Муборак Рустамова. Шаҳарлик муаллим (ҳикоя)

Тошмурод тажангнинг туриб-туриб таъби тирриқ бўлди. Ахир, бундан ортиқ бедодлик бўладими, она сути ҳали оғзидан кетиб улгурмаган бир шаҳарлик тирранча унга ақл ўргатди-я?! Гўринг нурга тўлгур ота-боболаридан эшитмаган панд-насиҳатни шугинадан эшитди-я?! Нима эмиш, Тошмурод ака болаларининг билим олиши учун шарт-шароит яратиб бермаётган эмиш. Уларни рўзғор ишларига кўмиб ташлаётган эмиш. Ия, бунинг нимаси ажабланари, нимаси ёмон? Шу хонадондан ош-нон егандан кейин, шу хонадондан уст-бош кийгандан кейин оз-моз тер тўкиш ҳам керак-да! Мол-ҳолга қарашиш, томорқа ишлари… оддий ҳол-ку? Э-ҳе-е, бир пайтлар Тошмуродлар кўрган кун қурсин. Не азобларни кўрмади, дейсиз бу тақирбош?! Бўйи таёққа етгудай бўлган кундан колхоз сурувининг ортидан юрди. Далада кетмон чопди. Ҳеч ким раҳмини егани йўқ. Ҳеч ким, сен саводсиз қолиб кетасан, деб ачинган эмас. Қайтам отаси жеркиб ташларди: ”Етти пуштимизда мулло бўлмаган, сен ўқиб шаҳар обберармидинг?”. Тошмурод аввалига хафа бўлди, кейин кўникди, отасининг измидан чиқмади. Хийла донишманд экан раҳматли отаси. Худога шукур, кам бўлмади. Тўлиб-тошиб кетмаган бўлса-да, ҳар нечук рўзғори бут. Бировдан баланд, бировдан паст, дегандай куни ўтиб турибди. Уч қиз чиқарди, бир ўғил уйлантирди. Ҳамма-ҳаммаси меҳнатнинг ортидан бўлиб турибди. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демади, бир сурув қўй-эчкини олдига солиб, Қизилқоқнинг адирида кўкарди. Вақт топди дегунча томорқасида тимирскиланди. Тирикчилик борасида нолийдиган жойи йўқ.
Хўш, шундай экан, анови шаҳарлик янги муаллимнинг ақл ўргатганига нима дейсиз? Тавба, қизиқ йигит экан. Шу овлоқ овул болаларига дарс бергали шаҳардан қатнар эмиш. Бутун турқ-тавридан шаҳарлик бодилиги кўриниб турибди: ранг-рўй — оппоқ, бўй-баст — хипча, жингилтоб сочлари калта, уст-боши пўрим. Қош-кўзлар попукдай, бамисли қиз бола дейсиз. Тераклининг мактабига тарих ўқитувчиси бўлиб келибди. Унинг кенжатой ўғлига эргашиб келганини кўриб Тошмурод ака хийла ажабланди. Салом-аликни қуюқ қилди.
— Мен янги ўқитувчиман, исмим Самандар, Самандар Салимов, — деб ўзини танитди у, — Ўғлингиз Нурматбойнинг синф раҳбариман. Нурматнинг хулқи ҳам, зеҳни ҳам яхши, амаки. Шундай фарзанд ўстирганларингиз учун авволо сизларга раҳмат. Лекин…
Шаҳарлик муаллим бир зум жим қолди. Бу орада ўртага дастурхон ёзилган, бир жуфт нон, косада чалоб келтирилган эди.
— Тортинманг, ука, — деди Тошмурод ака нон ушатаркан, — дастурхонга қаранг, бемалол…
Самандар бир бурда нонни иккилангандай синдириб олди, аммо муздай чалобни шошилмай ичди.
— Ҳали айтганимдек, Нурмат жуда зеҳнли, қобилиятли бола. Лекин унга дарс тайёрлаш учун шарт-шароит яратиб бериш зарур. Рўзғор ишларига камроқ жалб қилиш керак.
— Ука, индаманг, бизга тегинманг, боланинг суяги қора меҳнатда қотавергани маъқул. Мактабни бир амаллаб битириб олса, бўлди. Дарров бошини икков, оёғини тўртов қилиб ташлайман…
— Амаки, ундай гапларни қўйинг, Нурмат ҳали ўқиши керак.
— Э-э, ука, бизнинг зотимиздан илмдор чиқмаган. Қолаверса, қишлоқ боласи ўқиганда гўр бўлармиди?
— Бу гапингиз ҳам бекор, амаки, эҳ-ҳе, қанча-қанча зўр олимлар, раҳбарлар қишлоқлардан чиққан-ку?! Боланинг йўлини тўсманг, илтимос, шароит яратиб беринг.
Шаҳарлик муаллим ва Тошмурод тажанг ўртасида худди шу тахлит кичик бир тортишув бўлиб ўтди. Нурмат гоҳ чой, гоҳ қанд-қурс ташиган бўлиб зимдан гурунгга қулоқ солар, бир отасига, бир муаллимига умидвор кўз ташлар эди.
Рости, Тошмурод ака аранг ўзини босди. Фарзанди қатори йигитнинг гап ўргатиб, шарт қўйиб ўтиргани табиатан аччиғи тез бўлган Тошмурод аканинг ғашига тегди.
Хуллас, шаҳарлик муаллим норизо қиёфада қайтиб кетди. Шундан бери тинч. Ҳартугул бошқа безовта қилмади. Тошмурод аканинг бамаъни гаплари таъсир қилди-ёв…
…Тошмурод ака ўша учрашувни эслаб, айвонда тиришиб ўтираркан, олифтанамо гаплар хаёлида кечиб бир кулгуси қистар, бир таъби тирриқ тортар эди. Шу пайт Нурмат мактабдан келиб қолди.
— Ассалому алайкум, ота.
— Валайкум… анови шаҳарлик боди сени бошқа гаранг қилмаяптими?
Нурмат индамай ерга қаради.
— И-йи, нега мен еб, сен қуруқ қолгандай тумшайиб олдинг?, — деб сўради ота аччиғланиб.
— Ота, муаллим сизни мактабга келсин, деди.
—    Нима?! Қайси мактабга, ўзимизникигами?
— Ҳа, — деб пичирлади Нурмат, — Ҳозир етиб келсин, деди. Зарил гап бор эмиш.
Тошмурод ака қанчалик қайсар бўлса, шунчалик қўрқоқ ҳам эди. Ёшлигидан бери шундай. Раисми, мелисами, хуллас, идорада ўтирадиган бирор амалдортоб кимса йўқласа, ҳовлиққанича дарров етиб боради. Тиззалари қалт-қалт титраб, тили калимага келмай қолади. Чунки болалик чоғлари отасини колхоз идорасига чақиртиришганда у ҳам қўшилишиб борган, ўша ердаёқ отасининг қўлини қайириб, додлатиб аллақандай машинага босиб олиб кетишганини кўрган эди. Кейин маълум бўлдики, отаси, прокуратурага бир неча марта гувоҳ тариқасида терговга чорланганига қарамай, лоқайдларча туман марказига бормай юрган экан. Охири, уни колхоз идорасига, ойлик бериш баҳонасида чақиртириб, шу жойдан олиб кетишган экан. Отаси шу кетганидан олти ойдан сўнг чўпдай озиб, кўзлари киртайиб қайтди. Ўша воқеадан бери Тошмурод оққа бўялган, одамлар кириб-чиқиб турган иморат олдидан ўтар бўлса, беихтиёр юраги дукуллаб, мазаси қоча бошлайди.
Мана, ҳозир ҳам ўғлидан ўша шаҳарлик муаллим чақиртирганини эшитдию беихтиёр аъзои бадани бўшашиб кетди.
“Болаларининг ўқишига қарши деб органга чақиб берган!” – лоп этиб хаёлидан ўтди унинг.
Каловланган кўйи ўрнидан турди.
— Ҳозир боришим керак эканми?, – деб сўради овози бўғилиб.
— Ҳа.
Тошмурод эгнига тўнини илиб йўлга отланди.
— Мен ҳам бораман, ота, — деди Нурмат ботинмайгина унга эргашаркан.
Отаси ўғлига бир ўқрайиб қўйди.
— Юр! Сенларни деб…
Тошмурод тажанг қўрқа-писа мактаб идорасига кириб борди. Хайрият, ҳар хил бўёқлар иси анқиб турган хонада Самандардан бошқа ҳечким йўқ экан. Янги муаллим ота-болани хушҳол, хушмуомала кутиб олди.
“Шукур, тинчликка ўхшайди”, деб ўйлади Тошмурод ака у ён-бу ён зимдан алангларкан.
— Узр, сизни яна Нурмат масаласида безовта қилгандим, — деди Самандар хижолатомуз илжайиб, — уйингизга бориш ноқулай бўлди.
Ўзини хийла босиб олган тажанг яна шерланди.
— Хўш, қулоғим сизда, нима масала экан?
— Тошмурод ака, ўғлингиз Нурмат жуда қобилиятли, зеҳнли бола. Айниқса, математикага қизиқиши баланд. Мактабда ҳозирча кучли муаллим йўқ экан. Мен синф раҳбариман, бунга бефарқ қараб туролмайман. Туман марказида зўр репититорлар бор. Нурмат ана ўшаларга қатнаб дарс олиши керак.
— Нима?! – беихтиёр қичқириб юборди ота, — улар пул олади-ку?! Эшитганман, ҳар ой хийла нарсани ўпириб олишади, деб…
Самандар бирдан бўшашиб қолди.
—    Ҳа, пуллик… Лекин сиз айтгандай ўпириб кетишмайди. Нима, болангизнинг келажаги учун чиқим қилишни истамайсизми?
—    Ўв, ука, мени бундай гапларинг билан қитиқ-патимга тегма, хўпми. Ўзи… яқинда қиз чиқариб, қарзга ботиб қолганман…
Тошмурод тажанг шашт билан ўрнидан турди. Димоғида яна алланелар дея ғудранганича эшик томон юрди.
— Амаки, бироз шошманг!
Тошмурод ака товуш таралган тарафга илкис бурилди. Самандар ўйчан ва маъюс унга тикилиб турарди.
—    Хўш, яна нима дейсан, ука?
—    Амаки, — Самандарнинг саси анча синиқ чиқди, — агар… агар бепул репититор топсам, ўғлингизнинг қатнашига қаршилик қилмайсизми?
Тажанг ўйланиб қолди.
—    Ҳай, майли, ўқиш билан бирор нимали бўладиган бўлса-бўлсин. Биз рози.
—    Бўпти, келишдик. Мен бепул репититор суриштириб кўраман.
Шу суҳбатдан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб, Нурмат мактабдан оғзи қулоғида қайтди.
—    Ота, малимимиз менга бепул репититор топибди!
— Нима ҳам дердим, қатнасанг қатнайвер, — деди отаси бепарво қўл силтаб, — лекин билиб қўй, бола, йўлкирангдан ортиқ бир тийин ҳам бермайман.
Ўшанда кузнинг кулиб турган кунлари эди. Нурмат туман марказидаги билимдон репититорлардан бирига қатнай бошлади. Унинг қувончи чексиз эди. Шу тахлит орадан куз ҳам, қиш ҳам ўтиб кетди. Тераклилик ёш иқтидор эгаси математика бўйича анча-мунча нарса ўрганди, туман олимпиадасида биринчи ўринни олиб, шапалоқдай ёрлиқ ҳам тутқазди отасига. Лекин отаси ҳали-ҳануз унинг “бекорчи санқиб” юришини ҳазм қилолмасди. Нурмат дарсдан келгач, қўлига таёқ олиб, сурувга эргашган кезларгина қувончдан ял-ял яшнарди.
Авжи баҳор кунларининг бирида Тераклида шум хабар тарқалди: Самандар муаллим автоҳалокатга учраб ҳалок бўлибди! Тошмурод тажанг бу совуқ сўзларга аввалига ишонмади. Лекин… эшитганлари аччиқ ҳақиқат экан. Нурмат пана-панада йиғлаб олар, кўзлари тез-тез қизариб юрарди.
— Болам, — деди ўша шумхабар тарқалганнинг иккинчи куни ўтиб Тошмурод ака ўғлига, — сен муаллимнинг уйини билармидинг.
—    Ҳа, — деб бош ирғади Нурмат, — ҳув қишда бир марта боргандим.
—    Яхши, эртага мени олиб бор, фотиҳа ўқиб, уйдагиларидан кўнгил сўраб қўйишимиз керак.
—    Хўп.
Самандар муаллимнинг уйи туман марказининг чеккароғида экан. Шинамгина ҳовли. Кўнгил сўраб келувчиларнинг кети узилмайди. Тошмурод ака Нурмат билан ичкари кириб чиқди. Юрагини алам ва ачиниш беаёв ғижимлаб турарди. Улар аста-секин катта йўл томон юришди. Шу пайт орқа тарафдан қандайдир машина енгил сигнал чалди. Ота-бола ялт этиб ўгирилишди.
—    И-йи, менинг устозим-ку! — деди Нурмат машина рулида ўтирган кишини таниб.
Шу одамда ўқияпсанми? Хидир домла деганинг шуми? — деб сўради Тошмурод ака машинага ҳаваси келиб. Устоз уловидан тушди. Ота-бола билан кўришди.
—    Менинг боламнинг ўқишлари қалай?, — деб сўради Тошмурод ака муаллим билан ҳол-аҳвол сўрашгач.
—    Ўқиши ёмонмас. Шу кетиши бўлса, кам бўлмайди. Яхши. Нурматнинг математикага таланти бор, — Устоз шундай деркан, отасининг ёнида ўзига кулиб қараб турган Нурматга қаради.
—    Ҳа, муаллимнинг уйига бир кириб чиқдик. Куни калта экан-да. Шу домласи бизнинг кенжани қизиқтириб сизга опкелган эди…
Бу гапдан машина ёнида тик туришган уччовлоннинг ҳам боши эгилди. Машинанинггина “гур-гур”лаши эшитилиб қолди бир муддат.
— Ҳа, ака, йўл бўлсин сизларга? Машинага чиқингизлар…
Ота-бола устознинг машинасида катта йўлгача етиб олишди.
— Яхши йигит экан, — деб қўйди Тошмурод ака ўғлига машинадан тушишгач, худди ўзига-ўзи гапираётгандек.
Орадан бир мунча вақт ўтди. Нурмат карахт бўлиб юрган кунларнинг бирида отаси уни чақириб қолди. У ҳали-замон ёмғир шовуллаб савалаб ўтган, баргларидан томчилар силқиб турган ток остидаги сўрида алланечук ўйчан ўтирарди.
— Болам, қани, кел ўтир. Шу устозинг бизга яқин томир эмас эдию, лекин, Худо раҳмати, нимагадир хаёлимдан кетмайди. Хом сут эмган бандаси кўп нарсаларни борида қадрлашни билмас экан-да.
— Мен ҳам у кишини кўп ўйлайман, — деди Нурмат — ўзи сизга бир гапни айтолмай тортиниб юрган эдим. Тунов куни Хидир домла ”Нурмат, бир нарсани келишиб олайлик, — деди. — Раҳматли устозингнинг ажойиб одати бор эди. Ҳар ой сен учун ўқиш ҳақини ўзи келтириб берар, ”Гап-сўз қилиб юрма, Нурматнинг отасидан қарз олган эдим. Шу баҳона узиб юбормоқчиман”, дер эди. Узганми-йўқми, билмадим. Отангга айтиб қўйсанг. Энди буёғини ўзларинг ҳал қиласизлар-да”, деб айтди.
— Қарз олган эдим, деган эмишми?
— Шундай деди.
— Бундан чиқди у сени ўз ҳисобидан ўқитаётган экан-да. Ай, болам, айб ўзимда. Қарз кўтармаганимда-ку ….. қара-я, марҳум домла ҳеч хаёлимдан кетмайди, деб тагига етолмай юрувдим. Энди бундай, болам. Сен хаёлингни бўлма. Домлангнинг қарзини ҳам узамиз, оиласи бор… Ўқишингга ҳам пул топамиз. Кел энди, устозинг ҳаққига бир тиловат қилайлик.
Отаси эскичадан саводли бўлмаса-да, найча қулоқ бўлгани боис калималарни тўғри қироат қилар, овози ҳам алланечук ширали эди. Қуръон оятининг сеҳрли садолари дуога қўл очган Нурматнинг кўз олдида устозининг қиёфасини тирилтиргандек бўлди. Боланинг кўзларидан дувиллаб ёш қуйилди. У ҳар қанча уринмасин, отасининг олдида ўзини тута олмади. Шу ҳолатда юзларига фотиҳа тортишди. Бу пайтга келиб, ҳали ғалати хўмрайиб турган осмон ёришган, паға-паға булутларни шамол аллақачон ҳайдаб юборган эди. Ота-бола қалбида ҳам шундай бир ҳолат ҳукмрон, ҳар иккиси ҳам енгил тортганди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 15-сонидан олинди.