Ўлмас Умарбеков. Кўприк (ҳикоя)

Қишлоққа ҳали олис эди. Улар анча юриб қўйишганига қарамай, унинг қораси кўринмасди. Атроф бийдек дала. Одам зоти йўқ. Илиқ баҳор нафаси уфуриб турган бўлса ҳам, на ерда бирор жонивор кўринади, на осмонда. Бутун борлиқ ҳамон қиш уйқусида. Фақат у ер-бу ерда шудгор қилинган карталар четида ёш йигитнинг соқолидек яккам-дуккам туртиб чиқиб турган майин ўт-ўлан ўлик чўлда ҳаёт энди куртак ота бошлаганидан дарак бериб турарди. Аммо бу ўт-ўлан ҳам олатароқ, пастқам жойларда унаётганидан, кўзга тезда илғанмас рангпар, дилчўкар чўл манзарасига ҳали айтарлик қувонч келтирмаган, чумчуқ боласидек ҳали жиш, қанот ёзмаган эди.
Кўпи билан бир-икки ҳафтадан сўнг бу ерлар бутунлай ўзгариб кетиши, чўл бети келинчак уйидек минг гуллик туркман гиламлари, чўғдек қип-қизил палаклар билан ясаниб оли-шини йўловчилар билишарди. Лекин билиш бошқа, кўриш бошқа. Шунинг учун ҳозир кетма-кет оғир қадам ташлаб боришар экан, иккалови ҳам ўз хаёллари билан банд эди.
— Қоронғига қолиб кетсак-а? — деди бир маҳал орқароқда келаётган ёш йигит нимадандир хавотирланиб.
— Қўрқяпсанми?! — сўради киноя билан шериги.
— Йўғ-э! — кулишга ҳаракат қилди йигит ва уялинқираб шеригининг тер ялтираб турган йўғон, тарам-тарам гарданига кўз қирини ташлаб қўйди.
— Оз қолди, — деди шериги ва олдинда туянинг ўркачидек сарғайиб турган тепаликка ишора қилди. — Шу тепаликдан ўтсак бўлди, у ёғи бир чақиримча…
Йигит индамади. Кўнглида у шеригидан норози эди. Эрталаб шаҳардан чиқишаётганда ҳамма кам-кўстини тўғрилаб олмайдими? Қандай шофёрки, олис йўл олдидан машинасини бир кўздан кечирмаса? Машина ҳам аксига олиб бирон гавжумроқ жойда бузилмай, қоқ чўлнинг ўртасида такқа тўхтади. Прокладка топишса-ку, майли, топишмаса нима бўлади? Иигит шуларни ўйлар экан, баттар хуноб бўларди.
— Хуноб бўлма!
Йигит чўчиб тушди. Шериги гўё унинг хаёлларини уқиб олгандай гапирди.
— Хуноб бўлма, — деди у яна. — Уйингга албатта бугун етасан. Жуда бўлмаса, биронта машинага ўтқазиб юбораман.
Иигит қизариб кетди ва илжайди.
— Хуноб бўлаётганим йўқ.
— Фойдаси йўқ, — деди шериги. — Бунинг устига мени биласан. Мен билан ҳеч шунақа бўлмасди. Билмадим, нима бўлди? Қаридимми, ҳайронман. Радиатор тўладек кўринган эди.
— Қишлоқда прокладка топилармикин? — сўради йигит иложи борича мулойимлик билан.
— Ҳа. Колхоз гаражида бўлиши керак.
— Келганмисиз?
— Узоқ йили қишда бир кун тунаб кетганман шу қишлоқда.
Йигит «Нега?» деб сўрамади, шеригининг ўзи ҳам айтмади. У йигитни тинчитган бўлса ҳам, ўзи тинч эмас эди. У ростини гапирди. Шу маҳалгача у билан бундай хунук воқеа содир бўлмаган эди. Урушдан қайтгандан бери шофёрлик қилади, машинаси доим эгарланган отдек ҳар қандай олис йўлга шай турарди. Нима бало бўлди бугун? Ё чиндан ҳам қариб, эси кирди-чикди бўлиб қолдими? Агар шундай бўлса иш чатоқ, бошқа бир енгилроқ ишга ўтиш керак бўлади. Анчадан бери гаражнинг ўзида ишлашни таклиф қилиб келишяпти, шунга ўтадими?.. Ўтса, яхши эмас, кўчага ўрганган одам, бир жойда диққинафас бўлиб кетади. У хўрсинди, кейин нохуш фикрларни ҳайдаш мақсадида, қошигача тушиб турган қулоқчинини кўтариб, олдинга тикилди. Муздек шабада гуп этиб тер босган пешонасига урилди. У кафти билан пешонасини сидирар экан, йўлни мўлжаллади. Тепаликка оз қолибди. Демак, етишди, деган гап. Бир соатларда қайтишса, қоронғигача трестга кириб боришади.
— Келиб қолдик, — деди у овозини чиқариб.
— Йўлни яхши билар экансиз-а, Самад ака! — деди йигит. — Адашмаяпсиз. Бўлмаса, бир марта келгансиз. Мен тополмасдим.
Йигитнинг бу гапи уни қувонтирди.
— Ҳа, энди шофёр бўлгандан кейин йўл билиш керак-да. Йўл билмаган шофёр — шофёрми! Мен шу пайтгача ҳеч адашмаганман. Бир марта кўрдимми, тамом, ҳар қандай йўл миямга пресс бўлади-қолади.
— Фақат шу прокладка чатоқ бўлди-да, — деди йигит мийиғида кулиб.
— Лаббай?
— Зўр экансиз, — деди йигит баланд овоз билан.
— Ҳа, энди тузук.
Улар тепаликка кўтарилишди. Олдинда дарахтзор қорайиб кўринди.
— Айтмадимми! — деди Самад ака. — Мана шу ўрикзорнинг орқаси қишлоқ. Энди тинчидингми?
Йигит илжайди. Яна йўлга тушишди. Кўп ўтмай тепалик орқада қолиб кетди. Ўрикзорга етай деб қолишганда, бирдан олдиларида катта ариқ кўринди.
— Ий-е! — ҳайрон бўлди Самад ака. — Ариқ йўқ эди-ку?! Йигит кифтларини учирди.
— Ариқ йўқ эди илгари, — деди яна Самад ака.
— Янги қазишгандир-да, — деди йигит парвосизлик билан. — Бир йилда ҳозир шаҳар қуриб юборишяпти-ку!
Улар ариққа етиб келишди. Бу — ҳатлаб ўтиб бўлмайдиган, ҳайқириб сув оқаётган расмана канал эди.
— Ҳа, дуруст, — деди Самад ака лойқа сувга тикилиб.— Энди бу ерларни таниб бўлмай қолади.
Йигит унинг гапини эшитмади. У атрофга олазарак бўлиб қарарди.
— Самад ака деди бир маҳал. — Бундан қандай ўтамиз?
— Лаббай?
— Қандай ўтамиз, деяпман, кўприк йўқ-ку?! — деди йигит.
— Дарвоқе, — Самад ака каналга янгитдан разм солиб чиқди. — Кўприк йўқ. Яқинда қазишибди-да.
— Яқинда қазишса ҳам кўприк бўлиши керак эди-ку, — деди ташвишланиб йигит. — Ўзлик-ўзи қандай ўтишади?
— Ўтишмайди бу ердан нариги ёқда йўл бор.
— Энди нима қиламиз?
— Хуноб бўлма, — деди Самад ака — Иложини топармиз. Сен ўнгга юр, мен чапга юрай. Ўтадиган жой чиқиб қолар…
— Кўриниб турибди-ку, кўприк йўқ, — деди қизишиб йигит.
— Кўрайлик аввал.
Йигит нималарнидир ғўлдираганича канал ёқалаб ўнг томонга кетди. Самад ака ҳам йўлга тушди. Юз қадамча юрди. Кўприкдан асар йўқ. Кечиб ўтишга тўғри келади, Қарор қилди у. Шу топ йигитнинг овози эшитилди:
— Бу ёққа келинг! Бу ердан ўтамиз!..
Самад ака орқасига қайрилди. Йигитнинг олдига келганда канал устига кўндаланг тушиб ётган дарахтни кўрди. Каналнинг бир ёғи ўпирилиб, дарахтнинг қип-қизил илдизлари қовжираб ётарди. Самад ака унинг қора танасидан ўриклигини билди.
— Мана шунинг устидан ўтсак бўлади, — деди йигит қувонч билан.
У шеригининг жавобини кутмай, ўрикнинг устига оёғини қўйди ва дорбоздек қўлларини ёзиб, каналдан ўта бошлади. Ўртага етганда, бир томонга оғиб, йиқилай деди-ю, ўзини ушлаб олди, кейин силтаниб, каналнинг нариги бетига сакради.
— Қойилми? — йигит ўзида йўқ шод эди. — Самад ака!
Иигит шеригига қаради-ю, ҳайрон бўлиб қолди. Самад ака, йўғонлиги қўқон арава шотисидек ўрикка кўзларини тикканича, қимир этмас, мошкичири мўйлови, қалин, ажин босган лаблари титрарди.
— Самад ака! — деди йигит унинг жим турганини ўзича тушуниб. — Қўрқяпсизми? Нега нидамайсиз?
Самад ака бошини кўтарди.
— Лаббай, — деди бўғиқ овозда.
— Ўтмайсизми?
— Ҳозир.
У шундай деб ўрикка оёқ қўйди. Лекин қўлларини ёзмади. Битта-битта қадам босиб, каналнинг ўртасига етиб келди. Йигит уни кузатар экан, ҳозиргина ундан кулганидан ичида ачинди.
— Тузук экансиз-ку! — деди ҳавас билан.
Лекин шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Самад ака тўхтаб қолди. Кўзи тинди шекилли, бошини кўтарди, аммо бу фойда бермади, тебрана бошлади. Қўлларини ёзган эди, мувозанатни йўқотди ва шалоп этиб сувга ағдарилди.
— Самад ака! — қичқириб юбоди йигит ва югуриб бориб лапанглаб қирғоққа интилаётган шеригининг қўлидан торта бошлади.
Самад ака унинг ёрдамида бир амаллаб қирғоққа чиққанида, ҳамма ёғи жиққа ҳўл, қўллари ва тиззалари лой эди, плашининг енглари, этакларидан шариллаб лойқа сув оқарди. У ўзига бошдан-оёқ бир қараб чиқди-да, энсаси қотиб кулиб қўйди.
— Ечининг! — буюрди унинг қимир этмай турганини кўрган йигит.
Самад ака бош қимирлатиб, канал лабига борди, қўлларини ювиб, ечина бошлади. Унинг бахтига кун илиқ, қуёшнинг ботишига ҳали анча бор эди. У битта иштонда қолиб, йигит билан кийимларини сиқиб, ерга ёйди, кейин йигит ёзиб берган енгил пальто устига ўтириб, оғир хўрсинди. Яна мўйлови, лаблари титрай бошлади. Йигит унинг бу авзойини кўриб, қўрқиб кетди.
— Самад ака! Сизга нима бўлди? — сўради у шеригининг олдига чўккалаб.
— Эслаб кетдим… — деди Самад ака.
— Нимани?
— Худди шунақа кўприкни…
Самад ака жимиб қолди. Йигит ҳеч нарсага тушунолмай, анграйиб турарди.
— Папиросингдан ол, — деди бир маҳал Самад ака. Йигит ҳозиржавоблик билан унга «Беломор» узатди, шошиб гугурт чақди. Самад ака папиросни устма-уст қаттиқ тортиб, оғиз-бурни аралаш қуюқ тутун чиқарди-да, деди:
— Қирқ иккинчи йил эди. Қиш. Бизни Украинанинг Мартовая қишлоғига олиб боришди. Мудофаа чизиғи шу ердан ўтарди. Совуқ қаттиқ. Тупласанг, тупугинг қотади, қор тиззага чиқади. Қишлоқнинг ёнидан Шимолий Донецкнинг бир ирмоғи ўтган эди. Катта эмас, шу каналдек келади, балки бундан кичикроқ ҳамдир. Полкнинг хўжалик қисми шу ирмоқнинг бериги томонида, биз эса нариги томонида жойлашган эдик. Ирмоқ музлаб қолган, бети қалин қор эди. Шунинг учун бемалол, истаган жойимиздан ўтиб юраверардик. Февралнинг охирларида кун, кутилмаганда, исиб кетди. Қор эрий бошлади. Лекин эригани қандай дейсан, ер устида билинмайди, шакарга ўхшаб ялтирарди. Фақат ирмоқда билинарди. Уч-тўрт кун ичида унинг ўртасида қора ипдек ингичка чизиқ пайдо бўлди. Кейин кенгайиб, жилдираган сув кўринди. Ўтиш хавфли бўлиб қолди. Худди боягидек биронта кўприк-пўприк бормикин, деб у ёқ-бу ёқни текширдик. Биз турган жойда юз қадамча нарида кимдир ирмоқ устига кўндаланг тушиб ётган бир нарсани кўриб қолди. Бу ходами, тахтами, қор тагида бўлганидан билиб бўлмади. Лекин бақувват, устига чиқиб бир-икки тепдик. Икки кишилаб у ёқдан-бу  ёққа ўтиб кўрдик. Йўқ, бақувват, синмади. Шу ердан ўтиб турадиган бўлдик. Шу ердан овқат таший бошладик, шу ердан музни ёриб, сув оладиган бўлдик. Лекин полкнинг отлиқ отряди бор эди, шу отряднинг отларидан биттаси ҳам унинг устидан ўтмади. Қадам қўяди-ю, ўтмайди. Урсанг ҳам, сўксанг ҳам ўтмайди. Бир қадам босиб тўхтайди, кейин тисарилиб, ёнидан сакраб ўтади. Албатта, бунга ҳеч ким эътибор бермади, сабабини кейин билдик…
— Нима экан? — сабрсизлик билан сўради йигит.
— Ҳозир, — деди Самад ака ва шошмасдан зиҳигача чекилган папиросини ерга эзғилиб ботирди-да, гапида давом этди:
— Бир куни овқат кечикиб қолди. Командир мени чақириб, хабар олиб келишни буюрди. Йўлга тушдим. Ирмоққа етиб келганимда, сув ичгим келиб қолди. Чанқаганимдан эмас, сувнинг тиниқлигидан ичгим келиб кетди. Кўприкчамизнинг ўртасига келиб энгашганимни биламан, шалоп этиб, кўприк-пўприк билан сувга тушиб кетдим. Белимгача жиққа ҳўл бўлди. Лекин мени бу чўчитмади, мен кўприксиз қолишимиздан қўркдим. Ҳақиқатан ҳам у оқиб кетаётган эди. Шалоплаб кетидан чопдим, бир учидан ушлаб олиб қирроққа сураман, қани энди сурилса?! Муз-да, сирпанади. Ҳай, бир амаллаб олиб чиқдим. Шу пайт юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Биз кўприк қилиб юрган нарса — одамнинг мурдаси эди.
—Одамнинг мурдаси?! — ҳайрат ичида сўради йигит.
Йигит сесканиб кетди.
— Одамнинг мурдаси эди, — давом этди Самад ака. — Додлаб юбордим. Дарров беш-олти солдат югуриб келди. Нима бўлди, деб сўрашади, жавоб беролмайман. Тишим-тишимга тегмай, дағ-дағ титрайман. Ниҳоят, ўзимни тутиб олиб ўликка ишора қилдим. Ҳеч ким аввал ҳеч нарса пайқамади, чунки мурданинг ҳамма ёғини муз қоплаган, фақат олдинга чузилган қўлларининг кўрсаткич бармоқлари муз ичидан чиқиб турарди.
— Одам!.. Кўприк!.. — дедим зўрға тилим танглайимга ёпишиб.
— Қанақа кўприк? Қанақа одам? — ҳамон тушунмай сўрашди солдатлар.
— Анави кўприк… одам экан! — дедим мен, кейин энгашиб ўликнинг бармоқларини кўрсатдим.
Шунда уларга ҳамма нарса аён бўлди.
— Оловга олиб бориш керак, — маслаҳат килди кимдир.
— Нима қиламиз ҳамма ёқни саситиб? — деди яна кимдир.
— Сасиса ҳам одам-ку! — жеркиб берди бошқа бир солдат. — Қани, кўтарларинг!
Солдатлар мурдани кўтариб овқат пиширадиган арава ёнига олиб боришди. Дарров мени ертўлага тушириб янгитдан кийинтиришди. Чиққанимда, мурданинг атрофи одамга тўлиб кетган эди. Туртиниб-суртиниб ўртага ўтиб олдим. Музни эритишибди. Мурда ёшгина йигит экан. Новча, қирра бурун, қора соч. У худди қаттиқ чарчаб яқиндагина уйқуга кетган одамни эслатарди. Ўпкам тўлиб кетди. Беихтиёр кўзимда пайдо бўлган ёшни енгим билан беркитиб артар эканман, йиғлаб юбормаслик учун, ёнимдагилардан сўрадим:
— Бизникими?
— Ёқасини кўрмаяпсанми?
Шундагина унинг шинели ёқасидан сержантлик белгисини пайқадим.
— Ким экан?
— Билиб бўлмади. Қоғозлари ивиб кетибди, — деди ёнимдаги солдатлардан бири.
Ўша куни унинг соқолларини қириб, белигача қорайиб кетган ярадор оёқларини яхшилаб ўраб, қишлоқ четидаги тепаликка кўмдик. Қабри ёнида ўттиз киши ўн мартадан ўқ уздик. Унга бу ҳам камлик қиларди. У фақат тириклигида эмас, ўлгандан кейин ҳам хизмат қилди, бизга кўприк бўлди… Папиросдан ол!
Самад ака яна устма-уст папирос тортиб, жимиб қолди. Йигит ҳам жим эди. Унинг юзида қон қолмаган эди. Шу алфозда улар анча ўтиришди.
— Унга нима бўлган экан? — ниҳоят сўради йигит.
— Ким билади, — деди Самад ака ўйланиб. — Урушда нималар бўлмайди?! Назаримда, ярадор бўлган, анча жойгача судралиб келган, ҳолдан тойиб, ирмоқдан ўтолмаган. Шундай қўллари қирғоққа етгану, жони узилган, музлаб қотиб қолган… Ҳай, кетдикми?
Йигит жавоб бермади. Самад ака ўрнидан туриб ҳали нам кийимларини кийди. Яна папирос чекди-да:
— Қани юр, — деди ва йигитнинг туришини кутмай, йўлга тушди.
Йигит зўрға қўзғалди.
Улар кетма-кет оғир қадам ташлаб боришар экан, қош қорайиб, ўрикзор орқасида милтиллаб чироқлар кўрина бошлаганини ҳам, орқада, йўл устида юк ортилган машиналари қолиб кетганини ҳам ўйлашмас, икковининг хаёли бир нарса билан, номаълум солдат билан банд эди.
1967