Омина Тожибоева. Олмос сир (ҳикоя)

Алишер ўз ҳужраси томон йўл оларкан, кеш ўмровли, соддагина мулозими Шайх Баҳлулга синчковлик билан каради. Ҳар галгидек ўзига хос улуғворлик, назокат ва мулойимлик билан:
— Ортимдин ҳеч бир зот кирмасун! — деди.
Шайх Бахлул тавозе ила бош эгди. Шоирнинг ортидан бошидаги учли кўк тақясига ўралган кўркамгина оқ симоби салласи ва эгнидаги одми зангор бахмал тўнига қараб қоларкан, ичдан енгилгина хўрсинганини сезди. Гарчанд Шайх Бахлул чиройли сўзларни дур каби териш санъати билан шуғулланмаса-да, ҳаёт сабоқларида Алишерни ўзига устоз деб биларди. У аста-аста юриб, ўз бўлмасига кирди: “Устозни ҳеч қачон мундоқ руҳиятда кўрмагон эрдим, — хаёлга чўмди, — ё шоҳ бирлан… Йўғ-э, нималар деяпман. Ахир шоҳ бирлан эту тирноқдек… Ё тоблари бироз…” Касалму дегани тили бормай, хавотир ичида тезда бўлмасидан чиқди ва Алишернинг энг севимли ичимлиги бўлган айронни тайёрлаб, ҳужра эшиги олдига борди. Шу пайт ичкаридан тиниқ, худди мусиқа овозидай ширали қулгу эшитилгандек бўлди. Чўчиб тузшан йигит ён-атрофига қаради. Ҳеч кимса йўқ. “Ким бўлди эркан? Ё менга шундай туюлдиму?..” Йигит бир лаҳза иккиланиб қолди. “Ҳар доимгидай туйқусдан кириб бораверайму, ё…” Гарчанд одобсизлик эканини ҳис этиб турса-да, у минг истиҳола ичида эшик тирқишидан ичкарига мўралади, мўраладию, ажойиб томошадан кўзини узолмай қолган боладай лол бўлиб қолди. “Ё Раб! Бу не ҳол? Устоз қаршисидағи париваш ким бўлди эркан? Наҳотки устоз!.. Йўғ-э, эй ноқис хаёл, мени домингға тортмағил, узр, — қўлини кўксига босди, — лекин ҳеч қачон устозини мундек париваш ила кўрмағон эрдим! Ё фариштамукин? Қизиқ, бу ерға қаердан кирди? Ё мен кўрмай қолдимму?”
Шайх Баҳлул аллавақтгача қоришиқ хаёллар гирдобида қолди. Сўнг бир вақт ўзига келгач, қўлидаги бир чинни айрон баҳона ўзида журъат сезди. Аммо эшикни очган заҳоти биргина Алишернинг оқ қоғоз узра қалам суриб ўтирганини қўрди. Энди тамом ҳуши бошидан учган йигит қўлидаги айрон идишини тушириб юборганини ҳам сезмай қолди. Ўнғайсизланган Шайх Баҳлул майдаланган синиқларга кўз ташларкан, баттар қизаринди. Бу ҳолатдан Алишер бироз жиддийлашган эса-да, қаттиқ тегмади. Чунки Шайх Баҳлулни ўз инисидек яхши кўрарди:
— Шул вақт кўнглим айрон тусаб эрди, — деди Алишер сокин. — Зарари йўқ, бошқа идишда келтирурсиз.
Йигит бошини аста кўтараркан, қаршисидаги устозининг юзида фикр, илҳом балқиб турган қийиқ, қора кўзларида тоза, улуғ руҳга хос қандайдир маъсумлик жилваланиб турганини кўрди. Майсаларнинг яшнашига ёмғир сабабчи бўлганидек, Алишернинг ҳозирдаги меҳр тўла нигоҳлари Шайх Баҳлулнинг ҳам дадилланишига туртки берган эди. Унинг юзи аллақандай ёруғлашиб, титроқ лаблари ила деди:
— Бул илтифотингизға лойиқ сўз топмасмен, ажиб меҳри дарёсиз, устоз! Мени доим хижолатдин қутқарурсиз.
Алишер йигитнинг кеггг елкасига назар ташлар экан, аллақандай шавқ ичида кулимсираб қўйди. Шайх Баҳлул бу ҳолдан анчайин дадилланиб ортига қайтди ва устози айтганча иш кўрди.

* * *

Шамол эсиб турган, аммо илиқ, ойдин кеча. Кўк юзини қоплаган юлдузлар жилмайган. Буни кўриб гўё, ер юзини бўстон айлагувчи турфа гуллар ҳам енгил шаббодада хушҳол тебранганича жилмайгандек…
Ҳозиргина, намози аср пайтидан сал олдинроқ ёғиб ўтган ёмғир борлиқ юзини ювган; япроқлар нам, майсалар нам, йўлаклар нам… Дўсти Ҳусайн Бойқаро билан шикордан қайтган Алишер хаёлчан, қандайдир ўй оғушида қабосини ва овга киядиган қалпоғини ечди ҳамда уларни қозиққа илиб, енгил тақя кийди-да, мис офтобага мулозими тайёрлаган илиқсувдан таҳорат олди. Намозни ўқиб бўлгач, дераза яқинига қўйилган, алвон рангли духоба ёпилган хонтахта ёнига тиз чўкди ва унинг устидаги тахлам қоғозларни варақлаб, кўздан кечира бошлади. Сўнгра олтин довотта патли ёзғични ботириб, ёзишга тутинди:
Ёзиб жон мусҳафидин икки оят,
Дебон Фарҳоду Шириндан ҳикоят…
Алишер ёзишдан тўхтаб, хиёл кулимсиради. Шайх Баҳлул устозининг бу ҳолатига разм соларкан: “Бир яхши нимарса ёзган кўринадур, ҳа, гўзал бир нима битқонким кулимсираётур. Бурноғи кун ҳам шу ҳол юз берғон эрди. Букунғидек овға кетғонда ушбу:
Одамий эрсанг демағил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами,
байтини ўқиб эрдим. Ҳа, насиб этса, зарурат юзасидин ташқариға чиққонда, ҳозирғи битикларни ҳам албатта ўқурмен”, — дея хаёлга ботқонича, бу гал шарбат тайёрлади. Чунки ҳар доим шикордан ҳориб қайтган Алишернинг кайфиятини шарбат кўтариб, илҳом ато этишини яхши биларди. Яқиндан бери кўринишидан ички ҳолати яққол сезилиб турган Алишерга қараб: “Не сабабки, шикордин дилтанг бўлиб қайтадур?”, дея хаёлга толарди. Ушбу ҳолатнинг беш-олти такрорини кўргач, бир марта сўрашга журъат ҳам қилганди.
— Ҳар бир намозимни ўқиб бўлгач, Аллоҳдин сўрармен, ҳеч ким мени безовта қилмасун ва бошқа бир ишға андармон этмасун дея, — бошқа гап айтмаганди.
Ўшанда Шайх Баҳлул Алишернинг шикордан бош тортиб, сарой чокарига турли хил сабабларни кўрсатишини тушуниб етган эди. Аммо шоҳ — шоҳ-да, унинг амри вожиб…
Бу гал ҳам Шайх Баҳлул ҳар эҳтимолга қарши қўрқув аралаш бир қизиқиш билан яна эшик тирқишидан мўралади. Яна ўша манзара. Алишернинг рўпарасида ўша гулгун чеҳра: лаблари гўё гулранг шаробга ўхшар, киприк қоқишлари жон олар… нозининг мақоми истиғно… Фақат бу гал ўша гўзалдан қолишмас бир барно йигит ҳам бор…
“Ажабо! Уларнинг жамолига кўз ташлаганнинг кўзига дунё зийнатлари кўринмас, — хаёлга берилди Шайх Баҳлул, — булар кимлар бўлди?”
У бир эшикка ва яна қўлидаги ёқут рангли кўзачада товланиб турган шарбатга қараркан, иккиланган кўйи таваккал қилди. Яна танҳо Алишер. “Қизиқ, мен эшикни очган заҳоти бул хилқатлар қаён ғойиб бўлур? Ё Рабб!! Бу не ҳол?!”
Алишер Шайх Баҳлулни, хонтахта ёнидаги жойга қараб қўйганини сезди-да, мийиғида кулимсиради. Бундан хижолат чеккан йигит бир зум лабларини тишлаб, жим қотди, сўнг:
— Ш-шар-шарбат келтуриб эрдим, — деди базўр.
— Боракалло, сизнинг бул киби зукколиқларингизни қадрлаймен, — чеҳраси кундай ёришиб деди Алишер, — ажиб сезгирсиз-да…
Йигит кўргани ҳақида сўрамоқ учун огиз жуфтлади, аммо ботинолмай гапни бошқа томонга бурди:
— Букун сиз ёқтирадурғон таомни тайёрлаб эрдим.
— Паловни-я, унда дарҳол келтуринг.
Алишер шарбатни кўза рангидаги пиёлага қуйди-ю ҳузур қилиб симирди ҳамда келтирилган таомга илкини чўзаркан, йигитга миннатдорона қараб қўйди. Бу орада Шайх Баҳлул таом кетидан ичиладиган кўк чой дамлаш мақсадида ўрнидан қўзғалди.

* * *

Шайх Баҳлул бу манзаранинг такрорини беш-олти маротаба кўргач, ўзича кенгашди: “Эҳтимол, бу ишда маним ёшлигим бордур. Ўз майлимча иш тутмайин. Бундай ишларда катталар катталарча ақл юрғизғувчидир. Яхшиси, бу сирдин дўстини огоҳ этқоним маъқулдур…”
Кечга яқин Шайх Баҳлул шоҳни севинтирмоқ ниятида ўрдага қараб кетди. Чунки Бойқаро қачондан бери Алишернинг бошини жуфтлаш орзусида экани қулоғига тушганди. Ясовулларга ўзини таништириб, сарой аъёнлари ўртасида, олтин тахтда виқор билан ўтирган Ҳусайи Бойқаро қаршисига пешвоз юриб келди ва ўн қадамча қолганда тиз чўкиб, ер ўпди. Шоҳ бу йигитни анчадан бери Алишер хизматида эканидан огоҳ эди.
— Хўш, Алишербек саломатму? – сўради Бойқаро қийиқ, ўткир қаровчи кўзлари ила йигитга тикилиб.
— Келишимнинг боиси ҳам дўстингизнинғ соғлиғи хусусиндадур, олампаноҳ?!
— Хўш-хўш, соғлиги дедингму?
Йигит бош ирғади. Шошиб қолган Бойқаро уч марта чалган қарсаги ила барчанинг диққатини ўзига қаратди:
— Бизни ҳоли қолдирунглар?!
Бир зумда аврангхонада ҳеч кимдан ном-нишон қолмади.
— Хў-ўш, соғлиғи дедингму? – такрор сўради.
Шайх Баҳлул бор қўрган-билганларини бўёқсиз сўзлаб берди. Устозини ром этган ул малакни эса бисотидаги жами гўзал сўзлар ила таъриф этди ва охирида қўшиб қўйди:
— Бутун воқеалар кўз ўнгимда содир бўлаётир.
— Ие, шундай дегин? Мен эрсам, баҳорнинг касби гулфурушлиқ бўлғонидек, Алишербекнинг ҳам ижод этмақдин ўзға иши йўқ, дея хотиржам эрдим. Ҳм-м, умрининг энг кўркам ёши ҳам ўтиб бораётур… – деди йигитга зимдан разм соларкан, – Оҳ, Алишернинг тўйини кўрар кун ҳам бор эрканму? Сен йигит, боравер! Бул ҳақда дўстим бирла ўзим гаплашурмен, – дея уни хурсанд ҳолда кузатди.
Негаки, йигитни Алишер ҳақида бемаъни хаёлларга боришини истамаган ҳолда, ўзи йигитдан шубҳаланди. “Наҳотки, – Шайх Баҳлул кетидан ўйга толди, – наҳотки, Алишер киши билмас… Йўғ-э, у қордай пок, биллурдай тоза жон. Тўхта, эшикдан киришим биланоқ ғойиб бўлур дедиму? Ҳа, ҳа, шундай деди. Эҳтимол йигитни жинму ё шайтон дариб кетғондур!” Шу пайт хаёлига урилган бошқа бир фикр ёғдусидан юзлари яшнаб кетди. Дорус салтананинг хос табибини қошига чорларкан, хаёлига урилган ўша фикр мазмунидан уни огоҳ этди ва охири:
— Йигитни ранжитиб қўймайлук, зимдан текшурингки, ҳаракатларингизни асло сезмасун, – дея таъкидлади.

* * *

— Йигит соппа-соғ, — деди шоҳ ёнига қайтган табиб, — маним фикримча Алишер бир катта ишға – китобга қўл урғон. Шул ишидин бир шингил ҳикоят, яъни “Шоҳ Ғозий”ни сўзламушким, таърифиға тил ожиз, сўз ожиз. Манман дейилмуш шуародин ҳам бул киби ҳикоят эшитмагонмен. Йигит шул улуғ китобдин бир буюк байт ҳам ёд айламуш назаримда, олампаноҳ.
Табиб Шайх Баҳлул ўқиган сатрлар мазмунини сўзлаб берди. Таъсирланган Бойқаро:
— Алишербекнинг истеъдодига таъриф йўқ, — деди ўйга чўмиб, — унда йигитнинг кўрғонлари нимадур?
— Бул сирни Пирдан сўрамоқ жоиздур, олампаноҳим.
Бойқарога бу таклиф маъқул тушди. Чунки у Пирнинг кароматларига ишонарди.
— Аммо, – деди у кўзлари ёниб, – бул ҳақда Пиримга оғиз очмоқдин олдин ўзим кўрмоғим, инонмоғим шарт!
— Албатта, олампаноҳ…
У ёнига энг содиқ сипоҳларидан иккисини олиб, тезда ўрдани тарк этди ва Алишер чорбоғининг дарвозаси олдида уларни қолдириб, ўзи дўсти ўтирган уй томон қушдай енгил қадамлар билан шитоб йўналди ҳамда йигит айтган каби астагина тирқишдан ичкарига мўралади.
— Ажабо! — ҳайрат дарёсига ғарқ бўлди.
Шифт ўрнида олий бинонинг гумбази қўринар, уй жиҳозлари жойида осмон атлас ёйгандек. Алишер қаршисида бир барно йигит ва бир парирўй: “Во ажабо! Булар кимлар бўлди? Эҳ, Роббим!! Бу не хилқатким, шаҳзода ва малика Алишерға нималардур деғайлар. Дўстим эрса, оқ қоғоз узра олгун қаламини сурмоқда… Ажабо!”
Эшикни оҳиста очган Ҳусайн Бойқаро ёлғиз Алишернинг ёзмоққа машғуллигини кўриб, гарчанд бу ҳақда Шайх Баҳлулдан эшитган эса-да, бироз ўзини йўқотди: “Улар қани? Демак, йигит рост гапирғон”. Фурсат ўтгач:
— Ўзингни қўлға ол! — пичирлади лаблари Бойқаронинг, — ахир, жангу жадалларда ҳар хил воқеаларни кўравериб, кўзи пишиб кетғон шоҳ деб ким айтадур сени?! Қолаверса, бул кибилар ҳақида Пирдин кўп нарса эшитқонсан-ку?!
Шу топда миясига яшиндек урилган фикр, яъни Пирининг бир гапи ёдига тушди: “Зоҳирию ботини пок бўлғон ҳар бир инсон Яратқоннинг имдоди ила улуғ иноятқа эришғуси ва ҳамроҳлари бир умрға фариштаю малойикалар бўлғуси ҳамда анинг учун хизматда ўтқусидур. Илло, алар ҳар кимнинг ҳам назариға тушавермас, фақат покиза руҳларғағина қўриниш берғусидур…”
“Ҳим, демак, дўстим шундай шарафға ноил бўлғон”. Дўстига ҳасадга қоришиқ бир ҳавас билан термулганича қаршисига оҳиста юриб борди. Ўгирилиб қараган Алишер чаққонлик билан ўрнидан турди ва қулочини ёзганча дўстига пешвоз юрди:
— Оҳ, дўстим! — ич-ичидан тўлқинланиб кетган Алишер Бойқаро билан қучоқлашиб кўришаркан, — ташрифингиздан кулбамизға нурлар инмуш, — деди меҳр билан, — гўё фалакдин қуёшнинг ўзи кириб келмуш. Ахир, хабар топқонимизда бошқача қаршилоғон бўлур эрдук!
— Узр! — Алишернинг сўзини бўлди Бойқаро, — бемаврид келмоғимнинг боиси шошилинч бир кенгаш хусусинда эрди.
— Бош устиға! Қани, азиз дўстим, тўрга марҳабо!
Улар бир-бирларига нафаси урилгудек яқин ўтирдилар. Бойқаро, келмоғининг асл мақсад мазмунини ифода этган кенгаш сўзини қўллаганидан мамнун ҳамда бир қадар хотиржам бўлган эди: “Қайси биридин сўз бошласам эркан? Яхшиси, асл муддаодин бошлағоним маъқулдур. Ул сир ҳақинда эрса суҳбат асносида билиб олурмен”.
— Оҳ, дўстим! Мен дунёда барча гуноҳкорлардин ҳам гуноҳкорроқмен, — Бойқаро сўзини олисдан бошлади, — шул сабабдин кўнглумни ғам лашкари босмуш. Ушбу кунларда, фақат бир мен эрмас, магар дунёнинг онаси бор эрса, ул ҳам сиз учун ғаму ғусса ютмуш! Ҳа, андуҳда қолмуш! Инонамен!!
Тамом ҳайратга чўмган Алишер унга тикилиб сўради:
— Нечук, дўстим?
— Чунки мен ўзини ўйлайдурғон, дўсти ҳақинда қайғурмайдурғон кимарсамен.
Алишер ҳамон унинг гапларига тушунмас, лолу ҳайронлигича турарди. Буни кўрган Бойқаро гапнинг дангалига кўча қолди:
— Ахир, оила қурмоқ, бола-чақа кўрмоқ вақтинғиз ўтиб бораётур, Алишер?!
Энди тушуниб еттан Алишер қизариниб, эшикка чиқмоқ тараддудига тушди.
— Қўзғолманғиз бек! — Бойқаро унинг елкасига қўлини қўйиб, оҳиста босди, — қайта-қайта таом емак, чой ичмак одатим йўқлиғини ёшликдин билурсиз. Яхшиси, сиз бошингизни жуфтлаш ҳақиндағи орзумға жавоб беринғиз?
Бу хабар унинг учун асло кутилмаган янгилик бўлиб, бир турлик борлик-йўқлик аро қолган Алишерга жудаям ғалати таъсир қилгани шундоққина юз ифодасидан кўриниб турарди. Подшонинг тўй хусусида гап бошлашига ва айнан шу масалада келганига сабаб нелигини ўйлади.
— Оҳ, меҳрибон дўстим, — оҳиста деди Алишер, — мен ҳақимда қайғураётқонинғизни эшитуб, бошим кўкка етмуш. Ахир айтарларку, яхши либос танга оройиш, яхши қўлдош жонга осойиш, деб… Мундин беҳад миннатдормен, азиз дўстим.
Бойқаро мамнун қараб, кулимсиради.
— Азиз дўстим! Чумоли нашъу намо истағонида, нега энди мен бахт изламайин. Бул ҳақда орзу қилмайин.
— Бале! Гап бундай бўлибдур, дўстим!
— Бироқ ҳозирда мен гулбаргға қалам сурмоқ бирла оворамен.
— Таажжуб, гулбаргға?!
— Ҳа, дўстим, — хокисорона бош эгди у, — менга ишқ деб аталмуш олий бир туйғу ёпишиб олғон. Бул ишқ ўти қалбимни забт этиб, жонимға зўрлиқ қилаётур. Вафо истағон ошиқона кўнглумни эрса шаъм киби эритмоқда. Унинг зулми оловидин хастадурмен…
Алишер индамай қолди.
— Унинг давоси висолға эришмоқ, бунинг учун эрса тўй қилмоқдур, Алишер?
Алишер маъюс жилмайди:
— Кошки эрди…
Бойқаро хаёл гирдобида: “Уйланишдан оғиз очсам, гапни бурасиз. Ул ҳолда қаршинғизда ўлтирғонлар кимлар эрур?”, дея сўрашга тили айланмасди.
Нега? Ажаб! Ҳар нега ва ҳар бир юмушга қодир Бойқаро қани? У шу топда яна Пирини эслади: “Демак, Алишер ботиний ишқ домида, лекин…”
— Мақсудинғизни ошкор этмоқни маъқул кўрмасмусиз?
— Нега энди, — шопшб қолди Алишер, — ахир дўст дўстдин сир яширурму?.. Мен ҳозирда бир рангин китоб яратмоқ ишқидамен. Бул иш эрса ниҳоятда улуғ бўлуб, мендин жуда катта ақл ва заковат талаб қилмоқда.
Подшоҳ кўзлаганидан нишона тополмагач, бироз хомушланди. Шундай бўлса-да, яна бир бор:
— Ахир уйланишлиқ бул киби орзунгизға тўсқинлиқ қилмас? — дея юзланди.
Алишер ўйланиб қолди. Ҳа ёки йўқнинг ўртасида қолганди. Негаки, хар иккиси ҳам унга жабр келтирмакдан бошка иш эмас эди. У бироз сукутдан сўнг, катта бир фахр ва дард билан сўз бошлади:
— Сўз шу қадар буюк қудратқа эгаким, хаёлингда, асрлар оша бўлиб ўтқон воқеа-ҳодисотлар ҳақинда тасаввур кўйлағини кийдира олур, ўзининг мажмуасидин тузилғон китоблар ҳуснидин гул ҳадя этур ва танҳолиғингда эрса дардингға шерик бўлур. Хуллас, сўз оғиз қутисидағи дуру гавҳарлардур.
— Ҳа, бул ҳақда ушбу: — Кўнгул дуржи ичра гуҳар сўздурур, Башар гулшанида самар сўздурур, дея ёзғон байтинғиз хотиримда қолғон, Алишер?
— Миннатдормен дўстим, — таъзим қилди у, — мана шул гавҳару дурлар қадалғон маънолар тоғини яратмоқ ишқидамен.
Ниҳоят Бойқаро дўстини тушунгандай бўлди.
— Эй, ёқут ўтининг бировға зарари бўлмағонидек, ҳеч кимарсаға ёмонлиғи етмоғон дўстим. Хилватда ёлғизлиқни қўмсаб қолғонинғиздин, фаҳмимча, улуғ бир иш, яъни китоб ёзмоқ дардидасиз?
—  Албатта, мақсудимға еткармоғини тилаб…
— Етурсиз! — гапни бўлди Бойқаро, — албатта етурсиз. Чунки сизға, яъни дилинғизни ўртаётқон ишқ таърифини тавсифламакка илҳом ва куч берғувчи фаришталар кўмакка келса ажаб эрмас…
Алишер бу гал энтикиб кетди: “Эвоҳ, ер тагида илон қимирласа сезади-я…”
Бойқаронинг назаридан бу ҳол четлаб ўтмади. Шунинг ила мақсадга кўча қолди:
— Эй, гуноҳлар чангидин покиза бўлғон дўстим. Бас, қанчадан-қанча улуғ ишларға қодир бўлатуруб, нега энди бу дардға даво топмакдин чўчирсиз? Не сабаб?
Алишер енгилгина титранди. У бир ишдан олдин ноғора чалишни ёқтирмагани боис ҳам дилидагини очиқ сўзлашни маъқул қўрмаётган эди. Аммо дўстини ранжитмаслик, айниқса: “Мақсудинғизни ошкор этмоқни маъқул қўрмасмусиз?, дея хафаланганидан сўнг, очиқ айтмоққа мажбур бўлиб қолганди:
— Қаламим тиғи ила илму урфон конини қазимоқчи ва ана шул кондин чиққон олтунларни бир сандиққа йиғмоқчимен, – деди, — аммо бул иш мажбурияти олдинда бироз чўчиб, ҳайиқмоқдамен.
Бойқаро аниқ сездики, уни жуфтлаш ҳақидаги ният атрофида ортиқ айланмоқ, зулмдан бошқа иш эмас.
— Маним билгимча, сиз катта бир достон, яъни устозлар изидин боруб, ўшал олтину жавҳарлар йиғилғон сандиқ — “Хамса”ни бунёд этмакчисиз, шундайму?
— Албатта, — юзлари ёришди Алишернинг, — лекин:
— Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.
Керак шер оллида ҳам шер жанги,
Агар шер ўлмаса, бори паланги…
— Офарин Алишер! Бошланишиёқ мени ўзиға ром айламуш, дўстим!
— Ташаккур, бироқ бир истиҳолам бор.
— Нечук? Яъни?!
— Дўстим, — кўзларини ерга тикиб сўз бошлади Алишер, — ҳазрати Низомий Ганжавийни шеъриятнинг шери бўлиб ўтқонини мендин яхши билурсиз. Ул зот назми майдониға тушмоқ учун эрса шер, жуда бўлмаса йўлбарс бўлмоқ лозим.
— Бале!
— Дағи, Хисрав Деҳлавийдай улуғ шоир билан баҳслашмоқ, анинг бирла дўш-бардўш турмоқ учун эрса, нафис дид ва жуда катта билим ҳамда истеъдод зарурдур. Камина, ул зотлар руҳларидин узр сўроғон ва устозим ҳазрати Абдураҳмон Жомийдин мадад олғоним ҳолда, улар яратқон достонлар мазмуниға бироз ўзгартиришлар киритмоқ ниятидамен.
Бойқаро суҳбат бошида Алишернинг “бул иш ниҳоятда улуғ бўлуб, мендин жуда катта ақл ва заковат талаб килмоқда”, — дея айттан гапини эсларкан ва ҳозирдаги истиҳоласи, яъни достонлар мазмунини ўзгартирмоқ ниятини ўйларкан: “Ҳм-м, ҳаққасти, ҳикмат маоб шуаро била беллашмоқ ҳам осон эрмас”, дея ўйга чўмди.
— Дўстим, не дерсиз? Устозимиз кўнглини ранжитиб қўймасмукинмен?
— Йўқ, Алишер. Бул ишингиз била гуҳаррезлар оламини шод этқайсиз, ҳа, бунға иймоним комилдур!
Алишернинг юзини табассум қоплади ва қўлини кўксига босганича миннатдорчилигини баён этди.
— Ҳа, дўстим, – деди Бойқаро, — сиз албатта келгуси башарият кўзи олдинда шеъриятнинг Низомийдай шери била тенглашқон шер киби қолгайсиз. Бунға шак-шубҳам йўқтур! Қани, омин! — дея дуога қўл очди.
Шу вақт қулоқларита ғойибдан бир неча “омин” дегувчи нидолар эшитилгандай бўлди.
Аллақандай бир сир оғушида кўзлари порлаган Алишер кўз учида тикилиб турган дўстига боқди. Бир тарз ўзгариб, сўнг ўнгланган Бойқаро аста ён-верига қаради, ҳеч ким ва ҳеч бир нарса кўринмагач, юқоридаги гумони ростлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди:
— Омин! Қаламинғиз ёмғир булутлари каби беҳисоб инжулар сочсун! — жон бағишловчи ширин сўзлар ила давом этди у, — ўшал кошифи асрор сўзларни ёзишдин чарчамасун! Тангри ҳар бир истағинғизға еткурсун ва нимаики тиласангиз олдинғизға келтурсун, омин!
— Сизни ҳам одил салтанатинғизни Аллоҳ асрасун ва ёмон кўзлардин сақласун, дўстим.
Икки дўст бирин-кетин ташқарига йўналдилар. Бойқаро сипоҳлари билан турган Шайх Бахдул қаршисига келганда эса:
— Йигит, тун уйғониб, тонг кўзини очқонида ўрдамда бўлғайсен, — деди ва Алишер билан қуюқ хайрлашиб, жўнаб кетди.
Шоҳнинг жиддий туриб берган буйруғидан ранги қути ўчган Шайх Бахдулга Алишер зимдан разм соларкан, букунги ташриф ва кенгаш сабабкори у эканини дарҳол фаҳмлади. Шу боис, шоҳнинг нега йўқлаганини сўрамади, лекин хаёлига бир фикр бўйлаб ўтди: “Йигит сирдан огоҳму? Ҳм-м…”

* * *

Бир кечада ранги қаҳрабо тусига кирган Шайх Баҳтул субҳидамда подшоҳ ўрдасига кириб борди. Бу вақтда Бойқаро тахтхонада Пир билан кечаги бўлиб ўтган воқеа ҳақида машварат қилмоқда эди. Суҳбатга халал бермаслик ниятида пойгакда бош эгиб кутиб турган йигитта кўзи тушган заҳоти Бойқаро:
— Келдингму? – дея сўради.
Шоҳ юзидаги мамнунлик ифодасини кўрган Шайх Баҳлулнинг юзига қон югурди ва таъзимланган кўйи аста уларнинг қаршисига юриб келди-да:
— Ассалому алайкум, – дея салом берди, сўнг тиз чўкиб:
— Амринғизға мунтазирмен, – деди.
— Мунтазирсен?!
— Ҳа, олампаноҳим! Буюринг?!
— Ҳм-м, қани айт-чи, яна кимлар бул сирдин воқиф бўлғон?
— Зоти олийлари! Сизлар энг яқин дўст бўлғонларинғиз боис ҳам фақат сизға айтқонмен! Бошқа ҳеч ким огоҳ эрмас! Агар мендин хатолиқ ўтқон эрса, афу этинг, олампаноҳ! — кўнглини ваҳима чулгади Шайх Баҳлулнинг, — бир қошиқ қонимдин кечинг?!
Бойқаро бир нафас жим қотди, сўнг:
— Мусодақатлиққа содиқлиғинғ ва мурувватинг, — деди хиёл табассум билан, — таҳсинға лойиқ!
— Шаҳаншоҳим, лутфингиздан бошим кўкка етмуш! Миннатдормен!
— Қани ўғлим, яқинроқ келиб ўтир?! – лутф айлади Пир. Шайх Баҳлул аста туриб бориб, пойгакка ўтирди.
— Ўғлим, — оҳиста сўз бошлади Пир, — сени шул даражада сахий ва имон-эътиқодли қилуб тарбиялағон ота-онанг шаъниға Аллоҳ раҳматлар ёғдурсун.
— Миннатдормен, Пирим.
— Ҳа, ўғлим, саховат инсоният боғининг бовар шажаридур, балки ул шажарнинг муфид самаридур. Саховатсиз киши эрса ёғинсиз абри баҳордур. Шуни ҳам асло унутмаки, бахил беҳиштқа кирмас, агар сайиди қурайший бўлсун ва сахий томугқа бормас, агарчи бандаи хабаши бўлсун!
— Ҳазратим, олтундин аъло ҳикматли ўғитларинғиз қулоқларимға қўрғошиндай қуюлиб, хотиримға михдай қоқилиб қолур! Асло унутмасмен!
— То улуғлар хизматида эркансен, панд аҳли сўзлариға амал қилғайсен ва аларға содиқ қолғайсен!
— Албатта, давлатпаноҳим! Мен сизларни еру кўкка ишонмасмен! Сизларнинг соянғизда юрғонлиғим ва мундин беҳад масрурлиғимни асло унутмасмен!
— Маъқул. Ўғлим, сени суҳбатимизға тортмоғимизнинг боиси Алишербек ҳаётинда содир бўлаётқон баъзи асрорлар хусусиндадур.
— Йигит!
— Лаббай, шаҳриёрим!
— Ҳазратимнинг башоратларича Алишербек катта бир китоб, яъни “Хамса” ёзмоқни бошлаб юборғон. Айни бул ҳақда ўзум ҳам гувоҳменким, Алишербекнинг қаршисида ўлтирғон ул барно йигит ва парирўй – Фарҳод ила Ширин қиёфасиға кирғон фаришталар эркан.
— Фар-Фарҳод ила Ширин? Ахир, қандай қилиб, улар…?
Шайх Бахлул тамом ўзини йўқотган эди.
— Ҳа, йигит, — деди Бойқаро, — улар зоҳиран инсон қиёфасида, аслида эрса…
— Ғойиби назарлардур.
Иккиси ҳам Пирга савол назари билан юзланишди. Гул шайдоси булбул ишқ оламини забт этганидек, Пир ҳам ғойиби назарлар сирлари ҳақида сўзлаб, ҳайрат дунёсини безай бошлади:
— Моҳиятан олиб қарағонимизда Аллоҳнинг ўзи буюк ижодкордур. “Илми ғайб”да айтилишича, бори олам, унинг бир бўлаги бўлмиш бизлар ҳам Аллоҳ ижод этқон тажаллиётларимиз. Яна ул зот (Аллоҳ) шундайин шафиқ ва меҳрибонким, баъзи тажаллиларини илмул яқинта қодир ва илҳоми ғайбни тавсифлашқа моҳир қилиб яратқонлар. Бундайин улуғ неъматни эрса зоҳирию ботини покларға инъом қилғон ва қилғай. Шул киби инъоматқа эга бўлғонлардин бир Алишербеқдурким, шунинг била яна уни зўр фитрат эгаси ва зиҳни солим қилиб яратқон… Энди эрса, Аллоҳим Исо иафасининг Жонбахш дами орқали хасталарға шифо юборғонидек, Алишербекнинг ҳам ишқ дардига ва шул ишқни тараннум этмак воситаси китоб – буюк “Хамса” яратмоқ дардиға кўмакка фариштаю малойикаларни юборғон. Улар юқорида айтқонимиздек, ғойиби назарлар бўлуб, бундайин хилқатлар емайди, ичмайди, қулмайди, ухламайди, туғмайди, ўлмайди-да, дунё охиратиғача бор бўлуб, зоҳиран ва ботинан пок кишилар мушкулини осон қилуб, дунё турғунча турадурлар. Пир бир нафас тўхтаб, сўнг яна деди:
– Ҳа, Алишербекка фаришталар хизмат қилаётурлар. Бундин ташқари, бул киби азиз хилқатлар, руҳи покдомонларға кўринуш бериб, кўрғон киши била сўзлашмайдур ва озор ҳам бермайдур. Улар ғойибдан пайдо бўлур, ҳам ниҳон бўлур.
Пирнинг охирги ганлари шоҳнинг кайфиятини кўтариб юборди: “руҳи поқдомонларға кўринуш бериб…”
Ҳануз ҳайрат оғушига чўмган Шайх Баҳлул эса ниманидир хаёли билан банд.
– Ҳа, устозимнинг, – деди охири кўзлари чақнаб, – ҳозир Фарҳод ва Ширин ҳақинда битқон бир байти ёдимға тушмуш.
Шайх Баҳлул Алишерни шикордан қай ҳолда қайтган ҳолатини баён қиларкан:
– Келибоқ ушбуларни ёзғонини ва эрта тонг хонтахта устини тартибға келтураётиб ўқиб эрдим:
Ёзиб жон мусҳафидин икки оят,
Дебон Фарҳоду Шириндин ҳикоят…
Бойқаро Пирга маъноли қараркан, хаёл дарёсига ғарқ бўлди: “Ҳм-м, шикордин бош тортуб, турли важ-карсонлар кўрсатмоғининг боиси шул эркан-да…”
– Кеча эрса, – яна сўз бошлади Шайх Баҳлул, – устозим бир зарурат юзасидин ташқариға чиққонида ижодхонасини йиғиштируб, супурмоқ учун кирғон эрдим. Хонтахта четидағи бир парча қоғозға битилгон ушбу:
– Қаламким раҳнаварди тез тақдур,
Азаддин манзили фавқул – фалакдур,
байтини ўқиб, тамом ҳайратқа ботдим.
– Оҳ Алишербек! Аллоҳнинг суйғон бандасисиз!
Пирнинг кўзларига ёш сизиб келди.
– Кўрдингму йигит?! — таъкидлади Бойқаро, — биз бандаи мўминлар бироз ғофилмиз-да… Ғофиллиғингдин кўрғонларинг ҳақинда ноқис хаёлға бормушсен! Гар эҳтиётсизлиқ қилғонингда борму, Алишербек кўнглуни ранжитиб қўйғон бўлур эрдинг! Сўнг кўзиға қай юз била қарардинг?!
– Ул киби номақбуллиқдин Худо асрасун, шаҳаншоҳим! – Шайх Баҳлул ер ўпиб, узр сўради.
– Ўғлим, – Пир аста сўз бошлади, – сен ўқиғон сатрлар мазмуни шуни айтиб турибдурким, қалам бир чопқир отдур. Ҳа, шундайин бир чопқир отки, унинг жойи азалдин фалакнинг устидадур. Ул учқур отнинг чавандози эрса Алишербек бўлуб, анинг учун куч-қувват илҳом ато этадурғон “Илми ғайб”дин эркани бу сирдир. Ҳа, ул сирлар ичида энг нодир, энг буюк олмос сирдир.
– О, Пирим, – Бойқаро бош эгиб, қўлини кўксита босди, — кошифи асрор мутабаҳҳирсиз, ҳазратим.
– Алишербек, фариштаю малойикалар оламиға ошиқ. Аларнинг кўмагида “Хамса”дай бир улуғ китоб яратаётқонидин воқиф бўлдиларинғизким, бул олмос сирнинг ечимиға далилдур.
– Тасанно Пирим! Тасанно!
Шайх Баҳлул сассиз бош эгиб таъзимланди.
– Ҳазратим, – ўртага чўккан сукунатни бузиб, сўз бошлади Бойқаро, — кеча Алишербек хонасида кўрғонларим ва ул била суҳбат асносида дўстимни янада чуқур ашлағоним ҳолда ушбуларни битиб эрдим.
Пир ўқинг, деган каби бош ирғади. Бойқаро шавқ ила ўқишга киришди:
— Эрур сўз мулкининг кишваристони,
Қаю кишваристони, Хисрав нишони.
Дема Хисрав нишонким, қаҳрамони,
Эрур гар чин десанг соҳибқирони.
– Алишербек ҳақинда-ку? – ҳаяжонланиб деди Пир, – … эрур сўз мулкининг соҳибқирони, …Алишербек истиқболиға ишорат. Ниҳоятда гўзал, таъсирли чиқмуш, офарин олампаноҳ!
– Қуллуқ ҳазратим.
“Устозим истеъдодиға берилғон баҳо, – ўйга толди Шайх Баҳлул, – гўзал ҳамда нодир байт чиқмуш…”.
– Алишербек ижод пайтинда муҳаббат жомини фаришталар ила сипқорар эркан, демак, ер юзидағи гўзалларни ҳам фариштамисол тавсифлайдур. Шунинг ила унинг беқиёс, беназир ашъору достонлари бир жаҳон эрса, Алишербекнинг ўзи бир жаҳондур.
Ҳа, азизларим! Унинг фариштаю малойикалар берғон илҳоми ила топқон камолоти жаҳон аҳлини охиратқача ҳайратқа солиб ўтқай! Олампаноҳ! Алишербек сўз мулкининг соҳибқирони дея тавсиф айламушсиз, таҳсинға лойиқ баҳодур! Ҳа, албатта Алишербек абадул-абад малик шуаро бўлуб қолғайдур!