Нурулло Остон. Бозоринг билан мозоринг обод бўлсин (ҳажвия)

Бир киши ҳар гал қабристон олдидан ўтаётганда: «Ассаломуалайкум эй аҳли қубур, муборак ҳовли эгалари, биз ҳам бир кун шу ерга келамиз», -дер экан. Қуръони Карим оятларида, Ҳадисларда зикр этилганидек, инсон охиратини ўйласа, иймонга шайтон ораламас экан. Инсоф-диёнат ана шундай иймонли одамлар жамиятида ҳар нарсадан устун қўйилади. Биз ҳозир шундай жараёнда яшаяпмизки, ўтиш даврининг қийинчиликлари ва ютуқлари баъзи одамларни эсанкиратиб қўйди. Бировлар тирикчиликни амаллаш учун ўзини ўтга-чўққа урса, бировлар чўнтагига кирган ақчасига ишониб, босар-тусарини билмай қолаяпти. Лекин ҳар икки ҳолатда ҳам худога шукур, тўй-маъракалар ўтаяпти, ҳаёт ўз ўзанида давом этмоқда. Чунки  тўй-борга ҳашам, йўққа маърака.

Ҳамма нарсани пул билан ўлчашга бўлган рағбат жамиятда носоғлом кайфиятнинг юзага келишига, норозиликларга сабаб бўлади. Инсоф-диёнат чекинган жойда алдов, хиёнат кучаяди, одамлар ўз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўя бошлайдилар. Иймон чекинган жойда ҳалол билан ҳаромнинг фарқи йўқолади-одамлар бир-бирларини алдашга тушадилар, Каъба тошига юзини суриб тавба қилиб қайтган ҳожи ҳам гуноҳ саналадиган амаллардан ўзини чекламайди. Буларнинг ҳаммаси иймон сустлигининг белгисидир.

Халқимизда «Бозоринг билан мозорингни обод тут», -деган ибратли нақл бор. Бизда бу нақлга қай даражада амал қилинаяпти? Яна деҳқон ерда, олибсотар пештахтада маҳсулотини сотаяпти. Бозор раҳбарининг-ку, бозори жуда чаққон бўлиб кетди-бўзчининг мокисидай бири келиб-бири кетаяпти. Келган бозорком эртага тасодифан кетиб қолишини билиб, қўлга тушмас қасоскорга ўхшаб беркиниб юради, сабаби, текширувчилар ҳаддан ташқари кўп. Дамариқ бозори ёнидаги   кўча эрталаб арининг уясига айланади-кўтара савдо учун маҳсулотини олиб келган деҳқонни уч-тўртта мелиса, ўн-ўн бешта олиб сотар, иккита-учта паттачи кўчанинг у бошидан бу бошига қувгани қувган. Бириси маҳсулотингни кўчадан ол, қатновга халақит бераяпсан, деса, олибсотар молингни арзонроқ сот, деб деҳқонни талайди. Учинчиси кўчада маҳсулотингни сотганинг учун паттага пул тўла, деб қувади. Бечора деҳқон уларнинг қайси бирига бас келишни билмай, молини кўтарган пулига олибсотарга беради-ю, паттачининг кўзини шамғалат қи
либ, урра қочади. Бозор ёнида қайсидир бойваччанинг маҳрига тушган каттагина майдон атрофи дўконлар билан ўралиб, пуллик машина тўхташ жойи қилиб қўйилган. Ҳолбуки деҳқон ўша ерда кўтара савдо қилса, кўча  тирбанд бўлмайди, машиналар ҳам бемалол ҳаракат қилишга имкон туғилади.

Темирйўл, Сиёб деҳқон бозорларида аҳвол бундан ҳам баттар. Мойчилар (таркибида худо билади, нима бор) пластмасса идишларда мойларини мақтаб сотса, дўконларда озиқ-овқат, гўшт, сут маҳсулотлари очиқ-сочиқ, эрталабдан кечгача чанг-тўзонлар билан «тўйиниб» харидорни кутиб туради.

Одамзотнинг охирги қўнимгоҳи бўлган қабристонларга биздагидай эътиборсизлик бошқа ҳеч бир миллатда бўлмаса керак. Дунёвий ҳою-ҳавасларга берилиб, жонимиз омонат эканлигини унутамиз, боқий дунёга равона бўлган ота-онамиз, қариндош-уруғларимизнинг қабрини обод қилиб, уларнинг руҳини шод қилиш ўрнига вақтни қизғанамиз. Ота-онасига ҳашамат билан қабртош қурдирган бойвачча фарзандлар бугун қабристонга борадиган, ўзи учун сўнгги манзил бўладиган йўлни унутган. Фурсат ўтиб, фарзандлар қиёфасида ундан ҳам бешафқат ўч олинишини хаёлига келтирмайди. Тириклар дуосига илҳақ бўлган ўтганлар руҳи қабрлар ободонлигини истаб изғиб юрибди. Бозорларимизга хайр-оқибатли, мозорларимизга меҳр муруватли бўлсак, ризқимиз бутун, қадримиз улуғ бўлади.