Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Пуфак (ҳангома)

Ҳар гал ой бошида фабрика уч-тўрт кун оёқ-қўлини ёйиб, тин олволади. Ҳозир шунақа палла. Куни кеча диконглаб юрганлар бугун минг қўйли бойдек хотиржам қадам ташлайди. Куни кеча буткул дунёни унутганлар бугун фабрика ҳовлисидаги гулзорни томоша қилади. Осмонга қарайди, ўтган-кетганга салом беради, алик олади. Дарахтларнинг барги сарғая бошлаганини пайқайди, салқинроқ ерга ўтириб, қулоғига тишкавлагични тиқиб, тозалайди.
Ширинликлар фабрикасининг ОТК бошлиғи Булаҳим Ҳалаев кеча пуфак сотиб олган эди. Уни таниганлар ҳалигача, Булаҳим Ҳалаев ўзига ўзи гап сотиб олди, деб юрадилар. Аслида, борини айтган маъқул: у гап эмас, пуфак сотиб олди. Ҳомиладор аёллар бирор нимага бошқоронғи бўлсалар, ўша нарсани кўришга ё эшитишга ё ейишга ўзларида кучли истак сезганларидек, Булаҳим Ҳалаев ҳам кейинги пайтлар фабрика ташвишларидан бўшаган чоғлари пуфак пуфлагиси келаверадиган бўлиб: қолди. Фабрика чиқараётган маҳсулотларни яхши-ёмонга ажратиш ҳам дардисар иш, ундан пуфак пуфлаб юрган яхши эмасми?
Булаҳим Ҳалаев шу ниятда икки қўлини чўнтагига тиқиб, ҳуштак чалганча, ҳовлида сайр қилиб юрарди. Ҳаво очиҳ. Иш маҳали бўлганидан, одам сийрак. Келиб, кунга терскай ўриндиққа ўтирди. Чўнтакдан пуфакни олиб, кучаниб керишди. Кейин пуфакни кунга солиб пича томоша қилди. Чўзиб-чўзиб юмшатди-да, думидан тортиб туриб, чумагини оғзига тиқди. Шошилмай пуфлай бошлади. Қандай яхши! Бир ҳўплам ҳавони пуфлайди, чумакни тишлайди, тағин лунжини шишириб пуфлайди, тағин тишлайди; пуфак шишаверади. Булаҳим Ҳалаев орҳа-олдига ҳарамай пуфлайверади, пуфак орқа-олдига қарамай шишаверади. Эҳ-ҳе…
Тарам-тарамли пуфак экан: аста-секин у ер-бу ери бўртиб чиқди. Бўғин-бўғинли пуфак экан, бўртган ерлари бўғинга ажралиб, айрим-айрим шишди. Булаҳим Ҳалаев берилиб пуфлайверди. ЁШ боланинг қучоғига сиққудек бўлгандагина ундаги ўзгаришни пайқаб, ҳайратга тушди. Бас қилаймикан, ёрилиб кетмасин яна, деган хаёлга борди. Энди ҳавосини олувди-я! Ажабо, пуфакми ўзи бу? Болачага ўхшайди-ку? «Жичча пуфлайчи, нима бўларкин. Аммо-лекин хорижникидан қолишмас экан».
Ичига ҳаво тўлгани сари пуфак одам сиёғига кириб борарди. Булаҳим Ҳалаев пуфлашдан тўхтади. Икки бармоғини оташкурак ҳилиб чумакни қисди-да, ўзидан бир тирсак нарига тутиб қаради. Ана холос! Худди одамнинг ўзи-я! Бош, қўл, оёқ, қорин… Булаҳим Ҳалаевнинг ҳайрати ўчди, қўрқиб кетди, «Ё ўзинг сақла!», деб пуфакни отиб юборди. Пуфак йўлка четидаги семун тўсиққа урилиб, одамга ўхшаб бир ингради ва шошапиша ўрнидан турди. Булаҳим Ҳалаевнинг юрагига, ваҳима солиб, унга қараб тетапоя кела бошлади.
– Пуфлашга пуфладингиз, устоз, энди манави еримни дарров қисинг, дамим чиқиб кетмасин, – деди чумагига ишора қилиб. – Тез бўлинг!
Пуфак юриб келаётганда бир қўрққан Булаҳим Ҳалаев унинг гапирганини эшитиб, эс-ҳушидан айрилди.
– Ушланг дедим, устоз!
Булаҳим Ҳалаев серрайганча ўтираверди. Пуфак жон ҳолатда бақирди:
– Қис чумагимни, дарров!
Булаҳим Ҳалаев пуфакка шуурсиз қўл чўзди. Титроқ қўллари билан у кўрсатаётган ерни ғижимлади. Пуфак инграшдан тўхтади. Юзига табассум ёйилди.
– Яна пуфланг, устоз, – деди у энди ялинчоқ оҳангда. – Сал пуфласангиз, дармонга кириб оламан.
Булаҳим Ҳалаев эс-ҳушини йўқотиб пуфакнинг сеҳрли таъсирига тушиб қолган эди. Нимани буюрса – шуни қилаверди. Пуфлайверди, пуфлайверди, пуфак шишгандан шишиб, то ўзи баробар бўлиб кетмагунча пуфлади.
– Энди битта қистирғич топинг-да, устоз, менга бериб қўйинг, – деди пуфак мамнун қиёфада.
Булаҳим Ҳалаев теваракка қаради. Нарироқда фабрика лаборантларнинг оқ халати ёйиб қўйилган экан, туриб, ўшанинг қистирғичини олиб келди.
– Раҳмат, – деди пуфак чумагини эшиб, қистирғич соларкан. Кейин у ҳам ўриндиққа ўтирди. Чап қўлини Булаҳим Ҳалаевнинг елкасига ташлаб, суянчиққа ястанди. – Қўрқиб кетдингиз-а, устоз? Қўрқманг, мен ҳам яратганнинг бир бандасиман.
Булаҳим Ҳалаев юрак ютиб, сўради:
– Кимсан сен ўзи: пуфакмисан, одаммисан?
– Одамман, устоз! Керак бўлса, болангизман сизнинг.
Булаҳим Ҳалаев ёқасига пуфлади.
– Гапингни қайтиб ол, пуфак! Мен сени танимайман!
– Сенсирамасдан гапираверинг, устоз. Сизга даъво қилаётганим йўқ-ку, айтиб қўйяпман, холос.
– Бўпти, сизлайман, – деди Булаҳим Ҳалаев ночор кўниб, – лекин сиз ҳам унақа туҳмат қилманг-да одамга.
– Мана бу энди бошқа гап, устоз. Хў-ўш, келишиб олайлик бўлмаса.
– Нимани келишамиз?
– Арзимас шартларим бор, устоз, хўп десангиз, асло мендан емонлик кўрмайсиз.
– Биринчидан, менинг одамлигимга ҳеч қачон шак келтирмайсиз.
– Ахир… сиз… пуф…
– Йўқ, пуфакмасман, одамман! Тушундингизми?
– Узр…
– Иккинчидан, қачон пуфланг десам, тихирлик қилмайсиз!
– Майли-я, лекин ишим нима бўлади? Ё бўшайинми?
– Асло! ОТК дан бўшасангиз, кимга керагингиз бор, устоз! Мен сизни ишдан қўймайман, фақат, вақтбевақт эътибор бериб турсангиз бас. Демоқчиманки, ширинлик бизга ҳам ёқади!
– Унда… исмингиз нима?
– Пуфак! Пуфакжон дейсизми, Пуфакбой дейсизми – уёғини ўзингиз биласиз. Келишдикми?
– Келишдик.
Шундай қилиб, кунлар ўтаверди. Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекни пуфлаб юраверди.
Талабларга биноан ҳамда Булаҳим Ҳалаевнинг елибюгуришлари натижасида Пуфакбек шу фабриканинг тажриба цехига ишга кириб, қизғин фаолият кўрсата бошлади. Дастлаб устахонасига бутун дунёда ишлаб чиқариладиган қандлардан намуналар келтирди. Кунлаб бир бурчакда биқиниб, уларни ўрганиб чиқди. Кейин бевосита тажриба ўтказишга киришди: биттасининг қандини иккинчисининг қоғозига ўраб кўради, яна бириникининг ширасини бошқасиникнга аралаштиради, қайнатади, тиндиради, бўтқасини қандга ўхшатиб кесиб-кесиб, шу фабриканинг қоғозига ўрайди, кўчада ҳаммага биттадан улашиб, фикр йиғади, лекин ҳеч қачон бу фикрлар билан ҳисоблашмайди, тажриба ўтказаверади, маҳсулотини вақти-вақти билай ОТК га кўтариб боради, маъмуриятга юбориб туради, хуллас, тиниб-тинчимайди. Ора-орада Булаҳим Ҳалаевнинг олдига келиб, дам еб кетади. Дам еган маҳаллари унга дуч келманг, ғайрат-шижоати жўшиб турган бўлади. Фабрика ишчилари билан танишади, дўстлашишга тиришади: бировни олижаноб деб, бировни бўлса, э, сиз авлиё экансиз-ку, деб таърифини келтиради. Дуч келганнинг бошига бир-бир игна суқиб ҳаммани битта ипга тизади, сўнгра ипнинг иккала учини қўлига чирмаб боғлайди-да, чунонам чирпирак қилиб айлантирадики… чеккадан қараган киши, довул турдими, Деб ўйлайди. Унинг довул эмаслигини, бу Пуфакбекнинг иши эканини ёлғиз Булаҳим Ҳалаев билади. Лекин у хотиржам. Ажина-шамол бўлиб айланаётганларни роса томоша қилади, барини битта қўймай жин чалиб кетса-я, деб чапак-чапак ўйнайди, ора-чира пуфлаб, шамол ҳосил қилиб, Пуфакка яқиндан ёрдам беради.
Зўр!
Бир куни Пуфакбек унинг олдига ҳовлиқиб келди.
– Яқинда қандчиларнинг симпозиуми бўларкан, шу ростми? – деди.
– Рост.
– Ўшанга мени делегат қилиб сайлашлари керак! Шунга битта пуфлаб қўйинг.
Фабриканинг ҳовлисига чиқдилар. Қадрдон ўриндиққа ўтирдилар. Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекнинг чумагини оғзига солди, бурнидан ҳаво сўриб кўксини тўлдирди ва…
Бу сафар сал кўпроқ пуфлаб юборасиз-да, устоз, – деди Пуфакбек кафтларини ишқалаб.
Булаҳим Ҳалаев туфлади.
– Яна, яна, – деди Пуфакбек.
Булаҳим Ҳалаев ўриндиққа маҳкам ўрнашиб олиб пуфлайверди, Пуфакбек шишаверди. Шишган сари завқи қўзирди унинг.
– Яна, яна…
Пуфакбек энига ҳам, бўйига ҳам ўсаверди, Булаҳим Ҳалаев мижжалари қизариб пуфлайверди. Бир пайт Пуфакбек пардек енгил бўлиб ҳолди, оёғи ердан узилди. Булаҳим Ҳалаев пуфлашдан тўхтади.
– Етар энди, – деди енги билак тумшуғини арта туриб. – Учиб кетманг тағин.
Шундай дедию ўзи ҳайрон бўлди: одатда одам пуфлаб шиширган пуфак ҳеч учмасди-ку? Демак, ё мнинг нафасим шунақа, ё бу пуфак бўлакча!
– Пуфланг, устоз! Зўр жойида тўхтатиб қўйдингиз-а. Пуфланг!
– Пуфласам пуфлайвераман, лекин учиб кетасизми деб қўрқяпмая.
– Майли, учсам учай. Пуфланг, ахир!
– Симпозиум нима бўлади унда?
– Симпозиумини пишириб ейманми, учгим келяпти, устоз!
– Шошманг бўлмаса, эҳтиёт чорасини кўрайлик. Манов суянчиқдан ушлаб туринг, мен ҳозир келаман, – деди Булаҳим Ҳалаев вэ иккита чинорга тортилган, лаборантларнинг халатлари ёйиладиган дордаги чилвирни ечиб келди. Бир учини Пуфакбекнинг белига маҳкам боғлади, иккинчи учини ҳалқа қилиб ўзининг бўйнию белию оёқларининғ орасидан ўтказди. – Қалай?
– Фаросатингизга қойил, устоз, – деди Пуфакбек чапак чалиб. – Сал узунроқ қилаверинг, ҳеч бўлмаса томбўйи баландга чиқай!
Пуфакбек қистирғични чумагининг ёнгинасида ҳушёр тутиб, қўйиб берди. Булаҳим Ҳалаев унинг дуч келган еридан чангаллаб, пуфлайверди. Пуфакбек рўй-рост ҳавога кўтарилди.
– Воҳ, қандай маза! Яна, яна,..
Булаҳим Ҳалаев ўлар-тириларига қарамай, карнайчидек бўйнини осмонга чўзиб пуфлайверди.
– Яшанг, устоз! Яна, яна…
Булаҳим Ҳалаев ўзининг ҳам Пуфакбекка қўшилиб оҳиста кўтарилиб кетаётганини сездию пуфлашни бас қилди.
– Бўлди, етар.
Пуфакбек кўнмади.
– Пуфланг! Пуфланг, устоз! О, янаям тепароққа чиққим келяпти!
– Мен ҳам учиб кетяпман, ахир…
– Пуфланг!
– Пуфламайман!
– Пуфла, деяпман!!! Дўкончи жувон иккалангнинг қилмишларингни хотинингга айтайми ё?! Пуфла!
Пуфак сотиб олаётганда дўкончи жувонга кўнгли суст кетиб, беихтиёр, кўз қисиб юборган эди, уни бу пуфак қаёқдан кўрақолди? Булаҳим Ҳалаевнинг вужудига титроқ кирди. Бу қўрқинч осмонга учиб кетишдан ҳам ваҳимали эди. Тинкаси қуриб битганига қарамай, жон ҳалпида яна пуфлашга тушдн. Тобора тепага кўтарилавердилар.
– Одамни унақа қийнаманг-да, устоз, – деди Пуфакбек ҳовридан пасайиб. – Пуфланг! Яна, яна…
Чинор бўйи баландга чиқдилар. Терак бўйи… Бир пайт чумак оғиздан чиқиб кетди. Булаҳим Ҳалаев шув-в этиб пастлади, лекин ерга етиб келмади – чилвирга осилиб қолди. Пуфакбек чумагини дарҳол қайириб, қистирғич солди. Шу тобда унинг кўзлари, юзлари, қорнию оёқ-қўллари – ҳаммаери бирдек яйрар, бирдек кулар эди. Шу аҳволда осмони фалакка кўтарилавердилар. Ширинликлар фабрикаси дўппидайгина бўлиб қолди. Булаҳим Ҳалаевнинг кўзларида шашқатор ёш, уст-боши шалоббо… Пуфакбек эса тинмай қийқирарди:
– О, тубанга қаранг, устоз! О, тепадан қараш маза-я!
Булаҳим Ҳалаев ҳаётдан умидини узди: «Энди кетдим… арши аълога. Умримнинг битгани шудир-да?»
Ер пастда қолиб кетди. Қушлар пастда қолиб кетди. Булутлар пастда қолиб кетди. Иккаласи ўқдек тепага кўтарилаверди. Пуфакбек қўлларини қанот қилиб, силкиб-силкиб ҳам қўяди…
Булаҳим Ҳалаевнинг шуури ярқ этиб ёришди. У қўлтиғининг тагида доим битта бигиз сақлаб юрарди, айниқса, шу Пуфакбекка йўлиққанидан бери эҳтиётдан учини чарҳлатиб ҳам қўйган эди. Бирдан шуни эсладию севиниб кетди. Пуфакбекка сездирмай, чилвирдан тортилиб юқорига кўтарила бошлади. Икки ора тобора қисқараверди. Пуфакбек устозининг ниятидан хабарсиз эди, шод, қичқираверди:
– О, қандай зўр! Биз сиз билан устоз, тарихда мисли кўрилмаган ютуққа эришдик! Биз учдик! Иккаламиз бир бўлсак, нималар қилиб ташламаймиз бу дунёда!
Булаҳим Ҳалаев «Ҳа, шунақами? Ҳа, рост» деганча, чилвирни белига чирмаб Пуфакбекка яқинлашаверди.
– О, ер қанчалар тубанда-я! Одамзоднинг шунчалик тубанда ғимирлаб юрганига ҳайронман, устоз! Ўйлаб қарасам, ҳамма нодон экан:     қанд, шакалад, симпозиум – ҳаммаси бекор экан, одамлар-ўзини ўзи овутиб юраркан, холос. Мана – чинакам ҳаёт, чинакам ширинлик, устоз! О!
Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекнинг таранг қорнини мўлжалла-аб туриб… бигизини шартта санчди!
Пар-ра-а-анғ!!!
Дунё чаппа айланди. Булаҳим Ҳалаев тубангами, осмонгами, чапгами, ўнггами қараб учди. Учаверди, учаверди, қаёққа учяпти, нега учяпти, қачондан бери учяпти – билолмай қолди…
Буёғини биз биламиз. Биз ўз кўзимиз билан кўрганимизни айтамиз. Кўрмаганимизга кафиллик беролмаймиз. Уз кўзимиз билан кўрганимиз эса, мана бундай.
Осмондан нимадир шувиллаб ўчиб келдию ширинликлар фабрикасининг кенг ҳовлисига тўп етиб тушди. «Тўп этиб тушди» дейиш – ҳаддан ташқари юмшоқ ифода. Аслида қандай тушганини тасвирлашга сўз йўқ! Фақат… Ерга урилган пайти тўзғиган чанг улкан булутга айланиб, ширинликлар фабрикаси осмонида дунё тургунча туриб қолди – бунисини ҳам кўрдик. Яна бир нарса: ўша нимадир ерга тўп этиб тушганида Булаҳим Ҳалаев «чўчиб уйғониб» кетмади. Чунки бу айтганларимиз туш эмас эди. Бари бўлиб ўтган, бўлаётган вқеалар…

АКТ
Тузамиз бул актни шул ҳақдаким, бир ҳафта бурун фабрикамиз территориясида ақл бовар қилмас воқеа содир бўлди. Осмондан нимадир шувиллаб учиб келдию зарб билан ерга урилди. Ер титраб, биноларимизнинг фалон-фалон жойлари фалонча сўмлик шикастланди. Ҳовлига тушган «нарса»ни текшириш ниятида ўн кишилик комиссия тузилди. Қўлга киритилган далиллар тубандагилар: а) ўрта бармоқдек келадирган рангсиз пуфак (у ёрилиб, титилиб кетган); б) одамнинг бир жуфт лаби. Бу лаблар згасининг жинсини аниқлай олмадик: катталигидан – эркакникига ўхшайди, қизиллигидан – аёлникига ўхшлйди; в) узунлиги олти метр келадирган пишиқ чилвир. Лекин бу чилвирнинг лаб билан пуфакка қандай алоқаси борлиги ҳамон бизга қоронғи.
Ушбу ашёвий далилларни тегишли ташкилотларга тўлиғича топширишимиздан мурод – фабрикамиз еган зарарни фалонча миқдор маблағ билан қоплашларингни сўраймиз, деб… ўн киши имзо чекдик.
Ва хоказо… Ва хоказо…