Омон Мухтор. Муслим бобонинг неваралари (ҳикоя)

Қаҳрамоннинг қисқача таржимаи ҳоли:
У иккинчи жаҳон муҳорабасидан икки йил олдин Когон яқинидаги қишлоқда туғилган. Сухор деган бу қишлоқнинг эътиборга сазовор жойи — Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанднинг пирлари Ҳазрат Саййид Мир Кулол шу ерда дунёга келган. Бу икки авлиёнинг ёндош мақбаралари яқин-яқингача қаровсиз ҳолда ётгани-ю, мана энди обод бўлиб бораётганига қарамай, эскидан бу жойларнинг номи асосан, зиёратгоҳлар номи билан боғланган.
Кулол, Нақшбанд — бунинг ўзи бир пайтлар фақат Бухоро шаҳри эмас, чор атроф қишлоқларида ҳам ҳунармандлик ривож топганидан дарак беради. Буюк авлиёлар дин арбоблари бўлиш баробарида, ҳунар кишилари эдилар. Улар қўл меҳнати билан тирикчилик кўрган.
Муслим бобо (у албатта, бир умр бобо бўлмаган) ақлини таниганидан — ерни таниган эди. Қишлоқда эркак зоти — урушга ярамаган тўртта чол эканлиги-ю, улар куни бўйи далада судралиб, кўпинча беш вақт намозни ҳам далада ўқишганидан, у мактабга боришдан олдинроқ қора меҳнат ва Худога ибодат-илтижони ўрганди. Кейинчалик жаҳон муҳорабаси давригача қишлоққа кириб-кирмай турган даҳрийлик ёпирилиб, янгидан авж олгани, биринчи навбатда, мактаб ўзи даҳриёна йўналиш бергани ҳам унинг аввалдан қон-жонига сингиган — ерга муҳаббати ва қатъий эътиқодини ўзгартиролмади. Мактабни битириб-битирмай яна қўлига кетмон олди. Ҳасратли, изтиробли дамларда — биров тўсқинлик қиладими, йўқми, аҳамият бермай — азиз авлиёларни зиёрат қилиб юрди.
Деҳқончиликдан ташқари, бир ҳунар ҳам эгалламоқчи эди. Когонда темирчилик дўкони бор, темирчига шогирд тутинди. Бироқ бу ишдан кўнглида бир умрлик армон қолди — энди ҳунар ўрганаётганида, керак бўлса ҳар ёқдаги заводлардан кетмон сотиб оламиз, деб кутилмаганда дўконни ёпиб ташлашди. Бухородаги турли касб-ҳунар дўконлари ёпиб ташланаётган давр эди.
Отаси урушнинг дастлабки кунларидаёқ ҳалок бўлган эди. Онаси «офтоб уриб» нобуд бўлди. Эгатда йиқилган жойидан уйга кўтариб келгунларича жони узилди… Ўн йил ёлғизлик жабрини чекди.
Анча кеч Бокира деган қизга уйланди. Лекин инсон ҳам бир ниҳол экан — олдин ўтқазилгани тарвақайлаб ўсаётганида, кейин ўтқазилгани баъзан қуриб ҳам қолар экан. Унга уч ўғил, бир қиз туғиб бергандан сўнг Бокира «ўз вазифасини бажариб бўлган»дек, ақлга сиғмайдиган тарзда бир кеча уйқусида жон таслим қилди.
Куйди-қолди. Қайтиб уйланмади.
Умр ариқдаги сувдек ўтди-кетди.
Энди фарзандлари улғайган. Оила қурган.
Бир ўғли — Абдулазиз Бухорода ўқиб, шу ерда уй-жой қилган.
Бухоро гарчи — икки қадам, бир қадам нари ҳам — нари!
«Ўнта бўлса, ўрни бошқа, қирқта бўлса, қилиғи».
Муслим бобонинг қишлоқда, ёнида еттита невараси бор. Ўғли Абдуазим, келини ёнида. Бунинг устига, Абдулазиз хотини, болалари билан гоҳ-гоҳ келиб туради. Аммо Муслим бобо барибир, шаҳардаги икки неварасини ҳар куни соғинади. Ҳафтада-ўн кунда кўриниш беришмаса, шартта белини боғлаб, ўзи шаҳарга қараб жўнайди.

* * *

У Бухорога одатича эрталаб барвақт икки челак мева-чева кўтариб келган эди.
Ўғлининг уйи — унинг уйи. Муҳими, унинг келиши ҳар гал ўғли, келини, невараларини ҳаяжонга солар, улар учун байрамга айланарди. Муслим бобо ўзи ҳам ҳаяжонланар ва кўз тегмасин, деб бу «кўтаринкиликдан» кўнглида бироз қўрқарди.
Ўша куни ҳам шундай ҳолат юз берди. Ҳамма нарса беозор, хуррам бошланди.
Нонуштадан кейин, Муслим бобони яна бир қучиб-ўпиб неваралари Анвар ва Шаҳло мактабга кетишди.
Улар билан изма-из:
— Зерикманг, дада, — деб қўйиб, Абдулазиз билан Латофат ўз ишларига йўл олишди.
Муслим бобо шошмай таҳоратини янгилади. Жойнамоз тўшаганича, қиблага қараб ўтириб, шукрона намози ўқиди. Сўнг, бошини кўксига солинтириб ўтирганича, ўтган бутун ҳаётини эслади.
—    Поко Парвардигоро! Ожиз ва осий бир бандангман. Лекин доим Сенга инондим ва Сенга таваккул қилдим. Неки имтиҳонинг бўлса, кўтардим. Йиллар бўйи юрагимда йиғилган бир ҳасрат, бир алам бор. Гоҳо чидаёлмайман. Бир ерда ўтиролмайман. Исён, деб қабул қилма, Эгам! — шуларни ўйлаб, кўзлари ёшга тўлди. У барча фарзандлари, невараларини дуо қилди. Уларни Худо бало-қазолардан асрашини тилади.
Бу уйда бўлган пайти унинг учун неваралари мактабдан қайтишини кутиш, бирга тушлик қилиб, ота-онадан айри ҳолда, улар билан осойишта суҳбатлашиш муҳим эди. Болалар ота ёки оналарига айтолмаган гапларини боболарига айтишарди! Олдинлар сабри етмай, невараларини кўчага чиқиб қаршиларди. Ўшанда унга баъзан ўғли билан келини бепарво эканликларидан болаларини ўз ҳолига ташлаб қўйгандек туюларди. Йўқ, тезда таскин изларди. Барибир, у ҳар куни бу ерда эмас. Ўғли билан келини ишли, болалар эса бир қаричлигидан мустақил ўсаяпти. Балки, шуниси ҳам яхшидир! Энди Анвар — ўн олти, Шаҳло — ўн тўрт ёшда. Кап-катта. Хавотирланиш ортиқча! Шуни ўйласа-да, ич-ичида тоқатсизланарди… Қандай бўлмасин, неваралар келгунча вақтни ўтказиш керак!
Диванга чўзилиб, жилла ором олишга уринди.
Кўзи илинган экан, афт-ангори ғира-шира хотирасида қолган деҳқон отаси, қаримай туриб эгилиб-букилган, эркакдан зиёд умрини ерда, далада ўтказган юпун-бечора онаси, она қисматини қайтарган суюкли Бокира хаёлида яна жонланишди.
— Поко Парвардигоро! Улар балки, ҳеч бир гуноҳсиз бандалар эмас эдилар. Лекин Сен уларни Ўз мағфиратингга ол! Сенга инондим ва Сенга таваккул қилдим… — шуларни ўйлаб, ўрнидан турди. Неваралар келгунича вақтни ўтказиш керак!
Нари-бери юра бошлади. У ён-бу ён қаради.
Эшикнинг икки қулфидан бири бузуқ. Йўлак ва ювинадиган хонада чироқ куйган… Абдулазиз бир коллежда дарс беради. Иши кўп. Латофат катта бир идорада ҳисобчи. Гоҳо уйга дафтар кўтариб келиб, кечалари ҳам рақам санайди. Умуман, булар уй билан шуғулланмайди. Буни болаларга қолдирган… Эшик қулфини тузатди. Ҳаммаёқда чироқни «ярақлатиб» қўйди. Қачон бу уйга келса, шундай ишларни ҳам ўринлатарди.
Пешин намозини ўқиди.
Неваралар ҳамон келмаётган эди.
Дераза олдига бориб, кўчага қаради.
Ўғли учинчи қаватда туради. Ҳовли кафтдагидек кўринади. Рўпарада яна бир беш қаватли уй. Орада болалар ўйнайдиган майдон, яккам-дуккам дарахтлар. Сўнгги йиллар бўй чўзган дарахтларни кесишганидан, иккала бинонинг ҳам юқори қаватлари яланғочланиб, офтоб тиғи тўғри санчиладиган бўлиб қолган. Ёзда бу қаватларда турадиганларга қийин.
Ҳовлининг бир томони — шариллаб машиналар ўтаётган катта йўл. Иккинчи томонда — олдинлар клубми, чойхонами бор эди, уни бузиб, бировлар икки қаватли серҳашам икки уй қурган. Тепадан уларнинг фаввора ўрнатилган гулзор-ҳовлилари кўриниб турибди.
Муслим бобонинг нигоҳи майдон, яккам-дуккам дарахтлар томон қайтди. Бир дарахт остида ит билан мушук ёнма-ён чўзилиб ётарди. Бехос итнинг қулоқлари диккайди, у, унга қўшилиб мушук катта йўл томон югуришди. Муслим бобо диққат қилиб, Анвар билан Шаҳло келаётганини кўрди. Худога шукур!
У деразадан узоқлашди. Бориб эшикни очди.
Болалар тўртта бозор нон билан бирга, негадир бўлка нон ва икки қутти туйилган балиқ кўтариб келишган эди… Латофат саҳардан гўшт қовуриб қўйган экан, Шаҳло картошка арчиб, Анвар пиёз, помидор тўғрашга тушди. Ана-мана кабоб пишди… Тушликдан кейин, ака-сингил бўлка нонни бурдалаб, туйилган балиққа аралаштиришди. Гўшт чиқиндилари, овқатдан қолган суякни йиғиб идишга солганча эшикка йўналишди.
— Бобожон! Ҳозир келамиз, — деди Анвар.
— Кўчадаги ит-мушукларни боқаяпмиз, — деб тушунтирди Шаҳло.
— Уларнинг эгаси йўқми?
— Бўлмаса керак. Бечоралар оч. Овқат бермаса, ўлиб кетади.
Муслим бобо невараларининг «бу иши»дан бехабар эди. Ажабланди. Улар чиқиб кетгач, хаёлга чўмди… Олдинлар шаҳарда иши чиқса, эшак миниб келарди. Абдулазиз ўқиб юрган йилларда ҳам шундай эди. Пайти етиб, қари эшак ўлди. Қишлоқда энди бу содда, меҳнаткаш ҳайвоннинг ўзи йўқолаётган эди. Кўпчилик ҳозир машинада, мотоцикл, велосипедда юради. Ана, тўнғич ва кенжа ўғиллари — Абдуҳаким билан Абдураҳимнинг ҳам машиналари бор, шаҳарга тушганида улардан бири, кўпинча Абдураҳим уни келтириб қўяди, қайтганида олиб кетади. Абдулазизнинг уйига кирса-кирди, вақти бўлмаса, салом айтиб кетаверади, фермада ишлайди, иши кўп. Қизи Мўмина эри билан кажавали мотоциклда юришади. Қишлоқ олдингидан буткул ўзгарган. Катта йўллар очилиб, иморатлар ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган тусга кираяпти. «Қишлоқ шаҳарга ўхшаб бораяпти» дейишади. Бу тараққиёт, ҳар қадамда имконият — яхши! Лекин қишлоқ қани? Кундан-кун йўқолаяпти. Олдинги на ҳовуз, на кўл, на тўқай. Бу кун атрофда бўрими, тулкими, қуёнми, тошбақами, қирилиб кетаётган аҳволда. Қушлар камайган. Баъзан одамлар, бу йил лайлак келмади, деганини эшитасиз. Дарвоқе, ит билан мушук ҳам ҳовли ёки кўчада олдингидек кўринавермайди. Қисқаси, вақти етиб, Лабиҳовузда Афанди минган эшакни кўрган болалар, бу қандай ҳайвон, деб сўрайдиган кунлар келмайдими?! Тараққиётсиз яшаб бўлмайди. Лекин унинг соясида инсонни оламга, бири-бирига бепарво, кўр ва кар ҳолга солаётган ғафлат ҳам беркиниб ётмаганмикан?! Бу кун қоплондан кийиккача номи «Қизил китоб»га кириб, қўриқхонада сақлангани, эшакдан ит-мушуккача йўқолиб бораётганига уйғун тарзда эртага бутун бошли ўзини асраёлмаган, ҳимоясиз халқлар, миллатлар бирин-сирин йўқолиб кетмайдими?! Эй! Бу куннинг ўзидаёқ Ер юзида…
Муслим бобонинг хаёли бўлинди. Кўчадан бехос қарс этган ўқ овози ва қандайдир шовқин эшитилди.
У безовталаниб, уйдаги омонат шиппакда йўлакка отилди. Ташқарига ошиқди. Йўлак эшигидан чиққанида, совуқ бир манзарани кўрди.
Анвар билан Шаҳлонинг нақ оёқлари остида жилла бурун Муслим бобо деразадан кўрган ит оғзидан қон оқиб узала ётар эди. Афтидан дарахтга сакраб чиққан мушук — баланд бир шохда ярим ўгирилиб пастга бақрайиб қараб турарди. Овқат ерда сочилган эди.
Беш қаватли уйлардан ён томондаги икки қаватли уйлар қаршисида — қўлида ов милтиғи, эгнида яланг кўйлак, аммо бўйинбоғ таққан йўғон бир киши. У болаларга дағдаға қилаётган эди:
— Сенларни неча марта огоҳлантирганман. Бу ерга қутурган ит-мушукни йиғма, деганман.
— Қутурган бу, сен! — деди Анвар.
Хайрият, ўқ болаларга тегмаган эди. Итга эса барибир, ачинасан!
— Қотил! — деди Шаҳло.
— Ўғри! Катта дарахтларни кесдириб, уйингга ишлатганингни ўзим кўрганман.
Муслим бобо невараларига яқинлашди.
— Тўхтанглар! Уйга киринглар! — деди уларга.
Улар бобосига итоат қилиб, бошини эгганича уй сари юрди.
— Сенларни, ҳали ўйнатаман! — орқадан болаларга бақирди йўғон киши. — Айтганимни қиламан. Менга мумкин!
Муслим бобо унга юзланди.
— Зўр экансиз, йигит. Лекин Худодан зўр эмассиз! Бировга жон ато қилолмайсиз! — шундай деб у ҳам невараларига эргашди.
Ғазабдан дағ-дағ титраётган эди. Балки, атрофдаги уйларда яшаган кишилар аксари мусулмон эмасдир. Аммо милтиқ тутган мана бу шахс — аниқ номусулмон.
Булар тўғри-эгри ҳар хил йўл тутиб, шоҳлар саройидек уйлар қургани майли. Эртага боласи яхши яшашини ўйлайди! Тушуниш мумкин. Бироқ буларнинг кўпчилиги барча болалар эртага яхши яшашни ўйламайди-да! Топган-йиққанини милтиқ билан қўриқлайди. Ўз қўрғонига итни ҳам яқинлаштирмайди!
Гуноҳ қилишдан қўрқмайдиган кишилар бор дунёда.
Улар давраларда гўзал-гўзал сўзлайдилар.
Улар кўчаларда, дунёни ўз қўли билан безагандек, хиромон-хиромон юрадилар.
Улар ақлли, истеъдодли. Лекин уларни бир одам ёки бир ҳайвоннинг аҳволи мутлоқ қизиқтирмайди!
Муслим бобонинг кўзи олдида, Анвар ва Шаҳло ёнида, қишлоқдаги неваралари саф чеккандек бўлишди: Аброр, Аҳрор, Наби, Абдукарим, Райҳон, Назокат, Дилноз…
У ўзи каби фарзандлари, невараларига ҳам дунёда яшаш осон кечмаслигини ҳис этди. Хўрсинди.
Ҳазрат Саййид Мир Кулол! Мадад беринг.
Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд! Мадад беринг.