Нурулло Остон. Эски дўкон (ҳажвия)

Ҳозир нима кўп-тўйлар кўп. Қариндош-уруғ, ошна-оғайнилардан худо берган-никоҳ тўйидан чиқиб суннат тўйига, ундан чиқиб Пайғамбар ёши, мучал тўйига бўзчининг мокисидай югураман. Айниқса, рўза олдидан ҳамма бараварига келишиб олгандай қичаб қолади. Эрталаб тўй, тушда тўй, кечда тўй… Бормасанг, астойдил хафа бўлишади. «Нима, амалдор бўлиб қолдингми? Билиб қўй, амал ўз йўлига, ўтади-кетади, лекин  элдан чиқма!» -дейишади. Шунинг учун элдан чиқмасликка ҳаракат қиламан. Бир тўйда ўтирибмиз, ҳофиз юракни сел қилганича эзилиб қўшиқ айтаяпти.

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак,

Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни на қилай.

Урайинму бошима саккиз беҳишту дўзахин,

Бўлмаса васли манга икки жаҳонни на қилай…

Қўшиқ оҳангига берилиб ўтирган эдим, ёнимда ўтирган ширакайф дўкончи Бозорбой биқинимдан туртди:

-Ока, ҳопиз қайси Иброҳимдан қолган дўконни этвотти?

Ҳазиллашаяпти, десам, Бозорбой жиддий сўраяпти. Бирор нарса демасам, хафа бўлади. Атрофга қарадим. Рўпарамда ўтирганлар орасида Иброҳим деган қўшиқчини кўриб қолиб, Бозорбойга шуни имлаб кўрсатиб юбордим. Иброҳим суҳбатимизни эшитиб ўтирган экан.

-Йўқ, ҳопиз менинг дўконимни эмас, Ибройим шипананинг дўконини айтаяпти, -деди у жиддий.

-Ибройим шипананинг дўконига нима бўлган?

-Нима бўлган, нима бўлган, балки нураб қолгандир, балки пойдевори йўқ бўлса, бошқатдан қуриш керакдир…

-Эски бўлса, оғилхона қилса ҳам бўлади, -давом эттирдим мен. Хуллас, тўйдан ҳазил-ҳузул қилиб тарқалишдик.

Иброҳимдан қолган дўкон ўз йўлига, мен шаҳардаги гавжум бекатлардан бирига қурилган дўконни ўн йил ичида беш марта бузиб қурдим. Ҳар гал шаҳар мери алмашганида унинг дидига қараб дўконнинг рафторини ўзгартиришга тўғри келди. Бирови келиб тунукасини алмаштириб, шифер қилдирди, иккинчиси келиб уни черепицага алмаштирди, кейингиси қайта буздириб, ойнаванд қилдирди, яна бири келиб тўлқинсимон тунукага алмаштириб, уч хил рангга бўяттирди. Автобуслар қатнамай қўйганидан кейин бекатдаги дўконларга эҳтиёж қолмади. Мен ҳам ғавғодан қутилдим.

Ҳозир яхши, тадбиркорлар уйидан дўкон, ресторан очиб, уриб савдони қилиб ётишибди. Эпчилроқлари у ёқ бу ёқ билан келишиб, шапалоқдай қарор чиқартириб олиб, пиёдалар ўтадиган йўлларни эгаллаб олишган. «Э ака, йўлни ҳам тўсиб олибсиз-ку», -деб эътироз билдирмоқчи бўлсангиз, қарорни рўкач қилишади. «Сандақаларнинг кўпини кўрганман, тадбиркорнинг йўлига шлагбум ташламоқчи бўласан ҳамманг, между прочим, мен халқни боғаяпман», -деб, кўкрагига уриб дўқ қилади. Ўша «халқни боғаётган» тадбиркорнинг ишини яхшироқ кузатсангиз, олиб келган маҳсулотини истаган нархида сотиб, кассадан ўтказишни хаёлига келтирмайди, боз устига электр токини яширинча олиб кирган, газдан ноқонуний фойдаланаётган бўлади. Бу хурмача қилиқлар аён бўлганидан кейин эпчил тадбиркор ҳавоси бўшаган пуфакдай писсайиб, «Ака, ўлиб қопмиз, билмай қопмиз, ёрдам қилинг, хизмат биздан», -деб ялинишга тушади.

Самарқанд шаҳридаги Марказий истироҳат боғининг гир-атрофи лўлининг чодиридай ошхона-ю дўконлар билан ўралган, ҳатто ичкари томонлари емакхоналарга тўлиб кетган эди. «Эй биродар, ҳаёт фақат ошқозондан иборат эмас-ку, одам дам олиши керак, маданий ҳордиқ чиқариши керак», -дейдиган мард топилмади. Эл ичида ўзини сипо кўрсатиб, одоб билан юрадиган баъзи раҳбарчалар енг ичида иш қилиб, ўзини қўйнинг оғзидан чўп олишга уяладиган мусичадай кўрсатди. Натижада етти иқлим сайёҳлари бир кўришни орзу қилиб юрадиган шаҳри азим Самарқанднинг аҳоли гавжум жойлари дўкон ва дўконваччалар, шашлик ва кабобпазликлар учун гала қашқирлар ҳужум қилиб енгган арслондай парча-парча қилиб бўлинди, тақсимланди, талон-тарож қилинди. Сармояси борлар силлиққина қилиб жимжимадор имзочалар билан қарорлар чиқариб олишди, сармояси йўқлар беқарор ҳам қураверди. Ўндан ортиқ катта-катта китоб дўконлари изсиз ғойиб бўлиб, ўрнига неон чироқлари кўзни олгудек ялтиллаб турадиган ҳашам
дор дўконлар пайдо бўлди. Тўғри-да, бизга китоб нимага керак қорин билан ўйлайдиган бўлсак! Фақат биттагина китоб дўкони тоғора сотишдан асраб қолинди.

Хусусийлаштиришда ҳам ўзига хос ўйин кетаяпти. Кўпчилик бойваччалар хусусийлаштириб олган ташкилот ёки корхонани ишлатмай шундай ташлаб қўяяпти, ёки уни бузиб ўзи учун икки қаватли қилиб иморат ёпаяпти. Шаҳар обод бўлаяпти, жамоатчилик яна жим. «Туринг биродар, ўрнингиздан қўзғалинг, онгингизни карахтликдан уйғотинг, қаранг, қанча бунёдкорлик ишлари қилинаяпти, сиз учун бу ишни биров қилиб бермайди, ҳеч бўлмаса эшигингизнинг олдини обод қилинг, эртага ўзингизга қулай бўлади», -дея ҳайғиргинг келади жамоатчиликка. Иброҳимдан қолган дўконга келадиган бўлсак, уни қайтадан қуриш ёки пойдеворини алмаштириш ўзимизга боғлиқ. Фақат унинг қонуний ёки ноқонуний қурилганлигини аниқлаб, ҳужжатлари тўғри бўлса, кейин жамоатчиликни ёрдамга чорлаб ишга киришиш керак.