Одам боласи туғилади, вояга етади, ҳамма нарсага ҳавас қилади, орзулари оламга сиғмайди, уйланади, болаларим деб югуради, қуёш шарқдан чиқиб ғарбга ботганидай, худди шундай ташвишларни зурриёдларига қолдириб этагини силкиб кетиворади. Болалар ҳам отаси қилган хатони такрорлайверади. Хўш, хато нимада? Ҳамма хато уйланишда. Уйланишнинг нимаси ёмон, деб ўйлашингиз турган гап. Уйланиш зўр! Қани энди ҳар куни уйлансанг! Лекин ҳамма дардисарликлар уйланишдан кейин бошланади. Бугун яна кеч келдингиз, қаерда эдингиз, топган пулингизнинг ҳаммасини онангизга берасиз, деган ўтмас арра билан келин бола ҳар куни умрингни майда-майда қилиб арралайверади. Аввал орқангга маҳкам ўрнашиб олади, бола туғилганидан кейин елкангга чиқади. Болалар улғайгандан кейин хавфли душманга айланади-бошингга чиқиб олади. Ана шу моментгача қочсанг қочиб қолдинг, бўлмаса оёғингни олдинга қилиб унинг оғайнилари кўтариб кетишади. Гўрингда ҳам тинч ётмайсан, уч кунгача яна қайтиб чиқмадимика
н, деб ҳар куни эрта саҳарда бир хабар олиб қўяди. Хуллас, хотиндан қутулиш қийин оғайни. Буни оғир операцияга қиёс қиладиган бўлсак, унда юзта бемордан биттаси тирик чиқса, бу ҳолатда юзтадан биттаси тирик қолади. Қолган 99 таси бундай яшашдан кўра ўлимини бўйнига олиб қўяқолади.
Энди, хотинсиз яшаш ундан-да қийин. Чой қўй, овқат пишир, кирни юв, болага қара, молга қара, товуқни қув, бунақа ҳайда-ҳайдаларга хотин киши чидамаса, эркак чидамайди. Хотин жавраб-жавраб ҳамма ишни бир бошдан саранжом қилаверади, охири жонига теккач, эркакни ҳам биратўла саранжом қилиб қўяқолади. Шунинг учун хотини билан эҳтиёт бўлиб муомила қиладиганлар узоқ яшайди. Хотин ўлиб кетади, мулойимхунук эркак ҳеч нима бўлмагандай яшайверади. Номард! Мард бўлсанг, хотинингдан олдинроқ кетар эдинг-да! Бу етмаганидай, шартта бошқа биттасига уйланиб олади. Ёқмаса, бир ойдан кейин уни ҳайдаб яна уйланади. Кейин носвойга ўргангандай ҳар ойда бир уйланишга ўрганиб қолади. Яхши-да, уйланади-ҳайдайди, қалин пули бериб ўтирмайди. Ўзи келди ёр-ёр, ўзи кетди ёр-ёр!
Шариатда бева қолган отадан фарзанд уч марта уйланишга раъйини сўрайди. Рози бўлса, уни уйлантириш фарзанд учун фарз. Лекин ҳаётда бунақаси камдан-кам бўлади. Бева ота уйланаман, деса, дастлаб келин тўнғиллай бошлайди. “Ўзи бир оёғи гўрда-ю, унинг кўнглини қаранг! Отангиз уйланса, уйга ўгай энангиз хўжайинлик қилиб олади! Сиз шуни истаяпсизми?” Кейин ўғил ишга киришади: “Ота, шу, уйланмасангиз бўлмайдими, келинингиз қараяпти, саккизта неварангиз қараяпти, шунинг ўзи сизга етмайдими?” Келин билан неваралар отага қараб тураверишади уйдаги ортиқча буюмдай. Ота ҳам ўжар, осонликча кета қолмайди. Кейин қизлар жажовлашиб келишади: “Уялмайсизми ота, энди етмишга кириб, энамди арвойини чирқиратиб уйланишга? Эл нима дейди? Бизлар тирик эканмиз, энамди иси қолган уйга бегона аёлни йўлатиб бўпмиз! Жуда чидолмаётган бўлсангиз ўша аёлникига бориб яшанг, вассалом!” Ана шундан кейин бечора ота хотинидан олдинроқ кетиб қолмаганига минг пушаймон қилиб, қолган умри арм
он билан ўтади. Лекин сезган бўлсангиз, бу ерда битта нозик масала бор. Ҳамма жонкуярлар отанинг уйи ўгай энанинг қўлига ўтиб кетишидан қўрқишади. Гап ана шунда!
Қаловини топсанг, қор ёғади, деган гап бор. Бунинг ҳам йўли бор экан. Қўзивой бева отасини тотор хотинга уйлантириб қўйди. Бошқа миллат аёли уйга эга чиқмайди, даъво ҳам қилиб юрмайди. Отаси бир ойдан кейин уни ҳайдаб карисга уйланди. Кейин русга, кейин немисга…, бу ёғи ке-э-тди. Ота кейинги пайтда ҳафтасига бир уйланадиган одат чиқарди. Эштишимча, ҳозир фарзандлар отага чукча кампир ахтариб юрганмиш. “Уйланмаганим фақат чукчадан қолди, шунга бир марта уйлансам, кейин армоним йўқ”, -деганмиш ота.
Мен орзу-ҳаваслар ажинашамолида учиб юрган пайтларимда аввалига қиз танлаган бўлсам, кейин улар мени хоҳлашмади. Бу орада номзодликни ҳимоя қилдим, докторликни ёзишга киришдим. Соч фермер ягана қилган ғўзадай сийраклашиб кетди. Танқайган бурунга қўндирилган лупага ўхшаш кўзойнак қирқ ёшимда олтмиш яшар чолнинг тусини берди-қўйди. Қариндош-уруғлар ҳалигача менга қиз танлаб ҳоли-жонимга қўйишмайди. “Қўй шу гажирлигингни, -деди тоғам. -ўқийман, деб дунёдан сўққабош ўтиб кетасанми энди? Мана, Ленин ўқиб-ўқиб нима бўлди, гўрсиз-кафансиз қолиб кетди. Сенга маслаҳатим, ҳалиям бўлса уйлан, битта зўрини кўз остига олиб қўйганман, хоҳласанг бўлди, таништириб қўяман.” Бечора тоғам, йигирма йилдан буён яғир телпаги бошидан тушмайди-ю, менга насиҳат берганига ўлайми? Саккизта фарзанднинг қайси бирига етказишни билмайди. Айниқса холам мени қистагани-қистаган. “Сани докторлигинг манга капейка, -деди холам. -Опам бечорани кўрсам, ичим ачишади. Яхшиликча
уйлансанг-уйландинг, бўлмаса ишхонангга бориб шармандангни чиқараман!” Шунақа гаплардан охири зада бўлиб уйланишга розилик беривордим. Мендан нима кетди? Ё пан, ё пропал! “Ана бу бошқа гап, -деди холам гапи кор қилганидан беҳад хурсанд бўлиб. -Келин бўлмиш қиз топилмалар бюросида ишлайди. Мен уни огоҳлантириб қўяман, эртага борасан. Аммамнинг бузоғига ўхшаб сўппайиб қуруғ борма, гул-пул сотиб ол!” Умримда гул кўтарган эмасман, бу ҳолат эриш туюлиб, бир плитка шоколад сотиб олдимда, шимимнинг чўнтагига солиб қўйдим. Кейин топилмалар бюросини излаб топдим. Чиройли бир қиз хизмат кўрсатаётган экан. Уни кўриб “шу бўлса керак”, деган хаёлдан юрак қурғур ширин гупиллаб уриб кетди.
-Нимани йўқотдингиз, амаки? -деган саволдан ўзимга келдим.
-Тахминан… Топилди…, -дедим зўрға тилим айланмай.
-Топилдихон опамними? – бийрон-бийрон сайради қиз. -Ана, ичкари хонага ўтинг, сизни кутаяптилар.
Аёлларга бир гап этса бўлди, бутун дунё бирпасда хабардор бўлади-қўяди, ўйладим мен. Ичкари хонага ўтдим. Хонага кирдим-у, стол ёнида ўтирган, бир ҳафта гулдонда унутилиб қолдирилган гулдек юзига турли бўёқлар шлифовка қилинган, қулоғида тилло ҳалқа, ҳар бир бармоғига тилла узуклар тақиб олган бир махлуқнинг ўткир нигоҳларидан ўзимни қайси бурчакка уришни билмай қолдим. Тўғрироғи, унинг бир кўзи жиноятчини тутиб олган мелисадай кўзимга қадалиб турган бўлса, иккинчи кўзи шимимга қадалган эди. Шоша-пиша шимимга қарадим. Ҳаммаси жойида, ҳеч жойим очилиб қолгани йўқ…
-Сиз ўшами? – дабдурустдан савол ташлади махлуқ. Аслида бу сўз билан махлуқни ҳам ҳақорат қилаяпман, махлуқ ундан чиройлироқ бўлса ажаб эмас, ўйладим мен.
-Ҳа, ўшаман, -дедим нима дейишни билмай.
-Сизни роса мақташган эди, шартингиз кетиб, патингиз қолибдику, -деди у кўнглига олади, демай.
-Шунинг учун сизнинг олдингизга юборишган бўлса керак-да,-дедим ғулдираб.
-Неча марта уйлангансиз?
Отаси прокурор бўлса керак, ўйладим мен.
-Уйланишга вақт бўлгани йўқ, -жиноят устида қўлга тушган ўғридай қизариб кетдим.
-Қизарманг, энг уйланмаганман, деган эркак камида учта хотинни қўйвориб, тўртинчисининг илинжида юрган бўлади!
Юзимдан реза-реза тер оға бошлади.
-Йўғ-э, ўлай агар…
-Чекишга, отишга қалайсиз?
-Бўлиб туради ҳарқалай, отилганда тортилади…
-Ҳали тортасиз ҳамми?
Бу тасқара билан яшагандан кўра отилган маъқул, ўйладим мен.
-Ҳалиги… сигарет тортамиз…
-Атрофини ҳўллаб-а?
Нима учун сигаретнинг атрофи ҳўлланиши кераклигини тушунмадим. Ҳар ҳолда, суҳбат совиб қолмаслиги учун унга савол ташладим.
-Бирор жойни битирган бўлсангиз керак?
-Ҳа, бакалеяни тугатганман, магистурацияга ўқимоқчи эдим, адам дипломни ўзим сотиб олиб бераман, деб қўймадилар.
Бакалея-бакалаврлик, магистурация-магистратура бўлса керак, ўйладим мен.
-Китоб ўқишни яхши кўраркансиз? -ёнидаги китобга ишора қилдим.
-Ҳа, Миллий таомлар китоби менинг жону-дилим. Қачон бўш қолсам ўшани ўқийвераман, ўқийвераман…
-Ишга йўлланма билан келган бўлсангиз керак?
-Ёшлигимда бир марта бозорда йўқолиб қолганман. Бир ҳафтадан кейин топиб олишган. Шунга адам Тахминахон исмимни Топилдихон қўйиб олганлар. Кейин топилмалар идорасига жойлаштириб қўйдилар.
Ўшандан том кетиб, кўз қийшиқ бўлиб қолган экан-да, ўйладим мен. Қандай қилиб бу ердан қочиб қолсам экан?
-Мен… энди борай… -деб эшик томонга бурилган эдим, тиззамга шилимшиқ нам нарса урилгандай бўлди.
-Вой, тўхтанг, ҳа, дегандан мани рози бўлди, деб ўйлаяпсизми? Сизга тегадиган бўлсам, шартларим бор, -тўхтатди Топилдихон истиғно билан чап кўзини шимимга қадаб. Кейин кўзлари косасидан чиқиб кетгудек бўлиб, важоҳат билан бақирди. -Вой-вой, шимингиздан алламбало оғаяпти!!!
Қарасам, шимнинг почасидан жигарранг шилимшиқ нарса сумалакдай чўзилиб-чўзилиб патинкамга тушаяпти. Чўнтагимни чангалладим. Иссиқдан шоколад эриб, қоғози қопти!
-Нима бу? -ҳаяжонланиб бақирди Топилдихон.
-Бу…, бу…, жигарим, сизни кўриб тўкилиб кетди, -дедим-у Топилдихоннинг ҳай-ҳайлашига қарамай, тезликни мингга қўйиб газлаб қолдим.