Ўринбой Усмон. Қора чуқур (ҳикоя)

Эргаш уч кун олдин невараларининг қўлини ҳалоллаб, элга тўй берганди. Тўйдан бир кун олдин қишлоқдаги оқсоқолларнинг ҳаммасини зиёфатга чорлаганди. Зиёфатга келмай қолган бемор чолларнинг уйига товоқда ош, тугунчада мева-чева қилиб жўнатганди. Мана бугун ҳали ўша зиёфатнинг таъми унутилмай туриб, тўй ҳақидаги овозалар тинмасдан, яна дастурхон ёзибди. Дастурхоннинг бўш жойи қолмабди, бозордаги энг тансиқ неъмат-ларгача келтирибди, азамат.
Дастурхон атрофида ўтирган отахонлардан бирининг хаёлида шу ўй кезинар экан, у ав-вал ўнг тарафига, сўнг чап тарафига разм солди, қаршисидаги меҳмонларга кўз югур-тирди. Бошқаларнинг хаёлида ҳам уни ўйлантираётган фикр кезаётган эканми, шундай-гина отахоннинг ўнг ёнида ўтирган Насим новвой сўраб қолди:
– Бу-у… Эргашвой ўғлим, қишлоқдаги соғми-чўлоқми, от минганми, битта эшак орзу-сида ўтаётганми, биронта чол қолмай, ҳаммани айттириб, бурнимиздан чиққанича зиёфат-га тўйғазганингга тўрт кун ўтдими-йўқми, ортидан уч дошқозонда ош дамлаб, кечгача меҳмон кутдинг, қишлоқдаги ҳар бир эшикка олтитадан иссиқ нон улашиб чиқдинг, бу яна нега чилласи чироқ кўрмаган бойларнинг тушига кирмайдиган подшодастурхон ёздинг?
Эргаш жилмайганча ўтирар экан, унинг жавобини кутмасданоқ Сафар сафсата ичидаги гулигача ташидан кўриниб турган пиёлани чой қуяётган одамга узатганча худди биров тўхтатиб қоладигандай шоша-пиша сўзлашга тушди:
– Ё отанг… адашдим-адашдим, бобонг кўмиб кетган кўзачани топдингми? Ана, нечтаси элга иккитадан нон тарқатолмай, кўчага чиқишга бети қолмай, маҳалладан паранжи суриштириб юрган пайтда сен устма-уст зиёфат беряпсан. Яширма, айтавер, ошиғинг ол-чи келган бўлса, тешиб чиқмасин…
– Э, бўлди-е! – Насим новвой лабларидан сачраётган кўпик дастурхондан паноҳ топаёт-ган Сафар сафсатани жеркиб ташлади. – Нима, тилим бор деб, валдирайверасанми?! Эр-гашнинг отасиям, бобосиям болаларини ҳалол пулга боққан. Унинг тирноғи билан тош қазиб, боғ яратганини билмайсанми? Ҳалол одамни қиморбозга чиқариб қўймоқчимисан?
– Мен… Насим ака, мендан икки ёш улуғсиз, дарров одамни тупроққа кориштириб таш-ламанг-да. Мен шунчаки қоринни силаб-силаб бир ҳазиллашдим.
– Ҳар ким топганини тўйга сарфласин, яхши ният билан ош берсин, эҳсон берсин, келинглар, яхшиси, валламат укамизни дуо қилайлик!
Сафар сафсатага нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган Насим новвой тўрда, катта кўкиш духоба ёстиққа суянганча ўтирган мулла Мажидга қараганча, жим қолди. Чоллар-дан бири қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйди, иккинчиси шошганича лабини сочиққа артди, Сафар сафсата донаси бош бармоқдек келадиган ҳусайни узумга узатилган қўлини тортиб олди.
Мулла Мажиднинг дуоси узоқ чўзилди. У ҳар ким ҳам топганини кўпчилик билан баҳам кўришини, Эргашга ўхшаш қўли очиқ инсонларнинг ҳар гал эҳсон берганларида бу дунёдан ўтиб кетган яқинларининг руҳлари шод бўлиши, қабрларида тинч ётишларини таъкидлади. Эҳсоннинг қанчалар савоб келтиришини исботлаш учун қайси бир ривоятни қистириб ўтди. Бу орада Сафар сафсата кўз ўйнатиб турган сап-сариқ ҳусайнига уч марта кўз ташлаб олди. Дуо тугаб, мулла Мажид Қуръон оятларидан тиловат қилаётган пайт-дагина у кўзини юмиб олди.
Ҳовлида иккита ўспирин йигитча – Эргашнинг жиянлири иссиқ сув тўла офтобани тут-ган, елкасида сочиқ, меҳмонларнинг чиқишларини пойлаб туришарди. Эшик олдида гиламча устида тиззалаганча ичкарига мўралаб турган одам дуо тугаганини билдириб қўл-ларини кўтаргач, ҳар икки йигитча офтобани ерга қўйиб, кафтларини юзларига суртишди.
– Бай-бай, қўлим ҳузурланиб кетди, лекин думба ёғнинг ювилгани яхши бўлмади-да, Уч-тўрт кун маза қилиб ялаб юрардим…
Насим новвой Сафар сафсатани аста елкаси билан туртиб, қўлини сувга тутди. Мулла Мажид ҳамманинг қўл ювишини кутиб, чап қўлидаги ҳассага таянганча ўнг оёғини суд-раб босаётган охирги меҳмон кўчага чиққач, яна дуога қўл очди…
Эргаш икки қўлини кўксига босиб, меҳмонлар билан илиқ-иссиқ хайрлашгач, ҳалиги ҳасса таяниб бораётган чол муюлишдан ўтиб, кўринмай қолгач, тоғаси ва ўғлини меҳ-монхонага бошлади. Кираётиб, ҳовлида турган ўспиринларга қайноққина чой дамлаб келишни тайинлади.
Қайноқ чой ичиб бўлинди. Ичкарига бош суққан ўспирин Эргашнинг ишораси билан бўш чойнакни кўтариб кетди.
– Бундай ёрилсанг-чи! Нима учта соқов йиғилгандек пашшанинг учишини эшитиб, оғиз-да қатиқ увитиб ўтираверамизми? – тоға ўспирин олиб кирган чойнакдаги чойни қайта-раётган ўғлини кузатиб ўтирган Эргаш гапини эшитмади, деб ўйлади чоғи охирги сўз-ларини такрорлади. – Қатиқ увитиб ўтираверамизми?
– Тоға, қатиқ ичасизми? Ҳой, жиян, бир коса қатиқ олиб кел! – Эргаш ҳовлига қараб қичқирди.
Тоға «жиян, ҳалиги чоллардан биронтаси калиш алмаштирмасдан, қулоқ алмаштириб кетдими? Бир қарич ерда тўп отсаям, эшитмайдиган қулоғини сенга ўтказибди-да», дега-нида Эргаш яна қандай олди-бердиси қолганини ўйлаб ўтирганди. Машинасини тузатиб бериб, бошқалар камида юз сўм оладиган ишга бор-йўғи қирқ сўмгина олган уста бола-нинг устахонаси эшигидан қайтиб келар экан, тоғасига норози тикилди.
– Ҳа, нега кўзларинг тошни тешадигандай ўқрайиб қолди? Гапир. Ҳалиги чоллар қариб, эсини еган эмас, устма-уст зиёфат беришинг, тўйдан кейин яна меҳмонга чақиришинг, иштонбоғини боғлашга бир кун сарфлайдиганлар нари турсин, мендек ақли бутун одамни ҳам ўйлантириб қўйди. Э, ёрил, дедим-ей!
Эргаш индамай ўрнидан турди. Кичик тахмондаги уйга икки қават қилиб ёзилган усти-даги кўрпачаларга мунғайганича мўлтираб турган сандиқчани очди. Тимирскилаб-тимирскилаб битта тугунча олди. Тоғасининг ёнига чўккалади-да, тугунчани очди. «Бир-икки, уч… бир, икки, уч… етти, саккиз, тўққиз…» Тоға кўки кўкка, қизили қизилга. яшили яшилга қараб ажратилиб, чиройли боғланган пул тахламларини санаб, қайта-қайта санаб, ҳисобидан адашар ва аслида ўйининг бир четида ҳам пулнинг қанчалигини билиш истаги ғивирламаётганлиги, ҳозир жиянининг нима тараддудда эканлигини билиш ишти-ёқидан бошқа бирон ташвиши йўқлигини ўзига ўзи тўхтовсиз уқтирарди.
– Тоға!..
– Бўлди!
Эргаш ҳали «тоға», деб ўзига қаратмасдан олдинроқ жиянининг ўн кунми-ўн беш кунми аввал хўроз қичқирмасдан бурун эшигини тақиллатгани, тушига отаси кирганини айтиб, «вақти келди» деганини эслади. Эслади-ю, бир-бирига уланиб кетган невара тўй, зиёфат, эҳсонлар сабабини билиб олгандай бўлди. Йўқ, жиянни йўлдан қайтаради. Қаерга боради? Нимага боради? Борсакелмасга ўз оёғи, ўз ихтиёри билан кетадиган аҳмоқлар ҳов отам замонида кўкариб чиққан. Йигирма йил олдин кетган отаси қайтиб келдими. Ана, опаси йигирма йилдан буён тирик есир, болалари тирик етим. Аза очай дейишса, биров поччаси-нинг ўлигини кўрган эмас. Опаси шўрлик ўлик кўмганда совуқ тупроқни чангаллаганча тақдирига тан берган бўларди. Унинг бошигаям қудахоланинг куни тушди. Қудатоғаям хайрлашганича Айиқжар томон кетиб, қайтиб келмаганди. Э, бу ота-болаларга нима бўл-ган? Биттаси тополмаган нарсани иккинчиси, учинчиси топармиди? Ё уларни шайтон йўл-дан урармикан…
– Менинг гапимга кирасанми, шайтоннинг гапигами?
Дераза пардаси илинган илгаклар уйни бошга кўтарган ҳайқириқдан чўчиб, қисирлаша-қисирлаша ёлворишга тушишди.
– Тоға, қайси гапингизни икки қилганман?
Тоға Эргашнинг кўзларига сиғмаётган ҳайратнинг санжобига чидаёлмаслик асносида ҳали жияннинг «ёрилмагани»ни эслади.
– Гапимни сира икки қилмагансан, жиян…
– Бўпти-да. Иккала уруғимдаги суянган тоғим оғиз очмасимданоқ шайтонни аралаштир-гач, кимгаям маслаҳат солардим…
Тоға жияннинг гапларини индамай эшитди. Ўзининг суянган тоғ эканлигини исботлаш мақсадида ора-чора «ҳа, баракалла», «худойим қўллаб-қуватласин», деб турди. Лекин нафсиламрини айтганда, жиян ҳамма ишни маслаҳатдан олдинроқ пишириб бўлган экан. Энди уни йўлдан қайтариб бўлармикан?
– Сени йўлдан қайтариб бўлмайди. Қудатоғам ҳам мингтанинг гапига бир марта қулоқ тутмайдиган ўжарнинг ўжари бўлган эканлар. Қудатоғамдан поччамга юққан ўжарлик энди сенга мерос бўлиб қолибди, – тоға оғзига тикилганча ўтирган жияннинг ўғлига хаво-тирланганча ўғринча қаради. – Ишқилиб… ҳа, майли, сен барибир билганингдан қолмай-сан, жағимни оғритиб нима!
– Тоға, бу пуллар Издошда туради, – Эргаш тоғасига гапирар экан, ўғлига қаради, унинг чеҳрасида қилт этган ўзгариш сезмади. – Каттароқ нарсага сарфлайдиган бўлса, сизга маслаҳат солади. Нима дединг, ўғлим? – Издош бош қимирлатганча тушунганиними, рози бўлганиними, тасдиқлади. – Ҳали омборга олиб кириб кўрсатаман: икки йилга етадиган ёғ, шоли, буғдой ғамлаб қўйганман. Оғилда ўнта қўй, иккита сигир бузоғи билан, тўртта новвос бор. Ем-хашаги камида уч йилга етади…
– Жиян, олди-бердиларингни ҳаммасини уздингми? – тоға Эргашнинг гапини бўлди.
– Ўтган ой қўшни қишлоқда мошинам бузилиб қолганда бир уста бола тузатиб бериб, ўн марта қистасам ҳам, пул олмаганди. Кечга яқин ўшаққа ўтаман. Биламан, барибир пул ол-майди.Ўша пулга икки бараварлик совға-салом олдим. Тўйга айтдим, бормадинг, бу тўй-ники, дея ташлаб келаман.
– Йаахши, – тоға шу топда агар жияни қўшни қишлоқка бориб-келадиган бўлса, демак бугун у Айиқжарга йўл олмаслигидан қувониб ўтирарди.
Эргаш тоғасининг оғзини пойлай-пойлай ўрнидан турди. Кийимжавонни очиб, тўй куни кийган, ҳали оҳори кетмаган қора пиджагининг чўнтагидан нимадир олди. Уни қўлтиғига қистирганча пастга энгашиб бир қаричдан баландроқ, тўрт томонида Тожмаҳал расми, юпқа темирдан ясалган чойидишни топди.
– Тоға, манови тўйга тушган тушган тўёналар рўйхати. Пулми, молми, идиш-товоқми – биттасини қолдирмай ёзиб қўйганман, – тоға Эргаш тутқазган варақларнинг биринчисини ўқишга тушди. – Мен буларни Издошга бериб қўяман.    Тўёна берганларнинг қайси бири тўй қилса, у сизнинг маслаҳатингизни олиб, ошиғи билан қайтаради. Мана, тўёнага туш-ган пулларнинг ҳаммаси турибди. – Эргаш чойидишнинг қопқоғини кўтарди, Тоға, мен такрорлашдан чарчамайман: сиз – ишонган тоғимсиз!
– Жиян, сен уёғидан асло хавотир бўлмагин. Ҳали биззи авлоддан бировнинг ҳақини еб кетган чиқмаган. Лекин сен менга бир нарсани айт, Айиқжарга тушиш ниятингни ўғлинг биладими?
Тоға жияннинг кўзларига қадалганча туриб қолди. Худди қадалганча тураверса унинг кўзларидан кўнглидагини уқиб оладигандай. Эргашнинг бобоси Айиқжардаги қора чуқур-га тушиб, қайтиб чиқмаган, йигирма йил ўтиб, отаси ўша «борса-келмас»га йўл олган. Нима бор экан, ўша тубсиз юҳо чуқурда? Бобоси айтган бўлса, ўғлига айтгандир, бошқа бировга қора чуқурга нимани излаб кетаётганлигини айтмаган. Манови ичига ютганини ташига чиқармаётган жиян ҳам отасидан қора чуқур сирини эшитгандир? Эшитган, аниқ эшитган! Эшитмаса, йигирма йилгача қуш тиним олганда, ит тиним олганда, у тиним ол-масдан ишлаб, неварасигача уй қуриб, ичини ҳамма керакли лаш-лушга тўлдириб қўйиб, отасининг ёшига етганда – қирқдан ўтганда, бошқалар нари турсин, ўзиям натижасини яхши биладиган маъно-мазмунсиз сафар тараддудига тушармиди. У қанақа сир бўлди экан, ота-ўғиллардан бошқа биронта одам билмаса? Поччам ҳам отаси йўқ бўлиб кетган-дан кейин йигирма йилгача ҳеч кимга билдирмай юриб-юриб, қирқдан ўтганда сафархалта тайёрлашга тушганди. Нима бор экан, ўша қора чуқурда? Урушда енгилаётган бирон хон шу томонларга қочиб келиб, хазинасини яширганмикан? Топдим, тоопдиим. Аниқ хазина яширган. Ана, бошқалар яқин йўламасин учун қаёқдаги қўрқинчли номни топиб қўйиш-ган. Нимаймиш, Айиқжармиш. Катта бир қўнғир айиқ тўсатдан пайдо бўларканда, жарга тушган одамни ўлдириб, еб қўяркан. Суягини қора чуқурга ташлаб юбораркан. Лекин ўша қўнғир айиқни ким кўрибди? Ҳар йили айиқ фалончини ебди, деган гап тарқалади. Лекин ҳеч ким ўша одамхўр айиқни кўрдим деган эмас. Хазина яширганлар тарқатган гап ҳали-гача болалаб ётибди.
Эргашнинг жимгина уй тўридаги деворга ёнма-ён осилган икки расмга – бобоси ва ота-сининг суратига тикилиб турганини кузатар экан, тоғага калта ўйлаётганини жияни ва чой қуйишдан бошқа ташвиши йўкдай оғзига толқон солгандайин ўтирган жияннинг ўғли пайқаб, пойтахтда беш йил ўқиб, ўттиз йилдан буён мактабда дарс бериб, қаердаги саф-саталарга ишониб юрибсизми, дея устидан кулишаётгандайин туюлаверди. Кап-катта одам, катта-катта давраларда ҳеч кимга гап бермасдан, ёшу қарини ўзига қаратиб ўтиради-ган муаллим сафсатага ишонгани майли, қудатоғаси, поччаси ва жиянини очкўзликда айблай бошлабди-я. Поччаси қора чуқурга тушиб, қайтиб чиқмаганидан кейин бир ой ўтар-ўтмас қишлоқда ғивирлаган гапларга шерик бўлишига оз қолди-я! Оғзига кучи ет-маганлар нималар дейишмаганди ўшанда! Эмишки, ебтўймас отасига тортган Йўлдош хоннинг хазинасини қидириб, асфаласофилинга тушиб кетганмиш. Худо инсонга қаноат бермаса, яхши эмас экан-да. У Йўлдош деганларининг босиб қўйгани етти авлодига етиб-ортса-да, яна нафси тақиллаганмиш. Икки нафснинг қайси бири бўлмасин, қули бўлган-нинг ҳоли шу экан. Ана, отасининг ортидан жўнаб, борса-келмасда қолиб кетибди-ку!
Тоға жиянга ўғринча кўз ташлади. У ҳамон икки суратдан кўз узмасдан ўтирарди. Ё ўша тилдан тилга кўчиб келаётган қадимий гап ростмикан? Нимаймиш, қора чуқурга тушиб олиб, кетаверсанг-кетаверсанг, тўппа-тўғри Маккатиллодан чиқар эмишсан. Ё қудатоғаси, поччаси… Нималар деяпсан? Илгари Маккага бориш учун ойлаб яёв босишган. Йўлда қароқчининг инсофлисига учраса, пулини, озиқ-овқатини олмаган, оч бўри кимсан, қаер-га, нима учун боряпсан, деб сўраб ўтирмасдан, ғажиб ташлаган. Яна қанча балолар – сув балоси, ўт балоси, шамол, тўзон… Шўролар даврига келиб одамларга ана шундай хатар-ни, ўлимни бўйинга олиб ҳажга боришни ҳам таъқиқлаб қўйишган. Милён-милён мусул-мондан йилига битта-иккитаси бормаса, бошқалари… Ҳажга борган ўша пешонаси ярқил-лаган бир-икки инсон ҳам аввалига минг чиғириқдан ўтказилган. Кимнинг ўғли, кимнинг невараси, отаси камбағал ишчи-деҳқонми, ё… Оиласидан ҳеч ким қамалмаганми, чет элда қариндошлари йўқми… Э, ишқилиб… Энди-чи? Ана, йилига минг-минг одам Ҳажга бориб-келяпти. Ҳа, тўғри, қудатоғаси Брежнев пайтида, поччаси ер юзининг олти-дан бир қисмини эгаллагани зарур бўлса-бўлмаса пеш қилинавериладиган мамлакат харитаси тарс-тарс ёрила бошлаган кезлар қора чуқурга тушиб кетишганди. Эскичадан илми бўлган қудатоғаси ҳам, адабиётдан тортиб риёзатгача, тарихдан тортиб фиқҳгача гап кетганда ҳамманинг оғзини очириб қўядиган поччаси ҳам афсона-чўпчакларга ишонишармиди. Мен уларнинг ёнини оляпман, ҳали жиян… Худо кўрсатмасин… оғзига кучи етмаган-ларнинг лабини елимлашга қудратим етади… Лекин… нега қудатоғамни, поччамни, мана энди жиянни Айиқжарга қайси сеҳр, қайси сеҳргар бошлаб кетяпти? Нима сиру синоат бор экан ўша тубсиз қора чуқурда?
– Тоға, ўғлимга айтганман. Иккита боланинг отаси, ҳамма нарсага ақли етади. Рўзғорни бемалол эплаб кетади. Ҳа, агар аҳён-аҳён оқсаб қолса, сиз борсиз-ку!
Жиянига савол беришга бериб, жавобини кутмай қўйган тоға, ҳозир унинг оғзига тики-либ ўтирар экан, на Айиқжарни, на қора чуқурни эсламай қўйди.
– Одамни аврашга устасан-да, жиян. Бўпти, билганингни қил, бобонгга ҳеч кимнинг гапи ўтмаган, отангга манаман деганлар сўз уқтира олмаган, энди мактаб болаларгагина кучи етадиган битта муаллим сени йўлдан қайтара олармиди…
– Тоға-а…
– Ҳа, нима тоға?! Ишни ими-жимида пишириб қўйиб, тутган ерини шартта кесиш сенга ота мерос, бобо мерос. Менинг қўлимдан дуо қилишдан бошқа ҳеч нарса келмайди.
Тоға дуога қўл очди. Унинг жимжилоқлари бир-бирига жипслашган икки қўли, қўллари-га қўшилиб овози титрарди. Кўзларини юмганча кафтларини дуога очган Эргаш тоғанинг қўлларидаги титроқни кўрмаса-да, лекин овозидаги титроқнинг нима боисдан эканлигини аниқлашга уринарди: хавотирликданми, жияннинг ўзбошимчалигига чидай олмасликдан-ми, опасининг саволларига жавоб беришни ўйлашданми, одамларнинг оғзига тутиш учун элак излашнинг оғирлигиданми…
Орадан икки кун ўтиб, Эргаш Айиқжарга тушиладиган ёлғиз сўқмоқни энлаб ётган бўйидан сал пастроқ тошдан ўтишга шайланар экан, тоғасининг узундан-узоқ дуоси шун-дайгина қулоқлари остида қайта-қайта эшитилиб, бахтига у каби ҳалол, жонкуяр, меҳри-бон яқин қариндош яратгани учун Аллоҳга шукр айларди.
Эргаш сафархалтасини авайлаб тош устига қўйди. Уч-тўрт марта ўтгани учун ўрганиб кетганидан тош устига бир уринишда чиқиб олди. Сафархалта устидан уни тушириб юбормаслик учун эҳтиёт бўлганча ўтиб, тош устидан сирғалиб тушди. Сафархалтани авайлаб олиб орқасига илди.
Сўқмоқдан пастга тушаётганда нимадир ортга қарашга ундади. Ўгирилди-ю… Айиқ-жарга неча марта тушиб-чиққан, нега шу пайтгача бирон марта эътибор бермаган экан? Сўқмоқ ўртасидаги тош айиққа ўхшарди. Жа-а, баҳайбат айиққа эмас, кичикроқ айиққа. Нега бошқалар бунга аҳамият беришмаган экан? Э, аҳамият беришмагани ҳам яхши. Йўқ-са, ҳозир катта-ю кичик бу жарнинг хўжайини одамхўр айиқ бўлганига чиппа-чин ишон-ган бўларди. Тошга айланган қирқ қизлар бор-ку, ўшанга ўхшатиб тошайиқ тўғрисида афсона тўқиб ташлаган бўлишармиди… Одамлар жарларни бир-биридан ажратиш учун номлашганмикан? Эшакжар, Тулкижар, Қуёнжар, Айиқжар… Афсоналари ҳам бир-биридан ғалати. Эшакжарда ебтўймас аждаҳо пайдо бўлиб, атрофдаги қишлоқларга одам солиғи солганмиш. Яна у аждаҳо деганларининг кўнгиллари нозик бўлиб, қари, бирон ери оғрийдиган одамларни тусамас экан. Соғлом, ўн етти-йигирма саккиз орасидаги йигитлар-ни ер экан, холос. Бир куни ёшгина хўжайинининг ҳолига раҳми келган эшак унинг нав-бати етганда жарга тушибди. Аждаҳога гўштини роса мақтабди. Мендан нима кетарди, бир еб кўрай-чи, деган аждаҳога эшак гўшти ёқиб қолибди. Шу-шу у эшак ейишга тушиб-ди… Эргаш ҳеч қачон бу афсонага ишонмаган, доноларнинг доноси минг марта такрорла-ганда ҳам, ишонмайди. Болалигида эшитган бир гап қулоғидан чиқмайди – одамлар бундай чуқур жарга қарашса, битта эшак ўтлаб юрганмиш, ҳайвон тушган ерга биз туша олмаймизми, дея йўл қидириб кетишибди…
Сўқмоқ ҳар қадамда тош туртиб чиққан жар тубига етгач, Эргаш сафархалтасига суян-ганча тепага тикилди. Жар ёнида бир одамнинг қораси кўринди-ю шу заҳоти кўздан ғойиб бўлди. Эргаш кулгидан қийшайиб кетаётган лабларини йиғиштириб олди. Лекин лаблари-ни сўкиб юборган қитмир ўй ҳамон хаёлидан нари кетишни истамасди: пастга қараган ҳалиги одамнинг юраги ёрилиб кетди, у мени айиқ деб ўйлади, одамхўр айиқ бир сакрай-ди-да, уни чангаллаб, гўштини ея бошлайди… Эргаш икки томонига салом берди-да, Худодан билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришни сўради.
Сафархалта оғирлашиб қолгандай эди. Ҳали сўқмоқдан Худо дея-дея энаётганда халта-нинг оғирлиги билинмаганди. Энди… Йўқ, унга шундай туюлди. Чарчаган. Чарчоқ қув-ватини олиб қўйган ва халта оғирлашгандай туюлган.
Эргаш халтанинг оғзини очиб, узун арқонни тортиб олди. Атрофга кўз югуртириб, бир ёриқ тош топди. Тошни қора чуқур тепасига, ярим қадамча нарига қўйгач, пастга тикилди. Тепадан тушган ёруғлик чуқурнинг ўн-ўн беш қулочигача етиб борганди. Чуқурнинг у ер-бу еридан косадай, кичикроқ қовундайин тошлар туртиб чиққан, Эргаш синчиклаб разм солиб, кимдир ўйганми, ё ёмғир томчилари томавериб пайдо бўлганми, оёқ учи сиғгудек ўйиқларни кўрди. Ўзича тахминлади: чуқурнинг тагигача неча метр бўлса? Кеча арқонни ўлчаб кўрганда эллик қулочдан ошиқроқ чиққанди. Етармикан? Етиб қолар…
Эргаш арқоннинг бир учини ёриқтошга боғлагач, қайта-қайта тортиб кўрди, силтаб-сил-таб. Тош ўрнидан силжимади, арқон қимирламади. Ана энди арқоннинг иккинчи учини белига боғласа бўлади. Мустаҳкам боғлаганига қатъий ишонгач, анчагина енгиллашиб қолган сафархалтасини орқасига олганча уч марта бисмиллоҳир раҳмонир раҳиймни так-рорлади-да, пастга туша бошлади. Гоҳ туртиб чиққан тошга, гоҳ ўйиққа оёқ қўйди. Ёруғ-лик тугаб, қоронғуликда тимирскилана бошлагач, белига боғлаган арқонга қистириғлик фонар тугмачасини босди. Худди шу лаҳза кимдир тепадан кузатиб тургандайин туюлди-да, бошини кўтарди. Тепада ҳеч ким йўқ эди. Йўқ эди. Лекин тепадан тушаётган ёруғ-ликни кимдир тўсгандай, ҳатто ютингандайин бўлди-ку! Йўқ, қўрқяпти шекилли, қўша кўриняпти. Энди асло тепага қарамайди. Биров кузатаётгандайин туюлса ҳам, арқонни силкитишса ҳам… Қарамайди… Ўғлига ортимдан Айиқжарга бормагин, дея қаттиқ тайин-лаган. Ким бўлиши мумкин, пастга энгашганича унинг нима қилаётганини кузатган? Ё тоғаси… Тоғаси, бошқа ҳеч ким бўлиши мумкин эмас. Тоғасими, бошқами, ким бўлса, бўлар… Нега чалғияпти? Чалғимаслиги керак. Ана, чуқурлик борган сари қоронғилаш-япти. Пастга тушганча арқон етса, фонар ўчиб қолмаса бўлди. Уёғи…
Худди шу лаҳза жиянининг хавотирланиши ва тепага қарашини сезгандайин ўзини четга олган тоға арқоннинг билинар-билинмас силкинаётганини кузатарди. Арқон силкиниб турибди, демак, жиян чуқур тубига етганича йўқ. Етгани билан излаганини топармикан? Нимани излаётганини ҳатто менга, яъни суянган тоғига бир оғиз айтмаган бўлса… Сафар сафсата нима деганди? Сиз тугул, бутун қишлоқ йўлини тўсса-да, қўл-оёғини боғлаб таш-лашса-да, уни қайтариб бўлмайди, Эргашни жин урган, ҳа¬-ҳа, ўша авлодини қора чуқурга итариб келаётган жин урган. Ана, дадаси, бобосини қора чуқурга етаклаб кетганидан буён на унисини, на бунисини биров кўрдим демайди. Дом-дараксиз кетишган. Худди қуда-тоғангизнинг бобоси бедарак кетганидай. Ярим тунда қора мошинада келиб, хотин, бола-чақасини чирқиллатиб олиб кетишганини эшитгансиз-ку!
Тоға қудатоғасининг бобоси бошига тушган кулфатни эшитганди. Уни аллақайси душ-ман гуруҳга аъзо деб олиб кетишгану, шу-шу на ўлиги, на тиригидан дарак бўлмаган. У-нинг ўғли урушдан бир оёқсиз қайтса-да, кеча-ю кундуз ортидан одам қўйишган… Тўхта, нега қудатоғасининг бобоси ва отаси қора чуқурга тушишмаган? Балки қора чуқурнинг сиру синоати кейинчалик маълум бўлгандир, балки Сафар сафсата атаётган жин бу сир-синоатни қудатоғасининг қулоғига қуйиб кетгандир?.. Бу сир-синоатдан қудатоғасининг бобоси ва отасининг хабарлари бўлмаган… Шошма, қудатоғанинг бобосини олиб кетиш-ганда, у ҳали қирққа кирмаган, ўғлини уйлантирмаган эди. Балки шу боис қора чуқурга тушишга улгурмагандир? Унинг ўғли-чи? Урушдан бир оёқ билан қайтган одамга қора чуқурга йўл бўлсин!
Тоға астағфурулло дер экан, Сафар сафсатанинг «уларнинг авлодини жин урган» деган гапига бошқачароқ тарзда қўшилаётганини сезиб қолди. Агар ана шундай фикрлаб бора-верса, Эргашнинг етти авлодини қора чуқур сиридан воқиф бўлганга чиқариб қўяди.
Ёриқтош атрофида босган изини санаётгандайин айланаётган тоға бундай қараса, арқон силкинмаяпти. Жиян чуқур тагига етди, шекилли? Арқонни силкитсамикан? Буни сезган жиян у ёқдан бирон ишора берар.
Тоғанинг ўйига бу фикр қандай тез келган бўлса, шундай тез чекинди. Жиян унинг бу ерда эканлигини билмаслиги керак. Зинҳор билмаслиги керак!
Тоға энгашганича етти-саккиз қулочгача ёруғлик тушиб турган, кейин буткул қоп-қоронғилашиб кетган чуқур тагига тикилди. Лекин на бирон нарсани кўра олди, на бирон овоз эшитди. Жим-житлик. Юракка ваҳима соладиган жимжитлик. Тоға кафтларини икки чаккасига қўйганича ёриқтош атрофида айланди. Уч-тўрт айлангач, чуқур устига энгашди. Тикилди, қулоқ тутди. На бир шарпа, на бир овоз йўқ. Арқонга умид билан термулди. Ар-қон қимирламасди.
Тош атрофида неча марта айланганини, чукур тубини кўраман деб неча марта энгашга-нини билмайди. Охири сабри чидамади. Арқонни силкитди. Жияни ё арқон силкинаётга-нини сезмади, ё жавоб беришни истамади. Тоға арқонни юқорига тортди. Арқон енгил-гина эди. Чуқурнинг ёруғлик етган ерида арқоннинг учи кўринди. Учида ҳеч ким, ҳеч нар-са йўқ эди. «Сениям жин чалмасин!» Сафар сафсатанинг шивирлаши белига тугилаётган арқон учини ечиб ташлади. «Балки-балки»лар арқон учини қора чуқурга олиб тушиб кетишди.
Жарнинг бир томони қорайиб келарди. Тепага қараган тоға қуёш ботганини кўрди. Эн-ди чуқурга тикилиб ўтиргани билан зиғирча наф йўқ, ҳадемай жарни қўрқинчли қоронғи-лик босади. Чўнтагида ҳатто битта гугурт ҳам йўқ. Тез чиқиб кетмаса, сўқмоқни ҳам топа олмай қолади. Жияни қайтиб чиқишни ўйлаганда аллақачон арқон силкинган бўларди. Анна, у тошдек қимирламасдан турибди.
Жиян эртасига ҳам, индинига ҳам, ўн кундан кейин ҳам қайтиб чикмади. Тоға қирқ кун-гача Айиқжарга тушди, ёриқтошга боғланганича турган арқонга умид билан термулганича тураверди-тураверди. Арқон қимирлай демасди.
Тоға эртасига Айиқжарга бораётиб ярим йўлдан қайтди. Хаёлидаги душман ўйларни тарқатиш мақсадида сой бўйидаги чойхонага кирди.
– Э, келинг-келинг, қайнонаси суйган куёвсиз-да, – четдаги холи сўри томон кетаётган тоғани Сафар сафсата ўзлари ўтирган катга таклиф этди. – Ярим соатда қулинг ўргилсин қуштили паловнинг дамини бузамиз.
Тоға истар-истамас чоллар ўтирган сўри томон юрди. У нари қувмоқчи бўлган хаёллар-ни бу чоллар бошидан тортиб оёғигача етти марта айлантириб ўраб ташлашларини кўнг-ли сезиб турарди.
– Қани-қани, чойдан олсинлар, сойнинг сувига дамланган, – Насим новвой тоғага пиёла узатди. – Сизга ўхшаган тоға бу қишлоқда йўқ.
– Нималар деяпсиз? – Сафар сафсата Насим новвойнинг гапи тугамасдан оғзидагини илиб кетди. – Бундай меҳрибон, жиянлари учун жонини берадиган тоғани дунё кўрмаган. Эргаш қора чуқурга тушиб кетганига кеча роппа-роса қирқ кун бўлди. Қайси тоға жияни-нинг ортидан қирқ кунгача қидириб борибди? Нима, ўзининг ташвиши йўқми?
– Чой зўр бўпти, – тоға чолларнинг бошқа гапга ўтишларини истарди.
– Лекин ҳамма нарсанинг ҳам чеки бўлади. Биламан, кўнглингга ҳеч нарса сиғмайди, лекин балиғи йўқ сувга кеча-ю кундуз қармоқ ташлаб ўтиришдан не ҳожат? – Насим нов-вой тоға узатган пиёлани қўлига олар экан унинг кўзига тикилди.
– Балиқ дедингиз, Тинч океан эсимга тушиб кетди. Неварам қурмағур шу гапимниям тўғрилади-я, океан эмас, уммон эмиш. Ҳа, уммон бўлса, уммон. Ўша океан-уммонда қайиқда қолиб кетган Зиганшинми деганлар бор-ку, қирқ кунгача, агар этигининг чарми-ни овқат демаса, оғзига туз тотмасдан юриб, ўлишмаган, – Сафар сафсата тарихдан хабари борлигини кўрсатиб қўйгани учун у ён- бу ён қараганча ғалати гердайди.
– Анови америкаликлар топиб олган денгизчиларни айтяпсизми? – Насим новвой чойнак қопқоғини очиб-ёпди.
– Ҳа. Дунёда бошқа гап йўкдай фақат ўшани гапиришарди-ку! Қирқ кун овқат емай ўлишмаган. Эргаш сафархалтасига у-бу егуликлар солиб кетгандир. Ана, халтасидаги бир ойга етар, дейлик, устига яна қирқ кун. Чиқмаган жондан умид… Ҳа, айтгандай, ҳозир-гилар очликка чидай олишмайди. Жиянингиз тушган арқонига осилиб қайтиб чиқиб келади.
– Чиқиб келар,.. – шу пайтгача индамай ўтирган мулла қайсидир бир дуони ўқиди.
– Дуо қилинг, домла, жияним бола-чақасининг ҳузурига қайтиб келсин, – тоға мулланинг лаблари пичирлашдан тўхташини истамасди.
– Ўйлаб, ўйимга етолмайман, Эргашга қора ер тагида нима бор экан? Ана, одамлар ойга чиқишяпти, денгиз, Сафар саф… Сафар айтмоқчи уммон тагига шўнғиб, алланималарни ўрганишяпти. Лекин Эргаш, отаси, бобоси қора ер тагида нима йўқотишган?
Тоға Насим новвойнинг кейинги сўзларини англамади. «Чойга раҳмат», деди-ю қўзғал-ди. Сафар сафсата, унга қўшилган бошқа чолларнинг «тайёр ошни ташлаб кетманг», деган ундовлари қулоғига кирмади. Тўғри жиянининг ҳовлиси томон юрди. Жиянининг ўғли кўчада дарвоза бўяётган эди.
– Издош, яна эски рангига бўяяпсанми, мен сенга айтгандим-ку, оч кўкка бўясанг, очилиб кетади, деб, барибир билганингдан қолмабсан-да! Нега индамайсан, бобом шу рангга бўяган, отам бўяган, мен ҳам бўяйман, десанг-чи!
Издош кулимсираганча тураверди.
«Тиржайишини қаранглар. Отасидан қирқ кундан буён дарак йўқ, қора чуқурга тушди-ю, йўқолди-кетди. Ўғил бўлса… Одамлар уйидан битта игна йўқолса, ўзини қўярга жой тополмайди. Бу… ўша отаси кетган кундаям пинагини бузмаганди. Гўё отасига ҳеч нарса бўлмагандайин бемалол ухлаб, вақтида нонушта, вақтида тушлик… еб-ичиб юрибди. Лабидан кулги узилмайди…»
Тоға ўйланганича Издошга тикилиб турар экан, бирдан юрагига ваҳима хуруж қилди. Издош эса жилмайганича турарди.

Хўжанд, 14-20 декабр, 2012 йил