Мамат морбоз Говургоннинг катта сайҳонлигида лўлаболишдек келадиган ёлдор илонни кўрганда сесканиб кетди. Ичига туфлай-туфлай, астағфурулло келтирди. Бунақасини умрида кўрмаган эди. Морбоз баҳайбат илон токи ғopra киргунча изидан кузатиб турди. Илон одам шарпасини сезган заҳоти тезкор ҳаракат қилди. Унинг энди қорамтир ёлигина кўриниб борарди, холос.
Мамат морбоз изига қарай-қарай уйи томон равона бўлди. Ҳаво дим эди. Хаёлга чўмди. Ёши олтмишдан ошиб, морбоз лақабини кўтариб, кўплаб илонларни ўзига бўйсундирган. Аммо бу галгидек сесканган эмас. Юраги гуп-гуп уриб, аъзойи баданини совуқ тер босди. Негадир, оёғи чалишди. Вужудида аллақандай ҳис пайдо бўлди. Шу махлуқни ўзига итоат қилдирмай тинчимаслиги хаёлидан ўтди. Хаёллар оғушида қишлоғига кириб келди. Бўйноқ олисдан югуриб келиб, морбозга суйканиб, эркаланди.
Эрини бир алпозда кўрган Холдон хола турган жойида серрайиб қолди. Тили зўрға айланди.
– Намунча, ҳансирайсиз? Ўзи тинчликми? – дея эрига яқинроқ борди Холдон хола. Мамат морбоз бошини сарак-сарак қилиб, оҳиста “чуқ-чуқ”лади.
– Нақ аждарҳони учратдим. Шундоқ, Говургон сойнинг тўридаги ғopгa кириб, кўздан пана бўлди, – деди манглайидаги маржон тер доналарини рангпаргина рўмолчаси билан сидириб.
Мамат морбоздаги қатъият устун келди. Ўша мугуз ёлли морни авраб олмагунча тинчимаслиги аён эди. Орадан ҳафта ўтиб, ниятини ўғли Ҳамидга ҳам билдирди. Ҳамид эса оғиртабиат, босиқ йигит эди. Кескин фикрли кишиларни унча хушламасди. У отасига юзланди.
– Қўйинг, ота! Бир илондан қолсангиз-қопсиз-да! Айтишингиздан баҳайбат эмиш… Сизга зўрини ўтказса, у ёғи нима бўлади?
– Бир ҳаракат қилиб кўрайчи? Ёнимда турсанг бас, дов урдими, илгарилари шунақаси учраганидан хабаринг бор. Қўлга туширгандик.
Деярли, қирқ йил морбоз номини кўтариб, шу марта чекинса, ундан ўлгани яхши. Бу қилган ниятини мерган дўсти Ҳасанга айтди. Ҳасан мерган ҳам ошнасини бу ниятдан қайтараман, деб уриниб кўрди. Бўлмади.
Узунлиги икки ярим қулочдан узунроқ бу баҳайбат илонга Мамат морбоз неча кунлар куч тўплади. Илонни авраш калимасини эҳ-ей, неча кунлар ичида айтиб юрмади.
Мамат морбоз ўша Говургон сойдаги ғopга жўнаб кетмоқни хаёл қиларди. Ким билсин, қандоқ сиру синоат бор?! Балки, киши билмас аллақандай ғайри-табиий сир яшириндир. Шу илонга етишмагунча кўнгли тинчимаслигини, унга ем бўлиб ёки унга эришиб, ғолиблик нашидасини татимагунча на турганида, на ўтирганида ҳаловат борлигини дўстидан яширмади. Мамат морбознинг ўғли ҳам мерганга ёрилди:
– Жон бобо, отамнинг айтганини қилайлик. Бирга бориб ҳеч бўлмаганда белидан арқонни боғлаб қулочкашлаб тортиб турармиз. Худо хоҳласа, бу ишни эплармиз, нима дедингиз, бобо?!
Ҳасан мерган ялт этиб Ҳамидга юзланди.
– Мен ҳам шу фикрга келдим. Отанг барибир, унга эришмай қўядиган чўти йўқ.
Ғopгa бориш пайшанба кун эрталабга режа қилинди. Нимаики, яхши ният қилинса, ижобат бўладиган яхши кун дейилди. Бунга жиддий ҳозирлик кўрилди. Беш-олти қулоч арқону қўш оғиз милтиғини мерган оладиган бўлди. Ким билсин, бу баҳайбат илон морбозни дамига тортса, нима кўргилик бўлади. Ҳасан мерган шартта қўш оғизни ишга солиб, отади, ташлайди.
Шу кеча Мамат морбозга тонг отмасдай туюлди. У ёқдан-бу ёққа ағанади. Ҳар кўзи илинай деганда, сачраб кўзидан уйқуси қочарди. Тонгга бориб кўзи илинди. Қараса, ажабтовур туш кўрибди. Ўша кўрган баҳайбат илон билан олишармиш. Бир пайт устун келиб, илоннинг бошини танасидан жудо қилибди. Алаҳсиб уйғонса, туши экан. Илондан устун келгани Мамат морбознинг кўнглини кўтарди. Ташқари чиқди. Тоғ бағридан оппоқ мунаввар тонг оқариб келмоқди эди. Наридан-бери таҳорат олиб, номозга йиқилиб-турди.
– Маматбой, ҳой, Маматбой! Уйдамисиз? – дея Ҳасан мерган узоқдан шовур берди. Кечаги тушидан сархуш тортиб, кўнгли тонгдек ёришганидан морбоз ошнасига пешвоз чиқди.
– Келинг, келинг, дўстим. Уйдаман. Қани-қани, ичкарига… Зап келибсиз. Ҳамидни жўнатсаммикан, деб тургандим. Дарвоқе, бугун нима кунлигини биларсиз?..
– Биламан, биламан. Бугун сиз илонни авраб, қўлга киритадиган кунингиз. Ишқилиб, ғордан чиқиб кўриниш берсин-да! Бўлмаса оворагарчилик бўлади.
Икки дўст бир-бирига ҳазил-ҳузул қилишиб, кулишди.
Улар бир пиёла чой баҳона ичкари киришганда, қуёш Боботоғ бағридан мўралаб, заррин нурларини борлиққа сочаётган эди.
Дастурхонга фотиҳа тортилди. Апил-тапил, эрталаб салқинда Говургонсойнинг қорасини олмаса, куннинг иссиғига қолишади-да!
Мешда муздек сув, белбоққа эса ёғли патир олишди. Бу дала-даштда асқотади. Айни терлаб-пишиб илон билан олишув чоғида иш беради. Мамат морбозни йўлда ўй босди. Мард кетишга – мард кетди-ю, бу ёғи нима бўлади? Олдинлари кўпам бунақанги таваккал иш тутмаган. Хайрият, ёнида алпқомат ўғли, қолаверса, кўпни кўрган, отган ўқи бехато ўлжага тегадиган ошнаси бор.
Қуёш таёқ бўйи кўтарилган эди. Ҳаво дим, осмонни тарам-тарам булут қоплади. Бир-икки кун илгари ёққан қисқа фурсатли ёмғирдан ўт-ўланлар юзини ювиб, қуёш нурида қўзигуллар сарғиш ранги билан чор-атрофга чирой бахш этади. Узоқдан арғимчоқ солиб учаётган бир тўп турнанинг овози кўнгилларга аллақандай ҳис бағишлайди. Юракда яшириниб ётган ажиб воқеаларни эсга солади.
Морбознинг сархуш ўйларига Ҳасан мерганнинг гап қотгани халал берди.
– Маматбой, нима бўлгандаям, қуруқ қайтмасак, деймиз. Баъзи пайтлар илонлар кулча бўлиб, ташқари чиқай демайди-да, савил! Чунки туни билан ов қилади. Толиқади.
Мамат морбоз ошнасининг ушбу гапларидан сергакланди.
– Шунақаси ҳам бўлади. Ҳатто ярим кунлаб, баъзида эса куни бўйи пойлаган вақтим кўп бўлган. Нима бўлгандаям, дами-дуони ишга соламиз. Унга ҳам аҳволи аён бўлган менинг бораётганим.
– Шунақами, ҳали? – дея Ҳасан мерган ажабланди. Гапни эшитиб келаётган морбознинг ўғли гапга аралашди.
– Ота, ўзи қаерда ўша ғop? Яқинлашдикми?
– Ҳа, мана, ҳозир келамиз, – морбоз ўғлини тинчлантирди. Юра-юра, охири ғopra ҳам етиб келишди. Лаш-лушини шундоқ чимўтлар устига омонатгина қўйишди. Ҳамид чилвирни ўрамидан ечди. Калта арқонни узун чилвирга қўшиб маҳкам боғлади. Қулочлаб кўрган бўлди. Салкам саккиз қулоч чилвир етиб қолар. Мамат морбоз эса, ғор оғзидан қадамлаб, ҳар ўн қадамда бир чизиб, жами ўттиз қадамча масофани уч чизиқ тортиб келарди. Эгнидаги оғир буюмларни морбоз ечиб, ўғлига тутди. Мерган қўшоғизнинг сумбасига яккакўз бўлиб қаради. Ўқни жойлашдан олдин сумбани пуфлаб, ўқ жойлади.
Мамат морбоз эса биринчи чизиққа яқин бориб чўккалади. Кўзларини хиёл юмиб, ичида пичирлаб, илон авраш дуосини ўқишни бошлади. Ўғил билан мерган морбознинг белига боғланган арқонни қўлларига ўраб олиб, орқароқда тик туришди. Морбознинг юзини маржон-маржон тер босиб борарди. У кўзини хиёл очиб, ғор томон юзланди. Негадир, ғop тўрида яшиллик ялт этгандек бўлди. Бир сония кўзга ташланган бу қулф – яшиллик йўқолиб, ўрнини кўзга элас-элас ташланадиган билинар-билинмас шафақ эгаллади. Негадир Мамат морбозни ваҳм босди. Бу сиру синоат ўғли Ҳамидга ҳам, дўсти Ҳасан мерганга ҳам намоён бўлмади. Бу сиру синоат морбозгагина намоён бўлар, бу турфа рангларни ҳар кўринганда морбоз бошқача бўлиб кетар. Ўтирган жойидан сапчиб ўша тарафга жўнаб кетгиси келарди. Ўзини аранг босиб, калима келтириб, бу хилдаги хом хаёлдан ўзини тиярди.
Унинг аъзойи баданини совуқ тер босди. Кўйлаги эса сиқиб олгудек жиққа терга ботди. Биринчи чизган чизиғи ярмига силжиб борганини ўзи ҳам сезмасдан қолди. Ўғил билан мерганни ҳам аллакандай ваҳм босиб, қўрқув устун келарди. Ҳадемай, морбоз биринчи чизган чизиғидан ўтиб кетди. Мергандан кўра ҳам ўғли Ҳамид арқонни маҳкам тортганича, нималар бўлаётганига ҳайрон.
Мамат морбоз ўқиган калималар киши англамас тарзда бўғзидан зўрға отилиб чиқарди. Ҳасан мерган бунақанги воқеаларнинг кўпининг гувоҳи бўлганиданми, эшитганиданми, хуллас, ўзини аллақандай бошқача ҳис қила бошлади. Аммо биринчи чизиқ аллақачон ортда қолиб, иккинчи чизиқ сари иширилиб жўнаганидан Ҳасан ҳам хавотирга тушди. “Куппа-кундуз куни ўз оёғида келиб илонга бериб қўйсак, қишлоқ аҳлига, айниқса, морбознинг аёли Холдонга нима деймиз?” деган хаёлда Ҳамид арқонни маҳкам қўлига ўраб орқага тортди. Мамат морбоз эса орқагамас, сурилиб олдинга кетарди. Ҳамид ранги оқариб тилга кирди:
– Бобо, бу нима деган гап?! Иккинчи чизиққа борай деяпти! Нима қил дейсиз? Отам ҳансираб, тили ҳам тортилиб бормоқда. Зўрига йўлиққан кўринамиз!
– Сабр кил! Яратгандан беизн одамзотга тикан ҳам кирмайди. Бир мўъжиза рўй берса ажабмас!
Иккинчи чизиқдан энди ўтай деб қолган Мамат морбознинг аҳволи танг эди. Деярли охирги кучини ишга солиб, жонҳолатда бўғилиб калима қайтарарди.
Шу пайт ғop оғзида бир нарсанинг хумдай боши кўзга ташланди. Бу аниқ ўша махлуқ эди. Ер рангига сингишиб олиб, рақиби сари судраларди. Рақибидан устун келаётгани унга аён эди. Бу баҳайбат махлуқ ҳам мугуз ёлини икки тараф селкиллатиб ҳаракат қиларди.
Йўғонлиги одам сонидек келадиган илон билинар-билинмас олға силжирди. Туйқус бошини баланд кўтариб, айри тилини ҳавода ўйнатди. Унинг бу хилдаги ҳаракатида қандайдир киши билмас ғолибона сиру синоат намоён эди.
Ҳолдан тойган Мамат морбоз жиққа терга ботиб, кўзларини зўрға очар, жонҳолатда бир қўли билан томоғини ишора қилди. Томоғи қақраб кетгани тайин эди. Ҳамид мешдаги муздек сувни Мамат морбознинг оғзига тутди. Морбоз “қулт-қулт” ичган бўлди. Аъзойи бадани сергакланди. Ҳамид отасининг юзини ҳўл белбоғ билан артди. Барибир, морбозда мадор йўқ эди. Бутун куч-қудрати илон ўқишга сарф бўлиб, ўзини лоҳас ҳис қиларди. Ҳасан мерган ошнасининг ёнига чўккалади. Қарасаки, устидаги ҳаворанг йўл-йўл кўйлагининг барча тугмаси қадалиб турибди. Ҳасан мерган Мамат морбознинг қулоғи узра энгашди.
– Садабингизни бўшатинг, садабни! Эшитяпсизми?! Садаб, садабни! – Ҳасан мерганнинг охирги гапи жонлироқ чиқди.
Fop оғзидан каптарлар “пар-р” этиб учди. Мамат морбоз дармон тарк этган қўлларини кўйлаги тугмаларига олиб борди. Лекин учала тугмани ҳам бўшатишга дармони етмади.
Ер бағирлаб, олдинга интилаётган илон айри тилини ҳам чиқармасдан, шаштидан тушди. Тош устига бошини қўйган кўйи қимирламай қолди. Ҳасан мерган билан Ҳамид қотиб қолишди.
Мамат морбоз ҳолдан тойиб, ёнбош ҳолда зўрға нафас оларди. Қўллари мешдаги сувга мажолсиз чўзиларди. Ҳамид отасининг бошини тиззасига олди ва яна муздек сувдан ичирди. Мамат морбоз бир-икки тамшаниб, қўли билан бўлди ишорасини қилди.
Илон қимир этмай ётарди. Бу махлуқдаги ички ботиний сир ёлғиз Мамат морбозгагина аён эди. Бу ички ботиний туйғуни ифодалаш мавруди эмасди. Бу сирни ошкор этмаслик ёлғиз морбозларга хос ички сир-синоат эди.
Қўшоғизни маҳкам тутган Ҳасан мерган илондан кўз узмай турарди. Морбоз қўли билан милтиқни пастга тушир, ишорасини қилгач, Ҳасан мерган ҳамма ишга якун ясалганини тушуниб етди.
Морбоз ҳансирашдан тўхтаб, ўзига келгандек бўлди. Ғолиб морбознинг аъзойи баданини чарчоқ, зирқираш азоблари ҳали тарк этмаганди. Умри бино бўлиб биринчи чизиқдаёқ ҳар қандай илонни қўлга киритган бўлса-да, бу сафар ҳар бирининг ораси тўрт-беш қулочдан келадиган чизиқлардан иккитаси ортда қолиб, учинчисидан ҳам ўтиб кетай дебди. Буни морбоз ўзига келгач ҳис қилди.
Ривоят қилишларича, кимки илоннинг лақабини топгудек бўлса, бу илоннинг енгилгани бўлар эмиш. Мерганнинг ногаҳон, “Кўйлак садабини чиқаринг”, деган хитобида илоннинг лақаби айтилган эди.
Уччовлон ўлжа жойланган қопни олиб қишлоққа қайтишаётганда кун пешиндан оққанди…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 8-сон