Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Кунлардан бир кун (ҳикоя)

Катта қора пашша тинимсиз ғинғиллаб дераза ойналарига ўзини уради, хона торлик қилаётгандек, ёруғ дунёга чиқиб кетмоқчи бўлади, бетоқат ғинғиллайди, қанотларини визиллатиб яна ойнага ёпишади, яна ғинғиллайди…
Деразанинг тагида ётган уста Собитали туш кўрарди. Тушида бундан эллик йиллар чамаси наридаги – йигирма беш ёшлик даврлари. Эгнида оппоқ сурпдан яктак-иштон, оёғи яланг, қандайдир маҳобатли боғда танҳо ўзи сайр айлаб юрган эмиш. Оёқ остларида тупроқ эмас, кўнгилларни яшнатгувчи хушбўй, баданларни яйратгувчи майин майсалар. Боғнинг на боши бор, на адоғи… У тўхтаб, ҳадеб тепасига қарармиш: ажабо, осмон кўринмайди, осмон йўқ, осмон ўрнида бири иккинчисига чирмашиб кетган тарвақай шохлар! Бир дарахтнинг ўзида беш-олти хил мева пишиб, шарбатлари оқиб ётибди. «Бунақа боғ етти ухлаб тушимга кирмаган. ё… жаннатга тушиб қолдимми?! Наҳотки, мен… – Юраги ҳаприқиб, ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўяёзибди, лекин бунга қандоқ ишонсин! – Жаннат, ахир, у дунёда-ку! Ёки мен ўлдиммикан? Қачон?!»
Йўғ-э, туш кўраётган бўлсам керак, дермиш тушида.
Бирдан ҳаммаёқни ғинғиллаган товушлар босиб кетибди. Уста ҳайрон: қайси гўрдан пайдо бўлақолди бу уйинг куйгурлар? Боши нега ғувиллаяпти? Пашшами? Дарвоқе, пашша унинг бошида нима қилади? Ё тавба, миясини кемиришяптими? Ҳа, ҳа, пашшалар устанинг боши ичига кириб олиб, ниманидир талашиб-тортишиб ейишар, ўзлари кўринмас, лекин тинмай ғинғиллашар эмиш. Ана холос! Еса-ку майли, ғинғиллашига бало борми, дермиш Собитали. Ва тасаввур қилганмишки, боши бош эмас, юмалоқ бир хум: ичи тўла емак эди, еб битирилди; очофат пашшалар галаси ғинғиллайверди, яланг-тақир хумнинг ичи жаранглайверди, жаранглайверди. Ғи-и-инг… ғи-и-инг… Бу мудҳиш товуш асаб-ку асаб, тоғни ҳам емириб юборар! «Э худо, жаннатга олганинг нимаю бундай азобга қўйганинг нима, менга бундан дўзах дуруст эмасмиди? Ҳалол ўтказган умримга сийловингми бу? Меҳнатимга мукофотингми? Қўй-э!» Ғи-и-инг… ғи-и-инг…
Уста Собитали чўчиб уйғонди. Вужуди карахт. Ҳалигилар тушида эдими ёки энди туш кўра бошладими – билолмади.
Пашшалар ҳануз ғинғиллашар, устанинг асабини қақшатишар эди.
Бир вақтга бориб уста ҳушига келди: шифтни кўрди, фикри тиниқлашди. Қаерда ётганини эслади. Уйғониши баробар танасидаги эски, ланж оғриқ ҳам уйғонган эди, зўрая бошлади. Уста кучанди: афти буришди. Шу палла… ғинғиллаган товуш асли қаердан келаётганнни билиб қолди, билдию ҳафсаласи пир бўлди. Энтикиб-энтикиб, ҳозиргина кўрган тушини қўмсади. Майли, пашшалар ғинғиллашсин, миясини, майли, талайверишсин, аммо-лекин қандай ширин дамлар эди у! Жаннат, жаннат-а! Уч ойдан буён ўлим тўшагида ётганини ҳам, қуруқ жасад танасига ўрнашиб қолган зериктирарли ланж бир оғриқни ҳам, қўйингки, уч ойлик руҳий азоб даҳшатларнни бир зум бўлсин-да, унутган эди, ахир! Туши нега қисқа бўлди? Уйқисидаёқ ўлиб қўяқолгани тузук эмасмиди?! Тинчгина…
Уста нурсиз кўзларини шифтга тикканча, товушсиз, кўз-ёшсиз, юзида ўлик ифода қотиб, йиғлади. Уч кам саксонга кирган бу чол тирикликни эмас, йўқликни соғиниб йиғларди…
Қатта қора пашша эса, ҳамон асабий ғинғиллайди, қанотларини визиллатиб ўзини ойнага уради, яна ғинғиллайди…
«Дунёда биронта бўлсин имонли банда йўқмикин, шу худо олгур пашшани деразанинг ёнидан ҳайдаб юборса!», деб ўйлайди уста.
Қисқаси, булар ҳаммаси кечаги гаплар. Кеча яна кўп гап бўлиб ўтди: чол тинимсиз алаҳсиради, ўғилларини чорлади, қизларини чорлади, кампирини ёнидан бир қарич ҳам жилдирмади. Юзида, кўзларида ўлим шарпаси яққол нуқс кўрсатди. Тамом! Кампир беихтиёр қишлоқ дастурхончисиникига чопди, чўлда деҳқончилик қилаётган тўнғичига зудлик билан одам юбортирди, хуллас, бўлажак ҳодисага зимдан тайёргарлик кўра бошлади.
Лекин… Лекин уста Собитали кеча ўлмади, тунда бир-икки безовта бўлдию шу билан уйқуга тинди. Бугун эса, тонг отар-отмас кўзини очиб, ҳатто ўзи ҳам ҳайратга тушди. Ҳайратга тушмай илож ҳам йўқ эди: ахир, тузалдими бир кечада, нима бало! Вужуди бу қадар енгил, оғриқ қани? Гўё ер юзини дув босган сел, билмаймиз не сабаб билан бир кечада ариди-қўйди. Ақли-ҳуши жойида, сўлиган томирларида қайтадан қайноқ қон изғимоқда.
«Қудратингдан ўргилай-да, эгам!»
Чол хотиржам ётган кўйи оёқларини қимирлатиб кўрди: дуруст! Рўйжа остидан қўлларини авайлаб суғурди-да, буришган-тиришган юзини сийпалади: дуруст! Ётаверганидан қотиб кетган кўрпага тирсагини тираб, қад ростлашга уриниб кўрди; ҳақиқатда дармонга кирибдими ё бениҳоя ориқлаб кетганидан жуссасидан тош қочганми, ҳартугул бу мақсадига ҳам осонгина эришди: дуруст! Мана шу ҳолича – баланд ёстиққа суянгану ярим ётган-ярим турган кўйи тонг оттирди.
Уйнинг қайсидир бурчида калтакесак чирқиллади, нойгакда ётган кампир қимирлади. Аста ўнг елкасига ағдарилиб, ғайри шуурий тарзда нималардир деб шивирлай бошлади, сўнг инқиллаб-синқиллаб ўрнидан қўзгалди.
Кампирининг узил-кесил уйғонганини сезган уста чийилдоқ овоз билан:
– Кунлар ҳалитдан исиб кетибдими? – деди. 
Кампир индамади, аммо чолига кўзи тушиб қўрқиб кетди: уста дераза тарафга тикилганча ўтирар эди.
Уйнинг шувоғини қўлдан чиқариб қўймасак бўлмайди, – деди у кампирини тағин ҳайратга солиб, – калтакесак босиб кетибди.
Кампир чироқни ёқди, қўрқа-писа яна чоли тарафга қаради. «Эй худованди карим, бечорани мунча қийнайсан? Оладиганингни олиб қўяқолмайсанми, ахир…», дея минғирлаб даҳлизга чиқди. Унинг шарпасидан даҳлизда сергак ётган иккита жувон – қизлари сапчиб туриб кетишди. Улардан бири ўттиз, иккинчиси ўттиз беш ёшлар чамасида эди.
– Отам қалай? – деб сўради ёшроғи уйқу аралаш, ташвишланиб.
–Ўзи асрасин, – деди кампир синиқ бир товушда. – Эрталабдан алаҳсираши бошланди.
– Уф-ф…
Аммо уста соғайиб кетган эди.
Дармон бўлсин, деб нонуштага атала қилдилар. Чол, иштаҳаси очилиб, анчадан бери биринчи марта тўйиб овқатланди. Сарғимтир, заҳил юзига андак бўлса-да ранг кирди. Бироқ, ҳадеганда гап гапга қовушавермади. Кампир кечаги хатти-ҳаракатларидан номус қилиб, устанинг кўзига тик қараёлмай ўтирар, ўғил-қизлари ҳам миқ этишмас, афтидан, ана кетди-мана кетди бўлиб ётган чолнинг кутилмаганда соғайиб қолгани ҳаммани довдиратиб қўйган эди.. Фақат, чолнинг аталани хўриллатиб ичишигина ўртадаги жимликни бузиб турарди. Аталанинг кетидан чойхўрлик бошланди. Яна жимлик. Гўё оғиз очса, кўнглидан кечгани фош бўлиб қоладигандек, ҳамма саросимада. Ахийри, чол чидамади, жиғийбийрони чиқди:
– Талқон ютганмисан баринг? Ё азага келганмисан бу ерга?! – дея чийиллаб берди.
Устанинг бу дағдағаси булоқнинг кўзини босиб қолган тошни илкис учириб юборган эди: дастурхон теварагидагилар бирдан тилга кирди. Кампир сигирининг бугун ҳар кунгидан дадилроқ сут берганини айтди.
– Лекин қимир-қимир қилавериб жонимга тегди, – деб қўшиб қўйди у. – Пақир энди тўлганда туртиб юборса бўладими…
Катта қиз, аксинча, сигири туғмаётганидан нолиди.
– Болаларим сут-қатиққа тўймаганигаям анча бўлди, – дея афсусланди.
– Қисир қолгандир-да, – деди кампир билағонлардек. – Сигирлар қисир қолса, туғмайди.
Уста бош қимирлатиб, кампирининг гапини маъқуллади, сўнг пиёлани дастурхон устига қўяркан:
– Эрингга айт, сотворсин, – деди. – Сотиб, пулига ёшроғидан бўлсаям, туғадиганидан олсин. Қисир сийирни боқдинг нимаю ем-хашагингга ўт қўйиб юбординг нима?
Шу билан сигир тўғрисидаги гап тугаб, суҳбат мавзуи далага кўчди. Қенжа ўғил Абдувоҳид шундай долзарб пайтда тракторининг бузилиб ётганига ичи ачиб, вақтида эҳтиёт қисмлар топиб беролмаётган совхоз инженерининг гўрига роса ғишт қалади.
Уста ўғлининг қизиққонлигига бир оз маҳлиё боқиб турди-да, сўради:
– Чигит тушдими ерга?
– Экиб бўлганмиз-у, даштдаги ерлар шундоғича турибди-да ҳалиям.
Чол афсус дегандек бош чайқади.
– Асли, биргадинг одаммас! Ҳов бирда унга айтганидим, даштгаям, оқтупроққаям, икки-уч йил бошқа экин экиб тур, синалмаган ерга чигит қадаб обрў орттирмайсан, девдим, билганидан қолмади.
– У карталар бари бир ҳисобга кирмайди, ота. Ҳосили эски пилон бўйича кетаверади.
Уста қаршисида гўё ўғли эмас, маслаҳатини назарга илмаган ўша бригадир ўтиргандай, ёмон ўқрайди.
– «Қетаверади» эмиш, қилаётган меҳнатинг-чи уям ҳисобга ўтмайдими? Қанча уруғликни ҳайф қилади, қанча одамни сарсон қилади, олгани – бир ҳовуч нарса! Ҳе нодон, нодон-а.
Шу тариқа нонушта тугади. Чол қизларига жавоб бериб юборди.
– Бораверинглар энди, – деди у. – Далангга чиқ, мол-ҳолингга қара, мен тузукдайман, хавотир олмай кетаверинглар.
Ўзи эса, кенг, қора лас тўнига ўраниб, ташқари чиқди. Ҳеч кимнинг ёрдамисиз, қўлловисиз, ҳассага таянганча, ўзи чиқди. Эшик тагидаги супачада узоқ туриб қолди. Ёруғдан кўзлари қамашди. Қейин ҳовлисини томоша қилди, соғинган экан, кўнгли алланечук таскин топди. Ҳаммаси жой-жойида турибди-я! Ана, Абдувоҳиднинг трактори, олдин қаерда бўлса, ҳалиям ўша ерда қантариғлиқ; ҳатто молхона туйнугидан чиқариб ташланган гўнг ҳам ўшандайича… Ҳовлиси, ўзининг макони, қадрдон манзара – булар бари бир бўлиб, уч ой, эҳтимол ундан ҳам ортиқроқ, чет бурчакда қазои муаллақини кутиб ётган, ва лекин, бугун негадир туйқус жисми жаҳонини ўртагувчи оғриқдан фориғ бўлган уста Собиталига ёқимли кайфнят ато этди. Ниҳолларни қаранг! Ўтган баҳорда ўз қўллари билан тиккан эди. Э-ҳа, барг ёйибди! Тавба, нега буни дарров илғамади – кўклам-ку бу, ахир, кўклам! Далакўчадаги бир туп катта ўрик шиғил ғўра тукканга ўхшайди. Воҳ-ҳа!
Уста Собитали эҳтиётлик билан зинадан пастга тушди, ҳилкиллаб, чорбоқэшик томон қадам ташлади. Невараси Абдуҳалил чуғур-чуғур қилиб, унга эргашди. Чол баҳоли қудрат уч-тўрт қадам босиб тўхтар, пича нафасини ростлаб, яна юрар эди. Абдуҳалил бувасининг атрофида пилдираб, уни тезроқ юришга ундарди.
Чорбоқэшикка етиб келишди. Чол ҳассасини деворга суяб, остонага чўкди. Абдуҳалилни ўзига тортди, тиззаларининг орасига олиб суймоқчи бўлди. Бола қоқсуякка айланиб қолган бу вужудга яқинлашишдан чўчидими ёки устадан келаётган қўланса ҳид кўнглига ўтирмадими, бир силтандию қўлдан чиқиб, далакўча ўртасидан чопқиллаб кетди. Ҳовлиққанидан йиқилиб тушди, тура солиб яна чопди, Уста бир нима дейишга ҳам улгурмади. Неварасининг ортидан тикилиб қоларкан, хаёли қочди. Қачонлардир ўзининг ҳам бола бўлганини, мана шунақа шаталоқ отиб, тупроқларга беланиб ўйнаганларини ҳузур қилиб эслади.
Ёшлигида дадаси билан онаси уни «Вой менинг тегирмончи ўғилгинам»; «Тегирмон, тегирмон, ўйинқароқ боламан», деб эркалатишар эди. Чанг-тўзонларга ҳам қарамай, куни билан кўчаларга думалаб ўйнаган Собиталининг афт-ангори кечга бориб тегирмончиникидек бўларди-қоларди-да. Эҳ-ҳе, у даврлар… Собитали ҳам бола, кичкинагина болача эди, ахир! Ишонгиси келмайди кишининг. Энди-чи?
Уста Собитали уч ой қандай касал билан оғриганини ҳам билмайди, шунинг учун бировга нолимайди. Қариди энди, тамом-вассалом! Туғилган эди, яшади, қариди, мана энди ўлиши керак – бунинг нимасидан нолийди? Қимга нолийди? Унинг ўлиб бораётганини ўғил-қизлари билмайди дейсизми – билади! Лекин нима қила оларди улар? Мана, масалан: ўзининг ота-онаси бормиди? Бор эди. Уларнинг ҳам ота-оналари бўлганми? Бўлган. Қани у инсонлар? Энди йўқ, ҳаммаси ўлиб кетган, демак, навбат унга етди – ҳаёт шу-да!
Уста билади, ўлим қачондан бери остонаси остида пусиб ётибди, вақт-соатини кути-иб. Лекин қўрқмайди, хотиржам тутади ўзини. Ора-сира ҳушига келсагина ўйлаб қолади, ҳаётнинг, ўлимнинг тубига етишга ҳаракат қилади, етолмайди. Ҳатто бир сафар, қани энди умрнинг ҳар кунини яшаб бўлгач токчага тахлаб қўяверсанг-да, керак бўлганида истаганингни олиб қайтадан бир яшаб кўрсанг, деб орзу ҳам қилди. Тавба, жинни бўлмаса, оппоқ соқолли кап-катта одам шунақа орзу қиладими! Лекин, фақат бир сафар шундай ўйлади, ўшанда ҳам, қачон эсига тушса, ўзндан кулиб юрди… Ёнгинасида жаранглаган овоздан чол ҳушига келди.
– Катта, ғўра оберинг, кў-ўп ғўра оберинг, катта, – дерди Абдуҳалил тинмай.
Уста кўзини бир юмиб очди.
Хаҳ, хаёл қурғур одамни не ёқларга бошламайди! – деди. Қейин, боланинг илтижо тўла нигоҳига дош беролмай, ерга қаради. – Дармоним йўқ, болам, каттанг қариб қолган энди. Муни қара, оёқ-қўлим қалтираб ётибди.
Боланинг бу билан иши йўқ эди, яна ҳархаша бошлади:
– Олиб беровринг, катта, би-ир тош отинг…
Чолнинг кўнгли чўкди: «Болада нима гуноҳ? Унга ғўра керак! Ғўрани мен олиб беришимни тилаяпти».
Уста энди деворга тармашган ҳам эдики, дарвоза олдида енгил машина тўхтагандек бўлди, шу заҳоти сигнал эшитилди.
– Ана, амакинг келди, – деди чол неварасининг хаёлини ғўрадан чалғитиш учун. – Чоп, дарвозани оч!
Абдуҳалил: «Амаки!» деб қичқирганча кўча тарафга учди.
Уста Собитали сезган экан: дарвоза очилиб, Ҳомидвой кўринди. Абдуҳалил унга осилиб олиб, чорбоқэшикни кўрсатиб, нималардир деди, ўғли тўғри шу томонга келаверди. Яқинлашган сайин эсанкираётгандек қадами сустлашди. Қиёфасида ҳам ташвиш, ҳам ажабланиш аломатлари:    одатда    ҳар    балони    хаёлига келтиргану кутганининг аксига дуч келган одамнинг қиёфаси шу хилда бўлади.
Ота-бола ҳол-аҳвол сўрашдилар.
– Болларинг қани, опкелдингми? – деб сўради уста дарров.
– Ўзим келдим, ота, йўлим тушган эди, келавердим, – деди Ҳомидвой,
Уста Собитали ёш боламиди, сезмаса? Ўғли ҳовлига кириб келгандаёқ сезди: «Ҳа, кампир-а, кампир…», деб қўйди, лекин билмаганга олди ўзини.
– Ётаверган билан ёғи чиқармиди, болам, – деди у ўғлининг ҳалиям нимадандир ийманиб турганини кўриб. – Қарасам, бугун пича тетикман, бекорчидан худо безор, деб… ҳам ёруғ дунёга чиққим келди… Бор, онанг биланам кўришиб чиқ. Уканг далада, келин иккаласи.
Ҳомидвой қайтиб чиққанида отаси эшик кесакисига суяниб ўтирар, рўпарасида бир киши турар эди. Қараса, Тўрақул деган ҳамқишлоғи. У совхозда сувчилик қилади, Ҳомидвойдан бир-икки ёш катта – элликлар чамасида, лекин ориқлигидан хийла қари кўринар эди.
Қуюқ салом-аликдан сўнг Ҳомидвой уйга кириб эски шолча, иккита тўшак, ўроғлик дастурхон кўтариб чиқди. Сал ўтиб кампир чой келтирди, жойни шу ёрнинг ўзига қила қолдилар.
– Узо-оқдан кўзим тушди, – дерди Тўрақул, – қарасам, остонада кимдир ўтирибди. Наҳот Уста акам бўлсалар, дейман… Худога шукр, тузалиб қопсиз, куч-қувват берсин! – Қейин Ҳомидвойга юзланди. – Чўллардан сўрасак? Бахайр, қелиб қопсан? Деҳқончилик бўляптими? Жир битдингми дейман, жа камнамосан, а?
– Қайда, Тўрақул ака, совхозди ишидан қўлимиз энди бўшади. Ҳеч нима экканим йўқ ҳали. Қўрамиз-да, қовун-тарвуз бўлмаса, мошми, ерёнғоқми…
– Ҳа, тузук. Қаерда юрмасин, деҳқончилик қилган ютади. Ота-бувамиз деҳқон ўтган, биз ҳам шундан ноннасибамизни териб юрибмиз-да, нима дедингиз, Уста ака?
Қам бўлманг, Тўрақул, гапингиз ҳақ. Умримиз деҳқончилик билан ўтди, унча-мунча уй қуриб, устачилик қилганимиз билан тагини суриштирсангиз, бари бир деҳқонмиз! Ҳар кимнинг насибаси ўзи билан яралган, бизники – ерда, Тўрақул, ерда!.. Нондан олинг, Тўрақул, майиздан қўшиб олинг.
Тўрақул уч-тўртта майизни «пуф-пуф»лаб оғзига солди, чой ҳўплади, лунжидагини ютиб бўлиб, деди:
– Ўлманг, Уста ака! Одамдан нима қолади – фарзанд билан меҳнати-да! Қишлоқдаги тўртта уйдан биттасига сизнинг қўлингиз теккан, Уста ака. Эсингизда бўлса, уруш тугаб пронтдан қайтиб келгансизу биринчи бизнинг уйни қургансиз, буларни унутармидик, ахир! Эсингиздами?
Уста ширин энтикди.
– Эсимда, Тўрақул, эсимда. Уйда ҳеч қанча ўтирмовдим ўшанда. ЁЗ эмасмиди, далада иш бошдан ошиб ётибди, одам йўқ. Эртасигаёқ уйга раиснинг ўзи кириб келди. «Ҳа?», дейман. Уялади бечора, чайналади. «Шу… соғ-омон қайтибсан мана… раҳмат! Энди у кунларни кўргилик қилмасин…», дейди-ю, уёғини айтолмайди. Узим сездим: ишга чиқдим – колхозда аравасоз эдимда. Уйларингни ўша пайтлар қурганмиз, эсимда. Унда мана шунақа ҳайбаракалла уйлар қаёқда дейсиз, тўрт томонига тўргта ёғочни тикка қилиб, теварагини девол билян уриб қўя қолардик. Мўйловларинг чиқмаган эди унда, Ҳомидвой иккалаларниг менга кечалари ёрдам қилардиларинг. Дадангиз сизни шогирдликка ҳам бермоқчи бўлган бирда.
– Сизга шогирд тушсам, афсусланмасдим, Уста ака, мана, ўша қурган уйингиз ҳалиям турибди, шувоғиям кўчмаган.
Уста Собиталининг кўнгли эриди, таъби очилди. Қурмарур Тўрақул одамни гапга солишни зап биладида! Тўрақулнинг шувоқни тилга олгани уста Собиталига бошқа нарсани эслатди. Боя ташқарига чиққандан бери ўй суриб, баъзи бир режаларни тузиб қўйган эди, шуни Тўрақулга айтгиси келди.
– Шу уйнинг биқинига равон қурмоқчи эдим. Бир йилдан ошди кўчиб ўтганимизга, ҳали шувоғи битмаган, денг, Тўрақул.
– Қанақа шувоқ қилмоқчисиз?
– Бунинг укаси қумшувоқ қилайлик деяпти, билмадим энди.
– Менга қолса, Уста ака, сомоншувоқ қилинг. У-бу деймиз-у, бировиям ўзимизнинг шу сомоншувоққа етмайди! Бўлмаганда, ташқарисига сомон уринг: уйни иссиқ тутади ҳам мустаҳкам.
Устага бу фикр маъқул тушди.
– Майли, гапингиз гап, Тўрақул! Ўзим ҳам шуни кўп гапираман-у, ҳозиргининг болларига бир нима уқдириб бўладими… Ҳа, энди буёғини эшитинг: ровоннинг рўпарасига қатор қилиб олча экувдим, ҳаммасини қирқиб, гилос улайман, ҳар туридан. Дарвоқе, кўчатнинг вақти ўтмадими?
– Йўқ, ҳозир айни пайти. Нимайди?
– Деволнинг тагига терак кўчат айлантираман. Қарабсизки, беш-олти йилда одам бўпқолади. Терак қадрини уй қурган билади, Тўрақул.
Тўрақул эринмай устанинг ҳар бир гапини маъқуллаб турар, бунга сари Ҳомидвойнинг энсаси қотар эди. «Эшитган қулоқ нима дейди? – дея хаёлидан кечирарди у. – Минг қилгандаям, Тўрақул – бегона. Дўстми, душманми – худо билади. Узинг ликиллаб, бир аҳволда турибсан-у, нафасинг оламни бузади, бунинг ўрнига охиратингни ўйласанг бўларди, демайдими?.. Шунча иш бор экан, ахир, тўртта бирдай жон – биздан қолмас!»
Тўрақул кетгач, пешинга яқин уч-тўртта қари-қартанг устани йўқлаб чиқди. Жойни ичкарига кўчирдилар. Келганлар устанинг ҳамқурлари эди, уёқ-буёқдан олиб бир соат ўтиришди – бу дунёнинг ўткинчи эканини гапиришди, нариги дунёнинг муқаррар азоб-уқубатини гапиришди. Пайтини топиб, уста Собитали сувчи Тўрақулга айтганларини буларга ҳам қайтарди. Кимдир маъқуллади, кимдир рад қилди, кимдир маслаҳат берди Кейин тарқалдилар.
Бу кун шундай ўтди. Кеч бўлди. Отасининг ранги рўйидан кўнгли тинчланиб, Ҳомидвой ҳам чўлга қайтиб кетди.
Ётаролди устанинг чап биқинида санчиқ турди. Сезилар-сезилмас. Лекин кайфияти ҳамон эрталабгидек эди. Чироқни ўчирмади. Уйқу қаёқда, дейсиз. Ўрнини янгилаб қўйишибди: яхши! «Уй битса, бўйнимда Абдухалилнинг чиброни гурибди, – деб хаёлидан кечирди у, юмшоқ кўрпага чўкаркан. – Ҳудо хоҳласа, ниятларим катта ҳали! Новвойларни Исфарадан опкеламан, қулинг ўргилсин нон ёпади-да азаматлар! Лекин, аввал шувоқ ҳилиб олиш керак…»
Шувоқни ўйлаши билан калтакесак ёдига тушди. Калтакесак унга кечаги тушини эслатди. Ё тавба, кундузи лоақал бир мартаям хаёлига келмабди-я! Тушда кўрган-кечирганлари энди кўз олдидан лип-лип ўта бошлади: кўм-кўк, сокин боғ… оппоқ яктак-иштон… оёқ остида момиқ майсалар… ерда юрибсизми, қанот қоқяпсизми – билмайсиз… Жаннат, ҳақиқий жаннат эди у!
«Жаннат» дейиши билан уста пашшаларни эслади, афти буришди. Ғижиниб, бу нохуш хаёлни миясидан қувиб юбормоқчи бўлди. «Жаннатда пашша нима қилади?: – дея ўзини овутишга тушди. – Айтгандай, пашша, ахир, деразада ғинғиллаган эди-ку! Ҳа, ҳа, ўзимизнинг деразада, жаннатда эмас!»
Уста Собитали дераза томонга астойдил қулоқ тутди: жимжитлик. Йўқ, ғинғиллаяпти, шекилли, ғира-шира эшитиляпти ҳам, ана – ғи-и-инг… ғи-и-инг… Эмаклаб, дераза яқинига борди, титроқ кирган қўллари билан пардани силжитди. Бироқ пашша энди бу ерда эмас, узоқ-узоқларда ғинғиллаётганга ўхшарди. Уста деразанинг ҳар бир кўзини синчиклаб қараб чиқди ва… бурчакдаги шапалоқдек ўргимчакуяга ўралиб-чатишиб ётган катта қора пашшани кўрдию ҳалак жонига ором қўнгандек, ҳатто, ғира-шира ғинғиллаётган товуш ҳам бирдан тингандек бўлди. «Ҳайрият-э! – дея ўзига ўзи таскин берди у. – Кеча ўлимимга минг марта рози қилиб юборувдинг-а, касофати!..»
Уста яна ўша тушини қўмсаб, секин орқага эмаклади.

***

Кампир саҳарда уйғониб, чироқни ёқди. Одатдагидек, чоли ётган тарафга – уйнинг тўрига ўғринча қараб қўйди. Лекин бу гал кўзини дарҳол олиб қочмади, узоқроқ тикилди ва даҳшатдан қотди.
Уста Собитали хонанинг қоқ ўртасида, кигизнинг устида, совуқдан қўнишгандек тиришиб, ўлиб ётар эди.