Олим Жумабоев. Боғбон (ҳикоя)

Изоҳ: Мен бу ҳикояни ошнам Абдуаҳад Жуманқуловдан жуда арзон – таҳририят гононари баҳосида сотиб олганман. Ўзи ёзса бўлмасмиди, дерсиз? Менимча, бу ишни уддаларди, фақат буни воқеани пуллаганидан кейингина тушунди. Бари насия, лекин қалам ҳақи ва ҳикоядан тушадиган ҳар бир чақани эгасига жўнатаман.
– Эсимда, – деб гап бошлади жўрам ўшанда чойхонада ўтирганимизда. – Чамаси ўн ёш – фойда зиённинг фарқига борадиган бола эдим. Томорқадаги бешбармоқ, семеринка, кузак атласи мезон еб пишгач, бувам селитра халтани қўлимга тутиб эргаштирди.
Шамол дов-дарахтларни силкиб, мевасини тўккан, қурт еган, қуш чўқиган, эзилган олмаларни кўриб ич ачир, ташлаб юборишгаям кўз қиймасди. Улар сарғайган ўт-ўланлар, хазонлар орасида бўғилиб борарди, гўё.
Бувам қўшнимиз девори ёнидаги бешбармоқ ёнида етиб деди:
– Битта қолдирмай тер. Увол бўлади. Кесиб том устига ёйсак, қоқ қишда оғзингга ташлаб шимиб ётасан.
– Хўп, майли.
Отам хазонларнинг товон остида оғриқли инграшига чидай олмагандек ҳатлай-ҳатлай нари кетди. Бир-иккита атласни чопонининг енгига тиқди. Мен шошилинқираб барг уйилган дарахт тагини титкилай бошладим: олмаларни саралаб халтага солиб жойладим. Шундай тез ишладимки, зумда халта тўлаёзди. Энди уни тўкиб келиш керак, лекин менинг бунга қурбим етмасди.
…У менга чой қуйиб узатиб, чой қуйиб узатиб, ниманидир хотирлаётгандек бир муддат жим қотди. Кейин чаккасини қашиди.
– Мен селитра халтани нам ўтлоқда судраб-тойдириб бошлаган ҳам эдимки, бувимнинг овози эшитилди.
– Шошма барини ерга тўк.
Бувам девор оша бир кўз ташлагач, авайлабгина ерга тўкилган олмаларни саралай бошлади: юзи қизарган олмаларни алоҳида, сариқ нашватиларни алоҳида.
Мен ҳам кўмаклашдим. Тўғриси, нега уларни ажратаётганимизни билмасдим…
Абдуаҳад мени овқатга ундаб, яна боягидек тараддудланди.

***
– Бир челак олмани кўтариб, қўшнимиз Бўрибой аканикига юрдик. Даричани очиб “ҳай-ҳай”лаганимизча биламан, ичкаридан Сарвиноз келаверди. Қўлида челак, ортида Ҳанифа момо. Момом келиннинг қўлидан челакни тортиб;
– Ҳей, сенинг ёрдамингдан ўргилдим, – деди ва биз эшитмаслигимиз учун пичирлабгина гап қотди. – Оғир кўтарма! Ҳалол-е! Ишқилиб, бешбармоқдан тишлаб қўймадингми?
Сарвиноз янга ийманибгина бошини чайқади.
– Йўқ…
Биз шу пайти момонинг олдига етгандик.
– Сизга капсан, бу! – деди каттаотам ҳазиллашиб, челакни момомга узатаркан. – Нима қутлуғ уйдан қуруқ чиқарамизми? – деди момом.
Мен пақирда қизил бешбармоқ кўрдим.
Ҳамсоямиз берган капсанни кўтариб, изимизга қайтдик.
Ортимиздан момом қичқирди.
– Ҳали яна берамиз.

***
…Мен жўрамнинг ҳикояси тугадими, деб қўзғала бошлаган ҳам эдимки, у ўтиринг деб имлади. Официант ҳисоб варағини келтирди.
– Эртасига роса ёмғир қуйди. Бувам эриниб, айвондан туриб, “Бор тўкилганларини тер”, деб буюрди. Судралиб томорқага ўтдим. Семиринка тошдек қаттиқ: қиш чилласида пишади. Тўрт-бешта тизилган дарахт бари семиринка эди. Енг шимариб ишни бошладим. Бир пайт не кўз билан кўрайки, Эйнштейннинг бошига тушган олма, менинг ҳам чаккамга тушса денг. Яхшилаб сер солдим: пешанамда қўшнимиз тарафда ўсган олма шох ташлаб турарди. Нима қиларимни билмай гарангсидим, кейин халтадагини ҳам тўкиб ташладим-да, саралашга тушдим. Қанчалик тиришмай, бунинг уддасидан чиқолмадим. Улар бири-биридан фарқ қилмас, нави бир эди. Дарахт танасига суяниб ўтирдим.
Бир пайт каттаотамнинг овозини эшитдим.
– Болам териб бўлдингми?
– …
У яқин келиб бошини чайқади.
– Нега термадинг?
Қўшнимиз томондан тарвақайлаган шохга имладим:
– У бизники эмас-ку.
У тўкилган олмаларга бир қур назар ташлади-ю, мени маҳкам қучоқлаб олди.

***
Биз касса томон юрдик. У ер тирбанд эди. Тамаддихона ҳисобчиси тўлов қоғозини шошилинқираб олди-да, дўстимнинг гапини эшитмай узатган пулни санашга тушди. Бир пешанасини тириштирди-да, қайта санади, одамларнинг эътирозига бепарво. Сўнг қошларини учирди:
– Кўп берибсиз.
Ўртоғим энгашиб ётиғи билан тушунтирди:
– Битта нол ҳам катта гап. Ўн уч минг ўрнига, бир минг уч юз ёзибсиз. Ахир, икки порса ош шунча арзонми? Кассир опа қоғозга синчиклаб қаради, кўзларида ажиб ҳис жилваланди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон