Омон Мухтор. Дарахтлар парвози (эссе)

Унинг болаликда икки орзуси бор эди:
“Учувчиликни орзу қилган эдим. Боғбон ҳам бўлмоқчи эдим”.
Булардан бири шиддатли, бири осойишта.
Иккала орзу ҳам амалга ошмади. Лекин ташқи осойишталик ва ички шиддат кейинчалик унинг афти-ангори, юриш-туришида муҳрланиб, бутун ҳаётида сақланиб қолди.
У кўнгил учун битта-яримта шеър ёзган — шоирликни даъво қилмасди. Шунга қарамай, жисми-жонида шоирона бир руҳ балқиб турарди. Осмон ва қушлар, оқар сув, гуллар, гиёҳларни яхши кўрарди. Айниқса, дарахтларни! Унга шамолда шохлари силкинган дарахтлар учаётгандек бўлиб туюларди.

* * *

Жуда чиройли эди.
Кийиниши ҳам чиройли.
Ўзини тутиши ҳам.
Биров билан учрашганда кўзлари порлаб, самимий жилмайиши…
Эслайман, бир куни Маданият вазирлиги эшигида домла Шариф Юсуповни кўриб қолиб, ундан-бундан сўзлашиб турган эдик, у ўтиб кетаётган экан, биз кўришгани йўналишга улгурмай биз томон йўналди. Ҳол сўрашиб, биздан узоқлашганида Шариф ака дедилар:
— Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, деган гап мана шу Ўлмасга тўғри келади. Ҳар жиҳатдан тўкис…
Яна эслайман, у вафот этган куннинг эртаси уларнинг ҳовлисида Саид Аҳмад ака алланечук овози титраб:
— Кеча мен уни кўрдим, — дедилар. — Худоё тавба, одамнинг майити ҳам шундай чиройли бўлар экан. Худди Тоҳир!
Чиндан у тобутда олтмишга кирган, оғир хасталикни бошдан кечирган киши эмас, чиройли — ёш йигит каби ётар эди.

* * *

Бундан қирқ йилча муқаддам биз, адабиётга қизиққан, ўзи ҳам оз-моз қалам тебратган дорилфунун талабалари баъзан ёзувчиларнинг умумий йиғинларига борар эдик. Шу даврада унга дастлаб кўзим тушган. У билан Фарҳод Мусажонов Ўзбекистон радиосида ишлашар, йиғинларга кўпинча бирга келишар эди. Улар ёзувчи сифатида танила бошлаганидан, биз уларга ҳавас қилардик. Ўлмас ака, айниқса, “Севгим, севгилим” қиссаси янги босилиб, катта шуҳрат қозонган пайт эди. Мен ўшанда ҳали вақти келиб беш-ўн йил унинг қўли остида, радиода ишлашим, кейин яна кино соҳасида “ёнида юришим”ни ҳаттоки тасаввур қилолмас эдим.
Ўқишни битириб, маълум муддат болалар матбуотида ишлаганимдан сўнг, Ўлмас ака мени ишга олди. Радионинг Адабиёт бўлими бу паллада эски катта бинодан четда, тунука томли мўъжазгина уйда жойлашган эди. Йўлакдаги энсиз-тор хонада матн кўчирувчи Хадича опа ва Катя опа деганимиз, нисбатан кенг ичкари хонада катта ва оддий муҳаррирлар — Фарҳод ака, Насиба Эргашева, Баҳодир Абдуллаев. Камина кичик муҳаррир бўлиб уларга қўшилдим. Бизнинг хонамиз белида икки эшик. Чоққина хоналардан бирини рус тилида эшиттириш тайёрлаган Лола деган аёл, иккинчисини бош муҳаррир Ўлмас Умарбеков эгаллаган.
Беш-ўн йил ичида — зилзила рўй бериб, Султон Акбарий айтмоқчи, “Тошкент радиоси чодир ичида” ишлаган давр ҳам, радио кўп қаватли бинога кўчиб кирган давр ҳам бўлди… Ижодкор ёшликда ўзи кўрган баъзи воқеалар бир куни тарихга айланишини билмас, аниқ ёзиб қўйишга ҳафсала қилмас экан! Шахсан менга бу борада, афсуски, вақтида ҳеч ким тарбия бермаган. Мана, Ўлмас акани эслаб, радиода, кино соҳасида бирга ишлаган йиллардаги бутун муносабат, барча ҳолатлар ва суҳбатларимизни хотирамда тугал тиклаёлмаяпман. Фақат узуқ-юлуқ манзаралар хаёлимдан кечади.

* * *

Иккимиз аввалида кескин бир тўқнашганмиз.
Уни ҳурмат қилардим. У раҳбар, мен оддий ходим. У адиб ва арбоб, мен бошловчи-ҳаваскор, ҳали бирон китобим чиқмаган. Бунинг устига, у мендан етти ёш катта, табиий — ҳурмат қилишим керак.
Лекин “ёшлик — бебошлик”, ҳеч бир асоссиз ва баъзан негалигини ўзинг англамаган ҳолда ғурурланиш, олифталик, деймизми! Бировнинг олдида паст келмаслик! Бу — эҳтимолки, ишонч. Ёшлик йиллари бу ишончсиз яшаш ҳам мумкин эмас.
Қисқаси, охирги иш куни — жума эди. Кечга томон тахминан ўн беш-йигирма кишилик даврага тўпландик. Саид Аҳмад ака, халқ артисти Наби Раҳимов, радионинг бошлиқларидан ўзини Адабиёт бўлимига яқин тутган Бурҳон Зиёев, кино арбобларидан Собит Саидов — бир неча оқсоқоллар даврани безашган. Суҳбат қуриб ўтирар эдик. Кутилмаганда Ўлмас ака билан баҳслашиб қолдик. Назаримда, у бухороликлар тўғрисида ножўя бир гап айтган эди — менга бу “тегиб кетиб”, ўзимни камситилгандек сездим.
Аслида, Ўлмас ака одамларни тенг кўргани каби вилоятлар — яхлит Ўзбекистонни кўксида илитиб юрган, маҳаллийчиликни аксинча нохуш қабул қилган киши. Мен буни тушуниб етганим — кейин! Ўша куни эса орада ўт чиқди. Оқсоқоллар амаллаб иккимизни икки ёққа ажратишди.
Шанба ва якшанба куни тоза хуноб бўлдим. Ўзимни ҳақли деб билардим. Бунақа одам билан ишламайман, деб ўйладим. Ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, чўнтагимга солиб қўйдим.
Душанба эрталаб идорага кириб бораётсам, нақ рўпарамдан Ўлмас ака келаяпти. У сен-болани йўқ қиламан, илдизингни қуритаман, дейиши мумкин эди. У адабиётда йўлингни тўсаман, қаерга борма, сенга кун бермайман, дейиши ҳам мумкин эди. Яшириб нима қилдик, ҳаётда шундай “ака”ларимиз бўлган! У жилла қурса, мен киму сен ким, дейиши ёки юзини четга буриб шарт ўтиб кетиши мумкин эди… Аммо Ўлмас ака яқинлашаётиб, сал қизарди ва очиқ-беғубор жилмайди.
— Омон! Ўша куни иккимиз ҳам енгилтаклик қилибмизми! — деди.
Мен олийҳиммат бу инсоннинг “айбни ўзидан ҳам қидиргани”-ю эзгулик томон биринчи бўлиб қадам ташлаганидан шу қадар таъсирланиб кетдимки! Довдираб қолдим.
— Кечирасиз, Ўлмас ака! Мен ёшлик қилдим, — дедим.
Бу воқеадан кейин “расмий” ҳурмат ўрнида унга нисбатан кўнглимда чинакам ҳурмат ва меҳр уйғонди. У билан ортиқ ҳеч қачон баҳслашмасликка қарор қилдим. Йиллар давомида қайтиб орамизда — Худога шукрки, — бири-бирига озор етказган бирон дам учрамайди… Умуман, ҳаёт йўлида Ўлмас ака ва Фарҳод ака менга кўп меҳрибонлик кўрсатган. Унутмайман.

* * *

Дунёнинг ғаройиблиги!
Инсон табиатида камтарлик, ички хокисорлик билан ўз қадрини билмаслик, ҳар кимга эгилиб эшилиш фарқ қилар экан. Ўзини муносиб тутиш билан кеккайиш, бировга ҳиммат кўрсатиш, холис бағрикенглик билан манфаатпараст яхшилик ҳам фарқ қилади.
Ўлмас ака, бир хил кўринишга эга, бирдек рангда товланган, лекин бири-бирига зид бу хислатларни аввалдан одамлар орасидаги муносабатда фарқлай олар эди. Тўғрироғи, ота-боболардан келган кўркам фазилатлар болаликдан Бу Одамнинг феъли-атворига айланган. Унинг камтар ҳолатида мутелик, ўзини муносиб тутишида мағрурланиш, бағрикенг муомаласида манфаатпарастлик йўқ эди… У радиода Адабиёт бўлимини бошқарганида устозлар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳордан тортиб Ўлмас акага тенгдош авлодгача, бундан қўлига энди қалам олган ёш ижодкорларгача муттасил остона ҳатлаб, эшиттиришларда ўз асарлари билан қатнашишар эди. Эсимда, Ғафур ака қачон радиога келса, Ўлмас шу ердами, деб сўрар, Ўлмас ака билан кўришиб кетар эди. Абдулла ака бир гал келиб Ўлмас ака билан ярим соатдан кўпроқ суҳбатлашиб кетгани ҳам эсимда — ҳозирги авлод билмайди, Абдулла ака сўзга, суҳбатга “хасис” эди, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиқ талаб қўярди. Саид Аҳмад ака Ўлмас акани ўз укасидек яхши кўрарди. Кейинчалик Ўлмас акага бағишлаб алоҳида бир қисса ҳам ёзди… Катта-кичик адиблардан кимдир қўли қисқаликдан қийналиб қолган бўлса, Ўлмас акага мурожаат қиларди. Ўлмас ака ўша куниёқ адибнинг ҳикоями, шеърларими — асарини “эфирга узатиб”, эртаси куниёқ қалам ҳақи олишини уюштирар, ночор ҳолдаги кишининг бир ҳафта-ўн кун уйида қозони қайнар эди. Бу ижодкорлардан бировнинг Ўлмас акага ортиқча “ўтқазиб қўйган” жойи йўқ! Ўлмас ака уларга меҳрибонлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлашни ўз вазифаси деб биларди.
Олтмишинчи йиллар охири, етмишинчи йиллар бошланишида “Адабий-драматик эшиттиришлар редакцияси” кенгайиб, шу даврда Чўлпон Эргаш, Турсун Иброҳимов, Машраб Бобоев, Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Мирҳамид Аҳмедов, Матлуба Исломова, Эсоной Содиқова ва бошқалар бу ерда хизмат қилган. Маълум муддат Адабиёт билан Мусиқа бўлими бирлашганидан, адашмасам, ўттизга яқин киши ишлар эди… Ўлмас ака гоҳо бизнинг хонамизга кириб, юз-кўзи порлаган мамнун ҳолатда қўлларини бири-бирига ишқаганча:
— Йигитлар, бугун кечқурун бўшмисизлар? Ўзимиз бир оз суҳбатлашиб ўтирайлик, — дерди ва… кичик бир дастурхон тузаш учун пул ҳам қолдирарди. Кейин… расмиятсиз, ўзини бизга тенг тутиб ярим соат-бир соат биз билан гаплашиб ўтирар, кимнинг қандай ташвиши, нима камчилик борлигини шунчаки гап орасида аниқлашга уринарди. Бундай дилкаш суҳбатлардан биз ҳар гал руҳланиб кетар, эртаси куни ишга “қанот қоқиб” борар эдик.

* * *

У, ёзганим яхшими, ёмонми, меники, деб биларди шекилли, кам ҳолда асарини бировга қўлёзмада ўқиб берар ёки ўқитар эди. Бирга ишлаб юриб, унинг ҳикоялари, қиссалари билан аксар матбуотда, китоб бўлиб босилганида танишардик.
Фақат баъзан (эҳтимолки, иккиланганида) Фарҳод акага ўқиб берган, ўқитган пайтлари бор. Баъзан менга.
Қўл меҳнати, қайта-қайта ёзишдан эринмасди. Ўзи, хулқи сингари хати ниҳоятда чиройли эди. Қизиқ жойи, ҳарфлар аллақандай кўтарилиб-тушганидан, унинг ёзуви “юрак уриши”га ўхшарди.
Шу ўринда айтай. У — миллий ёзувчи, асарларида бизнинг “ҳаёт ва адабиётда бўлган кучли ва ожиз томонларимиз”ни акс эттиради. Унинг асарларида яна, насрдан кўра шеърга хос руҳ устун туради. Бу — Ўлмас аканинг шоирона руҳидан келиб чиққан бўлса керак… Мен ўзбек адибларини бошқа бир адабиёт вакилларига қиёслашни унча хуш кўрмайман. Лекин гоҳида ижод йўналишини аниқлаш учун қиёслашга ҳам тўғри келади. Унинг насрида буюк қалам соҳибларидан Тургенев (аслида Турғунов, аждодлари мўғул эди) асарларига “ички яқинлик” кўзга ташланади. Шунинг баробарида Ўлмас ака “ўз илдизларимиз”га суяниб “аёвсиз реализм”га қараб борди.
Қисқаси, у қўлёзмани бировга кўрсатдими, гоҳ индамай, гоҳ сал асабийланиб бўлса-да, фикрни қабул қиларди. Ёши каттами, кичикми қарамасди.
Бир куни от тўғрисида ҳикоя ёзган экан, ўқиб берди.
— Ҳикоя яхши. Биргина мулоҳаза, ҳикояда от “сизники” эмас, — дедим.
Ўлмас ака ҳеч нарса демади. Кейин матбуотда босилгач ўқидим, анча ўзгартириш киритган эди.
Гўзал асарларидан бири — “Булғор қўшиқлари” у ер-бу ерда парча-парча эълон қилинган. Китоб тузишга тайёрлаётган пайти фикрлашди:
— Шуни шеърий сатрга солиш керакмикан? Кўринг-чи!
Уч-тўрт кундан сўнг:
— Ўлмас ака, асар бузиладиганга ўхшайди, — дедим.
— Тўғри, мен ҳам ўйладим. Насрий шаклда қолавергани яхши экан, — деди. Бундай бири-бири билан ижодий фикрлашларимиз кўп бўлган.
Орадан йиллар ўтиб, Ўлмас ака Маданият вазирлигида ишлар эди. Мен нашриётда муҳаррирлик қилиш билан бирга, Ёшлар театрида адабий маслаҳатчи эдим. Ўлмас ака ўз қиссаларидан бирининг саҳна вариантини ёзган экан, асар “Отилмаган ўқ” деган ном қўйилиб саҳнада шакл-шамоил касб эта бошлади. Аммо менинг синфдошим, театрнинг бош режиссёри Бахтиёр Ихтиёров асардаги бир кўриниш ўрнига тушмаяпти, деб қолди. Кўнгли тўлмаётган эди. Иккимиз нимадир ёзиб-чизиб “қўшиш”га уриндик. Натижа чиқмади.
— Ўлмас акага айтиш керак, — деди Бахтиёр.
— Оғир олиши мумкин, — дедим.
— Мен ўзим бир гаплашиб кўрай-чи, — деди Бахтиёр.
Икки кундан кейин Ўлмас ака қўлёзмани етказди. У бутун кўринишни қайтадан маромига етказиб ёзган эди.
Адабиётга жиддий, масъулият ҳисси билан қарарди. Бошқалардан ҳам шуни кутарди.
Аммо у бировнинг қўлёзмаси борасида фикр билдирганида, шу қадар беозор, самимий сўзлар эдики! Мақтов ёки танқид эмас, ҳар хил таклифлар билан сенга йўл очиб бергандек бўларди.

* * *

“Ўзбекфилм”да директор лавозимини эгаллагач, қўнғироқ қилиб ишга чақирди. Бир жойда бўлайлик, деди.
Кино соҳасида менинг ишим юришмади. Шунга қарамай, Ўлмас ака шарофати билан бу соҳани озми-кўпми ўргандим, маълум ишлар қилдим. Муҳими, радио ва кинода ишлаганимда, Ўлмас ака шарофати билан Шукур Бурҳон, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Лутфихон ая, Сора Эшонтўраева, Мукаррам Турғунбоева — буюк санъаткорларни кўриш, уларнинг овозини ёзиб олиш ёки хизмат баҳонасида “бир чимдим” бўлса-да, суҳбатларидан баҳра топиш насиб этди. Ўлмас ака бевосита раҳнамолик қилмаганида, менга, эҳтимолки, бу бахт буюрмас эди.
У “қўл етмас” катта лавозимларда ишлаганида ҳам, муомаласи бир хилда барчага тенг, оддий эди. Дабдабага, баландпарвозликка тоқати йўқ, расмиятсиз иш тутарди.
Бир куни кечки соат еттиларда уйига боришимни сўради.
Борганимда:
— Ҳозир Фарҳод билан Учқун Назаров келишади. Бошқа ҳеч ким, ўзимиз! — деди. Кейин секин қўшиб қўйди. — Бугун туғилган куним эди…
Ўлмас ака ҳаётидаги катта саналарга ҳам шундай бепарво қарарди. Унинг эллик ва олтмиш ёшга тўлиши уйида, тор доирада нишонланган. Етмиш йиллигини кенг жамоатчилик нишонлади, аммо бу тўйга у “етиб” келолмади…

* * *

У мен учун — ҳам ака, ҳам дўст, ҳам устоз қаторида эди. Унга лутф кўрсатиш, яхши бир гаплар айтишни кўп ўйлаганман. Айтишга ботинмаганман. Гап шундаки, Ўлмас ака доим менга раҳбар эди ва бу хушомадга, бирон манфаатни кўзлашга ўхшар эди. Бундан ташқари, ҳурмат, меҳр кўриниб тургач, сўз шартми, деган фикрга борганман…

* * *

Кузнинг охирги кунлари.
Кейин қиш…
Шамолда шохлари силкинган дарахтлар менга парвоз қилаётгандек бўлиб туюлади.
Улар негадир ҳар гал менга Ўлмас ака ҳаётини эслатади.
Уни ҳар гал эслаганимда, энди дунё гўёки кўз олдимда бўм-бўш бўлиб қолади…