Олим Жумабоев. Тоза боғнинг боласи (ҳикоя)

Мен бу ҳикояни ошнам Абдуаҳад Жуманқуловдан жуда арзон — таҳририят берадиган қаламҳақи баҳосида “сотиб олганман”. Ўзи ёзса бўлмасмиди, дерсиз? Менимча, бу ишни уддаларди, фақат буни воқеани “пуллаганидан” кейингина тушунди. Бари — насия, лекин қалам ҳақини эгасига жўнатаман.
— Эсимда, — деб гап бошлади жўрам тушлик қилиб ўтирганимизда. — Чамаси ўн ёшларда — фойда-зиённинг фарқига борадиган бола эдим. Томорқадаги бешбармоқ, семеринка, кузак атласи мезон еб пишгач, бувам селитра халтани қўлимга тутиб эргаштирди.
Шамол дов-дарахтларни силкиб, мевасини тўккан, қурт еган, қуш чўқиган, эзилган олмаларни кўриб ич ачир, ташлаб юборишгаям кўз қиймасди. Улар сарғайган ўт-ўланлар, хазонлар орасида бўғилиб борарди, гўё.
Бувам қўшнимиз девори ёнидаги бешбармоқ ёнига етиб деди:
— Битта қолдирмай тер. Увол бўлади. Кесиб том устига ёйсак, қоқини қишда оғзингга ташлаб шимиб ётасан.
— Хўп, — деб дарахт остига югурдим.
Бувам хазонларнинг товон остида оғриқли инграшига чидай олмагандек ҳатлай-ҳатлай нари кетди. Бир-иккита атласни чопонининг енгига тиқди. Мен шошилинқираб барг уйилган дарахт тагини титкилай бошладим: олмаларни саралаб халтага солиб жойладим. Шундай тез ишладимки, зумда халта тўлаёзди. Энди уни тўкиб келиш керак, лекин бунга қурбим етмасди.
Халтани нам ўтлоқда судраб-тойдириб бошлаган эдимки, бувамнинг овози эшитилди:
— Шошма, барини ерга тўк.
Бувам девор оша бир кўз ташлагач, авайлабгина ерга тўкилган олмаларни саралай бошлади: захм еганларни алоҳида, чумчуқ чўқиганини алоҳида.
Мен ҳам кўмаклашдим. Тўғриси, нега уларни ажратаётганимизни билмасдим.
Бир челак олмани кўтариб, қўшнимиз Бўрибой аканикига юрдик. Даричани очиб «ҳай-ҳай»лаганимизни биламан, ичкаридан Сарвиноз янга келаверди. Қўлида челак, ортида Ҳанифа момо. Момом келинининг қўлидан челакни тортиб:
— Ҳей, сенинг ёрдамингдан ўргилдим, – деди ва биз эшитмаслигимиз учун пичирлабгина гап қотди. — Оғир кўтарма! Ҳалол-е! Ишқилиб, бешбармоқдан тишлаб қўймадингми?
Сарвиноз янга ийманибгина бошини чайқади:
— Йўқ…
Биз шу пайти момонинг олдига етгандик.
— Сизга капсан, бу! – деди бувам ҳазиллашиб, челакни момомга узатаркан.
— Нима, қутлуғ уйдан қуруқ чиқарамизми? — деди момо.
Мен пақирда қизил бешбармоқ кўрдим.
Ҳамсоямиз берган капсанни кўтариб, изимизга қайтдик.
Ортимиздан момом қичқирди:
— Ҳали яна берамиз.

* * *

…Мен жўрамнинг ҳикояси тугадими деб қўзғалдим, у ўтиринг, деб имлади.
Лаганбардор қиз ҳисоб варағини келтирди.
— Эртасига роса ёмғир қуйди. Бувам эриниб, айвондан туриб, “Бор, тўкилганларини тер”, деб буюрди. Судралиб томорқага ўтдим. Семиринка тошдек қаттиқ: қиш чилласида пишади. Тўрт-бешта тизилган дарахт бари семиринка эди. Енг шимариб иш бошладим. Бир пайт не кўз билан кўрайки, Нютоннинг бошига тушган олма, менинг ҳам чаккамга тушса денг. Яхшилаб сер солдим: қўшнимиз тарафда ўсган олма бизнинг ҳовлига шох ташлаб турарди. Нима қиларимни билмай гарангсидим, кейин халтадагини ҳам тўкиб ташладим-да, саралашга тушдим. Қанчалик тиришмай, бунинг уддасидан чиқолмадим. Улар бири-биридан фарқ қилмас, нави бир эди. Дарахт танасига суяниб ўтирдим.
Бир пайт бувамнинг овозини эшитдим.
— Болам, териб бўлдингми?
— …
У яқин келиб бошини чайқади.
— Нега термадинг?
Қўшнимиз томондан тарвақайлаган шохга имладим:
— У бизники эмас-ку.
Бувам олмаларга бир қур назар ташлади-ю, пешонамдан ўпиб қўйди.

* * *

Биз тушлик қилиб бўлгач, касса томон юрдик. Тамаддихона ҳисобчиси тўлов қоғозини шошилинқираб олди-да, дўстимнинг гапини эшитмай узатган пулини санашга тушди… Қайта санади. Сўнг қошларини учирди:
— Кўп берибсиз.
Ўртоғим энгашиб ётиғи билан тушунтирди:
— Битта нол ҳам катта гап. Ўн уч минг ўрнига, бир минг уч юз ёзибсиз. Ахир, икки коса ош шунча арзонми?
Кассир опа қоғозга синчиклаб қаради, кўзларида илиқ бир меҳр жилваланди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 24-сон