Шу кунларда болаликка ҳар куни хаёлан ўн марта қайтаман десам, ишонаверинг. Бу шаффоф даврнинг ўз эҳсонлари бор. Мен болалигимдан шунинг учун ҳам миннатдорманки, у менга энг чиройли хаёлларни берди, табиатдан сир теришни ўргатди.
Бир пайтлар катта бир шоира опамиз бизникига борганда, “Кичкина қишлоқчада яшар экан”, деган экан. Аммо менинг кўзимга ҳануз қишлоғимиз жуда бепоён ва катта кўринади. Айниқса, ҳовлимиз ортидаги боғ – менинг энг катта дарсхонам эди. Балки менга адабиётни шу боғдаги дарахтлар ўргатгандир, ажриқлару печакгуллар ўргатгандир. Ҳар ҳолда шунча ёшга кириб ҳали ҳеч қаердан ўша мўъжаз боғимиздан топган туйғулар шуъласини тополганим йўқ.
Кўп шеърларимда дарахт образи учраши ҳам шу боғ билан боғлиқ менимча. Жуда хаёлпараст бўлганман, бу эса жуда кўп китоб ўқиганимнинг таъсиридан деб ўйлайман. Аслида барча ижодкорларнинг адабиётга кириб келиш йўли қайси маънодадир бир-бирига ўхшайди. Айтайлик, болалигида кўп китоб ўқийди, жиндак хаёлпараст ва жуда раҳмдил бўлади.
Худо раҳматига олган бўлсин, бобом ниҳоятда саводли одам эди. Ҳар куни мени ёнларига чақириб, Бедил, Машраб, Яссавий, Навоий ва мавлоно Румийни ўқиб берардилар. Менга ўшанда ғазалларнинг мазмунидан кўра оҳанги кўпроқ ёқарди. Чунки, мазмунига тишим ўтмасди.
Қачонлардир китоб шайдоси бўлганим рост. Дадам менга жуда кўп китоб олиб келардилар. Менга ажратилган кичкина хона китобга тўла бўларди. Негадир хонамга ҳеч кимнинг киришини истамас эдим. Баъзан ота-онамдан ёки устозларимдан дакки эшитган вақтларим яхши кўрган асарларимнинг ичига кириб беркингим келарди.
Бобом ўқиган ғазаллар оҳанги мени нимадир ёзишга ундарди. Илк шеъримни ўн бир ёшимда ёзганман. Ва уни апил-тапил туман газетасига жўнатганман. Энг қизиғи, машқим ўша газетада босилган. “Онажон” деб аталган шу илк шеърим билан мактабда анча вақт машҳур бўлиб юрганман…
Илк китобим “Тунги марваридгуллар” (номини севимли шоирим Шавкат Раҳмон танлаган) мен Москва шаҳридаги касалхонада ётганимда чоп этилган. Ўшанда ҳаёт билан ўлимнинг орасида эдим. Шунинг учунми илк китоб менга унча татимаган. Кейинчалик, соғайиб кетганимдан сўнг “Тунги марваридгуллар” ҳақида ўқувчилардан илиқ гаплар эшитиб қувонганман.
Энг катта ва улуғ устозим – ўқиган китобларим деб ўйлайман. Улар менга кўп нарсани ўргатди. Одамларни яхши кўришни, ишонишни, ҳеч кимга ҳасад қилмай яшашни улардан ўргандим.
Ҳаётим давомида ишонувчанлигим ортидан кўп хатолар қилдим. Аммо ҳасад қилмай яшаш, ҳақиқатни севиш олдида бу хатолар ҳеч нарса эмас.
Баъзида манфаат топиш учун худбин ва бешафқат бўлгим келади. Аммо қурбим етмайди. Зотан, китоблар юқтирган меҳрибонлик, ҳақиқатпарастлик бунга йўл қўймайди…
Яхшими, ёмонми саккизта китобим чоп этилди. Менда ғалати бир одат бор. Шеърни бир нафасда ёзаман-да қайтиб ўқиб кўраман. Ўзимга ёққандай бўлади. Китоб бўлиб чиққандан сўнг мутлақо бегонадек кўринади. Кейин ёзган шеъримнинг устидан ишласам сохта чиқиб қоладигандек туюлаверади. Кўнгил тўлмаслиги ҳам яхши нарса шекилли, бўлмаса шунча дард етмаганидек, (ҳозир урчиб кетган) ўзимга маҳлиёлик касалини орттириб олармидим…
Адабиёт оламига кирган инсон борки, менимча бу дунёдан яхшилик излаб яшайди. Аслида мен барча ижодкорларни (хом хаёл деб ўйламанг) эзгулик элчилари деб биламан. Улар қайсидир маънода тили, миллати, мансабидан қатъи назар бир-бирига қариндошдек туюлади менга. Шунинг учунми, ижодкорлар билан ўз оғайнимдек очилиб-сочилиб гаплашаман.
Уммонларда сувни фильтрлайдиган балиқлар яшар экан. Таъбир жоиз бўлса адабиёт аҳлини мен шу балиқларга ўхшатган бўлар эдим. Зеро, жамиятдаги ҳар қандай эзгуликда, қалб тозалигида, адабиётнинг, чинакам ижодкорларнинг меҳнатини кўргандай бўламан.
Сўзда Ҳақнинг жамоли бор, дейишади. Шунданми, сўз ишқига тушган шоиру ёзувчини Яратган аёвсиз синайди. Гоҳ дард беради, гоҳ қайғу беради, гоҳ ҳаётнинг кўчаларида сарсон тентиратади. Шуларнинг барчасига чидасанг, мана ол, деб мастона девоналигини беради. Бу девоналикка “шукр” сўзини ошиқ эта олган ижодкоргагина ижоднинг бетимсол васли насиб этади.
Конфуцийнинг: “Душманингни фақат мақтагин, токи у мақтовдан шишиб ёрилсин”, деган гапи бор. Қолаверса халқимиз ичида ҳам “Душманни шакарда ўлдир”, деган нақл юради. Мен буни бекорга келтирмадим. Зўр шоир ва ёзувчига мақтовнинг кераги йўқ. Шунингсиз ҳам қалб унинг асарларини яхши кўриб ўқийди.
Адабиёт майдонига соф туйғуларию орзулари билан кирган, кираётган ижодкорларнинг битта китоби чиқар-чиқмас уч-тўрт бетлаб мақтовнома-тақризларнинг чиқаётганини (айниқса чиройли ижодкор қизларга) қайсидир маънода уларнинг ижодига суиқасд деб ўйлайман. Адабий танқидчилигимиз бугун кўзини каттароқ очса яхши бўларди. Назаримда ўқувчилар ҳам, ижодкорлар ҳам, оловли, тоза баҳсларни, ҳақиқатдан сув ичган тақризларни жуда соғинишган…
Билмадим, мавридими ёки йўқми, ичимда неча йилдан буён маддалаб ётган бир гапни айтгим келаяпти. Анча йиллар олдин мурғак болам билан ижарама-ижара юрган кезларимда хушхабар эшитдим. Ёзувчилар уюшмасининг уйсиз-жойсиз аъзоларига уй ажратилибди. Дўппимни осмонга отиб, хурсанд бўлдим: ҳақиқат бор экан-ку! Дарров Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтлардаги масъулларидан бирининг қабулига кирдим. У мени совуқ қарши олиб: “Ҳамма уйнинг ўз эгаси бор, сен эса бу ерда изғиб юрмасдан қишлоғингга кет, адабиётга нима ҳам қилиб берардинг”, деди. Карахт тортдим. Руҳим ер билан битта бўлди. Афсус, шунга ўхшаш иддаоларни яна кўп эшитдим.
Ўша кунлар менинг адабиётдан топган ҳақиқатим чил-чил сингандек бўлди. Қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар ўшандай ундовли гапларни эшитиб, ўз қишлоқларига қайтишди. Шу-шу ҳеч қаерда кўринмай кетишди. Ўзингиз ўйланг, бу эндигина порлаётган истеъдоднинг устига лоқайдлик билан тупроқ тортиш дегани эмасми?!
Ҳаммаси ортда қолди. Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижодкорларга, айниқса ёш ижодкорларга кўрсатаётган мурувватидан кўнглим яйрайди. Ана шу мурувватни қадрлаб зўр асарлар яратиш пайти келди назаримда.
Адабиётимиз денгизига бугун янги-янги тўлқинлар кириб келаяпти. Кўнгилга янги ҳаво олиб кираётган ёшларимизни қутламоқ ва асрамоқ лозим, деб ўйлайман. Ижодкорлар бир-бирининг ижодига ҳасад билан эмас, ҳавас билан қараса бу қанчадан-қанча юксалишга йўл очган бўларди. Ўзингиз ўйланг, қачондир “халқ душмани” деб отилган, аслида эса халқнинг чинакам дўстлари бўлган Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Фитратларнинг умрига завол бўлган ҳасад эмасмиди! Яратган бир-бирини қўллаганни қўллайди… Дунёга кўз-кўз қилса арзигулик адабиётимиз бору, аммо ҳалигача нимагадир шу йўлда оқсаяпмиз. Тўғри, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима маркази бу борада иш олиб бораяпти. Бу таржима марказига кучли адабий таржимонлар керак. Бир йиғилишда ҳурматли шоирларимиздан бири: “Ёшларни рамкага тортиш керак” деган гапни айтдилар. Аксинча, ёшларга ижодий кенглик бериш керак эмасми?!
Биз Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзолар экиб кетган дарахтларнинг мевасини еган халқмиз. Насиб бўлса, адабиётимиз дунёни забт этишига ишонаман.
Ўзимга келсак: “Адабиёт учун нимадир қила олдимми?” деган саволга ҳалигача жавоб топганим йўқ. Бир пайтлар кўнглимдаги туйғулар шавқидан масту мағрур эдим. Аммо йиллар туйғуларингни бешафқат дурадгордек рандалаб бораверар экан. Кимнингдир олдига қарз сўраб борганимда ёки ўғлимнинг қилган айби учун бош эгиб узр сўраётганимда ўша ранданинг оғриқли азобидан қийналган ғуруримнинг чинқириғини эшитгандай бўламан.
Аммо Яратганнинг менга берган туйғулари учун доимо шукр қиламан. Ўжар ва ўз билганидан қолмайдиган ёлғиз ўғлим бор. Қанчалик шўр бўлмасин, туз овқатни тотли қилганидек, ўғлимнинг, шеъримнинг борлиги ҳаётимни тўлдириб, ҳузур бағишлаб туради.
АДИБ ҲАҚИДА
Ҳалима Аҳмедова – 1960 йил 1 октябрда Бухоро вилояти (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа туманидаги Пўлот қилоғида таваллуд топган. 1983 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини тамомлаган. Шоиранинг илк китоби 1986 йили “Кўзимнинг тили” номи билан чоп этилган. Кейинчалик 1987 йили “Тунги марваридгуллар”, 1996 йили “Эрк даричаси”. 2005 йили “Тийрамоҳ”, 2007 йили “Афсун”, 2008 йили “Умид сояси”, 2011 йили “Нигоҳ қибласи”, 2012 йили “Шафақ ибодати” сингари китоблари нашр этилган.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди.