Темир дарпардалар йўқолганидан буён ҳозир ҳаммага ҳамма нарса мумкин бўлиб қолган. Биров мошинада, биров велосипедда, биров от-аравада дунёни айланиб чиқаяпти. Пиёдалаб ҳажга жўнаяпти, пиёдалаб ер юзини кезаяпти. Россияга бориб келиш-ку, водийликларнинг Мирзачўлга қовун экиб келишидай гап бўлиб қолди. Кореяга кетаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Америка, Португалия, Канада ҳаммаси пулинг бўлса бир қадам. Яқинда Зафар деган биттаси тўрт кишини Америкага, халқаро китобсеварлар симпозиумига 200 доллардан олиб жўнатмоқчи бўлди. “Мошенник эмасмисиз?” -сўрашди тўрт киши. “Худо сақласин, -деди Зафар, -мен билан ёзувчилар уюшмасида ишлайдиган жўрам Америкада газета чиқараяпти, ўша тўрт кишини таклиф қилган.” Шу билан олти ойдан кейин Америкага кетмоқчи бўлганлардан бирини кўриб қолдим. “Ҳали кетмадингми”, -сўрадим. “Яна одам йиғ деяпти, -деди у. Ҳозир яна бештасини топдим”. “Манга қара, одамларнинг пулини олиб Носир акага ўхшаб узоқ муддатли сафарга кетиб қолм
а тағин”, -дедим. “Кимни-кимни, мени алдаёлмайди”, -деди у. Шундан буён тўрт йил ўтди, ҳали ҳозиргача ўн кишининг пули ўша Америка орзумандининг бўйнида.
Фалончи Кореяга бориш учун фалончига беш минг доллар берипти, Америкага бориш учун ўн минг доллар берипти, алдаб кетипти, деган гаплар одатий ҳол бўлиб қолган. Шунинг учун мен бирорта фирма ёки чет элга жўнатувчи фирибгарларга ишонмайман. Давлат томонидан шартнома билан кетаётганлар-бошқа гап. Яшириниб юрмайсан, одамга ўхшаб яшайсан, соғқа қиласан. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат дегандай, ана шу мақсадда ташқи эмиграция агентлигига мурожаат қилдим.
-Нима, бу ер ёқмаяптими? -думалоқ кўзойнак таққан, мўйловчаси ярашиб турган агентнинг биринчи саволи шу бўлди.
-Йўқ, нега дунёни бир кўрсам, девдим…
-У ерга дунёни кўришга эмас, ишга борасиз, -деди мўйлов.
-Ишга бўлса ишга-да, -дедим дангалига кўчиб.
-Ундай бўлса, мана бу рўйхатда кўрсатилган маълумотларни йиғиб келинг, -у қўлимга ўн пунктдан иборат эслатмани тутқазди.
Ишга киришдим. Дастлаб чет элга чиқиш учун виза очдиришга бордим. Бу ердаги одамни кўриб, ёпирай, ҳамма чет элга кўчиб кетаяптими, деб ўйладим. “Чет элгами, -деди биттаси менга синовчан қараб. -Таниш бўлмаса, барибир ҳеч нарса қилолмайсан”. “Танишни қайдан топаман?” “Мана мен топаман-да, танишни. Соққасини келишсак бўлди”. Савдолашиб, охири 75 долларда тўхтадик. Буёғи силлиқ кечди. Визани очдириб олдим. Иккита меҳнат дафтарчам бор, ишламаган жойим қолмаган, кўчирма қилгунча анча пулим кетди. Ҳарбий билетни йўқотиб қўйгандим, уни тиклаб, нусха олгунча анчага тушдим. Чет давлатга чиқиш учун тиббий кўрикдан ўтиш керак экан, бош врач 20 та духтурга йўлланма берди.
-Шунинг бошқачароқ иложи йўқмикан, -дедим мулойимлик билан.
-Бор. Ҳар бир духтурга атаганингизни берасиз, маълумотнома икки кунда тайёр бўлади. Икки кундан кейин маълумотномали ҳам бўлдим.
-СПИД бўлганингиз йўқми, -деди СПИД маркази духтури.
-Йўғ-э, -деб қўлига бир сиқим пул тутқаздим.
-Тери-таносил касаллигига чалинганмисиз, -сўради навбатдагиси.
-Худо сақласин, -деб тортмасига пул ташладим.
-Қандай гиёҳванд моддалар истеъмол қиласиз, -сўради кейингиси.
-Нос чекаман, -деб, журналининг тагига пул қистирдим. 12 та рангли фотосуратнинг пулини тўладим, карисча ўқиганлигим тўғрисидаги гувоҳномага жимжимадор қилиб имзо чекдим. Пулини тўлаганингдан кейин хоҳлагандай имзо чекасан-да! Ота-онам билан хотиннинг розилигини олиш қийин бўлди. На пулга кўнишади, на гапга.
-Бошқасини топиб кетади, -йиғлайди хотин.
-Узоқнинг қуйруғидан яқиннинг сомони яхши, болам, -дейди ота-онам. -Нима қиласан ёт элларда саргардон бўлиб…
Йўқ, бир бало қилиб кўндирдим. Маҳалладан справка олишга чиқдим.
-Ҳа, санам кетаяпсанми, -деди маҳаллаком. Ҳамманг кетаверсаларинг, бу ерда молни ким боқади? Ё бизнинг шароит ёқмаётган бўлса, тўғрисини айтавур…
-Дўм бува, бизнинг шароитдан яхши шароит йўқ, фақат бир айланиб келмоқчиман холос, деб, чўнтагига секин пул тиққанимдан кейин унинг чиройи очилди.
-Қанча вақтга кетмоқчисан, -сўради у. -Бедараклар сафига қўшайми, ё шу ерда, деб қўяйми?
-Шу ерда, деб қўяқолинг, -дедим.
-Ундай бўлса қўш, -деди маҳаллаком чўнтагини кўрсатиб. Қўшдим.
Хуллас, ҳамма маълумотларни бир папка қилиб тўпладим. Тўппа-тўғри думалоқ кўзойнакли мўйловчанинг олдига олиб бордим.
-Ҳаммаси бўлдими, -сўради у.
-Бўлди, -дедим.
-Энди бу папкани Дадамуродни топиб, унга топширасиз, ҳаммаси яхши бўлса, икки ойдан кейин Кореяга жўнайсиз, -деди агент. Дадамуродни топиб, папкани унга тутқаздим. Дадамурод зипиллаб агентнинг ёнига кириб кетди. Қайтиб чиққанидан кейин:
-Ҳамма ҳужжатлар тўғри, -деди. -970 доллар пул сизнинг ҳисобингизга омонат кассага қўйилади, йўлкира пули, чойпули, ҳаммаси беш минг доллар бўлади…
-Нимага беш минг доллар бўлади? -ҳайрон бўлдим. -Менга ҳаммаси бўлиб 1800 доллар бўлади, дейишган эдику?
-Тўғри, бошида 1800 доллар бўлади, охирига бориб 5 минг долларга айланади. Бунинг устига агент сизни 1200 долларлик ишга жўнатмоқчи. Яхши ишласангиз, тўрт ойда кўрмагандай бўлиб кетасиз…
Агентнинг ёнига қайтиб кирмоқчи бўлдим.
-Овора бўласиз, -деди Дадамурод. -Агент фақат мен қўл қўйган ҳужжатларни олади…
Дадамуродга бу ҳужжатларни тўплагунча 200 минг сўм пулим кетганини, жуда қийналганимни айтмоқчи бўламан-у, қўлим ҳаракатга келса ҳам, тилим калимага келмайди, денг. Дадамурод “Тушунаман”, -деганча бошимни силайди. Хўрлигим келиб, унинг кўксига бошимни қўйиб йиғлаб юбордим. Кейин “Олтин девор” даги артист “Тош, тош, тош”, – деб айланганидай, бир қўлимни шундай Дадамуроднинг башарасига чўзиб: “Беш!” дедим. Кейин иккинчи қўлим билан “Беш, беш, беш” деганча кучим борича унинг башарасига қулочкашлаб туширдим. Қолгани эсимда йўқ. Кўзимни очсам, жиннихонада ётибман…