Одил Ёқубов. Аброр ака (этюд)

У киши саҳнадагина эмас, ҳаётда ҳам қуйиб қўйган Отелло эди. Эгнида эскироқ мовут пальто, ялангбош, деярли оқ ораламаган қалин жингалак сочлари бир оз тўзғиган Аброр ака аксарият театрдан чиқиб Хадрагача келар ва Шайхантовурга қараб пиёда кетар эди…
Унинг қиёфасида — яғриндор қомати, қийғир бурни, синчков нигоҳли ўткир кўзларида шоирона дард, ҳис акс этиб турарди. У йўловчиларнинг саломларига, «Ана, Аброр Ҳидоятов!» деган шивир-шивирларига эътибор қилмас, ўз ўйлари билан банд, оҳиста одим ташлар эди. Мен кўрган пайтларимда Аброр ака бетоброқ эди. Баъзи бир обивателлар у кишининг шаънига майда гаплар тарқатарди. Лекин бу сиймонинг обрў-эътибори шу қадар баланд эдики, бу гаплар у кишининг қадрини тушириш у ёқда турсин, яна ҳам оширар эди. Унинг номи ҳаёт вақтидаёқ ажойиб афсоналар билан ўралган эди…
Аброр аканинг олтмиш ёшлик тўйи. «Отелло» спектаклининг беш юзинчи марта қўйилиши!..
Аброр ака — Отелло, эгнида қизил шоҳи кўйлак, белида қизил шоҳи белбоғ, қулоғида «тилла» сирға, қоп-қора чеҳрасида виқор, вазминлик, олижаноблик, тишлари ярқираб саҳнага кириб келди. Кириб келдию, саҳна ҳам, театр ҳам эсимдан чиқди. Чунки кўз олдимда Аброр Ҳидоятов эмас, ўша Шекспирни илк бор ўқиганимда тасаввур этганим — Отелло турарди!
Унинг ҳар бир ҳаракати, Дездемонага тикилганда кўзларида порлаган чексиз муҳаббат, овозидаги титроқ, киборлар олдида ўзини тутиши, ўз қадрини билиши, марддиги — ҳамма-ҳаммаси менга таниш, худди мен тасаввур этган Отеллонинг ўзгинаси эди. Мана, Отеллонинг бутун олижаноблигини, болаларга хос самимийлиги, поклигини очиб берувчи дастлабки саҳналар ўтиб, қалбига рашк чўғи тушди.
Одатда, танқидчилар бу саҳналар тўғрисида гапирганда Отеллони шерга, йўлбарсга ўхшатадилар. Лекин рашк азобида тўлғанган Аброр Ҳидоятов шер ҳам эмас, йўлбарс ҳам эмас, саҳнада чарх урган бир чўғ, қизил шоҳи кўйлак ичида мавж урган олов, тафтига ҳеч ким бардош беролмайдиган бир аланга эди! Бу оташ, бу аланга кенг саҳнада жавлон урар, ҳаммани куйдирар, ёндирар, ўзи ҳам тамошабин кўзи олдида ёниб борар эди…
Унинг овозида ҳам баҳор латофати, ҳам мамақалдироқ садолари, ҳам ўзбек ёзининг ҳарорати мужассам эди. Унинг инсон юрагидаги энг нозик туйғуларни ифодалай оладиган, бир зумда юз хил оҳанг касб этадиган ажойиб овози-чи? Унинг таҳқирланган қалб фарёдларига тўла машҳур «ҳимм»лари…
Унинг Дездемона жасади устида тўккан кўз ёшлари-чи? Йўқ, бу — тамошабинни йиғлатиш учун моҳир актёр тўккан кўз ёшлар эмас, бу улуғ фожиага учраган улуғ инсоннинг, Отеллонинг кўз ёшлари эди! Зотан, Аброр аканинг «Отелло»сида тамошабин йиғламас, чунки кишини кўз ёшидан ҳам зўр бир туйғу чулғаб олар, Аброр ака тамошабинни ларзага солар эди.
Спектаклдан кейин қарийб чорак соатли қарсаклардан сўнг, Аброр ака, эгнида Отеллонинг заррин тўни, Отелло гримида саҳнага чиқди.