Олим Жумабоев. Бир ўзбекнинг хаёли (ҳикоя)

Бугун савдо ўржиди. Асқар қассоб азон бўғизланган ҳўкизни чошгоҳга етиб саранжомлади; сомсахонага тарқатди, полвон “қиз узатди”га деб олди. Кейин ўзининг чори қўчқорини сўйди, униям ўтказди. Элда маърака кўп, гўшт қолармиди? Айниқса, ҳозир илик узилди маҳали, гўштнинг бозори чаққон.
Кеч тушгач, Асқар қассоб гўшт дўконни ёпиб, кетишга чоғланди. Қумқайроқ, пичоқларни латтага ўрай бошлаган ҳам эдики, аёл чақириғидан ўнгланиб, эшик томон бир-икки одим ташлади.
— Бобо, бир кило гўшт тортинг! — деди Муқаддас янга чангакда осиғлиқ чарви ортидан мўралаб.
— Куни билан қаёқда эдинг, келмай? — деди қассоб уни койигандек. — Суяги қолди.
— Югур-югурдан қўл тегармиди? Иш қурғурнинг охири йўқ. Кавласангиз чиқаверади. Тугади деманг, ҳамма масаллиғини тайёрлаб қўйганман.
— Шукурда ҳам гўшт бориди?
— У ёққа бориб келгунча…
Асқар қассоб кулди:
— Учган-тушгани бор, келин! Яна қовурға гўшт! Бир кило чиқмаса, хафа бўлмайсан. Биласан-ку, бизнинг бўрдоқининг суягиям гўштдай гап. Шўрва қилсанг, бетидаги мойни кўравер.
Муқаддас чечанинг юзи ёришди.
— Барибир, суяги камроқ бўлгани, яхши.
— Овқат суяк билан ширин-да! Таъм беради.
Қассоб қолган қовурғани тарозига қўйди; икки палла қимирласа-да, тенглашмади.
— Айтдим-ку, сенга чиқмайди, деб.
— Нега чиқмас экан, ана! Сизга граммигача тенглашмаса, беҳисоб. Бераверинг! — деди бўйнини чўзиб янга. — Овқат кеч қолиб кетмасин.
Бобо гўштни тезда салафанга солиб, Муқаддас чечага узатди.
— Темир дафтарингизга ёзиб қўйинг! — деди у кулиб. — Ҳа, бунча қабоғингизни уйдингиз, кўчиб кетаяпмизми, берамиз.
Асқар бобо қўлини докага артди.
“Об-бо, сал кам бўлди-да! Меҳмонга бораман, дедими? Ярим оқшом кимнинг кўзидан учиб турибди. Доим шу, кеч тушгач келади…”.

* * *

Муқаддас чеча шошилиб кетаркан, хаёлидан ўтказди: “Ҳам ошга, ҳам кўргалига камлик қилади-ёв! Юз грамм кўпроқ бўлганда бола-чақанинг тилига таъм тегарди. Буни кимнинг оғзидан топаман, ҳайронман”.
У йўлда тўхтаб, Шукур қассобнинг кушхонаси томон қадам ташлади-ю, тағин фикридан қайтди.
Дарвозадан ичкарига ҳатлаганида тўнғичи Ойдин қозон бошида тимирскиланиб юрар, ўчоққа ўтин қалаб, аланглаб кўчага қараб-қараб қўярди. У онасига кўзи тушгач, олдига чопиб келди-да, деди:
— Сиз кетгач, у ёқдаям борми-йўқми деб, дугонамникига чиқувдим, топилди. Ўшани амаллаб пиширдим.
Муқаддас чеча ажаблангандек сўради:
— Қоқдек қотиб кетмаганми?
— Бобомникидан берган экан…
— Ҳа, ўтган сафар бизга берувди, бунисида дугонангга… Қишлоқда нечи уй бор, ўҳ-ҳў, унга ўнта қўчқор ҳам етмайди. Ҳа, барибир, ўзимизники-да. Қўрққанидан эмас, сийлаганидан беради, — деди чеча қизига салафанни узатаркан, тўсатдан хаёлига келган фикрдан қувонди. — Қассобникидан гўшт узилмайди. Бошқа нарса… тухумми ё… укангга айт, хўрозни ушласин!
Муқаддас чеча енгини шимариб, капгирни ушлади.

* * *

Қассобнинг хотини Ойсулув момо кун бўйи меҳмон кутди, кузатди. Келин-куёвнинг чилласи чиққан, келди-кетди кўп. Энди кароватга кўрпа тўшаб, чўзилмоқчи эди-ю, эрининг овози эшитилди:
— Дарров чўзилиб олибсан!
Момо уни қаршилади.
— Келин тушириб, бемалол ўтираманми девдим, қаёқда!..
— Тегирмон тоши юргиздингми, кундаги меҳмон-да! Кўрдингми, қўчқор семиз чиқди. Қолганини кўнгилетарларга тарқатдингми? Муқаддас келин гўшт излаб, тентираб юрувди, бермагандирсан!
Момонинг лаблари учди.
— Туёғигача тарқатдим, бу сафар…
Унинг гапи оғзида қолди.
— Яхши қипсан, қўни-қўшни қўй сўйибди, деб эшитса, томоғи тушади.
— Гап сўраб, охиригача эшитмайсиз. Муқаддас келин қуруқ қолди.
Бобонинг пешонаси тиришди. Кароватнинг четига ўтирди.
— Об-бо, аввал гўштни бўлиб, кейин тарқатмайсанми? Аёл зотига сочни мўл бериб, ақлдан қисган-да…
Момо тўнғиллади.
— Меҳмон келувди, нима тишининг кавагини сўриб ўтирадими?
Асқар бобо белбоғини ечиб, хотинига узатди.
— Раҳматга айт, Шукурнинг дўкони очиқ, бориб келсин.
— Ҳали даладан қайтмади, уям барибир чарчаган. Кўчама-кўча ярим оқшом гўшт излаб юрмайди-ку, энди!
— Сен нимани биласан, меҳмон келса, уялиб ўтирмайлик. Ўзим бориб келаман.
Момони ўй тутди.
Бобо чарчаган эса-да, аллақандай ғайрат билан дарвоза томон юрди.
— Чой қайнатсин, келинга айт.
Шу пайт дарича ғийқиллаб, бир қора кўринди.
— Момом оёғини узати-иб ётибдими, дейман?
Муқаддас янга кароват томон келаверди: қўлида кастрюл, лаган устма-уст қўйилганди.
— Нима ташвиш, келин? — сўради бобо.
Муқаддас янга момо билан кўришди.
— Тўйга ҳормага келганим йўқ эди, шунга.
Бобонинг негадир юзига иссиқ қон югурди. У секин изига қайтиб, пул тугилган белбоғини очиб, ип ўралган бир даста беш юз сўмликни олди-да, кўчага юрди.
— Товуқ шўрвадан ичиб кетинг, бобо! Иссиғида яхши-да!
— Бу овқатинг совуса яхши-да, келин! Дарров қайтаман, кетмай тур!
Ойсулув момо Муқаддас янгани кўрпачага ўтиришга ундаркан, бобо ташқарилади.
У Шукур қассобнинг дўконига шошиб “Қутлуғ уйдан қуруқ чиқадими. Неваралар ҳам бобом қўчқор сўйган экан, деб ўтиргандир”, деб ўйларди.
Бобо ширин энтикди, вужудида ажиб титроқ уйғониб қадами тезлашди. У тошлоқ йўлда уриниб-суриниб гўшт дўконига ошиқарди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 25-сон