Нурулло Остон. Ўлма, Гўрўғли… (ҳажвия)

Илгарилари фақат карта ўйини бўларди. Дурак дейишарди. Ҳозир ўйинлар шунчалик кўпайиб кетганки, кўчада, тилбузарда, компютерда, ҳамма жойда ўйин. Бири-биридан қизиқ, ҳавасинг келади. Илгари уч карта бўлар эди. Қизилини топсанг оласан, қорасини топсанг қоласан, деган ўйин. Мен ўзи ўйинга қизиқмайман. Болалар дунёси олдида одамлар йиғилишиб туришган экан,  қизиғиб, уч картачининг ёнига келиб қолибман. Уйнаётган бола пул тикдим, деб қизил картани олди-да, менга узатиб: “Ока шуни ушлаб туринг, пулимни  олволай” ,-деди. Йўқ, дедим. “Ҳа, ўйнамасангиз ҳам ушлаб туринг, ҳозир оламан”, -деди у. Беихтиёр  картани олдим. Ҳалиги бола 30 сўм ютди. Уч картачи унга: “Аввал пулингни кўрсат, кейин ютуқни оласан”, -деди. Бола чўнтагидан бор пулини чиқарди, 25 сўм чиқди. “Ока, беш сўм қўшиб туринг, кейин бўлишамиз”, -деди бола. Ҳисоблаб қарасам, нақд ўн сўм фойда олишим мумкин. Чўнтагимда 20 сўм пул бор,  беш сўмини болага бердим. “Энди шунинг ҳаммасига ўйнаймиз, пулни қ
ўйинглар, ютсаларингиз оласизлар”, -деди уч картачи. “Ока, ўн беш сўмдан қўяйлик, ҳозир ютиб оламиз”, -деди ҳалиги бола. Ўн беш сўмдан қўйдик. Бола бу гал картанинг қизилини топмади. Бир  дақиқанинг ичида йигирма сўмдан ажралиб, сўппайиб уйга кетдим. ўша пайтлар 20 сўм катта пул эди-да! Шу-шу карта ўйнамай қўйганман.

Энди  литсензияланган шундай ўйинлар чиқаяптики, уч карта ҳеч нарса бўлмай қолди. Бозорларда, одам гавжум жойларда лотто ўйнаб, чўнтак шилишлар авжига чиқди. Бу  етмаганидай, тилбузар кўрсатувларида турли номда, мазмуни бир лотто ўйинлари ўйналиб, оммавий тарзда чўнтак шилишга ўтилди. Пўримгина кийинган диктор бола рекламага чиқиб: “Мана бу мошинани кўраяпсизми, -дейди. -Ютсангиз ўзим уйингизга олиб бориб, калитини қўлингизга бераман.” Сиз ишониб лотто оласиз. Унга машина тугул, шимилдириғам чиқмайди.

Қайси бир ўйинда минг киши битта мошина ютибди. Ана энди ўзингиз тасаввур қилаверинг, уларнинг қайси бирига мошинанинг қайси запчасти тегишини. Қайси  бир рекламада доим бири бақувват, бири пакана иккита қизиқчи чиқади. Бирини кўрсанг очарчилик бошланибди, деб ўйлайсан, иккисини бирга кўрсанг, бунисининг ҳақини униси тортиб олиб еб қўйган, дейсан. Экалот олинг, ютасиз, дейди. Қон ютасиз, демайди, ютасиз дейди. Бечора содда одам нон сотиб олиши керак бўлган сўнгги пулига ҳам экалот олганини билмай қолади.

Рекламалар бири-биридан дилтортар. “Бирдан бой бўлиб кетишни истайсизми?”, “Қўшимча даромад топишни хоҳлайсизми” ва ҳоказо. “Унда Таняга мурожаат қилинг”. Бир куни Таняни излаб бордим. “Сиз Танягами?” сўради эчкисоқол. Ҳа, дедим. “Бўлмаса навбатга ёзилиш учун беш юз сўм тўланг”. Тўладим. “Фалон куни келасиз”. Келдим. “Навбатга ёзилганмисиз?” Ҳа. “Унда мана бу эслатмалар учун беш юз сўм тўланг”.  Тўладим. “Таняга киринг”. Кирдим. Чиройли, сув парисидай бир қиз ўтирибди. “Бой бўлишни истайсизми?” -сўради сув париси. Албатта истайман. “Унда минг сўм тўланг”. Тўладим. “Бой бўлишнинг биринчи шарти  бизнес синовидан ўтиш. 20 минг сўм тўлаб, мана бу лаб бўёқ, кремларни сотиб келасиз”, -деди сув париси. “Бўпти, эртага пул олиб келаман”, -деб оёғим қалтираб чиқиб кетдим. Шунча пулим бўлганида бу ерга келиб юрармидим? Қайтиб у ерга бормадим.

Икки минг сўм тўлаб бой бўлиш учун бу ерга келаётган менга ўхшаган жулдирвоқилар кам дейсизми? Бой бўлиб бўпсиз, тушингизни сувга айтинг. Қайтанга ўша эчкисоғоллар бой бўлиб кетишади. Гербалайф дегани чиқиб қолди бир пайт. Ҳамма чопган, ҳамма ўзини унга урган, тўполон. Охир-оқибат нима бўлди? Ҳамма кафангадо бўлди. Бир куни бир ҳамкасбимиз “Фалон жойда “Човган” дегани чиқибди, ҳоли-жонимга қўйишмаяпти, бирга борайлик”, -деди. Бордик. Идора арининг уяси, биров кириб, биров чиқаяпти, бизни учта аёл кутиб олди. Улар “Човган”нинг пайдо бўлиш тарихи, оламшумул ишлари ҳақида икки соат маъруза ўқишди. Биз бир йил ичида биттадан “Мерседес” миндик, ойида минг доллардан топадиган бўлдик ва ҳоказо. Шу орада деворда кўзлари айёрона боқиб турган бир мужикнинг суратига кўзим тушди.

-Бу товламачи ким? -сўрадим беихтиёр.

-Бу фирмамизнинг президенти! -дейишди уччала аёл бараварига…

“Чангчи” дегани ҳам шуларнинг бири экан. Ўн доллар тўлайсан, дори сотасан, беш фоиз оласан ва ҳоказо. “Экологик тоза” дори жониворнинг ҳар бири ўн беш, йигирма минг сўм туради. Бундай дориларни пулини қаерга қўйишни билмай юрган касалманд бир бойвачча олмаса, ким ҳам оларди?

Ҳозир бинго дегани чиққан. Одам тирбанд, ур-йиқит, гўё ҳар бир кишига биттадан мошина беришяпти-ю, орқадагилар қуруқ қолишаётгандай. Аслида ўйиннинг бошидан охиригача битта шалақ мошина кимгадир чиқса-чиқади, бўлмаса йўқ. Хорижга, Россияга одам жўнатаман, деб юрганларнинг сон-саноғи йўқ. Улар талабгорларни Россияга ҳатто ўз ҳисобларидан олиб боришади ва қул қилиб сотишади. Пул топиш учун борган бечоралар бир муттаҳамнинг қўлида ойлаб еб-ичиш ҳисобига ишлашади. Роҳатини ўртада турган “қулдор” кўради…

Сизга биров холисона пул бераман, бойишингга кўмаклашаман, деса ишонманг. Содда бўлманг. Бу ваъдалар ортида шайтон малайларининг маккорликлари болалаб ётибди. Энди Грин карта деган кўзбойлаҳъич ўйин чиқипти. Ким ютса, “озод ва эркин” Америка фуқаролигини олармиш. Ҳар қадамда бу шов-шувга эълон. “Грин картага расмийлаштирамиз”, “Америкага бепул боришни хоҳлайсизми?” ва шунга ўхшаш бири-биридан ёғимли таклифлар. Уч картага чув тушиб, бу қизиққон ўйинларни бас қилган синовчи ўйинчи сифатида шудгордаги қуйруқни ҳавас қилган содда биродарларга шундай дегим келади: ҳар хил реклама-эълонларнинг ортидан чопиб, хомтама бўлиб юрманг. Уларнинг ҳар бирининг тагида бир найранг бор. Шунинг учун ҳам доно халқимиз “ўлма Гўрўғли, ўзингдан қолма”, деб бежиз айтмаган!