Орзиқул Эргаш. Мантиқ (ҳикоя)

Ҳарчанд уринмасин, суҳбатдоши чалғимади.
— Бўпти, ака, бу гапларни қўйинг, фойдаси йўқ, — деди шартта унинг сўзини бўлиб. — Ижоддан гапиринг. Сизу биздан қоладигани — ижод!
“Бошланди, — деди юраги безиллаб. — Ажаб, сизу биздан деяптими?”
— Э, нимасини гапирай, Козимбой. Бин нарсалар қоралаб ётибмиз. Сизга қизиғи йўқ…
— Э! — Козим ҳайратланган қиёфада унга қадалди. — Бизга қизиғи йўқми? Одамни хафа қилманг-да, Шавқи ака!
— Айтмоқчиманки…
—Соҳангиз бошқа демоқчисиз, биламан, — оғринган куйи бир пас жим қолди-да, кейин портлади. — Одамни бунақа кўкрагидан итариш яхшимас-да, ака, тўғри соҳам бошқа, касбим бошқа. Лекин, бу мени айбиммас-ку, хато қилиб, адашиб бошқа йўлга кетиб қолганман.
“Адашганинг омадинг бўлган, ошна!”
— Биринчидан, Козимбой, бу тақдир, адашишмас, — деди Шавқиддин насиҳатомуз, айни чоқда суҳбатдошининг қовушмайроқ турган муваққат ғамзада қиёфасидан кулгиси қистаб, — қолаверса, ўша адашиб кириб қолганман деган соҳангиздан ёмонлик кўрмадингиз, тўғрими? Шукур қилинг.
— Бу гапингизам тўғри, Шавқи ака, ёмон бўлмадим, — деди бир зумда арази тарқаб, ўзига келиб олган Козим юзида ажабтовур мамнуният барқ уриб, креслога ястанди. — Нолисам ношукурлик бўлади. Лекин, шу… барибир кўнгилни бир чеккаси тўлмай туради-да, бияққа талпиниб туради-да…
— Ҳа, кўнгил иши оғир, сизни тушунаман…
— Нима десамикин, ҳамишамас, шу айрим пайтлар ичимда гапларим қайнаб кетадики, у ёқ, бу ёғи йўқ. Шартта ўтириб бир нарсалар ёзиб ташласам дейман. Лекин…
— Лекин, юрак қурғур панд беради, — дея илжайди Шавқиддин.
— Ҳа, айтганман, — кулди Козим. — Юрак қурғур ҳапқириб, ўрнимдан сапчиб туриб кетаман. Агар ўша гапларим қоғозга тушса борми!..
Шавқиддин унга жиддий тикилди. Бундан ўзича маъно уққан Козим гапидан тўхтаб, унга умидвор турмулди.
— Сиз котиба сақлашингиз керак, — деди Шавқиддин жиддиятни йўқотмасдан. — Достоевский шундай қилган.
— Ким?
— Достоевский. Эшитгансиз. “Жинни” деган романи бор.
— “Жинни”?..
— “Идиот”да… “Жинни” десаям бўлади. “Телба”, “Савдойи”, “Тентак” десаям фарқи йўқ. Мана бундай қалин китоб. Котибасига айтиб ёздирган. Бир ой, икки ойда ёзиб ташлайверган мана шунақа китобларни.
Козимнинг ҳайрати кўзида чақнаб турган эса-да, тилига чиқармади.
— Биров ёзиб турса осон-да, — деди бепарво. Ичкари хонадан чиқиб келган хотини билан уй бекасини кўриб, бирдан жўшди. — Э, ман шунақа нарсаларни айтиб беришим мумкинки, ўғил бола гап, ҳозирги телесериалларингиз бир тин бўп қолади!..
Хотинлар стол ёнига келиб ўтиришди.
— Зерикиб қолмадиларингизми, — деди уй бекаси ва эрининг олдидаги чойнакка қўл узатди. — Чой совуб қоптими…
— Козим акамгилар сериал жинниси бўп қолганлар, — деди меҳмон аёл илжайиб. — Бошланди дегунча ўринларидан туриб кетадилар. “Черт побери” деб у ёқдан бу ёққа юрганлари юрган.
— Вой, нимага, Лолахон, ёмон кўрадиларми? — чойнакни олиб ўрнидан турган Хосият ҳайрон қолганча жойига қайтиб ўтирди.
— Йў-ўқ, ёмон кўрмайдилар, шекилли. — Жувон эрига эркали қараб жилмайди. — Ичимдаги сериалларим қайнаб кетяпти, дейдилар. Қайнайвериб қиём бўп кетди-ку, қачон бу ёққа чиқарасиз, десам қўявер, вақти келади, дейдилар. Кутиб юриппиз қачон вақти келаркин, деб!..
Шавқиддин аёлнинг гапини кулимсираб эшитди-да, Козимга ўгирилди.
— Сизга диктофон керак экан-да.
— Диктофон?
— Ҳа-да. Хонани ичдан берклаб оласиз-да, тугмачасини босиб қўйиб, у ёқдан бу ёққа юрганча гапираверасиз. Соатлаб гапирсангизам, миқ этмай эшитади, миқ этмасдан ёзиб олади. Кейин бир вақт топиб, қоғозга тушириб оласиз.
— Э, шунга йўқман-да, Шавқи ака, биласизу!..
— Мана Лолахон борлар.
Козим аёлига кўз қирида қараб олиб, писанда қилди.
— Бизди хоним текинга офтобга чиқмайдилар.
— Укангизга чиқимдан гапирманг, — эрига ҳамоҳанг жавоб қилди аёл.
Козим билан Лолахонлар қўшни “дом”да туришади. Бири биридан пишиқ-пухтагина эр-хотин аллақачон янги шароит ҳадисини олволишган. Шаҳарнинг икки гавжум ерида тижорат дўкончалари бор. Эр санепидстанция врачи, хотин поликлиника ҳамшираси. Эрнинг даромади рейдлар орқасидан, хотинники ишдан кейинги казо-казолар хонадонига қатнашдан.
Уларнинг одмигина Шавқиддинлар хонадонига ров бўлганига сабаб — Козим ўзига адабий ҳамкор топмоқчи. Ичидаги гапларини қоғозга тушириб, китобми, киноми қилдирмоқчи… Уч-тўрт йил муқаддам ҳам Шавқиддинга битта шунақаси илашганди. Аввалига у ҳам ўзини адабиёт ихлосманди қилиб кўрсатди. (Ҳар тугул Шавқиддиннинг бир-икки ҳикоясини ўқиган экан). Кейин бир қоралама тутқазди. Шавқиддин уни қайта-қайта ишлаб, ҳикоянамо бир нарсага айлантириб берганди, космик тезликда газетага чиқиб кетди.
— Бу ёғи тезлашиб кетибди-ку, — деди ҳайратланиб Шавқиддин.
— Ўртоқлар қўллаб юборишди. Бугун ҳужжатларга қўшиб, бошлиққа олиб киришади.
— Қанақа бошлиққа?
— Сиздан бекитадиган сирим йўқ. Туман маорифини олмоқчиман. Шунга ёзувчилик қобилиятим бор, деган маънода қўшиб беришади. Режа амалга ошса бир эриймиз, ака! Катта хизмат қилдингиз.
— Ҳаммоллик қилдингиз, денг!..
Шавқиддин бу гап-сўзларни Козимга хўпам вақтида айтган экан, ҳалигача унинг тилини боғлаб келади. Ҳамкорлик қилсак бўларди, дейишдан нарига ўтолмайди…
Шавқиддин Козимнинг силлиқ, хушбичим юзлари, яккам-дуккам оқ ораламоқчи бўлиб турган қуюқ, соғлом сочларига разм соларкан, истеҳзоли кулимсиради.
— Хўш, нима қилдик, диктофон оламизми?..
— Ҳа, ўйлаб кўрарман. Энди, ака, гап муннай. Анов кунги танқидингиздан кейин шартта ўтирдим-да, битта ҳикоя ёзиб ташладим.
— Ие, бўларкан-ку!
— Айтаман-ку, ичимда гап қайнаб ётади, деб.
— Шундай қилиб, ҳикоя ёздим, денг, — деди Шавқиддин муддаога ўтақолинг, дегандай. — Бирор ерга топширдингизми?
— Ўртоқларга айтгандим, кафеда ишлайдиган биттаси, тез опкелинг, чиқартириб бераман, деди.
— Кафеда ишлайдиган биттаси?..
— Ҳа, газетачи танишлари бор-да. Давоси битта тушлик. Яхшилаб чучварага тўйғазаман-да, қўлига тутқазиб юбораман, дейди.
“Ол-а, газетачиларниям хор қилди-ку!”
— Мен айттим, шошмай тур, битта акам бор, аввал бир кўриб берсинлар, дедим. Тўғрими, ҳар ҳолда биринчи асар. Айрим сўзлари ғаламисроқ (ғализроқ демоқчи) бўлиши мумкин.
Козим шундай дея сервант олдига қўйиб қўйилган газетани олди.
— Бўпти, ғаламис жойларини тўғрилаймиз, — деди илжайиб Шавқиддин, у бунақа ажабтовур ҳамкорликни тезроқ бир нуқтага етказишни истаб қолди.
— Беринг, — дея қўл чўзди.
— Ўзим ўқиб берақолай, медикларди хатини биласиз, — Козим шундай дея газета орасидан ҳашамдор “Иш дафтари”ни олди. — Олдиндан айтиб қўяй — бўлган воқеа. Ўтган йилги таътилда қишлоққа борганимда ўзим гувоҳ бўлганман…
“Ўқиб бераман” деган одам оғзаки ҳикоя қилишга тушиб кетди.
… — Умрзоқ деган йигит бор, холамнинг ўғли. Бир синфда ўқиганмиз. Тракторчи. Математикадан калласи зўр эди. Тошкентга юр, нархоздами, селхоздами ўқиб келсанг, ишларинг беш бўлади, деганман, кўнмаган. Мамашкани кўзим қиймайди, деган. Барибир кампир ўлиб кетди, армияда эди, кўролмади… Хуллас, шу ўртоғим ғирт дурак. Неччи марта айтганман, ичма, ичма, деб. Э, сен нима биласан, ичмасам ёниб кетаман, дейди. Энг ёмони — ичдими, тракторини миниб чопади.
“О-ҳо, зўр гап: миниб чопади!”
— Нима, бирор ерга уриб оптими?
— Уриб олганда-ку, осон эди, ўртоқларни ишга солиб тинчитиб берардим. Бу дурак ўзини ўзи майиб қилиб қўйди.
— Қандай?
— Бир тўйда бўлдик. Мени ҳурматимга ароқни тўкиб ташлашди. Очиқчаям, бекитиқчаям опкелаверишди. Умрзоқ, барака топгур, чанқаб юрган экан, қайтармасдан олаверди-да. Тўйдан чиқиб уйга келдик. Телевизор олдида эриб “Поле чудес”ни кўриб ётсам, ҳовлида бақир-чақир бўп қолди. Қарасам, Умрзоқ кўзини чангаллаб, чопиб юрибди. Ҳеч кимга тутқич бермайди. Деразадан сакраб тушдим-да, шаппа йўлини тўсиб тўхтатдим. Қўлини кўзидан куч билан ажратиб қарасам, қон кетиб ётибди… Нима қипти денг, тўйдан қайтиб, биз уйга кирсак у тракторига айланишибди. Кабинасига ойна ўрнатмоқчи бўпти. Қачонлар биттасидан ойна сотиб олган экан, шуни оғилхонасидан топиб чиқибди. Биласиз, ойна ўрнига қўйилгач, ёнига резина тиқиб маҳкамланади. Резина тиқаётса, охири қолганда отвертка тийғаниб кетибди-да, кўзига санчилибди. Таг-туги билан оқиб кетибди… Хуллас, шу воқеани ҳикоя қилдим. Яхшиси, охирини ўқиб берайин-а…
— Майлингиз, — деди Шавқиддин ўйчан.
— … Узоқбой, ҳовлида у ёқдан бу ёққа вой-войлаб югуради. Унинг овозини эшитиб тўпланганлар ҳарчанд юрак-бағирлари эзилмасин, унга ёрдам беришдан ожиз эдилар… Ҳа, Узоқбойнинг бу азобу оғриқлари ҳали келажакда уни кутиб турган изтиробу афсуслари олдида ҳеч нарса эмасди…
Козим дафтарини ёпди-да, стол устига қўйди. Шавқиддин ердан кўз узмади. Унинг ҳолатини ўзича тушунган Козим аёлларга илжайиб қараб қўйди.
— Қалай, хулоса зўрми, кеннойи?.. Айтмоқчиманки, эндиги бутун умри афсусда ўтади. Лекин, афсусдан фойда йўқ!..
— Ҳа, бечорага оғир бўпти, — деди Хосият ачиниб.
Шавқиддин бошини кўтарди.
— Кейин нима қилдиларинг? Дўхтирга қаратдиларингми? Сиз медиксиз, билсангиз керак, иккинчи кўзгаям зарари тегиши мумкин.
— Ҳа, касалхонада ётиб чиқди, — деди Козим ҳафсаласиз, у ҳикояси хусусида фикр эшитмоқчи эди-да. — Ўзим ётқиздим. Ўртоқлар яхши қарашди.
“Яна ўртоқлар!”
— Лекин, ўзиниям ёмон сўкдим. Сен дурак ўзингга ўзинг қилдинг, дедим. “Қўяверинг, жўра, пешонамда бор экан”, дейди. Қарангда, ўзидан кўрмайди!..
— Кейин сиз фелетон қилдингиз.
— Ҳикоя денг.
— Айтмоқчи, ҳикоя…
— Одамлар ўқисин, билсин, дедим-да.
— Бўлангизнинг ногирон бўлиб қолганиними?
— Йўғ-э, ичкиликнинг касофатини!..
— Ҳа, тўғри, билиб қўйишсин.
— Хўп, нима қилдик, кўриб берасизми?.. Айтмоқчи, ҳалиги ошпаз ўртоғим таниркан сизни. У одам редактироват қип берса, чиқишига гарантия бор, деди. Авторитетингиз зўр экану, билдирмас экансиз-да, ака. Бундан кейин сизни қўймаймиз!.. Хўш, неччи кун керак сизга?..
— Тушунмадим.
— Неччи кунда кўриб берасиз, деяпман.. Биздаям қоп кетмас, ака!.. Биринчи асар, ичим ёниб боряпти-да. Тушунасиз-ку ўзингиз…
— Тушунаман, — деди Шавқиддин қошини чимириб. — Майли, кўриб бераман. Фақат битта шарт билан.
— Айтинг. Ҳа, гонорар тўлиқ сизники.
— Ўша қаҳрамонингиз, Узоқбой дейсизми, бошқами, кўр бўлиб қолишига тузукроқ бир мантиқ топиб берасиз.
— Мантиқ?..
— Ишонарли далил, сабаб.
— Сабаби, ичкилик-да.
— Йўқ, ичкилик сабаб эмас!
— Қўйсангиз-чи, ароқ ичмаганда тракторига уннамасди.
— Тракторчи бўлгач, уннайди-да.
— Тўғри, лекин ўша палакат ойна эсига тушмасди. Демак, ароқ сабабчи.
— Козимбой, дўстим, ҳар битта ҳодисанинг бизга кўринадиган, кўринмайдиган сабаблари бўлади. Ботиний, зоҳирий дейилади. Биз зоҳирни кўриб баҳо берамиз…
“Оббо, Румийдан келдингиз-ку!”
… — Зоҳирни кўриб баҳо берганимиз учун хато қиламиз. Зоҳир ташқи томон дегани…
— Газетчилар инжиқ халқ бўлади-да. Бўпти, соддароқ қип тушунтиринг-чи.
— Мантиқними?.. Яхшиси, битта воқеани айтиб бераман… Бир одамнинг ҳовлисидан ариқча ўтаркан. Сув бу ёқдаги девор тагидан чиқиб, наргисининг остидан қўшни ҳовлига ўтиб кетаркан. Ҳалиги одам ғозларга ишқивоз экан, ғоз боқаркан…Бир куни қараса, ғозлари девор тагида ғуж бўлиб олиб, ғо-ғоқлаб шовқин кўтараётган эмиш. Нима гап экан, деб югуриб борса, ғозлар сувда оқиб келган қўшни болакайнинг олдини тўсиб турганмиш. Дарҳол болани сувдан кўтариб олибди… Мана шу воқеани қандай изоҳлайсиз?
— Жуда осон… Ғозлар қизиқувчан бўлади. Нима экан деб ўраб олишган-да.
— Қутқариб қолишган. Агар девор тагидан ўтиб кетганида тамом экан, қўшни ҳовлида одам йўқ экан…
— Э, бу бир тасодиф, — беҳафсала қўл силтади Козим.
— Йўқ, тасодиф эмас экан, — деди Шавқиддин, кейин аёлларга қараб давом этди: — Шу боласига оғироёқ пайтида аёл кунига уч маҳал ҳам дастурхонини ғозлар олдига келтириб қоқаркан. “Атай дарвозадан айланиб келардим, ҳовуч-ҳовуч донлар сепардим. Худойимдан айланай, шугина жониворлари билан болажонимни асраб қолди…” деб йиғлаганмиш.
Аёллар ҳайратланиб бош тебратишди.
Козим истеҳзоли кулимсиради.
— Гапти рости, мустақилликдан кейин ҳаммамиз художўй бўлиб кетдиге!.. Сиздай одамни шунақа уйдирмаларга ишониб юрганига қойил қолмадим… Хўп, ҳикояни нима қилдик энди? Дангал бир нарса денг!
— Ўша гап. Мантиқ билан асослаб беринг, таҳрир мендан.
— Бўлам кўзига отвертка суқиб олган. Маст бўлган. Мастликда тракторига ёпишадиган дурак одати бўлган. Мантиқ ҳам, сабаб ҳам шу!.. — деди Козим қизишиб.
— Ташқаридан қараганда шундай, — деди Шавқиддин осойишта оҳангда. — Лекин, тагида бошқа нарса бўлиши керак. Беамри Худо тикан ҳам санчилмайди, дейишади. Бундай жазо беҳудага берилмагандир. Бирор гуноҳи бордир, қарғиш олгандир.
— Э, унақа бола эмас, биламан.
— Ё бўлмаса, ҳазил-чин аралаш бирорта ногиронни айбситган бўлиши мумкин. Мисол учун айтаяпман-да. Балки…
— Ҳа, ҳа, шунақа қилардилар, — деб юборди Козимнинг аёли бирдан жонланиб.
— Нима деяпсан, — дея Козим ўқрайди.
— Маъруф акани Маъруф қори, деб кулиб юрарди-ку!
— Ҳазил қиларди, ичида кири йўқ бола у.
— Бўпти-да, — деди Лолахон ўз топилмасидан ҳаяжонга тушиб. — Ўша Маъруф ака деганимизни кўзи хирароқ. Тез-тез шапкўр бўлиб қолади. Қишда жигар, ёзда анжир еб ўзига кеп олади. Шу бечорани олди-орқаси Маъруф қори, деб юрарди. Дили оғриган экан-да барибир…
Шавқиддин ёш боладай қувониб кетди.
— Кўрдингизми, оғайни, дунёда тасодиф йўқ!
Ўз навбатида Козим ҳам миясига урган фикрдан кўзлари чақнаб, тантанали равишда деди:
— Бундан чиқади ҳамма кўзи ожизлар қарғиш теккан одамлар экан-да?!
— Асло!.. Ҳеч бир гуноҳ қилмасдан, бировга озор бермасдан ҳам фалокатга учраш мумкин!
— Мантиқсиз-а?!
“Тузуксан-ку, оғайни!”
— Ўшанда ҳам мантиқсизлик бўлмайди, — деди Шавқиддин хотиржам жилмайиб, — ҳикмати кейин чиқиб келади.
Козимнинг ошкора илжайиб турганидан жавоб етарли бўлмагани сезилди.
— Мисол билан тушунтирай: бир танишим бор. Машина уриб кетиб, икки оёғидан ажраган. Ишонасизми, шу йигит ногирон бўлиб қолганига шукр қилади. Нега десангиз, тўрт мучаси соғлиғида пияниста, банги бир кимса эди, ўзидан ёлчимасди. Ҳозир энди ногиронлар аравачасида юради. Лекин, каттагина корхона эгаси. Эллик ишчиси бор. Қизиқ-да, фалокат шарофати билан эс-ҳушини йиғиб олди шу одам. Демак, ҳикмат ана шу нуқтада. Зора Узоқбой акаям қарғиш биланмас, Худонинг марҳамати билан кўзидан ажраган бўлса…
— Айтганингиздай бўлсин ишқилиб, — деди Козимнинг аёли ачиниш билан, — жўжабирдай жон. Ҳайтовур ичмаяпти-я энди?
— А?!
— Бўлангизни айтаман, ичмай қўйди шекилли?..
— Билмадим, — деди Козим паришонлик билан кейин ўзини йиғиштириб, қўл силтади. — Э, у дурак гапни олмайди!..
Шундай дея стол устида эътиборсиз қолган дафтарини олиб, газетага ўради.
— Значит бўлмайди, денг…
— Нега бўлмас экан, мен сўз берганман. Мана биргалашиб (аёлларга қараб олиб) мантиқни топгандай бўлдик. Бу ёғи осон…
Шавқиддин Козимнинг қўлидан дафтарни олди. Олди-ю, ниманингдир истиҳоласида бир лаҳза иккиланиб турди. Кейин эр-хотиннинг ташвишли нигоҳини туйиб, илжайди.
— Зарари йўқ, бўлади, — деди.
У кейинги йилларда ўзи етиб келган ақида ҳақлигига бугун яна бир карра амин бўлиб турарди. Шу боисдан кўнгли бениҳоя ёришган, ҳар қачонгидан кўра марҳаматли, кечиримли, хокисор бўлиб борарди…