Нурулло Остон. Восвос (ҳажвия)

Оилада ўнта қизнинг ичида битта ўғил бўлганман. Шунинг таъсириданми, қоронғуликдан қўрқаман.  Ишонтириш қобилиятим шунчалик кучлики, охирига бориб гапирган гапимга ўзим ҳам ишониб кетаман. «Гурунгчи» хусусий газетасига тинчгина олди-қочдиларни ёзиб юрган эдим. Телевидениеда «Ҳаёт оқишлари ва қоқишлари» кўрсатувини ташкил қилдим-у, ўзимнинг ҳам ҳаётим остин-устун бўлиб кетди. Машҳурлик келтирган бу кўрсатув мени восвос касалига мубтало қилди. Кўрсатув тайёрлашда билмасдан битта-иккита томири бақувватнинг думини босиб қўйган эканман, бир куни кечаси тўрттаси уйга бостириб кириб, бор-будимни шилиб олишди. Ўзимни машинага тиқишиб,  кимсасиз чўлу биёбонга ташлаб кетишди. Икки кундан кейин ярим жинни, ярим соғ ҳолатда бошқа штатдан топилиб, касалхонага тушдим. Хуллас, ўшандан буён восвос касалига дучор бўлдим. Бир гапни гапираётиб, Черчиллга ўхшаб бирдан бошқа мавзуга ўтиб кетганимни билмай қоламан.

Кўча-куйда ўзимдан-ўзим қўлимни силкитиб, гоҳ кулиб, гоҳ ўдағайлаб гапирадиган одат чиқардим. Қанча духтирга текширтирдим, даволандим, барибир фойдаси бўлмади. Бу орада телевидениедан юмшоққина қилиб жавоб бериб юборишди. Охири даволовчи врач касаллик бўйича пенсияга чиқишни маслаҳат берди.

ВТЕКга бориб, «Комиссия раиси  Дагаров» деб ёзиб қўйилган кабинетга кирдим. Раиснинг кўзига қарашга қанча ҳаракат қилсам ҳам, тўқнаш келолмадим.

-Келинг, -деди у елкам оша орқага қараб. Мен орқамга ўгирилдим. Ҳеч ким йўқ.

-Сиз келинг, сиз, -деди Дагаров.

Яна унга қарадим-у, касаллигим эсдан чиқиб, довдираб қолдим. Унинг бир кўзи ўнг томондаги Ленин портретига, иккинчи кўзи чап томондаги дераза дарпардасига қадалган эди.

-М-м- менми? -дедим нима дейишни билмай.

-Ҳа, сиз-сиз, -Дагаров довдирашимга ортиқча эътибор бермай, ўнг кўзи билан Лениннинг портретига тикилиб. Унинг дарпардага қадалган кўзи дераза токчасига ишора қилди. -Ўтиринг. Мен дераза токчасига эмас, ёнимда турган стулга ўтира қолдим.

-Хўш хизмат?

Мен касаллигимни унга тушунтириб, духтир берган хулосани қўлига тутқаздим. Дагаров Ленин портретига қаттиқ тикилиб, чап кўзини дарпардага қадади-да, хулосани бурнининг тагига олиб борди.

-Хўш- хўш, ҳм, касалингиз ҳақиқатдан ҳам жиддий экан, -деди у дарпардага қараб. -Сизга йўлланма бераман, духтирдан ўтиб, бошқа жойларингиз соғлиги ҳақида хулоса олиб келасиз. -У Ленинга ўнг кўзини шақшайтирди: — Тушунарлими?

-Тушунарли, -дедим мен ҳам Ленинга қараб.

Кейин ўзимизнинг поликлиникага бордим. Таниш бош врачга касаллик пенсиясига чиқиш учун ҳамма жойи соғ, деган хулоса кераклигини тушунтирдим. Бир ҳафта мобайнида ҳамма духтирлардан ўтдим. Аксига олиб, уларга пул таклиф қилиб ҳам «соғ» деган ҳужжат тўғрилолмадим. Ҳафсалам бутунлай пир бўлди. Бунча касаллик  билан мени пенсияга эмас, тўппа-тўғри очиқ мозорга  кузатиб  қўйишса ҳам бўларди. Хуллас, шалвираб Дагаровнинг ҳузурига  кирдим

-Олиб келдингизми? -деди  у Ленинга қараб, чап кўзи билан дераза токчасига ўтиришга таклиф қилиб.

-Олиб келдим, -дедим ҳеч қандай иштиёқсиз. Дагаров ҳужжатларни бурнининг тагига олиб борди,  кейин Ленинга қаради:

-Бирорта соғ жойингиз йўқ экан-ку, биродар?

Дагаровга қараб афсус билан бошимни силкитдим. Кейин ўрнимдан туриб кетмоқчи эдим, у қўймади.

-Сиз бизнинг параметрларимизга тўғри келасиз, -деди у Ленинга мулойим қараб. -Эртага тушдан кейин келинг, буни биргаликда ҳал қиламиз. -Дагаров дарпардага қараб чап кўзини сирли қисиб қўйди.

«А-ҳа, -ўйладим ўзимча. -«Биргалашиб!» деди. Демак, кўнглини топишим керак…»

Уйга бориб конвертга пул жойлаб, елимладим. Кейин яна ўйладим: ўзим восвос бўлсам, ҳамма жойим касал бўлса, нимага пул бериб пенсияга чиқишим керак? Иккинчи конвертни олиб, «Гурунгчи» газетасини жойладим. Эртаси куни Дагаров айтган пайтда қабулига бордим. Конвертни узатдим.

-Бу нима? -сўради Дагаров ҳаяжонланганидан ўнг кўзини Ленинга пирпиратиб, чап кўзини қисиб. Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди: полиция кийимида икки киши хонага бостириб кириб: «Қимирламанг, Федерал бюро», -дея буйруқ берди, кейин ташқаридан учта холисни бошлаб келишди. Полициячилардан бири менга:

-Сиз ўз манфаатингизни кўзлаб, мансабдор шахсга пора бермоқчиликда гумон қилинаяпсиз, -деди. -Бу нима?

-Конверт, -дедим.

-Конвертда нима бор?

-Газета.

-Газета? Холислар, яқинроқ келинглар, -деди полициячи. -Конвертда қанақа газета борлигига гувоҳ бўласизлар!

У конвертни очиб, ҳақиқатдан газета борлигини кўриб ҳайрон бўлди, яна бирор нарса борми, дея  ичини  пайпаслаб  кўрди:

-Бу нима?

-Газета.

-Нимага конвертга солиб келдингиз?

Шунда Дагаров  бирдан жонланиб, тилга кирди:

-Газетани  мен  буюрганман, «Гурунгчи» жону  дилим, -деди у воқеанинг бундай фавқулодда ечим топганидан яйраб. Ҳамма Дагаровга қараб, ҳеч бири унинг кўзларига тўқнаш кела олмади. Унинг бир кўзи Ленинга, иккинчи кўзи деразага қараб кулиб турарди. Холислар, полициячилар  Дагаров билан менга бўлғуси жиноятчиларга қарагандай қарай-қарай чиқиб кетишди. Дагаров дами чиққан пуфакдай бўшашиб, стулга ўтириб қолди.

-Сизга нима ёмонлик қилдим биродар, -деди у бир пайт тили калимага келиб, овози қалтираб. Мен Дагаровга унга нисбатан кўнглимда ҳеч қандай ёмонлик йўғлигини, бу тасодиф эканлигини айтиб қасам ичдим.

-Билган эдим орқамдан тушишганини, -деди Дагаров хотиржам бўлиб. -Аммо лекин сиз  бопладингиз, бунақаси бўлмаган эди, -у Ленинга қараб,  мен дарпардага қараб роса кулдик.

Эртасига шу пайт кўришишга келишдик. Тўғриси, Дагаровга раҳмим келди. Пул солинган конвертни чўнтакка солиб, белгиланган пайтда ҳузурига бордим. Тортмасини очиб конвертни ташладим.

-Бу  нима, -Дагаров яна ҳаяжонланди.

-Қўрқманг, хизмат ҳаққингиз…, -дейишимни биламан, хона эшиги тарақлаб очилиб, «Қимирламанг, Федерал бюродан!» -деган буйруқ бўлди, иккита полициячи, холислар кириб келишди. Полициячи тортмадан конвертни олиб сўради:

-Бу нима?

-Пул…

-Пул? Холислар, яқинроқ келинглар, бу икки шахснинг бири пора беришда ва иккинчиси пора олишда гумон қилинаяпти…

Полициячи бизни ниҳоят жиноят устида қўлга туширганидан мамнун бўлиб, қўллари қалтираб конвертни очди ва ундан… «Гурунгчи» газетасини олди! Энди бу ҳолатни кўриб менинг тилим калимага келмай қолди. Ахир ўз қўлим билан пул солган эдим-ку, қандай қилиб…Бу пайт полициячи конвертни асабий равишда орқа ўнгини айлантириб пул излар, Дагаров икки кўзини икки томонга шақшайтириб, қорнини чангаллаб кулавериб йиқилиб қолганди. Полициячи менга жаҳл билан бақирди:

-Нимага одамни аҳмоқ қиласан? Сени пойлаб  юрадиган бекорчи борми? Уч ойдан буён  изингдан юраман! Пул қани?

-Конвертнинг ичида эди…

Полициячи бир менга, бир қўлидаги конвертга қаради, кейин газета билан қўшиб башарамга улоқтирди-да, «Восвос!» дея  сўкинганча одамлари билан чиқиб кетди.

Бир пайт Дагаров инқиллаб-синқиллаб столнинг тагидан чиқиб келди.

-Пул қани? -деди у бир кўзини шақшайтириб Ленинга қараб, иккинчи кўзини деразага михлаб, пешонасини пешонамга теккизгудай бўлиб. Ҳайрон  бўлиб, елка  қисдим.

-Восвос! -деди у полга тупуриб. -Жўнанг, ҳужжатларнинг ҳаммасини ўзим тўғрилайман, кейинги ойдан касаллик пенсиясини оласиз! Лекин иккинчи менинг олдимга келманг, илтимос,-у  кўзини икки томонга қадаб, йиғлаб юборди…

Ҳозир касаллигим бўйича пенсия олаяпман. Дарвоқе конвертдаги пулни ўшанда хотиним тушмагур олиб, ўрнига газетани жойлаб қўйган экан… Пул  қўйгани  эсидан чиқиб кетади, деб ўйлаган-да! Йўқ, восвос бўлсам ҳам, пул масаласида ўзимга ҳушёрман.