Менинг бир ажойиб дўстим бор. Ўзи олим киши, фан доктори, профессор. Камтарнинг камтари, ҳалол-покиза, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, янгиликка ва яхшиликка интилиб яшайдиган инсон. Обрўли лавозимларда ишлади, ҳаммасидан яхши ном, иззат-икром билан кетди. Ҳозир ҳам элнинг корига яраб юрибди. Яхши-яхши китоблар нашр қилиб, элнинг дуосини олди.
Фарзандларини яхши тарбиялади, ўқимишли қилди. Иккитаси тиббиёт фанлари номзоди, қўли гул шифокорлар. Дўстим тўй қиладими, ифторликми мўъжазгина ҳовлига одам сиғмайди. Дастурхонни ошириб-тошириб юбормаса ҳам дид билан чин кўнгилдан ясатади. Унинг ҳеч қачон бировнинг орқасидан гапирганини, ёхуд бировдан нолиганини эшитмаганман. Даврада ҳатто нолойиқ одам ёки бировнинг ношуд иши ҳақ, деб жилмайиб қўяди. Шу билан мавзуга нуқта қўйилади. Тез-тез такрорлайдиган калимаси шоир Андрей Дементьевнинг: «Дўст нафақат кулфатда, кўпроқ, муваффақиятда билинур!» деган сатрлари.
Тўғри-да, дўстнинг бошига иш тушганда ҳамма чопиб келиши мумкин, унинг муваффақиятини эса ҳамма ҳам баҳам кўролмайди. Инсон инсон-да. Дўстимдаги бу ноёб фазилатлар сирининг тубига етолмай юрардим. Бир куни дўстона суҳбатларимиз чоғи тасодифан сирнинг учи кўрингандай бўлди. «Волидамнинг ажойиб хислатлари бор эди. У киши ҳар доим дастурхон устида «Аллоҳим! Жумлаи мўминларга бергин, уларнинг қаторида менинг фарзандларимга ҳам бергин» деб дуо қиларди», деб қолди. Қандай чиройли ва ибратли дуо. Ҳаммаси меники бўлсин, нариги ёқда гиёҳ унмаса ҳам майли, деган худбин фикрлар томир отаётган паллада «Аввало барча мўминларга, кейин, қолаверса менинг -фарзандларимга ҳам бергин», деб Аллоҳдан сўраш нақадар олийжаноблик. Булат Окуджаванинг «Ибодат» қўшиғидаги «Сен барчага озгинадан бўлса-да бергин-у, мен ҳақимда ҳам унутма» мисралари куйланганда бутун зал оёққа қалқиб, одамларнинг унсиз йиғлаганини кўп марта эшитганман. Ҳа, сабр-тоқат, бағрикенглик, шукроналик илоҳий нарса, улар холисдан келади, одамдан одамга ўтиши қийин.
* * *
Ёш келинчак эрини фронтга кузатганда ўғли қўлида чақалоқ эди. Ёш аскар урушдан қайтмади. Волга бўйида бўлган қонли жанглардан бирида ҳалок бўлди. Ундан қора хат олди. Лекин жувон бунга ишонмади. Урушда нималар бўлмайди, дейсиз. Балки янглиш, англашмовчиликдир. Эрта-индин дарвозадан кириб келса ажаб эмас. Майли, ногирон ҳолда қайтса ҳам…
Келинчак кутади, кутаверади. Эшик тиқ этса юраги ҳаприқиб, калишни оёққа илишни ҳам унутиб югуради. Лекин аскардан дарак бўлмади. Кўплар қатори уруш балоси уни ҳам ютиб юборгани ҳақиқат эди… Лекин келинчак бунга ишонишни хоҳламади. Бутун меҳрини ёлғиз ўғлига берди. Оқ ювиб, оқ таради. Бошқалардан кам бўлмасин, деб куну тун меҳнат қилди. Кундузи фабрикада, узун кечалари қуроқ қураб, кўрпа-ёстиқ тикиб бозорга чиқарди. Ўзи емади, ўғлига ҳалол луқма едирди, ўзи киймади, ўғлини кийинтирди. Ўғли институтни тамомлаб, диплом олиб келганида севинч ёшларини яширолмади. Фан номзоди, кейинчалик фан докторлик диссертацияларини ҳимоя қилганида терисига сиғмай қувонди, бирин-кетин келинлар тушириб, невара-чеваралари туғилганида ўзини қўярга жой топмади.
Лекин барибир кўзи тўрт бўлиб, эрига илҳақ яшади. Тўқсон ёшлардан ошиб боши ёстиққа етганда, ўғли ва маҳалла масжиди имомини чорлаб, «Ўғилларим, шунча йил жуфти ҳалолимни кутдим. Энди уни кўришдан умидимни уздим. Дийдор чин дунёга қолганга ўхшайди. Кўзим юмилгач, менга қўшиб эримга ҳам жаноза ўқитинглар. Шариатда қандай билмадим, лекин шундай бўлса, ноўрин бўлмас», деди зўр-базўр аёл. Саҳар чоғи у омонатини топширди. Жанозага тумонат одам йиғилди. Тобут қўлма-қўл бўлиб кетди. Қабристондан хомуш қайтаётган бир тўп маҳалладошлардан бири: «Худо раҳмат қилгур, маҳалланинг файзи, жаннати аёл эди-я», деди. Бошқалар бош ирғашди. Ҳа, инсон ўз ҳаёти чоғида ва ундан кейин ҳам турли мақтову олқишлар олади ва эътирофга сазовор бўлади. Буниси энди энг самимийси ва энг олийси эди. Бундай эътирофга сазовор бўлолмаганлар қанчадан қанча.
* * *
Ана шундай! Шу топда мен: «Кўпга бергин, Худойим, кўп қаторида менга ҳам, менинг болаларимга ҳам бергин», дея олган онадан тўраган ўғилнинг ҳаётдаги киши билмас ҳаловат ва хотиржамлиги сирини англагандай эдим. Шундай оналар бор экан дунё тураверади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 50-сонидан олинди.