Нурулло Остон. Муҳаббат ва муножот (ҳажвия)

…Қозонгап номоз фарзини бажараётиб ўрнидан даст турди, Худога яқинроқ бўлиш учун, унинг муножотлари Худога етиб бориши учун, балки Заминдаги майда-чуйда орзу-ҳаваслар, фитна ва иғволардан баландроқда бўлиш учун шундай қилди.

-Эй Худо, бу қавмнинг манглайида нима гуноҳлари бор эдики, уни манқуртга айлантирдинг? Уни бир-бирига тезлаб идрокини олдинг, болаларини етим қилдинг, қизларини шарм-ҳаёдан мосуво қилдинг. Акани укага тезладинг, болани отага қайрадинг, Жўломонни Она Найманнинг қотилига айлантирдинг. Ахир ҳамма нарса сенинг измингдан ташқарида эмас-ку Худойим, нега бу элни бунчалик қийнайсан? Бу элни қўй, мана мен билан гаплаш, истасанг, туяларингни боқиб бераман, истасанг Қоранорни сенга қурбонлиққа сўяман. Лекин бу халққа рўшнолиқ бер, кўкрагига шамол тегсин, етимларга раҳм қил. Майли, қаҳратон қишда ўтин ғамлаб уйингни иситай, туянинг жунидан иссиққина чакмон қилиб берай, нима истагинг бўлса, ҳаммасига тайёрман, фақат бу халққа жавр қилма…

Шу пайт йўлдан Мусо Пайғамбар ўтиб кетаётиб, Қозонгапнинг муножотларини эшитиб қопти. Кейин ёнига бориб, унга аҳли китоб муножотини ўргатибди. Қозонгап кетгач, Мусога осмондан садо кепти: «Эй Мусо, сен мени энг яхши кўрган бандамдан айирдинг. Билгилки, муножот муҳаббатдан туғилади. Муҳаббат эса самимиятдадир. Чин дилдан қилинган муножот ҳеч қандай қоида билан чекланмайди. Ҳақиқатни англаш инсонни озод қилади».