Ўлмас Умарбеков. Чўпон Васил ва унинг фарзандлари (ҳикоя)

1
Мен ҳам битта қўшиқ айтай, қулоқ солинг, гайдуклар! Аммо кўз ёш тўкманг сира, кўз ёш сизга ярашмас. Оёқ ости бўлган юртим шер гербини таққанда — майли, йиғланг, кўз ёшингиз Искрдай дарё бўлсин.

2
Червенбрегда чўпон Василь яшар эди бир замон. Кулбаси бор эди унинг, фариштадек хотини, Тангри ато қилган эди уларга етти ўғил, каттасининг эндигина мўйлови ниш урганди.

3
Ҳар ўн кунда бир келарди чўпон Василь уйига, болала-рин бир-бир ўпиб шўртанг пешанасидан — гап сўрарди хотинидан подшо Шишман сингари:
—    Хўш, онаси, қани сўйла, ким кирмади сўзингга? Тўполонда қайси бири узиб кетди йўғимда? Кенжатойинг Аспарухми, Николайми, Иванми? Ё Ефтимми — эзмачурук, Йорданми ё Генчо?!

4
Болаларга бир-бир қараб, дерди шунда онаси:
—    Йўғингизда ҳеч қайсиси тўполон қилгани йўқ. Кенжатойим Аспарух ҳам, Николай ҳам, Иван ҳам, Ефим ва Йордану жингалак соч — Генчо ҳам, йўғингизни билдир-мади, ўтин ёрди, ер чопди…
Чўпон Василь хурсанд бўлиб, мўйловини бурарди ва тонггача болаларга эртак сўйлаб берарди.

5
Бир кун тонгда қишлоқ бўйлаб нохуш хабар тарқалди: ёвуз душман лашкарлари бостириб келмоқдамиш! Қонсираган ёв галаси шамолдек елмоқдамиш!
Бутун қишлоқ темир қўрғон бўлди қош қорайгунча, деразалар ёпилди-ю, танбаланди эшиклар. Бай Василь ҳам шундай қилди, фақат кўча томонга икки тешик очиб қўйди — отиш учун душманни.
6
— Келавер, ёв келавергин! Червенбрегда қўрқоқлар туғилганмас! Келавер, ёв, кел, Муҳаммад уммати, қарғаларга ем бўласан бу кеча!

7
Тонгга қадар давом этди тенгсиз жанг. Черков ёнди, кулбаларнинг кўпчилиги кул бўлди. Ҳалок бўлди Червенбрегнинг азамат ўғлонлари! Ўғлонларки, ҳар биттаси тоғни талқон қилгудек, ўғлонларки, ҳар биттаси улуғ пошшодан улуғ!

8
Бай Василнинг боши қотди, нима қилсин бечора?! Душман зоти бас келолмас унинг мерганлигига, лекин ўклар адо бўлди, ўнта қолди атиги! Бай Василнинг боши қотди, нима килсин бечора? Ўт қўйсинми кулбасига, қочсинми йироқларга! Ўт қўйсинми уйига у, ёндирсинми ўзини, ўт қўйсинми уйига у — ҳалок бўлсин хотини, ҳалок бўлсин тангри ато қилган етти фарзанди. Ҳалок бўлсин — Аспарухи, Николай ва Ивани, ҳалок бўлсин Ефтим, Иордан, шалпангқулоқ Генчоси! Бай Василнинг боши қотди, нима қилсин бечора!

9
Битта ўқ ҳам кетди шу топ, битта ёвни йиқитди.

10
Тўққиз ўқинг қолди, Василь, душман эса тўққиз минг, тўққиз ўқинг қолди, Василь, нима қилмоқчисан, айт!

11
Бай Василнинг боши қотди, юраги тўлди қонга, яшин каби чақнаб кетди бирдан ҳорғин кўзлари. Етти марта ўқ узди у, етти ўғил йиқилди. Кенжатойи Аспарухи, Николайи, Ивани, жингалак соч — Ефтим, Генчо барра мўйловли Йордан…    

12
—    Хотин, кечир, — деди Василь, — хотин, гуноҳимдан ўт — ёв қўлида болаларим ўлмасин деб ўйладим. Ёв қўлида мен ўзим ҳам ўлишни истамайман! Мана сенга милтиқ, олгин, икки дона қолди ўқ, сен севган кўзларимни юмиб турай, от мени, юрагимни мўлжаллаб от, мен отгандай Генчони, кенжатойинг Аспаруху Николай ва Иванни, жингалак соч Ефтим билан тўнғичинг Йорданни…

13
Қарсиллайди ногаҳон ўқ: уйни тутун қоплади, яна битта ўқ узилди… Ва сукунат босди уйни, қабристон сукунати…
Душман лашкарлари бостириб кирган замон — тўққиз ўлик ётар эди бир-бирини қучоқлаб. Бай Василнинг лабларида ўйнар эди табассум, гўё дерди:
—    Сўйла, хотин, ким кирмади сўзингга! Кенжатойинг Аспарухми, Николайми, Иванми? Ё Ефтимми — эзмачурук, Йорданми ё Генчо?

14
Гайдукларим, бош ирғаманг, бу қўшиқ — афсонамас, мен кўрганман Бай Василни, шаробидан ичганман!