Одам ер юзидаги барча махлуқлар орасида биринчи бўлиб иблис билан тил топишган, деб ёзган экан Чингиз Айтматов. Ўшандан буён одамзод худони сал ёдидан чиқариб қўйса, иймони сустлашиб, ичидаги шайтон ғимиллаб қоларкан.
Хўжа Насриддин бир куни хотинига ош дамлатибди. «Бугун бир ош эйлик», -деб иштаҳани чоғлаб турса, хотини «Худо хоҳласа, денг», -депти. Хўжа Насриддин: «Ҳа, ош келди-ку, худо хоҳласа-хоҳламаса демасам ҳам ейман-да!» -деб лаганга қўл узатган экан, дарвоза тақиллаб қолипти.
Оббо, бемаҳалда ким бўлдийкин бу кутилмаган меҳмон, дея Афанди елкасига чопонини ташлаб чиқса, пошшоликнинг одамлари уни кийимини кийишга ҳам қўймай чопон-попони билан қўшиб олиб кетишипти. Ош-ошлигича, чой-чойлигича қолиб кетипти. Ярим тундан ошганда Хўжа Насриддин уйига қайтиб, дарвоза занжирини қоқипти. Хотин уйқу аралаш «Ким у?», -деса, «Мен, худо хоҳласа, эринг бўламан», дермиш Афанди.
Худо Одам Сафиуллоҳни яратганида барча фаришта-ю малоикаларни унга сажда қилдирган экан. Шунда иблис Яратганнинг иродасига ширк келтириб: «Мен нурдан пайдо бўлганман, одам балчиқдан яратилган бўлса, нега унга сажда қилишим керак?» -деб бўйин эгмапти. Шундан кейин у жаннатдан ер остига бадарға қилиниб, шайтони рожийм тавқи лаънатини олган экан. Лекин шайтон-шайтон-да, бир бало қилиб ҳийла-найранг билан одамдан ўч олиб, жаннатдан қувилишига замин тайёрлапти. Бунинг учун Ҳанносчасини Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ёнига жўнатиб, унинг жиғига тегаверипти. Одам бир индамапти, икки индамапти, учинчи марта жиғибийрон бўлиб, Ҳанносчани қоқ иккига бўлиб ташлапти. Шайтон шайтонваччасини қайта тирилтириб яна Одамнинг ёнига юборипти. Бундан ғазабланган Одам уни тилка-пора қилиб, ямлаб ютиб юборипти. Шунда панада кузатиб турган шайтон хурсандлигидан қиҳ-қиҳлаб кулипти. «Ана энди ичингга кириб олдим, сени қандай ўйнатишни ўзим биламан», депти. Шундай қилиб, Одам шайтоннин
г қутқусига учиб, жаннатдан ер юзига бадарға қилинган экан.
Ҳа, яхшилар, ота-боболаримиз одамнинг ўнг елкасида раҳмон, чап елкасида шайтон ўтиради, деб бекорга айтмас эканлар. Раҳмон қаерда ўтиришини билмадим-у, лекин шайтон унинг ичидалиги аниқ. Одам қайси ишга қўл урмасин, аввал шайтоний қилиқларини намойиш қилади, шайтонлик йўлларини ўйлайди. Қўлидан ҳеч нарса келмаслигига кўзи етса, раҳмонни эслай бошлайди, тавба-тазарру қилади. Унгача шайтон билан ош-қатиқ бўлаверади, пешонаси «тўқ» этиб бирор тўсиққа урилмагунича. Фауст Мефистофелнинг гапи билан турли номаъқулчиликларга қўл уриб, худони ёдидан чиқаради, оқибатида кўздан қолади. Кейин шайтонга лаънат ўқийди. Бандаси тушмагур қилғиликни қилиб қўйиб, кейин айбни шайтонга юклайди. «Шайтон йўлдан оздирди!» -дейди бақириб. Шайтон одамнинг шайтонлигидан қиҳ-қиҳлаб кулади. «Ҳа-а-а, шайтон, -дейди у худо томонидан ноҳақ ер остига бадарға қилинганлигидан алами келиб. -Аслида мен эмас, одам шайтон!»
Бутун дунёга шов-шув бўлган Англиянинг дунёдаги энг улкан «Титаник» кемаси 1912 йилда биринчи ва сўнгги сафарга чиқишидан олдин унинг капитани Эдвард Жон Смит «Бу кемани чўктириб юбориш Худонинг ҳам қўлидан келмайди!», -деб шаккоклик қилган эди. «Титаник» 10 апрелда 2358 йўловчи билан сафарга чиқиб, 14 апрел куни айсбергга урилади ва уч соатга етмай денгизга чўкиб кетади. Шунча одамдан фақатгина 868 киши қутулиб қолади. Мана, худога шак келтириб, шайтон қутқусига қулоқ солиш! 1724 йилда Петр И ўзи яхши кўриб қолган кир ювувчи қиз-Марта Скавронскаяга уйланади ва унга Кремлда тантанали равишда маликалик тожини кийгизади. Ана шу тариқа кир ювувчи малика Экатерина бўлиб сиёсат майдонига кириб келади. Лекин орадан кўп вақт ўтмай Петр И ҳатто васиятнома ёзишга улгурмай тўсатдан вафот етади. Экатерина бўлса, княз Александр Меншиков кўмагида тахтга ўтиради. Шайтонликми? Шайтонлик!
Антуан Лоран Лавуазе химия ва термохимиянинг отаси бўлган, шу фанни оёққа қўйган. Сиёсатга аралашиб, қатл қилинган. Ҳа, сиёсатга аралашиб нима қиласан, унинг боши қайда-ю оёғи қайдалигини билмасанг? Тинчгина юравермайсанми колбаларингда тажрибаларингни ўтказиб. Унинг сиёсатга аралашуви шайтоннинг иши-да! Қўйиб берса, ношукур банда шайтоннинг қутқуси билан худони ҳам алдамоқчи бўлиб кўради. «Э худо, дейди у. -Менга юз танга бер, агар бир танга кам бўлса олмайман», -деб илтижо қилади. Агар ўша пайтда «пўп» эттириб унинг ёнига бир танга ташласангиз, илиб олиб, «Ҳа, 99 тангасини яна бир кун берар-да!», -деб барматуха ичишга кетиворади. Энди, шу ҳолатда эртакдаги мужикнинг шайтонни тутиволиб, чўқинтиришга уриниши кулгили. Аслида мужик шайтонни эмас, шайтон мужикни чўқинтиришга уринган бўлса ажаб эмас. «Декамерон»даги шайтонни дўзахга ҳайдашни эса гуноҳкор роҳиб ўйлаб топган. Бунақа хаёллар қосир шайтоннинг тушига ҳам кирмаса керак.
Дунё яралганидан буён Одам боласи ҳеч қачон тинч ўтирмаган. Одам ойга етди, Марсни забт этди, энди тўққиз қават ер остини эгалласа, у ерда жон сақлаб турган шайтонни ҳам қувиб чиқаради. Ана шунда шайтон бир пайтлар Одамни жаннатдан қувдирганига минг-минг пушаймон бўлади, ўрнига келмайди. Ҳозирча худо хоҳласа ер юзида шайтон қиладиган ишнинг ўзи қолмади, ҳисоб…