Янги йил оқшомида ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига Тубанкўл маҳалласидан қўнғироқ бўлди. Шу ерда яшовчи бир кишига оғир тан жароҳати етказилган, натижада у жон берган. Йил бўйи жиноятчиларни излаб топиш ва сўроқ қилишдан толиққан изқуварлар, терговчи ва криминалистларнинг байрамона кайфияти йўққа чиқди ҳисоб. Улар истар-истамас воқеа содир бўлган жойга етиб боришди. Биринчи навбатда жиноятчининг шахсини аниқлаш лозим. Бу ерда йиғилганлардан тузук-қуруқ гувоҳ чиқмади. Марҳум билан сўнгги бор дийдорлашган киши эса, унинг она бир ота бошқа опаси эди.
Қўшниларнинг айтишича, марҳумнинг уйида бирдан шовқин-сурон кўтарилган ва кўп ўтмай тиниб қолган. Бундан улар хавотирга тушишган. Қўшни уйга ўзлари киришга ботинолмай марҳумнинг опаси билан боғланишган. Аёл етиб келиб, укасининг полда юзтубан ётганини кўради. Унинг ёрилган бошидан қон сизар, аҳволи оғир эди.
Опа «Тез ёрдам»ни чақиради. Гап нимадалигини англолмай саросимага тушиб қолган аёл оғриқнинг зўридан инграётган жигарбандини азот кўтариб бағрига босмоқчи бўлади, лекин улгуролмайди. Укасининг кўзлари йириклашади, қиёфасида мавҳум ифода зоҳир бўлади ва ётган жойида танаси бир силкиниб, омонатини топширади.
Бу ёғи тоза бошоғриқ. Жиноят иссиғида очилса яхши, йўқса ҳисоботларда сарғайиб қолиб кетади. Аксига, ҳадемай Янги йил киради. Жиноятчини зудлик билан топмаса бўлмайди. Хуллас, ишлаш керак. Тезкор гуруҳ аъзолари енг шимариб ишга киришишди. Икки-уч терговчи қўшниларни саволга тутди, прокурор суд-тиббий экспертидан хулосани тезлатишни талаб қилди, эксперт-криминалистлар хонада ивирсиб ётган буюмлардан бармоқ изи олишди, кинологлар итга эргашиб, номаълум жиноятчининг изига тушишди.
Томошаталаблар кўпқаватли уйларнинг айвонлари, йўлак ва эшикларидан воқеа ривожини кузатишар, турли фаразлари билан гурунгни қиздиришарди. Айримлар бу даҳмазанинг уларга мутлақо даҳли йўқлигини писанда қилиб, парда ва шторларни намойишкорона туширишар, байрамона кайфиятларини аллақандай кимсанинг кўргулиги туфайли бузиб қўйишдан қўрқишарди. Юз-кўзидан ана шундай хавотир сезилиб турган бир кимса аёлини дераза қаршисидан нарига олиб кетди. «Пешонасида ит ўлими ёзиқ экан, ўлса ўлиб кетавермайдими! Сенга нима?!» минғирлади у ҳаракатидан норози бўлиб бурнини жийирган хотинига.
* * *
…Валий тушликдан сўнг мойга беланган иркит комбинзонини ечди-да, каталакдек устахонанинг бир четига улоқтирди. Эшикка қулф уриб, шундоқ кўча муюлишидаги мўъжаз ҳовли томон юрди. У бугун ҳордиқ чиқармоқчи, одамга ўхшаб тўкин дастурхон атрофида Янги йилни кутмоқчи. Валий ҳаворанг дарвоза қаршисига келиб қўнғироқ тугмасини босди. Дарвоза ортидан жажжи қизалоқнинг жарангдор овози эшитилди — «Ким у?». У қизчадан отасини чақириб беришни сўради.
Устахона хўжайини тўнини елкасига омонат илиб чиқди. У уйқу босган беғам кўзларини эриниб ишқаркан:
— Нима гап, уста? — деди.
— Бугун эртароқ кетсам дегандим. Байрам қилмоқчиман. Уч-тўрт сўм пул ҳам зарур, — деди Валий ва хатосини тузатиб қўйди: — Маош ҳисобидан, албатта.
Хўжайин унинг қўлига бир даста пул тутқазди.
* * *
— Укангизнинг оиласи бор эдими, дўст-биродарлари-чи? — терговчи марҳумнинг опасини сўроққа тутди.
— У тузук-қуруқ оила қурмаганди. Ҳар ким билан ўтириб кетавермасди. Қамоқдан чиққанига ҳали кўп бўлмаганди, — аёлнинг кўзларида ёш қалқир, маъюс нигоҳлари бир нуқтага қадалганди.
“Қамоқ” сўзини эшитгач, терговчининг туси ўзгарди, ҳушёр тортди. Гап бу ёқда экан-да, дегандай «ҳмм» деди чўзиб ва тезда саволга тутмаса, калаванинг учини йўқотиб қўядигандек сўради:
— Ҳеч бўлмаса шишадоши бўлгандир…
— Тўғри, — деди аёл унинг гапини тасдиқлагандай. — У топганини бошқалар билан баҳам кўрарди. Аммо топиб-тутишга улгурмаганди. Уйида қўлга илингулик ҳеч вақоси қолмаган, бисотини сотиб юборганди. Ғариб ҳолида уни қидириб келадиган ошнаси йўқ эди, назаримда. Рост-да, бир мириси бўлмаган одамнинг дўстлиги кимга керак?!
Аёл гўё ўзи билан ўзи ҳасратлашаётганга ўхшар, хаёли паришон эди…
* * *
Устахона эгасининг илтифотидан Валийнинг боши осмонга етди. У дўконга кириб, икки-уч шиша ароқ, нон, дудланган колбаса ва мева-чева олди-да, қолган пулини унниқиб, адо бўлаёзган курткасининг чўнтагига солиб қўйди. Буёғини маҳкам тутмаса, маошгача етиб олиши қийин. У ўртоғининг уйига қараб йўлга тушди. Ҳотамни кўпдан кўргани йўқ. Бугун байрамни бирга нишонлайди, унинг ўксик кўнглини олади, ўзи ҳам юрагининг чигилини ёзади. Бошқа қаёққа ҳам борарди. Тўғри, тор бўлса ҳам ўз уйи, ўлан-тўшаги бор. Бироқ ана шу тўрт девор ичида уни кутадиган меҳрибони йўқ.
Тақдир Валийни бешафқат синовлар билан хўп сийлади. Эҳтиётсизлиги оқибатида темир панжара ортида ўтириб чиқди. Бу орада жуфти ҳалоли кўч-кўронини орқалаб жўнаворди. У икки норасидасини онасига қолдириб, турмушга чиқиб кетди. Ҳаёт завқига ташна жувон бошқалар сингари ўйнаб-кулишга ҳақли эди, албатта. Бошига иш тушган шўрпешона эрни йиллаб кути-иб ўтириш унга малол келди. Бундай садоқатни у бемаъниликка йўйди. Бир ҳисобда, у гулдек умрини елга совуришни ўзига эп кўрмай тўғри қилгандир…
Шу ўй-хаёллар билан Валий уч-тўрт даҳа нарида яшайдиган оғайнисининг уйига етиб келди. У тўртинчи қаватга кўтарилиб, таниш қўнғироқ тугмасини босди. Эшикдан Ҳотам кўринди. Улар бир-бирини бағрига босиб, узоқ дийдорлашишди. Кутилмаган хурсандчиликдан мезбоннинг тили калимага келмай қолди.
* * *
Воқеа жойидан ҳид олган ит хонадон эшигидан чиқиб, йўлак бўйлаб тўғри ҳовлига тушди. Жониворнинг шаштини кўрган киши шу кетишида у жиноятчини топмай қўймайди, деб ўйлаши тайин эди. Бироқ ит шашт билан олдинга интилганича ҳовли адоғига етиб бордию ҳидни йўқотди, уй этагидаги турнақатор гаражлар ёнида тўхтаб, ирриллаб-ғингшиди, кўзларини узоқларга тикиб, тилини осилтирганича ҳарсиллаб тураверди.
— Навбатдаги омадсизлик, — норози тўнғиллади итни етаклаб олган кинолог. — Еганиниям оқламади, текинтомоқ!
— Кўп вайсама! — шеригининг оғзига урди иккинчи йигит. — Юр, яхшиси буни бошлиққа айтиб, қарғиш теккан жойдан тезроқ кетайлик.
* * *
Тўрхалтадаги егуликларни кўриб, Ҳотамнинг кўзлари яшнаб кетди, очлик азобидан умрбод қутулгандек енгил тин олди. Валий эса уй эгасидан илтифот кутмай, токчада сарғайиб ётган газеталарни хонтахта устига ёзди. Байрам дастурхони тузатди. Қурмағур зорманда шишанинг бир-бирига урилиб чиқарган жилвагар жаранги! Шу лаҳзада икки қадрдон учун бундан ёқимли, бундан мўъжизакор сас йўқ эди дунёда.
Чинни пиёлалар тўлатилди. Уй эгаси меҳмон шарафига ҳамду сано ўқишга киришганди, Валий унинг гапини бўлди. У Янги йилда янгича ҳаёт қуришлари учун ичишни таклиф қилди. Ҳотам бош ирғаб, уни қувватлади. Қадаҳларнинг сирли-сеҳрли жарангидан кўнгиллар яйради.
Улфатчилик узоқ давом этди. Гурунг орасида Ҳотам нарёғда кўрган-билганларидан гапирди. Ҳасратидан чанг чиқиб, сим ортида ўтган бесамар йилларига ачинди. Буёқда бева опаси. У ёруғ оламдаги ягона суянчиғини ёлғизлатиб қўйганидан ўкинди.
Яна қадаҳлар жаранги…
Улар узоқ суҳбатлашишди. Кейин ичкилик таъсиридами, толиқиш ё илиқ ҳарорат сабаб бўлдими, ишқилиб, Валийни уйқу босди. У диванга чўзилди. Ҳотам аламли хотиралари билан ёлғиз қолди. Бир пайтлар шаҳарда ундан қудратли киши йўқ эди. Уйидан меҳмон-изломнинг оёғи узилмас, кимсан — йирик савдо мажмуасининг мудири эди. Ҳотамбойга замонасининг пешқадам зотлари ҳам қуллуқ қилар, унинг эгнидаги пўрим кийим-бошини кўрган унча-мунча кибор аҳли ҳам шошиб қоларди. Ҳеч зотнинг хаёлига кирмаган хорижнинг асл буюмлари унинг қўлидан ўтарди. Илтимосу илтижо қилиб келувчиларнинг охири кўринмасди. Вой-бўй, камёб молга қўшимча нарх таклиф қиладиганлар қанча эди! Энди у даврлар ўтмишга айланди. Ўзини давларнинг гули, замонасининг тенгсиз қудрат соҳиби санаб юрган Ҳотамбойдан асар ҳам қолмади. Ойни бенарвон урадиган давангирдай йигит турма саргузаштларидан нарёғига ўтолмайдиган, қадди хиёл эгилган, юз-кўзи салқиб, захил тортган шарпага айланди-қолди.
Бугун уни болаликдан бирга ўйнаб-ўсган тенгқур ўртоғи сўраб келди. Қандай яхши! Дурустроқ ўйлаб кўрса, иккисининг тақдирида ўхшаш жиҳатлар оз эмас экан. Аввалига омад юз ўгирди, кейин оилалари, дўст-биродарлари бир-бир тарк этди, турма уқубатларини татиб кўришди. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам Валий Ҳотамни ёлғизлатиб қўймади, ундан мурувватини аягани йўқ. Бугун ҳам Янги йилни бирга кутгани тўлиб-тошиб келиб ўтирибди.
Ҳотам ношуд-нотавонлигини, қўли калталигини ўйлаб, ич-ичидан эзилди. Кеч бўлса-да, оғайнисига ўхшаб бирор касбнинг бошини тутмаганидан афсусланди. Энг ёмони, опасини сўраб борганига ҳам неча замонлар бўлди…
Унинг феъли азалдан шунақа: ичса бўлди, ўзидан ўпкалашга тушади. Буям бир одат-да.
* * *
Тезкор гуруҳ раҳбари, ўрта ёшлардаги киши кўпқаватли уй ҳовлисида тик оёқда сигарет тутатиб турар, иш бўйича аниқланган маълумотларни босиқлик билан тинглагач, ўзича мулоҳаза юритарди. Кинологлар ит ҳидни йўқотиб қўйгани ҳақида ахборот беришганида, у бундан ажабланмади. Йигитларга, бораверинглар, деди қўли билан ишора қилиб.
Хизмат итлари жиноятчини топишда ҳамма вақт ҳам ёрдам беравермаслиги аён ҳақиқат. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Шу сабаб гуруҳ раҳбари итнинг кўмагига аввалдан умид қилгани йўқ. Бироқ ҳозир уни бошқа нарса — жиноят-қидирув ходимларининг ҳалигача жўяли далилий ашё ёки бирор бир муҳим маълумотни қўлга киритмагани ўйлантириб қўйганди. Марҳумнинг опаси ва қўни-қўшнилар билан олиб борилган суриштирув тайинли натижа бермади: унга яқин бўлган шахслар ҳақида зарур маълумот олинмади. Мужмал фикр ва қуруқ тахминлар билан жиноятчини аниқлаб ҳам, топиб ҳам бўлмайди. Нима қилмоқ керак?..
* * *
Валий муздек ҳаводан эти жунжикиб уйғонди. Аввал соатига, кейин дераза ойнасига кўз ташлади: эндигина кеч тушибди. Шомги уйқу бехосият бўлади, бунинг устига Янги йил оқшомида ғафлат босиб ётиш ҳам дуруст эмас. У эринибгина ўрнидан турди, керишди, айвонга қаради. Ҳотам ромга тирсагини тираганича ҳовли манзараларига сўник нигоҳ ташлар, қўлидаги сигаретдан чиқаётган заиф тутун борлиққа изсиз сингиб кетарди.
Валий буюмларга уриниб-суриниб ваннага йўналди, қўл-бетини ювиб, хонага қайтди. Диван устидаги курткасидан ғижим дастрўмолини олди-да, юз-қўлини артиб, яна чўнтагига тиқди. Шу пайт кўнгли ниманидир сезди чоғи, кўзлари олазарак бўлди. Чўнтагига қайта қўл солди, пули йўқ! Ишонмади, курткасининг авра-астарини чиқарди, эгнидаги кийимларни пайпаслади, киссаларини синчиклаб текширди, фойдаси бўлмади, оёғидан дармон кетиб, бўшашганича диванга ўтириб қолди. Миясида чарх ураётган узуқ-юлуқ хаёллар унга тинчлик бермас, бунинг устига, ичкилик таъсиридан боши гир айланиб, хотирини жамлашнинг иложини топмасди.
У хариддан орттириб, тирикчилигига атаб қўйган пулини курткасининг чўнтагига солганини аниқ-тиниқ эслади. Аммо қаёққа кетади? Киссавурга олдирдим деса, пиёда келди. Хўш, кимдан кўрсин? Ҳотамданми? Йўқ, Ҳотамнинг қўлидан бундай пасткашлик келмайди. Валий шубҳалар исканжасида қолди.
Ҳотам хонага кираётиб айвон эшигини бехосдан қаттиқ итариб юборганди, ойналар зириллаб кетди. У гандираклаб келганича Валийнинг рўпарасидаги стулга ўтирди. «Ича-амиз-а!» деди хонтахта устидаги шишага қўл чўзиб. Кўнглига қил сиғмаётган бўлса-да, Валий сир бой бермади. Ошнаси тутган пиёлани қўлига олиб, секин хонтахта четига қўйди. Ҳотам эса бунга парво ҳам қилмай ароқ тўла пиёлани охиригача сипқорди-да, иштаҳа билан газак қилди.
Валий маош олгунича қандай яшаши ҳақида тинмай бош қотирарди. Энди нима еб, нима ичади? Бетини қотириб яна хўжайин олдига борсинми? Тайинсиз одам экансан, деб жавобини бериб юбормайдими? Кейин иш сўраб қайси эшикка бош уради? Балки пули тушиб қолгандир? Аммо қандай қилиб? Шу пайтгача чўнтагидан писта донаси ҳам тушмаган-ку! Ҳотамнинг табиати, мақсади чинданам ўзгарган бўлса-чи? Ана, кўзлари бежо, хатти-ҳаракатлари шубҳали. Наҳотки, ишонган оғайниси кўзига хас ташлади?! Йўғ-э, Ҳотам бировни тунайдиган даражада муттаҳам бўлиб кетмагандир? Ё туриб ёқасидан олсинми? Балки, қисди-бастига олса, ўмарганига иқрор бўлар? Кейин-чи, муносабатларига дарз кетса, кейин нима бўлади? Қўлини ювиб, қўлтиғига урадими?..
Валий гумон алангасида узоқ ёнди.
* * *
— Ўртоқ бошлиқ, мана жиноятчи! — деди чайиргина ходим бироз ҳавлиқиб.
Тезкор гуруҳ раҳбари хаёл билан ўтирган эканми, сесканиб кетди. У қўллари орқасига қайрилган кишига бошдан-оёқ разм солиб, унинг жиноятчи эканига ишонмади.
— Қаердан топдинг бу кишини? — сўради у ходимдан.
— Қотил — аниқ шу одам! — деди йигит қатъий оҳангда. — Мана, юз-кўзи ҳам айтиб турибди. Узоқдан кузатсам, қўрқа-писа зинадан юқорига кўтариляпти. Бир нимаси бўлмаса, бу ерларда юрмасди. Шундан кўнглим сезди.
Ранг-рўйи бўздай оқарган, азбаройи асабийлашганидан юз-кўзи титраб турган бу одам Валий эди. У оғриқнинг зўридан қўлларини бўшатишга уринар, ходим бунга жавобан уларни маҳкамроқ сиқарди.
Ҳовлида тумонат одам йиғилди.
— Қўлини қўйиб юбор, — деди гуруҳ раҳбари ходимга. Кейин гумондорга юзланди: — Тортинманг, биродар, бор гапни айтаверинг! Йигитлар билан гаплашаман, сизга албатта ёрдам беришади.
Валий бир муддат лом-мим демай турди. У гапни нимадан бошлашни билмай қийналарди.
— Қўрқмай гапиравер! Айтдим-ку, болалар ёрдам беради, — деди раҳбар тоқати тоқ бўлиб.
Валий қалтироқ овозда сўз бошлади:
— Ҳотамдан узр сўраш учун келаётгандим.
— Қанақа узр? Жанжал нимадан чиққан ўзи? Чайналмасдан, бирма-бир тушунтирсанг-чи! — гапини бўлди бошлиқ. — Бошига нима билан урдинг?
— Пулимни ўғирлади, деган гумонда ундан хафа бўлдим. Жаҳл устида уйидан чиқиб кетаётгандим, Ҳотам тўхтатиб қолмоқчи бўлди, уни йўлимдан енгилгина итариб юбордим. Эшикдан чиқаётиб ортга ўгирилгандим — Ҳотам мувозанатини йўқотиб, боши билан хонтахта қиррасига урилди-да, полга йиқилди. Мен бунга аҳамият бермай чиқиб кетдим…
* * *
Валий икки ўт орасида қолди. Бир хаёли «орқангга қайт» деса, бошқаси «қайтма» дерди. У турли хаёллар билан уйига етиб келди. Ҳайҳотдай хонанинг ҳувиллаб ётганини кўриб юраги эзилди, уйига қўшилиб кўнгли ҳам бўшаб қолганини англади.
Валий узоқ вақт остонада меровсираб турди. Шу алпозда бўлиб ўтган воқеаларни мулоҳаза чиғириғидан ўтказди. Ўйлаб кўрса, бошига тушган кўргулик борки, барига ўзи, феъл-хўйи сабабчи экан. Фавқулодда миясига келган бошқа бир фикр эса уни тамоман довдиратиб қўйди: кайф устида шу кечаёқ ичкиликка сарфлаб юбормаслиги учун унинг бор пулини Ҳотам олиб қўйгандир. Ахир шунга ўхшаш воқеа аввал ҳам бир-икки бўлганди-ку!
Валийнинг пешонасини совуқ тер босди, беҳуда шубҳа-гумонларини вақтида қувиб солмаганидан изтиробга тушди. Дўстини эшитиб кўришни ўзига эп билмаганидан виждони қийналди.
У ортга қайтди. Таниш уй олдида нотаниш кимсалар уймалашиб юрарди. Бу манзарани кўриб-кузатиб, кўнгли аллақандай нохушликни сезди, шу дилгир ҳис таъсирида қадамини тезлатди. Аммо ҳар қанча уринмасин, йўли унмади, мадорсиз оёқлари бир-бирига чалишиб кетаверди. Уни бу ерда Ҳотам эмас, дўстининг ўлими ҳақидаги машъум хабар кутиб турарди…
Жиноятнинг хамирдан қил суғургандек осон очилиши ходимларни хурсанд қилиб юборди. Янги йил киришига эса, ҳали анча вақт бор эди.