Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Кўзгу (ҳикоя)

Кеча у кўл бўйида Тамара деган қиз билан танишиб қолди.
Аввалига сезмабди – ёнма-ён ётган эканлар, қирғоқда. Уларнинг бош томонидан бир тўда бола қувлашиб ўтди ва кимдир «Вой-й!» дея қичқириб юборди. Овоз кутилмаганда, шундоққина биқинидан чиққани учун у бир сапчиб тушди. Чалқанча ётган кўйи бошини овоз келган тарафга бурди: ёнидаги қизни ҳам шунда кўрди. Қиз офтобда қизарган оёқларини керганча ўтириб олган, нафис бармоқчалари билан ҳадеб ўнг кўзини ишқалар эди. «Қум сачратиб кетишибди», деб ўйлади у ва ҳали узоқлашиб улгурмаган болаларнинг ортидан қичқирди:
– Ҳў-ўв аҳмоқлар! Қувлашгани бошқа жой қуриб кетганми?!
Яна қизга ўгирилди, лекин дарҳол кўзини олиб қочди: «Қилган меҳрибончилиги учун илтифот кутяпти, деб ўйламасин!»
Қиз эса тинмай кўзини ишқалар, энди боягидан пастроқ, лекин янада жозибалироқ товушда «вой-вой»лаб қўяр эди.
Йигит хотиржамлик билан осмонга, олачалпак бўлиб сузиб юрган булутларга боқди.
– Мундоқ қарасангиз-чи, ахир! – деб қолди қиз туйқусдан. – Кўзим бижирлаб кетяпти…
Йигит қовун туширганини сезди, қизарди. Таъсирчанлиги қурсин, қизнинг гапи тўғри юракка қадалди, ёрдам қилиш нега хаёлимга келмади, дея хижолат чекди у. Сўнг иккиланибгина қизнинг қаршисига ўтирди. Ҳаяжон ичида титроқ қўлларини унинг пешонасига тегизди. (Оҳ!.. Қони гупириб, димоғида қандайдир ёқимли ис туйди!) Қиз гавдасини орқага ташлаб, иягини кўтарди, гўё бир зумга бутун борлиғини йигитнинг ихтиёрига бериб қўйгандай. Олдинга лопиллаб чиққан кўкраклари йигитнинг сезгир баданига тегиб бирам ўртантирдики, у кейинчалик ўша пайтдаги ҳолатини қайта-қайта эслаб, сира ақли бовар қилмасди: қандай чидаб турган экан? Ҳа, у чидади, боз устига, бармоқлари билан қизнинг оч бннафтпа рангга бўялган чиройли қовоқларини кериб, уч марта «пуф чиқ-пуф чиқ» ҳам қилди. Қум зарраси чиқиб кетдими ё унинг нафаси ёноқларини қитиқладими, қиз кулди. Бу кулги шу қадар табиий ва самимий эдики, ўртадаги ноқулайлик бир зумда тарқалди-кетди.
Сал тўлалигини ҳисобга олмаганда, ундан чиройли қиз йўқ эди оламда! Мовий денгиз, мавжли тўлқинлар тасвири туширилган чўмилиш кийими қоматига, кўкракларига чунонам ярашган эдики, унга қараган сари йигитнинг нафаси ичига тиқилай дерди. Сўнг… танишдилар.
Собирнинг студент эканини эшитиб, Тамара негадир очилиброқ гаплаша бошлади.
Студентлар менга ёқади, ажойиб халқ! – дея хитоб қилди у. – Энг яхши кўрганим – Раскольников, у ҳам студент бўлган!
«Тўғри, Раскольников студент эди, мана, мен ҳам студентман, аммо уни жиним суймайди-ку!» деб хаёлидан кечирди Собир, лекин қизга қўшилиб илжайди.
Кейин улар бирга чўмилдилар, бирга қумлоқда қуёшнинг тиғли найзаларига баданларини тоблаб ётдилар, эртага ҳам кечки салқинда учрашишга ваъдалашиб, хайрлашдилар…
Собир ҳозир кийим жавонининг бўй баробар кўзгуси қаршисида туриб ана шу учрашувга тайёрланар эди.
У ёзги таътилда қишлоққа кетмади. Кетса, икки ой вақти бари бир Сулаймониинг қўриқчи итидай бекор ўтади. Яхшиси, шаҳарда қолиб, бирор жойда ишлаб пул жамғармоқчи бўлди. Мана, бир ойдан бери хонада ўзи ёлғиз. Оқшомлари, ҳуши келса, кўчага чиқади, айланади, аксари пайт хонада кўрпага бурканиб ётаверади. Бу йилги ёз ҳисобидан кеча биринчи марта чўмилишга борган эди, дабдурустдан қиз билан танишуви уни бутунлай шошириб қўйди.
Омадсиз кишининг кутилмаганда омади чопса, мақтанишга одам излаб қолади. Шундай пайтда арзи дилингга қулоқ тутадиган бир банда топилмаса, ҳолингга вой – қармоққа тилла балиқ илинганда қайиғинг тўнтарилгандай гап. Шу туфайли кўнглининг бир чети андак хира бўлса-да, учрашув дамлари яқинлашган сари Собир шодликдан энтикиб-энтикиб қўярди.
У ҳозир майкачан ҳолда кўзгудаги аксига термиларкан, ўзича мулоҳаза қиларди: «Хўш, бундай гўзал қизни менинг нимам мафтун қилди? Қизлар йигитларнинг ҳуснига эътибор бермайди, дейишади. Бўлмаган гап! Ҳар қалай, ияги қийшиқ, бурни пачоқ, тасқаранамо ландавурларни, ҳа-ҳа, ландавурларни ким ёқтиради! Қум бир баҳона, холос, ҳамма гап шундаки, мен унга эмас, у менга талпинди! Албатта, ўша тасқаралардан фарқим бордир, ахир!»
Собир елкаларини кўзгуга солди, узоқ тикилди, тикилдию кўзларига ишонмай қолди: жуссаси жуда ҳам унақа кўримсиз эмас экан! Авваллари нозик туюлган билаклари ҳозир бақувватдек кўринди. Қўлларини икки ёнига хиёл кериб, чуқур нафас олди, кўкрак қафаси кенгайди – курашчилардан қаери кам! Тирсагини букиб, куч билан муштумини қисган эди, мускуллари бўртиб чиқди. Бинойи! Қейин кўзгуга орқасини ўгирди, елкаси оша мўралади: ҳаммаси жойида. «Йўқ, йигит танлашда қизлар сира адашмайди, – деб хулоса қилди у. – Учрашувга ўзи таклиф қилдими, демак, бир гап бор!»
Собир қандайдир куйни минғирлаб хиргойи қилганча кийина бошлади. Қўчага ҳам шу кайфиятда чиқди.
Йўлка ёш-яланг билан гавжум – турли-туман кийинган сулув қизлару «пачоқ» болалар… Собир, кўнгли тоғдек тўлиб йўлга тушди ва бирдан нариги бекатгача пиёда боргиси келди. Енгил-енгил қадамлар ташлаб, бу бекатдан ўтиб кетди. Иўлда бораркан, у бир нигоҳ билан ҳаммани қамраб олишга интилар, ҳамма, айниқса, қизлар менга қараётгандир, деган ишончдан боши кўкка етгудек эди,
Шу пайт кутилмаганда бир «фалокат» рўй бериб, ииғлаб юборишига оз қолди: оломондан қандайдир гавда ажралио чиқдию рўпарадан, йўлкани бир ўзи эгаллаб кела бошлади. Беихтиёр Собирнинг нигоҳи оломондан шу «гавда»га кўчди. «Гавда» – чиндан ҳам елкадор, узун бўйли, мускуллари пишиқ, хумдек калласи йўғон бўйнига мустаҳкам михланган, атрофга бургутдай ўткир ва беписанд боқиб келаётган йигит эди. Собирнинг қадами секинлашди, назарида, жуссаси бирдан кичрайгандай бўлди, оёқлари чалишди. «Гавда» эса ўша виқор ва ўша беписанд нигоҳ билан ёнгинасидан ўтиб кетди. Собир ҳарчанд ўзини тиймасин, бўлмади, орқасига бир ўгирилиб қаради. «Уртамиздаги фарқ нари борса икки, бўлмаса, бир ёш…» деб ўйлади надомат билан.
«Гавда» кўздан йироқлашгач, Собир яна оломонга назар ташлади, аммо энди бояги кайфияти чилпарчин бўлган, қанотлари қайрилган эди.    
У шаҳар чеккасидаги қаҳвахона ёнига бир оз кечикиб, соат еттиларда етиб борди. Қаҳвахонанинг ичию таши чўмилишга келганлар билан тўла эди. Шунга қарамай, Тамарани осонгина топди.
– Роса чанқадим, – деди Собир гап очиш учунгина, – бир бокалдан морс ичсак.
– Оч қоринга-я! – деди Тамара кулиб. – Қачо-он эди келганим…
Собир чўнтагидаги бор бисоти – беш сўмликни ғижимлаб қўйди.
Улар баҳайбат чинор тагидаги столга ўтирдилар. Собир икки коса овқат кўтариб келди.
Энди биттадан чучварани оғизга солган ҳам эдиларки, пўрим кийинган, ҳафсала билан кузалган мўйлови ғоят ярашиқли, гавдаси Собирга нисбатан сал тикроқ йигит жилмайганча уларга яқинлашди:
– Бўшми?
Иккита стул бўш эди, жавоб кутмай, бирига ўтирди. У аввалига оғиз очмасдан дам Собирга, дам Тамарага қараб-қараб қўйди, сўнг:
– Чучвара еяпсизларми? – деди негадир яна жилмайиб.
Собир йигитга зимдан разм солди. Унинг қизларникидек чиройли қош-кўзлари ва сочлариии кўриб, «Ишқилиб, бемаъни гап отиб қолмасин-да», деган ҳадик туғилди кўнглида; лунжидаги чучварани чала ютди. Аксига олиб, Тамара бамайлихотир: «Қўриб турибсиз-ку», деди ва, кўзлари чақнаб, назокат билан овқатланаверди. Иигит қўлидаги тилла занжирли калитни стол устига ташлади.
– Мириқиб чўмилганингдан кейин чучвара ҳам ёғдек кетса керак, а?
Бу гап нима учун айтилганини Собир тушунмади, Тамара эса шарақлаб кулиб юборди:
– Янглишдингиз, биз Саша билан чучварани чўмилишдан олдин ейишни маъқул кўрдик!
Йигит Тамарага қараб кулди, сўнг куларини ё кулмасини билмай турган Собнрга қараб:
– Оббо, дўстим-э! Исмингиз Саша экан-у, нега миқ этмайсиз? – деди.
Йигит ҳеч қандай қўполлик қилмаётган бўлса-да, Собир ёш бола эмас, ўзини жуда олижаноблик билан камситилгандек сезди. Сезди-ю, бунга муносиб жавоб топа олмай довдираб қолди. Кейин зўрға:
– Йўқ, Саша эмас, Собир… Русчасига Саша… – деди ва ўша заҳоти, ожизлик қилиб қўйганидан ғижиниб, ичида ўзини сўкди: «Шу гапингга зорми сенинг, калла?!»
– Хо-хо-хо! Русчасига денг?! Русчасига Саша бўлса, зўр экан! Унда танишиб қўяйлик – Ҳамид. Хўш, русчасига қандай бўларкан, а? Тавба, буни қаранг, сира ўйлаб кўрмабман. Хо-хо-хо!
Собир сув-терга тушди. Айниқса, Тамара ҳеч бир тап тортмай йигитга исмини айтганда, бутун гавдаси билан столга қапишиб қолди.
– Гап бундай, Тамара ва Саш-ша, – деб сўз бошлади Ҳамид кибрли жилмайиб, – ҳозир битта шампан билан иккитадан кавобни қоринга жойлаймизу менинг аравамга ўтириб пляжнинг энг зўр жойига борамиз! Бирга-бирга чўмиламиз, Гугушнинг энг янги записларидан қўйиб, би-ир маза қиламиз! Хўш, Тамарахон?
Собирнинг тили танглайига ёпишиб қолди. Бу йигит ким, у нима истайди, умуман, нималар бўляпти ўзи? Собир фикрларини бир нуқтага йиғишга уринар, аммо кўнглида тобора кучайиб бораётган ҳадик бунга қўймас эди. Қандайдир муқаррар хавфнинг олдини олишга чора тополмай, ноилож қизга мўлтиради: «Йўқ демайсанми, овсар! Айт, йўқ де! Йўқ, сиз ортиқчасиз, деб қўйгин, вассалом!»
Аммо қиз Собирнинг бутун илтижоларини чиппакка чиқарди:
– Бўпти! – деб рози бўлди у. – Биздан нима кетяпти, а, Саша! Фақат, шарт шуки, узоғи билан бир соат чўмиламиз!
– Ҳа-да! – дея қувониб кетди Ҳамид. – Унгача кеч кириб қолади, қоронғида ким ҳам чўмиларди!
Ҳаммаси бир зумда рўй берди: шампан, кабоб, ёшига ярашмаган қориндор буфетчи, яна бир шиша шампан, ва ниҳоят, сутранг «Жигули»…
Машина қўзғалиши билан ўриндиқнинг орқасида нимадир гумбурлаб кетди. Ҳамид билан Буфетчини ичида бўралаб сўкаётган Собир чўчиб тушди, жонҳолатда ўгирилиб қаради. Икки бурчакдаги қоп-қора карнайдан чиқаётган гумбурлаш садолари аста-секин майин бир куйга айланди. Куйга қўшилиб, Собирнинг нақд қулоғи тагида Тамаранинг шодон овози янгради:
– Ие, бу жуда ажойиб қўшиқ-ку! Менинг жони дилим!..
Собирнинг зардаси қайнади: «Қўшиғинг билан қўшмозор бўл-а! Аҳмоқ!..»
Машина овлоқ жойга бориб тўхтади. Тушдилар. Тўрттала эшикни ланг очиб, магнитофонни баланд қилиб қўйдилар: соҳил бўйлаб Гугушнинг ғамгин ноласи тарала бошлади.
Ечиндилар. Қиз кечаги – мовий денгиз тасвири туширилган чўмилиш кийимида, Ҳамид ихчам плавка кийган. Буфетчи эса тиззасигача тушадиган катта қора турсида эди. Ҳалпиллаган шу қора труси ҳам негадир Собирнинг ваҳимасига ваҳима қўшди.
Сувга тушишдию Тамарани таниб бўлмай қолди: бир-икки ғалати қараб қўйганини демаса, Собирни у бутунлай унутиб юборди. Устига-устак, Ҳамид билан Буфетчининг хатти-ҳаракатлари, қочириқ гаплари очиқ-ойдин ҳақоратли тус ола бошлади. Собир дунёдаги барча чиройли қизларни лаънатлай-лаънатлай сувдан чиқди.
Қуёш эндигина ботиб, ҳаво анча салқинлашиб қолган эди. Собир қирғоқдаги мажнунтол новдалари орасидан жимир-жимир қилаётган шафаққа тикилди, беихтиёр ердан бир чангал қум олиб, машинага сочиб юборди ва бирдан… ташлаб кетсам-чи, деган хаёлга борди. Яна бир хаёли – йўлини топиб Тамарани анавиларнинг ниятидан огоҳлантириб қўймоқчи бўлди. Сал ўтмай фикридан қайтди. Нима, Тамара гўдакми, ўзи тушунмаса? Хўрозқанд олиб бериш учун бошлаб келмайдилар-ку бу ерга!..
Собир ғижиниб кўл томонга қаради. Соҳилга яқин жойда учовлон кўлни бошга кўтаришиб бақиришар, қийқиришар, гоҳо узуқ-юлуқ бу товушлар магнитофондан таралаётган қўшиқ садоларини ҳам босиб кетар эди. Ҳамид қизни сувга пишмоқчи бўлиб бўйнидан, белидан қучоқлаб-қучоқлаб олган сари қиз балиқдек тўлғаниб, оёқ-қўллари билан тинмай сувни шалоплатар, Буфетчи эса семиз лунжларини осилтириб бир четда илжайиб турар, ҳар замон-ҳар замонда: «Биз ҳам бормиз!» дегандек, уларга сув сачратиб қўяр эди.
Собирнинг хўрлиги келди, жаҳл билан кўлдан юз ўгирди..
Қумда намли из қолдириб, қоп-қора жун босган иккита оёқ кўринди. Қора трусисини плавкага ўхшатиб ихчамлаштириб олган Буфетчи Собирнинг қаршисига чўкка тушди;
– Ҳа, бундай, чўмилмаяпсан, укам?
– …
– Қаерликсан ўзи?
Собир каловланди, «Нима бўлганда ҳам студент эканимни сезмаслиги керак!», деди ичида ва ёлғон гапира бошлади. Шу атрофдаги ўзи билган кўчалардан бирининг номини айтди, савдода ишлайман, деди. Ҳарқалай, дадилрок кўриниши керак-да! Иложи борича, шаҳар шевасида сўзлашга харакат қилди. Аммо нўнок актёрлардек овози қалтираб, сирини ошкор қилиб қўйди шекилли, Буфетчи бирдан унинг сўзини бўлди:
– Менга қара, ука, яхшиликча бу ердан жўнаб қол! Биламан, «анави» сенинг ҳеч киминг эмас. Ташла, кет! Шуни деб башаранг дабдала бўлиши шартми?!
Ҳам қўрқувдан, ҳам ғазабдан Собир дағ-дағ титрай бошлади.
– Тамара-чи? – деди у заиф товуш билан.
Буфетчи кувлик билан кулди:
– Кел, қўй, оғайни, гапни кўпайтирмайлик! Жахлим тез, кўриб турибсан, кўл ҳам чуқур… – У ғолибона қиёфада ўрнидан турди. – Хўп десанг, ташлаб келаман: ана, машина. Уларга, биз шампан олиб келамиз, деб қўяман. Бўл, кийин!
Буфетчи буйруғининг сўзсиз бажарилишини билгандек, жавоб кутмай нари кетди. Собир қимир этмай ўтираверди: кўзларига қум тўлган, қулоғига на шодон кийқириклару ва на Гугушнинг ўйноқи нағмалари кирар эди. Қанча вақт ўтди – билмайди, бир пайт ҳозиргина Буфетчи турган жойда Тамара пайдо бўлди. Тиззаларини қучоқлаб ўтирган Собирнинг тепасида бирор лаҳза қотиб тургач, қумга тиз чўкди-да, унинг пешонасига ёпишиб қолган сочларини бармоқлари билан икки ёнга тараб юзини кафтлари орасига олди ва кўзларига термилди.
– Саша, – деди оҳиста пичирлаб.
Йигит жавоб бермади.
– Бу ердан кет, Саша, – деди Тамара яна ўшандай майин товуш билан.
Собир бошини кўтарди.
– Нега?
– Билмайман… Сен кетишинг керак, Саша…
– Кетмайман, Тамара. Сени қолдириб кетолмайман…
– Иўқ, кетасан! Бўлмаса, сени соғ қўймайди булар!
– Сен-чи?… Сени соғ қўйишадими?
– Мен билан ишинг бўлмасин!
Қиз ўрнидан турди, қандай шарпасиз пайдо бўлган бўлса, шундай кўздан йўқолди: арвоҳми, дейсиз. Собир яна ўзи билан ўзи қолди.
Кейин… Аста туриб, шимини кийди, бошмоғиии оёғига илди, кўйлагини қумда судраганча кета бошлади – ҳеч нарсани ўйламади, ҳеч кимни сўкмади ҳам, шунчаки, кўйлагини қўлга олдию турди-кетди. Нарироқ бориб, беихтиёр ортига ўгирилди: қирғоқни, машинани, белигача сувга ботиб турган учта қорани кўрди, аммо ким кимлигини ажрата олмади.
Кўл ётқизиб қўйилган улкан кўзгуга ўхшаб кўринар, кеч кириб, хиралашиб бораётган осмон унга қорамтир кўланка ташлаган эди.
Собир оғир-оғир қадамлаб катта йўлга чиққанда бекатда турган автобусга кўзи тушди. Аммо унга етиб боргунича машина жўнаб қолди.
Автобуснинг орқа ойнаси ёнида қандайдир қизнинг шарпаси лип этди, дафъатан Собирнинг хаёли бўлинди: «Ким бўлди экан? Қиёфаси таниш… Ие!..»
Йигит автобусдаги қизни Тамарага ўхшатди. Лекин…
«Сен-чи? Сени соғ қўйишадими?»
«Мен билан ишинг бўлмасин!»