-Биз зўрмиз, -депти динозаврлар. -Бу дунёда кучлилар яшайди. Ожизлар ҳамиша ҳалокатга маҳкум!
-Яшайди, яшайди, -минғирлапти чумолилар. -Кўрамиз, кучлиларнинг кучи қачонгача етар экан… Орадан асрлар, эралар, миллион йиллар ўтди. Кучлилар қирилиб кетди. Чумолилар яшаяпти.
Чумолини беозор мавжудот, дейишади. Шунинг учун уни ижобий қаҳрамон сифатида болаларга меҳнаткашлигини ўрнак қилиб кўрсатамиз. Аслида чумолидай очофат, дуч келган нарсани суриштирмай ташмалаб кетадиган мавжудот бутун дунёда бўлмаса керак. Қимирламай ўтирсанг, терингни шилиб, запчастларга ажратиб, қайта тикланмайдиган қилиб уйига ташиб кетади. Ожизларда яшовчанлик иммунитети кучли бўлади, кучлиларга қарши чиқмайди, уларнинг гапини маъқуллайди-ю, зимдан ишини қилаверади. Мабодо ўзларининг ичидан бирорта кучли чиқиб қолса, уни биргалашиб йиқитиб, кейин ейишади. Бир подшоликда учта зиндон бор экан-у, биринчисини юзта қоровул, иккинчисини битта қоровул қўриқлаб турганмиш. Учинчисида қоровул ҳам йўқ эмиш. Боисини сўрашганида шундай изоҳлашибди;
-Биринчи зиндондагилар жуда хавфли. Улардан биттаси чиқса бўлди, қолган ҳаммасини тортиб чиқаради. Иккинчисида ётганлар ҳушёр пайтида революция қилиб юбориши мумкин. Учинчисида ётганлардан бири юқорига чиқмоқчи бўлса, қолганлари оёғидан тортиб туширишади…
Ожизлар ўзларидан кучлиларни бошқаришни жуда хоҳлайди. Шунинг учун ўлиб-тирилиб уларга яқинлашишга ҳаракат қилади, ҳамма нарсасини шунга қурбон қилади. Кучлига бир бало қилиб яқинлашиб олгач, ўзига ўхшаган ожизлар билан тил бириктириб, уни мақтайверади, мақтайверади, мақтаб ўлдиради. Ёки фитна юргизиб вазиятни бузади. Кучлиларни бир-бирига қарши қўйиб, ўзи томошабин бўлади. 1953 йилда бир журналист Хитой доҳийсидан:
-Бундан буён халқаро аҳвол қандай бўлади? -деб сўраганида у шундай деган экан:
-Бир маймун шер билан йўлбарсни уриштириб қўйиб, ўзи дарахтга чиқиб томоша қилиб ўтирибди. Иккови бир-бири билан олишиб, роса ҳолдан тойгач, маймун дарахтдан тушиб уларнинг терисини шилиб олган экан…
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, кучлилар ҳамиша ожизларга хўрак бўлиб келган. Саноқли сипоҳлари билан Александр Македонскийнинг бутун бошли қўшинини қийратган тутқич бермас Спантамаънони хотини орқали ҳийла билан қўлга олишган. Аврангзеб отаси Ҳумоюн Мирзони уй қамоғига маҳкум қилиб, тожу-тахтини эгаллаган. Ленин тинч яшаётган халқни чалғитиш учун революцияни ўйлаб топган. Гитлер ожизлигини яшириш учун дунё халқларини қирган. Сталин ўз сафдошларини қийнаб ўлдирган. Тарих ҳамиша қаҳрамонлар ва қурбонлардан иборат бўлган. Бирорта қаҳрамон майдонга чиқса, «Мана бизнинг халоскоримиз», -дея уни кўкларга кўтаришган. Қаҳрамоннинг орқасидан эргашишган, у ҳақда афсоналар тўқишган. Охир-оқибат нохосдан чалиб йиқитишган-да, қурбон қилишган. «Унга бу ҳам кам, -дейишган кейин. -Биз еб у қуруқ қолгандай, ҳадеб ирғишлашига бало борми? Барибир оёқдан юқорига сакролмайсан…».
Або Муслим ҳазратлари «манам силсилаи ҳафтоду дуввум», -дея наъра тортиб, аббосийлар халифалиги қарор топишида ёғийларни тум-тарақай қилади. Бунинг эвазига аббосийлар халифаси унга Хуросон ҳукмдорлигини туҳфа қилади. Орадан бироз вақт ўтиб, халифа Або Муслимни алдов йўли билан ҳузурига таклиф қилади ва суиқасд уюштириб, уни ўлдиртиради.
Сулаймон алайҳиссалом девларга Байтул Муқаддасни қурдираётганида Азроил келиб унинг жонини олмоқчи бўлади. Шунда Сулаймон Пайғамбар: «ўлганимни девлар билса қочиб кетади, шунинг учун таёққа суяниб турган ҳолимда жонимни олақол», -дейди. Сулаймон подшонинг таёққа суяниб уларга жаҳл билан қараб турганидан қўрқувга тушган девлар бир йил давомида кеча-ю кундуз тинимсиз ишлаб, охири тинка-мадори қурийди. Улар қурт-қумурсқаларга ялиниб: «Хўжайин бир йилдан буён бизга жаҳл билан қараб турибди, хабар олинглар-чи, тинчликмикан», -дейишади. Қурт-қумурсқалар Сулаймон суяниб турган таёқни ғажир-ғужур қилиб ғажишган экан, жонсиз тана гумбурлаб қулаб тушибди. «Сулаймон ўлди, девлар қутулди», -деган гап шундан қолган. Уни ҳам чумолилар қулатган.
Бир қабила ўзига йўлбошчи сайламоқчи бўлибди. Қабиладошларидан бири доимо узоқ-узоқларга кўз тикиб хаёл сураркан. Оломон: «Ана шу инсон бизни порлоқ келажакка бошлайди», -деб унга эргашишибди. Йўлбошчи ўрми, жарми, тўғри келган жойдан уларни бошлаб кетаверибди. Оқибатда кўплар ҳалок бўлибди, қабила ичида норозиликлар кучайибди. Оломон йўлбошчини йўл билмасликда айблабди.
-Ахир мен кўрман-ку, -депти бунга жавобан йўлбошчи. -Сизлар «йўл бошла!» деганларингдан кейин тўғри келган йўлдан юришга мажбур бўлдим-да! Энди чумолиларга ўхшаб мени таламоқчи бўлаяпсизлар…
Худо ўн саккиз минг оламни бино қилганида ҳафтанинг тўртинчи куни қурт-қумурсқаларни, ҳашарот ва жонзотларни, олтинчи куни одамзотни яратган. Чумолилар ер юзида 150 миллион йил аввал пайдо бўлган. Ҳозир уларнинг 15 мингга яқин тури мавжуд экан-у, лекин чумолинусха одамлар улардан ҳам кўпайиб кетганмиш. Жанубий Америкада чумолининг марабунга деган тури бор. Улар одамми, ҳайвонми, қараб ўтиришмайди-ярим соат ичида еб-ютиб, устихонини яланғочлаб кетишади. Чумолиларда Ватан, юрт, эътиқод деган тушунча бўлмайди. Улар ўз манфаатлари йўлида ҳамма нарсани қурбон қиладилар. Иложи бўлса Ватанни ҳам тилка-пора қилиб ташмалаб кетадилар. Шунинг учун ожизлардан қўрқиш керак-уларнинг қўлидан ҳамма нарса келади.