Одатда, одамнинг миясида кундалик савол-жавоблар учун навбатчи сўзлар тайёр туради. “Қандай?”, деса, “Яхши”, дейди, “Ишлар зўрми? -деса “Зўр!” дейди. Йиқилиб ётган бўлса ҳам, ёнига келиб “Тинчликми?”десанг, “Тинчлик”, -дейди. Ана шу қонуниятлар бузилса, баъзиларнинг чаппа мияси билан ўнг миясида қисқа туташув юз беради, кейин компютери тутаб кетади. Мансур ота деган жўрамдан “Аҳволлар қалай?” -деб сўрасангиз “Нима ишинг бор?” -деб жавоб беради. Бундан гаранг бўлиб қолган одамнинг миясида албатта қисқа туташув юз беради-да. Бир оғайнимиз “Аҳли улус қалай?” деса, бошқаси “Чўнтаклар қалай?”, дейди. Рауф Парфи “Дунёқарашлар жойидами?” деб сўрайди. Ичиб юрадиган одам билан биттаси “Кайфият қалай?” деб сўрашган экан, “Кайфиятим билан нима ишинг бор, э… сани”, – деб сўкиб берибди. Яҳё Тоға “Аҳволимни сўранг, ака!” дейди. “Аҳволинг қалай, ука?”, десангиз, “Э, сўраманг!”, дейди. Эркин акага “Фалончи ўлипти”, десангиз, “Ҳа, яхши-яхши, э, қачон?” дейди. Менда
н “Аҳволлар қалай?”, деб сўрашса, “Шундай”, деб жавоб бераман. Қандайлигини ўзим биламан. Бир куни Неъматга қўнғироқ қилдим. Одатда қўнғироқ бўлганида телефон гўшагини кўтарган одам “Алло, эшитаман”, дейди. У эса “Ким бу?” деб сўради. “Ким керак?” деб юборибман навбатчи сўзни ишлатиб. Неъмат “Ие?”, деди-ю, телефон гўшагини қўйиб қўйди. Ҳойнаҳой, ғайри-табиий савол-жавобдан унинг компютери тутаб кетган бўлса ажаб эмас.
“Тошкент оқшоми” газетасида таниш мухбирнинг ярим бетдан каттароқ мақоласи чиқибди. ўқиб кўрсам, унинг бир жойида “кўрга ҳассадай аён” деган ибора ишлатилган экан. Шартта гўшакка рўмолча қўйиб, қўнғироқ қилдим:
–Алё, бу “Тошкент оқшоми” газетасими?
–Ҳа, ким керак?
–Қурбон Одилов деган мухбирларингиз мақоласида кўзи ожизларни “кўрга ҳассадай аён” деб ҳақорат қилибди, биз йигирмата кўзи ожизлар газетага кириш жойида кутиб турибмиз, шу кишини топиб берсангиз…
–У киши бугун ишга келгани йўқ. -Овоз Қурбонники эканлигини дарров англадим.
–Бўлмаса, бош муҳаррир борми?
–Бош муҳаррир ҳам йўқ, -қалтираб чиқди Қурбоннинг овози.
–Алдаманг, -ҳужумга ўтдим. -Яна Қурбон Одилов ўзингиз бўлманг?
–Йўғ-э, -ишончсиз эшитилди Қурбоннинг овози.
–Йўқ, дема, овозинг қалтираб чиқаяпти, сен Қурбон Одиловсан, сезиб турибман. Нега кўзи ожизларни кўр деб ҳақорат қиласан? Яхшиликча туш бу ёққа, бўлмаса туғилганингга пушаймон бўласан, тушундингми чурвақа! Керак бўлса, Марказқўмгача борамиз! Ҳақорат қандай бўлишини сан оёқялангга кўрсатиб қўямиз!
Шундай образга кириб кетибманки, Қурбон қўрққанидан гўшакни қўйиб қўйди…Ярим соатлардан кейин яна унга қўнғироқ қилдим:
–Қурбон, яхшимисиз?
–Ҳа, яхши, ўзингиз қандай?
–Яхши. Мабодо сизга кўрлар қўнғироқ қилмадими?
–Ҳа, белат, ўзимам ўйловдим-а, сиз экансиз-да! Э, одам эмас экансиз…
Ишхонада “Шайтанат” видеофилмини саккизтача одам томоша қилиб ўтирибмиз. Тушликка яқин қолган, чўнтакда бор-йўғи 35 сўм пул бор, ярим коса шўрва 44 сўм туради, бу пул шунгаям етмайди. Нима қилишга ҳайронман. Бу ёқда кино бўляпти. Асадбек бир нусхага гапиряпти:
–Ҳажга бормоқчисан деб эшитдим…
–Ҳа-ҳа, ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидай…
–Хўш, бориб келишингга қанча харажат кетади?
–Ҳа, энди, ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидай, ҳаммаси бўлиб ўн беш минг сўмлар кетиб қолар…
–Ма, мана бу пулни ол-да, -Асадбек ҳалиги одамнинг олдига бир ўрам пул ташлади, -ҳаром оёғинг билан Маккани булғама, тушундингми?
Ана шу пайтда мен ҳам чўнтакдаги 35 сўм пулни олиб телевизор экранига қараб отдим:
–Етмаса мана буни ҳам ол, очофат, -деб бақирдим. Ҳамкасблар менинг бу кутилмаган ҳаракатимдан қотиб қолишди: бир менга қарашади, бир ерда шалвираб ётган пулга, бир телевизорга. Ҳеч нарсани тушунишмайди. Қисқа туташув юз берди-да! Кейин ўтириб-ўтириб ҳаммалари бирдан шарақлаб кулиб юборишди…
Эшон деган ўгай укам бор, ота бошқа, она бўлак. Бир куни у: “Ака, мошинангизни қўшинг, бинзин оппераман, зиёфатнинг қуюғига борамиз”, деб қолди. Мошинани қўшиб юз километрлик масофадаги “қуюқ зиёфат”га кетдик. Зиёфат зўр бўлди, ўгай укам менга ҳам ичирди. Зиёфатдан кейин мошинани ҳайдаб кетаётган эдим, тўрт-бешта ГАИ ходимлари тўхтатишди.
–Энди ўзинг жавоб бер, -дедим мошинани тўхтатиб. Ўгай укам шартта мошинадан тушиб, милисалардан бири билан қучоқлашиб, лабининг ярмини “узиб” олди. Кейинг ГАИ ходими таёқчаси билан менга “ҳайда” ишорасини қилди. Ҳайдадим. Ўгай укам от текканда холангникига бориб қол, қабилида то саҳаргача кирмаган тешиги қолмади. У ёққа ҳайда, бу ёққа ҳайда, жон ҳиқилдоққа келди. Охири бир жойда тоғаси яшар экан, ўша ерга қўндик. Мен ётибман, Эшон ётишга ҳозирлик кўраётиб, ғудранди:
–Шуям юриш бўлдими, кучукка ўхшаб санғиб, “онангни…” дейдиган одам йўқ…
Қарасам, сўкадиган одам йўқ, деяпти. Нима, мен одам эмасманми? Ҳамиятим қўзиди. Ётган жойимдан:
–Ҳе, онангни сани…,-деб сўкдим.
Табиийки, бундан Эшоннинг миясида қисқа туташув юз берди. Бечора нима дейишни билмайди, жавоб қайтарай деса, ўзи сўраб олган…
Ана шундай. Одамзот табиий саволга жавоб ололмаса, миясида қисқа туташув юз беради. Натижада нима бўлади? Натижада у ё ҳаётга сергакроқ қарай бошлайди, ёки охир оқибатда компютери куйиб кетади…