Шаҳардаги аммамникидан қайтиб, ҳали эшигимиздан кирмасимданоқ ўртоқларим етиб келишди. «Юр, биз билан юр, кўрсанг, кулавериб, ичагинг узилади. Юр!» Шокир шош-қалоқ сўрашишга узатган қўлимни қўйвормасдан, судради. Мен ичагим узилишини кейин-роққа суришни илтимос қилиб, қўлимни тортиб олдим. Бири мен билан тенг, бири кичик-роқ, бири каттароқ тўрт-беш бола орасида ҳаммадан орқада турган Оқил оқсоқол жонимга ора кирди: «Нега Юсуфни тортқилайсизлар? Бир соат кейинроқ кулса, ўлиб қоладими? Қўйинглар, ўн кундан бери шаҳарда юрибди, аввал уйига бир кўриниш берсин. Холам-ларнинг жонлари жойига тушгандан кейин хо-холашга бораверади». Оқилнинг дағдаға аралаш гапи билагим, елкамни силтаб тортаётган қўллардан озод қилди. Шу Оқилнинг бўйи биздан паст бўлса-да, Худо унга ақлдан берганда. Арзимас нарсага талашиб, уришиб қолсак, бизнинг хаёлимизга келмайдиган қаёқдаги гапларни топиб, яраштириб қўяди. Бир куни Шокир шошқалоқ қўшнининг деворидан кўчага осилган шохдан ўрик олиб еяётганда юзини қизилчага айлантириб қўйди. Бировнинг нарсасини сўрамасдан олган одам ҳақида ҳикоя айтишга тушди… Ишқилиб, Оқилнинг ақли етмаган нарса йўқ. Шокир шошқалоқ уни қариб қолган пакана деганда, бошқа болалар Оқилга ёпишадиган лақаб излашга туш-дик. Ўйлаб-ўйлаб, лақаб топдик – Оқил оқсоқол. Катта-кичик маҳалламиз оқсоқолининг оғзига қараб турганидек, биз – болалар Оқилнинг нима дейишини пойлаб турамиз…
Мен уйга кириб, ўзимни аямга кўрсатиб, кийимимни алмаштириб чиққанимда, Оқил оқ-соқол кетиб қолган, бошқа болалар қотиб-қотиб кулишаётганди.
– Чиқдингми? Биз аянг бешикка белаб қўйдими, деб ўтирибмиз, – деди кўз ёшини арт-ганча Шокир шошқалок. – Юр, Кулсин жинни кутиб қолмасин!
Мен «Кулсин жинни»си ким экан деб бир оғиз сўрамасдан, болаларга эргашдим. Ўзим-ча яна биронтасига лақаб қўйишгандир-да булар деб борардим.
Йўл-йўлакай Шокир шошқалоқ қайси бир кулгили воқеани айтишга тушди. Унинг орти-дан бораётган болалар энг қизиқ жойини эшитмай қолмаслик учун бири лўкиллар, бири югургиларди. Кула-кула қишлоқ четидаги Боймаҳаллага етиб бордик. Гувала деворли, томсувоқ уйлар ёнидар ўтарканмиз, Оқил оқсоқолнинг гапи эсимга тушиб кетди: «Бунинг нимаси Боймаҳалла? Тиланчи етти маҳалла наридан айланиб ўтадиган кўча-ку!» Мен уйи-мизда Оқилнинг бу гапини билмасдан айтиб юборганимда отам бир ўкрайиб қўйдилару ўйланиб қолдилар. «Қишлоқми, маҳаллами, одамлар билмасдан ном қўйишмайди. У маҳаллада ўзига тўқ одамлар, бойлар яшашган. Ўттиз йил олдин бор мол-мулкини қўш-қўллаб топшириб, калхозга киргани кирган, қолган бойларни бола-чақаси билан қишлоқ-дан бадарға этишган». Мен дадамнинг «бадарға» деган сўзларининг маъносига етмасдан, Оқилдан бориб сўрагандим, у пешонасини тириштириб турди-да, эртага айтаман, деди. Эртасига ундан бойларнинг қишлоғимиздан узоқ-узоқларга қувиб чиқариб юборил-ган-ликларини билиб олдим. Бадарға дегани шу экан.
– Ана-ана, Кулсин жинни…
Доим бақириб-чақириб гапирадиган Шокир шошқалоқ шивирлади.
Мен эгаси кўчириб юборилган ҳовлининг йиқилиб-йиқилиб, бизнинг бўйимиздан ҳам пастроқ бўлиб қолган деворидан қўрқа-писа мўраладим. Пешонасини қизил рўмол билан танғиган, устидан катта гулдор кўк рўмол ўраган бир аёл қўлида бўш челак кўтариб, биз тарафга келарди. Биз томонда биронта аёл унга ўхшаб бошидан икки қарич баланд рўмол ўрамайди. Кўйлаги нақ тўпиғигача, бўйнида маржоншода. Аёл бизни кўрмадими ё эъти-бор бермадими, девор яқинидаги ариқдан сув олди-да, орқасига бурилиб кетди. Мен унинг иккита қилиб ўрилган сочи учида ранг-баранг попуклар ва тангага ўхшаш нарсалар кўр-дим. У қўлидаги челак сувини тупроқтўда устига қуйди ва яна ариқ томон юрди.
– Кулсин жинни, кулсин, жинни!
Мен ёнимга ўгирилиб, девордан бошини чиқарганча тиржайиб турган Шокир шошқа-лоқнинг кулаётганини кўрдим. Бошқа болалар унга қўшилишди: »Кулсин жинни, кулсин, жинни!» Мен шошганча девордан нари кетдим. Ҳозир у катта рўмолли аёл чопганча ке-либ, бизни тутиб олади. Лекин тўсатдан девор ортидан эшитилган баланд кулги ортимдан тортди. Мен деворнинг ҳалиги йиқиқ ерига ёпишар эканман, катта рўмолли аёлнинг ха-халаганича кулаётганини кўрдим. У оппоқ, бир текис терилгандайин тишларини кўрсат-ганича тўхтовсиз қах-қаҳларди. У қаҳ-қаҳлаган сари бири биқинини ушлаган, бири боши-ни силкитганча кулаётган ўртоқларим авжига чиқишарди: «Кулсин жинни, кулсин, жин-ни!..» Мендаги ҳалиги қўрқувдан асар ҳам қолмади. Катта рўмолли аёлнинг қаҳ-қаҳла-ганча ниманидир ҳайдаётгандек қўлларини тўхтовсиз ғалати силкиши, оёқларидаги йир-тиқ калиши чиқиб кетганини сезмасдан, ер тепкилаши кулгимни қистатди. Аввал секин-гина, бора-бора овозим борича кула бошладим…
Кулсин жиннининг кимлигини, қаердан келиб қолганлигини қишлоқда ҳеч ким билмас-ди. Ҳатто икки қишлоққа битта участкавой милиса ҳам бир суриштирибди-да, бу замонда жиннилар камми деб, кетворибди. Катта рўмолли аёлнинг қаерлик эканлиги, кимлиги нари турсин, ҳатто унинг отини ҳам билмас эдик. Биттаси унинг оти Гулсун экан, деса, бошқалар Кулсин бўлса керак, дейишарди. Лекин кимлигини, қаерданлигини, ҳатто отини билмаса-да, ўша Боймаҳалладаги вақтида колхозга кириб, бадарғадан қутулиб қолган бир одам нотаниш аёлнинг кўчада дарахт соясида сулайиб ётганини кўриб, уйига олиб кетиб-ди. Икки-уч кунда ўзига келган аёл меҳрибон одам уйи ёнидаги ташландиқ ҳовлида айла-ниб юриб-юриб, битта белкурак сўраб олибди-да, чуқур қазишга тушибди. Отамнинг ай-тишларича у эни уч қадам, бўйи тўрт қадамлик бир қулоч чуқур қазибди. Биз кўрган туп-роқтўда ўша чуқурдан чиққан экан.
Қишлоқда Кулсин жинни пайдо бўлгандан кейин биз болаларга бошқа эрмак топилди. Унгача ўйнаб-ўйнаб, зериксак, дўнгдаги Ўлмас муаллимнинг эски, эгасиз қолган уйига кўчиб келган Холдорхонни кўргани борардик. Қўлтиқтаёқ билан зўрға юрадиган бу аёл ҳар куни қошига ўсма қўяр, кўзларига сурма суртар, битта синиқ кўзгу қўлидан тушмасди. Ўсма кериб юборган қошларигами, атрофи қоп-қора, бир пайтлар шаҳло бўлган сўник кўз-ларигами ё бурнининг ёнидаги мошдек холигами суқланганча тикилиб ўтираверарди. Холдорхонга ўйинга тушиб беринг десак, ўтирган жойида муқом қилганча ўйнар, ашула айтиб беринг, десак, «Қора сочим ўсиб, қошимга тушди»ни бошларди. Ашула айтар экан, бинафшаранг фаранг дурраси четидан чиқиб турган оқ оралаган сочини билдирмасдан-гина силарди.
Ана шу Холдорхон қишлоққа қўлтиқтаёғини дўқиллатиб кириб келганида бизни кўчага чиқармай қўйишди. Нимаймиш, у чет элдан келган жосус экан. Чегарадан оёғига эчки ту-ёғини тақиб ўтибди. Аслида югуриб-югуриб юрар экан. Қўлтиқтаёғига алдаш учун таянар экан. Ўша қўлтиқтаёғининг аллақаерини босса, милтиққа айланармиш…
Урушдан кейин ўн уч йил ўтган, лекин биз болаларнинг топган ўйинимиз – уруш-уруш. Икки томонга ажраламиз, «бизникилар» бўлганлар хурсанд, «немислар»нинг қовоғи осил-ган. Айни немисларни асирга олиб, қийнаётганимизда, душманнинг омон қолган сўнгги жангчиси Шокир шошқалоқ оғзига қаратади: «Болалар, дадам айтдилар, ҳушёр бўлиши-миз керак экан, гесни портлатишга шпион юборишибди!» «Ким юборибди, сани немис-ларингми?», дейди Оқил битта-битта сўз чертиб. «Ҳа, немислар, лекин мен немис эмас-ман!» «Немислар аллақачон таслим бўлишган, ана шаҳарга боргандим, чанг-тўзонга беланганча уй қуриб ётишибди. Уларнинг жосус юборишга кучлари етмайди», Оқил Шокир шошқалоқнинг оғзини буткул ёпганига ишониб, орқасига қайрилади. « Немис бўл-маса, Амрикадир… Ҳа, аниқ Амрика юборган шпионни…»
Болаларнинг бошқа гаплари қулоғимга кирмайди. Шу шпионми, жосусгами ўхшаш миш-мишларни ташиб борсам, отамдан қаттиқ гап эшитаман. Узоғи йили қишлоқда бир гап тарқалди: «Духтурлар душманга сотилган эмиш. Улар нуқул ўғил болаларга эмигна тиқиб, ўлдиришармиш…» Кўчадан эшитган бу гапни айтсам, дадамлар қаттиқ койидилар: «Ҳадемай, тўққизга кирасан, ҳалигача тариқча ақлинг йўқ. Эси йўқлардан эшитганингни қулоғингга ҳалқача қилиб тақиб олма. Сталиннинг ўлганига беш қовун пишиғи ўтди. Душман дўхтирлар ҳақидаги гап у ўлмасдан тарқалганди. Қишлоқда кимнинг боласини дўхтир укол қилиб ўлдирибди? Ичтерламадан ўлишган, қизамиқдан ўлишган… Агар ўша дўхтирлар бўлмаса, Худо билади, яна қанча-қанча бола қиёматда ота-онасига дастурхон бўларди…» Мен дадамнинг кўп гапларига тушунмасдан оғизларига термилганча ўтира-верардим… Ана энди қандай қилиб Кулсин жиннининг шпионлигини дадамларга айта-ман?.. Аввалига унинг шпионлигини Шокир шошқалоқдан эшитдим. Кулсин жинни асли-да жинни эмас экан. Ўзини жинниликка солиб юраркан. Унинг рўмоли остида хабар бера-диган аппарат боракан. Тунлари ўзи қазиган чуқурга тушиб олиб, аппаратни тиқиллатиб ётаркан… Э, мани эсим пастми? Келиб-келиб шу Шокир шошқалоқнинг гапларига ишона-манми? Лекин… кап-катта одамларнинг Кулсин жиннини шпион дейишганини шу дик-кайган қулоқларим билан эшитганимдан кейин унинг гесни портлатиш учун юбориш-ганига ишонмай бўлармиди?
Биз болалар мактаб таътилининг ярмини Кулсин жиннининг ортидан пойлаш билан ўт-каздик. Кулсин жиннининг лой тепиб ясаган гувалалари қуриди. Чуқур атрофига тош терилиб, устига қуриган қамиш тўшалди. Биздан сал баландроқ гувала девор кўтарилди. Устини терак, тол шохлари билан ёпиб, қамиш бўйралар ёйилди. Ана кейин юпқагина лой ётқизилиб, устидан тупроқ ёйилди. Бу ишларнинг ҳаммасини Кулсин жиннининг бир ўзи қилди. Ҳеч кимни ёрдамлашишга-да, қўймади. Бир кун келсак, у ярим челак-ярим челак лойсомонни томга оляпти. Икки кунга қолмай том суваб бўлинди…
Биз кундузини қўяверинг, кечлари ғира-ширада минг пойласак-да, Кулсин жиннининг аппаратини ишга солганини кўрмадик. Шокир шошқалоқ тонг саҳарлаб ўпкасини қўлтиқ-лаб чопиб келганида душман шпионининг қўлга тушганига ғирт ишондик. «Тез юринглар, ўз кўзим билан кўрдим, Кулсин жиннининг бошидаги рўмоли йўқ. У хабар беришга тай-ёрланяпти!» Ана кўраверинг Шокир шошқалокнинг ортидан оёқни қўлга олиб чопишни! Ҳансираганча етиб борсак… Кулсин жинни кулбасида йўқ. Эшик ўрнидаги иккига бўлинган эски қопни кўтариб ичкарига биримиз қўйиб, иккинчимиз мўраладик. У – йўқ! Эски қоп-қанорлар тўшалган уй тўрида ёйилганча … катта рўмол ётарди. Лекин на хабар етказувчи аппарат, на Кулсин жинни йўқ эди.
Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, сўппайганча йиқиқ девор томон жимгина борар эканмиз, уйча ортидан кимнингдир қаҳ-қаҳлагани эшитилди. Қадамимиз овозини ўзимиз ҳам эшитмасдан оёқ босганча кулбанинг орқасига ўтсак, Кулсин жинни сочларини, на соч-попук, на тангага ўхшаш нималардир йўқ ҳўл сочларини тараганча қаҳ-қаҳлаб кулар-ди. У сочини тараб бўлди-да, тоғорадаги сувни атрофга сочди. Тоғорада сув қолмаса-да, уни силкитди, силкитаверди.
– Кулсин жинни, кулсин, жинни!
Шокир шошқалоқнинг чириллаган овозига бошқа болалар қўшилганда Кулсин жинни ҳали сув томчилаб турган тоғорани боши устига кўтарди-да, худди ортидан ит қувлаётган-дай уйчаси томон чопди.
– Энди уйчасидан чиқмайди. Кетдик!
Шокир шошқалоқнинг орқа-олдига қарамасдан қовоқ уйганча боришидан бугунги кул-гидан қуруқ қолиш ҳаммамиздан ҳам уни хафа қилганов, дедим.
Икки кундан кейин Шокир шошқалоқ бошқа гап топиб келди: Кулсин жинни ўтдан қўр-қар экан, мен бир нарсани тайёрлаб бўлай, ҳаммамиз маза қилиб куламиз!
У пайтлар гугурт камчил эди. Маҳалладаги бошқа хотинлар каби аямлар ҳам биздан гугуртни яшириб қўяр, зарур бўлганда ўзлари олиб ишлатар эдилар. Қуриган шох-шабба-дан гулхан ёқишни яхши кўрадиган биз болалар бўлсак, ўт чиқаришнинг йўлини топиб олдик. Иккита қўтир тошни бир-бирига уриб, ишқаласак, учқун чиқарди ва бир-икки уринишда аввал қовжираган хас-хашакни тутатиб олардик. Ана кейин устига битта-битта шох-шабба босиб, гуриллаб ёнаётган гулхан ёнида қўлларимизни қиздирганча гап сотар-дик.
Шокир шошқалоқ қўлларимиз совқотмаган пайт, ёзнинг иссиқ кунида гулхан ёқмоқчи бўлиб, хас-хашак тўплабди. Иккита чағир тошни бир-бирига уриб учқун чиқариб, гулхан ёққанида кимнингдир додлаган овозини эшитибди. Қараса, Кулсин жинни боши ушлаган-ча қочиб бораётганмиш…
Эртасига туш пайтимиди, Шокир шошқалоқ чақириб келди.
– Уйларингда керосин борми? – деди пичирлаб.
Сирдарё тўсилиб, ГЭС қурилгач уйимизга электр келганига икки йил ўтса-да аям «чироқ лоп этиб ўчиб қолса, болалар қоронғида қўрқишмасин», дея гузарга бориб керосин олиб келиб қўярдилар. Мен Шокирни керосин турадиган қазноққа бошладим. У қўлидаги латтани очиб, узун ип олди. «Арғамчини очиб олдим, пишиқ ип», деди ҳалиги кўчадаги-дан ҳам пастроқ пичирлаб Шокир. У керосин идиш қопқоғини очди-да, ипни унинг ичига сола бошлади. Ипни охиригача керосинга бўктирди-да, аста тортиб олиб, ҳалиги латтага ўради. «Раҳмат, оғайни, ҳали қорнингни ушлаганча кулганингда, қилган хизматингга рози бўласан!» Мен ҳозир нега кулишимни эмас, Шокирнинг бу гапларни Оқил оқсоқолдан ўр-ганиб олганини ўйлардим.
Биз Кулсин жиннининг уйчаси ёнидаги йиқилган девор олдига етиб борганимизда сояда ўтирган учта ўртоғимиз баравар ўрнидан турди. «Тез бўлинглар, ҳали у сувга келгани йўқ,» шивирлади ўртоқларимдан бири. Шокир девордан ирғиб ўтди-да, ариқдан ҳатлаб, унинг қирғоғига думалоқланган қоғоз қўйди. Ҳалиги латтани очиб, керосинга шимдирил-ган ипни қоғозга яхшилаб ўради. Ўрар экан, тез-тез уйча томонга қараб олди. Ипнинг бир учини ушлаганча ариқдан ўтди. Девор йиқиғидан ошиб ўтди-да, эшитилар-эшитилмас шивирлади: « Овозларинг чиқмасин, биронтанг бошингни кўтарма!»
Мен Кулсин жиннининг шпион эканлигига буткул ишонмай қўйган бўлсамда, Шокир-нинг ип тортиши, сирли шивирлаши яна аллақандай қўрқинчли хаёлларга бошларди. Шокир ўртоқларимдан бири берган икки тошни бир-бирига урар экан, унинг қорнингни ушлаганча куласан, деган гапини эсладим. Тошлардан чиққан учқун Шокирнинг олдидаги қоғозни ёндирди. «Ўчмасин, ўчиб қолмаса бўлгани… Ҳей, болалар, Кулсин жинни сув олгани келгани йўқми?.. Ё иссиқ элитиб ухлаб қолдими?..» Шокир хавотирланганча девордан мўралади-да шу заҳоти бошини эгди. Мен қизиқиб энди бошимни кўтаргандим, Шокир тўнғиллади: «Ёт, у … келяпти…» Шокир бизни бош кўтаришга қўймай ўзи яна бир марта девордан мўралади-да, арғамчидан айирган ипнинг учини ёниб турган латтага тутди. «Ана энди томошани кўринглар!» Шокирнинг ортидан ҳаммамиз деворга қапишганча томоша кўришга шошилдик. Керосинга бўктирилган ип ёнаётган узун илонга ўхшарди. Ингичка, ипдек ингичка илон… Кулсин жинни ариқдан сув олар экан, ёнаётган ипга кўзи тушди. Унинг кўзлари косахонасидан чиқиб кетаётганга ўхшар, ола-кула эди. Шундайгина оёғининг ёнида қоғоз копток ловиллаб ёнгач, Кулсин жинни челакдаги сувни унинг устига сепганча бақирди: Мусулмонлар, ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар…»
– Кулсин жинни, кулсин, жинни…
Биз қотиб-қотиб кулар эканмиз, Шокир шошқалоқнинг тўхтовсиз айтаётган гапларини такрорладик. Челагини кўтарганча уйчаси томон чопиб кетаётган Кулсин жинни бирдани-га ортига ўгрилди. У юзига дувиллаб оқаётган кўз ёшларини артганча челакни биз томон-га отди. Ариқдан бир ҳатлаб ўтиб, паст девордан сакради. Кулиб турган ўртоқларимнинг ранги қоғоздай бўлиб кетди. Шокир йўлидаги ўртоқларимдан бирини йиқитиб ўтди-да, орқасига қарамай чопиб кетди. Ҳаммадан орқада чопиб борар эканман, бўйним бўғилди. Мен бўғаётган қўлни олиб ташлашга уриндим. Кучим етмади. Овозим борича бақирдим: Кулсин жинни, мени ўлдирманг, ўлдирманг!» Чопиб бораётган ўртоқларимдан иккитаси тўхтади. «Юсуф, қўлини тишла, қўйворади, қаттиқ тишла!» Иккала ўртоғим ҳам бирдай шу гапни такрорлади. Мен қўлни тишлашга улгурмадим. Тўсатдан чангакдек қисаётган қўл бўшашди. Ортимда кимдир ўкраганча йиғлаб борарди. Кулсин жинни шу йиғлаганча ариқдан ҳатлаб, тиззалаб ўтирди. Мен ариққа энгашганича юзини юваётган Кулсин жин-нини юпатишни истардим. Лекин нега, нима деб юпатишни билмасдим. Боягина тинчлик бермаётган нега тишламасимдан қўйворди, деган ўйни эса, унутгандим.
Кулсин жинни бетини рўмолининг учи билан артар экан, менга кўзи тушди. Шошгани-ча ўрнидан турди ва бурилиб кетаётиб, елка оша ортига қаради. У жилмаярди. Олдинги-дай шарақлаганча кулмасди. Жилмаярди. Мен бундай ширин ва лекин айни бир пайтда маъюс жилмайишни илгари кўрмагандим. Орадан йиллар ўтиб, ўғлимнинг бўйи бўйимга тенг бўлганда ҳам кўрмадим. Фақат бир нарсани сира унута олмайман: аёлнинг жилмайи-ши бўйнимни чангакдек қўлидан қаттиқроқ сиқиб олди…
Ўшанда… ўшанда эртаси куни болалар чақириб келишганда кўчага чиққим келмади. Ичкаридан аям чиқиб келдилар: «Бор, чиқ, ё уришиб қолдиларингми?» Аямнинг гумон-ларида асос йўқлигини исботлаш учун кўчага судралдим.
– Нима, тухум босиб ётганмидинг? – деди болалардан бири.
– Йўқ, Кулсин жиннини тушида кўриб, лабига учуқ тошиб ётган бу, – деди Шокир шош-қалоқ.
Мен яна гапларинг борми, дегандайин индамасдан кўзимни лўқ қилиб туравердим.
– Юр, Кулсин жиннидан хабар олиб келамиз. Яна ёнаётган илондан қўрқиб ўлиб-нетиб қолмаган бўлсин. Унга ўхшаган бизни кулдирадиган одамни қаердан топамиз кейин…
Шокир шошқалоқ оғзини кўпиртирар экан, ёнгинамдан шарқироқ ариқ оқиб ўтди. Ун-дан икки қадамча нарида Кулсин жинни менга қараганча жилмаярди…
– Бораверинглар… Мени … бошим оғрияпти…
– Бўпти, болалар, кетдик. Юсуф, сен Оқилларникига боргин-да унинг онаси – қоқимчи холага ўзингни қоқтириб олгин, – Шокир менга қараб илжайди ва орқароқда судралаётган боланинг елкасига урди. – Тошбақа юриш қилсанг, кулгидан қуруқ қоласан, тез-тез юр-ей!
Боши оғриган бола ҳиринглаганча кетаётган Шокирнинг орқасидан эргашармиди ё у-нинг бошқа болага эмас, аслида ўзига эшиттириб айтган гапига жавоб берармиди. Мен Шокирнинг лўкиллаб бораркан, ўқтин-ўктин сездирмасдан орқасига қараб олишини ил-жайганча кузатиб турдимда, шартта бурилиб қарама-қарши томонга кетдим.
Оқил қўлида ўроқ, эндигина эшик очиб турган экан.
– Ўртоқ, агар ўйнагани келган бўлсанг, менинг вақтим йўқ, агар ҳозир далага бориб бир боғ ўт ўриб келмасам, дадамлар айтмоқчи қўйларим очидан ўлади, – деди Оқил сўрашиш-га узатилган қўлимни қўйиб юборгач.
– М-мен… мен ўйнагани эмас… шундай сен билан бир гаплашгани келгандим.
– Ҳа, Кулсин жиннини кулдириб, ичак узиш кўнглингга тегдими?
Оқилнинг ортида Кулсин жинни кўринди. У маъюсгина жилмайиб турарди.
– Мен… энди…
– Кўп чайналма! Бор, тезроқ шошқалоқнинг ортидан ўпкангни қўлтиқла. Кеча у шотир-ларини бошлаб келиб, мендан суюнчи олди. Кулсин жиннини боплаб қўрқитибсизлар. Бор, бугунги томошадан қуруқ қолиб, йиғлаб ўтирма!
Оқилнинг сўзлари юрагимга игнадек санчилар экан, негадир ўқитувчимизнинг гапини эсладим: «Шу Оқил оғиз очиши билан гапимни йўқотиб қўяман. Муштдеккина бола чол-лар билмайдиган гапларни қаердан топади?»
– Оқил… У менга қараб жилмайди.
– Нима?
– Жилмайди. Мен унинг бу жилмайишига чидаёлмадим. У жилмаяр экан, ёнаётган ип бўйнимга чирмашини истадим.
Оқил индамади. Сойбўйига етганимизча иккаламиз ҳам оғзимизга толқон солиб кета-вердик. Оқил ярим боғча ўт ўргач, мен индамай унинг қўлидан ўроқни олдим. У менга ялт этиб қараганда, кўзида норозилик кўрдим. Лекин буни кўрмасликка олиб, ўт ўравердим. Қарасак, бир боғ эмас, икки боғ чиқадиган ўт ўриб қўйибмиз. Ўт боғлари устига ёнбошла-ганча сойда оқаётган сувга тикилиб ўтиравердик. Оқилга айтадиган гапим кўп эди. Лекин тилимга ҳеч нарса келмасди. Ўтни Оқил чўнтагидан олган ипга боғлаб, орқамизга олиб кўтариб кетаётганимизда ҳам ўртоғим айтмоқчи «йўлни яқинлаштиришга» минг уринсак-да, ҳеч гапимиз қовушмади.
Елкамиз ўтдан бўшаб, яйраганидан кейин Оқил «Юр, ўртоқ, чой ичиб кетасан», дея уй-ларига судради. Мен уйдан аямга индамай чиқиб кетганимни, хавотир бўлиб ўтирганлари-ни баҳона қилиб, унамадим.
– Сен энг яхши ўртоғимсан…
Хайрлашаётиб, Оқилнинг юз-кўзлари кулганча ўнг қўлини силкитиб турганини кўриб ортимга қайтгим, уни қаттиқ қучоқлагим келди. Худди шу лаҳза йўлимни кимдир тўсди. Мен жилмайганча турган Кулсин жиннининг кўзларидан қўрқиб кетдим…
Шу-шу Кулсин жиннининг уйчаси томон бормай қўйдим. Бора-бора унинг жилмайиб туришини ҳам эсимдан чиқардим. Шаҳарга аммамникига бориб, сотувчи айтган «ҳали бў-ёғи қуримаган» тўртта китоб сотиб олиб келганимдан сўнг на Кулсин жиннини, на Хол-дорхонни эслайдиган бўлдим. Ҳатто болалар ўйнашга чақириб келишса-да, китобдан бош кўтаргим келмайди.
– Юсуф, ўғлим, қаердасан?
Аямнинг овозлари китобни токчага олиб қўйишга мажбур этди. Овоз келган уйга кир-сам, аям саватдаги нонларнинг орқа-олдини кўриб, ажратяптилар.
– Юсуф, токдан яхши пишган узумдан беш-олти бош узгин.
Мен «хўп» деганча сап-сариқ ҳусайни узиб келганимда, онам иккитадан патир устига тўрт бошдан узум қўйдилар.
– Ўғлим, сен манови тугунчаларни иккита мусофир холангга олиб бориб бергин. Битта-сини Дўнгдаги муаллимнинг эски уйида яшаётган холангга, иккинчисини Боймаҳаллада-ги…
Аямнинг охирги сўзлари қулоғимга келмади. Мен илгарилари ҳам Холдорхонникига тугун кўтариб борганман. Лекин Кулсин жиннининг уйчасига қандай бораман? У мени кўрибоқ ҳайдаб солса, патир ва узум солинган тугунни ортимдан ирғитса… Йўқ, бора ол-майман.
Аямга қандай баҳона қилишни ўйлаётганимда, қулоғимга Оқил шивирлади: «Сен энг ях-ши ўртоғимсан…» Мен тугунларни олдим-да, Оқилларникига қараб кетдим.
Холдорхон муаллимдан мерос қолган уйдан тўрт-беш қадамча наридаги тол остида тўн-тарилган пиёлага ўсма сиқиб ўтирган экан.
– Нима олиб келдинглар? – Холдорхон ўрнидан қўзғалмасдан ўсма сиқишда давом этди. -Уйга олиб кириб қўйинглар, мушукми, итми, тегмасин. Ҳа, қўйиб чиқдингларми? Эшик-ни зичлаб ёп. Энди ёнимга келинглар, мен сизларга «Қора сочим»ни айтиб бераман…
Мен Холдорхоннинг толга суяб қўйилган қўлтиқтаёғига хавотирланганча қарар экан-ман, Кулсин жинниникига қандай боришни ўйлардим…
Йиқилиб-йиқилиб, ит сакраб ўтадиган бўлиб қолган девор олдида оёғим ерга ёпишиб қолди.
– Оқил, ўртоқ, тугунни сен бериб келақолгин, мен шу ерда тураман, – дедим овозимдаги ёлборишдан ўзим ҳам ғижиниб.
– Ие, патир билан узумни сенинг аянг берворади-ю, Оқил ҳаммоллик қиладими? Юр, қўрқсанг, иккаламиз девордан бирга ўтамиз.
Оқилнинг ортидан мен ҳам тугунчани кўтарганча деворнинг нариёғига ўтдим. Ариқдан ҳатлаганимизда ҳам, Кулсин жиннининг кулба-уйчасига яқинлашганимизда ҳам бирон шарпа эшитилмади.
Эски қоп – эшик ёнида нима қилишимизни билмасдан турар эканмиз, Оқил мени Кулсин жиннини чақиришга қистади.
– Юсуф, холани чақир!
Мен нима деб чақиришимни билмасдан турганимда, қоп кўтарилди-да, кўк гулдор рўмол кўринди.
– Юсуф?..
Отимни айтган Кулсин жинни менга ғалати термулганча турарди.
– Буни сизга аям бервордилар.
Тугунчани Кулсин жиннининг қўлига узатдим-да, Оқилни йиқитишимга сал қолиб девор томон югурдим…
– Ҳей, жинни, нега қочяпсан?
Мен ҳансираганча Боймаҳалла кўчасида чопиб борар эканман, Оқил йўлимни тўсди.
– Тўхта! Тўхтасанг-чи!
Мен пешонамдан чакиллаётган терни артганча Оқилга тикилдим.
– Мен унинг жилмайишини кўрдим. У менга бир марта қарамадиям. Сенинг ортингдан «Юсуф, Юсуф» деганча тикилиб қолаверди…
Нега у менга тикилар экан? Нега менинг отимни такрорлайверади? Орадан уч кун ўтган бўлса-да, бу саволлар хаёлимдан нари кетмас, лекин ҳеч бир жавоб топа олмасдим. Худди ана шундай жавоб излаётган пайтимда тўсатдан кўча томондан бақириқ-чақириқлар эши-тилди. Кўчада оёқяланг эркаклар, бошяланг аёллар, чоллар, болалар чопиб боришарди. Бирининг қўлида челак, иккинчисининг елкасида кетмон… Мен ҳам уларга қўшилиб қуюқ тутун осмонга бурқсиб кўтарилаётган томон югурдим.
Етиб борсак, қўшни кўчадаги уй аланга олган. Олов на челаклардан тўхтовсиз сочилаёт-ган сувни, на белкураклар ташлаётган тупроқни писанд қилмасди.
– Ҳей, болалар, қаёққа? Куйиб қоласизлар, борманглар!
Битта чол йўлимни тўсди. Мен унинг ёнидан айланиб ўтишни ўйлар эканман, кўзим Кулсин жиннига тушди. Кочишга жой излай бошладим. Худди унинг тугилган муштлари ёйилади-да, бири иккинчисидан йўғонроқ ёнаётган иплар менинг бўйнимни мўлжаллаб биланглашади.
Чол эса елкамдан ушлаганча қўйиб юбормайди. Кулсин жинни мени кўрмасин дея чол-нинг орқасига ўтишга уринаман. У елкамдан қаттиқроқ ушлайди. Кулсин жинни шартта икки қўлида челак тўла сув кўтариб келаётган аёл томон югурди. Унинг қўлидан индамас-дан челакларни олди. Лекин у бошқалар каби ёнаётган уй томон юрмади. Аввал битта челакни, кейин иккинчисини бошидан баланд кўтарди. У ўзининг устидан сув қуйди. Бошидаги гулдор кўк рўмоли, эгнидаги кўйлаги жиққа ҳўл бўлди.
– Ғирт жинни десам, менга ҳеч ким ишонмади. У қип-қизил жинни, қандайига сизлар айтгандайин ишпиён бўлсин!
Мен энди тамом, Кулсин жинни уни кўрсатганча чаккасининг ёнида кўрсаткич бармоғи-ни айлантираётган аёлни ғиппа бўғади, деб ўйладим. У аёлнинг гапини эшитмади, ё эшитиб, тушунмади, тўғрисидан келаётган йигитнинг қўлидаги челакни тортиб олди-да, яна устидан сув қуйди. Ва… у ёниб турган уйга кириб кетди.
– Ҳей, нимага қаққайганча қараб турдинглар! Жинними, соғми, Худонинг бир ғариб бандаси ёниб кетса, нима бўлади? Уй-жой топилар, у Худонинг бир бандаси…
Чол аламидан бақирар экан, менинг елкамдаги қўлларини дуога очди:
– Эй Худойим, суйган бандангни ўзинг қутқаргин!
Ҳамма қотиб қолган, сувдан бўшаган челакларни ҳеч ким тўлғазиб келишни ўйламай қўйган. Менинг атрофимда ёнаётган арғамчи иплари билангларди. Мен Кулсин жинни-нинг яна бир марта, бир мартагина жилмайишини кўришни истардим.
Бир маҳал ёнаётган эшикдан отилганча Кулсин жинни чиқиб келди. У бағрига босган қизалоқни авайлаб ерга қўйгач, ариқ томон чопди.
– Ҳей, нега ҳамманг карахт бўлиб қолдинг? Боринглар, югуринглар, кўйлаги, бошидаги рўмоли ёняпти, сув сепиб ўчиринглар!
Ёнимдаги чол ёнаётган аёлнинг ортидан челак кўтариб югурган одамлар кетидан югур-гилади.
Кулсин жинни сув тўла ариқда осмонга қараганча ётар, кўзлари тўла қайғу, лабларида эса, ўша мен кўргандан ҳам майинроқ жилмайиш…
У одамларни кўриб ариқдан чиқди, бошидан тушиб кетган ҳўл рўмолини ўрашга ури-нар, лекин ҳеч ўрай олмасди. Ҳеч бўлмагач, рўмолни бағрига босди-да, ариқдаги сувга термилганча нималардир дея бошлади. Унинг сўзлари қўшиққа айланди.
– Ҳей хотин, юрак-бағримни эзиб ташладинг-ку! Болам ўлгандаям, бунчалик тўлиб-тўлиб йиғламагандим, – Холдорхон қўлтиқтаёғига таянганча юзини юваётган кўз ёшлари-ни кўйлагининг енгига артарди. – Сен яхши хотинсан, эртага уйимга бор. Бир югуртириш-да қошингни қоп-қора қиладиган ўсма бераман…
Кулсин жинни Холдорхоннинг гапини эшитмагандайин қўшиғини айтаверди.
Мен бундайин ҳазин қўшиқни ўшандан буён ҳеч эшитмаганман. Шунча ёшга кирдим, не-не донғи кетган ашулачиларнинг қўшиқларини эшитдим. Лекин Кулсин жинни… Кул-син холаники каби қўшиқ эшитмадим.
Эртасига қишлоқда янги гап тарқалди: Кулсин жинни кетиб қолибди…
Шу-шу биз уни кўрмадик. На қишлоқда, на шаҳарда, на бозорда, на кўча-ялангда… Мен ўн иккига кирганимда шаҳардан дадамлар янги кийим-бош олиб берар эканлар, сотувчи билан гаплашиб қолдилар. Аям намунча у сотувчи билан гапларинг қизиб қолди, деганди-лар, дадамлар бир уф тортдилар.
– Онаси, аслида Қурама томондан кўчиб келган бу сотувчи бир воқеани айтиб берди. Беш йилми-олти йилми олдин тоғдаги қишлоқларида бир ёшгина аёлнинг уйига ўт кетиб-ди. Аёл тоққа ўтин тергани кетган экан. Келса, уйи култепага айланганмиш. Қўни-қўшни-лар уйда қолган болани қутқариб олишолмабди. Аёл битта-ю битта боласининг ўлигини-ям кўра олмасдан додлабди, юзини тирнабди, сочини юлибди… Уч кундан кейин у аёл йўқолиб қолибди. Ҳамқишлоқлари қидириб-қидириб Сирдарё бўйидаги қишлоқдан бир гап топиб келишибди: « Сочлари ёзиқ бир аёл қўлида рўмолини ҳилпиратганча ўзини сув-га ташлади. Сувнинг жинлари чақирганми… Биз етиб борганимизда у дарёда кўринмас-ди…»
Маҳалламиздаги ҳовузга туз ташлаганимиздан кейин мен Оқилнинг олдига чопдим. Унга дадамларнинг шаҳарда эшитган гапларини айтиб, Кулсин жинни… Кулсин хола-нинг кулбасига бориб-келайлик, дедим.
– Қара-қара, Кулсин хола қайтиб келганга ўхшайди, уйчанинг олди супурилган, сув сепилган.
Биз Кулсин холани чақириш-чақирмасликни билмасдан бир-биримизга қараганча тура-вердик. Бундай қулоқ солсак, ичкаридан ҳеч қандай овоз эшитилмади. Оқил қоп-эшикни кўтариб, уйчага кирди. Ортидан мен ҳам кирдим. Ҳеч ким йўқ. Лекин ичкари ширин бир ҳидга тўлган. Уйча тўрида, товоқчада шам ёниб турар, ёнида райҳон шохлари. Райҳон шохлари ортида эса, кимдир жилмайди-да, ғойиб бўлди.
8-11 январ, 2013 йил, Хўжанд.