Насиба Абдуллаева. Бегона говмиш (ҳажвия)

– Сумбатини кўрган сатил тўлдириб сут берса керак деб ўйлайди. Бир эчкича ҳам ҳиммати йўқ, шуни соққунчаям энамдан эмган сутим оғзимга келади. Мендан бошқани ёнига йўлатмайди-я, қирилгур. Яна йил оралатиб қисир қолади, жонимга тегиб кетди.
– Гулжамол қарғана-қарғана молхонадан чиқиб келди. Хотинининг жаврашидан Бобоқул сигири яна бир ҳунар кўрсатганини сезди.
– Савил қолгур, сатилнинг ичига оёғини тиқиб олди. Шунча қийналиб соққаним бир қошиқ сутниям ҳузурини пишагингиз кўради энди, – жаҳл билан сутни консерва қутига ағдарди Гулжамол.
– Ҳозир мол арзон, ем қиммат, одамлар боқолмай молини сув текинга сотяпти. Сабр қил энаси, қиш чиқсин, сотиб бошқа сийир оббераман, хотинини овутган бўлди Бобоқул.
– Сийирингизни бу қишлоқнинг одами омайди, тепонғич, сузонғичлигини ҳамма билади, устига-устак қўтир. Тунов кун Назира келин сизларга итнинг ҳам кераги йўқ, сийирингиз итдан ҳам ёмон деб роса кулди.
– Э, ким оламан деса қўш қўллаб тутқазардим бундай сийирни, – деб уф тортди Гулжамол.
– Ота, – гапга аралашди Эшмуров, – молбозорга олиб чиқсак-чи? Бир-икки ҳафта кунжара бериб яхшилаб боқаман, семирса балки қўтириям кетиб қолар?
Ўғлининг гапидан Бобоқул ҳам ўйланиб қолди.
– Бўмаса, хотин, эртадан соғма, боқувга соламиз. Бузовини айирамиз, бедани таъмини билди, қийналмайди энди. Улим, сен қўтирига кун ора чучитилмаган мойдан сурт, бир ой-ярим ойда тузалиб қолади.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас сигир ялтираб семириб қолди. Аммо белидаги қўтири тузалмади. Бу орада Ҳайдар бобонинг ғунажини сотиладиган бўлиб қолди. Гулжамол отасига сигирни бир ҳафтадан кейин оламиз, жўрангизни кўндиринг деб тайинлаб келди.
– Шу бозор сийирни сотмасангиз бўлмайди, отамга айтиб келдим, сийирдан қуруқ қолмайлик. Қанчага сотсангиз-сотинг, етмаса қарз оламиз.
– Бўпти, шу ҳафтадан қолдирмайман, – ваъда берди Бобоқул.
Бозор куни ота-бола тонг қоронғусида молни ҳайдаб кетишди. Ким эчки сотган, ким қўй. Мол олувчи-ю, сотувчидан даллол кўп. Қоронғуда яхши кўрмаган экан, Бобоқулнинг сигирига кўзи тушиб танимай қолди. Тўсдай қоп-қора, ялтиллаган, тирсиллаган.
– Улим, сийирни нима билан чўмилтирдинг, қўтириям билинмай қопти-я?
– Яна айтиб юрманг, ота, энамни ипак бўёғи билан бўядим, қўтирига пўстакдан кесиб ёпиштирдим.
Бобоқул кулиб юборди.
– Энанг кеча пўстагимни бир четини сичқон камириб кетибди, қайтишда маргимуш олиб келинг деб тайинлаганди. Лекин бозордагилар билиб қолишса ўзингдан кўр.
Бобоқул бозор айланиб нарх-навони билгач, сигирни саккиз юз мингга нархлади. Бир оздан сўнг ўрта бўйли, миқтигина, қорачадан келган бир киши келди.
– Ака, қанча деяпсиз?
Шундай деб сигирнинг у ёқ-буёғидан айланиб белидан ушлади. Бобоқул харидорнинг қўли пўстакка тегиб сидрилиб тушса деб қўрққанидан ранги оқариб кетди.
– Саккиз юз минг, ака, – деди Эшмурод, сўнг отасига хавотир олманг дегандай имо қилди.
– Ҳа, саккиз юз минг деяпмиз, ука, – дея Бобоқул ҳам тасдиқлаган бўлди.
Ака, мунча пулга бузоғли сигир беради-ку, сал пастроқ тушинг.
Харидор сигирнинг оғзини очиб тишларини кўра бошлади.
– Ука, бозор кўтарганига сотамиз-да, буям кузга бориб болалайди, – деб дадиллашди Бобоқул.
– Қисирга ўхшайди-ку, кузда болалайдиган сигирнинг қорни билиниб қолади, мунингиз теп-текис-ку?
– Ука, қийшиқми-текисми, сийиримизнинг нархи шу, олсангиз олинг, олмасангиз, биров ярим харидор чиқиб қолар.
Бу кишининг савдолашишидан даллоллиги билиниб турарди. Бобоқулнинг қўлини тутганича 750 минг, борига барака, ака, дея силтайвериб шилиб юбораёзди. Бобоқул ҳам йўқ деб туриб олди. Охири 770 мингга келишишди.
Ота-бола пулни санаб олгач хурсанд бўлиб уйга қайтишди. Эртаси Ҳайдар бобонинг сигирини сотиб олишди.
Гулжамолнинг оғзи қулоғида, молхонани тутунга тўлдириб исириқ тутатди, сўнгра сигир соғишга тутинди. Бир пас ўтар-ўтмас сатилнинг тарақлагани-ю, гурс этган товуш эшитилди.
– Ҳа, қирғингинага кетгур, сийир бўлмай, адо бўл, ёмғирдан қочиб дўлга тутилдим-ку, отаси.
Кўйлаги таппи-ю, шиптирга беланган Гулжамол йиғлагандан бери бўлиб молхонадан чиқиб келди. Ўғли билан Бобоқул бир-бирига қараганича на йиғлашни, на кулишни билар эди. Гулжамол қарғана-қарғана уйга кириб кийимини алиштириб чиқди.
– Буни олдида ўзимнинг сийирим қўйдек юввош экан-а. Қани юринглар, бу шайтондан тўраганга ўзимнинг кучим етмайди.
– Бегона қилаётгандир-да, энаси.
Бобоқул ўғли билан хотинига эргашди. Икковлон сигирнинг оёғини боғлашди, Гулжамол бир амаллаб соғиб олди. Аммо сигир ҳар куни “бегона” қилаверганидан уни уччовлон соғадиган бўлишди.