Нурулло Остон. Атом кучи (ҳажвия)

Барча муқаддас китобларда олам яратилганида “даставвал сўз пайдо бўлган”, -деб келтирилади. Муҳаммад Пайғамбарга дастлаб ваҳий келганида “Иқра!”, -яъни ўқи, деган иқтидо бўлган ва унинг тилидан муқаддас китоб оятлари нозил бўла бошлаган. Шоирлардан бири мендан: “Сўз нима?”, -деб сўраб қолди. “Сўз қасам”, -дедим. Ўшанда Қадам Саидмуроднинг “Сўз худодир, бир куни мени уради”, -деган шеъри эсимга келиб қолган эди.  Сўз-ният, одам қандай ният қилса, ўшанга эришади.

Сўзда атомнинг кучи бор, дейишади. У қушга ўхшайди, оғзингдан чиқса, тутиб ололмайсан. Яхши гапгаям, ёмон гапгаям фаришта омин, дейди. Шунинг учун биров ёмон ният қилса, оғзингдан чиқиб ёғангга ёпишсин, дейишади. Бу билан ёмон ниятнинг олди олинади. Устозлардан бири: “Ҳой болалар, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфламанглар”, -дерди. Атомнинг кучи қанчалик бўлишини қизиқчиларнинг отаси Эргаш Каримов вақтида икки карра иккидай ҳаммага тушунтириб қўйган.

Сувда атом зарралари бўлса, сўзда атом кучи бор. Бир сўз билан одам ўлиши, бир сўз билан ҳаётга қайтиши мумкин. Бир подшо вазирига қўйнинг энг ширин ва энг ёмон  жойини олиб келишни буюрганида, у бежизга тилни олиб келмаган. Тил заҳридан, сўз қудратидан ер курраси парча-парчаларга бўлиниб, тақсимланиб кетди.

Бир кучли табиб тузалмас касалга учраган Бухоро подшосига ҳамма муолажаларни қилгач, уни яхшилаб ҳаммом қилишларини буюради. Кейин ўша ерда уни роса ҳақорат қилиб бўралатиб сўкади. Бундай ҳақоратларга ўрганмаган подшо ғазабланиб, мажолсиз ётган жойидан сакраб туриб кетади. У “жаллод!” деганида, табиб аллақачон жуфтакни ростлаб қолган бўлади. Орадан анча вақт ўтганидан кейин тузалиб кетган подшо табибни топтириб келиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, совға-саломлар бериб, кўнглини олади. Кейин сўрайди:

-Саройимдаги кутубхонага жамланган нодир китобларни варақлаб ҳам бирортасидан сенинг усулингни тополмадим, бунинг сири нимада?

-Олампаноҳ, – дейди шунда табиб. -Сизни дори-дармон билан тузатиб бўлмасди. Сўнгги чора ички қувватингизни уйғотиш учун мен сизни стресс ҳолатга келтиришим керак эди…

-Ғазабимдан қўрқмадингми?

-Қўрққанда қандоқ, сиз жаллодни чақирганингизда мен аллақачон чегарага бориб қолган эдим…

-Тила тилагингни, -дейди подшо хурсанд бўлиб. Ана шу тариқа табиб, Ибн Сино подшо саройидаги  нодир қўлёзмалар кутубхонасидан  фойдаланишга рухсат олган экан… Сўз шундай қудратли воситаки, у оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатиш мумкин. Яхши гапни ёмонга, ёмон гапни яхшиликка айлантириши мумкин. Бир подшо мунажжимларига тушида ёлғиз юрганлигининг  таъбирини сўрайди. Улардан бири:

-Шоҳим, барча қариндош-уруғларингиз ўлганидан кейин сиз ҳам ўларкансиз, -дейди. Подшо ғазабланиб уни дорга торттиради. Бошқа мунажжим эса:

-Шоҳим, барча қариндош-уруғларингиз ичида сизнинг умрингиз узоқ бўлар экан, -дейди. Подшо хурсанд бўлиб, унга тўн кийгизади. Сўзни ҳамма ҳар хил мақсадда ишлатади. Биров пахта учун, биров фитна учун ишлатади. Сўз бировнинг қўлида ажал бўлса, бировнинг тилида малҳам бўлади.

Нуҳ набий алайҳиссаломнинг Ҳом, Сом, Ёфас исмли ўғиллари жуда шўх бўлишган экан. Уларнинг жанжал-тўполонлари жонига тегиб кетган Нуҳ Пайғамбарга Яратгандан “ўғилларингга ер юзини тақсимлаб бер”, -деган ваҳий келибди. Ҳомга Ҳиндистон, Африка томонлар тегибди, Сомга Араб ва Ажам, Ёфасга Осиё ўлкалари тақсимланибди.  Нуҳ Пайғамбар таҳорат олаётганида Ҳом уялмасдан қараб турган экан, Нуҳ Пайғамбар буни кўриб “Юзинг қаро бўлсин!” депти. Ҳом авлодларининг ранглари қорага мойил бўлиб қолганлиги шундан экан. Сом ақлли, одобли бўлгани учун Нуҳ уни “Йўлинг оқ бўлсин!”, Ёфас меҳнаткаш бўлгани учун “Уйинг буғдойга тўлсин!” дея дуо қилибди. Ўшандан Ҳом, Сом, Ёфас авлодлари ер юзига тарқалиб кетган экан. Жанжал-тўполонлар тўхтамагач, Яратган уларнинг тилларини ҳар хил қилиб юборибди. Ҳозир тиллар ҳар хил экану лекин барибир сўз қурол ёки малҳам сифатида ишлатилар экан. Сўз туфайли халқлар бирлашади, уруш ноғоралари чалинади, сўз дунёни ё обод, ё харобот қилади. Шу
ндай экан, атом кучидан ҳам кўпроқ қудратга эга бўлган сўзга эътиборли бўлсак, тилимиздан, дилимиздан фақат меҳр-муҳаббатга тўла сўзлар жой олса, барча бало-қазоларнинг олдини олган бўламиз.