Хуррам қотма, йиқилган курашга тўймас, деганларидек тағин ўзи билан беллашмоқ ниятида келган Салабекни, одатдагидек, нимилиқ қаршиларкан, унинг бу бемаврид ташрифи жуда малол келаётган эса-да, феълига кўра, буни ошкор этмаслик важидан, кўзларини аввалига ерга қадади ва худди ўзининг туси айниган кирза этигини “меҳмон”нинг қизғиш, сарғиш тасмалар билан зийнатланган оқиштоб тусдаги спорт пойафзалига солиштириб кўраётгандек, ва оқибат, этигининг хийла ночор аҳволдалигини гўё эндигина пайқаб етганидек, шу алфозда пича туриб қолди. Кейин аста қаншарини кўтариб, бир қарашда ўта интиҳосиз туюлмиш кенг даштнинг олис-олис пучмоқларига, кўксини оқиш сўқмоқлар тилимлаган теваракдаги катта-кичик дўнгликларга, ўнг ёндаги пастак қир ёқалаб чилвирдек чўзилиб, чуваланиб кетган энсиз дашт йўлига, зўр-базўр кўзга ташланмиш узоқ ёнбағирликдаги қўшни отарга ҳамда кўкиш ғубор қўйнида сокин мудраётган қорли тоғларга бир-бир назар ташларкан, оббо, фалокати-ий, тағин дилни хуфтон, кўнгилни вайрон қилгани келдингми, деган маънода, ич-ичидан “уҳ-ҳ” тортиб қўйди. Ҳар сафар шу – йигитнинг бу хилдаги бевақт ташрифлари унинг хаёлида ўтмиш хотираларини қайта қўзғаб, буни ҳарчанд истамасин, у беихтиёр тарзда азоб тортмоқни бошлайди. Қани энди, бу Салабек деганлари онда-сонда даштдан ўтиб қоладиган айрим танишлари каби шунчаки салом-алик учунгина бирровга йўлдан қайрилган ўткинчига айланса-ю, у бу азобни ортиқ ҳис қилмаса! Афсуски, Салабек шунчаки ўткинчи эмас – қайсар рақиб! Дарвоқе, аламли хотираларнинг тўсатдан юзага тепчимоғига келсак, Салабек шунчаки беллашгани келган рақибдан кўра, юрак-бағри қасос ўтидан тутаб ёнаётган эса-да, аммо буни сездирмасликка тиришиб, гоҳ ошкора сурланиб, гоҳо эса ғазабини заҳарли табассумлари қатида пинҳон сақлашга уринадиган қатол ғаними – Ғани қорадек тутарди ўзини. Фарқи – Ғани қорадек қонга беланиб муштлашгани эмас, ҳалол курашгани келган.
Хуррам қотма қора ўтмиш қаърига чўммасликка ҳар қанча уринмасин, бироқ хотира дегани тўсатдан қўзғалган қуюндек чир айланиб, онгу шуурининг ҳар бир пучмоғини аёвсиз равишда титкилаб, юрак-бағрини тилкалаб, асло хоҳламаганини ўйлашга, сира истамаганини эса бор ҳолича кўз ўнгида гавдаланмоғига мажбур этар, пировардида, қаршисидаги поёнсиз кенглик ўрнида темирйўл бекати, тарақа-туруқ қилганча у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ўтиб бораётган юк поездлари, қўшимча йўлдаги вагонларга юк ортиб, юк тушираётган ишчилар, бекатнинг маҳаллага туташ овлоқ бир пучмоғида бир-бири билан жиққамушт бўлаётган йигитлар ҳамда бекатнинг кунботиш тарафидаги сокин ҳудудда жойлашган катта-кичик омборлар ва турли турар жой бинолари оралаб чўзилган иккинчи даражали темирйўл ёқалаб кетган тор йўлакдан депо биқинидаги кенг асфальт йўл сари ошиқмай келаётган кўҳликкина талаба қиз, худди қиладиган бошқа иши йўқдек, вақт-бевақт тирғалиб келадиган Ғани қоранинг сур афти, лаллайган тепловоз ҳайдовчисининг уқувсизлиги туфайли, кенг муюлишда кескин тўхтатилган бир неча вагондан иборат кичик состав ва бунинг оқибатида, вагонлардан бирининг ланг очиқ эшигида, юклар тахлами устида омонат турган ўта оғир юк ўрамларидан бирининг мисли коптокдай ташқарига – йўлакка думалаб тушиши натижасида, жисми жонидан мосуво бўлган талаба қиз фожиаси гавдаланиб, воқеалар мисли поезд вагонларидек, кўз олдидан саф тортиб ўтишда давом этаркан, у тишларини маҳкам сиққанча, ичдан беихтиёр инграб юборарди.
У ҳали-ҳануз ўзини кечиролмайди ва бундан сўнг ҳам кечира олмаса керак. Негаки, ўша кундузги смена пайтида жиндек ширакайф ҳолда ўзига келиб тирғалган Ғани қоранинг чорловига учиб, унинг танобини тортиб қўйиш ниятида четга чиқмаганида ва улар банд этган вагон ортидаги иккита бўш вагонни қўшимча йўлга чиқариб, сўнг уларни ўзга бўш вагонларга тиркаб, асосий бекатга олиб кетиш ўйида тепловозда омбор дарвозасидан кириб келган шошқалоқ вагон уловчи йигитнинг райига қарши бормаган тақдирда ҳам, зумга ташқарилатиб, сўнг яна қайта жойига қўйилиши лозим бўлган вагон эшигини, албатта, ёпган ёхуд ёптирган бўларди… Ўша мудҳиш воқеадан кейин кимлар қораланиб, кимлар жазоланмади. Аммо ўзича бир дунё орзулар уммонига ғарқ бўлганча, ҳамиша сокин кулимсираб юрадиган кўҳликкина талаба қизни ҳеч ким бу ҳаётга қайтара олмади.
У ким ва қанақа қиз – Хуррам қотма буни ҳалича тўла билмайди. Аммо унинг ҳар куни эрталаб темирйўл ёқалаб келиши ҳамда оқиштоб чеҳрасидан ҳеч аримайдиган нимтабассуми ва иболи қарашлари бир умрга хотирасига маҳкам муҳрланиб қолган. Тўғри, гоҳо кундузлари, кўпинча тунги сменадан кейин, яъни темирйўл бўйидаги бирор-бир омборда юк туширган кезлари, эрталаб оёқ судраб бекатга қайтаётган жамоадан ортда қолиб, йўллар кесишган ерда кўкка бўйланиб турган шлагбаум ёнида, гўё шунчаки тургандай, қизни кутар ва унинг асфальт йўлдан гавжум шаҳар кўчаси томонга қайрилишини жимгина кузатиб қоларди. Бироқ ҳарчанд уринса-да, қизга бирор сўз қотмоққа сира ботинолмасди.
Боиси, қиз – талаба.
Талаба қиз олдида у ким – иккинчи йилдирки биринчи имтиҳонданоқ умбалоқ ошиб тушган омадсиз бир йигит – ҳозирча ўзини қизга муносиб кўрмасди. Бироқ кўзлаган институтига кириши билан мана, бизам худди сиздек талаба бўлдик, дея дил ёрмоқни кўнглига тугиб қўйганди.
Бу кунни интиқ кутарди.
Бироқ кундузги смена пайтида дарсдан қайтаётган қиз кутилмаганда ушбу фалокатга дучор бўлди-ю, йигитнинг орзуси саробга айланди…
Қисқаси, Салабекнинг шаҳарлик рақиби – Ғани қорадек сурланиб ва тусланиб, кутилмаган пайтда ташриф буюриши ўтмиш воқеа-ҳодисаларни қайта эсига туширар ва оқибатда, у тағин азоб оғушида қоларди.
Бундай кезларда кенглик тор, жуда тор туюлиб кетарди.
Борлиқ эса ўз тароватини йўқотарди.
Зеро, Салабек қора бермасдан бурун поёнсиз бу кенглик бағрига чўмган сокинликка ҳеч ким, ҳеч нарса дахл қила олмайдигандек, энг муҳими, мазкур ҳолат мангуликка дахлдордек, кўкламнинг фусункор тароватидан ўзича сармастланиб, даштлик чўпонларга хос бўлмаган бир одат – ҳар кунги туш маҳалдаги энг севимли машғулоти – қумғонда чой қайнатиш фурсатини пойлаб, кун қиёмга келишни сабрсизлик билан кутмоқда эди.
У қумғон чойини ичишдан ҳам кўра, унга ҳозирлик кўриш жараёнини яхши кўради: агар бу яқин атрофда ўзи қурган эски ўчоқлар учрамаса, мисли моҳир меъморлардек ҳафсала билан аввалига тошлардан ўчоқ тиклар, сўнг ўчоққа сув тўла қумғонни авайлабгина ўрнаштиради; ўтин масаласига келсак, у даштда қаҳат эмас, ўтган йилги қуриган янтоқ ва бошқа турдаги тиканаклар бас деганча. Мабодо, бунинг иложи бўлмаса, хуржун тубига эҳтиёт шарт ташлаб қўйилган уч-тўрт тараша бемалол кунига ярайди. Катта, ўткир пичоғи билан тарашани майда тилиб, чўплаб гулхан ёқади. Сўнг хаёлга ботиб, қумғоннинг жиғиллаб қайнашини кутади. Чойни ҳамиша қумғоннинг ўзига дамлайди.
Хуррам қотма арзимаган чўплардан бутун бошли қумғонни қайната билиш тажрибаси ва кўникмасини темирйўлда ўзи билан бирга ишлаган собиқ маҳбус – Ғайратдан ўзлаштириб олган. Дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган бу кимсанинг кунда икки-уч бор аччиқ чой – “чефир” ичадиган одати бор эди. У “чой” ичмоқни истаб қолар бўлса, ҳеч ким ва ҳеч нарсага қарамай, бирор кунжакни топарди-да, доимо ўзи билан олиб юрадиган темир кружкасига кераклича сув солиб, арзимаган ўтин билан уни қайнатар, сўнг идишга ярим кафтча қуруқ чой солиб, обдан дам едирар, кейин кўзлари ғалати сузилиб, заҳардек аччиқ, қуюқ ичимликни майда ҳўплаб ўтирарди. У бу ёруғ оламга нечун келганини ҳанузгача тушуниб етолмаган одамдек тутарди ўзини – биров билан зиғирча иши йўқ, шунингдек, ўз ҳаётига ўзгаларни ҳам аралашувига йўл қўймас, бу дунёда қайноқ, аччиқ суюқликни майда ҳўплаб ўтиришдан бўлак қувончи ва ташвиши йўқдек, теварак-атрофга нисбатан ғоятда лоқайд эди. Шунингдек, зарур пайтда худди йиртқич жонивордек тезда ҳушёр тортар, ўзи кулса-да, кўзи кулмайдиган ғаройиб кимса эди.
У жамоада биргина Хуррам қотмани қаттиқ ҳурмат қилар, туғма кучи ёхуд ҳеч балодан тап тормаслиги важидан эмас, самимий ва беғуборлиги учун ўзгача қадрларди уни. Ўзи дамлаган “чой”дан ўзи ҳузурланиб ўтирган кезлари гоҳида Хуррам қотмани ёнига имлаб қоларди. Кейин йигитга эмас, одати бўйича, номаълум бўшлиқ ёхуд бирор-бир нуқтага тикилган кўйи, тарбиядан йироқ, ўта серғалва муҳитда ўсиб-улғайган Ғани қора ва бошқа шу кабиларни назарда тутиб, тағинам ўзинг биласан, деган маънода дерди: “Буларнинг ичи тўла қора балчиқ, чунки лойи носоз тупроқдан ийланган. Шунинг учун улар билан пачакилашиб юрма, бекорга қўлингни ифлос қилганинг қолади…” Бироқ бир тирғалдими, тамом – ўртадаги муносабатни бир ёқлик қилмагунча сира тинчимайдиган бу “ғалвали муҳит” намоёндалари Хуррам қотмани ўз ҳолига қўймас, негадир улар “зўр”нинг танобини тортиб қўйишни жуда-жуда хуш кўришарди. Таажжубли жиҳати, жанжалга туртки бўлган асосий сабаб аллақачон ўтмиш қаърига сингиб, ҳар икки томоннинг ҳам ёдидан чиқиб кетган эса-да, шунчалик кекчилми, ё бу ёмон иллат чиндан-да йўргаклигида текканми – йўқ-бор нарсадан дарров нам олиб, қайта тирғалишдан ҳеч эринишмасди. Бу балодан халос топмоқнинг бирдан-бир йўли – барча қатори уларнинг “зўр”лигини киприк қоқмасдан тан олмоқ ва сўнг зинҳор жиғига тегмаслик эди. Аммо Хуррам қотма бу қоидага итоат этмоқни хаёлига келтирмай, дерди: “Кенг даштда ҳайбати эшакдан берман бўлмаган жондор зотидан ҳайиқмаган, келиб-келиб сен ўпкаси йўқлардан қўрқармидим!” Бунга сари, Ғани қора дегани баттар тиш қайрарди: “Сен бола, аввало жиғимга тегмагин эди! Жиғимга тегдингми, бас – тавбангга таянтирмасдан қўймайман!”
Хуррам қотма қўшни жамоада ишлайдиган депо биқинидаги маҳалла йигитларининг қийиқлиги боис, билиб-билмай, Ғани қоранинг жиғига тегиб қўйганди. Аслида, мазкур можаронинг юзага келиш сабаби шунда эдики, бу жамоанинг суллоҳ йигитлари тузук ҳақ тўланадиган юк ортилган вагонларга сўзсиз эга чиқишга азалдан одатланган бўлиб, уларнинг бу борадаги ўзига хос устуворлиги ишчилар орасида аллақачон бузилмас русумга айланиб улгурган ва мабодо кимдир бу қоидага қарши чиқмоққа журъат этса, бирпасда унинг эсини киритиб қўйишарди.
Бироқ сарҳад нелигини билмай, чексиз кенгликда эмин-эркин ўсиб-улғайган ҳамда табиатан мард ва жасур бўлгани ҳолда, камтарлиги туфайли ўзидаги бу ажойиб хусусиятларни ҳамиша андиша пардаси остида пинҳон тутишга ўрганган Хуррам қотма охири бир куни бу ноҳақликка ортиқ чидай олмай, ўзича ҳақиқат талашиб, улар билан ёқалашиб қолди. Шундан кейин бу саркаш йигитнинг эсини киритиб қўйиш борасидаги барча уринишлари бесамар кетгач, маҳалла йигитлари энг сўнгги чора сифатида унга Ғани қорани рўбарў қилишди.
Ғани қора бир қарашда у қадар бақувват кўринмаган Хуррам қотмани дастлаб четдан зимдан кузатаркан, бошда ғоятда таажжубланди, сўнг эса жанжалнинг асосий сабабчиларидан бўлмиш икки маҳалладоши устидан кулган бўлди, наҳотки, шу мишиқига кучлари етмаган бўлса!
Йўқ, асло бўлиши мумкин эмас!
У вагондан берида эркак ғоздай пича ғўддайиб турди-да, кейин юк тушираётган ишчиларга яқин бориб, Хуррам қотмани секин четга имлади. Кўздан холи жойга чиқишгач, безориларга хос ибораларда сўзлана туриб, тўсатдан унинг юзига тарсаки тушириб қолди. Бу тарсакининг маъноси, бундан кейин ҳолингни билиб, тинчгина юр, дегани эди. Агар шунда Хуррам қотма бу йўриққа амал қилиб, узр сўраганида борми, ортиқча гап-сўзга ўрин қолмаган, ҳар иккиси тинчгина ўз йўлида кетган бўларди. Афсуски, воқеа кутилмаганда бутунлай тескари тус олди – Хуррам қотма тавбасини кутиб, қаршисида қомат кериб турган Ғани қоранинг шартта белидан олди-да, зумда уни елкасидан ошириб, ерга урди. Бу камдек, кетига бир-икки тепиб ҳам қўйди.
Буни сира кутмаган Ғани қора сапчиб ўрнидан тураркан, биринчи қилган иши теваракка аланг-жаланг қараш бўлди, ишқилиб, буни ҳеч ким кўрмадимикан, айниқса, маҳалла аҳли? Йўқ, уч тарафи бетон девор билан ўралган, чамаси, қачонлардир нимадир қуришга мўлжалланиб, сўнг шу ҳолича ташлаб қўйилган бу овлоқ макон киши нигоҳидан холи эди. Фақат кираверишда, қачон пайдо бўлгани номаълум, Ғайрат, чўккалаган кўйи, қўлидаги каттакон буклама пичоғи билан ер чизиб ўтирарди.
– Мен ҳеч нарса кўрмадим! – деди у ердан бош кўтармай. – Но-о…
Ғайратнинг кейинги гап-сўзлари ўз муҳити одамларига хос ибораларга қоришиқ бўлгани боис, Хуррам қотма ҳеч вақони англамади. Аммо дарров шуни фаҳмладики, энди у ёлғиз эмас, ортида суянчиқ бўлиб Ғайрат турибди. Сал кейинроқ яна шу нарса аёнлашдики, йигитлар орасида бўладиган бу каби аҳмоқона можароларга Ғайрат аралашиб ўтирмайди ва ўз навбатида, жангда ғирромликка ҳам изн бермайди. Ўзини кўриб – кўрмаганга, эшитиб – эшитмаганга солса-да, бироқ барча жараёнларга доимо сергак туриб беради. Табиий, Хуррам қотма ҳам қарздор бўлиб қоладиган йигитлардан эмас, ишга нисбатан ғайрати анча суст бўлган бу одамнинг ёнига киришга, уни кўпда уринтирмасликка ҳаракат қилади. Умуман олганда, вагондаги ишлар Хуррам қотмага мисли ўйиндек бир гап – ҳамиша ўзгача бир завқ-шавқ билан меҳнат қилади. Ғайрат унинг меҳрибонлигини сезиб-билиб турса-да, лекин буни ҳеч вақт сиртига чиқармайди. Аммо, ўз навбатида, сўнгги пайтда чин ғанимга айланган Ғани қоранинг ҳаддидан ошмоғига изн бермайди. Ғани қора пайдо бўлиши билан, наридан туриб, қўлидаги буклама пичоғини намойишкорона ўйнатиб, дам-бадам томоқ қириб қўйишини канда қилмайди. Айни шу хатти-ҳаракати билан Хуррам қотмани неча бор турли бало ва фитналардан асраб қолмади дейсиз у.
Ана шундай кунлардан бирида тўсатдан деб қолди: “Сендек кенгликка ўрганган лочинга бу ер торлик қилмаяптими?” Айни шу лаҳзада Хуррам қотма ярим чақиримча наридаги асосий темирйўлдан тарақа-туруқ қилиб ўтиб бораётган йўловчи поездга маҳзун термилиб ўтирарди. Қани энди, ипга тизилгандай елиб бораётган анави вагонлардан бирига сакраб чиқиб олса-да, қадрдон овулига қараб жўнаб қолса! Боргач, чўнг қирлар тўшига югуриб чиқса, тепаликлар яғринига чалқанча тушганча, кўкка термилиб-термилиб ётса, турли илонларга тўла ваҳимали жарликлар оралаб обдан изғиса, қиш ғамини ёзда е, дея ғарам-ғарам хашаклар тўпласа, қий ҳиди анқиб турган қўрасини супуриб-сидириб, чинни-чироқ қилса, супа четига чўкиб, ҳозиргина тандирдан узилган иссиқ нонлардан бирини косадаги сувга бўктириб-бўктириб еса, ора-сирада тиниб-тинчимас Офтоб момосининг хивичини татиб, унинг беғараз дашномларини тўйиб-тўйиб эшитса! Минг афсуски, ҳарчанд истамасин, овулига қайтмоққа юзи чидамайди – жаҳл устида, билиб-билмай, отасига катта кетиб: “Бўпти, токи ўқишга кирмас эканман, бу овулда қорам тугул, соямни ҳам кўрмайсиз!” – деб қўйган.
Ўзича, келасолиб институтга кирмоқчи эди.
Аммо чучварани хом санаган экан.
У елиб бораётган вагонлардан кўз узмай, ҳозир берган саволига жавоб олмоқчидек, секин қаватига келиб чўккан Ғайратга тили туфайли бу шаҳарга ипсиз боғланиб қолганлиги ҳақида ҳасрат қилмоқ истайди. Аммо ўзини тияди. Чунки Ғайратга сўзланмоқ, тошга сўзланмоқдек бир гап – ғиқ этмай эшитишга эшитади-ю, лекин ҳеч вақт гурунгга эш бўлиб кетолмайди. Бир нуқтага термилганча сукутга ботиб ўтираверади, жуда нари борса, шунақами, дегандай қиялаб бир қараб қўя қолади, холос.
Шу боис, Ғайратнинг саволини жавобсиз қолдириб, тағин ўйга чўмади. Тўғри, қайтиб борса, отаси бир сўз демаслиги тайин. Бироқ бунга юзи чидамайди, юзи чидаса-да, ғурури, яъни ўзи айтмишли, ичи йўл қўймайди.
У хаёлга ботгани сари, бир нарсани ҳеч англаб етолмайди: болалигидан поёнсиз дала-даштга меҳр қўйган ҳамда аксарият кишиларга ўта даражада зерикарли туюлмиш юмуш – чўпонликка меҳри ҳаддан зиёд баланд бўлган ўзидек бир йигитга қандайдир институтга кириб ўқиш шунчалик шартмикан? Ахир, момоси айтганидек, ҳамма ўқийверса, подани ким боқади? Шу каби бош-кети йўқ саволлар бошида чарх ура бошлаши билан кўз ўнгида отаси Нормўмин гунгнинг – камгаплиги туфайли шу номга эга бўлган – сокин қиёфаси бирдам жонланади-да, нақ қулоғи остида унинг қуйидаги гапи сас бергандай бўлади:
– Ҳозир ҳамма ўқияпти!
Нормўмин гунг томонидан яхшиликка айтилган бу гап Хуррам қотмага бамисоли бир тушовдек туюлади. Баъзида бу тушовни узиб, нимталаб ташлагиси келади. Зеро, ҳар куни эрталаб темирйўл ёқалаб келадиган ўша кўҳликкина талаба қизга тўсатдан меҳри тушиб қолмаганида, бу тушовни аллақачон парчалаб ташлаши тайин эди. Яна ким билади. Ҳарҳолда ўша қиз туфайли, ўқиш эмас, ўқишга кириш унинг асосий мақсадига айланди. Ўзича, қиз билан тенглашиб, сўнггина дилидагини унга изҳор этмоқни кўнглига тугди. Бироқ, шунга қарамай, отаси томонидан ўз олдига кўндаланг қўйилган бу талабнинг мантиқсизлигидан жини қуришади. Ўшанда жаҳлини жиловлаш ўрнига, тилига эрк берганидан жуда ўкинади. Ҳозир ҳам қаватида ғимирлаб, “чой” қайнатишга тараддуд кўраётган Ғайратнинг ҳаракатларини хаёлчан кузатган кўйи, ич-ичдан ўзини янишда давом этаркан, кўҳликкина талаба қиз дафъатан эсига тушиши ҳамон тағин барини унутади.
Бу орада идишдаги сув қайнади.
Ғайрат унга қуруқ чой соларкан, гўё ўзига ўзи гапиргандай аста дейди:
– Кет!
Хуррам қотма, қаёққа, дегандай унга кўз қирини ташлайди. Бироқ бир оғиз сўз айтмайди. Бу сукунат то чой дам егунча, яъни “чефир” деб аталмиш аччиқ ва қуюқ суюқликка айлангунча давом этади.
Ғайрат биринчи ҳўпламданоқ, ҳар галгидек, ҳузурланиб кўзларини юмаркан, яна ўша оҳангда дейди:
– Кўзларингда соғинч кўраяпман… Кет!
У шундан бўлак гап айтмайди.
У ҳеч қачон кўп гапирмайди.
У ҳатто талаба қиз фожиаси атрофлича тафтиш қилиниб, очиқ қолган эшик масаласи тилга олинганда ҳам ортиқча бир сўз айтмаган, “айбдор мен”, дея бор айбни ўз бўйнига олган. Мана энди, ундан хотира бўлиб, арзимаган чўпдан чой қайната олиш тажрибаси ҳамда аччиқ чойдан ҳузурлана билиш кўникмаси қолган.
Хуррам қотма ҳар куни айни туш пайтида чой қайнатиш учун тошўчоқ тиклашга тутинаркан, негадир, ҳамиша узоқ вақт даштни соғиниб-соғиниб чиққан сайёҳдек ҳис этади ўзини.
Нечун?
У буни ҳеч англаёлмайди, англаёлмагани учун тушунишга уриниб ҳам ўтирмайди. Айниқса, димоғида қумғоннинг ўзига дамланган олий навли кўк чойнинг ёқимли бўйини туйганида, қалбида ғаройиб туйғулар жунбушга келиб, гоҳида бу дунёнинг одами бўлмай қолади. Даштни қучгиси, қирларни, уларга қўшиб тоғу тошларни маҳкам бағрига босгиси, ялангоёқ ҳолида қирлар ошиб югургиси келади. Бир неча муддатдан сўнг эса, қўшниси Карим чолдай қамиш сибизға чалгиси ёхуд чўпон таёғини дўмбира ўрнида тутиб, ўзи биладиган бирдан-бир куйни, аниқроғи, шаҳардан қайтган йили ўзи яратган оҳанглар қоришмасини черткиси, худди Назар бахшидек овозини товлантириб-товлантириб куйлагиси келади. Афсуски, куйламоқ осон эмас, оқибат, бўғзидан кўчган ғаройиб нола нелиги ноаён бўлмиш увлашга ўхшаб, нари-берида чўзилиб ётган итларни чўчитишдан бошқасига ярамайди.
Бироздан кейин ўзини зўр-базўр жиловлаб, ўзига ҳадик-ла термилиб турган итларидан хижолат тортгандай, куйламоқдан тийилади. Сўнг ҳамиша дастурхон ўрнида ёзиладиган белбоғидаги нон ушоқларини бир четга қоқиб-суқиб, уни тўни остидан белига боғлайди-да, хуржунидан тоза ва майин матога ўралган китобни қўлига олади. Қумғон тубида қолган чойни секин-аста эрмак қилганча, мутолаага тутинади. Дўнглик бағридаги кичкина овулида китоб дегани анча қаҳат бўлгани боис, баъзида бир китобни такрор ўқишга мажбур бўлади. Ана шундай кезларда китобга мўл шаҳардаги шинам кутубхонани ҳасрат билан эслайди.
Кўркам боғ чеккасидан ўрин олган кутубхонага қўли бўш пайтларида, ўзича бўлғуси имтиҳонларга ҳозирлик кўриш важидан борарди-ю, аксарият ҳолларда бадиий китоблардан бош кўтармасди. Дарвоқе, қадрдон даштидан айро тушмоғига, яъни маълум муддат шаҳар тупроғини яламоғига аслида китобга ўчлиги сабаб бўлган. Нормўмин гунг ҳамда айрим овул эркаклари назарида, эсини танибдики, ҳеч қўлидан китоб тушмайдиган бу йигитчадан келажакда катта, шунчаки катта эмас, жудаям катта одам чиқмоғи тайиндек эди. Шу боис, мактабни тугатган йили ота шу умидда деди:
– Сен ўқи, менга ўхшаб дала-даштда чангга беланиб юрма.
Аксига олиб, қандайдир ўқишни дея дала-даштни тарк этиш Хуррам қотманинг хаёлида ҳам йўқ эди. Шунинг учун аста деди:
– Қўрангизни қўй-қўзига тўлдириб, дала-даштда эмин-эркин юрсам дегандим, ота!
Бу гапга жавобан ота турли давра ва кўча-кўйларда ҳадеб қулоғига чалинаверганидан, миясига маҳкам ўрнашиб қолган қуйидаги гапни ҳукм сифатида баён этди:
– Ҳозир ҳамма ўқияпти!
Нормўмин гунгнинг назарида, бу пурмаъно гапига эътироз билдириш асло мумкин эмасдек эди. Аммо қошида ўтирган ўғил, “хўп” дейиш ўрнига, яна “йўқ” дегач жуда ҳайрон бўлди.
– Унда буйтиблар китоб ўқишингдан не фойда, улим?
– Китоб фақат ўқишга кириш учун ўқилмайди-ку, ота, – деди ўғил.
– Эмасам, нима учун ўқилади? – отанинг ҳайрати баттар ортди.
Ўғил бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган экан, тилига келгани шу бўлди:
– Шу… даштда зерикмаслик учун бўлса керак-да…
– Мана, мен китоб ўқимасам-да, даштда зерикмайман-ку.
Ана шунда нима бўлди-ю, адабиёт муаллимасининг ҳов бирда айтган гапи ўғилнинг эсига тушиб қолди-да, бундан дадил тортиб, билағонлик билан деди:
– Йўқ, китоб ўқиб туриш керак! Эмасам, кишининг ақл-идроки тўмтоқлашиб қолиши мумкин!
– Нима деганинг бу?
– Бу деганим… – деди ўғил ҳар ёзда қўй чалмаси чопиладиган қўрадаги эски кетмонни кўз олдига келтириб. – Одамнинг ўй-фикри худди эски кетмондай ўтмаслашиб қолади…
– Унда биз, – деди ота ҳам айнан ўша кетмонни назарда тутиб. – Сенингча, эски кетмон эканман-да, а?!
– Бундай демоқчи эмасдим…
– Йўқ, дединг! – деди ғазабдан отанинг ранги ўчиб. – Энди гап бундай, кўп судралмай, ҳадаҳа халта-хултангни йиғиштир-да, тезда кўзимдан даф бўл! Ўқишга кирмасдан уйга қайта кўрма! Ҳа-ҳа, қорангниям кўрсатма!
Бу қадар кескин талабни кутмаган ўғилнинг дили вайрон бўлиб, миясида турли гумонлар чарх ура бошлади. Охирида, чамаси, отам мендан сурувини қизғанаяпти, деган аҳмоқона ўйга ҳам борди. Бундан унинг юрак-бағри ўртаниб, бу уруғда ҳеч бир сўз шунчаки айтилмаслигидан бохабар бўлса-да, алами зўрлигидан тилини тиёлмай, деди:
– Бўпти, сиз айтганча, ўқишга кирмас эканман, бу уйда қорам тугул, соямни кўрмайсиз!
Мана энди, шаҳардаги ўша шинам кутубхонани дам-бадам эслаганча, айрим китобларни такрор-такрор ўқишга мажбур эди. Айниқса, Назар бахши томонидан ҳадя этилган “Алпомиш” достонини қайта-қайта ўқийверганидан, мазкур асар деярли ёд бўлиб кетганди. Бу эса, гоҳида ушбу достонни чала-ярим билгувчи айрим йўртоқи бахшиларни боплаб тузлашида жуда-жуда асқатарди.
Бу даштдан аҳёнда-аҳёнда бахшилар ҳам ўтиб туришади.
Бири – оғайни, бири – таниш, бири эса инисидек яқин.
Қисқаси, даштга ўрлаган бахши зоти борки, Хуррам қотманинг қошида тўхталмай, чойлашмай кетмайди. Хуррам қотманинг биргина дўстона талаби шу: “Бир пиёла чой – мендан, икки оғиз терма – сендан!” У ерга баҳузур чордана қурганча қошидаги бахшини сел-сел бўлиб тингларкан, баъзида бир ҳолдан ғоятда таажжубга тушарди, нечун Худо бахшиларга инъом этган иқтидорни ўзига раво кўрмаган? Кўп эмас, зиғирдеккина иқтидор берганида борми, қўлига дўмбира тутиб, манову дала-даштни куй-қўшиққа тўлдириб, достону термалар айтиб юрган бўлармиди!
Минг афсуски…
Бундай лаҳзаларда ўта ношукрчиликка йўл қўйгани, яъниким Яратган эгам, бошқаларга раво кўрмаган, беқиёс куч-қудратни айнан ўзига инъом этганини хаёлига ҳам келтирмайди. Буни табиий ҳол деб билади. Азалдан курашли давраларни унчалик хушламаслиги боис, ўзидаги бу куч-қудратни киши кўзига намойиш этмоқни ҳатто ўйига яқин йўлатмайди. Кучи ошиб-тошиб, танига сиғмай қолган дамларда эса белини маҳкам боғлайди-да, қўйнини калладай-калладай тошларга тўлдириб, гоҳ тик дўнгликка ўрлайди, гоҳ теваракдаги тепаликларга тушиб-чиқиб юради. Бу нотабиий машқлардан сўнг доимо ўзини мисли қушдай енгил сезади, ҳозир қанот чиқариб, осмонга учиб кетаман-ов, дейди руҳланиб. Кейин эса сурув яққол кўзга ташланиб турадиган дўнгликлардан бирида ёнбошлаб, тағин китобни қўлига олади, ҳузурланиб мутолаа қилмоққа тушади. Сўнг эса китобга тикилган кезлари вақтнинг жуда тез ва сезилмай ўтишидан ҳамиша ажабланиб қўяди.
* * *
Бугун кеча оқшомга яқин мотоциклда, дашт орқали, кенглик адоғидаги овуллардан бирига ўтиб кетган Назар бахшининг изига қайтишини интиқлик билан кутмоқда эди. Бахшини қайноқ чой билан меҳмон қилиб, тўрт оғиз гурунгини олиб, кўп эмас, иккитагина термасини эшитиш илинжида эди. Афсуски, кўзга тушган чўпдай бўлиб, бахши ўрнига уни ўзига асосий рақиб деб билмиш Салабек келиб турибди. Унинг ташрифи, юқорида айтилганидек, ўтмишни ёдига солиб, Хуррам қотманинг нурланиб турган шуурини абгор қилди. Натижада, хиёлгина бурун теварагидаги тўрғайлар чуғуринигина эмас, балки енгил эпкинда оҳиста тебранаётган майсалар шитири ҳамда ўт-ўланлар орасида тинимсиз ғимирлаётган майда жониворлар сасига қадар илғашга қодир тийрак шуури зумда тўнглаб, худди ёмонлар даврасига тушиб қолган одамдек, ўзини нохуш ҳис эта бошлади. Бу нохушликнинг юзага келишини яна бир сабаби – ёмон қувват эди. Чунончи, бу ёмон қувват осмону фалакдан ёхуд замин қаъридан эмас, балки қошидаги Салабек ҳамда унга адоватла тикилиб турган итлар вужудидан таралмоқда эди.
Хуррам қотманинг ўзига хос яна бир хусусияти – тирик вужуддан таралмиш турли қувватларни, яъни фан тили билан айтганда, биоқувватни ҳис қила билиш қобилияти бағоят кучли эди. Бироқ у ўзининг бу ноёб жиҳатидан асло қувонмайди, қайтага баъзида жуда хафа бўлиб кетади. Негаки, катта-кичик давраларда кишиларнинг тайин-бетайин гап-сўзларидан ҳам кўра, улардан таралувчи нохуш қувватдан кўпроқ азият чекар ва тезроқ даврани тарк этиш тараддудига тушиб қоларди. Айни дамда Салабекдан силқиётган ушбу қувватни жуда яқиндан туяркан, унинг тезроқ кўздан даф бўлишини жуда-жуда истамоқда эди.
Бу пайтда Салабек бутунлай ўзга хаёлда эди: қани энди, енгилмас рақиб тимсолига айланиб улгурган манави ярамас қотманинг боплаб курагини ерга ишқаласа-да, ёруғ юз билан даштни тарк этса, йўлда бирорта тепаликка чиқиб, узоқ кутилган бу ғалабадан ўзида йўқ қувониб, мен уни енгдим, охири мен уни енгдим, деб бор овозда ҳайқирса! Ва ҳар гал юзма-юз келганда, ўзига синовчан-синовчан боқмиш Назар бахшига ғолибона боқса, унинг олдида ортиқ тили қисиқлигини туймаса! О-о, қандай соз бўларди-я! У бу истак йўлида қаршисидаги кенгликни ер юзидан бутунлайга супуриб ташлашга ҳам ҳозир эди. Қисқаси, йигитнинг ботинида кечаётган бу қасосли ўйлар қора қувватга айланиб, ташқарига таралганидек, ўз навбатида, унга адоватла тикилмиш итлар вужудидан ҳам айни шу нохуш қувват тишга уфурмоқда эди.
Бу нохуш ҳолатни янада теранроқ ҳис этгани сайин, Хуррам қотма ўзи учун ҳар нарсага тайёр турган итларига зимдан разм соларкан, яхши-ёмонни англашда буларга етадигани йўқ, деган фикрга келди. Чиндан-да, аксарият итлар олисдаги шовуру шарпани зудликда илғашдан ташқари, одам боласининг ким қанақалигини тез пайқай олади. Боя сурув итлари тўсатдан безовталанишга тушганида, кенг дашт адоғида биронта ҳам жон асари йўқ эди. Қачонки, орадан бир неча фурсат ўтгандан сўнггина дала йўлида қора бир нуқта пайдо бўлди. Ана, у сўлдаги тепаликлар ортида кўздан йўқолди-да, хийла вақтдан кейин сурув ёйилган ясси дўнглик этагидаги кенг майдон сарҳадида мотоциклли кимса ҳолида қайта намоён бўлди. Хуррам қотма бошда уни ўзи илҳақлик билан кутаётган Назар бахши деган ўйга бораркан, ўз навбатида, итларнинг важоҳатидан таажжубга тушди. Боиси, Назар бахши жониворлар томонидан ҳамиша илиқ кутиб олинарди-да.
У ириллаганча, олға интилишга шайланган итларни кескин буйруқ билан жой-жойига “михлади-да”, ким бўлди экан бу, дея уловлининг яқин келишини кута бошлади. Қачонки, унинг кимлиги аёнлашгач, кайфияти бирдан ёмонлашиб, тек ётинглар, дея итларга бот дўқ қилган киши бўлди. Итлар чақирилмаган меҳмон ташрифи эгаларига ёқмаганини сезгандай, уни адоватла қаршилашди.
Хуррам қотма, эшик қоқиб келган меҳмонни уйга қўйишни истамаган мезбондай, Салабек билан узуқ-юлуқ сўзлашган кўйи, унинг елкаси оша теваракка ҳардамхаёл назар ташлашда давом этаркан, кўзи кунботишда, уфқ сарҳадида тўплана бошлаган кулранг булутларга тушгач, димоғида ёмғир ҳидини туйгандай бўлди. Бундан кўнгли беихтиёр равшан тортиб, шуурини кечга томон роса жала қўяркан, деган ёқимли ўй оҳиста сийпалаб ўтди. О-о, қани энди, шу тобда ям-яшил майсаларга ёнбошлаганча, бу йил кўкламнинг серёғин ва сербарака келиши хусусида ким биландир мароқланиб-мароқланиб суҳбатлашса!
Бироқ ким билан?
Бу поёнсиз даштда суҳбатдош дегани ҳамиша анқонинг уруғи. Қошида ғўддайиб турган Салабекка эса бу хил мавзудаги гурунгларнинг кераги ҳам, қизиғи ҳам йўқ. Шусиз ҳам куни кечагина Қайрилмадаги катта тўйда эл таниган полвон – қўшни туманлик Абдулла чемпионни мағлуб этган ғолибга сира ўхшамай, яъни ранг-туси очилмай, ҳар сафаргидек мезбонни тагдор оҳангда: “Ҳим-м, тағинми?..” – дейишини интиқ-ла кутмоқда. Хуррам қотма шундай дейиши билан Салабек чуқур сўлиш олиб, қўлларини ҳар икки ёнига ёзганча: “Ҳа-а, энди…” – дейди. Бир қарашда, бу қисқа ибора бирор-бир маънони англатмайдигандек эса-да, аслида унинг замирида қуйидаги аламли хитоб мужассам эди: “Оркашлик қурсин, ака, оркашлик!”
Салабекка ҳақиқатдан ҳам қийин эди.
Назар бахшининг, ҳар дуч келганда, хўш, дея ўнг қошини кўтариб-кўтариб қўйишлари, сўнгра, нима қилдик, термани бошлайверайликми, деган маънода зимдан боқишлари, гоҳида ошкора им қоқишлари унинг қонига ташна қилиб юборганди. Қисқаси, бахши бор давраларда Салабек аввалгидек эмин-эркин “шаталоқ” отолмайди – тили қисиқлигини мудом туйиб туради. Бундан-да муҳими, токи Хуррам қотманинг курагини ерга тегизмас экан, ўзга полвонлар устидан қозонилган ғалабаларидан қилча кўнгли ёришмайди. Тўғри-да, тўй ва сайиллардаги катта-кичик курашларда кетма-кет зафар қозониб, мухлислари олқишига бўғзигача кўмилиб юрса-ю, даштда бўйи қулоғингдан келмайдиган қандайдир бир чўпондан йиқилиб ўтирса, кўнглига қувонч сиғармиди!
Чеҳрасининг очилмаслиги шундан эди.
Бу гаплардан бехабар Хуррам қотманинг эса баттар энсаси қотади, бунча тунгланмаса бу, баччағар, деб ўйлайди. Баъзида, ранг-рўйинг очи-ий, энағар, дея койиб бергиси келади. Аммо койишни хаёлига келтирмайди, қайтага, сиртдан билдирмаса-да, ичдан ундаги қатъятни иззат қилади. Сабаби, Салабекнинг ўрнида ўзга бир полвон бўлганида борми, ўлақолса, қайтиб даштга доримасди. Боиси, кураш ошкор эмас, пинҳон кечган – ким ғолибу, ким мағлуб – буни иккисидан бўлак ҳеч ким билмайди. Шунга қарамай, у қўшсувлик Темур полвондай изсиз йўқолиб кетмади.
Темур полвон ўсмир ёшида Нормўмин гунгни давраларда бир-икки кўрган, кимлардандир раҳматли бобоси – Оллоназар полвоннинг таърифини сал-пал эшитган экан, даштда юрган Хуррам қотмадан дарак топгач, қизиқиб: “Уни-ку зўр, аммо урпоғи қанақа экан?” – дея уни қидириб келган. Темур полвон яхши одам бўлгани билан оғзи сал бепалаки эди, ўғилда Нормўмин гунгдаги ғўлабирликни кўрмагач, оббо, урпоғи айниган экан-ку, дея хунук гап қилган. Бу гап Хуррам қотмага жуда оғир ботган, тутмасдан тутантириқ деманг, полвон, деган. Шундан кейин гаплари чап тушиб қолиб, улар беллашадиган бўлган, ташаббус Хуррам қотмадан чиққан, боиси, азал-азалдан авлод-аждодлар хусусидаги ноўрин гап-сўзларни хуш кўрмасди. У бир забтдаёқ Темур полвонни кўтариб ерга урган, сўнг истеҳзо билан сўраган: “Хўш, урпоғи қанақа экан?” “О-о, зўр экан! – деган Темур полвон ранжишни ҳатто хаёлига келтирмай. – Фақат бир нарсадан ҳайронман, нечун сизни давраларда кўрмайман?” Хуррам қотма давраларга ройиши йўқлигини билдирган. Темур полвон бошда ажабланган, сўнг ачиниб деган: “Афсус-афсус, сизнинг ўрнингиз даштда эмас, даврада!” Хуррам қотмадан, йўқ, бизга дашт маъқул, деган жавобни эшитгач, тағин бир ўйлаб кўринг, не қарорга келганингизни билмоқ учун яна келаман, деганча бадар кетди.
Шу боис, Салабек деганлари ҳам шулардан бири-да, деган ўйда унинг кейинги ташрифларини сира кутмаганди.
Чунончи, агар сув ушбу ғалванинг асосий сабабчи бўлмиш Назар бахши томонидан атайдан лойқатилмаганида эди, ўша биринчи учрашувдан кейиноқ Салабек қайтиб қорасини кўрсатмаган бўларди. Шунга қарамай, қийин-қийин, Назар бахшига қийин бўлди, шўрлик ким ғолиб-у, ким мағлублигини билолмай ҳали-ҳанузгача гаранг. Аммо билишни жуда-жуда истайди. Бироқ на Салабек, на Хуррам қотма сир беради унга.
– Келди, бироз гурунг бериб кетди, – дейди жўраси бепарво.
– Ўтирик айтманг, жон жўра, – дейди Назар бахши ялингудек бўлиб. – Ахир минг йиллик дўстмиз-а?..
– Ия, қачон мен сизга ўтирик сўзлаганман, – дейди Хуррам қотма гўё ўпкаланган бўлиб. – Айтдим-ку, бир келди, оёқни салгина қайириб олгандим, курашмоқни имкони бўлмади. Яна келганида, андак шамоллаброқ тургандим, тағин иложи бўлмади. Тўғри, негадир йигитнинг аввалги шашти йўқ, хиёл тоб ташлаганга ўхшайди. Лекин бунга менинг сира дахлим йўқ.
– Бекорга тоб ташламаган, – дейди Назар бахшининг баттар ичи тошиб. – Демак, бир гап бўлган.
– Ҳеч гап бўлгани йўқ! – дейди Хуррам қотма бу сафар хиёл кескинроқ тарзда. – Ё ўзи сизга бирор нима дедими?
– Демай, ичимни пишираяпти-да, ярамас!
– Унда бу шубҳанинг боиси нимада?
– Шубҳа эмас, лекин жуда-жуда истаяпман!
– Нимани истаяпсиз?
– Нимани бўларди, – Назар бахши жаҳлланишга тушади. – Кўтариб ерга уришингизни истаяпман! Зора, шунда янаям ўпкаси босилса!
– Йўқ, ўпка эмас у, шунчаки оркаш!
– Нима бўлганида ҳам уни бир майдон кўришингиз керак эди.
– Келганида – кўрдим, кетарида – хайрлашдим, яна нима керак сизга, бахши?
Бу хил баҳсдан бирон наф йўқ. Назар бахши ҳар қанча уринмасин, барибир Хуррам қотмадан тайинли бир гап ололмайди. Лекин ич-ичидан жўраси ниманидир пинҳон тутаётганини сезади. Сезгани сайин фиғони кўкка ўрлайди. Бу пайтда беихтиёр хотиралар оғушига чўмган Хуррам қотманинг кўз ўнгида эса қуйидаги воқеа бор ҳолича жонлана бошлайди.
Ғайратнинг юкчиларга хос бўлмаган сусткаш хатти-ҳаракати ҳамда дам-бадам “чой”ланиб туришлари ҳаммага ҳам ёқавермасди. Айниқса, жамоа бошлиғи Расул дам-бадам тирғалиб кўп ғашига тегарди. Бундай ҳолларда доимо сукутни афзал биладиган Ғайратнинг охири сабри тугаб, бир куни Расулнинг гирибонидан хиппа бўғиб олади. Бу пайтда деярли бўшаб бўлган вагонда учаласидан бўлак жон йўқ. Хуррам қотма ҳадаҳа орага тушиб, уларни ажратади. Ғайрат ҳовуридан тушса-да, аммо Расул тинчланмайди, ҳали сенми, дея қўлига илинган темир билан унга ҳамла қилади. Ана шунда Ғайратнинг аслида кимлиги аёнлашади, бир зарб билан Расулни чўзилтириб қўяди. Кейин эса пол қучиб ётган мағлубни гўё унинг ўзи бехосдан йиқилиб тушгандай, турмоғига кўмаклашади, энгил-бошини қоқиб-суқиб, бор, чекиб-пекиб, сал ўзингга келиб ол, дея ташқарига йўналтиради. Унинг бу қадар чапдастлигидан Хуррам қотманинг ҳайрати тошади: “Қойил, бопладингиз!” Бироқ кутганчалик, бу гапдан сўнг Ғайрат гердаймайди, қайтага, фавқулодда ҳеч бир ҳодиса юз бермаганидек, у томон ажабсиниб кўз ташлайди: “Нимани қойил қипман?” Бу гал Хуррам қотма янада жўшқинлик билан ўз ҳаяжонини изҳор этади. Бунга жавобан Ғайратнинг кўзларида қуйидаги маъно акс этади: “Қачон?” Бу ҳолдан Хуррам қотма ҳайрон туриб қолади. Бу орада Ғайрат лабига қистирган сигаретини қайта қутига жойлаб, одатига хос, сокин тарзда дейди: “Ростанам сен бирон нимани кўрдингми?” Хуррам қотма гап қатига яширилган маънони дарров англаб, беихтиёр, бош чайқайди: “Йўқ, мен ҳеч нарса кўрмадим…” Ғайрат унга миннатдор тикилади: “Баракалла!”
Шу тариқа, муштлашув сирлигича қолди, ундан ҳеч ким, ҳатто қўшни вагонда ишлаётган бригаданинг бошқа аъзолари ҳам хабар топмади, яъни жамоа бошлиғининг обрўйига путур етмади. Хуррам қотма бўшатилган вагон эшигини ёпиб, бурчакдаги чекиш жойига борганида, ғолиб ҳам, мағлуб ҳам, ҳеч нима бўлмаганидек, ҳамма қатори бамайлихотир чекиб ўтиришарди…
– Йўқ, сиз уни аллақачон мағлуб этгансиз, – дейди Назар бахши унинг хаёлини бўлиб. – Шунчаки унинг обрўйини сақлаш учун буни мендан сир тутаяпсиз.
– Бу қадар бадгумон бўлманг, бахши! – Хуррам қотма жаҳлланган киши бўлади. – Яхши эмас бу!
Бу энди навбатдаги баҳснинг интиҳоси эди.
Ундан нарёғи хавфли эди.
Назар бахши иззати борида тилини тиймаса, Хуррам қотма уни итдай ҳайдаб солиши мумкин. Шу боис, у вақтинчага оғзига кишан уриб, чойдан майда ҳўплаб, дўмбирасини қўлига олади.
Аслида Назар бахшининг гумонида жон бор – Салабек деганлари илк беллашувдаёқ Хуррам қотмага ғалабани бой бериб қўйганди. Шундан кейин, яъни ўтган кўкламдан бери яна уч бора келиб, уч бор ҳам елкаси ер искаб кетганди.
Бугунгиси унинг навбатдаги ташрифи эди.
Баъзан Хуррам қотма ўзича ўйга чўмади, йигит бечора жуда қийналиб кетди, бу гал атай йиқилиб берсам қандай бўларкан, а? Афсуски, қуйидаги сабабларга бунинг ҳеч иложи йўқ: Салабек ўта зийрак, рақибининг ўзига атай ён босганини дарров сезади, бу – бир, иккинчидан эса, йигитга ҳарчанд қайишишга уринмасин, ботинидаги девкор руҳ бунга асло изн бермайди – рақибига қўл чўзмасидан буруноқ, ичидаги “дев” яшин тезлигида уйғониб, зумда Хуррам қотманинг бор инон-ихтиёрини ўз измига бўйсундиради ва оқибат, у бутунлай ўзга бир одамга айланади-қўяди.
У эсини танибдики, “дев” унга йўлдош.
Айниқса, ким биландир беллашганда ёхуд Ғани қора каби кимсаларга тўқнаш келганда, ботинидаги “дев” ўзида йўқ ошқинлайди. Шу боисдан, Хуррам қотма ҳамиша тинчлик йўлини тутиб, имкони борича биров билан чап бўлмасликка тиришади. Бироқ одамларнинг ўзи қизиқ – жиғига тегиб, тинч юрмоғига сира қўйишмайди. Шунинг учун у жанжал пайтларида Яратгандан яккаш бир нарсани сўрайди: “Майли, сўксин, майли, дўқ қилсин, фақат зинҳор-базинҳор менга қўл кўтара кўрмасин!” Минг афсуски, аксарият кимсалар андишани қўрқоқликка йўйиб, сўнг таъзирини еб қолишади.
Ботинидаги “дев” ҳақида отаси шундай гурунг бергич эди: “Сенда, улим, бовонгни руҳи бор. Раҳматли шу қадар қорувли, шу қадар бақувват эдики, товдан ўтин кўтариб қайтаётганида, овулдаги айрим қитмир болалар секин ортидан келиб, елкасидаги тоғ баробар ўтин боғи устига чиқиб олса-да, миқ этмасди, ўзини сезмаганга оларди. Аммо-лекин ажинаси бир отланса борми, ҳеч кимни сийлаб-сийпалаб ўтирмасди. Бовонгни ўзи яхши одам эди, лекин ичидаги деви чатоқ эди. Ўзига тикланмиш одамга аввалига айтарди, ув-в, ичимдаги девни қўзғамай, қани, бир қорангни ўчир-чи, эмасам, ҳозир чатоғингни чиқараман, дерди. Иҳ-ҳи, бовонг бир қаҳр отига минмасин эди, мингудек бўлса, манаман деган зўрлар ҳам ин-инига уриб кетарди…” У отасининг шу хилдаги гурунглари таъсирида, умрида кўрмаган ва ҳатто номига бўлса-да, бир парча сурати сақлаб қолинмаган Оллоназар бобосини ҳалигача “дев” ўрнида тасаввур этиб келади. Бироқ “дев” дегани суратда эмас, ўзидан қиёс қилган ҳолда, сийратда – киши руҳиятида мавжудлигини билса-да, аммо, шунга қарамай, бунинг асл моҳиятини ҳозиргача тўла англаб етолмаган. Хўш, ўзи учун ҳануз жумбоқ бўлиб келаётган бу сир-синоатни ўзгаларга қандай қилиб англатиши мумкин? Аслида, ўзим яхши одамман-у, лекин шу ичим жуда хавфли-да, десинми?
Дарвоқе, буни англатиш шартмикан?
Англатган тақдирида ҳам, масалан, манави Салабекка ўхшаганлар буни идрок эта олармикан? Йўқ, икки дунёда ҳам идрок эта олмайди, қайтага ичдан эрмаклаб, сиртдан шунчаки мийиғида кулиб қўя қолади. Худди ўзи давраларда ернинг чангини чиқариб, ўлар-тириларига қарамай олишаётган полвонларга нисбатан жўшадиган тийиқсиз қийқириқ – оломон жазавасини ҳеч ҳазм қила олмаганидек, қандайдир девкор руҳ ҳақидаги гап-сўзларини ҳам ўзгалар англай билмайди! Ахир яқиндагина бақироқ мухлисларни назарда тутиб, бу одамзод дегани жуда қизиқ махлуқот – жазавага тушган кезлари ақл-идрокли мавжудотдан кўра, олис ўтмиш яшаб ўтган ёввойи қавмларга жуда ўхшаб кетади-я, деган фикри даврадошлари томонидан жиддий қораланган эди-ку. Назар бахши эса “жазава”ни “завқ”қа йўйиб, кичкина бир терма ҳам тўқиганди. Хуррам қотмани доимо таажжубга солиб келадиган яна бир ҳол, ғолиб бўлмоқ умидида жон-жаҳди билан курашаётган йигитларнинг ушбу лаҳзада чекаётган руҳий ва жисмоний азоблари билан кишиларнинг зиғирча иши йўқ, барча завқ-шавқ билан кураш натижасини кутади, сўнг эса бақир-чақир қилиб, ғолибни қутлаган, ўзларича уни таъриф-тавсиф этган бўлишади-да, бир кун келиб, ўша ғолиб мағлубга айланса ёхуд дунёдан кўз юмса, зумда уни унутишади.
Бу ҳолатни отаси Нормўмин гунг тақдирида ҳам кўрган.
Отаси худди аждодлари каби туғма полвон эса-да, негадир курашли давралардан нарироқ юришга уринарди. Бироқ унинг ўзига хос бу феъли билан кишиларнинг бир чақалик иши йўқ, айниқса, элнинг ишонган йигитлари ўзга ерлик бирор полвонга ғалабани бой бериб қўйгудек бўлишса, юрт оғаларининг пайтавасига қурт тушиб, даштдаги катта-кичик овул аҳлига қон-қардошлик жиҳатидан яқин ҳисобланмиш Нормўмин гунгнинг олдига дарров бош уриб келишарди, қўллаб юбормасангиз, номусдан ўламиз, уятдан ерга кирамиз, оғажон, дея туриб олишарди. Нормўмин гунг, элчилик, улар юзидан ўтолмай, ноилож курашга розилик билдиради. Бироқ унинг бу қадар ройишлиги ўзи тетик, тили заҳардек аччиқ энаси – Офтоб момога сира хуш келмас ва бобиллаб дерди:
– Зўрни мен туғмай ўлайин-а! Зўрни туғмай менгина ўлайин-а! Уриштириладиган итдай бўп тағин кетаяпсанми, а?!
Бундай пайтда юрт оғалари ҳадаҳа орага тушади:
– Ундай деманг, моможон, ундай деманг! – дейди бири. – Бу одам бизнинг оримиз ва ғуруримиз!
– Ҳа-ҳа! – дейди бошқа бири дарров отини қамчилаб. – Бу киши бизнинг фахримиз ва ифтихоримиз!
Бироқ бу каби баландпарвоз гаплар билан Офтоб момони юмшатиш осон эмас ва табиий, жавобиям шунга яраша бўлади. Баъзида бунга ҳам қаноат этмай, киши кўзи деб турмай, қўлидаги хивич билан алп ўғилнинг кенг яғринига чирсиллатиб тушириб ҳам қолади. Нормўмин гунг оғриган жойини бепарво силаб-сийпалаб, бепарво ишшайганча: “Ҳай, нимаям дердик, зўрликда барибир энага тенг келиб бўлмайди-да”, – дея кайвонилар олдига тушади. Ким ва қанақа полвон, сўраб ҳам ўтирмайди. Буни қарангки, тақдир экан, шундай алп одамнинг умри оддийгина кўричакдан поёнига етди. Ўлди-ю, ҳамманинг эсидан чиқди-кетди. Тириклигида пойига бош уриб келганлар унинг эшигини тамомила унутишди. Ушбу воқеалар туфайлими, ё қондан ўтганми, Хуррам қотма ҳам курашли давраларни унчалик хушламайди. Айниқса, мижжалари намланиб, эгик бош билан даврани тарк этаётган йигитларни кўрганда, ёмон ғаши келади. Ув-в, йиқилганни ер кўтарар, нечун энанг ўлгандай бунча кўзингни намлайсан, дегиси келади. Аммо демайди, одам боласига гап уқтириш ўлимдан қийинлигини аллақачон фаҳмлаб етган. Бироқ шунга қарамай, гоҳида тили қичиб, беихтиёр насиҳат қилганини ўзи ҳам билмай қолади. Масалан, ўтган сафар ғолиблик умидида келиб, саноқли сонияда мағлубга айланган Салабекка ичи ачиб деганди:
– Ув-в, иним, рақибни эмас, аввало ўзни енгмоқни ўрганинг! Агар ўзни енгмоққа чоғингиз етганида эди, ҳозир буйтиблар эзилиб ўтирмасдингиз! Барига осонгина қўл силтаб кета олардингиз!
– Ўзни енгмоқ нелигини билмадим-у, – деган Салабек алами зўрлигидан қизариб-бўзариб. – Лекин сизни енгмасдан қўймайман!
– Ҳа-а, унда ҳали жудаям ожиз экансиз! – деган Хуррам қотма таассуф-ла бош чайқаб.
– Ким ожизлигини янаги сафар кўрамиз! – деган Салабек ўсмир йигитчалардай тўрсиллаб.
Хуррам қотма қарасаки, ўзи боғдан келса, у тоғдан келмоқда. Шунинг учун, одатига кўра, сукутни абзал билган. Йигитнинг кетаётиб, “ҳали яна кўришамиз”, дея қилган иддаосига жавобан, “насиб этса”, дея бош ирғаб қўя қолган. Кейин тақир ерга ёнбошлаб, Ғайратнинг шу борадаги насиҳатларини эслаб кетган.
Аслида, бу насиҳатдан кўра, паришонхотир одамнинг узуқ-юлуқ гап-сўзларига ўхшаб кетарди. Эсида, ўзича адолат учун курашиб, одатдагидек, тузук вагонга эга чиққан қўшни жамоадаги икки суллоҳ йигитнинг танобини тортиб қўйганида, унинг бу шижоатига ўз жамоа аъзолари орасидан биргина Ғайрат ошкора истеҳзо билан қараган, вагон бўшаш олдидан эса, шпаллар орасида сочилиб ётган майда-чуйда тахта бўлакларини тергилаб, кружка ва қуруқ чой солинган жигарранг сумкасини қўлтиғига қисганича, тепловоз кириб-чиқадиган асосий дарвоза томон йўналаркан, бу ёққа юр-чи, дея боши билан секин имо қилган.
Хуррам қотма жамоага яқинда келган бу одамни ҳали тўла билмас, шу боис, нима демоқчи бу, тағин анавиларга оғайни-поғайни эмасмикан, деган гумонга борган. Бирор муддатдан сўнг ўша гумон йўриғига бўйсуниб, изидан юрган ва уни дарвозанинг ўнг биқинидаги чоққина сайҳонликдан, эски шпаллар тахлами ортидан топган. Ғайрат эндигина темир кружка тагига ўт ёққан экан, мана келдим, дея ўзидан белги берса-да, худди аразлагандай тўмтайиб ўтираверган. Хуррам қотма, оббо, бу чинданам хафа бўлганга ўхшайди, деган ўйга боради ва ўртадан совуқликни аритиш учун ўзича ҳазил қилган бўлади:
– Маза қип чой ичарканмиз-да, а?..
Аммо Ғайрат чурқ этмай, чўпларни майдалашда давом этади. Хуррам қотма унинг бўйни ва сўл билагидаги хунук чандиқларга илк бор қизиқиш-ла разм соларкан, бояги йигитларни назарда тутиб, дейди:
– Мабодо, ановулар сизга оғайни эмасмиди?
Ғайрат, бу гапни қайси гўрдан топдинг, деган маънода ўқрайиб бир қараб қўяди-ю, тағин ўз ишида давом этади. Шундан сўнг Хуррам қотма тирғалишни бас қилиб, ўмганини шпаллар тахламига берганча, темирйўл ёқалаб чўзилиб кетган йўлакдан ўтиб-қайтаётган яккам-дуккам йўловчиларни кузатмоққа тушади. Кўҳликкина талаба қиз туфайли, бу йўлак ҳамиша кўзига оловдек кўринарди. Унинг хаёли эндигина қизга оққанда, кутилмаганда қуйидаги гап қулоғига чалинади.
– Ўзингча, сен зўр бўлиб қолдинг-да, а?!
Хуррам қотма секин ёнга ўгирилиб, кафтидаги қуруқ чойни идишга солаётган Ғайрат томонга юзланади.
– Йўғи-ий, бу хаёлимга ҳам келгани йўқ!
Шу билан гап тугайди.
Бу орада тепловоз бўшатилган вагонни омбордан олиб чиқиб кетади.
Ғайрат эса ўша-ўша ҳануз сукутда эди.
Хуррам қотма тағин ўткинчиларга алаҳсийди. Негаки, навбатдаги юкли вагондан ҳалича дарак йўқ – вақти бемалол эди.
У чоққина сумка кўтариб келаётган ўрта яшар бир аёлни кўҳликкина талаба қизга ўхшатиб, онаси эмасмикан, дея эндигина тусмолланаётган ҳам эдики, бирдан Ғайрат яна тилга киради.
– Шуни унутма, иккита аҳмоқни тузлаганинг билан сен “зўр” бўп қолмайсан!
Бу хил суҳбат тарзидан Хуррам қотманинг энсаси қотади.
– Унда “зўр” қанақа бўлади, ака? – дейди.
Ғайрат идишдаги “чой”дан бир ҳўплаб, аста бош кўтаради. Қошидаги йигитнинг саркаштоб турганини кўргач, кулранг тусдаги кўзларига қаҳр иниб, дилидаги борини нигоҳига жамлаб, унга жуда қаттиқ қараш қилади: “Бу феълинг билан сен бола ҳаётда муҳим нарсаларни бой бериб қўйишинг мумкин! Мана, битта “зўр” мен эдим. Хўш, оқибати нима бўлди? Умримнинг олтинга тенг, бебаҳо дамларини темир панжара ортида ўтказдим… Аввалига муҳаббатимдан, сўнг эса оламга сиғмас орзу-ҳавасларимдан мосуво бўлдим… Эндиликда, менда на ҳавас бор, на қизиқиш. Тирик мурдадан фарқим йўқ! Билсанг, бунинг олдида ўлим ҳеч нарса эмас! Турма нима, озодлик нима – менга барибир! Ҳозир озод эсам-да, негадир турма ҳаётини дам-бадам қўмсаб тураман. Бу разил “соғинч” башарамда кўланкаланиб турганини бир сен сезмайсан, чунки ҳаддан зиёд беғуборсан! Аммо ўзим кабилар буни етмиш етти одим наридан пайқашади ва ҳайиқишади! Чунки мен сингарилар учун икки дунё бир қадамлигини улар яхши билишади. Ахир қўлини ювиб, қўлтиғига урган одамдан бундан бўлак яна ниманиям кутиш мумкин! Чунки бизда, шахсан, менда йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ! Сенда эса бари бор – орзуларинг, муҳаббатинг… ҳамма-ҳаммаси ҳали олдинда! Бугун, тўғриси, бошда сенга жиндек қойил қолгандай бўлдим. Аммо қаҳр измига бўйсуниб, қўлга мисранг тутганингда, ёшлигим эсимга тушиб, сендан бирдан кўнглим қолди! Бугун сен кимлар учундир қаҳрамонсан. Агар эсинг бўлса, зинҳор уларга ишонма, олқиш-мақтовларига учма! Негаки, барча шўришлар ўша мақтовлар ортида пинҳон ётади. Шунинг учун рақибдан кўра, аввало ўзингни енгишни ўрган! Ана шунда, сен чиндан-да “зўр” бўласан! Шусиз ҳам бугун ўзингга зўр душман орттириб олдинг! Мен бу маҳалла касларини жуда яхши биламан, энди тинчингга қўйишмайди. Агар ёнингда сояланиб турмасам, сени бир балога гирифтор қилишлари тайин! Қисқаси, сен “зўр” эмас, ғирт “ғўр”сан!”
Бу қаҳрли қараш замирида ўзига нисбатан меҳр ва хайрихоҳлик балқиб турганини бутун вужуди билан ҳис қилган Хуррам қотма ўзининг бояги чарс муомаласидан хижолат тортиб, ерга боқди. Шунда Ғайрат муҳим бир сирдан огоҳ этаётгандек, аста дейди:
– Одамнинг зўри ўзни енга билгани бўлади!
Бу гапдан Хуррам қотма сергак тортади.
Таниш ибора!
Аввал ҳам бу гапни қаердадир эшитганди. У манглайи тиришиб, зўр бериб ўйламоққа тушади. Шунда унинг кўз ўнгида овули ёнидаги кичик дўнгликда суҳбатлашиб ўтирган чоллар тўдаси гавдаланади. Чамаси, гурунг Оллоназар бобоси ва унинг ўзига хос феъл-хўйи ҳақида борарди. Суҳбат асносида қуйидаги гап аста қанот қоқади: “Ҳа-а, ўзимни енгмоққа кучим етди-ю, аммо ичимдаги девни даф этмоқ қўлимдан келмади дея, ўтди-кетди, раҳматли…” Ўшанда бу гапни ўтирган чоллардан қайси бири айтди, буни у аниқ эслаёлмайди.
Бу орада муюлишда юкли вагон тиркалган тепловоз пайдо бўлади.
Ғайрат, бу гапнинг мағзини сўнг-сўнг ўзинг чақиб олаверасан, дегандай яна бир қараб қўяди-да, аста идишга лаб чўзади.
Кейин-кейин Хуррам қотманинг “чаққани” шу бўлдики, инсон учун ўзгадан кўра, ўзини енга билиш ғоятда мушкул экан, кимдир нафс, кимдир ҳавас, кимлардир эса жаҳл ва жаҳолат қули бўлиб, ўз тақдирини ўзлари чигаллаштириб юравераркан. “Бири, мана, мен! – деган Ғайрат қуёшли кунлардан бирида бўшлиққа маъюс тикилиб. – Бунда мен бировларни эмас, фақат ўзимни айблайман!”
Хуррам қотманинг назарида, яна бири Салабек эди.
Шўрлик, иззат-нафс дея, мана, бир йилки алам ўтида қовурилиб келади.
Шунчаки келмайди – тинимсиз машқлар қилиб, билакларини кучга тўлдириб келади.
Қайта ранг очмоқ учун рақибини мағлуб этмоқ умидида келади.
* * *
Тушлик вақти яқинлашиб қолгани ҳамда секин-аста чойнинг хумори тута бошлагани боис, Хуррам қотма бу гал “ҳим-м, тағинми”, дейишга ошиқмади. У уфқ сарҳадида тўплана бошлаган кулранг булутлардан кўз узиб, кейин худди мушкул бир иш қаршисида иложсиз туриб қолган кимсадай, дўнглик бетига ёйилган сурувга, тушовли эшагига, ҳануз Салабекка ёвқараш қилиб турган итларига, “меҳмон”нинг ҳайбатли мотоциклига тағин бир сидра назар ташлаб чиқди-да, сўнг тўсатдан қўлидаги заранг таёғини шартта белига тутиб, товони билан ер тепиниб, аскарчасига ўнг ёнига кескин қайрилди-да, нарида қуриб қорайиб кетган янтоқзор томон илдам юрди. Бориб нечундир янтоқлар орасига ташлаб қўйилган хуржунидан доимо ўзи билан олиб юрадиган чоққина қора қумғон солинган иркит халта ҳамда отасидан қолган ёдгорлик – сиртига ғоят усталик билан қалин мато сирилган сув тўла кўзачани олиб, ундан қумғонга қулқуллатиб сув қуяркан, гўё Салабек ўзи билан беллашгани эмас, шунчаки бирровга чойлашгани келгандай, хушҳол оҳангда деди:
– Келинг, аввалига бир чойлашиб олайлик, полвон!
У йигитнинг тўнғир-тўнғир эътирозларига заррача аҳамият бермай, жимгина ўз ишида давом этди: бошда у ер-бу ерда сочилиб ётган тошлардан тезгина тошўчоқ тиклаб, унга сув тўла қумғонни жойлаштирди-да, қуриган янтоқларни этиги билан босиб, янчиб, зичлаб ўчоққа тиқди, сўнг қўйин чўнтагидан бир парча қоғоз ва гугурт олиб, ўт ёқди. Кўкламнинг илиқ-иссиқ кунида бунга ҳожат бўлмаса-да, ўрганиш эмасми, кафтларини оловга тутди.
– Даштнинг чойи барибир бўлакча-да!.. – деди кейин, одатдагидек, завқи тошиб, бармоқлари орасидан Салабекка боқаркан, тутундан кўзларини қисиб.
– Шу-у… – деди Салабек мотоцикл белида дўмпайиб турган чоғроқ тароқи хуржунга маънодор қараб қўяркан. – Чойга сал кейинроқ ўтирсак бўларди-да…
– Йўқ, чойни вақтида ичган маъқул, – деди Хуррам қотма жиддий тортиб. – Эмасам, хумори тарқаб, кейин одам маза қилмайди.
– Тўғри-куя, аммо кўнгил андак дилгиртоб, чой сиғмайди-да, ака…
– Агар кўнгилни кенг қилсангиз, бутун олам сиғиб кетади, иним!
– Шунга ҳаракат қилаяпман…
– Яхшиси, аввал кўнгилни чой билан хушлаб олинг, – деди Хуррам қотма кулимсираб. – Сўнг даштни тўзғитиб, кечгача бемалол олишаверамиз. Менимча, бу дафъа сиз ютсангиз керак-ов…
– Нега унақа дейсиз? – Салабек ҳушёр тортди.
– Негадир кўнглим шундай деяпти-да…
– Йўқ, менга ён босишни сира хаёлингизга келтира кўрманг! – деди Салабек унинг шаъмасини тезда англаб. – Ҳар галгидек ҳалол курашамиз! Акс ҳолда, бир умр кўнгилда ғубор қолади!
– Ҳай, сиз нима десангиз, шу-да.
– Шундай бўлсин, ака!
Хуррам қотма ўчоқдаги оловга алаҳсийди. Ора-сира сурув томонга кўз ташлаб қўйишни ҳам канда қилмайди.
Тушликка тараддуд кўрилаётганини сезган итлар тезда ювош тортиб, емак илинжида дум силкиб, ўчоққа яқинроқ ерга келиб чўзилишди.
Кутмоқдан бўлак иложи қолмаган Салабек улови томон юрди.
У улови ёнида бир зум хаёлланиб турди-да, сўнг ошиқмай эгнидаги қорамтир чарм курткани ечиб, мотоцикл рулининг ўнг тутқичига осди, шу орада кўзи курткаси ёқасидаги қизғиш доққа тушиб қолиб, чўнтагидан дастрўмолчасини олди ва уни ҳафсала билан тозалашга киришди. Кейин эса, қўллари белда, гўё кўкиш спорт кийими сириб турган келишган қоматини кўз-кўз қилгандай, кунботишга тикилиб, серрайганча туриб қолди. Шу зайлда бир неча муддат тургач, сўнг майсалар қалинроқ жойни танлаб, аввал чўкди, кейин аста ёнбошлади.
У ёнбош тушиб ётган жойидан, худди рақибини эндигина кўраётгандек ёхуд ўзини олис бу даштга ундаган сабабнинг туб моҳиятини чуқур идрок этмоқчидек, ўчоқ бошида оловга ўйчан термилиб ўтирган Хуррам қотмани бошдан-оёқ зимдан кузатмоққа тушаркан, илк беллашувда юзидан нимтабассум аримайдиган бу кимсани енгил бир силтов билан ярим чақирим нарига улоқтириб юборишга ўзини қодир сезгани ва ўшанда туси униққан кенг чопон қатига яширинган бу қотма жуссада беқиёс куч мавжудлигини ҳатто хаёлига келтирмагани, оқибат, бошда ўзига тенгситгиси келмаган бу вужуд тошдек қаттиқ мушаклардан иборатлигини тўла идрок этишга улгуриб-улгурмай, зумда оёғи осмондан келиб тушганини таассуф билан эслади ва хижолатдан кураги ости терлаганини ҳис этди.
Салабекни доимо таажжубга соладиган яна бир ҳолат – кураш олдидан Хуррам қотма ҳеч қачон ортиқча тараддудланмайди, қаршисида тирик жон, боз устига, кучли рақиб эмас, гўё четга олиб ёки суриб қўйилиши лозим бўлган бирор-бир оғир буюм тургандек дастлаб ўзини ғоятда хотиржам тутади. Бироқ билагидан тутишинг биланоқ бирдан авзойи ўзгаради: аввалига нимяшил ранг қоришиқ жигарранг кўзлари худди қоплоннинг кўзларидек чўғланади, кейин йўғон бармоқларини гоҳ ёйиб, гоҳ тугуб, тик гавдасини хиёл олдинга эгади-да, яшил тезлигида бирдан олға ташланади. Бундай пайтда Салабек одам боласи билан эмас, қандайдир номсиз бир махлуқ ила беллашаётгандек ҳис этади ўзини.
Қани энди бу “махлуқ”ни тезроққина мағлуб этиб, ўз виждони ва ори олдидаги шаънини қайта тиклаб олса!
Афсуски…
Айниқса, у ўтган кўкламдаги илк беллашувни ҳеч унута олмайди ва бундан кейин ҳам унута олмаса керак. Ўша учрашув ҳар эсига тушганида, манглайи терчиб, уят ва номусдан мисли ўтдек тутаб, ёна бошлайди. Шунда бошини челакдаги муздек сувга тиқиб, барини унутмоқ истайди. Аммо хотира дегани ёвдан ёмон – эшикдан қувсанг, тешикдан кириб, жисми-жонингга азоб беришда давом этаверади. Ўша куни Хуррам қотмани бир силтовдаёқ ернинг кўзига ёпиб, ўзича тантана қилмоқчи эди. Бироқ ҳеч кутилмаганда вазият бутунлай тескари тус олиб, бир сонияда унинг ўзи ерпарчин бўлди. У кўм-кўк майсалар устида чалқанча тушиб ётаркан, кўкдаги бир парча оппоқ булутга ҳайрат ва алам билан боққанча, беихтиёр ичдан нола тортган: “Э, Худо, бу не ҳол, не кўргилик! Эл орасида қандай бош кўтариб юраман энди?!”
Ҳолбуки, ўшанда тўкилган обрўйи хусусида ташвиш тортмоғига ҳеч бир асос йўқ – овлоқ даштнинг овлоқ пучмоғида уюштирилган бу курашда ким йиқилди-ю, ким йиқитди – четдан бирор кўз кўргани йўқ эди. Мабодо, алам устида, ўзи оғзидан гуллаб қўймаса, Хуррам қотма бу ҳақда бировга чурқ этмаслиги аниқ эди, ахир у бошданоқ бежиз огоҳлантирмади, қўл синса, енг ичида, деб. Табиий, дастлаб Салабек, хом сут ичган банда-да, бу гапни ўзича тушунган, сиздан йиқилганимни ҳаммага овоза қилиб юрманг тағин деяпти, деган ўйга борган. Кейин билсаки, рақибининг феъли шу экан. Бу феълли одамлар, одатда, ғалабадан ортиқ даражада қувонмаганидек, мағлубиятдан ҳам у қадар азият чекмайди, ҳай-й, йиқилганни ер кўтарар, дея бепарво қўл силтаб кетаверадилар.
Ўша куни шуниси қизиқ бўлдики, теваракда бирон кимса бўлмагани учунми, ё буни сира кутмагани боисми, Салабек чўзилиб ётган жойидан дарров сачраб турмади. Аксинча, худди ноҳақликка дуч келган аламзада одамдай, янада аниқроғи, акаси томонидан атай чалиб йиқитилган боладай, аразли бир қиёфада кўкка термилиб ётаверди. Арази – зоҳиран, ботинан – ич-ичидан қиринди ўтиб, яккаш шуни ўйларди: давраларда не бир азамат йигитларнинг курагини ерга тегизиб, туманда ном қозонган полвонлар қаторидан ўрин олган бир пайтда, келиб-келиб даштдаги бир чувринди чўпондан йиқилиб ўтирса-я!
Нима деган гап бу!
Азбаройи алами зўрлигидан ётган жойида жимгина ўлиб қўя қолгиси келди. Қани энди, кўзларини астагина юмса-ю, қайтиб очмаса, шу созда мангу уйқуга кетса. Аксига олиб, тириклик деб аталмиш борлиқ тинчгина ўлмоғига изн берай демасди. Эмасам, қанотлари кўкиш-кулранг митти капалак, худди бўлак жой қуриб қолгандай, келиб-келиб унинг нақ бурни учига қўнардими. Бу камдек, инига йиқилган шекилли, енгидан кирган чумолилар, эгнидан ўрмалаб чиқмоқда эди. Салдан кейин эса, сўл ёнида дала сичқони чийиллаб, ўнг ёнидан майсалар оралаб шитоб-ла сирпанаётган илоннинг эласгина шовури қулоғига чалинди. Буни қарангки, бандаси ўлмоқни ҳарчанд истамасин, онг-шуури барибир тийраклигича қолавераркан, натижада, тағин заҳарли илон бўлмасин, деган ҳадикда илкис қаддини тиклаганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳайтовур, заҳарли дегани беозоргина сариқ илон экан, зумда ўтлар орасида кўздан ғойиб бўлди.
Қачонки, нигоҳи қаватидаги чумоли инига тушгач, мағлуб бўлганига гўё ушбу митти жониворлар айбдордек, тўнғиллаб сўкина-сўкина, энгил-бошини қоқа-суқа, кети билан индан нари силжиди ва ўтирган еридан қизғиш белбоғини майсалар устига ёзиб, “меҳмон” ҳурматига дастурхон тузашга киришган Хуррам қотмага ўқрайиб боқди. У яхна эт ва дудланган колбасани пичоқда кесиб, сингиб пишган патирлардан бири устига дид ва ҳафсала билан термоқда эди. Даштда тансиқ таом ҳисобланмиш бу емакларни бугунги беллашув якунида, яъни енгилиши тайин бўлган Хуррам қотмани сийлаш, янада аниқроғи, енгилгина бир ҳамласига бардош беролмай, оёғи остига гурсиллаб тушган фақир бир бечоранинг кўнглини овлаш ниятида Салабек ўзи билан олиб келганди. Мана энди, ўша емаклар билан Хуррам қотма унинг ўзини меҳмон қилмоқчи. Ана, аллақачон қумғон тагига ўт ёқишга ҳам улгурибди!
Салабек аламдан ўртаниб, унинг хатти-ҳаракатларидан мағрурлик ва масрурлик аломатларини қидира бошлади. Қизиқ, салгина бурун кимсасиз бу даштда фавқулодда воқеа – ўзи томонидан элнинг олди полвонларидан бири мағлуб этилмаганидек ва бу ёруғ оламда меҳмон учун дастурхон тузашдан кўра муҳимроқ иши йўқдек, Хуррам қотманинг бор диққат-эътибори ушбу юмушга қаратилганди. Агар унинг ўрнида ўзга биров бўлганида борми, кимсан, Салабекдай зўрнинг оёғини осмондан келтириб ерга урганидан боши кўкка етган, истаса-истамаса, ғалаба нашидаси барча ҳаракатларида ошкора акс этган бўларди.
Бу эса…
Бироқ бундан Салабекнинг кўнгли зиғирча таскин топмади, қайтамга, бугунги аламли ҳодисанинг юз бермоғига минг бир бора ўзи сабабчи эса-да – аммо одамзодга хос қусур – бу кўргиликда Назар бахшини асосий айбдор санаб, ўтирган ерида унинг гўрига ғишт қаламоққа киришди. Ахир ўша-да, ичига олов ёққан! Акс ҳолда, узоқ даштда ўз майлида тинчгина ғимирлаб юрган Хуррам қотма отлиқ чўпон билан нима иши бор эди унинг.
Табиий, бу ички янишларидан ўша кунги зиёфатга Назар бахшини атай таклиф этган жўраларидан бири ҳам четда қолмади. Кейин бундай қарасаки, юрагининг ҳовури ҳали-бери босиладиган эмас, шунда у мулла Алининг тўйидаги катта курашда боштовоқнинг қўлга киритгани шарафига ушбу зиёфатни уюштиришга ундаган хира ва хўра улфатларини ҳамда улар томонидан ўз шаънига нисбатан айтилган мақтов ва олқишлардан ортиқ даражада ҳаволаниб, полвонларга хос бўлмаган қилиқ қилгани учун ўзини ҳам аямай сўкишга тушди. Сўкканда ҳам майсаларни чангаллаб-чангаллаб, уларни юлиб-юлқилаб, эгнида ўрмалаб юрган яккам-дуккам чумолиларни қўшиб-қўшиб сўкди.
Аслида, яқин улфатлари даврасида тантиқланиб, оғзига келганини валдираш Салабек учун оддий ва одатий ҳол эди.
Биров мушугини “пишт” демасди.
Қайтамга, билиб-билмай, қўлтиғига сув пуркашарди.
Бироқ бу дафъа кутилмаган ҳол юз беради.
Тўрда азиз меҳмон сифатида савлат тўкиб ўтирган Назар бахши, сал оғирроқ бўлинг, полвон, дея тўсатдан унга танбеҳ бериб қолди.
Бу гап давранинг эркатойи бўлмиш Салабекка айилдек ботди. У, бахши бўлсанг ўзингга, келдингми, энди жойингда теккина ўтир, деган маънода унга ўқрайиб боқаркан, сўнг улфатларига юзланиб, атай бояги гапини такрор айтди:
– Гап шу, манаман деган зўрингни, агар боши билан осмонни тираб турмаган бўлса, зумда чалпак қиламан!
– Балли! – деди ширакайф давра аҳли.
Бундан Салабек баттар авжланди:
– Керак бўлса, оёғим остига ташлаб, пойу пояндоз қиламан!
Салабекнинг бу аҳмоқона чиранишлари нозиктаъб Назар бахшининг кўнглига оғир ботди. Бахши сифатида ўзига хос нуфузга эгалиги боис, у бор давраларда бу хил бачкана гаплар оғизга олинмас, иккинчидан эса, салгина бурун диёнат ва камтарлик тўғрисида ажойиб бир терма ижро этган бўлиб, энди навбатдагисига ҳозирлик кўраётган эди. Қарасаки, айтган пурмаъно ўгитлари, худди тошга сепилган сувдек, давра аҳлига, айниқса, ўнгу сўлига қарамай “шаталоқ” отаётган Салабекка тариқча кор қилмабди. Бу камдек, ярамас, на каттани, на кичикни иззат қилишни биларкан! Тағин, сен ўзи кимсан, дегандай ўқрайиб-ўқрайиб қарашига бало борми! Ахир ҳеч замонда уйдаги меҳмонга, боз устига, ўзидек катта бир бахшига бу қадар беҳурмат муносабатда бўлиш мумкинми? Ундан кўра, уйимдан йўқол, дегани тузук эмасми? Йўқ, бу йигитнинг попугини пасайтириб, ўпкасини босиб қўймаса бўлмайди!
Бироқ қандай қилиб?
Назар бахши қаватидаги созини қўлига олган ерида тағин ўйланиб қолди, йўқ, бу кабиларга бахшиёна ўгитлар ҳайф, тун қаърига отилган тошдек, айтган сўзлари бесамар кетади. Бунақалар, одатда, кучга ва зўрга бўйсунади.
Аммо қани ўша адолатли куч?
“Зўр”-чи?
Бу орада Салабек яқинда ўзи томонидан мағлуб этилган қандайдир полвонни кураш пайтидаги қилиқларини айтиб, давра аҳлини кулдирмоққа тушганди. Назар бахши, хаёл билан бўлиб, бошда эътибор бермади, қачонки, гап ўз овулидаги полвон йигитлардан бири ҳақида кетаётганини сезгач, бирдан ори қўзиди, қўзиганда ҳам жуда ёмон қўзиди. Шунда умрида биринчи бор жисмоний жиҳатдан заифлиги-ю, кураш тушмоққа чоғи етмаслигидан жуда қаттиқ ўкинди. Қани энди, шу тобда мўъжиза юз бериб, билаклари кучга тўлса-ю, манови мақтанчоқ хўрознинг битталаб патини юлса!
О-о, тозагина зўр иш бўларди-да ўзиям!
У дўмбира бандини асабий ҳолатда сиқиб, сиқимлаб, шу ўй-хаёллар оғушида сассиз гувраниб ўтираркан, кутилмаганда эсига Хуррам қотма тушиб қолди-да, тунд афти аввал ёришиб, сўнг мисли гулдай яшнаб кетди. Ҳануз олди-ортига қарамай, “шаталоқ” отаётган Салабек деганлари эса кўзига мисоли увоқдек кўриниб кетди.
– Ув-в, полвон! – деди у ўзини бағоят қудратли ҳис этиб. – Сиз бир нарсани ҳеч унутманг! Агар билсангиз, бу дунёда ким кўп, зўр кўп, тағин зўрни зўрига учраб, эрта бир кун уялиб қолманг! Шунинг учун сал камтар бўлинг!
– “Зўр” деганда, мабодо, бировни назарда тутмаяпсизми, бахши? – дея сўради Салабек “шаталоқ” отишдан бирдам тийилиб.
– Албатта! – деди бахши қўлидаги созини виқор-ла тиринглатиб.
– Ишқилиб, ўша “зўр” биз ҳозир ғийбатини қилган анови Носир полвон эмасми? – дея Салабек нописанд ишшайди.
– Йўқ, мен бошқа бир “зўр”ни назарда тутаяпман!
– Мабодо, Алпомишни назарда тутмаяпсизми? – Салабек хохолаб кулиб юборди. – Балки Гўрўғлидир, а?
Бу сафар Назар бахши атай жавобга ошиқмади, тағин қўлидаги созини чертган киши бўлди-да, сўнг гўё ортида кимсан – Алпомишнинг ўзи савлат тўкиб тургандай, танбеҳ оҳангида деди:
– Ҳар ҳолда биз меҳмон, сиз мезбон дегандай… шу-у, андаккина ҳаддингиздан ошмаяпсизми, полвон?
– Узр, бахши, – Салабек дарров ҳушёр тортди, сўнг ичи пишгандай пишиб, деди: – Агар сир бўлмаса, ўша “зўр” ким? Мен уни танийманми?
– Йўқ, сиз уни танимайсиз.
– Танишмоқнинг иложи бордир?
– Албатта, нега йўқ бўларкан.
– Унда таништиринг!
– Бўпти!
– Иложи бўлса, шу бугуноқ!
– Бугун? – Назар бахши бошини сараклатди. – Бунинг иложи йўқ, сал олисда у.
– Ишқилиб, ойда эмасми? – деди Салабек даврада кулги қўзғаб.
– Йўқ, ерда… – деди Назар бахши кулгига эш бўлган бўлиб.
– Ерда бўлса, бас – танишамиз! – деди Салабек тағин жиддий тортиб. – Айтганча, индин Қўшқайрағочда тўй бор, курашли. Таклиф этинг! Шахсан ўзим чиқаман ўша “зўр”га! Чақиринг!
– Йўқ, у келмайди, – деди Назар бахши атайдан кишининг нафсониятига тегадиган бир оҳангда. – Керак бўлса, ўзингиз борасиз!
– Ия, бу ёғи жуда зўр бўлди-ку! – ҳайратдан Салабекнинг қошлари керилди.
– Ҳа-а! – деди Назар бахши, сен тиррақи бузоқ унинг олдида ким бўпсан, деган тарзда. – У дуч келган билан олишавермайди!
– Вой-бўй-й! – Салабекнинг қаҳри қўзиб, лаб қимтиди. – Сабаб?
– У кишининг феъли ночор, давраларда кураш тушмайди, – деди Назар бахши зимдан унинг авзойини кузатиб. – Аммо манаман деган зўрни бир лаҳзадаёқ тупроққа қориштириб ташлайди!
Бу гап Салабекнинг нақ ўмганини тешиб ўтди. У ғазабдан ўзини қўярга жой тополмай, ўтирган ерда бежо-бежо тебраниб турди-да, сўнг тишларини ғирчиллатиб, деди:
– Шу жумладан, сени ҳам демоқчисиз, шундайми?!
Назар бахши қомат кериб, оғиз тўлдириб, “эмасам-чи” демоқчи бўлди-ю, лекин меҳмонлигига бориб, андиша қилди. Ва қачонки, юқоридаги савол қайта такрорлангач, елка учириб, деди:
– Ҳалича бу гапни айтганим йўқ…
– Йўқ, айтиб бўлдингиз! – Салабек ўзига узатилган пиёлани нари суриб ва ҳар бир сўзни чертиб-черткилаб, деди: – Хўш, қачон учраштирасиз ўша “зўр” билан?
– Шартмикан?
– Энди шарт, жуда шарт!
– Овора бўлманг дейман-да.
– Бу ёғи билан ишингиз бўлмасин!
– Аммо аввалдан айтиб қўяй, шу дамгача у кишининг курагини ҳеч ким ер искатолмаган…
– Мана, биз искатамиз-да!
– Энди, огоҳлантириб қўйиш бурчим-да, – деди Назар бахши уни янада баттар оловлантириш ўйида. – Айтиб бўладими, тағин…
– Хўш, қачон?! – Салабекнинг чангалига тушиб қолган бўш пиёла қарсиллаб синди.
– Сиз қачон десангиз, бас, – деди охири ниятига етганини англаган Назар бахши бадбинлик билан. – Биз бошлаб бораверамиз.
– Эртага! – деди Салабек ҳеч бир эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Бу кеч жўраникида тунаб қолинг! Эртан эрталаб йўлга чиқамиз! Қани, кўрамиз, ким кимни тупроққа қориштираркан!
Эртаси улар қўш мотоциклда Хуррам қотманинг сурувини қидириб, кенг адир бўйлаб кезинишаркан, қўй-қўзилар ёйилган сертиканак ёнбағирлик бағридан туртиб чиққан қоясимон дўнглик пойидан юқорига ўралаган тик сўқмоқ ёқасида қўлидаги таёғига ўмган тираб турган ва ҳалигина ўзлари томон шитоб-ла интилган сурув итларини қисқа бир ҳайқириқ билан жой-жойига “михлаган” кимсага бошда Салабек заррача эътибор бермади. Ахир бугун даштда бу каби чўпону чўлиқлардан неча бирига дуч келишмади, шулардан бири-да, деган ўйда эди. Қачонки, тиканаклар оралаб олдинда елиб бораётган Назар бахши тагидаги уловини бироз секинлатиб, ана шу киши, дея боши билан имо қилгандан кейингина диққат қилди ва азбаройи ҳайрати тошганидан, улови тизгини – мотоцикл рулини қўлидан чиқариб юборишига бир бахя қолди. Боиси, у йўл бўйи эгнидаги туси униққан нимдош тўни барларини белига қистирган, бўйи ўртадан пастроқ қандайдир қотма кимсага эмас, даштда қомат кериб турган бир алпга рўбарў бўлмоқни тасаввур этиб келаётган эди-да. Шу сабаб, азбаройи ҳайрати ошиб-тошганидан: “Ия, айтган “зўр”ингиз шу ўлимтикми ҳали!” – дея ҳайқириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Бу хитоб ҳавога қалқиши билан сўқмоқ бўйида хушҳол кулимсираб турган кимсанинг ранг-туси кескин ўзгарди: аввалига, нима гап, дея анқайди, сўнг, ким бўлди экан бу, дея қизиқсиниб тикилди, кейин дарров жиддий тортди. Ва зумда бу жиддийлик қатидан табассумга ўхшаш нимадир юзага тепчиди. Бироқ бу табассум ғоятда хавфли – унда истаган онда алангаланиши мумкин бўлган тийиқсиз ғазаб учқунлаб, чирсиллаб турарди. Одатда, яккама-якка муштлашув олдидан ўзига нисбатан ишончи юксак бўлган рақиб қарши томонга худди шу хилдаги “табассум” билан юзланади. Бироқ Салабек ҳануз таёқ суяниб турган кимсанинг бу “мийиқ ости” кулгисига парвоям қилмади. Ахир давра юзини кўра бошлаганидан бери, не бир “табассум”ларга дуч келмаган дейсиз. Тўғри, улар кучига инониб, мийиғида илжаярди. Аммо ит чайнаган ошиқдек мужрайиб турган манави нусха ким ва нимасига бунча ишонаяпти? Шошмай тур, ҳозир ерга чалпак қилмасамми сени!
Бироқ, бояги таҳқирли хитоб қулоғига чалинмагандай, улар Хуррам қотма томонидан илиқ-иссиқ қаршилангач, Салабекнинг оловли шашти кескин пасайиб, кечадан бери кўнглини алғов-далғов қилиб, тинчини бузиб келган ғазаб ва адоватнинг дами кесилгандай бўлди. У энди қошида, ўзи хаёл қилгандек, тирикчилик важидан чориғини судраб юрган оддий ва содда бир чўпонни эмас, қарашлари босиқ ва ақлли, ўз навбатида, айни шу босиқлиги замирида англарсиз қандайдир пинҳоний куч яширин, тийрак нигоҳли бир кимсани кўриб турарди. Ана, у одоб билан кўришиш-сўрашиш асносида, оний лаҳзада кўзлари оловланиб, Назар бахшига саволомуз кўз ташлади: “Бу тили бежо йигит ким ва нега уни бу ерга бошлаб келдингиз?” Назар бахши истеҳзоли илжайди: “Бу сизга талабгар бўлиб келди!” Хуррам қотма ҳайрон қаради: “Нечун?” Назар бахши бурун сийпалаб, англатди: “Кеча даврада ошқинлаб, ўзидан кетди! Яхшилаб курагини ерга ишқалаб қўясизми дея, бошлаб келавердим!” Хуррам қотма бош сараклатди: “Тўғри, ошқинлаш яхши эмас, аммо сиз ғирт ёш боланинг ишини қипсиз, бахши!” Назар бахши гуноҳкорона ерга тикилди: “Нима қилай, чидаёлмадим-да”. Хуррам қотма мийиғида жилмайди: “Бу ўзимни чалпак қип кетса, нима бўлади?” Назар бахши ғамнок хўрсинди: “Нима бўларди, зўрингни ҳолини кўрдик, дея сўнг баттар ошқинлайди!” Хуррам қотма ўнг қош учирди: “Ҳа-а, энди бу жуда майдалик!” Назар бахши бош ирғаб, ошиғич тасдиқлади: “Ҳа, бу майдалик, чунки бунинг ўзи майда-да!” Хуррам қотма сезилар-сезилмас бош чайқаб, инкор этди: “Йўқ, бу майда эмас, анчагина ориятлига ўхшайди! Акс ҳолда, сизга эргашиб келмасди”. Назар бахши қаватида, хода ютгандай, ғўдайиб турган Салабекка кўз қирида назар ташлаб, ошкора ғижинди: “Қанақа орият, ғирт ўпка-ку бу!” Хуррам қотма, ияк қашлаб, эътироз билдирди: “Йўқ, ўпка эмас бу, шунчаки ғурурига ел тегмаган ҳали…” Назар бахши унга умидвор тикилди: “Ғурурини озгина еллатиб, бироз эсини киритиб қўйсангиз яхши бўларди!” Хуррам қотма кулган бўлди: “Ундан кўра, биратўла синдириб бера қолай, а?” Назар бахши ошиғич бош ирғади: “Қани энди, биратўла синдириб берсангиз!” Хуррам қотма норози боқди: “Бу қадар бадгирлик яхши эмас, бахши!” Назар бахши манглай сийпаб, тағин ерга кўз тикади: “Айтдим-ку, кеча, тозаям алам ўтказди бу деб!” Хуррам қотма нигоҳида ҳайрат ифодаси зуҳурланди: “Сиз бу қадар кекчил эмасдингиз-ку, бахши?” Назар бахши томоқ қириб, муштумига йўталди: “Билмайсиз, яхшини ёмон қиладиган ҳар қилиқлари борки, одам чидаёлмайди! Ишонганим энди бир – сиз! Агар, йўқ, десангиз нимаям дердик, изимизга қум сепиб, қайтиб кетаверамиз!” Хуррам қотма ўйчан даҳан силади: “Унда бир қарорга келишимни кутинг!” Назар бахши, фақат “йўқ” дея кўрманг, деган маънода унга умид-ла тикилди. Кейин эса, гўё энди эсига тушгандай, кеча тунда ўзи тунаб қолган хонадон эгасидан сўраб олган иккита қалин китобни қўйнидан чиқариб, унга узатди.
– Айтганча, сизга китоб опкелгандим-а.
Хуррам қотма, мисли ширинликка ўч боладай, Назар бахши узатган китобларга ошиғич қўл чўзди. Бирини қўлтиғига қисиб, иккинчисини оҳиста варақлашга тушаркан, қувониб, бу китобни анчадан бери қидириб юрганини айтди. Кейин китобдан бош кўтармаган ҳолда, қумғон хуржунда, сал нарида эски тошўчоқ бордай эди, агар малол келмаса, битта чой қўйиб юборсангиз, бахши, деди. У шу гапни айтиш асносида китоб оша Салабекка синовчан кўз ташлаб қўйди.
Бу қарашдан Салабекнинг тағин феъли айниди. Боз устига, ҳали ўзига бутунлай нотаниш бўлган бу кимсанинг муомаласи, ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари ўзи билган далли-ғулли, содда ёхуд бунинг бутунлай акси бўлмиш чапани табиат, жайдари чўпонларга сира ўхшамас, бу камдек, дилингда не бор, барини сезиб турибман, дегандек синовчан кўз ташлашлари баттар қонини қайнатмоқда эди. Йигитнинг назарида бу кимса чўпондан кўра, эгнига туси униққан кенг чопон, бошига ранги айниган оқиш кепки, оёғига пошнаси едирилган кирза этик кийиб олган цирк масхарабозига ўхшаб кетар, қўлидаги китобни ҳарислик ва чанқоқлик билан варақлаши эса бу ҳолатни янада бўрттириб кўрсатаётгандай эди.
Салабекнинг хаёлига келгани шу бўлди: “Антиқа нусха!”
Қани энди, бу антиқа нусхани ҳадаҳа ернинг кўзига ёпса-ю, сўнг Назар бахшига ҳали ишонганинг шумиди, дея димоғланиб-димоғланиб боқса, овулига қайтгач эса, кулдиравериб улфатларининг ичагини узса. Шу боисдан ташриф мақсадини англатиш ўрнига, югурдак боладай тезда ўчоққа уннаб кетган Назар бахшига жаҳлланиб боқди. Кейин эса китобга андармон бўлиб турган Хуррам қотмани холи қолдириб, бахшининг ёнига борди.
– Айтмадингиз… – дея тўнғиллади, қаватига чўка-чўка.
– Айтмасам-да, келишимизданоқ мақсадимизни англаб етди, – деди Назар бахши.
– Унда нега чўзаяпмиз?
– Ия, келасолиб дарров олишмайсиз-ку, – Назар бахши норози қараб қўйди.
– Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши дейман-да.
– Мен ҳам шу ўйдаман, аммо…
– Нима, “аммо?”
– Энди бир қарорга келишини кутамиз…
– Нега энди бир қарорга келишини кутишимиз керак?
– Ахир талабгор у эмас, сиз-ку.
– Ия, ҳали рад этишиям мумкин денг?
– Эмасам-чи, – Назар бахши эгилиб, лунжини шиширганча, тутай бошлаган ўтни пуфлашга тушди. Сўнг қаддини тиклаб деди: – Ишқилиб, рад этмасин-да.
– Рад этгани – енгилгани!
– Йўқ, рад этмоғига йўл қўймаймиз!
– Шундай қилинг, мақтаган одамингизни кўз олдингизда оёғини осмондан келтириб бир ерга урай!
– Эплармикансиз?
– Эплар-эпламаслигимни ана шунда кўрасиз!
– Сал пастроқ тушсангиз, дуруст бўлармиди!
– Энди гапнинг ростиям шу-да, бахши!
– Ҳар ҳолда…
– Лекин жуда қизиқ одам экан, – дея унинг гапини бўлди Салабек ерга чўккалаб. – Ўзи бор-йўғи бир чўпон-у, ютоқиб китоб ўқишига бало борми!
– Нима, чўпон китоб ўқимаслиги керакми? – деди Назар бахши ўтга чўп ташлаб. – Лекин кўнгилга олманг-у, сизу биз бу одамнинг ҳаром тукига ҳам арзимаймиз!
– Мақтовни сал ошириб юбормадингизми?
– Йўқ, бу чин!
Бу гапдан сўнг Салабек энди иккинчи китобни варақлашга тушган Хуррам қотмага янада қизиқсиниб, ўз навбатида, ўта нописандлик билан кўз ташлаб, сўнг деди:
– Кеча бу одам ҳақида тоза оғиз кўпиртирганингизда, бугун йўлга чиқаётиб, девдан берманроқ бир алпга рўпарў келсам керак-ов, дея хаёл қилгандим. Бор-йўғи, қовунқоқидай бир нусха экан.
– Гап гавдада эмас…
– Балки, аммо бунингиз бу туришида ҳали-вери бирор қарорга келадиганга ўхшамайди.
– Сабр қилинг.
Аксига олгандай, чой устида ҳам, сўнг ҳам Хуррам қотма гурунгдан нарига ўтмади – қарорини билдиришга сира ошиқмади.
Кута-кута, охири Салабекнинг сабр косаси тўлиб-тошди ва орага чўккан зумлик сукутдан фойдаланиб, ҳадаҳа отини қамчилаб, деди:
– Шу-у… таърифингизни эшитиб келувдик, ака…
– Сизни англадим… – деди Хуррам қотма, худди шу гапни кутиб тургандек, ўта ҳозиржавоблик билан.
– Агар малол келмаса, бир майдон… – деди Салабек томоқ қириб.
– Шартмикан? – Хуррам қотма кулимсиради.
– Шарт бўлганда қандоқ! – деди Салабек сирли йўсинда.
– Агар шунчалик шарт ва зарур бўлса, гап бундай, иним, – деди Хуррам қотма юзидан кулгини аритмай. – Бугун майдонга тушмоқнинг ҳеч иложи йўқ, чунки белни андаккина еллатиб қўйганмиз. Аммо эртагача тузалиб қолар деган умиддамиз. Шунинг учун каминани маъзур тутган ҳолда, агар аҳдингиз чиндан-да жиддий бўлса ва агар бу сизга малол келмаса, эрта-индин кўришсак қандоқ бўларкан? Биз кунда-шундамиз, баҳонада дашт ҳавосидан яна бир бор тўйиниб кетардингиз. Дарвоқе, бу ишда, қўл синса – енг ичида, деган таомилга амал қилганимиз маъқул. Акс ҳолда… бу ёғини ўзингиз яхши тушунасиз…
Салабек ўзи билган чўпонларга хос бўлмаган бу равон нутқдан анқайиб қолди. Сўнг, бу энағар, бекорга китоб ўқимас экан-да, деган ўйга борди. Бу орада Хуррам қотма бўйнини чўзиб, сурув томонга тезгина кўз ташлаб олди-да, “нутқ”ини қуйидаги йўсинда якунлади:
– Энди мен борай, сурувдан хабар олай. Сизлар эса бемалол…
Унинг бу хатти-ҳаракатини ўзича тушунган Салабек ёнбағирлик бўйлаб илдам одимлаб бораётган Хуррам қотма ортидан тикилиб қоларкан, ошиқмай йиғиштиринишга киришган Назар бахшига деди:
– Назаримда, қочиб қолди у!
– Йўқ, у киши қочмади.
– Қарорини айтмаёқ, ана, жуфтак ростлаб қолди-ку.
– Айтди-ку.
– Қачон?
– Ия, ахир “қўл синса – енг ичида”, эртан-индин ёлғиз ўзингиз келинг деди-ку.
– Нима, йиқилганимни биров кўрмасин деганими бу?
– Йўқ, акси… – деди Назар бахши жўраси кетган томонга кўз ташлаб. – Чамаси, менинг олдимда обрўйингизни тўккиси келмади.
– Йўқ, гапни айлантириб қочди у.
– Хай-й, агар шундай деб тушунган бўлсангиз, мағлубликни тан олинг-да, изингизга қайтиб кетаверинг!
– Йўқ, шу қочгани учун ҳам келаман!
* * *
Шу куни Хуррам қотма дабдурустдан дов тўкиб келган Салабекнинг ўзи ҳақида айнан шу хаёлга боришини билгани ҳолда атайдан даврани тарк этганди. Келганидан бери ўзича ҳеч кимни менсимай, ранг очмай ўтирган кутилмаган “меҳмон”нинг айрим қилиқлари ҳарчанд ғашига тегмасин, Назар бахши олдида у билан беллашмоқни истамади, яъни қанчалик яқин дўст бўлмасин, ўз ақидасига кўра, бахшининг тегирмонига сув қуйишни хоҳламади. Ўз навбатида, одам боласининг фазилатга эмас, нечундир қусурга ўчлигидан жуда ғаши келиб, хайр-маъзурни ҳам насия қилди. Қисқаси, бу ташриф унинг дидига ўтиришмади. Нимаси бу! Назар бахшининг, тезроқ бир қарорга келинг, дея имо-ишоралар қилгани етмагандек, анави Салабек дегани на унинг ширин каломига эътибор берди, на бахши билан бўлган суҳбат асносида тилга олинган достонлар билан қизиқсинди. Бор қилган амали, Назар бахши мақтаган бу ярамас қотма неларга қодир экан, дея жисми-жонини, киши билмас обдан кузатди, ҳатто пиёла тутиб, нон ушатган бармоқлари ҳам унинг назаридан четда қолмади. Энг чатоқ жиҳати, ғанимдан ўч олиш ўйида келган қаттол рақибдай тутди ўзини. Тавба, уни умрида кўрмаган бўлса, тили бирор ножўя гапга эврилмаган бўлса, зимдан эса-да, бу қадар адоватнинг боиси нимада? Чамаси, Назар бахши таъриф-тавсифда сал меъёрни унутиб, шўрликнинг иззат-нафсига қаттиқ тегиб қўйганга ўхшайди. Шу сабабдан курашга иштиёқи йўқлигини билдириб, белини шамоллатиб қўйганини баҳона қилди, эрта-индин келарсан, деди. Хўш, бундан бўлак яна нима десин? Ахир ўз ғурурини ерга уриб, қолаверса, Назар бахшининг бор умидини пучга чиқариб, дабдурустдан йўқ деёлмайди-ку! Қисқаси, Хуррам қотма беллашаман, демади, фаросатли одамгина илғай оладиган йўсинда “йўқ” деди. Агар бу йигитда, кўп эмас, зиғирдеккина фаҳм бўлса, буни дарров англайди ва қайтиб бу даштда қорасини кўрсатмайди. Шу билан бугунги учрашув, гўё ҳеч қачон юз бермаганидек, тезда ҳар икки томоннинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетади. Акс ҳолда, кимдир мағлубликнинг заҳардан аччиқ таъмини тотмоғига тўғри келади. Ўзига-ку барибир, бу “таъм”ни ялашдан чўчимайди, негаки, даштда ўз майлида юрган ўзидек бир чўпонга ғолиб ва мағлубликнинг унчалик аҳамияти йўқ. Бироқ Салабек давра кўрган полвон экан, унга бу “аччиқ таъм”ни ҳазм қилмоқ жуда оғир кечади! Бундан-да баттари, аксарият дашт полвонларига ўхшаб, мағлубликни ўзига раво кўрган тақдири азал ҳукмига осонликча бўйин эгмайди, ҳап, сеними, дея обдан ўзини парваришлаб, тинимсиз машқлар қилиб, токи унинг елкасини ерга теккизмагунча ҳаловат нима, билмайди ва пировардида, ё эшикдан ҳайдасанг, тешикдан кириб келадиган саркаш рақибга, ё чин дўстга айланади.
Афсуски, ўшанда Салабекнинг қайта ташриф буюришини ва сўнг ҳар сафар келганида ўтмиш хотираларини қўзғаб, ўзини адоқсиз азоб гирдобига ташлашини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди. Агар шундай бўлишини билганида борми, асло юз-хотир қилиб турмаган, ҳатто осмон узилиб ерга тушган тақдирда ҳам муносиб рақибнинг дала-даштдан эмас, курашли давралардан қидиринг, бахши айтди, деб итдай эргашиб келишингиз нимаси, дея ўша заҳотиёқ уни даф қилган бўларди. Тўғри, бу йўриғи Назар бахшига ёқмасди, аламдан тутаб ёнарди, сизни зўр десам, аллақачон ўлиб бўлган экансиз-ку, дея оҳ-воҳ қиларди. Шунда Ғайратдан мерос бўлиб қолган айрим ибораларни тилга олган ҳолда, жўрасини қуйидаги йўсинда боплаб тузлаган бўларди: “Ахир “зўр” дегани занжирдаги ит эмаски, дуч келганга гиж-гижланадиган! Бировга орқа қилишдан кўра, қўлдаги созга суянинг! Ўзини осмон чоғлаганларга аввало соз ва овоз билан таъсир этишга уриниб кўринг! Агар бу амал кор қилмаса, садқаисар, дея сукутни ошна тутинг-да, этак силтаб кетаверинг! Муҳими, ҳеч қачон майдага – майда, зўрга – зўр бўлмоққа тиришманг! Бахшига ярашмайди бу иш! Эмасам, ичингиз балчиққа тўлиб, онгу шуурингизга бир энлик лойқа ўтириб қолади!” Аммо Назар бахши осонликча жон берадиганлардан эмас. Ана шунда унинг хаёлида қуйидаги манзара жонланади:
Салабекнинг қораси ўчар-ўчмас Назар бахши баттар авж қилади. У оёғи остидаги тошларни тепкилаб, сўнг юз чангаллаб дейди:
– Ўлдирдингиз! Мени шармандаю шармисор қилдингиз!
Хуррам қотма ўта совуққонлик билан дейди:
– Бу ишда мен ҳеч қанақа шармандаликни кўрмаяпман!
Назар бахши энди товони билан ер тепиниб дейди:
– Бориб ҳаммага, ишонгани иштонини ҳўллаб қўйди, дейди!
Хуррам қотма қаҳ-қаҳ отиб кулади:
– Қўяверинг, даштни офтоби зўр, ҳар қандай ҳўл иштонни бирпасда қуритиб ташлайди.
Назар бахши аламига чидаёлмай, сичқондай чийиллайди:
– Шу биргина сафар “зўр” қанақа бўлишини кўрсатиб қўйиш шунчалик қийинмиди!
Хуррам қотма сокин дейди:
– У “зўр” эмас-да, зўрлигимни кўрсатсам!
Назар бахши ҳиқиллаб дейди:
– Сиз билмайсиз, у ўзини ҳаммадан зўр деб билади!
Хуррам қотма тағин кулади:
– Сурувдаги қўчқорлар ҳам ҳамиша ўзини “зўр” деб билади.
Назар бахши аламдан бош бармоғини тишлайди:
– Сизга кулги бўлса!
Хуррам қотма бош ирғаб тасдиқлайди:
– Кулги яхши-да.
Назар бахши терс ўгирилиб олади:
– Сиз “зўр” дея, инонган мен аҳмоқ!
Хуррам қотма ғамнок бош эгади:
– Йўқ, мен зўр эмасман!
Назар бахши бош ўгириб сўрайди:
– Унда ким зўр?
Бу сўз қулоғига чалиниши билан Хуррам қотманинг кўз олдида бекат бошлиғининг мебеллар билан жиҳозлаган кенг бўлмаси, кўҳликкина талаба қиз фожиасига алоқадор ишчилар ҳамда улар орасида сукутга чўмиб ўтирган Ғайратнинг табассумдан йироқ, совуқ турқи гавдаланади. Ўша машъум куни жамоа аъзолари учга – бир неча омборга бўлинган бўлиб, эшиги ланг очиқ қолган вагонда Ғайрат иккиси қолганди. Бир неча муддат маҳаллада қораси кўринмай қолган Ғани қора андак ширакайф ҳолда тағин тирғалиб келганида, Ғайрат вагонда қолмай, одатдагидек, Хуррам қотмага дум бўлганди. Буни қарангки, юз берган фожиада вагон уловчи қатори улар ҳам айбдор экан. Қаровсиз қолдирилган эшик масаласи тилга олинганида, Ғайрат ҳеч иккиланиб, тайсаллаб турмай: “Ўшанда бу бола ҳожатга кетган, вагонда ёлғиз мен қолгандим…” дея барча айбни ўз бўйнига олганди.
Бироқ бу воқеани айтгани билан Назар бахши буни чуқур идрок эта олмайди. Ўзича тан берган киши бўлади-ю, аммо масаланинг туб моҳияти – бутун келажаги, муҳаббати ва бир дунё орзу-ҳаваси ҳали олдинда бўлмиш Хуррам қотма отлиқ йигитчага нисбатан Ғайратнинг ўзига хос улуғвор садоқатини ҳеч қачон теран ҳис эта олмайди, жуда нари борса, зўр одам экан, деб қўя қолади.
Ғайратнинг ўшандаги ҳолатини у ҳалигача унутолмайди. Эсида, ўзича мардлик қилиб, энди ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганида, сўл қаватида ўтирган Ғайрат унинг тиззасини омбирдай маҳкам сиқиб, нақ қулоғи остида мисли илондай вишиллаган: “Тек ўтир! Шусиз ҳам мен бўғзигача балчиққа ботган одамман! Аммо сенинг балчиққа ботмоғингга сира йўл қўя олмайман!” Кейин қаддини тиклай-тиклай, чамаси, овулини назарда тутиб, секин деган: “Кет!”
Бу уларнинг сўнгги суҳбати эди.
Ўша куни сурув баҳонасида даврани тарк этган Хуррам қотма дўнгдан туриб, тарвузи қўлтиғидан тушганча, тор сўқмоқларнинг биридан олдинма-кейин изларига қайтиб кетаётган қўш мотоциклдагиларни ўйчан кузатиб қоларкан, туйқусдан миясида чақин чақнаб, кенг даштда Офтоб момосининг ўктам овози жаранглагандай бўлди. Бу нимаси, дея у бошда чўчиб тушди, сўнг ҳушёр тортиб, беихтиёр теваракка аланглади ва бир зумдан сўнг момосининг овози ботинида акс-садо берганини ҳис этди:
– Зўрни туғмай мен ўлай-я! Қайданам туғдим сен гўрни-я!
* * *
У бу ўткир сасни бутун вужуди ила туйиши билан кўз ўнгида қуйидаги ҳолат ёрқин рангларда бор ҳолича намоён бўлади: ўчоқ бошида куйманиб юрган онасига қарашаётган тийраккина болакай – Хуррам қотма бу хитобни эшитиши ҳамоноқ аввалига момосига, сўнг баланд супада мисли минг қўйли бойдай ёнбошлаб ётган отаси – Нормўмин гунгга, сўнг эса деворсиз ҳовли этагидагидан наридаги катта жарликка қадар чўзилиб кетган кенг қўтон эшиги қаршисидаги уч оғоч қозиқдан бирига ошиқмай тўриқ отини қантараётган меҳмон – Абдураҳмон полвон томонга назар ташлайди. Бу орада момоси, келган меҳмонга аччиқ қилиб, қўлига илинган хивич билан ўғлининг кенг яғринига чирсиллатиб бир тушириб қолади.
– Қачон бас қиласанлар, а?
Сурув навбатини бўласи Эшимга топшириб, ўзича бугун-эрта баҳузур оёқ узатиб ётмоқни ният қилган Нормўмин гунг энасининг бу ҳаракатидан ким келганини фаҳмлагач, ёнбошини болишдан узмаган кўйи, қўра тарафга секин ўгирилиб қараркан, оғзи қулоғига етгудек ишшайиб, дейди:
– Буни анавундан сўранг.
– Йўқ, аввал сендан сўрайман! – дейди момо.
Нормўмин гунг, сўзлашга эрингандай, елкасида хуржун, илжайганича, уй томон бир-бир босиб келаётган Абдураҳмон полвондан нигоҳини узмай, кулимсираганча, ўша-ўша ёнбош тушиб ётаверади ва бу боқибеғамлиги учун энаси томондан яна бир бор хивич билан сийланади.
– Ҳа-а, сени туғмай мен ўлайин-а!
Офтоб момо шундай дея бамайлихотир келаётган Абдураҳмон полвон томон юзланади.
– Ҳи-и, иршайиб, тағин гусур-гусур олишгани келаяпсанми? Нима, шунча олишиб тўймадингми? Қачон тинч кеп-тинч кетсан, а?
Абдураҳмон полвонга момонинг бу дўқ-пўписалари чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. У яқин келиб, оғзининг таноби қочганча, момога қуюқдан-қуюқ салом беради ва ҳар галгидек, алик ўрнига елкасига хивич еб, ўзича вой-войлаган киши бўлади. Кейин эндигина супадан тушиб, калишининг бир пойини тополмай, оёғи билан ерни пайпаслаётган Нормўмин гунгни қошига бориб, қалайсан, дўстим, дея қучоғини кенг очади, сўнгра елкасидаги хуржун кўзини кавлай-кавлай, ҳамон жавраётган момога қараб, ўзича ўпка-гина қилган киши бўлади.
– Меҳмондиям шуйтиб кутиб оладими, эна! Нима, биз шунчалик хор бўп қолдикми, а?! Агар билсангиз, энам есин, дея атай район эниб, ҳалвонинг икки хилидан опкелаяпман. Сиз бўлса нуқул одамни урганингиз урган! Бундай эмас-да, энажон!
– Опкеган ҳалвонгни ўзинг ют! – дея момо қўлидаги хивич билан тағин унинг елкасига бир туширади. – Жарга тушиб, мастлиққан буқадай гусур-гусур олишишни бас қилмас экансилар, урганим урган!
Абдураҳмон полвон момо томонидан йўлига рад этилган тугундаги ҳалвони боланинг қўлига тутқазиб, супа четига чўкади, жўраси қаватидан жой олгач, иккиси юзларига фотиҳа тортиб, ҳол-аҳвол сўрашган бўлади.
Сўнг Нормўмин гунг сўрайди:
– Ҳи-и, тағин елканг қичиб келдингми?..
– Ҳа, тағин елкам қичиб келдим…
– Яқиндагина қашлаб қўймабмидим? – Нормўмин гунг кафти сиртини оғзига тутиб, атай эснаган бўлади.
– Яқиндагисигаям эртан уч ой тўлади, – Абдураҳмон полвон аввал ўнг билагини, сўнг сўл билагини тутиб, ўзича пўписа қилган бўлади. – Аммо бу дафъа сенинг елкангни ўзим қашлайман! Нега куласан? Ахир ҳар куни ўттиз икки килолик тошларни кўтариб-кўтариб, тозаям машқни қилиб-қилиб келаяпман-да! Керак бўлса, бутингдан тутиб, анави жарга улоқтириб юборишгаям чоғим етади! Нима, ишонмайсанми?
– Ўлма-да, сен овкар, – Нормўмин гунг беғараз илжаяди.
– Елкангни ерга ишқамагунимча ўлиш йўқ, – Абдураҳмон полвон кенг кўксини қашлаб кулади. – Ўйимча, бугун муродимга етсам керак.
– Ет-ет!
– Унда кетдикми?
– Намунча шошилмасанг?
– Сени тезроққина йиқитай деб, ичим худди тандирдай қизиб кетаяпти-да!
– Чой ич, совуйсан…
– Чой сўғин… – Абдураҳмон полвон ёнидаги хуржунни у томон сал сурган бўлади. – Келинга айт, бирор тансиқроқ таом пиширсин. Қайтгач, маза қилиб, ғалабани ювамиз.
Нормўмин гунг сокин жилмайганча, кимнинг ғалабасини, деган маънода у томон қиялаб боқади. Буни англаган Абдураҳмон полвон, э, ўл, шуниям билмайсанми, деган оҳангда дейди:
– Кимникини бўларди, менинг ғалабамни ювамиз-да!
– Қанийди…
– Қанийдинг нимаси? – Абдураҳмон ўзича гумонланган киши бўлади. – Нима, келишим сенга малол келаяптими?
– Қайси гўрдан кавлаб топдинг бу гапни?
– Гапингни товланишидан!
– Нам олишни бас қил!
– Унда сенам киши нам оладиган гап қилма!
– Хўп, ана, тавба қилдим.
– Бу бошқа гап!
– Эмасам, гап бундай! – дейди Нормўмин гунг ҳалитдан бери биқинини “куйдириб” турган қаватидаги хуржунни ўзидан нари сурган бўлиб. – Буйтиб хуржун тўлдириб келишни бас қилмасанг, сен билан бошқа олишмайман!
– Эсинг жойидами, ишқилиб? – дейди Абдураҳмон полвон йўлига жаҳлланган киши бўлиб. – Ё шунчалик нодонмисан?
– Ҳи-и… – дея Нормўмин гунг унга ҳайрон боқади.
– Нима, қутлуғ уйга қуруқ борма, ҳеч қуриса, хуржун тубига битта тош ташлаб бор, деган гапни эшитмаганмисан? – дея Абдураҳмон полвон унинг қулоғига қўл чўзади. – Ўзи қулоғидан чўзғилайдиган одам бўпсан!
– Ноқулай-да, жўра!
Бу орада Абдураҳмон полвон нарида келинини тергаб турган Офтоб момонинг эътиборини ўзига тортиб, ҳозир ўзи тилга олган ҳикматни нечоғлиқ тўғри-нотўғрилигини тасдиқлатиб олгач, дўстини баттар буровга олишга тушади.
– Хай, кетдикми унда? – дейди охири Нормўмин гунг тезроқ унинг чакагини ўчириш умидида.
Улар, ҳар дамгидек, Офтоб момонинг одатий жаврашлари остида қўра адоғидаги жарлик сари юрадилар. Тоғлар этагидан бошланиб, қирлар оралаб чўзилгандан-чўзилиб кетган жар бўйига етишганда, Нормўмин гунг изма-из келаётган бола – Хуррам қотмани дўқлаб ҳайдаб солади. Бола ортига қайтган бўлади-ю, аммо катталар тор ва қия сўқмоқдан жар тубига энишлари билан қирғоқ ёқалаб, кунчиқишга қараб зинғиллайди.
Икки жўра айни кўклам кезларидагина сувга тўлиб, йилнинг қолган вақтида қуриб-қақшаб ётадиган жарликнинг тошлоқ ўзани бўйлаб, бирор уч юз одимча юқорилаб, муюлишдаги чоққина чимзор сайҳонликда тўхташади.
Ўта овлоқ жой – биров кўрмайди, халақит ҳам бермайди.
Бироқ жар ёқасидаги бўлиқ кавул ортига биқиниб, дустуман тушганча, чўзилиб ётиб олган болани пайқашмайди.
Аввал Абдураҳмон полвон эгнидаги кенг ва қалин кулранг костюмини ечиб ташлаб, пишқира-пишқира кўйлаги енгларини ҳимара бошлайди. Кейин жўрасининг ҳозир бўлишини кутиб, қалин чимзор сатҳидаги яккам-дуккам тошу кесакларни териб-тергилаб, оёғи билан тепиб-тепкилаб, ўзича майдон тозалаган бўлади. Кейин бундай қарасаки, жўраси ҳалигача эгнидаги нимдош тўнни ечмаган, турибди бир четда хаёлланиб.
– Ия, ҳалиям тўнгнаб турибсанми?
– Нимагадир бугун олишгим келмайроқ турибди, жўра, – дейди Нормўмин гунг эринчоқлик билан.
– Қачон олишгинг келганди ўзи сени! – дейди Абдураҳмон уни сўкиб. – Ё йиқилишдан қўрқаяпсанми?
– Сенга бас кеп бўладими? – Норўмин гунг мийиғида илжаяди. – Оёғимдан тутиб, жарни бирор кунжагига улоқтириб юборсанг нима қиламан?
– Ҳали пичинг қиладиган бўп қолдиларми! – Абдураҳмон полвон унинг ёнига келиб, яғринига бир туширади. – Бўл тез!
Нормўмин гунг имиллабгина ечинаркан, кўйлаги енгини ҳимараётиб, тағин ҳазил қилади.
– Ишқилиб, қаттиқ йиқитмайсанми?
– Бўл-бўл! – дейди Абдураҳмон полвон дўқлаб. – Эмасам, бир уриб жағингни ушатиб қўяман.
– Уриб кўр, энамга айтиб бераман.
– Айтма, айтсанг, нақ теримни шилиб олади.
Мана шу тарздаги самимий ҳазил-ҳузуллардан сўнг, Нормўмин гунг, суст ва бўшанг бир алфозда, ҳалитдан бери чимли майдон марказида қомат кериб, ўзини кутиб турган жўраси томон юради.
Улар юзланишгач, қани, бошладикми, дегандай бир-бирига термилиб, пича туриб қолишади – бири ўта жанговар ҳолатда, иккинчиси эса, ўша-ўша бўшангроқ кайфиятда. Бироқ нисбатан бўйчан ҳамда анча келбатли бўлган Абдураҳмон полвон ҳужумга ўтиши билан вазият тубдан ўзгаради: келганидан бери ланжланиб турган Нормўмин гунгни йўғон гавдаси лаҳза ичидаёқ жонланади-да, кавул ортидаги боланинг назарида, зумда ўрнидан силжитиб бўлмас харсангтошга айланади-қўяди.
Ана, Абдураҳмон полвон чиранганча уни – “харсанг”ни ағдаришга, юмалатишга зўр бериб уринмоқди. Бироқ “харсанг” ҳаддан ташқари оғир, ора-сира хиёлгина нари-бери тебратишини демаса, худди асосининг ярми ер қаърида бўлган ҳақиқий харсангтош янглиғ деярли қилт этмайди. Абдураҳмон полвон уни силтаб кўради, чалиб ва ёнбошга олиб кўради, қани энди уни ўрнидан жилдира олса…
Шу орада Абдураҳмон полвон бир муддат тин олишга қарор қилади. Бас, деган маънода ўнг кафти билан жўрасининг тошдек қаттиқ, терчиган елкасига бир шапати туширади-да, костюми ёнига бориб чўкади. Ҳансираб турган эса-да, кийими чўнтагидан носқовоғини олиб, тили тагига мўлгина нос ташлайди-да, оёқларини узатиб ўтириб олади. Сўнг қўлидаги носқовоғини қаватига келиб чўккан “харсанг”га узатаркан, ундан, бунақа пайтда нос чекмаганинг маъқул, деган гапни эшитгач, ақл ўргатмаган сен қолувдинг, деган иддаоли бир ҳаракат-ла уни костюми устига итқитади ва кейин сонларини уқалаганча, жўрасига ҳайрат-ла кўз ташлаб, дейди:
– Ўлай агар, сен одам-подамга ўхшамайсан!
“Харсанг” харсанглигига бориб, миқ этмайди.
– Қимирлатиб бўмайдиган тошга ўхшайсан! – дейди Абдураҳмон полвон.
“Харсанг”, шундайми-я, деган маънода ишшаяди.
Абдураҳмон полвон ўнг кафти билан чимзор юзини сийпалаб дейди:
– Хай, бирпас нафас ростлаб олай, тағин силкилаб кўраман сени!
“Харсанг” аста тилга киради:
– Ўзим астагина юмалаб қўя қолай…
Абдураҳмон полвон кескин бош чайқайди:
– Ундан кўра, яхшиси, мени ўлдириб қўя қол, бошимга тош билан бир уриб!
“Харсанг” гуноҳкорона бош эгади.
Абдураҳмон полвон нордон сўзлар билан сўкинса-да, миқ этмайди.
– Кўпам ўтаканг ёрилмасин, – дейди охири тилга кириб. – Сендан йиқилай деб, ўлиб турганим йўқ.
Абдураҳмон полвон оғзидаги носини туфлаб ташлаб, ирғиб ўрнидан туради.
– Қани тур, ҳозир сени ерга қозиқдек қоқиб ташлайман!
У чиндан-да “харсанг”га жон-жаҳди билан ташланади. Ўз навбатида, ўзича унинг жудаям яқин келмоғига, яъни пинжига суқилиб кирмоғига йўл қўймасликка уринади. Сабаби, “харсанг” чатоқ, мабодо, белидан тутар бўлса, тамом – йиқитмай қўймайди. Боз устига, ҳўкиздек кучли ва том маънода, харсангтошдек зил-замбил бу одамга ўзи билган кураш усуллари айтарли кор қилмайди, назарида, уни фақат даст кўтарибгина ерга уриш мумкин, холос. Бироқ, бор гап шундаки, қани энди, жонли бу харсангни даст кўтармоқнинг иложи бўлса, қайтангга жиндек хатонгдан фойдаланиб, ўзингни кўтариб ерга уриши мумкин.
Шу ўринда Абдураҳмон полвон муҳим бир нарсани – жўраси унинг кўнглига қарашини, у ўйлаганчалик, мағлуб этмоқ учун хато қилмоғини кутиб турмаслигини, агар буни истаса, бу иш унга чўт эмаслигини асло хаёлига келтирмайди. Хуллас, Нормўмин гунг дўстини аяйди, эркалайди, токи кураш жонига тегмагунча обдан райига қарайди. Зеро, бу кураш унинг учун эрмакдек бир гап. Майли, жўраси ўзини хоҳлаганча силкиласин, ҳориб-чарчаб, ора-сирада нафасини ростлаб олсин, ахир ҳали овқат пишмаган, шошиб қаёққа ҳам боради. Фақат терга ботгани чатоқ-да! Ҳечқиси йўқ, аёлига айтса, бир тоғора илиқ сув қилиб беради.
Ковул ортидаги бола отасининг бу қадар қудратли эканига гўё энди гувоҳ бўлаётгандек, оғзини ланг очганча, курашни томоша қилишда давом этади. Бошда Абдураҳмон полвоннинг мағлуб бўлишини ич-ичидан истаётган эса-да, сўнг-сўнг унга раҳми кела бошлайди. Отам бунчаям бераҳм, ахир меҳмон амаки жуда қийналиб кетди-ку, бечорани ҳадеб азоблайвермасдан, бир сафаргина астагина йиқилиб берса нима қиларкин, деб ўйлайди. Ахир ҳар оқшом подаётоқ биқинидаги майдонда бўладиган курашда овул болалари кунда неча бор йиқилиб, неча бор йиқитишмайди. Йўқ, отаси ёмон, меҳмон амакига, кўп эмас, атиги бир мартагина йиқилиб беришни хаёлига-да келтирмайди.
Ана, уялмай-нетмай кўтариб ергаям урди!
Уф-ф!
Бола бундан хижолат тортиб, кўзини ерга олди ва меҳмон амакини, доим ўзидан йиқилиб юрадиган қўшни тиррақи боладек бақириб-чақириб, сўкиниб, отасига қайта ташланишини кутади. Бу хил қилиқ катталарга сира ярашмаслигини ҳис этган ҳолда ва ҳозир юз берадиган жанжални кўрмаслик илинжида манглайини билаклари устига қўяди. Қачонки, ўзи кутган шовқин қулоғига чалинмагач, аста бошини кўтаради.
Бола гувоҳ бўлган бу курашда на томошабин, на ҳакам бор.
Аммо адолат ва жўрачилик ҳамиша устувор.
Ана, меҳмон амаки жанжал кўтариш ўрнига, аста жойидан туриб, одатига хос, шими кетини қоққанча, четга чиқади. Йиқилганини зўр-базўр тан олгандек, ғамнок ерга чўкади. Бироздан кейин унинг қаватидан отаси ўрин олади. Чарчамадингми, жўра, деган йўсинда унга ҳамдардлик билан боқади. Меҳмон амаки аразлаган бўлиб, э, йўқол кўзимдан, дея зарда қилади. Бироқ меҳмон амаки яхши одам, арази кўпга чўзилмайди. Отаси, овқатам пишиб қолгандир, дўсим, дейиши билан, худди ҳеч нарса юз бермагандек, қаддини тиклайди. Ботаётган қуёшга боққанча, илдам ўрнидан қўзғаларкан, тағин шими кетини қоқа-қоқа дейди:
– Аммо-лекин, жўра, барибир бир кунмас бир кун, сени, албатта, йиқитаман! Эмасам, армонда кетаман!
Кунботиш томонга чўзилиб, бир-бирига мингашиб кетган катта қирлик ортидаги дарё бўйида яшовчи бу одамга Нормўмин гунг, ҳар сафаргидек, юрт оғаларининг саъй-ҳаракати туфайли, бундан бир неча йилнинг нарисида тасодифан рўбарў келган бўлиб, ушбу беллашувда Нормўмин гунгнинг қўли баланд келганди. Ана шундан бери Абдураҳмон полвон уни мағлуб этиш ниятида йилда уч-тўрт марта йўқлаб келади ва ҳар гал мағлуб бўлиб кетади.
Шу ўринда қуйидаги саволнинг туғилиши табиий, курашда кимдир ғолиб, кимдир мағлуб бўлиши муқаррарлигини билгани ҳолда нечун бу одам Нормўмин гунгга бу қадар тармашиб қолди?
Бир қарашда, мағлублик аламидан ўзга важ йўқдек эди. Аслида ўшанда Абдураҳмон полвон мағлубликдан ҳам кўра, бутунлай ўзга бир сабабдан қаттиқ оловган эди.
Хўш, бу қанақа сабаб?
Агар шу ўринда, сўзни андак мухтасар қилар бўлсак, рўй берган воқеа қуйидагича эди: ўшанда ўзидек бир алпга бетланишга ҳадди етган бу йўғон йигитнинг курашга нисбатан айтарли рағбати йўқлигини Абдураҳмон полвон илк қарашдаёқ сезган эса-да, минг афсуски, тезоблиги боис, қошида ғолиб ёхуд мағлуб бўлиш-бўлмаслиги гўё барибирдек, ўта бамайлихотир турган нотаниш кимсанинг бу ҳолатини ўзича менсимасликка йўйиб, бундан ғазаби қайнаган ва ич-ичидан кўтарилган оташли қуюн измига бўйсуниб, унга ташланган. Оқибат, беқиёс кучга эга бўлган рақиби олдида билган барча амаллари ғоятда ожизлигини ҳис этишга улгуриб-улгурмай, саноқли лаҳзада оёғи ердан узилиб, ўзини унинг тагида кўрган. Аммо янада аламлиси бу эмас, сал кейин юз берди. Дарвоқе, ўзини кўриш тугул, номини умрида эшитмаган бу йигит оркаш даштликлар томонидан атайдан ўзига дуч қилинганидан Абдураҳмон полвоннинг хабари бор эди. Бохабарлиги боис, мени ер қилган бу зўр ким бўлди ўзи, дея алам тўла нигоҳини ундан узмай, зимдан кузатиб турганди. Ана, рақиби, гўё кунда қилиб юрган одатий юмушларидан бирини осонгина адо этгандек, майдон четида қувончи ичига сиғмай, кўкка ирғишлаётган даштликлар томон бамайлихотир жиларкан, уларнинг олқиш ва мақтовларига зиғирча эътибор бермай, улар орасидан кимларнидир қидира бошлади. Қачонки, одамлар орасида мамнун ишшайиб турган юрт оғаларига кўзи тушгач, уларга бетланиб, менга тағин бирон юмушларинг борми, ё кетаверайми, дегандай қараш қилди. Рақибининг айни шу қараши Абдураҳмон полвонга ўта қаттиқ таъсир этади: “Вуй-й, энағар-ий! Одам эмас, йўлда ётган бир қоп ғаллани четга суриб қўйгандай тутди-я ўзини!” Шу заҳотиёқ юрагида рақибига нисбатан кучли адоват уйғонди ва у билан қайта беллашмоқни маҳкам дилига тугди.
У навбатдаги тўй курашида атай уни йўқлади – тополмади.
Кишилари орқали уни очиқдан-очиқ курашга чорлади – у қорасиниям кўрсатмади.
Атайдан уни қўрқоққа чиқарди – у пинагиниям бузмади.
Бунга сари Абдураҳмон полвоннинг қони қайнади, рақибининг бу қилиқларини ўзича менсимаганликка йўйди. Алами дарёдай жўшиб, ёмғирли кунлардан бирида қиблага юзлана-юзлана, гар сени йиқмасам… дея онт ичиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Афсуски, айтилган сўз – отилган ўқ, энди уни ҳеч бир важ ила ортга қайтариб бўлмайди. Шунинг учун, сен келмасанг, мана, мен бораман, дея қасдланиб турган кунларидан бирида, не бахтки, эсли-ҳушли кишилардан рақибининг ўзига хос ажойиб ва ғаройиб феъл-хўйи хусусида бор ҳақиқатни эшитиб ва билиб олди. Буни қарангки, бу гаплардан сўнг Абдураҳмон полвоннинг бирдан ҳовури босилди, камгап ва камсуқум рақибига нисбатан қизиқиши ортгандан-ортиб, илиқ кўклам кунларидан бирида, тинчлик йўлини тутиб, семиз бир қўзини олдига ўнгариб, қайдасан, Нормўмин жўра, дея уни йўқлаб йўлга тушди. Шу-шу, аввалига дўстлашди, кейин қадрдонлашди. Шунга қарамай, Абдураҳмон полвон ҳамиша ўз онтига содиқ қолди – ҳар келганида у билан беллашмоқни канда қилмади ва бора-бора ўз жигаридек яқин бўлиб бу одамнинг курагини атиги бир бора ерга тегизиш унинг ҳаёти мазмуни, орзу ва армонига айланди.
Бироқ, минг афсуски, барибир муродига етолмади.
Нормўмин гунг кутилмаганда қазо қилгач, ҳеч кимдан истиҳола қилиб турмай, овози борича, оғамлаб, мозорбошигача бўтадек бўзлаб борди, сўнг ҳамма кетиб, у қабр тепасида ёлғиз қолди: “Вой-й, дўстим-а, мени ташлаб қаён кетдинг-а!”
Кейин ҳам бу оила билан дўстлик риштасини узмади, беш ўғил орасида ёлғизи бўлган суюкли қизи Гулсумни дўстининг тўнғичи – Хуррам қотмага ижаблаб берди.
Ва ҳалигача фиғон қилади:
– Отангни йиқитолмай армонда қолдим-да, куёв!
Бу ёқдан Офтоб момоси нола қилади:
– Зўрни туғмай мен ўлайин-а! Олишмайгина юрса, шу болагинам ўлмасди-я! Зўр туққунча, ит туғсам бўлмасмиди-я!
* * *
Хуррам қотма отасининг тақдири ўзида такрорланишини – Салабекнинг худди Абдураҳмон полвондек ўта тиришқоқ рақиб бўлиб чиқишини ҳатто ўйига ҳам келтирмаганди. Чунончи, гар Назар бахши қитмирланиб, атай сувни лойқатмаганида, қуйидаги важларга кўра, Салабекнинг қайта қора бермаслиги кундай равшан эди: биринчидан, у бошданоқ Хуррам қотмани ўзига тенгситмади, иккинчидан, табиийки, олис даштга келиб-кетишдан эринарди, учинчидан эса, ўзича минг катта гапиргани билан ҳаммаям “зўр” бўлавермайди, ана, усталик билан гапни айлантириб, сурувни баҳона қилиб, шиппа қочиб қолди-ку, дея аниқ бир тўхтамга келган ва шу заҳотиёқ Хуррам қотмани мағлублар қаторига қўшиб қўйганди. Қишлоғига қайтгач, бу воқеа тафсилоти билан қизиқсинган жўраларига айтадиган гапи ҳам тайин эди: “Бахши айтган зўрни бориб кўрдик! Мушукдек мулойим, тулкидек айёр одам экан, қани, бир майдон олишайлик дейишим билан юмронқозиқнинг инига уриб кетди!”
Назар бахшига келсак, эл оралаб юравериб, обдан кўзи пишиб кетган эмасми, Салабекнинг каттазанглик билан, “шу қочгани учун ҳам келаман”, дея қилган замзамасига тариқча ишонмади. Унинг қайтиб бу томонларга доримаслиги ҳамда овулига боргач, жўраларига мақтаниб, баттар ошқинлаб, баттар “шаталоқ” отишини авзойиданоқ сезиб, қандай бўлмасин, уни Хуррам қотмага қайта юзлаштириш ташвишига тушиб қолди. Бу иш унинг эс-ҳушини шу қадар банд қилиб қўйган эдики, натижада, муаммонинг иккинчи бир томони – ҳеч кутилмаганда вазият бутунлай тескари тус олиб, Салабек эмас, ишонган тоғи Хуррам қотма мағлуб бўлиши эҳтимоли ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Зеро, қўшни овулдан бўлмиш Хуррам қотмани аввалдан яхши билар, отаси Нормўмин гунгни яқиндан танир, беқиёс кучи туфайли вақтида кўплаб ғаройиб афсоналарга сабаб бўлган бобоси – Оллоназар полвон ҳақидаги ҳикоя ва ривоятларни отасидан кўп бора эшитган ва ҳатто полвон елкасидаги ўтин боғи устига чиқиб олган ўша “қитмир” болалар – эндиликда кап-катта амакилар билан неча-неча бор суҳбатда ҳам бўлган эди. У ўша эшитганлари асосида Оллоназар полвон ҳақида кичикроқ достон битмоқни ҳам режалаштириб қўйганди. Агар ўшанда Офтоб момо ўзича овкарланиб: “Битар достонинг раҳматли чолимга торлик қилади! Кўзи очиқлигида кучи ичига сиғмаган бир тентак эди! Яшшамагур, қачон манави чаққон тилингни калта қиласан сен, дея мени дам-бадам қамчилаб-қамчилаб турарди. Шунинг учун достонингни чолим ҳақида эмас, умри гала “зўр”лар хизматида ўтган мен ҳақимда бит!” – дея шаштига сув сепмаганида, аллақачоноқ достони битган бўларди. Аммо шунга қарамай, ҳануз аҳдидан воз кечмаган, айниқса, гоҳида қўйнини тошларга тўлдириб, дўнгликларга чиқиб-тушиб юрган Хуррам қотмага дуч келиб қолган кезларида, йўқ, бу уруғ ҳақида тезроқ битта достон битмасам бўлмайди, деб қўярди. Бир гал бу тўғрида жўрасига тиш ёрганда, Хуррам қотма, “бит” дея уни руҳлантириш ўрнига, ўзинг биласан, дегандай елка учириб қўя қолган. Ўшанда Назар бахши ундан жиддий ўпкаланган: “Бунинг ўрнида бошқа биров бўлганида борми, дўпписини осмонга отган, ё ҳадаҳа оёғим остига бирорта жонлиқ сўйган бўларди!” Ана шу сабабларга кўра, қандайдир чиранчиқ Салабекка жўрасининг бас келолмай қолиши мумкинлини ҳатто тасаввурига сиғдиролмасди. Ўз навбатида, жўрасининг бугун ройиш бермаганидан жуда хафа эди. Мақтанчоқ хўрознинг попугини пасайтириб қўйиш ўрнига, эрта-индин келарсан, дея уни қўлдан чиқариб ўтирибди-я! Энди келиб бўпти у! Овулига қайтиши билан Хуррам қотмани тамомила мағлубга чиқаради-да, жўралари даврасида ўз майлида ошқинлаб-тошқинлаб юраверади. Бундан ҳам ёмони, ҳар гал ўзига дуч келганида, зўрингизнинг ёхуд Алпомишингизнинг ҳолини кўрдик, дея жиғига тегишни канда қилмайди. Бунга эса чидаб бўлмайди. Шунинг учун нимадир қилмоқ керак.
Бироқ нима?
Назар бахши бугун туш олди дашт адоғидаги овуллардан бирига, тўйга бориши лозим бўлгани боис, ушбу ўй-хаёллар исканжасида муюлишга қадар Салабек билан бирга қайтаркан, йўлда эсига тушган ўша битилмаган достон туфайли дафъатан миясида туғилган режадан ўзида йўқ қувониб кетди. Ўз навбатида, мабодо, бу режаси иш бермаса: “Ҳа, жўрамдан қўрқиб, ҳалитдан иштонни ҳўллаб қўйдингизми?” – дея йигитнинг иззат-нафсига ошкора “тиғ” санчмоқни маҳкам дилига тугди. Агар керак бўлса, бундан баттарроғини ҳам айтади! Муҳими, Салабек, териси юпқалик қилиб, қайта қутурса бас!
Шу боис, муюлишга етишгач, хайрлашув олдидан дангал мақсадга ўтди.
– Ув-в, полвон! – деди мотори ўчирилган мотоциклдан тушиб ўтирмай. – Йўлда миямга зўр бир фикр келди. Агар чини билан жўрамни йиқа олсангиз, чин сўзим, сиз ҳақингизда бир достон… э, йўқ, зўр бир терма тўқийман! Сўнг уни давраларда айтиб юраман! Керак бўлса, шогирдларга ҳам ўргатаман!
Ундан бу гапни кутмаган Салабек у томон ажабсиниб боқаркан, бахши ҳазил қилмаётгани ва ўта жиддийлигини кўргач, дастлаб андак шошиб қолди, кейин бахшили давраларни бир-бир кўз олдига келтириб, худди ёш боладай, беихтиёр юраги ҳаприқиб деди:
– Худди Алпомишдай айтиб юрасизми?
– Ҳа, худди Алпомишдай айтиб юраман! – деди Назар бахши режаси иш бераётганидан ич-ичидан қувониб.
– Ҳар даврада канда қилмай айтиб юрасизми?
– Ҳа, ҳар даврада канда қилмай айтиб юраман!
– Йўғай, сиз доим ўтганларни куйлайсиз-ку… – дея Салабек гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
– Йўқ, термада тириклар ҳам куйланади, – деди Назар бахши ўша-ўша жиддий қиёфада.
– Достон қилмайсизми? – Салабек ҳам жиддийлашди.
– Термаям достондай гап, чўзсангиз чўзилиб кетаверади.
– Ишқилиб, ҳазиллашмаяпсизми, бахши?!
– Қиблага юзланиб турибмиз… ҳазили йўқ!
Айни шу жойда бирдан Салабекнинг фаҳми ишлаб қолди. У уловдан тушиб, Назар бахшининг қошига келди-да, унга бошдан-оёқ кўз югуртириб, деди:
– Қанчалик чин гапирди, билмадим-у, лекин жўрангиз, ёлғиз ўзинг кел, дея шарт қўйгандай бўлди, шекилли?
– Худди шундай, у эртан сизни кутади!
– Энди ўйланг, кураш пайтида бу бийдек даштда иккимиздан бўлак бирон кимса бўлмаса, ким ғолибу, ким мағлуб, бунга ким гувоҳлик беради? Ё бирор тепаликдан туриб кузатиб турмоқчимисиз?
– Буни билиш қийин эмас.
– Хўш, қандай қилиб?
– Аввало бу ҳақда биринчи бўлиб ўзингиз айтасиз! – деди Назар бахши ачитиб. – Айтгандаям, секин айтмайсиз, бутун дунёга жар солиб айтасиз! Ё нотўғрими? Иккинчидан эса, жўрам енгилишдан қўрқадиган ёхуд орланиб, буни сир тутадиган одам эмас! Сўрашим билан, зўр йигит экан, бирпасда мени тупроққа қориштириб кетди, дея борини очиқ айтиб қўя қолади! Керак бўлса, зўр йигит, деб сизни мақтаб ҳам қўяди.
– Наҳотки! – Салабек негадир хуржундан чиқиб турган бахмал ғилофли дўмбира бандига қўл чўзди.
– Боя ўзингиз кўрдингиз, – деди Назар бахши унинг қўлини создан нари итариб. – Феъли сал ғалатироқ, сизу бизга ўхшамайдиган одам. Энди гапнинг ростига кўчсам, жўрам сизнинг обрўйингизни ўйлаб, киши кўзида, яъни менинг олдимда беллашмоқдан воз кечди. Эмасам, бояёқ ерга чалпак қилиб, тупроққа қориштириб ташлаган бўларди сизни!
– Йўғи-ий! – Салабек ўзини тутолмай, хохолаб кулиб юборди.
– Кулинг-кулинг, ишқилиб, кейин йиғлаб юрмасангиз бўлгани!
– Шунчалик зўр “мужик”ми у, а?
– Ҳа-а, шунчалик зўр йигит у!
– Йў-ўқ, сира ўхшамайди…
– Буни беллашганда кўрасиз!
– Хай-й, шартингизга розиман мен! – деди Салабек баҳсга якун ясаб. – Аммо термани боплаб, кашталаб, лаб-лунжини тўғрилаб, маромига келтириб тўқийсиз! Мени шунчаки Салабек деб эмас, мулла Холёр ўғли Салабек полвон деб атайсиз! Қонун-қоидаси шунақа шекилли, а? Яхши! Сўғин уруғимиздан ўтган яна бир-икки одам бор, номини кейин айтаман, уларниям бир-икки жойда қўшиб кетасиз!
– Бўпти, аввал уни йиқитинг!
– Йиқитиш ҳам гапми, – деди Салабекнинг бирдан завқи тошиб. – Керак бўлса, оёғидан тутиб, даштнинг олис бир четига улоқтириб юбораман! Кейин уни тополмай, даштда сарсон бўлиб юрасиз!
– Шу… катта гаплигингиз ёмон-да сизни!
– Хай, нима қилай, энам шундай туққан-да.
– Камтарроқ бўл, болам, демабди-да…
– Яхшиси, сиз энди термани ўйланг!
– Бундан ташвиш қилманг.
– Унда қўлни ташланг, бахши!
Улар қўл ташлашдилар.
Сўнг яна бир карра қайта қўл ташлашдилар.
Салабек қиблага ишора қилди.
Назар бахши, тушундим, дея бош силкиди.
Салабек виқорланиб улови томон одимлади.
Улов рулини тута-тута, виқор-ла ортига ўгирилиб, деди:
– Термани чўзиб ўтирманг, бугундан бошлайверинг, бахши! Ҳа-ҳа, бугунданоқ!
* * *
Эртаси пешинга яқин Салабек худди шу виқор билан Хуррам қотма қошида пайдо бўлди. Салом-аликдан сўнг, тугундаги емакларни тиканаклар қаватида турган хуржун ёнига қўяркан, итлар тегмайдими, дея унга савол назари билан қараб қўйди, сўнг ошиқмай улови ёнига қайтди. Эгнидаги чарм курткасини еча-еча, бўлмайсизми энди, деган маънода елкаси оша бир қараб қўйди. Бу билан Хуррам қотма отлиқ қандайдир чўпонни бир чақага олмаслигини ошкор этган бўлди.
Унинг бу қадар тез пайдо бўлишини сира кутмаган Хуррам қотма ҳануз таажжубда эди. У йигитнинг барча хатти-ҳаракатларини қизиқишла зимдан кузатаркан, шуни англадики, агар отаси Нормўмин гунгдек йўғон гавдали ёхуд Абдураҳмон полвондек келбатли бўлганида борми, манави чиранчиқ хўроз ўзини бу қадар катта тутмаган, бир тўлғашдаёқ ерга чалпак қиламан, дея беҳуда хаёлларга бормаган бўларди. Ўз навбатида, Салабекнинг ўзича сурланиб, суллоҳланишидан ғаши келиб, беихтиёр Абдураҳмон полвоннинг илк ташрифини хотирлади ва ўртадаги кескин тафовутдан баттар ҳайрати ортди.
Эсида, ўшанда Абдураҳмон полвон ўзини бу тарзда тутмаган, эгари қошида семизгина қўзи, бир қоп ёнғоқдай шалдир-шулдур қилиб келган, отдан тушмай, қўлидаги буклоғлик қамчиси билан этиги қўнжига тарс-турс уриб, ғоятда қувноқ оҳангда “сен”лаб, ҳайқирган: “Қани, мени йиққан зўр бу ёққа чиқсин-чи!” Отаси шўрлик, бу бало қайси гўрдан пайдо бўлди, дея бошда анқайган. Момоси эса дарров хивич билан қуролланиб, кимсан, не дейсан, дея узун енгини ҳимара-ҳимара, унга пешвоз чиққан. Момосининг бу қилиғи Абдураҳмон полвонга нашъа қилиб, гулдураб-гулдураб кулган, сендан кўра, энам зўр экан, жўра, дея умрида кўрмаган аёлни “эна” деган, “энажоним” деган ва ўзининг беғубор ҳазил-ҳузуллари билан зумда ҳовлини шодликка тўлдирган. Кейин ўзи қўзини сўйиб, ўзи қозон осган.
– Ўша куни оёғим кетиб қолди-да, – деган қўзи этини қозонга босгач. – Эмасам, мени икки дунёда ҳам йиқитолмасдинг.
– Ҳа-а, йиқитиш қийин сени, – деган Нормўмин гунг ҳам чин кўнгилдан.
– Аммо йиқитдинг-ку?
– Ўзинг, оёғим кетиб қолди, деяпсан-ку.
– Шундай-шундай, – Абдураҳмон полвон қозон-ўчоқни аёллар ихтиёрига қолдириб, уни четга бошлаган ва ўпкалаб деган: – Чортепадаги тўйда сени роса дараклатдим, кўринмадинг, сўғин уч марта одам қўйиб, атай чақиртирдим, қорангни кўрсатмадинг. Мана энди, ўзим келдим.
– Кеп, яхши қипсан.
– Нимага?
– Баҳонада гурунглашиб ўтирамиз-да.
– Мени гурунглашгани келди деб ўйлаяпсанми?
– Эмасам, нимага келдинг?
– Сени йиқитгани, ерга чалпак қилгани келдим!
– Хай-й, меҳмонсан, йиқил десанг, йиқилиб бераверамиз-да.
– Тушунмадинг.
– Тушунмаган бўсам, тушунтир.
– Сен билан чинакамига олишгани келдим!
– Оббо, ҳалиям аламдамисан? – Нормўмин гунг кулади. – Энди ўзинг ўйла, шу… икки бирдай гўрсўхта бола-чақанинг кўзи олдида майдон чангитиб, олишиб ётсак қандай бўларкан?
– Нима, бирор пана-сана жойинг йўқми?
– Пана жойдан ками борми, лекин… – деган Нормўмин гунг теваракка кўз югуртириб. – Хай-й, унда мени сенга гиж-гижлаган анави кайвони-пайвониларниям чақирайми? Ким йиқитди-ю, ким йиқилди, қараб турсин, гувоҳ бўлсин дейман-да.
– Кайвониларингни бошимга ураманми! – Абдураҳмон полвон тўнғиллаб сўкинади. – Мен улар учун эмас, ўзим учун, шаъним ва орим учун олишгани келдим сен билан! Эмасам, ўзимни ўзим еб-ютиб қўяман.
– Хай-й, мени йиқитсанг, кўнглинг тинчийдими?
– Тинчиганда-чи!
– Тағин йиқитиб қўйсам, унда нима бўлади?
– Тағин йиқитсанг… билмадим, ўлибгина қўя қолсам керак!
– Оббо, бу дейман, тилинг қасамга кетиб қолмаганми, ишқилиб?
– Ҳа, ақлимдан аламим зўр келиб, тилим қасамга кетиб қолган!
– Шуни бекор қипсан!
– Айтдим-ку, алам ақлимдан устун келди деб!
– Чатоқ бўпти!
– Бўлганда қандоқ!
– Хай, бўлар иш бўпти, энди оҳ-воҳдан наф йўқ!
– Аммо-лекин… – Абдураҳмон полвон унга сузадиган ҳўкиздай ер остидан бежо тикилади. – Қасам ичмаган тақдиримда ҳам барибир келардим!
– Нечун?
– Нима, йиқилиб, индамайгина кетади деб ўйлабмидинг!
– Хай, ниятинг шу бўлса, юр, бирор пана-санага ўтайлик.
Улар теваракни айланиб, охири жардаги чимзорда тўхталишади ва шу кундан эътиборан чимзор сайҳонлик иккисининг доимий кураш майдонига айланади. Ўша куни узоқ давом этган курашга Хуррам қотмадан ўзга ҳеч ким гувоҳ бўлмаган эса-да, аммо воқеадан уйдагилар зумда хабар топишади. Бундан Офтоб момонинг ғазаби кўкка ўрлайди:
– Зўрни туғмай мен ўлайин-а, энди улим бечорани уйидаям тинч қўйишмайди булар!
Ўша куни Абдураҳмон полвон тағин мағлуб бўлган эса-да, аммо, ўзи айтгандек, ўлибгина қўя қолмади. Пича вақт алам ўтида қоврулиб, тизза қучиб ўтиради-да, сўнг аста қаншарини кўтариб, ҳануз тепасида меҳмонни йиқитиб қўйганидан хижолат тортиб турган Нормўмин гунгни йўғондан-йўғон қоматига, ҳаддан зиёд бақувват оёқларига, кенг яғринига, мушаклари тирсиллаб турган билакларига бир-бир кўз ташлаб чиқади-да, бош чайқаб, аста дейди:
– Худоям тоза кучдан берган экан сенга!
Бу гапдан Нормўмин гунг баттар ўнғайсизланади, ҳеч бир сабабсиз ияк силаб, гардан қашлайди. Абдураҳмон полвон ундан кўзини узмай, яна дейди:
– Мана кўрасан, барибир сени йиқитмай қўймайман!
Нормўмин гунг ҳарна далда бўлар деган умидда, ўта хокисорлик билан дейди:
– Худонинг нимаси кўп, куни кўп, бирор кун йиқитарсан.
– Албатта, йиқитаман!
– Йиқилсанг, ер кўтаради, бунинг нимасига бунча куясан, а?
Абдураҳмон полвон саркашона бош чайқаб дейди:
– Тўғри, йиқилсанг ер кўтаради, аммо йиқитсанг эл кўтаради-да!
Нормўмин гунг уни нодон санаб, мийиғида жилмайган бўлади:
– Элга зўр эмас, текин томоша керак!
Абдураҳмон полвон унга пича синчков тикилиб туради-да, сўнг дейди:
– Қараб турсам, анчагина фаросатли одамга ўхшайсан.
Бу гапдан Нормўмин гунг ўпкаланган бўлади:
– Ундан кўра, эси йўқ эшаксан деб қўя қол!
Абдураҳмон полвон ўрнидан енгил қўзғалиб, унинг елкасидан қучади:
– Узр, жўра!
Шу тарзда улар тезда ярашиб олишади, сўнг бирга ўтириб, бирга шўрва ичишади, сен е-мен е қилиб, юмшоққина қўзи этини баҳузур туширишади, обдан суякларини кемиришади. Кейин кўк чойни босиб-босиб ичишади. Аммо дастурхонга фотиҳа ўқилгач, Абдураҳмон полвон тағин дейди:
– Мен яна келаман, сени йиқитмагунча келавераман!
Буни эшитган Офтоб момо супа четида доимо тайёр турадиган хивични қўлига олиб, аввалига ўғлининг кенг яғринига боплаб бир туширади-да, сўнг Абдураҳмон полвонга юзланиб дейди:
– Агар келар бўсанг, тузув кеп-тузув кет! Эмасам, бу ҳовлида ортиқ отингни тезаклатма!
Бироқ орадан икки ой ўтиб, Абдураҳмон полвон тағин келади, оғзининг танобини қочириб, бу дафъа тозаям кучга тўлиб келдим, жўра, дейди. Орада “энам”лаб момонинг кўнглини овлашга ҳам улгуради. Бироқ тағин енгилгач, аламдан чим юлқилаб, хийла вақт бош эгиб ўтиради. Кейин илкис бошини кўтариб дейди:
– Йўқ, сендан йиқилишим бир хатолик, холос!
Бу гапни айта туриб, тўсатдан хохолаб кулиб юборади. Кавул ортидаги боланинг назарида, унга қўшилиб қиру адирлар, наридаги тоғу тошлар ҳам қаҳ-қаҳ отгандай ва бутун олам нурга, шодликка тўлгандай туюлади…
Хуррам қотма шуларни хаёлидан ўтказар экан, юраги тўлқинланиб, беихтиёр юзига табассум югурди. Бироқ Салабек деганлари сурланиб, одоб юзасидан бўлса-да, табассумга табассум ила жавоб қайтармоқни хаёлига-да келтирмади, гўё амалдан тушиб қоладигандек, тўмтайганча, кулги деганини афтига доритмади. Унинг айни шу туриши Ғани қорага жуда-жуда ўхшаб кетди ва натижада, ҳарчанд истамаса-да, Хуррам қотманинг онг-шуурида шаҳарга боғлиқ аламли хотирлар қайтадан жунбишга келмоқни бошлади.
* * *
Ғани қора муштлашишга жуда уста эди.
Хуррам қотма эса зарбга ўта бардошли эди.
Кейинги учрашувларда у аввалига қўлидан келганча муштга мушт билан жавоб қайтаришга уриниб кўрарди. Бироқ рақиби бўйчан, қўллари узун эди. Натижада, дастлабки зарбалар оғриғини туйишга улгуриб-улгурмай, ботинида қўзғалган “дев”нинг измига бўйсуниб, ғоятда чапдастлик билан рақибининг белидан тутарди-да, кўз очиб юмгунча уни кўтариб ерга урарди. Бу ҳолдан лолу ҳайрон ерда чўзилиб ётган Ғани қора, ўрнидан тура-тура, ахир биз муштлашишга келишгандик-ку, дея тутақиб сўкинмоққа тушарди. Бунга жавобан Хуррам қотма, фарқи нима, дегандай елка учириб қўярди. Бу ҳол бот такрорлангач, Ғани қора қўл силтаб, сўкина-сўкина жўнаб қолар ва сўнг маълум муддатгача қайтиб қорасини кўрсатмасди.
Ғани қоранинг ўзига қолса-ку, икки дунёда ҳам у билан пачакилашиб ўтирмаган, номардликнинг минг битта усулларидан бирини амалда қўллаб, аллақачоноқ Хуррам қотманинг танобини тортиб қўйган бўларди-ю, аммо жанг пайтида доимо нарида кўланкаланиб турадиган Ғайратдан ҳайиқарди. Боиси, ўша илк “учрашув” якунидаёқ, мен ораларингда йўқман, аммо мабодо жиндек ғирромлик қилар бўлсанг, сўнг мендан ўпкаланиб юрма, дея жиддий огоҳлантириб қўйган. Ғани қора шуни яхши биладики, бу кабилар айтган гапини ҳеч қачон ҳавога совурмайди ва шунингдек, бунақалар аввалига бировга меҳр қўймасин, меҳр қўйдими, тамом – содиқликда итдан ўтади. Ғани қоранинг бахтига, шусиз ҳам у можарога бурун тиқаётгани йўқ, эркаксизлар ўзларинг ҳал қилиб олаверинглар, дея на униси, на бунисига бир оғиз “бас” демайди, ҳатто пивохонадаги тасодифий учрашув пайтида ҳам бу тўғрида чурқ этмаган, қайтангга…
Ғани қора илк тўқнашувнинг эртаси куни оқшом маҳали муюлишдаги пивохонага, одатга кўра, қўллари чўнтакда, ғўдайиб кириб бораркан, кўзи бир бурчакда ёлғиз ўзи пиво ичиб ўтирган Ғайратга тушгач, беихтиёр ўзини жуда ноқулай ҳис қилган. Наздида, кунжакда ўтирган бу одам кеча ҳолингни кўрдик, энди нимангга бунча гердаясан, дея мийиғида илжайгандай туюлган. Ҳолбуки, Ғайрат шунчаки бирровгина қараб қўйганди, холос. Ғани қора йўқ ердан нам олиб, пича ичи тутаб турди-да, сўнг пиво олдидан ярим стакан ароқни паққос уриб, ўшанинг кучи билан, қўлида икки кружка пиво, атайдан Ғайратнинг қошига бориб жойлашади. Ўлганининг кунидангина бош ирғаб, саломлашган бўлади.
Ғайратдан ҳадеганда садо чиқавермагач, Ғани қора биринчи кружкани бўшатиб, иккинчисига қўл чўзаркан, алам тўла таҳдидли оҳангда дейди: “У билан яна кўришаман!” Ғайрат, кўришсанг кўришавер, бунинг менга нима дахли бор, дегандай қаншари остидан зимдан қараб қўяркан, йигитни бу шаштидан қайтармоқ учун бирон-бир гап айтмоқни хаёлига-да келтирмайди. Бу хил гап-сўзлар унинг, ўз таъбири билан айтганда, балчиқ босган қалбига ёхуд занглаган ақлига ётлиги учун эмас, қаршисида кўзлари адоват-ла чақнаб турган кимсага ҳайфлиги боис чурқ этмайди.
Бироздан кейин Ғани қора гавдасини хиёл олдинга эгганча, сўзларини тишлари орасидан сиқиб ва ситиб дейди: “Агар хоҳласам, мен уни порошок қилиб ташлайман!” Бунга жавобан Ғайрат, худди бургутдек ўткир қараш қилади: “Наҳотки!” Кейин аста қаддини тиклаб, ошиқмай ёнидан буклама пичоғини чиқаради-да, чети учган чинни тақсимчадаги сўнгги қоқбалиқни бўлакларга бўлади – “бурдалайди”. Кейин тўсатдан ёвузлашган кўзларини Ғани қорага ўқдек қадаганча, тақсимчани у томон суриб, қўлидаги тиғни намойишкорона тарзда “шиқ” этиб ёпади ва нигоҳида ушбу ифода баралла акс этади: “Кечаги гап, агар хиёлгина қинғирлик қилар бўлсанг, мен сени мана шу қоқбалиқдек бурдалаб ташлайман!” Бу жиддий ва ўта даҳшатли шаъма Ғани қоранинг юрагига баттар қутқу солиб, танг ва зарур онларда пинҳонона қўллайдиган қинғир амаллардан фойдаланиш имкониятларидан маҳрум этган эса-да, ўз навбатида, унинг иззат-нафсига қаттиқ тегади. Мана энди, анави ярамас қотма билан ора очди қилмасдан сира иложи йўқ, агар индамай кетар бўлса, қошидаги манави нусха, биргина дўқимданоқ “иштонини ҳўллаб қўйди” деган хаёлга бориши тайин. Ва шусиз ҳам Хуррам қотмани бир ёқли қилмасдан бўлак иложи ҳам йўқ эди. Негаки, рақиби нақ бурни остида бемалол юраркан, у бу ҳудудда аввалгидек ўзини хон – кўланкасини майдон ҳис эта олмайди, шунингдек, бора-бора маҳалла йигитлари олдида ҳам бир пуллик обрўйи қолмайди.
Ушбу сабабларга кўра, Ғани қора галдаги учрашув вақтида рақиби олдига қуйидаги шартни кўндаланг қўяди: “Фақат муштлашамиз!” Хуррам қотма, хўп, дегандай бўлди-ю, ўша-ўша кўтариб ерга уришини ҳеч канда қилмади. Аммо бу ишидан ортиқ ғолиблик ҳиссини туймайди, қайтангга олам хира ва жирканч тус олиб, тирикликка нисбатан нафрати ортади ва ҳатто нарида кўланкаланиб турган Ғайрат ҳам кўзига балодек кўринади. Бундай кезларда, беихтиёр, сокинликка йўғрилган қадрдон даштини, бир-бирига уланиб ва мингашиб, чуваланиб кетган пасту баланд қирларни, ҳар бири ўз номига эга бўлган саноқсиз тепаликларни, ёнбағирлик бағридан ўрин олган дўппидек овулини, отаси Абдураҳмон полвон билан кураш тушадиган ўша овлоқ жарликни, қўранинг кунчиқиш тарафидаги мўъжаз дўнглик этагида қўнқайиб турган ёлғиз кекса тут дарахти ва ҳар оқшом унинг бағрида қўним топадиган қушлар чуғурини, деворсиз ҳовлилардан кўкка ўрлаётган тутун ва ўчоқдаги ўт шуълаларини, созни қўлига йигитлик даврида тутган бўлишига қарамай, ҳалигича уни эплаб чала билмайдиган Раҳмат отлиғ қўшни чолнинг тинғир-тинғир дўмбира чертишларини, дам-бадам у ер-бу ердан қулоққа чалиниб қоладиган чанқовуз сасини, Карим чолнинг сибизғаси овозини, сайҳонликда ўлиб-тирилиб кураш тушадиган ва катталарнинг дўқ-пўписасиз уй-уйларига тарқалишни хаёлларига келтирмайдиган болалар шовқинини, сўзлашга эринчоқ отасининг сокин-сокин боқишларини, доим ғайрати ичига сиғмай юрадиган овкар табиатли Офтоб момосининг бидир-бидир тергашлари ва кунда қайнонасидан бир гап эшитмаса, егани ичига тушмайдиган онасининг хокисор жилмайишларини, айтганини вақтида адо этмагани учун доим болдирлари момосининг хивичидан кўкариб юрадиган шумтака укасини, подадан қайтган сигирлар мўъраши-ю, қўй-қўзилар маъраши ва яна кўпдан-кўп нарсаларни қўмсай бошлайди. Шунда бу ерда нима қилиб юрибман ўзи, дея ҳайрон бўлади. Саволига жавоб қидиргандай, беихтиёр, теваракка разм солади. Бекатга кириб келаётган ва чиқиб кетаётган поездлар ҳаракатига, қўшимча йўлда вагонларга юк ортиб, юк тушираётган ишчиларга, қўлидаги дастаси узун ва ингичка болғачаси билан вагон ғилдиракларини бирма-бир тақиллатиб, соз-носозлигини текшириб юрган тарвуздай юмалоқ амакига бирма-бир разм соларкан, йўқ, бу ер менинг жойим эмас, деган ўйга боради ва бундан кўнгли баттар ғуссага тўлиб, барига этак силтаб кетмоқни ўйлайди. Аммо шунда дафъатан эсига тушиб қоладиган кўҳликкина талаба қиз бу ўйига изн бермайди, қуралай кўзларини катта-катта очганча, мени-чи, дегандай бўлади. Қиз хаёлини банд этиши билан олам қайтадан чароғон тортиб, ҳозиргина якун топган олишув кўзига ўта жирканч кўриниб, ўзини даштдаги оч бўридай тажовузкор ҳис этади. Бу қилиғимни кўрса, шўрлик қиз ҳайратдан донг қотиб қолса керак, деган хаёлга боради. Кейинроқ эса қалбини алғов-далғов қилган бу туйғуларини ким биландир, жумладан, ижара уйдаги ҳамхонаси Назар бахши билан ўртоқлашгиси келади. У пайтда Назар “бахши” деган номдан йироқ, оддий бир талаба эди. Аммо ўша кезлардаёқ дўмбира чертиб, ўзича достону термаларни машқ қилиб юрарди. Бошда у Хуррам қотманинг “дард”ларини жон қулоғи билан тингларди-ю, сўнг, ҳар галгидек, ҳануз ўзига қия боқмай, ишқ оташида қовуриб келаётган қандайдир қизнинг номини тутиб, оҳ-воҳ қилмоққа тушарди, у ҳақда тўқиган термаларни айтиб-айтиб, мижжаларини ёшлайди, агар унинг муҳаббатига эришолмасам, мана кўрасан, бу ёлғончи дунёни ўз ихтиёрим билан тарк этаман, дея осмону фалакдан келади. Буни қарангки, Назар бахши ўша малакнинг васлига етишолмаган эса-да, ўлмоқни хаёлига ҳам келтирмади. Ана, бинойидек юрибди дўмбирасини чертиб-чертиб, катта-кичик давраларни гуллатиб-гуллатиб. Дарвоқе, институтни битиргач, у соҳаси бўйича бир кун ҳам ишламади, бутунлай бахшичиликка юз буриб кетди. Эндиликда бир пайтлар ўзини беҳад азобга қўйган ўша қизни эсламайди, ҳатто номиниям унутиб юборган.
Хуррам қотма эса, аксинча, кўҳликкина талаба қиз фожиасини кўтара олмай, шаҳарни бир умрга тарк этди. Кетиш олдидан Ғани қоранинг маҳалла чеккасидаги тунука томли уйига дов тўкиб борди ва ортиқча ади-бади қилиб турмай, кўксига бир калла қўйиб, уни дарвозаси олдига чўзилтирди-да, шартта изига қайтди. Бу орада кутилмаганда отаси ҳам қазо қилди-ю, ундан қолган катта бир сурувнинг бутун ташвиши унинг зиммасига тушди.
У Ғани қорани ҳалигача кечиролмаганидек, талаба қизни ҳам ҳеч унута олмайди. Ўша куни худди Ғани қорадек сурлангани учун ҳам Салабекни аяб-саяб ўтирмади, сониялар ичида ерга кўтариб урди. Кейин дастурхон тузаб, одатига кўра, уни чой билан меҳмон қилмоқчи бўлди. Бироқ Салабекнинг кўнглига чойхўрлик сиғмади, майсалар устида чўзилиб ётди-ётди-да, сўнг тумтайганча, ҳали яна келаман, дея кетди-борди. У қорасини ўчириши билан Хуррам қотма дастурхондаги тансиқ емакларни итлар билан баҳам кўрди. Зиёда бўлгани учун эмас, чинакам садоқати учун сийлади уларни. Кейин чойни майда ҳўплаб, чуқур ўйга толди: “Қизиқ, итларнинг содиқлиги абадий бўлгани ҳолда, нечун аксарият одамларнинг дўстлиги ўткинчи ва муваққат? Хўш, нима учун?” Ва орадан икки соатлар ўтгач, ёв қувгандай мотоциклини елдириб келган Назар бахшига айтган гапи шу бўлди: “Бахши, итлар вафоси ва садоқати ҳақида битта ибратли терма тўқинг!” Бироқ Назар бахшининг қулоғига гап кирмади, уни қандайдир итлар садоқати эмас, бугунги кураш натижаси қизиқтирмоқда эди. Аксига олиб, Хуррам қотма сир бермади: “Кеча шомда оёқни сал қайириб олгандим, шунингчун беллашиб ўтирмадик, чойлашдик. Сўғин тинчгина хайрлашдик”. Турган гап, Назар бахши бу гапга инонмади, Хуррам қотма уни ишонтиришга уриниб ўтирмади, хуржунидаги созни қўлига олиб, чертмоққа тушди.
Бежизга эмас, ўша кўҳликкина талаба қизни эслаб-эслаб, чертди.
Уйида чиройда ундан зиёда бўлмиш жуфти ҳалоли бор эрса-да, нечун ҳануз уни унута олмаётганидан кўнгли ўртаниб-ўртаниб, чертди.
Унинг фожиасида ўзини айблаб-айблаб, чертди.
Шошқалоқ вагон уловчи йигитни сўкиб-сўкиб, чертди.
Ғани қорани яниб-яниб, чертди.
Ўшанда изидан соядай эргашиб, лаънати вагонни қаровсиз қолдирган Ғайратдан ўпкаланиб-ўпкаланиб, чертди.
Назар бахшининг ғашини келтириб-келтириб, чертди.
Кўзлари намланиб-намланиб, хўрсиниб-хўрсиниб, чертди.
Оқибат, Назар бахшидан эшитгани шу бўлди, созни эплаган чертади.
Назарида, созни ёмон чертмади.
Бу куйни шаҳардан бутунлай қайтган йили, болалигида отаси томондан не бир ниятларда совға қилинган, лекин бирон марта қўлга олинмаган михдаги дўмбирани чертиб-чертиб ўрганганди. Аниқроғи, юрагида тўнғиб қолган бор қайғу-аламларини, кўзларини намлаб-намлаб, ушбу оҳанглар қоришмасига жамлаган эди. Бироқ кўҳликкина талаба қиз васлига етиша олмаганидек, созга ҳам бутунлай эш бўлиб кетолмади. Пировардида, соз қайта жойига илинди, у эса бош-кети йўқ юмушларга берилди. Лекин ўша оғир кунлардан эсдалик бўлиб ушбу оҳанглар қоришмаси қолди.
Аммо Назар бахши унинг кўзларидаги намни илғамагандек, у чертган куйни ҳам англамади.
* * *
Шаҳардан қайтгач, Хуррам қотманинг кўзлари йил давомида тез-тез намланиб-намланиб турди! Тоғдаги кўзи очилмаган булоқдек, дам-бадам йилтиллаб-йилтиллаб турди!
Буни биров сезди, биров сезмади.
Сезганлар, отаси туфайли, деб билди.
Хуррам қотманинг назарида, ботинида димланиб ётмиш бу қайғу аламлар тишга силқиб, хиёл енгил тортмоғининг ҳеч бир имкони йўқдек эди. Шу боис, гоҳи-гоҳида дала-даштни тўлдириб-тўлдириб, бор овозда бўкириб-бўкириб йиғламоқни истарди. Бироқ йиғи дегани ҳеч келмасди, наздида, ичида димиқиб ётмиш бу дарднинг йиғига айланиб, юзага тошиб чиқмоғи учун қандайдир туртки зарур эди. Охири ўша “туртки” унга насиб этди. Олис овулдаги Гулсум отлиғ қиз билан бир дамгина юзлашиб, изига қайтаркан, йўлда Олатепа яғринига кўтарилди. Отини қантариб, елга юз тутганча, узоқ-узоқларга маъюс кўз ташларкан, уфқдаги қатор тепаликлар тўхтаб турган поезд вагонларидек кўриниб кетди кўзига. Ана шунда йўл бўйи ўзини азоблаб келган ўтмиш хотиралари қайтадан мавжланиб, ботинида димиқиб-димланиб ётмиш “булоқ” охири кўз очди, қайноқ кўзёшлари яноқларини ювмоққа тушди.
Олис овулдаги Гулсум отлиғ қизнинг овози майин эди.
Аммо шаҳарлик кўҳликкина талаба қизнинг, ҳолбуки, унинг овозини бирон марта эшитмаган эса-да, йўқ, унинг овози буникидан майинроқ эди, дея йиғлади.
Гулсум отлиқ қиз гўзалроқ эди.
Йўқ, бундан кўра, талаба қиз чиройлироқ эди, дея йиғлади.
Гулсум отлиқ қиз иболи эди.
Йўқ, бундан кўра, у иболироқ эди, дея йиғлади.
У яноқларини артмади.
Яноқлари елда қуриди.
Юрагини бўшатиб, енгил тортгач, хаёлини бир ерга жамлаб, талаба қиз ҳақида ўйлаб кетди.
У ҳақда нима билади?
Ҳеч нарса!
Сўнг бўлғуси қайлиғи Гулсум ҳақида ўйлади.
У тўғрида нима билади?
Ҳеч нарса!
Билгани – у Абдураҳмон полвоннинг ёлғиз қизи.
Агар Абдураҳмон полвон ўзининг овкар феъли туфайли, андишани бир четга суриб, азалий удумларни ерпарчин қилиб, Хуррам қотманинг бошини иккита қилиш ҳақида ўзи сўз очмаганида, у Гулсум отлиқ қизни асло билмасди.
Барига отасининг дўсти сабабчи бўлди.
Шу бир келишида Абдураҳмон полвоннинг кўзи тўсатдан дўстининг ташқаридаги михда осиғлиқ турган нимдош тўнига тушиб қолди. Аста келиб, уни тутиб кўрди. Қачон қарама, дўстининг эгнида ушбу тўнни кўрарди. Жўраси шу тўнини ечиб, сўнг у билан беллашарди. Абдураҳмон полвон, нечун бу ташқарига чиқиб қолди, дея қаватида турган Офтоб момога юзланди. Момодан, “ули кияр дея обчиқувдим”, деган жавобни эшитгач, у тўннинг сўл енгини беихтиёр нам тортган мижжаларига босди. Кейин овкарликда ўзидан қолишмайдиган момонинг елкасидан қучиб, супа томон бошлади. Нормўмин гунгни ўлимидан кейин, улар худди она-боладай жуда яқин бўлиб қолишганди. Супага кўтарилиб, жойлашиб ўтириб олишгач, ҳар сафаргидек, марҳумни эслашди, эҳтиром билан номини тилга олишди, айрим гаплари ва қилиқларини айтиб-айтиб, синиқ-синиқ жилмайишди. Ана шу орада Абдураҳмон полвоннинг кўзи қўрада ўралашиб юрган Хуррам қотмага тушиб қолди ва у томонга ишора қилиб, деди:
– Манави нима қип юрибди, ҳалигача уйланмай?
– Билмасам, – деди момо дабдурустдан нима деярини билмай.
– Жўрам тирик бўлганида, буни буйтиблар шитиратиб қўймасди, ҳадаҳа бошини иккита, оёғини тўртта қип қўярди!
– Қиз қараб юрибмиз, айланай, – дея ёлғонлади момо.
– Қиз қараб нима қиласиз, ана, эшигимда биттаси юрибди, – деди Абдураҳмон полвон кунботиш томонга бош силкиб. – Эрта-индин биз томонга совчиларни ҳайданг, нон-пон синдириб қайтишсин!
Бир қарашда, ота томондан бу гапни айтилиши ножоиздек эди.
Аммо Абдураҳмон полвонга жоиз эди.
Эндиликда у бу оиланинг чин дўсти эди.
Шу боис, Хуррам қотманинг бошини жуфтлаб қўйишни ўз бурчи деб билди.
Буни уят деб билмади.
Момо буни тушунди.
Момо бундан беҳад миннатдор бўлди.
Момо қуруқсиган лабларини чўччайтириб, унинг офтобда қорайган ва майда ажин тилимлаган кенг манглайидан чўлпиллатиб-чўлпиллатиб ўпди. Кейин ўнг кафти билан “ўғил” бўлмишнинг кенг елкасини оналарча силаб-сийпалаб, наридаги неварасини қошига чорлади. Хуррам қотма эран-қаран улар қаршисига келиб босгач эса, ҳаяжондан овози титраб, деди:
– Бугундан бу улимга куёвсан! Энди тўйгача иззатини қилиб, улимдан бетингни яшириб юр! Буйтиб олдида бетингни тапирайтириб юрма, уят бўлади!
Хуррам қотма дафъатан не гаплигини англамади. Англамагани учун ҳам момосидан дакки эшитиб, нари кетмоққа мажбур бўлди. Кета-кета, не гаплигига кейин фаҳми етган эса-да, ўчоқ бошида куйманаётган онасидан не гап ўзи, дея сўраган бўлди. Қувонч ва шодликдан она шўрликнинг кўзлари ғилтиллаб-ғилтиллаб, бошингни иккита қилмоқчимиз, деди.
Эртаси, гар кўҳликкина талаба қизга дилини изҳор эта олмагани, унинг назарида, бўшанглик қилгани юрагида бир умрлик армон бўлиб қолмаганида эди, овкар момоси ҳарчанд дўқламасин, ийманиб, кунботиш томон чўзилиб кетган чўнг қирлар ортидаги дарё бўйига, катта овулга энмоғи душвор эди. Шу боис андишани бир четга йиғиштириб қўйиб, хай, аввал бориб, бетига бир қарайин, имкони бўлса, икки оғиз сўзини олайин, сўғин не гаплигини момомга келиб айтайин, ким билади, балки чинданам пешонамга битгани шудир, дея жаҳд-ла отланиб йўлга чиқди. Айтилган манзилни адашмай топди. Дарё бўйидаги қишлоқ ўз овулидан тубдан фарқ қиларкан, бундаги ҳар бир ҳовли пасту баланд тошдеворлар билан ўралган экан. У тошдевор бўйлаб юриб, яшил дарвозага етиб-етмай тўхтади. Сўнг, э-э, Худо, ишқилиб, Абдураҳмон полвонга дуч келиб қолмайин-да, дуч келсам тозагина уят иш бўлади-да, дея отдан тушмай, девор ортидан бўйланиб турган ёш олча дарахти новдалари орасидан аста ичкарига мўралади. Кўрдики, кенг ва ораста ҳовлининг ярми боғ, ярми бедазор, ўртадаги бетон йўлак тўрдаги пешайвонли уйга бориб туташган. Уйнинг ўнг биқинидаги ёзги ўчоқбошида бир аёл дарвозага орқа ўгирганча, эндигина тандирдан нон узаётган экан. Ҳовлида аёлдан ўзга жон кўринмагач, Хуррам қотма янада қийин аҳволда қолди, кимдан ва қандай қилиб сўрайди қизни? Шунда Яратганнинг ўзи унга кўмакка келди – тандир бошидаги аёл шу пайт деб қолди: “Гулсум, қизим, бир коса сув бериб юбор!” Шу заҳотиёқ ёндаги қишки ошхонанинг ярим очиқ эшигида коса тутган қиз пайдо бўлди. У косадаги сувни тандир ёнидаги ялтироқ товоққа ағдариб, сўнг яна ичкарига кириб кетди ва лаҳза ўтмай иккита бўш челак кўтариб чиқди, аёлга нимадир деб, йўлак бўйлаб дарвоза томонга юрди. Эгнидаги одми кўйлаги, бошидаги қизғиш дурраси ўзига ярашиб турган бу қизга Хуррам қотма бегоналарча, ҳиссиз тикилди, юрагида ҳеч бир тўлқин сезмади. Бетини бир кўрай, деб келганди, бетига тикилди. Қарасаки, буғдойранг, навниҳол, кўҳликкина қиз экан. Лекин юраги ўша-ўша қилт этмади. Бу орада дарвоза қорнидаги кичик эшик “ғийқ” очилиб, қиз отнинг нақ тумшуғига рўпара бўлди. Қаршисидаги отлиқ йигитни меҳмон гумон қилиб, юзига хушҳол табассум югуриб, деди: “Келинг, ака!” Овози мулойим, қарашлари иболи эди. Шунда йигитнинг юраги кўксига сиғмай, бирдан тасира-тусур тепина кетди. Йўқ, у қизнинг майин овози ёхуд рухсоридан эмас, балки қошу кўзи ҳамда иболи қарашлари кўҳликкина талаба қизга ўхшаброқ кетишидан ҳаяжонга тушганди. Қиз мезбонлик таомилига кўра, яна нимадир деди. Бироқ бу орада, худди хаёлидаги талаба қизга ошкора хиёнат қилаётганидек, Хуррам қотманинг шуури музлаб, қулоғи том битиб бўлганди. У беихтиёр отига аччиқ қамчи босаркан, Гулсум отлиқ бу қиз талаба қиздан гўзалроқ эканидан заррача қувонмади, қайтангга кўнгли вайрон, дили абгор бўлди. Гулсум отлиқ қизни хаёлидан нари қувлаб-қувлаб, кўҳликкина талаба қизни ўйлаб-ўйлаб, Олатепага етгунга қадар отини қичаб, қамчилаб-қамчилаб ҳайдади.
Олатепа яғринига кўтарилгач, замин қаърида ўзанини тополмай йиллар давомида димланиб ётган булоқ бирдан кўз очгандай, ичидаги бор алам ва қайғулари кўзёшига айланиб, илиқ кўклам жаласидек яноқларини ювмоққа тушди. Бу “жала” шиддати кучайган сари йигитнинг руҳи енгил тортгандан тортиб, беихтиёр тириклик измига бўйсунган ҳолда Гулсум қиз ҳақида ўйламоқни бошлади.
Лекин кўҳликкина талаба қизни барибир унутолмади.
Ҳозир ҳам унутгани йўқ.
Айниқса, Салабекнинг ташрифи пайтида, талаба қиз турфа ранглар оғушида бўй ростлаб, юрагида соғинч ҳиссини қайта қўзғаб, бор аламларини уйғотарди. Қани энди, кўнглидаги бу аламу изтиробларини рақибига англата билса. Бироқ шунга қарамай, Хуррам қотма ботиний бу аламлари учун Салабекни кўпда айбламайди. Боиси, ор важидан қора тортиб келадиган бу йигитнинг азоблари ўзиникидан кам эмаслигини яхши билади. Шунингдек, унинг бурунги Салабек эмаслиги, Назар бахши таъбири билан айтганидек, аллақачон осмондан ерга тушганини ҳам билади.
* * *
Хуррам қотма чойни қумғонга дамлаб, шошилмай майсалар устига дастурхон – қизғиш белбоғини ёзди. Хуржундан аёли – Гулсум тугиб берган тушликни олди. У ёқдан Салабек емак солинган тугунни кўтариб келди. Кураш олдидан қоринни кўп тўйғизманг, ака, деди.
Иккиси ошиқмай чойлашган бўлишди.
Аммо ҳар сафаргидек, гаплари унча қовушмади.
Хуррам қотмага қолса, қани энди, итларига емак ташлаб, жониворлар ҳақида гапирса, уфқда тобора қуюқлаша бошлаган булутларга қараб, бу кеч роса жала қуйиши ва баҳор қуёшидан обдан қизиган ер ёмғирни ўзига ютоқиб сингдириши оқибатида ўт-ўланлар янада баравж бўлиши ҳақида сўзласа, сўнг билса чин, билмаса ҳазил йўсинида, даштда юрган мендайин бир чўпонни ким ҳам таниб ўтирибди, буйтиб ўзингизни қийнаб юрмасдан, фалончани аллақачон ерга чалпак қилганман, дея ўз кўнглингизни ўзингиз шод қилиб кетаверинг-да, иним, деса, бу гапига жавобан Салабек деганлари, худди Абдураҳмон полвондек, ҳазилни ҳазилга улаб, дала-даштни тўлдириб-тўлдириб қаҳ-қаҳ отса, ана шунда ўртада ажиб бир илиқлик юзага келиб, беллашув завқлироқ кечармиди? Бу турқи совуқ эса, гўё отасининг хунини олгани келгандай, ранг очай демайди. Шундай бўлгач, иззатини қилиб ўтирмайди-да, тезроқ кўзимдан даф бўли-ий, энағар, дея ерга кўтариб уради-да!
У номигагина кавшаниб ўтирган Салабекни ер остидан зимдан-зимдан кузатаркан, кутилмаган ҳолда бирдан ўз хатосини англаб етди: шошма, ахир отаси дўсти Абдураҳмон полвонни ҳеч вақт бир забтдаёқ йиқитмасди-ку, бутун кураш давомида овкар жўрасини, киши билмас, эркалаб-эркалаб, обдан ҳолдан тойдириб-тойдириб, ора-сира нафас ростламоғига изн бериб-бериб, гоҳо дўстининг кўнгли учунгина ана ҳозир йиқиладигандай, мана ҳозир йиқиладигандай, тиззанлаб-тиззанлаб қолган бўлиб, шундан кейингина курашга нуқта қўярди-ку. Улар орасидаги беғараз дўстликнинг асл сабаби балки шудир?
Шу ўй миясига келиши билан Хуррам қотма ўзини тафтиш қилмоққа тушди ва пировардида, юзага келган ҳолатдан донг қотди. Ё дариғ, бундай кўксини титкилаб кўрса, йигитга нисбатан юрагида тариқча ҳам илиқлик йўқ экан-ку! Бу шўрликни доимо Ғани қора ўрнида тасаввур этиб, Алининг ўчини Валидан олиб келган экан-ку! Ахир ҳар келганида, юзинг-кўзинг деб турмай, ҳадеб оёғини осмондан келтириб ерга уравергандан сўнг, қанақасига бунинг ранг-рўйи очилсин! Даштга не бир умидда келиб, бир дунё алам билан уни тарк этадиган одамдан бундан бўлак яна нимани кутиш мумкин? Буниси камдек, аввало ўзни енгишни ўрганинг, дея насиҳат қилганига ўласанми! Кошки бунга амал қилмоқ шунчалик осон бўлса! Бунинг учун киши аввало маънан кучли бўлмоғини билгани ҳолда, не сабабдан йигитдан йўқ фазилатларни талаб қилиб келди? Бундан чиқди, хуржун-хуржун китоб ўқишга ўқибди-ю, аслида эса ҳеч вақони уқмабди-да, худди Абдукаттадай ғирт нодонлигича қолаверибди-да!
Каттагаплиги туфайли, номига “катта” сўзи тиркаб айтиладиган Абдукаттани эслаши билан кўз ўнгида ушбу манзара жонланади: жарликнинг сўл соҳилидаги майдонда бир тўп ўсмир йигитчалар чиллак ўйнамоқда, бир четда эса аллақачон йигитлик ёшига етиб қолган тўрт-беш нафари давра қуриб, қарта чийлашмоқда. Бир маҳал қўлидаги чиллаксоп билан калта чўпни уришга ҳозирланаётган Хуррам қотма отлиқ йигитчанинг қулоғига қуйидаги нохуш гап чалинади.
– Бовом зўрларни зўри бўлган, Оллоназар полвондай зўрни доимо эшак қип миниб юрган…
Хуррам қотма чиллакни зарб билан уриб, ўша томон юзланади ва қартабозлар орасида ўтирган Абдукаттани кўради. Шунда унинг кўз ўнгида қуйидаги нохуш ҳолат жонланади: ана, қибла томондан кучлироқ шамол қўзғалгудек бўлса, оёқда туролмай, сой тубига думалаб кетадиган Матқовул чол чиллакдек ингичка оёқлари билан марҳум бобосининг биқинига ниқтаб-ниқтаб, қўлидаги халачўпнинг михли учини унинг йўғон бўйнига нуқиб-нуқиб, “их-их”лаб бормоқда… Бу бемаъни гапдан, ўзидан катталарга нисбатан ҳурмат руҳида тарбияланган бўлишига қарамай, Хуррам қотманинг ғазаби қайнаб, ичидаги “дев” жунбушга келади. Аммо, шунга қарамай, нодон йигитча ўзидан уч-тўрт ёш улуғлигини назарда тутиб, қаҳрини жиловлашга уринади.
– Ув-в, ака, сал оғизга эгалик қилинг! – дейди унинг узр сўрашини кутиб. – Эмасам…
– Нима, “эмасам”? – дейди Абдукатта баланддан келиб. – Бовонг бовомни елкасида кўтариб юргани, нима, ёлғонми? Энди ўзинг бундай танангга ўйла, одамни нима кўтаради, эшак кўтаради-да!
– Лекин калтакниям одам эмас, эшак ейди! – дейди Хуррам қотма у томон юриб. – Яхшиликча, тезроқ гапингизни қайтиб олинг!
– О-о, шунчалик зўрмисан!
Ўша куни Абдукатта қатори, уларни ажратиш ниятида орага тушганлар ҳам Хуррам қотманинг шунчаки зўр эмас, ҳаддан зиёд зўрлигига тўла амин бўлишади. Оқшом эса юзи-кўзи бежалган Абдукаттанинг хешлари дов тўкиб келишади. Аммо ҳеч балодан тап тортмас Офтоб момоси енг ҳимарганча, бирпасда оқни оққа, қорани қорага ажратиб ташлайди ва маълум бўладики, жарга сел келган кезлари Оллоназар бобоси Матқовул чолни икки-уч марта елкасига опичлаб, у соҳилдан бу соҳилга ўтказиб қўйган экан. Табиий, Матқовул чол буни шунчаки яхшилик юзасидан тилга олган, нодон невара эса бу воқеага бутунлай бошқача тўн бичган. Аммо бу қилмиши отаси Нормўмин гунгга маъқул келмаган: “Улим, шу ишни бекор қипсан, кап-катта йигитни киши кўзида жуда ўсал қипсан!” Бироқ ўшанда Хуррам қотма ҳарчанд уринмасин, Абдукаттани йигит сифатида тасаввур этолмаган. Ва ҳалигача шу – аксарият кимсаларда йигитнинг сийратини эмас, суратини кўради, холос. Абдукаттага келсак, ҳали-ҳануз унга кек сақлаб, тўқсон тўққиз одим наридан юрса-да, лекин бирор туки ўзгармаган – ўша-ўша нодон ва аҳмоқлигича қолган. Бўлмаганга бўлишма, деб шуни айтсалар керак-да!
Хуррам қотма шуларни хаёлидан ўтказаркан, қошида хомуштоб ўтирган Салабекка қайишмоқ лозимлигини англади. Одатда, бу хил оркаш феълли йигитлар туртилиб-суртилиб бўлса-да, секин-аста ўз нуқсонларидан форихланиб боради, деган тўхтамга келди-да, жилмайганча, ҳар галги гапини секин тилга олди:
– Ҳим-м, тағинми?
Бироқ Салабек бу сафар қўлларини ҳар икки ёнига ёзиб, “ҳа-а, энди…” демади, билиб туриб сўрайсиз-а, дегандай кулимсирабгина қўя қолди.
Бу гапдан кейин Хуррам қотма ўрнидан енгил қўзғалиб, теваракка кўз солди, кураш учун бопда жой қидирди, сўнг ўзига маъқул келган майдондаги яккам-дуккам тошларни четга тепкилаб-сепкилаб, жойни ҳозирлаган бўлди. Кейин эгнидаги тўнни ечиб ташлаб, аллақачон курашга шай бўлиб турган рақиби томон юзланаркан, орада ҳозирча ботинида тинчгина ётган “дев”га қулоқ тутди.
Ҳайтовур, жимлик!
Бироқ бу жимлик муваққат – олға интилиши биланоқ у чақмоқ янглиғ уйғонади ва оқибат, йигит вужудида рақибини тезроқ мағлуб этиш иштиёқи жўш урмоқни бошлайди. Шу боис, Хуррам қотма умрида илк бор унга, яъни ботинидаги “девкор туйғу”га ялинишга тушди, бир галгина ўз ихтиёримга қўйгин, илтимос, деди. Лекин “дев” уни тингламоқни истамади – рақибининг билагидан тутиши ҳамоноқ, боқувдаги отдай ер тепиниб, кўкка сапчимоқни бошлади. Шу сабаб, Хуррам қотма, шошманг, андак ўзимга келиб олай, дея Салабекни ўзидан нари итармоққа мажбур бўлди.
У ҳаяжонини босган киши бўлиб, бир муддат у ён-бу ён юрди.
Яна ботинига қулоқ тутди.
Худо “дев”га инсоф бергандай, у анча тинчланганди.
У тағин рақиби томон интилди.
Ботинидаги “куч” тағин авжланди.
У яна рақибидан четланишга мажбур этди.
Кафтлари билан чеккаларини ишқалаб-ишқалаб, елкаларини учириб-учириб, тағин у ён-бу ён юрмоқни бошлади. Уни бу аҳволда ҳеч кўрмаган Салабекнинг ҳайрати ортди: “Ака, ишқилиб, тан-жонингиз соғми?” – деб сўради. Хуррам қотма, ҳа, дея яна унга яқин борди ва худди ток ургандай тағин йигитдан четлашди. Бундан Салабек баттар ажабланди: “Ака, унда курашни бошқа кунга қолдира қолайлик, а?” – деди. Бу сафар унинг овози, кек ва адоватдан холи, дўстона оҳанг касб этди. Хуррам қотма, ҳозир-ҳозир, дея ич-ичидан “дев”га ялинишда давом этаркан, бунга сари, Салабекнинг нигоҳидан совуқлик ариб, аслияти – одамийлиги юзага тепчиб, чинакамига безовталанишга тушди. Буни қарангки, йигитнинг айни шу ҳолати ботинидаги “дев”га жуда хуш ёқиб тушганини Хуррам қотма дарров сезди. Бу эса унинг қалбида Салабекка нисбатан илк илиқ туйғуларни чечак отмоғига туртки бўлди ва у ўзини кўрпа тепишиб катта бўлган укаси билан кураш тушаётган акадек ҳис эта бошлади. Бунга сари ботинидаги “дев”нинг қатъяти юмшай бошлади. Бироқ бу ўта муваққат – у истаган онда мисли вулқондай қайта жўшмоғи мумкин эди. Бахтига, бу дафъа Салабек, бурунгидек, қаҳр билан олға интилмади, сабабким, Хуррам қотманинг бу ҳолатидан ҳануз таажжубда, ишқилиб, касал-пасал эмасмикан, деган ўйда эди… Кураш асносида қўллар бир-бирига чирмашди, иссиқ таналар бир-бирига тирмашди, димоғлар қайноқ тер ҳидини туйди. Бу эса улар аввал туймаган бир ҳисни – биродарлик туйғусини юзага келтирди. Натижада, орадаги мавжуд қалин музлик эриб, кўклам ҳавоси уфура бошлади.
Бу орада йигитлар нафас ростламоқ ўйида, бирдамгина беллашмоқдан тийилдилар.
Хуррам қотма кула-кула, унинг кучига тан берган бўлди.
Салабекнинг жавоби эса уникидан ўн карра зиёда бўлди.
Хуррам қотма ботинига қулоқ тутди.
“Дев” сукутда эди.
Қизиқ, итлар аввалгидек безовта эмасди, бошларини оёқлари устига қуйганча курашни бамайлихотир кузатиб ётишарди.
Итларнинг бу қилиғи Хуррам қотмага кор қилди.
Буни Салабекка билдирди.
Салабек, ишонгиси келмай, жониворларга ҳайратла-ҳайратла боқди.
Хуррам қотма итларга меҳрла-меҳрла тикилди.
Салабек нафасини ростлай-ростлай, мана шу зотдан менгаям битта топиб берасиз, деди.
Хуррам қотма, хўп, дея бош ирғади.
Сўнг тағин курашмоққа тушдилар.
Бу энди аввалгисидан кескин фарқ қилар, айни кучга тўлган шўх-шодон йигитчаларнинг шўхчан курашига ўхшаб кетарди.
Бу сафар кураш сал чўзилди.
Бу ботинидаги “дев”га унча хуш ёқмай, қайта қўзғалмоқни бошлади. Хуррам қотма беихтиёр унинг измига бўйсуниб, рақибини ўнг ёнбошига олганча, эндигина ердан оёғини узган ҳам эдики, тўсатдан нигоҳи Ялангтепа устида ҳайкалдай қотиб турган бўзотлиқ – Абдураҳмон полвонга тушиб қолди. У кафтини манглайига қўйганча, улар томон тикилиб турарди. Унга кўзи тушиши билан Хуррам қотма қатори, “дев” ҳам бир лаҳзага чалғиди. Ушбу чалғиш асносида Хуррам қотма, “бас”, дея рақибини ўзидан нари сурди. Бу ҳолдан Салабек ҳайрон бўлди ва қачонки, кўзи тепаликдаги суворийга тушгач, бирдан не гаплигини англади…
Хуррам қотма, кутилмаган меҳмон ташрифидан шошиб қолган мезбон янглиғ, энгил-бошини тўғрилай-тўғрилай, йўл-йўлакай ердаги тўнини эгнига ила-ила, қумғон томон жилди ва ўчоқ ёнида турган кўзачани қўлига олиб, ундаги қолган сувни чамалади, бир чой қайнатишга етармикан?
Салабек унинг ниятини фаҳмлаб, улови сари юрди ва хуржундан сув тўла катта елим идишни қўлига олиб, Хуррам қотма томон ўгирилиб, деди:
– Етадими?
Хуррам қотма хушнуд жилмайди:
– О-о, етганда қандоқ!
У қуриган янтоқларни оёғи билан босиб, янчиб, зичлаб чой қайнатишга ҳозирлик кўраркан, сув тўла идишни кўтариб келган Салабекка деди:
– Энди… меҳмон билан бир чойлашиб кетасиз-да, иним.
Салабек қуйига энаётган отлиққа қараб қўйиб, бош чайқади.
– Йўқ, мен борай, сизлар эса бемалол…
Хуррам қотма деди:
– Яна келасизми?..
Салабек чарм курткасини кия-кия деди:
– Келаман, лекин энди фақат гурунглашгани келаман!
Абдураҳмон полвон етиб келганида, кўнгли кек ва адоватдан бутунлай форихланган Салабек аллақачон дўнгликлар орасига сингиб, кўздан ғойиб бўлганди.
Тамом
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-2-сон