Юсуф Cиддиқ. Эврилиш (ҳикоя)

Икки минг …нчи йилнинг ёзи. Саратон қуёши олов пуркайди. Боз устига афғон шамоли чиябўридек увиллайди. Шамол забтига олиб, кўз кўрмас баҳайбат панжалари билан қумларни ҳавога совуради.
Қум барханлари этагидан пахта далалари бошланади.
Туман ҳокими Тўрақул шундай ҳавода йўлга чиққанидан пушаймон бўлиб, димоғида алланималардир деди. Шофер бошлиғининг гапини ё эшитмади, ё тушунмади.
—    Нима, гарангмисан, машинани шийпонга бур, деяпман сенга! — деб овозини баландлатди ҳоким.
Туман марказидан то шу ергача беш-олти марта машинани тўхтатиб, радиатрга сув солишга тўғри келгани учун хуноби ошиб турган шофер аламини машинадан олди — қаттиқ тормоздан алмисоқдан қолган “УАЗ” мункиб кетгандек бўлди.
—    Секинроқ боссанг ўласанми, ахмоқ!
Шофер яна миқ этмади. Рул ушлаган қўлларининг томирлари ўйнаб чиқди. У асабийлашаётган эди. Сабаби ҳоким бобонинг машинасини ҳайдайди-ю, бир неча ойдан бери маошдан дарак йўқ. Икки уч марта айтиб кўрган эди, “очдан ўлаяпсанми, сабр қил, битта-яримта фермерга айтиб, пул тушуртириб бераман”дан нарига ўтмайди. Хотини “бутун ҳам пул топиб келмасангиз, эшикдан киритмайман!” деб ўдағайлаб қолган.
—    Шу ерда кутиб тур, — ҳоким машина эшигини очиб, ташқарига чиқди. Бу ерга нима мақсадда келганини эслаб, дили янада хуфтон бўлди.
—    Э, келинг, келинг, Тўрақул Жўрақулович, биз томонларга сизни қайси шамол учирди? — диванда газета варақтаб ўтирган аёл истар-истамас ўрнидан турди.
—    Сизнинг шамолингиз-да, Аломатхон.
Аёлнинг қалам билан чизилгандек ингичка қошлари “тушунмадим?” маъносида чимирилди.
“Оббо, қовун тушуриб қўйдим чоғи” деб ўйлади ҳоким ва шоша-пиша гапни улаб кетди:
—    Пахтакорларнинг ҳолидан бир хабар олай дедим. Аломатхон Ҳамидовна, анча пайтдан бери бунақа шамол бўлганини эслолмайман.
—    Шамол эмас, бало бўлди бу, деди аёл юмшаб. Муштдек-мушгдек келадиган кўсакларни бир-бирига уриб, чақиб юбораяпти.
—    Ҳа, ёмон бўлди.
—    Шарофатхон, ҳў Шарофатхон, — деб чақирди аёл. Шийпоннинг бир бурчида компютер олдида куймалашиб ўтирган жувонлардан бири овоз берди:
—    Эшитаман, опа?
—    Аввал чой қўйиб юборинг. Сўнг туман гидрометстанциясига чиқиб сўранг-чи, қирчинингдан қийилгур шамоли яна неча кун бўларкан? Ҳа, яна, пахта заводига қўнғироқ қилинг, созлаш ишларини бугун тугатишмаса наладчикларнинг барини ҳайдаб юбораман.
—    Хўп, бўлади, опа.
Ҳоким шийпонни зимдан назардан ўтказди. Ўтган сафар келганидан бери анча янгиликлар бўлипти. Ковролин гилам, замонавий мебеллар, “уй театри” деб юритиладиган телевизор. Беш-олти нафар хотин-қиз шамол тўхташини кутиб қандайдир сериал кўриб ўтиришибди. Улар ҳатто ҳоким бобога қиё ҳам боқиб қўйишмади. “Бунақа шароит ҳокимиятдаям йўқ. Замон энди шуларники. Пул —шуларда, иззат-обрў шуларники. Ордену медаллар ҳам шуларга. Беш йил ҳоким бўлиб, шапалоқдек мақтов қоғозини кўрмадим. Мана бу ойимча олган мукофотларнинг саноғига етиш қийин. Фан доктори! Унвонларини санаб саноғига етиш қийин. Мен йигирма йилдан бери номзодлик ишимни тугатолмайман”, — деб ичқоралик билан ўйлади ҳоким.
Унинг хаёллариии мобил телефонинииг шўхчан қўнғироғи бузди. Аломатхон истар-истамас телефонни қўлига олди, ким телефон қилаётганини билгач, гулдек очилиб кетди.
—    Алло, алло, эшитаман, Исҳоқ ака, бу сизми? — жувон кафти билан телефонни тўсди-да, ҳокимга қараб шивирлади:
—    Исроилдан.
Аломатхон телефон тугмачасини атайтаб баланд товушда эиштиладиган қилиб босиб қўйди чоғи, олис Исроилдан гапираётган Исҳоқнинг бухорий яхудийларининг лаҳжасида гапираётгани баралла эшитилиб турди.
—    Аломатхон, сизни табриклайман. Ишлар тах.
—    Вой, қандай яхши! Тушунтириброқ гапиринг, Исҳоқ ака?
—    Экспертлар мой заводи лойиҳасини маъқуллашди. Фақат битта “аммо”си бор.
—    Хўш-хўш?
—    Суткасига 50 тонна чигитни қайта ишлаш учун хом ашё билан таъминлай олишишига унча ишонишмаяпти.
—    Буни бизлар ҳам ўйлаб кўрганман. Ҳозир пахта тозалаш заводимиз 1500 та деҳқон хўжалиги билан шартнома тузди. Ҳаммаси маҳсулотини бизга беради. Бундан кўра мой заводининг суткалик ишлаш қувватини ҳеч бўлмаганда яна беш тоннага ошириб беришсин. Тушундингизми?
—    Тушундим, Аломатхон, тушундим. Фикрларингизни факс орқали юбора оласизми?
—    Албатта, ярим соат, йўқ ўн беш дақиқадан сўнг факс жўнатамиз. Яна нима демоқчи эдингиз?
—    Лойиҳани молиялаштириш масаласи?
—    Биз бунга тайёрмиз. 50 фоизини ҳозир, 50 фоизини юк келиб тушгандан сўнг тўлаймиз. Маъқулми? Ҳа, айтгандай, ускуналарни қачон оламиз?
—    Биринчи партияси жўнатишга тайёрлаб қўйилган.
—    Жуда яхши. Исҳоқ ака, яна бир гап. Ўзингиз биласиз, бизда қоракўлчилик ривожланган. Нима арзон — мол териси. Менинг хомчўтларимга қараганда бу соҳа ҳам яхшигина даромад берадиганга ўхшайди.
—    Бали, Аламотхон, бали! Бу соҳада ҳам қўшма корхона очмоқчига ўхшайсиз. Тўғри топдимми?
—    Тўғри десаям бўлаверади. Пойабзал фабрикаси қуриш ниятим бор. Аммо қўшма-пўшма деб ўтирманг, юз фоиз ўзимизники бўлади. Фақат ускуналар билан таъминласангиз бўлди. Бу лойиҳа ўзимизнинг мини банкимиз орқали молиялаштирилади. Баҳонада банкирларимизни ҳам бир имтиҳондан ўтказамиз.
—    Сизга гап йўқ, жуда олисни кўзлаб иш юритасиз. Мен экспертлар билан гаплашиб, натижасини сизга хабар қиламан.
—    Маъқул.
—    Яна гапингиз борми?
—    Йўқ, Исҳоқ ака, саломат бўлинг.
—    Хайр, Аломатхон. Ўзбекистонга, Бухоройи шарифга учрашгунча хайр!
Атоматхон мобил телефонни столга қуйиб, ҳокимдан кечирим сўрагандек бўлди:
—    Узр, Тўрақул Жўрақулович, вақтингизни олдим.
Узр сўрашга арзийдиган гуноҳ қилмадингиз. Мен сизга қойил қолиб ўтирибман. Туманимизда биринчи бўлиб хусусий пахта тозалаш заводини сиз қурган эдингиз. Ҳозир туманда тўртта хусусий завод ишлаяпти. Қўшни туманларнинг деҳқонлари ҳам сизнинг завод билан шартнома тузганмиш деб эшитдим. Мини банкингиз туман иқтисодининг барометрига айланди. Яна мой заводи, Пойабзал фабрикаси деяпсиз. Қойил қолмай, тан бермай илож йўқ. Табриклайман.
— Раҳмат, Тўрақул Жўрақулович. Булар ҳали хамир учидан патир. Ҳаммаси олдинда. Бизга вақт етишмаяпти. Вақт югурук, унга етиб олиш қийин бўлаяпти. Бундай ўйлаб қарасам, умримни бесамар ишларга сарфлаб яшаган эканман. Афсус, афсус. Режаларим шунчалик кўпки, бунинг учун вақт етмасмикан деб қўрқаман. Қанийди, бошқа ишлардан вақт орттириб Қарши метрополитени иккинчи навбати лойиҳаси устидаги ишимни тугалласам. Мақтаниш бўлса ҳам айтиб қўяй, бизнинг метроимиз Тошкентникидан ҳам, Самарқандникидан ҳам айрича гўзал бўлади. Метронинг барча станциялари буюк аждодларимиз, шоиру ёзувчиларимиз номи билан аталади. Бедил, Ан-Насафий сингари. Марказий станция Соҳибқирон бобомиз номларида бўлади. Бу манзилни иккинчи Тожмаҳалга айлантирамиз! Куляпсизми? — Аломатхон суҳбатдошининг лабларидан истеҳзоли нимкулгини пайқаб қолди. — Кулманг. Мамлакатдаги обрўли илмий муассасанинг мана бу хулосаси билан танишиб чиқинг.
Ҳоким жувон берган қоғозга кўз югуртириб чиқди. Аломатхон суҳбатдоши ҳужжат билан танишиб чиқишини сабр билан кутиб ўтирди.
— Мармар ўзидан нур таратар эканми? — сўради ҳоким ишонқирамай. — Қизиқ, жуда қизиқ.
— Кеш мармари шундай хусусиятга эга. Бунинг учун махсус ишлов берилади, холос. Тасаввур қилинг, якин-атрофда биронта ҳам электр чироғи йўқ, лекин ҳаммаёққа нимтатир ёруғлик тушиб турибди. Соҳибқирон тулпори билан тун бағридан ойдек балқиб чиқиб келаяпти. Қўлида баланд қўтарилган тинчлик туғи. Дунёнинг қайси шаҳрида кўргансиз бундай манзарани?
Ҳоким саволга жавоб бермади. Нимаям десин, умрида Московдан нарини кўрмаган бўлса. Рўпарасида ўтирган аёл Япония, Америка, Англия, Олмония, Миср мамлакатларини кезиб чиққан. Кезиб чиққангина эмас, ўша мамлакатларнинг студентларига маърузалар ҳам ўқиган.
Аломатхон суҳбатдошшшнг қош-қовоғи осилганини қўрмаганга олди. У бугун негадир ҳоким билан очилиб-ёзилиб суҳбатлашишни истаётганди. Бунга балки эски газета тахламларидан бирида ўқиган мақола, аниқроғи фельетон сабаб бўлгандир. Фельетон муаллифи “беш минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган халқнинг нони нега бутун бўлмаётир?” деган саволни кўндаланг қўйган ва бу саволга ўзи билганча жавоб беришга уринганди. Унинг таъкидлашича, деҳқоннинг нони яримта бўлишига, косаси оқармаётганига нотўғри маҳаллий бошқарув тизими сабаб бўлган эмиш. Гўёки ҳокимлар ўзларини ишлаётган қилиб кўрсатиш учун хар хил текшир-текширларни ўйлаб топишаётганмиш. Ҳар бир текширувчига айбдорни топиш режаси берилар экан. Режани бажармаган ходимнинг ўзи текшириларкан. Муаллиф битта қизиқ мисолни келтирган. Эмишки битта деҳқон хўжалиги раҳбари ҳоким рухсатисиз чигит экишни бошлаб, ҳаммадан олдин экиб бўлгани учун пахта майдонини бузиб, қайта экишга мажбур этилади. Бу ҳам етмагандек томорқага экилган бошқа экинлар шудгор қилиб ташланади. Ўжар деҳқон яна бошқалардан олдинроқ чигитни экиб кўкартириб олади.
Ҳокимнинг рухсатисиз чопиқ қилгани, ғўзани суғоргани, чилпитгани, хуллас планни биринчи бўлиб бажаргани учун боши маломатдан чиқмайди. Ҳоким билан Деҳқон ўртасидаги ихтилоф ҳам энига, ҳам бўйига ўсиб бораверади. Хуллас, маддалаган яра бир кун пақ этиб ёрилади.
— Сенга менинг мансабим керак, шунинг учун ўлиб-тирилиб ишлаяпсан! — дейди ҳоким Деҳқонга.
— Нима, арзимайманми? – деб кекирдагини чўзади Деҳқон ҳам.
Шундан сўнг текшир-текшир бошланади. “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан!”. Шундай бўлади. Урганда ҳам қайтиб турмайдиган қилиб уради.
Йиллар ўтади. Деҳқон нон-насибасини териб еб, уйига, даласига қайтади. У энди қўл учида ишлайди. Парвозга интилган боласини елкасидан босиб:
— Қаёққа шошасан, учсанг анавилар боли-патингни юлиб ташлашади, – дейди. Сўнг ҳаётдан олган фалсафий ўгитини айтади: – Болам, бу дунёда одам қозиққа ўхшайди. Қозиқнинг уч томони бўлсанг, уриб ерга киритиб юборишади, орқа томони бўлсанг, пачағингни чиқаришади. Қозиқнинг ўртаси бўлиб яша — ерга ҳам кириб кетмайсан, калтак ҳам емайсан.
Файласуф — Деҳқон ҳар кун далага боради, юқорининг чизган чизиғидан чиқмайди. Режани бажармаса ҳам, кун ўтарга ишласа ҳам у билан бировнинг иши йўқ. Гўёки дунёда бундай одамнинг ўзи бўлмаган!
Жувон фельетон қаҳрамони билан рўпарасида ўтирган ҳокимни ўзича қиёслаб кўрди — ер билан осмонча фарқи бор. Аввалгиси мансаб курсиси учун иймонини ҳам сотишдан тоймайдиган, бурнидан нарини кўролмайдиган бир нусха. Буниси хийла замонавий, деҳқону тадбиркорнинг меҳнатини қадрлайди, уларнинг ёнига борганда ҳурматини қилиб, ётиғи билан гаплашади. Баъзан деҳқоннинг фикрини ўзиникидан “юқори” қўяди. Дурустгина илми бор. Қачонлардир, ҳокимиятга келмасидан бурунроқ, битта ихтироси роса шов-шувга сабаб бўлган. Ихтиро масофадан бошқариладиган сабзи тўғраш комбайни ҳақида. Агрегат икки қозон, уч қозон паловнинг сабзисини бир неча дақиқа ичида сочнинг толасидек қилиб, бир хил ўлчамда тўғраб ташларкан. Бу ихтиро мақтовга эмас, қаттиқ қаршиликка учрайди. “Ярим тунгача сабзи тўғраб, ҳангома қилинмаган тўй-тўй эмас, кўтар бунақа матоҳингни” деган қабилда гап бўлади. Шу-шу, электрон сабзи тўғрагич бузиб ташланади.
Ҳокимда янгиликдан ҳайиқиш кучли. Ҳеч вақт биринчи бўлишни истамайди. Сўзамол, аммо журъати кам. Шу сабабли ҳозир ҳам дилидагини тилига чиқаролмай мум тишлаб ўтирибди. Дарвоқе, бундай расво кунда ҳокимнинг дабдуруст ташрифидан мақсад нима?
Аломатхоннинг ўйга толганини кўрган ҳоким буни ўзича тушунди. Ернинг остида илон қимирласа сезадиган жувон ҳокимнинг нима ниятда, аниқроғи илтимос билан келганини англаганга ўхшайди. Шу ўринда шоирнинг “Илтимосга кунинг қолмасин” деган машҳур сатрлари ёдига тушди. Ҳоким ўзи учун пул сўраб келгани йўқ. Сўрамайди ҳам. Аммо уч ойдан бери маош олмаётган шоферига иш ҳақи учун озроқ пул керак. Қолаверса ҳокимлик жойлашган бинонинг ижара пули тўланмаган. Пул деб кимга борсин? Бундай харажатлар давлат бюджетидан соқит қилшгганига кўп йиллар бўлди. Ҳокимликлар ўзини ўзи маблағ билан таъминлашга ўтиб олган. Қўшни туман ҳокимликлари нафақат ўзини таъминлаяпти, балки кам таъминланган оилаларга, майиб-мажруҳларга ҳам кўмак бериб турибди. Улар катта-катта корхоналар, ширкатлар билан бемалол беллаша оладиган моддий ва маънавий кучга эга. Жамият шулардан қувват олиб, кундан кунга яшнаяпти.
“Мен вазифамни уддалай олмаётганга ўхшайман, — деб ўйлади ҳоким ачиниш билан. — Бўшатишса қаерда ишлайман? Ким менга иш беради? Тонготар йиғилишлар қилиб, фермерлар билан ёқалашишдан бошқа нима ҳунар орттирдим?”
Ҳокимнинг хаёлини Аломатхоннинг ўктам овози бузди:
— Тўрақул ака, номзодлик диссертациянгиз нима бўлди? Аллақачон ёқласангиз бўларди?
“Оббо, нозик жойимдан тутди-ку”:
— Ўзингиз айтгандек вақт дефицит бўлиб турибди, Аломатхон Ҳамидовна.
— Тушунаман, аммо диссертацияга вақт топиш керак. Бугун келган илҳом эртага келмаслиги мумкин.
— Тўғри. Яқинда илмий ишимни қўлга олиб, варақласам, анча нарса эскиргандек кўринди. Олдинги жозиба йўқ…
— Хақ рост… Тўрақул Жўрақулович, хафа бўлмасангиз бир нарса сўрамоқчиман?
— Сўранг?
— Адашмасам асли касбингиз электрончи — муҳандис, тўғрими?
— Ҳа, шундай.
— Тилла берса арзийдиган касб! Нега ўз мутахассислигингиз бўйича ишламаяпсиз?
— Ҳоким бўлиб ишлаяпман-ку?
— Менимча халққа сизнинг ҳокимлигингиздан кўра муҳандислигингиз кўпроқ фойда келтиради. Ҳокимлик керак, элга раҳбар ҳам зарур. Лекин битта электрончи муҳандис тайёрлаш учун ойлар, йиллар камлик қилади. Хўп десангиз уюшмамизнинг бош мененжерлигини сизга берардик. Ойда бир марта чет элларга хизмат сафарига бориб турасиз.
Ҳокимнинг юзида иккиланиш аломати пайдо бўлди. Аломатхон қистовни кучайтирди:
— Мен ҳам дастлаб сизга ўхшаб иккиланганман. “Кимсан — вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масаласи бўйича ўринбосари! Ҳамма соянгга салом беради”. Ана шу иззат-ҳурматдан воз кечиб, амалиётга ўтиб тўғри қилган эканман. Қаранг, қўлимни қаёққа узатсам етади. Бир вақтлар чет элларга бориб, иш ўрганган бўлсак, энди улар келиб биздан иш ўрганишаяпти. Алжабрни ихтиро қилган боболаримиз руҳи олдида ҳамиша қарздормиз. Лекин бугун ғурур билан айта оламиз — ҳозирги авлод ўз аждодларидан анча илгарилаб кетди. Кўли қадоқ мана бу қизимиз, — Аломатхон Исроилга юбориладиган факсга имзо қўйдириш учун бир четда одоб билан кутиб турган Шарофатхонга ишора қилди, — фан номзоди, яна илмий иш қилаяпти, десам балки бировлар ишонмас. Бу аёл ғўзанинг саноатбоп янги навини кашф этди. Турфа рангли пахта толаси устидаги тажрибаларидан ўзингиз хабардорсиз.
Ҳоким ялт этиб Шарофатхонга қаради — унинг тажрибалари ҳақида газетадан ўқиганди. Аммо шундай ажойиб олима ўзи раҳбар бўлган туманнинг чекка бир хўжалигида ишлашини билмаслигига ҳайрон бўлди. Албатта буни суҳбатдошига сездирмади, фақат ҳаяжондан тупугини қилт этиб ютишдан ўзини тўхтатолмади.
— Тўрақул Жўрақулович, таклифимни ўйлаб кўринг. Келаси ойда халқаро анжуман ўтказишимиз керак. Сизга ўхшаган мутахассиснинг ёрдами жуда-жуда зарур.
— Мен ўйлаб кўрай, Аломатхон Ҳамидовна, — ҳоким шундай деб кетиш учун ўрнидан турди. Унинг ҳаракатларидаги тараддуд жувоннинг эътиборидан қочмади.
— Тўрақул ака, бироз шошмай туринг, — деди ҳокимга, сўнг Шарофатхоннинг олдига бориб бир нималар деди. У тасдиқ ишорасини қилгач, қаёққадир қўнғироқ қилди.
Аломатхон ҳокимнинг олдига қайтди:
— Тўрақул Жўрақулович, ҳокимият ҳисоб рақамига ёрдам жамғармамиздан маблағ ажратиш ҳақида топшириқ бердим.
Ҳоким алланечук бўлиб кетди. Кўз олдида шоферининг тунд қиёфаси қувноқ чеҳра билан алмашди. Лаблари титраб, кўзлари намланди. Ҳоким бироз турса йиғлаб юборипгдан қўрқди — Аломатхоннинг қўлини сиқди-да, эшикка йўналди.
Йўл-йўлакай ҳоким замон ўзгариб кеттанини, бугунги ҳаётни кечаги куннинг қаричи билан ўлчаб бўлмаслигини ўйлаб борди.
— Ҳокимликдан кетаман, Аломатхонга ўхшаб ҳаммасини бошдан бошлайман, — деб шивирлади у.
Ҳақиқий бўронга айланган шамол ҳам энди унинг ғашига тегмаётганди, аксинча қўлтиғидан кириб порлоқ истиқбол сари учириб бораётгандек туюлди…