Тарихнинг гувоҳлик беришича, халифа Ҳорун ар-Рашид Бағдод ҳукмдори бўлган даврда уламои орифон Шайх Жунайднинг кўп шогирдлари бўлиб, улар орасида Абу Бакр Шиблий ўзининг билими, қувваи ҳофизаси, иқтидори билан ажралиб турган. Шиблий маълум мақомотга етганидан кейин Шайх Жунайд боқий дунё ҳикмати ва фоний дунё лаззатини тўла идрок тарозусига қўйиб, хулоса чиқариши учун уни Ҳорун ар-Рашид саройига жўнатади. Абу Бакр Шиблийни халифа иззат-икром билан кутиб олади, ёнидан жой кўрсатади. Ҳашаматли саройда базм бошланиб, дастурхонга нозу неъматлар, нодир ичимликлар тортилади, гўзал раққосалар хиром айлаб, ғамзаи-карашмалар билан базмни қиздиради. Дам олиш соатида Шиблийни юмшоқ кўрпа-тўшаклар ёзилган хобгоҳга кузатиб қўйишади. Шиблий тўшакка чўзилгач, боши устида нозик ипларда омонат турган кескир қиличга кўзи тушади. Иплар шунчалик омонат эдики, ҳар дақиқада узилиб тушиб Шиблийнининг бошини кесиб кетиши хавфи бор эди. Шиблий тунни хавотир ва бедорликда ў
тказади. Эрталаб халифадан рухсат сўраб устозининг ёнига йўл олади.
-Хўш, саройда нималарни кўрдинг? -сўрайди Шайх Жунайд ундан.
-Қилич домида турган фоний дунё лаззатини кўрдим, -жавоб беради Шиблий.
-Халифа ўз боши устида ҳамиша ана шу кескир қилич хавфини ҳис қилиб яшайди. Ногаҳоний ўлим ҳар сонияда кескир қиличдай умрига хотима ясаши мумкинлигини англайди. Шунинг учун унинг бошқа подшолардан фарқи-халифа фоний дунё лаззатини ўз ўлимини англашда деб тушунади, ҳамма нарсадан огоҳдир ва шу туфайли халқига зулм қилмайди. Буни ҳамма англаб етганда эди, дунёда инсоф ва адолат устивор бўлур эди.