Илгари қайсидир бир дарслик китобида бир оёқда турган мужикнинг сурати бўларди. Дарсликни очсам, у ҳамма вақт бир оёқда муғамбирона илжайиб турарди. Нега бу бечора бир оёқда туради, деб ҳайрон бўлардим. Орадан йиллар ўтиб бунинг сабабини энди тушуниб етаётгандайман. Уйидаги машмашалар жонига тегиб кетган мужик доимо иккинчи оёғимни қаерга қўйсам яхшироқ бўлар экан, деб ўйлар экан.
Эркак нимани хоҳлайди? Яхши еб-ичишни, ичишни… ва яна ичишни хоҳлайди. У ҳаётни ошқозон билан севади. Яхши хотин эри ишдан қандай кайфиятда келса ҳам ҳеч нарсани сўрамайди, олдига энг яхши таомларни қўяди, еб-ичиб бўлганидан назокат билан аррасини олиб билинтирмай арралай бошлайди. Эркак қорни тўйгач, унча-мунча аррани писанд қилмайди, арранинг оҳангига маҳлиё бўлади. Ёмон хотин эрининг келишига овқатнинг ўрнига аррани тайёр қилиб ушлаб туради, келиши билан арралашни бошлаб юборади. Ана ундан кейин бошланади жанжал, қиёмат…
Эркак чойхонада ошхўрлик қилади, бедана уриштиради, дуррак ўйнайди, латифа айтади, яғир кўрпачаларда ётиб озгина хуррак отиб олади. Кийим-бошининг ғижими чиқиб ярим тунда уйига қайтгач, ухламай арра билан турган хотин дийдиёсини бошлайди.
-Қаерларда юрибсиз? Чойхонада? У ерда ярим тунгача пишириб қўйибдими? Ухлаб қопман? Мени алдаб бўпсиз, қайси бир ўйнашингизникидан келаяпсиз. Кейинги пайтда қадам олишингиз бошқачалигини ўзим сезиб юрган эдим! Ёш умримни хазон қилдингиз! Ҳар кун аҳвол шу. Ўша ўйнашингизни тутиволсам, оғзини йиртиб бурнига тиқиб қўяман!
Табиийки, эркакка бу гаплар ёқмайди, кейин охир-оқибат бир оёғини кўтариб олишга мажбур бўлади. Эркак эрда юмалаб ётса ҳам ғижим бўлмайдиган кийим кийишни хоҳлайди, кечқурун шу кийим, гластик билан ётиб, эрталаб ҳеч нарса бўлмагандай туриб ишга кетаверади. Пайпоғини синадиган бўлгунча оёғидан ечмайди, цинганидан кейин янгисини кийиб олади. Эркак японлардан хафа -ҳар хил замонавий аппаратлар, қўл телефонлари ишлаб чиқарган-у, хотиннинг овозини ўчириб қўядиган аппарат ишлаб чиқаришни ҳалигача хаёлларига келтиришмаяпти, баччағарлар! Шунақа аппарат ишлаб чиқаришганида эди, уни бутун дунё эркаклари сотиб олган бўларди. Ишдан чарчаб келган эркак хотинининг гапи қулоғига ёқмаса, чўнтагидаги аппарат тугмачасини битта босиб қўйса, хотиннинг оғзи қимирлайверарди-ю овози чиқмасди. Қандай яхши! Шунда эркак асабийлашмайди, хотин ҳам жавраб-жавраб ичини бўшатиб оларди. Керак бўлиб қолганида яна тугмачани босиб қўйсанг, хотин гапираверарди. Бу иш яхс
ҳи натижа берса, эркак бошлиғига ҳам битта аппарат ясаттириб оларди. Бу аппарат яхши гапларни эшиттиради-ю, сўкиш, ҳақоратлар ўрнига майин хуррак овозини эшиттирарди. Ҳозир япон олимлари япон арабларидан тушган ана шундай буюртма устида иш олиб боришаётган экан.
Эркакларнинг кейинги пайтда асабий бўлиб қолишининг яна бир сабаби наҳор ош билан боғлиқ. Каллайи-саҳарлаб ошга борган эркак чиройли қилиб териб қўйилган совпластитарнинг пластмасса ўриндиғига ўтиради-музлаб ётган ўриндиқнинг совуғи кетидан бетига ўтиб кетади. Ош еса ҳам исимайди. Бир бало қилиб ўриндиқнинг у палласидан бу палласига ташлаб ўтиради-ю, ошга дуо ўғилганидан кейин “Ошинггаям, бошинггаям” деб сўкиниб-сўкиниб чиқиб кетади. “Ошга гап йўқ, дастурхон ҳам ничево, шунга яраша ўриндиққа тўшак тўшаб чиқсанг ўласанми, номард!” -дейди. Наҳор ош кўплигидан эркак совуқ ўриндиққа кетини қўявериб, простатит орттиради, кейин дорихонама-дорихона изғиб тиливизирда реклама қилинаётган дориларни излайди. Бунга кифояланмасдан шимининг орқасига кигиз тиктириб олади. Наҳор ошда тўшаксиз пластмасса ўриндиқлар қўйилишини эркакларга нисбатан қилинаётган генотсид деб баҳолайди. Мабодо номзоди депутатликка қўйиладиган бўлса, “Наҳор ошга тўшаклар билан!” деган
сайловолди дастури билан чиқади. Ошга боравериб шундай касалликка чалинганларнинг бир гуруҳи пластмасса ўриндиқларнинг зарари бўйича даъво аризаси ёзиб, жавобгарларни Гаагадаги Халқаро трибуналга торттирмоқчи бўлиб юришганмиш…
Тўғри-да, ошга борган одам айбдорми? Бормаса, тўй эгаси хафа бўлса. Ёки хотинининг “у йўқ, бу йўқ” деган гапларини эшитиб умри ўтиб кетаверсинми? Наҳор ошда ўриндиқда тўшак бўлмаса, хотин “бошқаларга ўқлоғдек, манга қолганда просто итми”, деб орқасидан қувишни қўймаса, ишхонада бошлиқ кўз очирмаса, эркакда ҳаётга қизиғиш қоладими? Шунинг оқибатида у ҳурпайиб бир оёғини кўтариб олади, бошқа жойга қўйишни истамай қўяди. Гиналар эскиргач хотин инсофга келиб “Дадаси, барак пишириб қўйдим, келинг иссиғида еволинг, буёғи тўй қилиш керак, қудалар келаяпти” деб ялинганидан кейин ноилож оёғини туширади. Чунки у хотинини ошқозони билан севади-да! Қайноққина баракни еб олгач, қудалар билан тўйни декабрга белгилайди. Ташқарига жой тайёрлаб, тўшаксиз ўриндиқларни қўйиб кимникига наҳор ошга борган бўлса, уларнинг ҳаммасини тўйга айтиб чиқади, бормасангиз хафа бўламан, деб ҳам қўяди. Ана шундай қилиб, улардан боплаб ўчини олади!