилавермайдида. Ижарада яшашнинг ўзи бўладими. Бир ўзингиз ишлайсиз. Шунча ташвишдан ортиб, ижод қилишни айтмайсизми! Айрим йигитларимизга таққослаб айтяпманда. Ўттизга кириб уйланди. Биттагина қизчаси бор. Ҳасрати дунёга сиғмайди. Сиз бўлсангиз, ўйнаб-кулиб ишингизни қилиб кетаверасиз. Ўзим мусофирчиликни кўрмаган бўлсамда, Хайрулла* акангизга қараб, айтаманда. То битта уйлик бўлгунимизча, тиним билмаганлар. Кечаси билан мижжа қоқмай китоб таржима қилардилар. Эрталаб ухлаб-ухламай ишга кетардилар.
Учта болани катта қилиш бизгаям осон бўлмаган. Шунақа гапларда… Майли, бораверинг ишингизга.
Хўп, опа, раҳмат, дея ўрнимдан турган еримда опа яна гап қотди. Ҳа, яна айтмоқчиманки, айрим гапларга эътибор қилманг. Иш бор ерда бўп туради шунақаси ҳам. Хўпми?..
Ишонсангиз, қушдай енгил тортиб кетдим. Ие, Опа яхши аёл эканку, мен бўлсам… Ростданам, у очиқ юзли, хушчақчақ, ходимларга меҳрибон, энг муҳими, радиони яхши тушунадиган, ташкилотчи раҳбар эди. Эркакларча тантилиги ҳам йўқ эмасди. Ўшандан чамаси бир-икки йил ўтиб фамилиядош опам – Насиба Эргашеванинг лавозимини кўтариб, директорликка ўтказишди.
У бу вазифани ҳам бемалол уддалаб, беш-олти йил яхши ишладида, обрў-эътибор билан нафақага чиқди. Ҳаж зиёратига бориб келди, ҳожи она бўлиб, анча йиллар фарзандлари ардоғида яшади. Аллоҳ раҳмат қилсин…
Ана-мана деганча орадан қирқ йил ўтиб кетибди. Бу орада яна қанчадан қанча яхши одамларни учратдим, уларнинг марҳаматидан баҳраманд бўлдим, сабоқ олдим. Эҳ-ҳе, қай бирини айтай… Аммо йўқотганларим ҳам оз бўлмади.
Буларнинг ҳам қай бирини айтай…
Машраб Бобоев… «Ҳаёт – абад, умр – соат. Қаҳр мўлдир, меҳр – қаҳат. Унутмагин шуни фақат. Кўнглима, кўнглима, кўнглим…” деган дилбар қўшиқнинг муаллифи Машраб Бобоев… Бу юртдошимни Тошкентда топдим. Янглишмасам, бизни Эминжон ака таништириб қўйган эди: қани икки самарқандлик, танишиб олинглар, деганди. Машраб акани сиртдан билардим, ҳатто «Келинчак» деган ҳикоямни у кишининг «Висол» номли ҳикояси таъсирида ёзгандим. Ўша биринчи учрашувдаёқ қандайдир кўринмас ришта билан боғланиб, ака-ука бўлиб қолгандик.
1982 йилги Ёш ижодкорлар семинарида Машраб ака ёш ёзувчилар гуруҳи раҳбари сифатида машғулотларни бошқариб борганди. Машғулотлар қуйидаги тартибда ўтарди: ҳар куни камида тўртта ёзувчи ўз асарини (асосан ҳикоясини) ўқиб беради. Кейин ўзаро муҳокама қилинади. Охирида гуруҳ раҳбари якуний хулосани айтади. Ўшанда Машраб ака, кейин эшитишимча, бир гапни айтган экан. Жарроҳ ўз яқин одамини операция қилишга чўчиркан.
Шунга ўхшаб мен ҳам фалончидан (яъни, мендан) хавотирда эдим, деган экан. Хайрият, «операция» яхши ўтди. Ҳатто семинарнинг якуний йиғилишида Одил Ёқубов, (айниқса) Суннатилло Анорбоев каби устозларимиз мен ҳақимда ҳам алоҳида тўхталиб, умидли гапларни айтишди. Бу бир тарафдан бўлса, иккинчи тарафдан Машраб аканинг «яқин одами» сифатида у кишининг ишончини оқлай олганим мени роса қувонтирганди… Машраб акага боғлиқ яна бир гурунгни эслаб ўтгим келяпти. Унда телевидениеда ишлайман. Машраб ака қўнғироқ қилиб қолди. Ишдан қайтишингизда бир кириб ўтсангиз… Хўп, дедим, йўл усти Ахборот агентлигига кирдим. Машраб ака алланечук тараддуд билан қарши олди. Кофеми ёки лимонли чой ичасизми, деди. Ҳеч нарса керакмас, овора бўлманг, десам ҳам кўнмайди. Бўпти, чой ичамиз, дедим. Ўзини хиёл бошқача тутаётганидан ажабланиб бораяпман. Бир пиёладан чой ичиб бўлинди ҳам, гапимиз қовушмайди. Охири сабрим тугаб, Машраб ака уйлар тинчми, дедим. Янгам, жиянлар. Яхши, яхши, ҳа, шу Абдулла жиянингиз ташвишида. Шуни уйлаб қўйсак, дегандим. Ҳа, албатта, қанақа хизмат бўлса тайёрмиз… Хизмат йўқку, шу очиғини айтсам, суягимиз яқин, бир ернинг одамимиз. Қуда бўлсак, демоқчиман қисқаси, дедида, гапини айтиб олганидан енгил тортдими, кресло суянчиғига ястанди. Майли, мен розиман, дедим, сиз сўрайсизу, йўқ дейманми… Шундай деяпману ўзимни аранг тутиб турибман: ҳадемай пақ этиб кулиб юборадиган аҳволдаман. Машраб аканинг чеҳраси очилди. Э, яшанг, мана бу ўғил бола гап бўлди. Демак… Ҳа, Машраб ака, розиман, дедим илжайиб. Фақат… қизимни бериб юбораману, янгам икковларингиз катта қип оласизларда. Йўғей, шунчалик ёшми? Энди тўққизга кирди. Тошкентда туғилганда…
Машраб ака – таниқли шоир, ёзувчи, драматург, биринчи ўзбек миллий телесериали («Кўнгил кўчалари») муаллифи, лекин ҳаётда ўта оддий, жайдари, дарвиштабиат инсон эди. 2003 йил (онам билан олдинма-кейин) ўтди. Ундан олдинроқ – 2000 йил 31 январда Ғайбулла ас-Салом устозимиз Тошкент давлат университетига Миллий университет мақоми берилганига бағишланган тантанали маросимда сўзлай туриб, минбарда узилди. Ўшанда орадан роса 21 кун ўтганида тушь кўрдим: ёруғ, таскинбахш тушь. Тушимда Устоз айтармиш: Ўша куни минбардан қулаб боряпману ерга қаттиқ тушмасайдим, деб ўйлайман. Бир маҳал кўзимни очиб қарасам, во ажаб, пардай юмшоқ майса устида, гулзор ичида ётибман…
2010 йил Садриддин Салим Бухорий, 11 йилда Матназар Абдулҳаким, 12 йилда Нажмиддин Комилов, кейинроқ Пирмат Шермуҳаммедов, Турсунбой Адашбоев, Носир Фозилов, Ботир Норбоев… мана энди яқиндагина Тоҳир Малик устозимиз дунёни тарк этди. Тоҳир ака билан сўнгги бор 22 апрелда (2019) кўришдик. Турсунбой Адашбоевнинг 80 йиллигини ўтказгани Ўшга боришимиз керак эди, Тоҳир ака узрини айтди. Мен телевидениедан оператор чақиртириб, Тоҳир аканинг Турсунбой ака ҳақидаги хотираларини ёзиб олдим. Бу видеоёзув Ўш давлат ўзбек драма театрида бўлган катта тадбир аввалида қўйиб берилди. Тоҳир акани таниган, Тошкентда, Ўшда, Ўзганда у билан учрашган жуда кўп қадрдонлари, жумладан, Шайх Аловуддин Мансур ҳазратлари ҳам устознинг гапларини мароқланиб тинглашди. Тоҳир ака хаста ҳолида ҳам ҳазилкашлигини қўймай, Турсунбой ака билан боғлиқ қувноқ воқеаларни эслаган, энг ҳайратланарлиси эса, унинг гаплари замирида ўлим дўстларни ажратолмаслиги, жудолик абадий эмаслиги, олдинда яна дийдор кўришув муқаррарлиги ва бу унча узоқ эмаслигига ишора бор эди. «Биз қиёматлик ака-укалар эдик, тонги маҳшарда, иншаоллоҳ, ёруғ юз билан кўришамиз», деб якунлаган эди сўзини… Тошкентга қайтган кунимнинг эртасиёқ уйларига қўнғироқ қилдим. Қадрдонлар дуою саломини етказиб, Тоҳир акани қувонтирмоқчи эдим. Қарангки, худди ўша куни операция (бу ўн биринчиси эди) қилингани, ҳозир уйқуда эканлигини айтишди. Орадан йигирма кун ўтиб эса…
«Ривоятда келишича, бир подшо икки шоирга биттадан яхши байт айтинглар, дебди. Шоирлар биттадан байт айтишибди. Биттаси ўз шеърида бу дунёда фақат яхшилик қилиб яшагин, деса, иккинчиси, бу дунёда ҳечам ёмонлик қилмасдан яшагин, деган маънода байт айтибди. Подшо биринчисига кўпроқ, иккинчисига камроқ ҳадя берибди. Шунда вазир ажабланиб, Подшоҳим, иккиси ҳам бир хил маънода шеър айтдику. Бири яхшилик қилгин, деяпти, иккинчиси ёмонлик қилмагин, деяптику?! Нега бирига кўп, бирига кам ҳадя бердингиз, дебди. Гапинг тўғри, дебди подшо, лекин барибир биринчи шоирнинг шеърида яхши ният бор эди, яхши деган сўз бор эди…»
(Тоҳир Маликнинг «Ҳаётдаги мен» телекўрсатувидаги суҳбатидан)
Нима десам экан, Тоҳир акага боғлиқ қандай хотира ёдимга тушса, дилим ёришади. Ҳали насиб этса, алоҳида хотиралар ёзарман, бироқ шу ўринда айрим бир лавҳаларни эслаб ўтишдан ўзимни тиёлмаяпман.
1982 йил эди. Ҳар галгидек биринчилар қатори пахта ҳашарига отланиб турган еримда нашриёт режасида турган китобим тақдири ҳақида эшитиб, руҳим тушиб кетди: «Авторнинг биринчи китоби» рукнидаги китобчам 1983 йилдан 84 йилга ўтиб кетибди. Бу ҳам етмагандай, алоҳида эмас, жамоавий тўпламда чиқармиш. Пахтадан қайтган куним эса бошқа бир хушхабар мени қарши олди. Тоҳир ака телефон қилдилар, деди Тоир Юнус биродарим жилмайиб. Беш болали йигитчадан суюнчи олинглар, деди. Ростданми, нимага? Китобингиз 83 га кўчибди. Алоҳида чиқадиган бўпти. Тоҳир ака муҳаррир эканлар…
Бу пайтда Тоҳир ака радиодан Ғафур Ғулом нашриётига ўтиб ишлаётган эди. Бориб учрашдим. Китобчанинг маслаҳатини қилдик. Ҳикояларни сараладик. Таҳрирдан чиқариб, босмахонага тушириш олдида, Тоҳир ака бу ердан ҳам ишдан кетди.
Мавриди кеп қолди, айтиб ўтай, Тоҳир аканинг одати – бир ерда узоқ ишлай олмасди. Нимадир ёқмай қолса, кимнингдир ғайирлик қилганини сезса, бўлди. Талашиб, тортишиб умрини ўтказиб юрмасди. Мен ҳам у кишига таассуб қилдимми, билмадим, 1990 йил охирига бориб жамоа муҳити хиёл айнигандай бўлувди, радиодан «Камалак» (собиқ «Ёш гвардия») нашриётига ўтиб кетдим. Бир йил ҳавас билан ишладим. Кейин у ерда ҳам об-ҳаво ўзгарди. Ўзбекистон халқ шоири, нашриётни елкасида тутиб турган (бу муболаға эмас) тажрибали ношир Хуршид Давронга нисбатан адолатсизлик қилинди. Ва биз бир гуруҳ ҳақиқатчилар (орамизда «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Тоҳир Малик, «Сирли олам» журнали бош муҳаррири Ҳожиакбар Шайхов, машҳур шоир Сулаймон Раҳмон, озарий олим йигит Яшар Қосимлар ҳам бор эди) уч ой курашдик. Охирида думимиз тугилиб, ишдан кетдик. Аниқроғи, кетиш олдидан таътилга чиқдик. Таътилга чиқиб, қишлоққа кетганман, уйимизга уч марта қўнғироқ бўлибди. Биродарим Тоир Юнусдан. Радиога келсинлар, гап бор, деганмиш. Бордим. Ака, ўрнингизга қайтинг, об-ҳавони тозаладик, деди. Пайсалга солиб ўтирмадим, қайтдим…
2007 йил. Телевидениеда ишлаб юрибман. «Қалб гавҳари», «Руҳият манзаралари», «Ишқнома», «Ибратнома», «Одами эрсанг» деган қатор кўрсатувлар муаллифиман. Ишимга берилганман. Худди ўша кезлар Ғолибшер деган «маънавиятчи» лақабли бир азамат компания раисига ўринбосар бўлиб ишга келди. Келганим билинсин, дедими, ажабтовур ишларни бошлаб юборди. Дам телевидениеда, дам радиода одамларни йиғиб, уч-тўрт соатлаб мажлис ўтказади. Кимнидир сал мудроқ босса, шўри қурийди. Айбдор ўқувчидек оёққа турғазиб қўйилади. Катта-катта обрўли раҳбарларни (жумладан, Назар Эшонқул сингари машҳур ёзувчиларни ҳам) кўпчилик орасида «Маънавият дегани нима ўзи?» дея сўроққа тутади. Ҳеч кимнинг жавоби қониқтирмайди. «Ундай эмас, битта жумлада жавоб беринг», дейди. «Битта жумла»ни битта сўз деб тушунса керакда. Қисқаси, шу одамга (фалокатим қисиб) мен ҳам рўпара келдим. Унинг қабулхонасида кечки навбатчиликда турибман. Бир маҳал икки шериги (бири қиз) билан кириб келдида, мен томонга қараб ҳам қўймай, хонасига ўтиб кетди. Шериклари ҳайтовур бош ирғаб салом берган бўлишди. Ўтирибман тиқ этган овозга қулоқ тутиб. Бир маҳал ичкаридан чақирув қўнғироғи бўлди. Эшикни очиб қарадим. Манавини опчиқиб кетинг, деди. Нимани, дедим тушунмай. Пепелнитсани, деди дағал овозда. Қарасам, стол чеккасида кулдон, кулдонда атиги бир дона гугурт чўпи турибди. Гув этиб миям қизиди. Нима учун, дедим ўжарлигим тутиб. Нимага бўларди, шуниям тушунмайсизми?! Тушунмайман! Шундайми?! Шундай!..
У ёнидаги шериклари, айниқса, қизнинг олдида ортиқча изза бўлишни истамадими, амаллаб кулимсиради. Қўли билан ишора қилди: бўпти, чиқаверинг…
Эртаси эрталаб ишга келдимда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, ишдан кетишга ариза ёздим. Сабабини айтиб ўтирмадим. Ўша кезлар Рауф Субҳон деган шоир биродаримиз мени ёнига ишга чақириб юрган эди. Унга қўнғироқ қилдим. Бўпти, борганим бўлсин, дедимда, Адлия вазирлигига тегишли «Адолат» нашриётига ишга кетдим. Рауф биродарим бўлса, мени кутиб юрган экан, шекилли, ҳаял ўтмай бош муҳаррирлик вазифасини менга топшириб, ўзи кетди-борди. Хуллас, бу ерда ҳам бир ярим йил жавлон уришимга тўғри келди. Китоб чиқарамиз, айрим жумла тузишлар ғализ туюлади, муҳаррирлигим тутиб қалам ургим келади. Ҳай-ҳай деб тўхтатиб қолишади. Бу сизга роману қиссамас. Қонун ҳужжати. У бежама сўзларни кўтармайди, дейишади. Хуллас, бўларим бўлди. Ниҳоят, кунларнинг бирида ҳалиги «маънавиятчи» хусусида янгилик эшитиб қолдим. Бир ярим йил биров мушугини пишт деёлмаган, бутун компанияни ўтқазиб-турғазган (ўзининг ибораси) азамат, бориб-бориб қорақалпоқлар диёрида таъзирини ебди. Тафсилоти эсимда йўқку, лекин ўшанда бир кундаёқ паттасини қўлига тутқазишган экан. Ичимга ўт тушди. Ўзи менга кўз очиб кўрганим – телерадиокомпаниядан бошқаси тўғри келмас экан, дедим. Юзимни шартта сидириб, қадрдон ишхонам эшигига бош уриб бордим: юзимдан ўтишолмадими, аяшдими, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам деган яхши инсонлар ўртага тушишиб, ишимга қайта тиклашди. Аввалига ярим ставка, кейин ўрин бўшади, шекилли, тўлиқ ставкага ўтқазишди. Яна боз-боягидай ишга тушиб кетдим. Янги куч, янги режалар билан дегандай… Хуллас, радиога ҳам, телевидениега ҳам икки қайта ишга кириб, икки марта бўшаганман. Бундан ташқари «Куч – адолатда» номли Олий суд газетасида (икки ой), «Бекажон» газетасида (икки марта – биринчи гал тўрт ой, иккинчисида ўн бир ой), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида (бир ярим йил), «Шарқ юлдузи» журналида (икки ярим йил) ўриндошлик асосида ишладим. Баъзида бунақа кўчиб юришларимни Тоҳир Маликнинг шогирдиманда, дея мақтанганнамо изоҳлаб қўяман. Лекин ундай десам, қишлоқда чорва бухгалтерлигидай «ёғли» ишимни ташлаб, ўзимнинг зараримга бўлсада, мактабга ўтиб кетганимчи?! Хуллас, билмадим, лекин халқимизнинг ардоқли адиби Тоҳир Маликнинг бошқа фазилатларига, масалан, матонатию сабр-бардошига, донишмандлигию сокинлигига, сермаҳсуллигию камсуқумлигига ҳавас қилиб, таассуб қилиб, унга ўхшашга интилганимда ва бу фазилатларидан озгина юқтира олганимда эди, бу энди чинакамига мақташга арзигулик иш бўларди…
* * *
Турсунбой Адашбоев… Кичкинтойларнинг катта шоири билан кўпдан салом-алигимиз бор эди, у киши ҳақида кўрсатув ҳам тайёрлаган эдим. Аммо Ёзувчилар уюшмасига келиб, салкам бир ярим йил ҳамхона бўлиб ишлаб, уни қайта бошдан кашф қилдим. Турсунбой аканинг кейинги йилларда маошсиз ишлаши, шу ҳолатда ҳам уюшма бошқарувидаги ойликхўр ходимлардан кам меҳнат қилмаслиги, таъбир жоиз бўлса, болалар адабиёти меҳварига айланиб қолганига гувоҳ бўлиб, ҳайратга тушдим. Аммо Турсунбой ака бу нарсани фидойилик эмас, оддий бурч деб биларди. Ҳеч ким ота-онасидан ёзувчи-шоир бўлиб туғилмайди, дерди у. Ҳар қанча туғма истеъдод бўлмасин, устозсиз иш битмайди. Масалан, мен ўзим Миртемир, Қудрат Ҳикматлар сабаб оёққа турдим. Агар энди улардан олганимни ўзимдан кейингиларга ўтказмасам, ўртадаги занжир узилмайдими?!
Ёши бир ерга бориб қолган одамнинг қишда исимайдиган, ёзда совутилмайдиган хонада босим ўтириб, нуқул қўлёзма ўқиши, таҳрир қилиши, олис-олис қишлоқлардан қора тортиб келадиган мусофиргина болалар ижодкорларини қабул қилиши, улар билан бошлашиб, газета, журналларга, нашриётларга қатнаши, ўгай назар ва эътиборсизлик сабаб ижоддан совуб «узлатга» чекинган Зафар Исомиддин (Фарғона), Худойберди Комилов (Самарқанд), Неъмат Душаев (Ангрен), Содиқжон Иноятов, Эрпўлат Бахт (Хоразм) сингари қанчалаб озурдақалб ижодкорларни излаб топиши, гоҳ насиҳат, гоҳида койишлар билан юрагига қайта чўғ солиши, китобларини чиқартириши, Ҳамза Имонберди, Абдураҳмон Акбар каби марҳум шогирдларининг оилаларидан бохабар бўлиб туриши… э, қай бирини айтай…
Хуллас, айтмоқчи бўлганим, Яратганга шукурки, Тошкенти азимда кечган қирқ йиллик ҳаётим давомида бундай инсонларга жуда кўп бор дуч келдим. Ва ижодкор қавми аслан фариштага яқин яратилган экан, деган ўша дастлабки хулосамга қайта-қайта амин бўлдим.
* * *
П.С. Собиқ синфдошим қўнғироқ қиляпти. Маслаҳатинг керак, дейди.
Тинчликми, нима гап, дедим.
Ҳа, шу бир неварам бор, мактабда дарс беради. Хотини, битта ўғилчаси бор. Икки гапнинг бирида цанга ўхшаб Тошкентга кетаман, дейдида. Бир пайтлар отасиям, сани ўқувчинг, шунақа учиб-қўниб кўрувди, Тошкентда цанга қовуриб қўйибдими, деб яхшилаб сўкиб берувдим, бўйнини қисиб қолувди. Энди бўлса ўғли… Э, жўра, ўғилли иши осон экан, жа бўлмаса, битта шапалоқ билан эсини киритиб қўясан. Лекин неварага тиш ўтмас экан. Шашти баланд, одамга гап бермайди. Бобо, сиз тушунмайсиз, ман Тошкентда яшашим керак, дейди. Бошқаларга ўхшаб Россияга, Туркияга, Кореяга кетаман деса, тушунардим. Йўқ, бу Тошкентга шоир бўлгани бормоқчи…
Ёзганлари чиқиб турибдими, дедим синфдошимнинг гапларидан ҳафсалам пир бўлиб. (Бошқаларга ўхшаб хорижга кетаман деса, тушунармиш!)
Э, шу… «Оқдарё овози» деган бир парча туман газетаси бор. Ўшанда бир-икки кўргандай бўлувдим. Цанга қўнғироқ қилаётганим: ўзинг бир насиҳат қилиб қўйсанг.
Нима дейишим керак?
Ҳа, шу айтасанда, танлаган йўлинг осон эмас, бошимдан ўтди, дегин. Ё заринг, ё зўринг бўлмаса, келиб юрма дегин.
«Тавба, қирқ йилдан кейин ҳам шу гапа! дейман ичимдан зил кетиб. Қачон қутиларканмиз бунақа умидсизликдан…»
Шаштини баланд дедингми?
Э, вопше бўйин берадиганга ўхшамайди. Отаси қўйдаккина эди, бу чатоқ. Ўзимга тортганми, дейманда!..
Майли, айтиб кўраман, дедим нимадандир кўнглим ёришиб, лекин фойдаси бўлармикин.
Нимага бўлмайди, у сани яхши кўради, гапингга киради…
Билмадим, билмадим, ижод дарди билан қаттиқ оғриган бўлса, айтишдан фойда йўқ, барибир қайтмайди. Ижод дарди оғир, жўра.
Тушунмадим, қанақа дард?
Тушунмайсан, жўра, тушунмайсан. Лекин сан хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади. Фақат халақит бермасанг бўлди…
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон