Нодира Содиқова. Марғилон. Наргис кўчаси… (ҳикоя)

Бўёғи кўчиб кетган қатор эшикларни бирма-бир очиб-ёпиб, эндигина иккинчи қаватга кўтарилаётган эдимки, қадамим сустлашди – назаримда, охирги хонада жуда таниш алланимага нигоҳимни уриб олгандек эдим. Вақтим тиғизлигини баҳона қилиб (гарчи вақтим у қадар тиғиз бўлмаса-да) йўлимда давом этавердим. Юқори қаватдан, ниҳоят, керакли одамни топиб, мўлжалдаги юмушни битириб қайтиб тушаётганимда ҳам худди шундай қилишга чоғлангандим-у, лекин иложи бўлмади – биров қўлимдан ушлаб тортди гўё ва ярим соатгина аввал мўралаб ўтганим – йўлак адоғидаги хонага беихтиёр қайта бош суқдим.
Оддийгина хона, қўшниларидан деярли фарқи йўқ – эски-туски ёзув столлари, қалин-қалин папкалар тахлаб ташланган ойнасиз шкафлар… Деворлар яланғоч, деразалар пардасиз… Бу ердаги одамларнинг туси ҳам хонанинг ўзи каби сарғайиб-униқиб кетгандек эди гўё. Ҳар гал «ёзув-чизув идоралари»нинг мана шундай хоналарига кириб қолиб, эринибгина қоғоз қоралаётган ё машинка чиқиллатиб ва ё шунчаки эснаб ўтирган ходимларнинг тажанг, зерикарли қиёфаларига кўзим тушганида, уларнинг бари қорни оч ё уйқуси келаётган, ҳатто боши ёки тиши оғриётгандай бўлиб туюларди ва, рости, ўзимнинг ҳам қорним очиб, уйқум келиб кетарди баъзан… Кимдир, «Хўш, хизмат?» дегандай томоқ қирди. Боядан бери гап-сўзсиз, нуқул аланг-жаланг бўлаётганимдан ўнғайсизланиб, гўё эшикни ёпишга чоғланган кишидек ортга тисарилдим. Кўзим эса кетар жафосига ҳамон олма-кесак терарди. Ҳануз диққатни тортгудай ҳеч нимани илғамагандим, лекин, барибир, хонада нимадир бор эди – кўрмасам ҳам, борлигини сезардим…
Бундай ҳолатни илгари ҳам бошдан кечиргандим… Талабалик йиллари бизни олийгоҳдан сабзавот теримига, Ғазалкентга олиб чиқишганди. Бир куни қизлар билан кийим-кечакларни чайгани анҳор бўйига тушгандик. Қирғоққа чўкканимизда, туйқус, рўпарадаги уйлар оралаб нимадир кўзимга алланечук таниш кўриниб кетди. Атрофга аланглаганим сари шуурим таранглашар, гўё яна озгина, озгинадан сўнг ниманидир топиб оладигандек ва ўша нимадир қайсидир олис хотирани қоронғиликдан тортиб чиқарадигандек эди… Ва шундай бўлди ҳам – кўзим бир-бирига ўхшаш қатор уйчаларнинг қизил тунука томлари оша-оша, ўттиз қадамча наридаги темир кўприкка, кейин ола-була шлагбаум, ундан сўнг шлагбаумчи чолнинг қари чинор остидаги эски кулбасига тушдию… Хотирамда бир нима «ярқ» этди… Эсладим… Шу ўртада бир қариндошимизнинг далаҳовлиси бўларди. Уйдагилар билан бу ерга тез-тез келиб турардик… (Ўша қариндош билан кейинчалик узоқлашиб кетганмиз, шекилли – бу атрофга қадам босмаганимга ўн йиллардан ошганди, ҳар қалай). Кўз ўнгимда ғира-шира манзаралар жонлана бошлади… Ҳув ўша кўприк остида тўлиб оқаётган анҳорнинг ям-яшил сувига қараб ваҳмим келгани… Шлагбаумчи ўрис чол, тепакал бошидан қишин-ёзин дўппи аримайдиган, хиёл қориндор, хушчақчақ қариндошимиз, унинг қора-қура болалари… Далаҳовлидаги кичкинагина ҳовуз, наҳанг шаклидаги чўмилиш балони… («Наҳанг» ҳали ҳам «тирик» – болохонанинг эски-тускилар сақланадиган бурчагида чанг босиб ётарди). Бир гал айнан шу соҳилда кабоб пиширганимиз, «емайман» деб хархаша қилганимда, қариндошимиз, «Бўлмаса, мен еб қўяман», деб «қўрқитгани», кейин онам сихдан чиқариб тутаётган гўштни негадир шоша-пиша оғзимга солганим… Онамнинг ўша пайтдаги калта, гулдор кремплин кўйлагигача хотирладим… Одамзот ўзи қўниб ўтган ерларни узоқ йиллардан сўнг ҳам қандайдир ички сезги ила таниб ола билиши менга ниҳоятда сирли туюлганди ўшанда…
Эшик ёнидаги стол эгаси яна томоқ қирди. Унинг норози тикилиб турганини кўриб эшикни ёпишга шошилдим. Ўша чоғ нигоҳим оқариб кетган полга, сўнг ҳалиги томоқ қирганнинг лой илашган ботинкасига тушди ва бирдан… Кўзимдан ўт чиқиб кетди – топдим! Ахир бу оддийгина кўтарилма – болаларнинг бўйи етсин учун кўпинча бошланғич синфлар хоналаридагина доска тагига қўйиладиган бир энлик «минбар»… Мактаб бўйича фақат бизнинг синфда бор эди шунақаси!
Эшикни зичлаб ёпдиму тутқични ушлаган кўйи туриб қолдим… Атрофимни қоплаган пуштиранг туман оралаб қизғиш-тилларанг ҳалқачалар живирлай бошлади – йигирма йил аввал дарсга кечикиб келган кезларим худди шу эшик ортида, муаллиманинг тошдек нигоҳига рўбарў бўлишдан қўрқиб, дир-дир титраб туришларим ёдимга тушди… Ҳамон тутқични ушлаганча ортга ўгирилдим… Бу ғира-шира йўлакда ҳали-ҳануз ўша олис болалик руҳи кезиниб юргандек эди…
Ташқарига чиқиб юрагим туз сепгандай ачишиб кетди. Бир пайтлар қандайин файзли эди-я, бу ерлар… Боя бу ерга кираётиб, бетон иморатлар қуршовида пастаккина кўриниб қолган мана шу эски, эндиликда бир неча майда-чуйда идоралар жойлашган бино, йигирма йил аввал ўзим ўқиган мактаб экани хаёлимнинг кўчасидан ҳам ўтмаганди. Атроф шунчалар ўзгариб кетган… Таниб бўлмайди-я. Биз ўқиган маҳаллар бу икки қаватли мактаб биноси ён-веридаги энг баланд, энг кўркли бино эди. Теварагида эски-эски уйлар, дарвозаси қаршисида эса мўъжазгина чойхона бўларди… Танаффусларда бошимизга кўтариб қий-чув қиладиган мактаб ҳовлиси, ҳовли этагидаги ажиб беҳизордан асар ҳам қолмабди… Манави ерда беш тийинлик циркуль учи билан қириб ёзилган «дастхат»ларга тўла ёғоч ўриндиқлар бор эди. Яна жажжигина мармар фаввора… Ҳалиги синфхона-чи? У қадар катта ҳам эмас экан – ичидаги бор бўлса бир ўнтача одами билан у жуда тиқилинч – тирбанддек кўринганди кўзимга…
Биз эса қирқ иккита эдик.
Бизга синфхона бағоят кенг ва ёруғ бўлиб туюлганди…
…Парталардан янги бўёқ иси анқирди… Синф сув қуйгандек жим – кейинчалик фақат диктант пайтларидагина чўкарди бундай жимжитлик… Мактаб ҳовлисидаги тантанали нутқдан сўнг ота-оналаримиз бизни «1Б» деб ёзилган байроқча кўтариб олган ўртабўй, икки ўрим сочи ерга тегай-тегай деб турган аёлга топширганларида ғала-ғовур қилиб турган болалар бирдан жимиб, қўрқиб-писиб қолгандик – аёлнинг чеҳраси бизга ниҳоятда қаҳрли кўринган, эҳтимол, ўша ондаёқ барчамизнинг кўнглимизда ўзига нисбатан ғалати бир итоаткорлик уйғотганди.
– Мана шу хона – синфимиз, – деганди бизни эргаштириб келган аёл йўлак адоғидаги хонага етганда. – Дарсларимиз ҳар куни шу ерда ўтади. Адаштирманглар.
Муаллиманинг овози унутиб бўладиган овозлардан эмасди. У доим юмшоқ товушда, дона-дона қилиб сўзлар, лекин ифодаси ҳар вақт қатъий чиқарди .
Синфга киргач, муаллима ҳаммамизни ўғил бола-қиз бола қилиб парталарга жойлаштирди. Фақат кўзойнак таққан битта қизчага шерик етмади.
– Сен ҳозирча бир ўзинг ўтира тур, – деб муаллима уни биринчи қатордаги партага ўтқизди (кўзойнаги боис, шекилли). Мен ва юзини сепкил босган шеригимга кўзойнакли қизнинг ортидаги парта тегди. Сўнг муаллима синф журналини очиб, йўқлама қила бошлади. Бирма-бир туриб-ўтирдик.
– Миркомилов Исмоил, – шу исм айтилганидагина ҳеч ким жавоб бермади.
– Миркомилов Исмоил! – такрорлади муаллима синфга кўз югуртираркан.  – Борми шундай бола? – Яна ҳеч кимдан садо чиқмагач, журнални четга суриб, ўрнидан турди. Доска ёнига келиб, қўлларини қовуштирди ва бирдан бу тийрак кўзли аёлнинг овози ўзгача жиддий тус олди:
– Болалар, бугун биз сизлар билан биринчи дарсимизни бошлаймиз. Биринчи дарсимиз…
Худди шу пайт эшик тарақлаб очилиб, синфга ўзидан ҳам каттароқ папка орқалаган, жингалак сочли, қоп-қора, пак-пакана болакай ботинкаларини дўпиллатиб кириб келди. Кирдию муаллимани кўриб таққа тўхтади. Бир зум дум-думалоқ кўзларини пирпиратиб турди-да, сўнг бийрон овозда сўраб қолди:
– Бу «1Б»ми?
– «1Б», – деди муаллима болани бошдан-оёқ кузатаркан. – Ўзинг ким бўласан?
– Миркомилов Исмоил! – деди бола алоҳида урғу билан, гўё жуда муҳим хабарни айтаётгандай.
– Хўш, Миркомилов Исмоил, нега кеч қолдинг?
Қоравой айбдорларча ер чизди.
– Бир ўзинг келдингми?
– Ойимла билан! – яна жонланди у.
– Ойинг қанила?
– Уйга кеттила.
– Нега синфгача опкириб қўймадила?
– Э-э, ман нима, кишкина бохча боламамми?
Муаллима кулиб юбормаслик учун лабини тишлади.
– Майли, катта бола, иккинчи кеч қолмагин. Хўпми? – Сўнгра ҳалиги кўзойнакли қизнинг ёнига ишора қилди: – Манави ерга ўтир, сенинг жойинг шу.
Бироқ қоравой «манави ер»га ўтиришга шошилмади. Бир муаллимага, бир пешонасига битилаётган шеригига қараб олиб:
– Ман ўтта ўтирмийман, – деди.
Юзига ўзгача жиддий тус берган муаллиманинг капалаги учиб кетди.
– Ия, нега ўтирмас экансан?
– Ўтиргим кемиёпти.
– Қатта ўтиргинг кевотти, бўмаса? – мийиғида жилмайди муаллима.
– Маву чиройли қиззи ёнида, – бола қўлини бигиз қилиб мени кўрсатган заҳоти юрагим қинидан чиқиб кетаёзди.
Энди муаллима кулгисини тия олмади.
– Бу чиройли қиззи шериги бор, – деди ёшланган кўзларини арта-арта.
– Ўша шериги машўтта ўтирсин, – деди болакай кўзойнакли қизнинг партасини кўрсатиб.
– Қизиқ бола экансан-ку, – муаллима дарров жиддий тортди. – У ўзини жойида ўтирибди. Сан ҳам ўз жойингга ўтир.
– Ўтирмийман!
Боланинг бетгачопарлигидан бу гал муаллиманинг росмана жаҳли чиқа бошлади.
– Ўтирасан, – деди у эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Ўтирасан.
Болакай билан муаллима бир неча дақиқа бир-бирларига тикилиб қолишди… Уч йил давомида бизга сабоқ берган бу талабчан муаллиманинг мана шу тарзда тикилиб қарашларидан ҳар гал жоним товонимга сидирилиб тушгудай бўларди. Лекин жингалаксоч болага бу ҳам таъсир қилмади. У хўмрайганча ортга чекиниб, муаллиманикидан-да қатъийроқ овозда:
– Ўтирмийман, – деди. – Ўтирмийман дидимми, ўтирмийман. Йўмаса, бу маҳтабга бошқа кемийман. – Бола «гап тамом, вассалом» дегандай баҳайбат папкасини қучоқлаб олди.
Муаллима шифтга боқиб, оғир «уҳ» тортди. Бу ўжар билан тортишиб обрў топмаслигини сездими ё шунчаки гапни кўпайтирмай тезроқ дарсини бошлагиси келдими, ишқилиб, сал ўйланиб тургач, менинг сепкилли шеригимга олдинги партага ўтишни буюрди. У ҳали ўрнидан қўзғалмасидан, жингалаксоч пилдираб келиб «қани, тезроқ жойни бўшат» дегандай тепасида туриб олганди. Сепкилли елкасини қисганча олдинги партага ўтди, кўзойнакли қиз бурнини жийириб, мен томон ўқрайиб қараб қўйди.
Муаллима, ниҳоят, дарсини бошлади. Зўравон шеригим муаллимани жуда диққат билан, берилиб тингларди. Уни роса сергап бўлса керак деб ўйлагандим, йўқ, танаффусга қадар менга қайрилиб ҳам қарамади. Қўнғироқ чалиниб, муаллима ҳаммани шерик-шериги билан қаторга тиза бошлаганида қоравой шартта қўлимдан ушлади-да, қаторнинг бошига судраб кетди. Муаллима унга бир норози қараш қилди-ю, лекин ҳеч нима демади.
Ҳовлига чиққанимиздагина менинг митти шеригим илк бор гап қотди, яна қанақа гап денг:
– Сан йийишга нима опкелдинг?
Онам исмим ёзилган алоҳида сурп халтачага нон, ҳовлимиздаги узумдан бир бош солиб берганида. «Омийман, ҳаммани олдида йийишга уяламан», деб хархаша қилгандим. Мактабга егулик кўтариб келиш жуда хижолатли ишдек туюлганди менга. Лекин миттивойнинг сўровидан кейин бунинг уяларли ери йўқлигини сезиб, кўнглим анча жойига тушди.
– Узум… – дедим.
– Узумми?! – қувончдан ирғишлаб юбораёзди у. – Ман узумми росали яши кўраман. Қанақа узум – оқми, қорами?
– Қизил…
– Қизилиям яхши. Ман варақи сомса опкегамман. Кўп. Яна адам қирқ тин берганла, ҳали уйга кетвотканда марожни об йийвуз. Бўптими?
Бу паканагина боланинг қўли очиқлиги дарҳол менга ҳам «юқди».
– Манда иккита канфет бор, – дедим шоша-пиша, – сан канфетти яхши кўрасамми?
– Канешна, – деди бола менинг ҳам гапга қўшилаётганимдан суюниб. – Ҳали котта танаффусда йийвуз. Хўп? Сани отийн нима?
– Нодира… – дедиму юзим ловуллаб ёниб кетди – исмимдан уялардим, назаримда, у жуда ғайриоддий ва худди «трактор» дегандай қўпол талаффуз қилинарди.
Қоравой узоқ ўйланиб қолди. Мушкул бир ниманинг устида бош қотираётгандай кўзларини қисиб туриб:
– Нодира бўса, яхши, – деди, ниҳоят. – Нодирага хиш қанақа лақам йў. Мастур бўсайн, албастр дийишади, Ақи бўсайн – қоқи, Сурайёни сарё, Марҳаматти самакат… – Бола бирпасда қатор-қатор лақабларни тахлаб ташлади. – Бохчада ҳаммага ўзим лақам қўярдим, – деди гердайиб. – Мани отим Исмоил. Мангаям ҳиш қанақа лақам йў.
Қўнғироқ чалинди, ҳаммамиз яна саф тортиб синфга кирдик. Исмоил билан дўстлигимиз шу тарзда бошланди…
Аввалига Исмоил ҳам, мен ҳам унча яхши ўқимадик. Лекин чоракнинг охирида онам дарсларимга жуда қаттиқ турди, натижада иккинчи чоракка келиб синфнинг энг аълочи ўқувчисига айландим. Муаллимамиз ҳадеб мени мақтайверишларига Исмоилнинг сал ғайирлиги келдими, бирдан у ҳам дарсларга зўр берди. Мен каби тез ўқишга уриниб жумлаларни чала-чулпа, нотўғри талаффуз қилар, муаллима қайта-қайта тўғрилаб ўқишга мажбурлайверганидан қора терга тушиб кетарди. Ёзувда-ку Исмоил қаттиқ оқсарди, фақат учинчи чоракнинг ўрталарида зўрға «4»га илинганди. Лекин ҳисоб дарсида Исмоилнинг олдига тушадигани йўқ эди. Бериладиган масала-мисолларни ҳам бир зумда ечиб ташлар; муаллима бирор саволни ўртага ташлаб, «Қани, ким жавоб беради?» деганида бошқа ўқувчилар ўтирган жойларида қўл кўтарсалар, Исмоил кўтариғлик қўли билан муаллиманинг столига етиб қоларди. Бироқ Исмоилнинг муаллимамиз кўпроқ мақтаб, ҳаммага намуна қилиб кўрсатадиган томони унинг жуда тартибли, озодалиги эди – ёқа-енглари доимо оппоқ юрар, папкасида барча керакли нарсалар – чизғич, ўчирғич, босма қоғоз, циркуль, рангли қаламлар, сиёҳ тортилган қўшимча ручка, ҳатто бўргача ҳамма вақт тахт турар, китоб-дафтарларининг топ-тоза жилди, ручкасининг эса ғилофи бўларди. Биз дафтар бетларининг четига ҳошия чизишимиз шарт эди, Исмоил ўзи қийшиқ чизиб қўйишдан қўрқиб, менга ҳошия чиздириб оларди. Синфимизда ёнида дастрўмол олиб юрадиган ягона ўғил бола ҳам ўзи эди, шекилли.
Ўғил болалар кўпинча қизлар билан дўстлашишни эп кўришмайди, ҳатто улар билан гаплашишни уят деб билишади – балки, бошқа болаларнинг масхаралаб кулишидан чўчишар. Қизлар ҳам шунга ўхшаш. Масалан, менинг ўзим ҳам баъзан Исмоил иккимиз тушлик қилгани буфетга бирга кирганимизда бошқа болаларнинг масхараомуз қараб турганини кўрсам, жуда ёмон уялиб кетардим – гарчи буни сездирмасликка уринсам-да. Лекин Исмоил буларга сира эътибор бермасди. Қор ёға бошлаганида болалар қорбўрон қилмаслиги учун мени катта йўлгача кузатиб қўядиган бўлганди…
Болаликда қиш ўзгача эди, назаримда – қор кўпроқ ёғармиди, қиш ҳам узоқроқ давом этармиди-ей… Бизнинг уй шундоқ катта йўл бетида жойлашганди. Мактабдан қайтаётиб уйимиз мўрисидан бурқсиб чиқаётган тутунни кўрар ва ҳозир иссиққина уйга киришимни ўйлаб, ич-ичимдан ёқимли жунжикардим. Уйга киришим билан онам дарров кийимларимни алмаштириб, печка ёнига ўтқизарди. Синглим Винни-Пух суврати бор папкамни жуда яхши кўрарди – папкани ерга қўйган заҳотим севиниб эмаклаб келар, ўзича чуғурлаб уни у ёқдан-бу ёққа ағдариб кўрар, очишга уринар, бир иш чиқмагач, яна чуғурлаб қаерларгадир эмаклаб кетарди. Кейин учовимиз ўтириб тушлик қилардик… Ё Парвардигор, қандайин осойишта, фароғатли дамлар эди… Ўша печка, катак-катак қалин дастурхон, шиша сариёғ идиш… Тўқ сариқ ранг оғир дарпардалар бор эди. Уларни икки ёнга суриб қўйиб, деразадан қор ёғишини томоша қилардик. Қор тингач, дадам чопонига ўраниб олиб қор курар, дум-думалоқ митти кучугимиз унинг атрофида айланиб вовуллар, қорга ботиб-ботиб қоларди.
У кезлар байрамларда ҳам ўзгача тароват бўларди. Мен ҳаммасидан ҳам Янги йил байрамини яхши кўрардим. Бизни аввал каттакон арча ясатилган залга олиб кириб Янги йил томошасини кўрсатишган, кейин қўғирчоқ театри… Охирида қорбобо ҳаммамизга совға улашганди. Арча ўйинчоқлари тасвири туширилган қоғоз халталардаги совға бир дона олма, бир дона апельсин, вафли, беш-олтита ёнғоқ, попуклар ва битта кичикроқ шоколад конфетдан иборат эди. Исмоил икковимизнинг сабримиз чидамай совғаларни йўлда очиб кўргандик… Уйга келиб, кечгача фақат байрам ҳақида танмай гапирганимни эслайман. Нималарни гапиргандим? Нималарни шунча узоқ ҳикоя қилиш мумкин эди…
Қишнинг охирларида мен шамоллаб қолиб, ўн кунларча мактабга боролмадим.
Ташқарини томоша қилиб ётишим учун каравотимни дераза қаршисига қўйиб беришди. Гоҳ учқунлаб, гоҳ паға-паға бўлиб ёғаётган қорни кузатганча мактабни, синфдошларимни ўйлар эканман, яқинда рўй берган бир воқеа тез-тез эсимга тушиб, таъбимни хира қиларди…
Касал бўлмасимдан бир ҳафта бурун она тилидан диктант ёздик. Икки кун ўтиб муаллима баҳо қўйилган дафтарларимизни тарқатганида ҳар галгидай оғзимнинг таноби қочиб дафтаримни очдиму… Сўррайиб турган баҳайбат «икки»ни кўриб, эсим чиқиб кетди… Диктантда атиги битта, бир донагина, лекин кечириб бўлмас хато ўтганди. Даҳшат… «Владимир Ильич Ленин»нинг ўрнига… «Дладимир Ильич Ленин» деб ёзиб қўйибман… («В» билан «Д»нинг бошланишидаги ўхшашлик чалғитди, шекилли.) Муаллима доскага чиқариб, бутун синф олдида роса пўстагимни қоқди (ўшанда баъзи қизларнинг бундан ошкора севинганлари, «ажаб бўлсин» дегандай менга қош учириб-учириб қўйганларини эсласам, ҳали-ҳали ижирғаниб кетаман). Йиғламоқдан бери бўлиб турарканман, бу аянч аҳволимни, ҳар қалай, Исмоил кўрмаётганига шукр қилардим – ўша куни у тиш олдиргани бориб, дарсга келмаганди.
Томошанинг каттаси эса мактабдан қайтишда юз берди…
Мендан анча олдинда югуриб кетаётган иккита синфдош қизга кўзим тушганди. Сал туриб бундоқ қарасам, қизлар тўғри уйимиз томон кетишяпти! Ниятларини пайқадиму, ғазабдан қичқириб юборишимга оз қолди – улар «икки» олганимни онамга «суюнчилаш» учун ошиқишарди!
Мана бунақасини сира кутмагандим… Тўғри, мени ёқтирмасликлари ва бунинг сабабини ҳам билардим – уларнинг бири – ҳув ўша кўзойнакли қиз, азалдан менда «хусумати» бор, иккинчиси ҳам синфнинг энг қолоқ қизларидан – мен эса «аъло»чи эдим, лекин энг муҳими – уларга рогатка отиб, сочларидан тортадиган «хулиган» болалар Исмоил туфайли менга «чурқ» этишолмас ва бу, албатта, қизларнинг ғашига тегарди. Бир мартагина қоқилганимдан бу даражада қувонишлари, бу ҳам етмагандек, ўлганнинг устига тепгандай иш қилаётганлари… Тишимни ғижирлатиб, ортларидан чопдим. Қорга думалатиб, тепкилайдиган важоҳатим бор эди. Бироқ қизларга етолмадим… Катта йўлдан ўтгунимча ярамаслар аллақачон эшигимга борволиб, жон ҳолатда дарвозани муштлашаётганди. Йўлдан югуриб ўтдиму қўлларим шалпайиб тушди – дарвоза очилиб, онам пайдо бўлди, чақимчилар дарров бирлари олиб, бирлари қўйиб, қош-кўз, оғиз-бурунларини бараварига ишлатиб, завқу шавқ билан «хушхабар»ни етказиша бошлади… Мен томон тез-тез ғолибона қараб олишарди. Лекин шу пайт ҳеч кутилмаган воқеа содир бўлди: онам қўлини белига тираб, бирдан қизларни шунақанги қарғаб берди, шунақа қувиб солдики! Дастлаб анграйиб қолган чаққонойлар тирақайлаб қочишга тушишди, мен севинганимдан турган жойимда сакраб, чапак чалиб юбораёздим. Қандай ажойиб иш бўлди, қандай ажойиб онам бор-а, боплади уларни, роса боплади! Энди мени қанча уришса уришаверсин!
Лекин онам мени уришмади. Фақат нега «икки» олганимни сўради. Сабабини айтдим. Икковимиз қотиб-қотиб кулдик…
Эртасига Исмоил чақимчиларнинг таъзирини берди. Танаффусда обдан қорбўрон қилди. Сўнг ҳафсала билан лақаб ёпиштирди – кўзойнакли қизга «телескоп», бошқасига лабининг устида билинар-билинмас «мўйлаб»и бўлгани учун «Чапаев». Бу лақаблар мактабни битиргунларига қадар Исмоилдан «эсдалик» бўлиб қолаверди…
Деразага тикилиб хаёл сура-сура бир пайт қарасам, ойнага бурнини тираб Исмоил турибди! Қўлида менинг бақалоқ кучугим. У кучукни кўрсатаб нималардир дерди, лекин нима деётганини яхши илғолмасдим – қулоғимга узуқ-юлуқ чалинган сўзлардан кучугимни мақтарди, чоғи – қоп-қора тугмачадай бурнига чертиб кўрар, кўзига тушиб ётган «соч»ларини тўзғитиб-тўзғитиб ташлар, панжасидан сиқиб, ўзича «саломлашган» бўларди… Ошхона тарафдан онам кўринди. У ҳайрон бўлганча Исмоил томон юриб келарди. Кейинчалик онамнинг айтишича, «Ҳей бола, сан кимсан?» деб сўраганида, «Ман Исмоилман», дебди. «Қанақа Исмоил?» деса, бирам хафа бўлиб кетибдики… Мен ҳақимда уйидагиларга гапириб берган, «Исмоилман» десам бўлди – дарров танишади деб ўйлагандир-да. Шунинг учунми, онам уни уйга бошлаб кирганида бироз тумтайиброқ турарди. Томоғимга ўралган қават-қават докани, каравотим ёнидаги дориларни кўриб раҳми келди, шекилли, авзойини ўзгартирди.
– Манави яхши бола сандан хабар огани кепти, – деди онам унга пўстинини ечишда кўмаклашаркан. – Қандоғ яхши ўртоғинг боракан-а, ман мактабда ўқиган кезим касал бўганимда даже қиз ўртоғларим келиб кўришмаган. – Онам Исмоилга стулча қўйиб бериб, ўзи ошхонага чиқиб кетди.
Исмоил уй кийимида эди. Демак, мактабдан сўнг аввал уйига ўтган. Онам чиқиши билан у шоша-пиша:
– Ўқитувчувзаям касал бўп қолдила, кемиёптила, – деди. – Ҳар куни Шопиёз (у пионервожатый Шониёз акага шундай лақаб ёпиштирганди) бизага қараб ўтирипти. Дарс ўтмийди, пақат эртай этиберади. Мазза бўвотти…
Бу хабарни эшитиб менга ҳам роса «мазза бўпкетти». Жуда соз – дарслардан ортда қолмайман энди. Шундай «қувончли» хабарни етказганидан Исмоилнинг ўзи кўпроқ хурсанд эди. Бирдан у «дик» этиб турдию, «Ман ҳозир», деганча даҳлизга чиқиб кетди. Қайтиб кирганида қўлида ғижим-ғижим қоғоз пакет бор эди.
– Эсимдан чиқий дипти, – деди пакетдан ярим литрли қизғиш банкани оларкан.  – Нима оборий дувдим, опам, «Шомоллаган бўса, малина мураббо оборақо, чой қип ичса, тузалади», дидила.
Тоза изза бўлдим… Ахир Исмоилнинг ўзи бетоб бўлганида уйига бориб кўришни хаёлимга ҳам келтирмагандим-да. У эса касал кўрганда бирор нима олиб боришнинг фаҳмига етган. Ҳатто, буни онаси билан маслаҳатлашган ҳам. Кейин шу совуқ, шу қорда атайин аллақанча йўл босиб келган… Қанақа бола бу – Исмоил!
Ўша куни у ярим соат ҳам ўтирмади. Адашмасам, дадаси «Бирма эртаклари» деган китоб келтиргани, ҳозир уни акаси ўқиётгани, ўқиб бўлиши билан менга бериб туришини айтди. Кейин кеча телевизорда кўрсатилган «Уч бақалоқ» фильми ҳақида гаплашдик. У синфимиздаги бир «аъло»чи болага «доктор Каспар» деб лақаб қўйганини айтиб кулдирди…
– Қандоғ одобли бола экан-а? – деди ойим Исмоил кетгач. – Одамла билан салом-алик қилишши шу боладан ўргансайн бўларкан.
Исмоилдан яна кўп нарсани ўрганса бўларди…
У пайтлар менинг жуда ёмон одатим бор эди – дастрўмол, шарф, қўлқоп деган нарсаларни доим йўқотиб юрардим. Ўша қиш ҳам бирин-кетин икки марта қўлқоп йўқотиб, буни онамга айтишдан қўрқиб, мактабга қўлқопсиз қатнаётгандим. Қўлларим яхшигина совуқ ерди. Сўнг Исмоилдан бир фикр чиқди – у ўзининг қалин, тўқ сиёҳранг қўлқопнинг бир пойини менга берди. Қўлқопли қўлимизга папка кўтариб, қўлқопсизини чўнтакларимизга солиб оладиган бўлдик. Шу тарзда Исмоилнинг бир пой қўлқопи қиш бўйи қўлимни совуқдан асради…
Ўша йили март ойида ҳам жуда кўп қор ёғди. Мактабдан қайтаётиб Исмоил билан ҳали биров босиб ўтмаган тоза қорли ерлардан юришни, кейин ортга ўгирилиб, қорда қолган этик изларини томоша қилишни яхши кўрардик. Исмоилнинг этигидан думалоқ-думалоқ, меникидан эса йўл-йўл излар қоларди…
Баҳор жуда тез ўтиб кетди. бизни «октябрят»лар сафига ўтказишди. Биз мактаб ҳовлисида қатор тизилишиб турардик. Алвон байроқ кўтарилган, ўн-ўн бешта юқори синф ўқувчилари дўпиллатиб барабан чалишди. Илмий мудирнинг нутқидан сўнг қизлар кўксимизга беш қиррали юлдузчаларни тақиб қўйишди. Баҳор шабодаси бирам илиқ, бирам ёқимли эдики…
Йиллик баҳоларимиз якунланиб, китобларни кутубхонага топшира бошладик. Олдинда биринчи ёзги таътил кутарди. Ота-онам мени лагерга жўнатишни мўлжаллашар, Исмоил эса оиласи билан Фарғонанинг қайсидир қишлоғига кетаётганди (дадаси ҳарбий бўлгани боис хизмат юзасидан узоқ вақт Фарғонада яшаган; Исмоиллар таътилни кўпинча ўша ерда ўтказишар экан).
Сўнгги қўнғироқ куни Исмоил билан охирги марта бирга музқаймоқ олиб емоқчи бўлдик. Менда ўттиз тийин, Исмоилда бир сўмлик сўлкавой бор эди. Бироқ музқаймоқ дўконининг худди ўша куни берк чиққани ҳафсаламизни пир қилди. Икковимиз ҳам тумшайишиб тургандик, бирдан Исмоил дум-думалоқ қўзларини чақнатиб:
– А давай, Собирга боравуз? – деб қолди (Собир Раҳимов номли истироҳат боғини биз «Собир» дердик; у ерда музқаймоқ ҳамма вақт топиларди).
Боғ унчалик узоқ эмасди, лекин шу пайтгача у ерга катталарсиз бормагандим.
– Йўмаса, сан шўтта тур, ман югуриб бориб опкеламан?
Унинг қатъиятини кўриб менинг кўнглимда ҳам «хатарли саёҳат шавқи» уйғонди. Пилдираганча боғ томон йўл олдик…
Аксига олиб, у ерда ҳам музқаймоқ йўқ экан. Аммо Исмоил қуруқ қайтадиган анойилардан эмасди. Лимонад ичиб, боғдаги арғимчоқларда учиб кетишни таклиф қилди.
Арғимчоқларни бирма-бир кўздан кечирди, пулини чамалаб кўрди. Охири, гоҳ тепаликка ғизиллаб чиқиб, гоҳ пастга ғувуллаб тушадиган «поезд» билан тегирмон чархпалагини эслатувчи баҳайбат арғимчоқни танладик. Аммо чархпалак юрагимга чинакам даҳшат соларди – бир марта унга дадам билан чиқиб роса таъзиримни егандим. Чархпалакнинг энг тепасига кўтарилганда нафақат ён-вери, бутун Хадра бемалол кўринар, одам пастга қараб қолса борми, ўтакаси ёрилиши ҳеч гап эмасди.
Бироқ қўрқаётганимни Исмоилга билдиргим келмади. У мени аслимдан кўра яхшироқ деб ўйларди, агар уйда баъзан катталарга гап қайтаришим, эрталаблар кўпинча ўрнимни йиғиштирмай кетиб қолишим, онам яшириб қўйган конфетларни еб битиришимни билиб қолса мен билан сира дўстлашмайдигандек эди. Ундан ҳатто сиёҳ теккан бармоқларимни беркитишга ҳаракат қилардим.
Арғимчоқ секингина айлана бошлади… Исмоил пинагини бузмас, мен бўлсам аллақачон дир-дир қалтирашга тушгандим. Сал юқорилаганимизнинг ўзидаёқ атроф яққол кўриниб қолди… Боғнинг қоқ белидан каттакон анҳор оқиб ўтарди, тепадан қараб ўша анҳор «Оталар чойхонаси»га етгач, зинапоясимон шаршарага айланиб, кичкинагина кўлчага қуйилишини кўрдим. «Кўл»нинг бир томони ям-яшил қия тепалик, қирғоқда эса катта-катта оқ харсангтошлар бор эди. Бошқа томони теракзор, ортида уч-тўртта жуда эски, девор билан ўралмаган кулбалар кўринарди. «Кўл»дан кейин сув ингичка тортиб, чакалакзор ичига оқиб кетаркан… Бу боққа шунча келиб, бунақа жой борлигини билмагандим. Болаликда яхшигина хаёлпараст эдим, дарров «фантазия»м ишлаб кетди – «кўл» бўйини ўзимча аллақандай сеҳрланган мамлакат деб тасаввур қилдим. Теракзор ортидаги кулбаларда, шубҳасиз, эртак қаҳрамонларига монанд кишилар – ўчоққа олов ёқиб, чарх йигириб ўтирадиган вайсақи ялмоғиз кампир, кўза-обкашларини кўтариб сув бўйига келувчи камбағал сулув қизлар, етим ўтинчи бола ва албатта, минг ёшдан ошган сеҳргар яшарди, кўлда эса, табиийки, сув парилари…
Бу боққа кейинчалик ҳам дугоналарим, уйдагилар билан кўп бор келдим. Ҳар гал ўша кўл бўйини яқинроқдан бориб кўргим келар, лекин бир ўзим боришга негадир юрагим бетламасди.
– Қаёққа анқайиб қолдийн? – Исмоилнинг овозидан чўчиб тушдим. Ва ногоҳ пастга қарадиму… Қулоғим шанғиллай бошлади – биз жуда баландлаб кетгандик… Сал бўлмаса, Исмоилга нималар ҳақида ўйлаганимни айтиб юборардим. Лекин тилимни тийдим ва фақат:
– Қара анави шаршарани, – дедим ўша томонга ишора қилиб.
– Қайси шаршара?.. – Исмоил катталардек кафтини пешонасига соябон қилиб, мен кўрсатган тарафга қаради. – Ве-е, шуям шаршара бўптию… Фарғонага бормагансан-де, ростакам шаршарала бор. Кўрсайн, озийн очилиб қолади… – Исмоил Фарғонасини тасвирлай кетди, гап ораси у ердан менга хат ёзиб жўнатишини айтганида бир ғалати энтикдим… Шу пайтгача ҳеч ким билан хат ёзишмагандим. Бу менга худди детектив кинолардагидек қизиқ туюлди…
Ўша куни ҳам Исмоил мени машина йўлигача кузатиб қўйди. Иккимиз икки ёнга қараб ёзги таътил қаърига шўнғиб кетдик…
Лагерда мен ўн кун ҳам туролмадим – у ерда нуқул ўрис болалар экан. Ўзбекларнинг ҳам аксари ўрис мактабларидан эди. Доим ўрисча гапиришарди. Уларга қўшилолмай, лагери ҳам кўзимга хунук кўриниб кетди. Дадам ҳар келганида хархаша қилавериб, охири уйга қайтиб келдим. Лагерь деган жойга қайта қадам босмадим. Ёзнинг қолган қисми гоҳ уйда, гоҳ амма-холаларимникида ўтди… Почта қутисига қарайвериб эсим кетарди, лекин Исмоилдан бирор марта хат олмадим…
Биринчи сентябрь куни ҳаммамиз яна мактабга келдик… Фақат Исмоилгина келмади. Мен уни шунчаки кеч қоляпти деб ўйлагандим, лекин муаллима дарс бошида йўқлама қила туриб, Исмоил энди бизнинг мактабда ўқимаслиги, оиласи билан Марғилонга кўчиб кетганини айтди…
Мактабда менинг оғир кунларим бошланди. Энди ўғил болалар менга ҳам рогатка отиб, юзимга сиёҳ сачратишар, танаффусларда папкамни яшириб қўйишарди. Қизларнинг-ку куни туғди – энди ҳимоячим йўқлигига ишора қилгандай тез-тез кесатиқ гаплар билан «чақиб» олишарди. Доскада жавоб бераётганимда адаштиришга уриниб бири бурнини қийшайтириб, тилини чиқазса, иккинчиси, «Вой, Исмоо-иил», деб тагдор «уҳ» тортар, яна бошқаси, «Исмоо-илу-увв!» деб «йиғлаб» юборарди… Менга ҳам дарров ҳар хил бўлмағур лақаблар тўқиб ташлашди, лекин Нодирани «чодра-Хадра» дейиш, ҳар тугул, ҳеч кимнинг хаёлига келмади…
Исмоилни сира кечиролмасдим – аҳвол шундай экан, нега хат ёзиб айтиб қўя қолмади? Манзилимни биларди-ку, кундалик дафтарининг орқасига ёзилганди… Ё кундалигини йўқотиб қўйдимикан? Ё… хат ёзган бўлса ҳам, етиб келмадими?.. Уйимизда телефон йўқлигига шундай ачинардим… Агар ўзим унинг Марғилондаги манзили ё телефонини билганимдами?..
Баъзан Исмоил тушларимга кирарди… У кўпинча катта йўл бетида туриб менга қўл силкиган кўйи: «Ҳей, адресимни ёзвол!» деб қичқираётган бўларди, мен қоғоз-қалам олиш учун папкамни очишга уринардим, у эса ҳеч очилавермас ё эндигина ёзишга чоғланганимда… уйғониб кетардим… Фақат бир марта «Марғилон, Наргис кўчаси…» деганини ёзиб улгурдим. Тушлар ғалати нарса-да – Марғилонда Наргис кўчаси бормикан ўзи?..
Бир гал эса жуда ёмон туш кўрдим. Гўё ўша биринчи сентябрь куни эмишу қоп-қора кийинган муаллима: «Болалар, Фарғонадалигида Исмоилни машина уриб кетибди», деётганмиш… Уйғониб, юрагим сим-сим увиша бошлади – гўё воқеа аслида ҳам шундай бўлгану муаллима буни биздан беркитгандай… Исмоилдек тартибли, доим сўзида турадиган боланинг ваъда бериб, кейин хат ёзмагани… Гоҳида буни муаллимадан сўраб кўрмоқчи ҳам бўлардим-у, яна юрагим бетламасди   – агар у, «Ҳа, ростдан ҳам шундай бўлганди», деб қолса нима қилардим?
Кейин эса синфдош қизлардан бири Исмоилни «Болалар дунёси»да ота-онаси билан бирга кўрганини айтди…
Тўртинчи синфда бизни мактабнинг асосий биносига, юқори синф ўқувчилари ёнига ўтказишди. Қизиқ-да, эски мактабда ўқиган кезларимиз қайси қиз сочини қандай ўргани, кимнинг қанақа пўстин кийгани, қанақа папка кўтаргани; баъзи синфдошларнинг қилиқларигача ҳали-ҳануз ёдимда. Масалан, Дилшод деган «икки»чи боланинг хаёл суриб ўтира-ўтира бирдан: «А? Нимани кўчириб оларканмиз?» деб қолиши, ўшандаги жовдираган кўзлари… Маҳфуза исмли қизнинг доим ниманидир кавшаниб юриши, унинг партадоши Миржамолнинг юз-қўллари доим сиёҳ бўлиши… Лекин катта синфлардаги қиёфалар ниҳоятда ғира-шира… Ҳатто қайси фандан ким, қачон дарс берганини дуруст эслолмайман…
Мактаб йиллари ҳам «ҳаш-паш» дегунча ортда қолди… Кейин… Кейин вақт ғириллаб айланиб кетди гўё… Ва айланиб-айланиб қоронғи бир кечада тўхтади. Кеча изғиринли эди, бўралаб қор ёғарди. Дарвоқе, бу пайт мен дорилфунуннинг охирги босқичида ўқирдим ва яна кечки курсларга қатнаб, инглиз тилини ўргана бошлагандим. Азбаройи ҳавасдан эмас, ҳаёт шунга мажбур қилаётганди. Бу даврга келиб турмуш ниҳоятда оғирлашиб кетган – қимматчиликдан кишиларнинг маоши озиқ-овқатга-да учма-уч етмаётган, кимларнингдир уйида баъзан нонга ҳам пул топилмай қолаётган – бозор иқтисодига ўтишнинг энг қийин палласи эди, хуллас… Кун кўриш дардида ҳамма ҳар ёққа тўзғиди – ўқитувчилар, врачлар ишини ташлаб, ўзини савдога урди, доцент, профессорлар турли фирмаларга ўтиб кетди.
Ёшларга, талабаларга, айниқса, қийин бўлди. Мисол учун, мен ва курсдошларим кечагина, «ўқишни битириб, бирор газета ё журналга ишга кириб олсак, яхши-яхши мақола, шеър, ҳикоялар ёзсак маошимизу қалам ҳақига фаровонгина яшайверамиз…» деб юрардик. Бирпасда ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди…
У ёғига нима қилишни билмай бошимиз қотиб, охири уч-тўртта курсдошлар инглиз тилини ўрганмоқчи бўлдик. Ўша кезлар шаҳримизда кўплаб хорижий давлатларнинг элчихона, консулликлари очилиб, катта-кичик фирмалар, қўшма корхоналар ишга тушаётган – инглиз тилидан таржимонлар, тил билган мутахассисларга талаб ошганди. Иқтидорли талабалар АҚШ университетларига ўқишга юборила бошлаган – тил билганларнинг имконияти анча кенг эди.
Дарсларимиз кечки соат бешда бошланар, қиш эмасми, уйга қайтаётган маҳалим қоронғи тушиб кетган бўларди. Ҳа, ўша кунги вазиятим чиндан ҳам жуда бемаъни – уйдан чиқаётиб шошганимдан ёнимдаги пулни санамабман, чўнтагимга қўл суққанимда бир сиқим қоғоз пул илинганди, йўлкирага етар деб келаверибман. Қайтишда трамвайга чипта олмоқчи бўлиб қарасам, бештагина бир сўмлик қолибди. Чипталар уч сўмдан эди. Агар ҳозир трамвайга тўласам, кейин ҳолимга «вой» – уйгача яна иккита транспорт – метро билан троллейбусга ўтиришим керак. Аввалгидек чипта текширувчининг кўзини шамғалат қилиб бўлмасди – «қуён»лар кўпайиб кетганидан йўловчиларни олд эшикдан бирма-бир текшириб туширишаётганди… Ёнимда икки сўм билан нима хаёлда метрога кирганимни билмайман. Кириб, танга олгани навбатга турдим. Орқамдагиларга умид билан қараб қўяман – ахир одамларимиз яхши, кимдир: «Етмаётган бўлса, мен бериб тура қолай», деб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Навбатим келгач, чўнтагимдан ҳалиги иккита бир сўмликни чиқардим, сўнг хемири йўқ сумкамни кавлаштира-кавлаштира, ниҳоятда ҳайрон бўлган кишидай:
– Ой, девушка, какая нелепость, у меня оказывается осталось только два рубля,  – дедим «хижолат» билан.
Қошлари ипдек ўрис аёл, юзимга ҳам қарамай:
– Танганинг бахўси уч сўм, – деди.
Ортимдаги дароз йигит индамай пулини тиқиштирди. Лабимни тишлаб иккинчи тирқиш ёнига келдим. Зум ўтмай орқамдан одамлар тизилишди – уч-тўртта ясан-тусан ўрис қизлар, карам тўла сават кўтарган аёл, кир пальтоли бақалоқ киши… Навбатим яқинлашгани сари юрагим «гурс-гурс» ура бошлаганди – яна ҳалиги аҳвол такрорланса, ўлибгина қўя қолсам керак деб ўйлардим. Йўқ, охири асабим дош бермади. Кафтимдаги икки сўмни маҳкам ғижимлаганча эшик томон юриб кетдим. Бўлганча бўлсин…
Ташқарига чиқиб қишнинг совуқ, тоза ҳавосидан тўйиб-тўйиб симирдим. Юзимнинг ловуллаши босилди…
Яқин ўртада на бир қариндош, на бир танишнинг уйи бор эдики, кириб қарз сўрасам. Ё уйимда телефон бўлсаки, сим қоқиб, «Шундай-шундай, фалон жойдаман, келиб олиб кетинглар», десам.
Атрофга чорасиз термилдим… Демак, у ёғига пиёда кетаман. Наилож…
Бир зум қайси кўчалардан юришни мўлжаллаб турдим-да, қорни «ғарч-ғурч» босганча йўлга тушдим… Совуққа ҳам, изғиринга ҳам парво қилмасликка тиришардим. Бироқ икки соатдан ошиқроқ йўл юргач, силлам қурий бошлагани билинди. Этигимдан буткул сув ўтиб кетган, қулоқ-бурунларим яхлаб қолгандай эди. Лекин ҳаммасидан ҳам қўлларим жуда ёмон совқотди. Бармоқлари ачишиб оғрий бошлаган қўлимни нечанчидир бор чўнтагимдан чиқарар эканман, ақалли бир пойгина қўлқопим йўқлигига ачиндим ва шунда туйқус… Олис болалик… Исмоилнинг қалин, тўқ сиёҳранг қўлқоплари ёдимга тушиб кетди… Кўз олдимдан   – эски мактаб ҳовлиси, катта йўл бетида туриб менга қўл силкитаётган Исмоил… Боғдаги ўша чархпалак, ғаройиб кўлбўйи манзаралари… Ғизиллаб ўтдию таққа тўхтадим. Умримда илк бор, югуриб ела-ела ногоҳ адашиб, бегона ерларга келиб қолган одамдай сездим ўзимни. Ва илк бор, вақтнинг нақадар шафқатсизлигини кўрдим – болалигу ўсмирлик қандайин тез ортда қолган бўлса, ёшлик ҳам шундай ўтиб кетишини ўйлаб юрагимни даҳшат босди…
Бошимда жуда ёмон ўйлар айлана бошлади… Ҳар тарафдан турфа хил мусибатлар, омадсизлик, тушкунлик ўраб-чирмаб келаётгандек, бу гирдобдан суғурилиб чиқишга қилган барча уринишларим охир-оқибат барибир зое кетадигандай эди…
Қадам босишга-да рағбатим қолмади. Шундоқ қорга ўтириб олиб ҳўнг-ҳўнг йиғлагим келарди. Болаликни, Исмоилни, ўша тўқ сиёҳранг қўлқопларни шундай қўмсардим…
…Зўр-базўр судралиб яна йўлда давом этарканман, одамзот бор орзу-ҳаваслари ўлиб битган, яшашга на хоҳиш, на мадори қолган тақдирда ҳам, азбаройи иложсизликдан кун кўриб кетавериши мумкинлигини тушундим. Чироқларини ёқиб трамвайлар ўтар, қор зарралари ёшли киприкларимда қотиб қоларди. Ҳеч нимани ўйламасдим энди… Ўша қалин, тўқ сиёҳранг қўлқоплардан бошқа ҳеч нимани… Сўнг… оёқларимга қаердандир яна мадор қайтаётганини ҳис қилдим. Уйимни эсладим. Уйдагилар эшикка қараб ўтирганини… Одимларим тезлашди. «Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, – дердим ўзимга ўзим. – Булар бари чарчоқдан. Ҳаммаси ўтиб кетади… Мана, ҳадемай уйга ётиб бораман-да, жиққа ҳўл этикларимни ечиб ташлаб, мазза қилиб исинаман. Бир пиёлагина чой ичиб, ўзимга келаман». Шуларни ўйлаб вужудимга илиқлик югурар, жилла қурса, шундай кичик-кичик қувончлари борлиги учун ҳам ҳаётни севса, фақат шулар туфайлигина яшаса ҳам бўлавермасмикин деб ўзимни ўзим овута бошлагандим…
Хўрсина-хўрсина яна аллақанча йўл босдим ва бу гал… Дунёнинг бошқа бурчидан чиқиб қолдим. Автобус Муннар тоғларининг тик айланма йўлларида елиб борарди. Юқори кўтарилган сари чой плантациялари қуюқлашар, туман босган даралар ора жажжи-жажжи тоғ кўллари ойнадай ярқираб кўзга ташланарди. Бирдан орқада ўтирган тўрт яшар қизим бор овози билан қичқириб юборди:
– Вой, қаранглар, шаршара!
Ҳамма «гурр» этиб ўша томонга ўгирилди. Сайёҳлар завқлари тошиб, дарров «анави ерига қаранглар, манави ерига қаранглар»ини бошлашди. Яшил буталар қоплаган тепаликдан оқиб тушаётган сийраккина шаршарани кўрибоқ кулиб юбордим.
– Вее-е, шуям шаршарами?!. Фарғонада бўмагансила-де, шунақа шаршарала борки, кўрсайиз озийз очилиб… – гапим охирига етмай ўзимнинг оғзим очилиб қолди. Қачонлардир кимдандир эшитганимни беихтиёр такрорлаётганимни сездим ва шу ондаёқ шууримга бир нима яшиндай келиб урилдию кўзларимнинг ич-ичи ёришиб… Қаршимда оппоқ қор тўшалган йўлкада менга қараб қўлқопли қўлини силкитаётган Исмоил пайдо бўлди… Сўнг… ҳув ўша, умиду умидсизликка тўла қиш кечаси, ундан-да рутубатлироқ ўй-хаёлларимни эсладим…
Собиқ мактаб биносини тарк этарканман, хаёлларим яна ўша қиш оқшомига қайтди. Ўша кеча юрагимга мадор берган ҳам, аввал муз-муз йиғлатган – хотирамдаги қўлқоплар тафти эканини тан олишдан қочмадим…
Исмоил! Ҳозир қаердасан, қандай одамсан – билмайман. Аммо қаерда бўлсанг ҳам, ким бўлсанг ҳам… омон бўл.
Изғиринли қиш кечаларида қўлларинг ҳеч қачон қўлқопсиз қолмасин…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 12-сон