Набижон Боқий. Қиёматли тоға (ҳикоя)

1

Ўткан асрнинг 30-йилларида энамлар Тошкентнинг Бектемир депарасига кўчирма қилинган. Ўша депарада ҳозир ҳам Қўқоновул деган қишлоқ бор; унда қозоқлар билан ўзбеклар аралаш яшайди. Қозоқлар кўпроқ.
Кўчирма кампанияси даврида “ёт унсурлар” сидириб олиниб Ўзбекистон ичкарисига ёки ташқарига бадарға қилинган. Ичкаридаги бадарға маскани асосан Мирзачўл бўлган, Тошкент яқинидаги Кетмончи (Янгийўл) ва Бектемир депараларига ҳам водийлик “ёт унсурлар” сургун этиб юборилган. Ташқи бадарға манзиллари Тожикистон (Душанбе депараси, Ҳисор водийси, Кўлоб, Қўрғонтепа), Россия (Ставропол ўлкаси) ва Украина (Херсон музофоти) эди; ўта хавфли “ёт унсурлар” олисроқ ғайридинлар ўлкасига, мундайроқлари эски Шарқий Бухоро тарафларга шўро ҳокимияти томонидан мажбуран бадарға қилинган.
Энамларда бир ўғил билан бир қиз бўлган. Ўғил – Рўзиали, менинг тоғам. Қиз – Турсуной, менинг онам. Энамнинг исми – Роҳатой, бувамнинг исми – Абдуҳолиқ.
Улар нима учун кўчирма қилинади?
Қишлоғимизда Сталин номида янги колхоз ташкил этилади. Колхозга Нурдин ўрис деган ранг-рўйи сомонга ўхшаган одам раис этиб тайинланади. Раис остига от бериб қўйилади, қўлига тўқима қамчи тутқазилади: ана ундан кейин Нурдиннинг қутурганини кўриб ҳамқишлоқлари ёқасини ушлайди; буғдой ё шоли ўриб олинган пайкалда бошоқ териб юрган оёқяланг бола-бақра борми, эти устухонига ёпишган рангпар хотин-халаж борми, вой-дод, қувиб юриб юз-кўзи демасдан аёвсиз қамчилайверарди. Довкор болалар этакларига териб олган бошоқни пайкал бўйлаб сочиб юборарди-ю, лекин раисни бўралаб сўкиб, ўзларини зовурга отиб, балчиққа ботиб қочарди, азаматлар! Болалар раисдан қўрқмасди. Юз-кўзи аралаш қамчи еб, қоп-қора қонга бўялган хотин-халаж эса бир жойга тўп бўлиб олиб уввос тортиб йиғлаб, олам-жаҳонни бошларига кўтарарди. Ҳосилот Жакбарали инсофли одам эди, у от миниб далама-дала изғиб юрарди; кетмончиларга беҳуда ақл ўргатмасди; аксинча, кетмон ё белкурак синиб-нетган бўлса, Ҳошим темирчига тўплаб олиб бориб тузаттириб келарди.
Бувам ўртабўйли, чайир одам бўлган. Беш вақт намозини асло канда қилмасди. Бир суям келадиган қалин соқоли бор эди. Ёзда оқ ёки алак яктак устидан иккита белбоғ боғлаб, битта белбоғи қатига носқовоғини ўраб жойлаштириб, иккинчи белбоғига қинли пичоқ осиб, қўқондўппи кийиб юрарди; қишда дўппи устидан салла ўраб ё қулоқсиз телпак кийиб оларди; икки қават тўн кийса, пастдан кийган тўни пахта солинмаган авра тўн бўларди. Чакмони ҳам бор эди. Авра тўн устидан белбоғ боғларди, чакмон ёки пахтали тўн устидан белбоғ боғламасди. Чакмонни авра тўн устидан киярди, пахтали тўн билан чакмон кийганини кўрмаганман. Пойтеша, дастарра, ранда, искана, бир жуфт теша, омбур, бурғу каби дурадгорлик асбоблари доим яроқли ҳолатда бўларди. У дурадгор уста эди. Кўпинча ўртаҳол одамларнинг ҳожатини чиқариб юрарди: катта иморатлар қурилишини зиммасига олмасди; даҳлиз, омборча, болохона, бостирма, ҳожатхона, ишком кўтармаларига ўхшаган кундалик рўзғор эҳтиёжлари учун зарур бўлган майда-чуйда қурилиш шохобчалари билан астойдил шуғулланар эди. Шерикли иш қилмасди, лекин қўшни қишлоқлардан бўлган эски ошналари чорлаб қолса, уларга қўшилиб Сарқўрғон, Ўқчи, Йигит пирим, Сўх, Исфара томонларга ишга ҳам баъзан кетиб қоларди.
Асосан якка ўзи иш қиларди. Ўз-ўзидан равшанки, табиатан жамоат орасида тўдаланиб юришга майли бўлмаган инсон колхозчи бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди, Сталин номидаги колхозга аъзо бўлишни истамайди.
Қурилиш мавсуми бошланганда дурадгорлик асбобларини хуржунига жойлаб Марғилон томонларга равона бўладиган бувам кеч кузда қишлоққа қайтиб келар эди. Кўпинча қишлоқ қабристони ҳужрасида уч-тўртта ошналари билан тўпланиб хунуклашиб қолган эгасиз лойсувоқ гўрларни, мақбараларни сомонли лой қилиб, лойни роса меъёрига етказиб пишитиб суваб чиқишар эди.
Хуллас, ўзининг рўзғори ва тирикчиликлари билан андармон бўлиб юрган бувам Нурдин ўриснинг хурмача қилиқларини қулоқма-қулоқ эшитиб, териси қизиб юради. Ахийри Оқчангалдан ошналари зиёратидан келаётганда Чигитариқ кўпригида Нурдин ўрис билан юзма-юз бўлади. Кўприкка битта арава бемалол сиғади, иккита отлиқ рўпара келиб қолса, биттаси йўл бериши керак, чунки икки бегона от бир-бирига кўприк устида ҳамла қилиб қолса, юганни қўйиб юборган отлиқ нохос эгардан учиб ариққа кўндаланг ағдарилса, жиги узилиб кетиши ҳеч гап эмас.
Нурдин ўрис отдан тушмайди, кўприкка ҳам отини тўғриламайди; кўприкдан бувамни ўтишини кутиб, тўқима қамчиси дастаси билан ағдарма сариқ этигининг қўнжига шап-шап урганча тиржайиб тураверади. Бувам билакдек тут новдасини йўниб, бели баробар ҳасса ясаб олган эди – кечалари бемаҳал йўлга чиқса, қишлоқ оралаб қолган чиябўриларни ҳасса билан ҳуркитиб қўярди, дайди итлар ҳам ҳассаси бор одамга яқинлашмасди.
Бувам белбоғи қатидан носқовоғини олиб, ҳассасини белига суяб қўйиб бемалол кафтини тўлдириб нос чекади.
– Худоёрхонмисан, отдан тушсанг чотинг йирилиб қоладими? – дейди бувам.
Нурдин ўрис заҳарханда аралаш:
– Ия-ия, Абдуҳолиқ ака, ўзингизми? Танимай қопман-ку! Қанглидан келаётган қирғизмикан деб ўйлабман! – деб отдан тушади. – Чап қўли билан узангини ушлаб, ўнг қўлини чўзиб кўприкдан кела бошлайди.
– Қўл узатма менга, барибир сўрашмайман, бетофиқ!
Кўприк ўртасига келиб қолган Нурдин ўрис таққа тўхтайди; қамчи дастаси билан сарғимтил ағдарма этиги қўнжига шап-шап этказиб уриб-уриб, энсасини қашлай бошлайди. Дастлаб, ранг-рўйи оқаради, мурда тусига киради, сўнг бўғриқиб кетади, пешанасидан нўхатдай-нўхатдай тер чиқиб томчилай бошлайди.
Югани эгар қошига тортиб боғлаб қўйилган йўрға саман от эгаси ортидан эргашиб кўприкдан ўтиб келаверади; эгаси тўхтагач, елкасини ҳидлайди.
– Ота қадрдоним бўласиз, Абдуҳолиқ ака, қўлимни қайтарманг! – деб зорланади Нурдин ўрис. – Мен сизга нима ёмонлик қилдим ўзи?
– Бошоқ териб юрган камбағалнинг болаларини қамчилаб урганинг ёмонлик эмасми! Хотин-халажни қон-қақшатиб тирқиратиб қувлашинг ёмонлик эмасми, отқулоқ!
– Сиёсат учун тўрт-бештасини қамчилаб уриб қўрқитиб қўймасам, халқни бошқариб бўлмайди-да, Абдуҳолиқ ака!
– Халқни бошқариш сенга қолган бўлса, охирзамон бўпти! – деб бувам ҳассасини сермаб кўприкдан ўтади.
Нурдин ўрис ўзини четга тортади.
Бувам от ёнидан ўтгач, томоқ қириб носини оёқ остига туфлайди. От ҳуркиб кетади, нохос шаҳд билан олдинга интилади ва Нурдин ўрисни туртиб юбориб Оқчангал тарафга ўтиб, сувлиғини чайнаб туради. Нурдин ўрис эса от туртганида мувозанатини йўқотиб ариққа йиқилади. Қамчи тутган чап қўли билан ариқ ёқасига таяниб қолмоқчи бўлади, лекин ёнбошлаганча лойқа сувга қулайди. Чап қўлию чап елкаси лат ейди. Дўпписи оқиб кетади, уст-боши шалаббо бўлади. Лойга беланиб ариқдан чиқиб олади.
– Жигинг узилиб кетмадими, отқулоқ! – деб заҳарханда қилади бувам. Яна носқовоғидан кафтига нос тўкиб чекиб олади. Йўлида давом этади.
Нурдин ўрис от жиловини қўлига маҳкам ўраб олиб, бош-кўзи аралаш роса қамчилайди. От пишқириб, жон ҳолатда ўзини ҳар ёнга ташлайди, жонивор.
Кейин нима бўлади?

2

Рўзиали биринчи синфга ён қўшниси Ибоқжон билан бирга ўқишга боради. Етти яшар бола учун Чуваланчи қишлоғининг Кўтарма маҳалласи билан Чигитариқнинг ўнг томонида жойлашган бошланғич синфлар мактаби орасидаги масофа Ер билан Осмон ўртасидаги масофадан ҳам узоқдек туюлар эди. Рўзиалига осмон ҳам яқиндек кўринарди; Ибоқжон ўртоғи билан баъзан дўпписини баландга отиш бўйича мусобақа ўйнаб қоларди; аввало, дўппи гумбазини ичига ётқизиб букларди, тўртбурчак қирраларини яхшилаб текисларди, хуллас, дўппи ҳаво қаршилигини имкон қадар камроқ қувват сарфлаб енгиб ўтадиган айлана-чамбарак кўринишига келтириларди. Ибоқжон билан ёнма-ён туриб: “Бир, икки, уч!” дейишганда баробар дўппиларини осмонга отишарди. Бир дўппи пастга туша бошлаганда бошқаси юқорига кетаётган бўлса, ким ғолиб эканини осонликча ажратиб олишарди. Кўпинча Рўзиали ғолиб келарди, Ибоқжон мағлуб бўлганини тан оларди-ю, лекин бирпасда аразлаб уйига чопқилаб кириб кетарди; доим оёқлари оғриб оқсоқланиб юрадиган Ўғилча энасини эргаштириб чиқиб: “Ана, дўппини осмонга отиш бўйича Рўзиали мени етти марта ютиб қўйди!” деб шикоят қиларди. Нима бало бўлди экан деб хавотирланиб кўчага чиққан энаси: “Башаранг қурсин, Попушак! Рўзиали сени урмаган бўлса, сўкмаган бўлса, ўйинни бузмаган бўлса, энди унда энангди ҳаққи қолдими!” деб койиб уйига қайтиб кириб кетарди. Ибоқжон мулзам бўлиб туриб-туриб, нима қилишини билмасдан бурнини ҳадеб тортаверарди. “Бир четга бурнингни қоқиб ташласанг, бирдан енгил тортасан, Ибоқжон!” деб дўстона маслаҳат берарди Рўзиали. Яна аразлаш учун баҳона тополмай турган Ибоқжон: “Ҳозир энамга айтиб бераман!” деб югуриб уйига қараб кетарди. Бу сафар “қозилик”ка энаси чиқмасди, опаси Салтанат бодом чақаётган Ибоқжонни эргаштириб кўчага чиқиб Рўзиалининг чўнтакларини бодомларга тўлдириб: “Опанг айлансин, Рўзиали, шу Попушакка ҳам ора-орада ютқазиб бергин, хўпми! Ҳар сафар ютқазганинг учун мен сенга бир чўнтакдан бодом бериб тураман. Ҳозир икки марта ютқизиб берасан, чунки сенга икки чўнтак бодом бердим”, деб бошини силаб қўярди. Рўзиали Салтанатнинг кўнгли ва чўнтаклари тўла бодомлар учун дўппини осмонга баланд отиш бўйича ора-орада Ибоқжонга ютқазиб берадиган бўлади. Ютуқлари тўрттага етганда Ибоқжон югуриб уйига кириб Салтанат опасини кўчага бошлаб чиқиб ҳисоб-китобни ҳалол тўғрилатиб қўярди. Рўзиали мағлубиятга мазахўрак бўлгач, чўнтаги катта бўз иштон кийиб кўчага чиққан пайтлари Ибоқжонни дўппи отиш бўйича мусобақага такроран аранг кўндирарди.
Бундан ташқари, ёнғоқ уриштириш, дол тикиш, пўм чиқариш бўйича ҳам мусобақалар ўтказишар эди. Ёнғоқ уриштириш дегани – кафтга олиб икки ёнғоқ уриштирилганда кимнинг ёнғоғи ёрилса, ўша ёнғоқ енгилган бўларди. Дол тикиш дегани – уч ё тўрт дона ёнғоқ устма-уст териб қўйилиб, бир хил узоқликда ёнма-ён туриб навбат бўйича биттадан ёнғоқ билан “дол”да турган ёнғоқни аниқ нишонга олиш бошланар эди. Ким “дол”ни уриб олса, урилган тўпдаги ёнғоқ уники бўлади; “дол”га қараб ирғитилган ёнғоқ тегмаса, навбат рақибга берилади. “Пўм” чиқариш дегани – доира чизиқ ўртасига ўзаро келишувга кўра учтадан ё тўрттадан ёнма-ён ёнғоқ-“ганг” тикиб қўйилиб, бир хил масофадан “пўм” ёнғоқ доирага юмалатилади; кимнинг “пўм”и гангга тикилган ҳар қандай ёнғоққа яқинроқ келиб тўхтаса, ўша биринчи бўлиб гангни “пўм” билан доирадан уриб чиқариб юборишни бошлаб беради. Қачон ганг доирадан чиқмай қолса, навбат шерикка ўтади. Рақиб хоҳласа, шерик “пўм”ини ҳам уриб доирадан чиқариб юбориши мумкин; эвазига битта ганг ютиб олади. “Пўм” учун имкон қадар оғирроқ, каттароқ ёнғоқ танланади. Баъзан ҳакка тешиб мағзини еб кетган ёнғоқ ичига қўрғошин эритиб қуйилиб, тешик қора сақич эритмаси билан мустаҳкам ёпиб қўйилар эди. Агар рақиб келишув бўйича сунъий оғирлаштирилган “пўм” билан ўйинга рози бўлмаса, қўрғошин қуйилган “пўм” эгаси ичи тешилмаган “пўм” топади ёки ўйинда қатнашмайди.
Биринчи синфда ўқиш бошлангач Рўзиали билан Ибоқжон биргаликда мактабга қатнай бошлайди. Дастлаб, Салтанат уларни мактабга эргаштириб бориб, эргаштириб келиб юради. Бир ҳафта-ўн кундан сўнг ўзлари мактабга бориб-келиш йўлида адашмайдиган бўлади. Салтанат бошланғич синфларни тамомлаган, тўлиқсиз мактабда ўқиш учун Ултарма қишлоғига қатнашга ёлғиз ўзи қўрқади. Энаси: “Қиш кунлари даштдан келадиган оч бўри еб кетишидан қўрқмасанг, майли, Ултармага ўқишга боравер”, дейди. Ултарма олти-етти чақирим нарида эди; Қахат, Оқчангал қишлоқлари оралаб ё далама-дала кетган ёлғизоёқ сўқмоқлар бўйлаб бориларди Ултармага.
Ибоқжон кечроқ уйғонар эди. Рўзиали эса бомдод маҳали отасию энаси баробар уйғониб, таҳорат олиб, отаси ёнида бир оз орқада туриб намоз ўқирди. Нонушта маҳалигача фонус ёруғида қалам-дафтарини жилд-халтадан чиқариб уйга берилган вазифа бўйича сабоқни ихлос билан такрорларди: араб имлосида ёзилган “а” – “алиф”; “в” – “вов”; “р” – “рэ”; “з” – “зод”; “д” – “дол” каби ҳарфларни ўнг тарафдан чапга қаратиб ёзиб, ҳар бир ҳарф билан бир саҳифани тўлдирарди. Сўнг шу ҳарфларни лотин имлосида дафтар саҳифасига кўчирар эди. Қисқа бўғинли сўз ёзиб, ҳуснихат машқини такрорлаб завқланарди.
– Ота, қаранг, чиройли ёзяпманми? – деб вазифаларини кўрсатиб мақтанарди.
– Балли, улим, балли! – деб отаси алқаб қўярди.
Энаси нонуштасига албатта битта тухумни қўрга кўмиб пишириб, ўзи пўчоғини арчиб берарди. Тўртта чақирган ёнғоқ мағзи, бир ҳовуч майиз, бир пиёла ширава ўқувчи Рўзиали дастурхонида албатта бўлар эди.
Рўзиали мактабга борган пайтда араб имлоси ўрнига лотин имлоси жорий қилинган бўлса-да, муаллимлар икки имлони ҳам ўқувчиларга ўргатишарди. Чунки дарсликлар араб имлосида бўлиб, лотин имлосига ўгирилган дарсликлар ҳали чоп этилмаган эди.
Навбатдаги ўқув кунига ҳар томонлама шай бўлиб олган Рўзиали энаси тикиб берган жилд-халтасига яримта жайдари буғдой нонини парча дастурхонга ўраб жойлаштириб, елкасига осиб Ибоқжон дарвозахонасида пайдо бўларди; зулфинни шақирлатиб, баланд товушда ўртоғини чақирарди. Салтанат дарвозахонада кўриниш бериб:
– Попушак уйғонмаяпти-ку! Энам боядан бери бошини силаб ўтирибди, – деб хабар берарди. – Бирпас кутасан-да, Рўзиали! – Чўнтагига бодом солиб қўярди.
– Майли.
Рўзиалига отаси буклама пичоқча олиб берган эди. Шу пичоқчаси билан Ибоқжонлар дарвозасига бир неча кун давомида ўзи билан ўртоғининг исмини ўйиб ёзиб қўяди. Ёзув қирқ йилгача сақланиб қолади. Эски дарвоза ўрнига янгиси ўрнатилгач, ёзувли дарвоза молхонага киритилиб, сигир билан қўйлар ўртасига ғов этиб қўйилади.
Ибоқжоннинг отаси анча йиллар олдин вафот этган; лақаби “Попушак” бўлган; энаси билан Салтанат опа Ибоқжонни эркалаб “Попушак” деб чақиришарди кўпинча. Исмини ҳам ҳеч қачон Иброҳим деб тўлиқ айтишмасди.
Хуллас, Рўзиали Ибоқжонни шатакка олиб биринчи синфни битиради. Иккинчи синфда ўқиш бошланган сентябр ойи охирларида энамлар кўчирма қилинади.

3

Нурдин ўрис қўли синиб, муолажа қилиб қирқ кун пиёда юради. Бу орада Серово посёлкасига бориб ижроқўм раиси Олтиновга арз-дод қилишга ҳам улгуради. Олтинов арз-додини эътиборсиз қолдиради.
Нурдин ўрис такроран Серовога бориб Кўчирма ҳайъатига учрашиб: “Сталин колхозида колхозчиларни йўлдан ураётган ёт унсур Абдуҳолиқ Тошматов Чуваланчидан кўчириб юборилмаса, мени раисликдан бўшатинглар!” деб масалани кўндаланг қўяди.
Ҳайъат аъзолари вужудга келган вазиятни хомчўт этиб кўришади ва: “Дарҳақиқат, колхозга аъзо бўлмаган А. Тошматов ўз ҳолича ўртаҳол ҳаёт кечириб юрган бўлса-да, бироқ колхозчиларнинг қашшоқ қатлами учун намуна бўлиб хизмат қиляпти. Шу сабабли А. Тошматов оиласи билан Фарғона округидан ташқарига кўчирма қилиб юборилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган хулосага келади.
А. Тошматов оиласи билан бир кечада кўчирмага тушган одамларга қўшилиб Қўқонга келтириладию юк ташийдиган ёпиқ вагонга итариб киритилиб Тошкентга келтириб туширилади.
Шундай қилиб, Бектемир депарасининг Қўқоновулида ертўлада А. Тошматовлар оиласи истиқомат қила бошлайди.

4

30-йилларда Бектемир депарасидаги Қўқоновул аҳоли гавжум қишлоққа асло ўхшамасди. Тошкентдан ўн беш чақирим ғарбий йўналишда, Тўйтепадан эса ўн чақирим шарқий йўналишда, катта кўчадан беш-олти чақирим шимол томонда жойлашган эди. Қўқоновул қаерда эканини тасаввур қилиш учун ўқувчиларимга жуғрофий ўрнини қисқача таърифладим. Қишлоқ аҳли учун Қўқоновул шарқираб оқадиган Чирчиқ дарёсининг ўнг ва сўл қирғоқларида жойлашган, каттагина қисмини қалин тўқайзор қоплаган Жангалобод эди. Атроф-жавонибдаги аҳоли яшайдиган манзиллар “Солдатский”, Охунбобоев, Болтакўл, Сирғали, Қўйлиқ, Хонобод каби номлар билан аталса-да, Фарғона водийсидан бадарға қилинган “ёт унсурлар” астойдил меҳнат қилиб, яшайдиган манзил халқ тилида “Қўқоновул” деб аталарди-ю, лекин расман хат-ҳужжатларда “30-объект” деб ёзиларди. “30-объект” аҳолиси ҳар ойда бир марта махсус Тройка-Ҳайъат томонидан уйма-уй юриб текширилиб, қалин дафтардаги рўйхат бўйича қайд этиб бориларди. Ўлган ва бемор одамлар эса гувоҳлар иштирокида қабристонга бориб ёки касалхонада кўрикдан ўтказилиб маълумотнома асосида ишга яроқли-яроқсиз “инвентар” мисоли ҳужжатлаштириларди.
Фарғона водийсининг Қўқон атрофидаги қишлоқларидан кўпроқ аҳоли айнан шу жойларга келтирилиб “Полуторка” машинасида тўкиб кетилгани учун манзилни тубжой қозоқлари “Қўқоновул” деб атай бошлайди.
Чирчиқ ўзани бир чақиримдан ҳам кенгроқ эди, баъзи жойларда беш-ўн гектар оролчалар пайдо бўлганди. Оролчалар қалин тўқайзор, чангалзор билан қопланганди. Тўқайда ёввойи жийда, ёнғоқлар, маймунжонлар, олмалару ўриклар шиғил-шиғил мева қиларди.
Дарё қирғоқларида қозоқ чўпонлар мол, қўй подаларини боқиб юрарди-ю, аммо ҳеч ким қўриқ ерларни ўзлаштириб деҳқончилик қилишни хаёлига келтирмасди. Бу ерларда деҳқончилик қилишни водийлик “ёт унсурлар” бошлаб беради.
Рўзиали тўртинчи синфни битириб, бешинчи синфга кўчиб ўтади. Бир мучал умр кўради. Отаси мучал оши қилиб беради, янги дўппи совға қилади.
Баҳор серёғин келади. Шағал аралаш ерларга бир амаллаб экин-тикин қилинади-ю, аммо дарёнинг ўнг соҳилидаги ерлар лой пишитиб қўйилган хандақдан фарқ қилмасди. Май ойи охирларига бориб ўнг соҳилдаги ерлар тобига келади. Қўшда шудгор қилиб, чизилдан чиқариб ерга уруғ қадалмаса, бир йил давомида ер яйловга айланиб қолиши мумкин. Деҳқон ернинг қадрини билади. Ер ҳам деҳқонни қадрлайди.
Ота ўнг соҳилдан қиш давомида беш-олти таноб ерни тўқай-чангалзордан тозалайди. Тўқайда ўсган ёввойи дарахтлар қирқ-эллик йил давомида чуқур илдиз отиб юборган экан, катта тўнкаларини таг-туги билан кўчириб олиш учун кўп куч, кўп вақт сарфланар эди. Тўнкаларнинг ҳаммасини кўчириб олиш амримаҳол, уватлар катта тўнкалар устидан олиб ўтилади, тўнкалар тупроқ остида қолдирилади. Шундай қилиб, янги ўзлаштирилган ерларга шоли экишни мўлжаллаб қўяди.
Рўзиали мактабдан таътилга чиққан кундан бошлаб отасининг қаватига кириб юмушларига ёрдам бера бошлайди. Тўнка кўчиришга кучи етмасди, лекин тош қалаб ясалган ўчоққа олов ёқиб, дарёдан пақирда сув олиб келиб, тиндириб, қайнатиб, тунука чойнакка аччиқ-аччиқ чой дамлаб берарди, тўнка кавлашда болта ишлатилса, атрофга пайрахалар сачраса, уларни териб бир чеккада тахлаб қўярди, отасига носқовоғини топиб элтиб берарди ва ҳоказо. Рўзиали жонга оро кирадиган дастёр бўлиб қолган эди.
Сўл соҳилдан ўнг тарафга тошқин Чирчиқни ҳатто бениҳоя ёйилиб оқадиган ўзанидан ҳам оёқяланг кечиб ўтиб бўлмасди. Муздек сув оёқни увиштириб бирпасда жонсиз увадага айлантириб қўяди; тап этиб сувга йиқилган одам қайтиб қаддини тиклай олмасди. Вой-войлатиб оқизиб кетарди. Агар соҳилда икки-учта кучга тўлган катта одам оқиб кетаётган шуртумшуқни кўриб қолиб, дарҳол ёрдамга ошиқмаса, ҳаял ўтмай бирорта қиррали тошга элтиб урилган бечорада товуш чиқаришга ҳам ҳоли қолмасди. Жасад лойқа сувда лопиллаб гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмасдан ёйилмагача оқизиб борилгач, саёз қумлоққа чиқариб юбориларди-да, устидан лойқа билан суваб қўйиларди. Кийим-бошларини оқим ечиб оларди ёки кўйлак-иштонни маҳкам боғлаб, тугунча қилиб қўярди.
Ишчи от экин-тикин мавсумида бўш турмайди, доим далада қўш тортаётган бўлади. Бир киши омочли акушник дасталаридан маҳкам ушлаб, ерни бир маромда, бир хил чуқурликда ағдариш учун гоҳ дастани ўз ҳолига қўйиб, гоҳ дастани куч билан босиб бориши керак. Яна бир киши эса югандан калта ушлаб, от билан ёнма-ён дала адоғигача бирга бориши лозим. Ўша пайтларда Ўзбекистонда “Қўшчилар ширкати” бекорга тузилмаган эди; давлат буюртмаси бўйича экиладиган ҳар қандай экин-тикин тақдири қўшчиларга боғлиқ эди. Ҳатто Ўзбекистоннинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобо ўғли ҳам қўшчилар ширкатидаги фаолияти туфайли эл назарига тушиб, кейин Шермуҳаммадбек, Холхўжа, Саъдулла каби қўрбошиларга ҳам гапи ўтадиган миллат раҳнамосига айланиб кетади. Меҳнаткаш инсонни қўрбошилар ҳам астойдил эъзозларди, чин дилдан ҳурмат қиларди.
Қўшчи от Абдуҳолиқ бувамга навбати келганида уни Рўзиали яйдоқ миниб юрарди. Отнинг юганидан калта ушлаб ёнида юриши учун унинг бўйи пастлик қиларди, отаси уни отга миндириб қўярди. Қўш тортадиган отга эгар урилмасди, узанги ҳам тақилмасди, фақат икки қават бўйинтуриқ осиб қўйиларди. Бўйинтуриққа қўш тортадиган йўғон арқон маҳкам боғланган бўларди. Бўйинтуриқ от бўйнини ялаб, яра-чақа қилмайдиган даражада қалин ва юмшоқ бўлиши лозим.
Қўшда ҳайдаладиган бир кунлик ер қолади. Қўриқ янги очилган бўлса-да, бултур тўқай оралари имкон қадар чизил қилиниб мош ва ловия экилган, уват тортилиб суғорилган эди.
Дарёдан тошқин пайти ўтиладиган ёлғизоёқ осмакўприк бор эди. Саёз жойигача йўғон устунлар кўмиб борилган, сув буралиб оқадиган дарёнинг ўрта қисмида троссга маҳкам боғлаб чиқилган қалин тахталардан кўприк ясалган эди. Осмакўприк лопиллаб турарди. Икки чеккасида арқондан тутқич бор эди.
Охирги куни қўш тортадиган отга бир тоғора арпа берилади. От эгасига ҳолдан тойдириб элтиб берилмаслиги керак, кучли бўлиши учун емиши ҳам қувват берадиган бўлиши лозим. Бувам бомдоддан кейин шолипояга мўлжалланган далага йўл олади. Акушник-қўшни от устига ётқизиб ўрнаштириб қўяди. Энди Рўзиали эрта баҳорда ертўла-уйдан ташқарига чиқариб қўйилган сандал устидан отга санчиб миниб олса, юганни ушлаб йўлга тушади.
Яйдоқ ишчи от устида Рўзиали тупроқ кўпчиб турган кўчалар бўйлаб дарё устига қурилган осмакўприкдан илгари ҳам бемалол ўтиб қайтган, бу сафар ҳам иккиланмасдан ўтмоқчи бўлади. Бироқ, от кўприк лопилайдиган жойига борганда таққа тўхтайди-қолади: на олдинга юради, на орқага тисарилади. Яйдоқ от устида ўн икки яшар бола ўтирибди, икки қўли билан қўш-акушникни ушлаб олган, қўш худди шайин-лангарга ўхшаб гоҳ сўлга, гоҳ соғ томонга оғиб кетади. От бошини илкис юқори кўтариб пишқиради. Хивич олиб ўтириш хаёлига келмаганини қаранг! Қўлида хивич бўлганида борми, бир уриб олға юргизиб юборарди-я!
“От ҳам эшакка ўхшаб бир қайсарлиги тутса, ёмон бўлар экан, жин урсин! Отнинг деви бўлади, деган гап бекорга айтилмас экан-да!”
– Рўзиали, ўртоқ, нима гап, нега боядан бери бир жойда туриб қолдинг? – деб сўрайди орқа тарафдан Алихон деган синфдоши.
Рўзиали ўтирган жойида орқасига қайрилиб:
– Отнинг эшаклиги қўзиб қолди, шекилли. Хув анави толдан бармоқдек йўғонликдаги новдасини синдириб келиб, кетига яхшилаб икки марта савалагин, ўртоқ! – деб илтимос қилади Рўзиали.
Туводоқлик Алихон ўртоғининг илтимосини дарҳол бажо келтиради: отнинг орқасига ўхшатиб хивич урган заҳоти жонивор нохос сапчиб юборадию Рўзиали от устидан учиб, айқириб оқаётган дарё тўлқинига юзтубан йиқилади, орқасидан акушник-қўш ҳам учиб тушади. Рўзиали тўлқин орасидан энди бошини чиқарган чоғда қўш-акушник елкасидан босиб тушиб, лойқа тўлқин қаърига тортиб кетади. Рўзиали бошқа кўринмайди. От эса кишнаганча ўнг соҳилга қараб югуриб кетади.
Алихон сеҳрлангандек турган жойида қотиб қолади.
Рўзиалини Чирчиқ ютиб кетади.

5

Қирқ кундан кейин дарёнинг қуйи оқимида яшайдиган қозоқлар хайқириб қолади:
– Қўқонлик, келмайсанми, боланг топилди!
Бу хабар оғизма-оғиз, қулоқма-қулоқ энамга ҳам етиб келади. Қўни-қўшнилар энамнинг йўлини тўсиб қолади, шолипояда кўлчаларга уруғ сочиб юрган бувамни топиб келишади. Бувам билан уч-тўртта эркак қозоқлар товуш қилган тарафга кетади. Хотин-халаж энамнинг олдидан жилмасдан тўшак-пўшак тўшаб ўтиришга жой ҳозирлайди.
– Ишқилиб, майиб бўлса ҳам тирик келса бас, болагинам! – деб ертўлага тушиб, ташқарига чиқаверади энам.
Ертўла ёнида пастқамгина пахса деворли кулба қад ростлаган, лекин ҳали томи ёпилмаган эди. Ўчоқ ҳам ичида, ўтинхонаси ҳам ичида, пойгаҳдан сандалга яраша супа ҳам қилинган, қишда остига бир сидра ғўзапоя ётқизилиб, устидан шолипоя тўшалади, кейин шолча ёзилади. Бундай уй қўшниларда бор, “тўрили хонадон” дейилади.
Югуриб-елиб ертўла атрофини супуриб-сидириб, севалатиб сув сепаётган хотинлар ўзларини эшитмаганга солади. Тенг-тўш аёллар бир-бирига имо-ишора қилиб:
– Роҳатой, ҳали яна қўчқордай ўғиллар кўрасиз! – деб ўйноқлаб юрган икки ярим яшар қизалоқни – Турсунойни бағирларига босиб эркалатишар эди.
Дастлаб, иккита, сўнг тўртта, яна тўртта-тўрттадан қозоқ-ўзбек аралаш оломон бувам билан энам яшайдиган ертўла-хонадон атрофида уймалашиб қолади. Салла ўраган мулла ҳам пайдо бўлади.
Шунда ҳам энам олазарак бўлиб дам кўча бошига бориб қайтар, дам Рўзиалининг янги дўпписини кўрпа қатидан олиб чиқиб қўни-қўшни хотинларга кўрсатар эди:
– Бошига тор кеп қолган бўлса-я! – деб хавотирланар эди.
Энамнинг эс-ҳуши жойида эмас эди.
Иккита қозоқ йигит бўздан қилинган қалингина пахтали кўрпани икки буклаб икки томонидан авайлаб кўтарганча ертўлага тушиладиган нишаблик бошида тўхтайди. Кимдир эски шолчани ёзади. Қозоқлар кўрпани шолчанинг устига астагина қўяди.
Бувам кўрпани очади. Рўзиалининг алак кўйлак-иштонига ўралган сўнгакларни силаб-сийпалайди. Қўлларини тиззасига тираб ўрнидан турмоқчи бўлса, оёқлари майишиб кетаверади. Ўрнидан туролмайди. Икки йигит қўлтиғидан олиб турғазиб қўяди.
– Хола, ўғлингиз билан хайрлашиб олинг, – дейди битта аёл энамга, – Рўзиалига ҳозир кафан кийдиришар экан.
Энам ўғлининг кўйлак-иштонлари устига ёйиб қўйилган сўнгакларни кўриб, одамларга жавдираганча:
– Рўзиали топилди дейишганди-ку! Болам қани? – дейди.
Икки аёл энамни турғазиб бағирларига босганча ўкириб юборади:
– Шугина қолган экан Рўзиалидан, қўқонлик холажон! Сувда одам жасади қирқ кунда эриб кетар экан, холажон!
Сўнгаклар кафанланади. Халойиқ жаноза намозига саф тортади.
Имом жанозани бошлайди.
Аёллар энамни суябми, сургалабми, четроққа ўтиб кетишади.
Бувам ҳам эс-ҳушидан ажралади. Лекин жанозада сафда туради. Намоздан сўнг имом ёнига ўтиб:
– Кимда улимни қарзи бўлса, кимнинг кўнглини оғритган бўлса, Рўзиалини кечирсин, қарзини тўлашни ўзим зиммамга оламан, – дейди баланд товушда.
Эркаклар ўкириб юборади.
Кафанланган сўнгаклар кўрпа устига қўйилади. Кўрпанинг тўрт бурчагидан тўрт киши кўтарганча қабристонга йўл оладилар.

6

Чирчиқ саратонда ўзанига қайтади.
Бувам ўша йили дарёнинг ўнг соҳилидан ўзлаштирган қўриққа шоли экади; бомдоддан хуфтонгача даладан келмайди. Сув тортилиб қолгач, осмакўприкдан Рўзиали тоғам устига босиб тушган акушник-қўшни излаб топиб эгасига элтиб беради. Эгаси – Туводоқ қишлоғидан Алихоннинг амакиси Яҳёхон нишолдачи экан. Яҳёхон амаки водийлик муҳожирларнинг камтарона тўй-томошаларида мис қозони билан тўй эгаси хонадонига бориб нонуштага нишолдасини тайёр қилиб қўярди.
Нишолдачи нима учун кўчирма қилинганини ўзи ҳам билмасди. Эскича илми бўлгани учун ҳар эҳтимолга қарши четга суриб ташланган бўлса керак.
У гоҳ кулранг хачирини қўшга қўшиб, гоҳ бировдан ҳўкизини ижарага олиб чақирилган жойга бориб қўш ҳайдаб қоларди. Лозимандаларда мулланинг ёнига ўтириб ширали товушда Қуръон тиловат қилиб юборарди.
Бувам Яҳёхон нишолдачига ихлос қўйган эди. Ҳайит арафасида товуқ сўйиб қон чиқарадиган бўлса, албатта Яҳёхон амакини чақириб келиб зиёфат қилар эди. Қуръон ўқитиларди, ўткан-кеткандан суҳбатлашиб ўтиришарди. Гап-сўзлардан маълум бўлардики, Яҳёхоннинг падари бузруквори машҳур Эргаш қўрбошининг пири бўлган, қўрбоши босқинчи ўрисларга қарши жиҳод эълон қилишидан олдин атайлаб Қўқондан қирқта йигити билан Туводоққа келиб пири комили бўлмиш Дадахўжа эшондан фотиҳа олган экан. Тенгсиз жангларда Катта Эргаш шаҳид бўлгач, Кичик Эргаш майдонга чиқади. У ҳам Дадахўжа эшондан фотиҳа олади.
Ўрис зобитлари Пароканд Мирзо лақабли хуфя орқали жиҳод илҳомчиси Дадахўжа эшон эканидан хабардор бўлгач, эшон бобони “Ҳаж сафарига кузатиб қўядилар”. Яъни, ўрис аскарлари Туводоққа бостириб келиб эшон бобони фойтун аравага чиқариб Қўқонга олиб кетишади, Қўқондан Данғара қумтепаларига чиқариб шаҳид қилишади. Сўнг эшон бобони сўроқлаб ГПУ идорасига борган хеш-ақраболарига: “Ҳаж сафарини ихтиёр этдилар, муридларига қўшиб Қўқон вокзалида сафарга кузатиб қолдик”, деб жавоб берилади.
Рўзиалининг сўнгаклари дафн этилгач, Яҳёхон ҳар жума оқшоми энам билан бувамни йўқлаб келиб падари бузрукворининг маҳзун қиссасини йиғлаб-йиғлаб сўйлаб ўтирарди.
Бизнинг эшонлар ва эшонзодалар мушфиқ халқимиз бошига мусибат тушган чоқларда доим мазлумлар ёнида бўлган; мазлумлар қаторида жафо чекади, мазлумлар қаторида жазоланади.
Энам ўзини қўярга жой топа олмайди. Энди уч яшар бўлган Турсуной қизи ҳам кўзига кўринмайди. Бомдод намозидан сўнг қабристонга бориб, шом пайти аранг оёғини судраб қайтиб келарди. Дарё бўйида узоқ-узоқ қолиб кетарди. Ахийри чидамайди:
– Кетаман Чуваланчига! – дейди. – Сиз қолаверинг, мен Турсунойни олиб кетаман.
Кеч кузда бувам Тошкент вокзалига бориб энам билан қизчасини Қўқонга кетаётган поездга чиқариб юборади.
Энам қизчасини бағрига босиб Қўқонгача танбурда ғужанак бўлиб оёқ устида ўтириб боради. Қўқонда ўрнидан тураман деса, оёқлари ўзига бўйсунмайди; одамлар уни кўтариб перронга тушириб қўйишади. Оёқларини уқалаб қон югуртириб олгач, қизчасини етаклаб вокзал майдонига чиқади; Бувайдага кетаётган аравадаги одамлар орасидан жой беради.
Сўраб-сўраб қишлоққа ҳам етиб келади.
Етти йилда пастқам уйларининг томлари ҳар-ҳар жойларидан ўпирилиб тушган, ҳовлини шўра босиб кетган, эшик-деразалари тоб ташлаб очилиб ётган экан. Ҳеч кимга айтмасдан уйига кириб олиб уч кун яшайди; на бир қултум сув ичади, на бир бурда нон ейди. Уч яшар Турсуной ҳам миқ этмайди. Даҳлизни эпақага келтиради. Тўртинчи куни даҳлиздаги ўчоққа ўт ёқади. Мўридан тутун чиқаётганини кўрган қўни-қўнилар ажабланиб қия очиқ турган дарвозадан ҳовлига мўралаб, ажриқ томирини шимиб ўтирган Турсунойни кўриб қолади.
Биров иккита нон опчиқади, бир ёғоч косада бўтқа кўтариб чиқади. Кўрпа-тўшак, ёстиқ, шолча пайдо бўлиб қолади.
Бир куни Ибоқжон вазмингина хуржунни кўтариб чиқади.
– Бу нима? – деб сўрайди энам.
– Сизлар Тошкентга кетганларингдан кейин уч ой ўтиб Марғилондан Тожиали тоға деган одам отамни излаб келди.
– Отанг ўн йил олдин ўлиб кетган эди-ку!
– Ўзимди отамни эмас, Рўзиалининг отасини – Абдуҳолиқ отамни излаб келади.
Энам хуржунни очиб қарайди: бувамнинг дуродгорлик асбоб-ускуналари экан. Хуржун остида қизил тугунча бор экан. Тугунчани олиб очиб кўрса, чиройли Марғилон дўппи орасида бир тахлам қоғоз пул!
– Бу кимнинг пули?
– Отам охирги марта Марғилонга бориб ишлаганида айрим одамлар иш ҳақини тўлиқ бера олмаган экан; келаси мавсумда ҳисоб-китоб қиламиз, деб шартлашади. Келаси мавсум отам бормагач, Тожиали тоға омонатни олиб Чуваланчига келади. Қўлингизда турган тугунча – отамнинг иш ҳақи экан.
Энам дўппини ҳидлаб-ҳидлаб йиғлаб юборади:
– Рўзиалига лойиқ экан-а! Рўзиалининг ўрнига сен кийгин-а!
Ибоқжонга энам янги Марғилон дўппини кийдириб қўяди.
Деҳқончилик йиғиштириб олингач, қорлар ёғиб қиш забтига олган кезларда бувам ҳам қишлоққа қайтади.
Рўзиали тоғамсиз ҳаёт бошланади.

7

Соғин сигир харид қилинади. Шу серсут сигирдан тарқалган бузоқлардан ўн йиллар давомида насл олинади, зоти йўқолиб кетмайди. Серсут сигир доим бостирмада боғлиқ турарди. Дастурхонда доим ширава қаймоқ бўларди.
Бувам дурадгорлик асбоб-ускуналарини бир қур кўздан кечиради; дастаррасининг тишини чиқаради, теша ва пойтешаларни чархлайди ва эрта баҳорда яна хуржунни елкасига осиб Марғилонга мардикорчилик қилгани жўнайди.
Ишқилиб, бувам умрининг охиригача колхозчи бўлмайди.
Энам Рўзиали тоғам тўғрисида кўп гапирарди. Энамнинг ҳикояларидан Рўзиали тоғам қанақа бўлганини жуда яхши билиб олганман.
Қишлоғимизда уста Рўзи бува ва Жумавой новвой қачон мени учратиб қолишса: “Сен Рўзиали тоғангди ўзисан!” дейишар эди.
Бувамдан бирор марта ҳам Рўзиали тоғам тўғрисида гапирганини эшитмаганман. Бувам ҳар жума Қўқонга бориб Янги Чорсу масжидида эски ошналари билан бирга намоз ўқиб қайтарди. Мени ҳам баъзан ўзи билан олиб борарди Қўқонга. Намоз пайти мен ариқ бўйида бувамнинг қопини қўриқлаб ўтирардим. Тенгқурларим билан ариққа кесак отиб ўйнар эдик. Жума намозидан сўнг чойхонага бориб кабобхўрлик қилардик, чоллар давра қуриб олиб “босмачилик даврлари”ни эслаб ўтиришарди.
– Саъдулла қўрбоши тирикми? – деб сўраб қолишарди бувамдан.
– Тирик юрибди. Лекин қассобчилик қилмай қўйган.
– Қўрбошилар қон чиқариб турмаса, қўллари қалтирайдиган бўлиб қолади, қассобчиликни ташламаса яхши бўларди.
– Ора-орада ўғли Хайрулла сўқим сўймоқчи бўлса, қўрбоши ҳам қассобхонага бориб ўтиради, ҳеч бўлмаса, ҳўкизнинг бўғзига пичоқ тортиб ҳовурини босиб қайтади, – дейди бувам.
– Ҳа-а, дуруст.
Марғилон сафаридан қайтган бувам томорқада куймаланиб юрарди.
Сўнг қишлоқ қабристонида қоравул бўлди. Қабристон қоравули ўликларни қўриқлаб ўтирмайди, доим у ёқ-бу ёқларни тузатиб, хас-хашаклардан тозалаб юрарди. Димиқиб қолган зовурларнинг кўзини очиб юборарди. Ишқилиб, ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмасди.
Мен бир мучал ёшимда бувам касал бўлиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолади. Ёнига дўхтирларни яқинлаштирмайди. Нос чекишини ҳам тўхтатмайди. Мактабга кетаётганимда кўзи тушиб қолса, имлаб чақириб олиб: “Ма, қалам-дафтар олгин, Қўқонда олиб берганим китобларни укаларингга қолдиргин, ўқишсин”, дегани эсимда.
Ёз эди. Мактабдан таътилга чиққан эдим.
Бувам оғирлашиб қолади. Бир куни кўнглига яқин одамларни чақиртиради: Чуқур маҳалладан Жўравой тоға, Қўрғончадан Султонали тоға, Оқчангалдан Абдураҳим тоға етиб келадилар.
– Жанозамни мулла Султон ўқисин, – деб васият қилади бувам. – Жасадимни Юнусали ювсин, – дейди. – Гўримни Ашурали чўлоқнинг куёви Муҳаммаджон кавласин. Туводоқдан Яҳёхон тўрани жанозага айтинглар, худойимда ҳам келиб Қуръон тиловат қилиб ўтирсин; матасика миниб келса, бензинига яраша пул бериш керак, аёлманд инсон у, қўли юпқа, ҳозир нишолда сотиб уч-тўрт чақа топадиган мавсум эмас.
– Хўп, хотиржам бўлинг, ҳаммаси айтганингиздек бажарилади.
– Энди бемалол оёқ узатиб ўлаверайми?
– Ҳа… йўғ-э, иссиқ нафас қилинг-э…
– Жўравой, томоғим қақраб кетди, пахтани ҳўллаб оғзимга сув томизиб турасиз-да…
Жўравой тоға бувамнинг истагини дарҳол бажо келтиради.
Ярим кечада бувам сандирақлай бошлайди:
– Рўзиали… Рўзиали… Рўзиали…
Ён-атрофини қуршаб ўтирган одамларни ҳам танимай қолади.
– Рўзиали… Рўзиали… Рўзиали…
Кўзларини очишга ҳам мадори қолмайди, фақат ҳиқилдоғи қимирлайди:
– Рўзиали… Рўзиали… Рўзиали…
Бомдодга етмасдан жони узилади.
Жўравой тоға оқ сурп билан бувамнинг жағини боғлаб қўяди.
Бувамнинг устига кўрпа тортиб қўйишади.
Жанозага тумонат одам тўпланади.

8

Бувам борлигида Ибоқжон тоға бизникига фақат бирор иш юзасидан чиқар эди. У ўрта мактабда бошланғич синфларга арифметикадан дарс берарди. Ичкиликка ружу қўяди. Сабаби – бефарзанд. Хотинни алмаштиради, лекин бари бир бола кўрмайди. Эски хотинини қайтариб олади. Ичкилик овунчоғи бўлиб қолади. У янги қурилган уйи томига чиқиб, биз томонга қараб чўнқайиб ўтиришни яхши кўрарди.
– Бойўғлига ўхшамай ўл! – деб қарғаб қўярди энам. – Унинг дастидан ҳожатхонага ҳам бемалол бориб бўлмайди.
Томда ўтирган жойида:
– Эна, янги ивитган қатиғингиз борми? – деб сўрарди баланд товушда.
– Бор.
– Ҳозир ўзим кираман, бошим торс ёриламан деяпти, – деб Ибоқжон тоға ҳаял ўтмай дарвозадан кириб келарди.
Энам кўзачага ивитиб қўйилган қатиқни Ибоқжон тоғанинг олдига чиқариб қўярди. Ёғоч чўмич ва косани ҳам келтириб берарди. Чорпоядан оёқларини осилтириб ўтириб олган Ибоқжон икки-уч коса янги қатиқни ютоқиб ичиб оларди. Лаб-лунжини кафти билан артарди.
– Ҳеч ким сиздек қатиқ ивитишни билмайди, эна. Ана, бошим ҳам бирпасдан ёришиб кетди! – деб бошини уқалаб қўярди.
– Сен ўша сабилни ҳадеб ичавермасдан, унинг ўрнига бир-икки кило қўй гўшти опкелиб Ўлмасойга берсанг, ширингина қайнатма шўрва пишириб беради.
– Эна, шўрва аламимни босмайди-да! – деб нолийди. – Тўйиб арақ ичсам, уч-тўрт кун бошим оғриб юради, дунёда бошоғриқдан ҳам бошқа ташвишлар ҳам борлиги хаёлимга келмайди.
– Ўзинг биласан.
– Раҳмат, эна, – деб ўрнидан туради. – Айтмоқчи, ҳалиям ўн икки сўм пенсия оляпсизми?
– Ҳа. Нимайди?
– Неварангиз мен билан юрсин, уйда ўттиз-қирқта шиша йиғилиб қолган; катталари ўн тийиндан, кичкинаси етти тийиндан. Дўконга элтиб топширса, уч-тўрт сўм пул бўлади, – дейди.
– Уят бўлади-ей! Кўрган одамлар, “Рўзиалининг жияни арақ шиша сотиб юрибди!” деб орқасидан гапиради.
– Тирикчиликнинг айби йўқ! Юр, жиян, ўзим шишаларни қопга жойлаштириб, орқангга кўтартириб юбораман. Энанг айтаверади! – деб қўлимдан ушлаб етаклаб олади.
– Қўйвор болани, бормайди!
Ибоқжон тоға қўлимни қўйиб юборади, аразлаб диконглаганча кўчага чиқиб кетади.
– Турқинг қурсин, попушак! Арақни ўзи ичиб, бўш шишасини сенга берар эмиш, пиёниста!
Бувам оламдан ўтканидан кейин икки-уч йил орасида Ибоқжон тоға милтиқ сотиб олади. Боғ оралаб юриб сочма ўқ билан ҳар хил қушларни овлаб, ўзини овунтириб юрадиган бўлади.
– Бир шиша сабилнинг ўрнига бир кило гўшт беради, ўттиз-қирқ шиша заҳри қотилнинг пулига берадиган гўшт билан бутун маҳаллани бир ой боқса бўлади. Ҳеч бўлмаса, исрофгарчиликдан қўрқмайдими! Ўзи отасининг зоти паст эди. Итдан бўлган – қурбонликка ярамайди.
Битта мушугимиз бор эди. Сичқон овлашни яхши биларди. Агар уй ичида сичқон зотига қирон келтирса, даладан сичқон тутиб келиб, албатта, уйга киритиб еб оларди-да, сўнг мўйловини ялаб, қуёшда тобланиб мизғиб оларди. Кечаси менинг ёнимда кўрпани устида ғужанак бўлиб ҳуррак отиб ухларди.
Куз охирларида мушукни Ибоқжон тоға колбаса палламлари билан ҳовлимиздан кўчага алдаб чақириб олиб, отиб ташлади. Ўлигини зовурдан экскаватор чиқариб ташлаган лойқа остига элтиб кўмиб келади.
– Нега унақа қилдинг? – деб сўрайди энам.
– Эрта баҳорда курк товуғимиз очиб чиққан жўжалардан иккитасини тутиб олиб еган эди, ичингиз оғримасин деб бу ҳақда сизга индамай қўя қолган эдим. Ишонмасангиз, ана, келинингиздан сўрашингиз мумкин.
– Бўлар иш бўлди, энди тақичилаб нима қиламан! Ажаб бўпти! – деб заҳарханда қилади энам.
Шундан кейин Ибоқжон тоға бизникига қатиқ сўраб ҳам чиқмайдиган бўлди.
Энам сигир соғади, кувини пов-пов этказиб ширава-қаймоқни ажратиб олади. Сутни пишириб, илимилиқ бўлгач кўзачага қуйиб, оқлик ташлаб аралаштириб қатиқ ивитиб қўяди. Ҳафтада икки марта сутга хамир қориб, нон ёпади. Сутга қорилган хамирдан нон ёпаётганда тандирни оқартиргандан сўнг ҳовурини пасайтириб олиш лозим. Акс ҳолда ноннинг орқаси иссиқ тандирга ёпишиб қорайиб куйиб кетади.
Катта марварид тутимиз бор. Тут пишганда устига чиқиб мевасини қоқиб тушаман, сўнг чанг-чунгини қоқиб майизак қилиб қўямиз.
Икки туп катта тошбеҳимиз бор. Тошбеҳи паловга солинади. Ўзини ейиш учун узиб олиб қуруқ жойда қишгача сақлаб қўйиш керак. Биз беҳини узун-узун сабоғи билан битталаб узиб олиб, уйга киритиб вассалар орасига ёки лўмбоз остига тўшалган бўйра тешикчаларига қистириб қўямиз. Қиш бўйи уйдан беҳи ҳиди анқиб туради. Осилиб туриб пишиб кетган беҳи битта-битта тўкилаверади; тўкилган беҳи меники бўлади. Ҳафта давомида бирортаси тўкилмаса, дўппимни отиб беҳини уриб тушириб оламан.
Энам ҳар куни бомдод намозини товуш чиқариб ўқийди. Қиш чоғлари намоз оятлари жаранглаб тарқалади. Мен кўрпа остида эшитиб ётаман. Сўнг радио товушини кўтариб қўяди: “Эрталабки гимнастика машқлари”дан кейин “Пионер эрталиги” бошланади. Иккала эшиттиришни ҳам охиригача тинглаб бўлгач ўрнимдан тураман. Ташқарига чиқиб бет-қўлимни ювиб келгунимча нонуштам тайёр бўлади.
Кўтармадан мактабга борадиган болалар кўп. Аммо ўғил бола синфдошларим йўқ. Баъзан Янги маҳаллага онамни соғиниб бориб кечаси ҳам ётиб қолсам, эрталаб мактабга отлансам, йўл-йўлакай кўп синфдошларимни учратардим.
Янги маҳалладаги уйимизда укаларим қий-чув кўтариб дарс қилишимга халақит беришарди. Агар ётиб қоладиган бўлиб янги уйга борадиган бўлсам, дарсдан кейин синфда бир-икки соат қолиб уй вазифаларни бажариб қўяр эдим.
Энам икковимиз яшайдиган ҳовли қишлоқ чеккасида бўлиб, ундан у ёғи пахтазор далалар эди. Далаларнинг шимол томони Қахат, ғарб томони эса Туводоқ қишлоқлари чегарасига бориб тақаларди.
Пахта йиғим-терими охирлаб, ғўзапоялар ўриб олингач, бригадир энамни йўқлаб келиб:
– Катта бўлакдан сизга ҳам саккиз қатор ғўзапоя қолдирдим, эна. Мусавой билан Эргаш Тошга тайинлаб қўйдим, ўзлари боғлаб, присепда уйингизга келтириб, кўрсатган жойингизга саранжомлаб босиб беришади. Ғўзапоя тозаям ғовлаб ўсган яхши жойидан сизга пайингизни ажратиб бердим, қишда ўчоққа ёқсангиз, сандалга ҳам чўғи тушади, эна. Жойнамоз устида мени ҳам дуо қилиб қўясиз!
– Дуо қиламан, худо хайрингизни берсин! – дейди энам.

9

Куз охирлаб, қиш бошланиши арафасида колхоз идорасидан ер ўлчовчи танобчилар ҳовлимизга саржин кўтариб кириб келишди.
– Тинчликми? – деди энам хавотирланиб.
– Томорқаларни ўлчаб юрибмиз, эна.
– Ер солиғини тўлаб тураман нафақамдан.
– Қанча нафақа оласиз, эна? – деб сўрайди сўқимга боқилгандек семиз танобчи тиржайиб.
– Ўн икки сўм.
– Ўн икки сўмга тўрт кило гўшт беради. Ҳар куни юз граммдан есангиз, қирқ кун фаровон ҳаёт кечирасиз. Тўғрими, полвон? – деб жўрттага менга мурожаат қилади.
Танобчилар икки киши бўлиб, наригиси ёшроқ эди. Ёш танобчи саржин билан томорқамизни ўлчашга киришиб кетади. Семиз танобчи қувноқ одам экан: ҳазил-ҳузул қилиб энамни кулдирмоқчи бўлади, дастурхонга қўйилган нонни синдириб кавшаниб ўтиради, совуқ чойни ҳам меҳри товланиб ичади.
Ҳадемай саржиндор томорқамизни ўлчаб чиқади. Улар сўрида ёнма-ён ўтириб катта хўжалик дафтарини шошилмасдан варақлаб кўришади. Сўнг, рақамларни ёзиб-чизиб бўлгач, бараварига ҳуштак чалиб юборишади.
– Эна, заминдор бойларнинг авлодидан экансиз-ку! Агар 30-йилларда шунча ерингиз бўлганида, валлоҳи аълам, нақд Борсакелмасга кўчирма қилиб юборилар эдингиз, худо ҳаққи! – деб ёқасини ушлайди бақалоқ. – Шарифжон, ортиқчаси қанча экан?
– Уя ярим сотих, – деди ёш танобчи.
– Майли, ярим сотих ортиқча ерни энамга совға қилиб қолдирамиз, лекин уч сотихини Иброҳимжон домлага қирқиб олиб берамиз. Ё Қўрғончадан бирорта ери кам одамга берамизми? – деб ўзаро маслаҳат қилгандек кўрсатади ўзларини бақалоқ.
– Билмадим, энамнинг ўзи нима дер экан?
– Эна, ўзингиз нима дейсиз? – деб бақалоқ энамга мурожаат қилади.
– Сизларни Иброҳим бошлаб келдими? – деди энам уларга қараб кулиб. – У аввал мушукнинг хунини тўламасмикан?
– Қанақа мушук? – деб талмовсиради бақалоқ. – Томорқага мушукнинг нима алоқаси бор?
– Алоқаси бўлмаса, ана, қирқиб олаверинглар, – деб энам бостирма томон ўтиб кетади.
Қўрада қуёшга қаратиб ёғочга тўнкариб қўйилган пақирни олиб сигир соғишга уриниб кетади энам.
Танобчилар бир-бири билан зимдан кўз уриштириб олгач, бош чайқаб қўйишади.
– Шарифжон, домлани чақириб чиққин, – дейди бақалоқ.
– Хўп, – деб бақалоқ кўчага чиқиб кетади.
Ҳадемай у бўйинбоғ боғлаган Ибоқжон тоғани эргаштириб келади.
Бақалоқ танобчи Ибоқжон тоғага пешвоз чиқиб сўрашади. Улар кўз уриштириб, имо-ишора қилади.
– Энам қани? – деб сўрайдйи Ибоқжон тоға атайлаб товушини кўтариб.
– Сигир соғяпти, – дедим.
– Тинчликми ўзи? – деб сўрайди яна Ибоқжон тоға товушини баланд қилиб. – Ҳозир райОНО мажлисидан келдим, Шарифжон кириб қолди…
– Тинчлик, домла, тинчлик, – деди бақалоқ ҳам товушини баландлатиб. – Сизнинг томорқангиз нормадан тўрт сотих кам эди. Роҳат энамди томорқаси меъёрдан уч ярим сотих ортиқча экан. Агар хўп десангиз, домла, сизга уч сотих ерни қирқиб олиб берамиз, ярим сотихини, майли, энамизга қолдирамиз. Сизга яна бир сотихни бошқа жойдан тўғрилаб берамиз. Розимисиз?
Ибоқжон тоға кулимсираб:
– Сизлар нима десаларинг – шу! Мен нима ҳам деяр эдим, ўзим ҳозиргина райОНО мажлисидан келдим.
– Сиз коржомангизни кийиб чиқинг, домла, биз ўлчаб берган жойга қозиқ қоқиб қўясиз, эрта-индин қўра қилиб ўзингизга қўшиб оласиз, – дейди бақалоқ.
– Оббо! Жуда қизиқ бўляпти-ку! – деб Ибоқжон тоға кўчага жадал чиқиб кетади.
Энам сигирни соғиб, пақирни оғил устунига қоқилган гулмихга илиб қайтади.
– Попушак кирдими ҳовлига? – деб сўради энам мендан.
– Ҳа.
– Ерга очмикан? Ана, олсин! – деб томорқага ишора қилди. – Юр, кетдик, Оқчангалга бориб Абдураҳим тоғангникида уч-тўрт кун меҳмон бўлиб келамиз.
– Хўп, – дедим.
Энам уйга кириб мени дарҳол кийинтирди, сўнг мени даҳлизга чиқартириб юбориб, ўзи ҳам тез-тез кийимларини алмаштирди.
Ҳовлига чиқдик. Эшикни қулфлади, калитни айвондаги устунга қадаб қоқилган ёғоч қутичага солиб қўйди.
– Юр, борайлик тезроқ. – Катта осма қулфни қўлига олади: – Манави қулф билан дарвозани беркитиб қулфлаб қўйинглар, калит эса қулфнинг оғзида қолаверсин, – деб қулфни Шариф танобчи қўлига тутқазади.
Бақалоқ нима қилишини билмасдан ён-атрофига жавдираганча қолади.
Биз кўчага чиқиб кетдик. Ғўзапоялари йиғиштириб олинган далаларнинг уватлари бўйлаб Қахат қишлоғи томонга йўл олдик. Қахат оралаб ўтиб Оқчангалга борамиз.

10

Оқчангалда уч кун меҳмон бўлиб қайтсак, Ибоқжон тоға бизнинг томорқамиздан ўзининг қўрасига қадалиб турган қисмини ғўзапоя билан ўраб олибди. Томорқамизнинг тўртдан бир қисми Ибоқжон тоғага ўтиб кетибди.
Янги ўрилган ғўзапоядан одам бўйли, қалингина қўра кўтарибди.
Энам индамади.
Мен ҳайрон бўлдим.
– Попушак зоти паст, очназар, беномус бўлса ҳам Рўзиали тоғангди ўртоғи эди; сенга тоға ўрнида қиёматли тоға бўлади, уни кўрганингда саломингни аямагин. Эртага уйига кириб бўш шишаларини қопга солиб дўконга элтиб бер, шишаларнинг пулини Ўлмас аянгга келтириб бергин, бу бечора ҳам бефарзанд ўтяпти, Попушакни оқ ювиб, оқ тараб юрибди, – деди энам.
Энамнинг айтганларини бажо келтирдим.
Мен эсимни таниб қолган эдим. Ҳадемай ўрта мактабни битирдим. Ҳарбий хизматга бориб келдим. Сўнг ТошДУнинг журналистика факультетига ўз кучим билан ўқишга кирдим. Таътил пайтлари қишлоққа келсам, жомадонимни кўтариб тўппа-тўғри энамнинг ғарибгина ҳовлисига кириб борардим. Ҳикояларим чоп этилган “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум” каби журналларини тўплаб келтириб энамга берардим.
– Ибоқжон тоғангга ҳам ярмини бериб чиққин, хурсанд бўлади, – дерди энам.
– Хўп, – деб журналларнинг ярмини қиёматли тоғамга киритиб берардим.
Ибоқжон тоғам мени бағрига маҳкам босиб, товуш чиқармасдан юм-юм йиғларди, ҳадеганда бағридан бўшатиб юбормасди.
Нега йиғларди?
Билмайман.
ТошДУнинг охирги босқичида ўқиётганимда энам оғир касал бўлади. Қишлоққа етиб келганимда ҳамма билан видолашиб бўлган экан: тўплаб-йиғиб юрган нафақасидан ғассолга қанча пул бериш кераклигини, жанозасини ким ўқишини, Ашурали чўлоқнинг куёви Муҳаммаджон гўрков мангу ётар жойини тайёрлаб бергани учун қандай рози қилиш кераклигини ва ҳоказоларни айтиб васият қилиб улгурган эди.
– Қўқоновулда эски қабристон бор, ўртасида тўрт туп қайрағоч бор, букчайиб ўсган қайрағоч ёнида Рўзиали тоғанг ётибди. Менинг худойим ўтганидан кейин ўқишингга кетавер, имкон топишинг билан тоғанг ётган қабристонга бориб ўргатганим бўйича Қуръон тиловат қилиб, мозор қоравулига уч-тўрт сўм ташлаб қайтгин. Нафақамдан сенга ҳам йигирма сўм ажратиб қўйганман, – дейди энам.
Индамайман.
Талабалар стипендияси 40 сўм бўлган чоғларда энам йигирма тўрт сўм нафақа оларди. Биз талабалар ҳар ойда тўрт-беш кун мардикорчилик қилишга чиқиб, энг камида 50 сўм пул топиб қайтардик. Ўшанда ҳам ойдан ойга пулимиз учма-уч аранг етарди. Энам йигирма тўрт сўм нафақасидан қандай қилиб жамғарма йиғиб қўйган экан-а?
Энам чорпоя-сўрида қават-қават кўрпа-тўшак устида бор-йўқлиги ҳам билинмасдан рамақижон бўлиб ётар эди. Мен бувамдан қолган бир кишилик сўрига ўрин тўшаб ишком остида ётдим. Учинчи кеча энам безовталана бошлаганини сезиб қолиб, апил-тапил юз-қўлимни ювиб ёнига бориб ўтирдим.
– Сув берайми?
Ҳолсизгина бош чайқайди.
Осмон ости ёришиб келаётган пайтда тиззаларимни қучоқлаб ўтириб кўзим илинган экан; қулоғимга элас-элас бир товуш келади:
– Рўзиали… Рўзиали… Рўзиали…
Бирдан сергак тортиб энамнинг оғзига қулоқ тутдим; ундан бошқа сас-садо чиқмади…
Худойи маросимидан сўнг Тошкентга қайтдим.
Энамнинг васияти бўйича Бектемир депарасидаги Қўқоновулни излаб топдим. Эски қабристон ҳали ҳам бор экан. Тўрт туп қайрағочлардан бири букчайиб ўсган экан. Ўша қайрағоч остида тиз чўкиб ўтирганча Қуръон тиловат қилдим. Мозорга кираверишда пастқамгина бино бор эди. Айвонида бир киши кафтига суянганча ёнбошлаб ётган экан. Томоқ қириб унга яқинлашдим. Салом-алик қилгач, шолча четида атаган хайриямни қолдирдим.
– Қўқондан келдингизми?
– Қайдан билдингиз?
– Мозорнинг сиз бориб Қуръон тиловат қилиб қайтган томонида қўқонликлар ётибди.
– Ҳаммасини худо раҳмат қилсин! Менинг тоғам ҳамбор улар орасида.
Қоравул юзига фотиҳа тортиб қўяди.

* * *

Орадан яна ўн йил ўтгач, Ибоқжон тоға ҳам вафот этади. Мен у пайтларда Тожикистонда Анвар пошо, Иброҳимбек, Фузайил махсум каби мужоҳид боболаримиз ўрис босинқиларига қарши курашган тоғу тошлардан, қишлоқлардан гувоҳларни излаб, ноёб маълумотлар тўплаб юрган эдим. Тошкентга қайтганимда таниш-билишларимдан Ибоқжон тоға вафот этганини эшитиб қишлоғимга йўл олдим.
Энамни йўқлаб қабристонимизга бордим. Шайх бувадан Ибоқжон тоға қабрини сўраб топдим. Дуои фотиҳа қилдик. Сўнг бир четга ўтиб ўтган-кетганлардан гаплашиб ўтирдик. Энди қайтиш учун дала томонга ўтган ҳам эдимки, бошига оқ рўмол ташлаб олган муштдеккина кампир келиб мени астойдил бағрига босиб ҳазин-ҳазин сас чиқариб йиғлаб юборди.
– Қиёматли тоғангни роса юраги эзилиб кетди, ўғлим! – деди.
Овозидан тоғамнинг меҳрибон умр йўлдоши Ўлмас аям эканини таниб олдим.
– Ҳаммамизнинг ҳам келадиган жойимиз шу, ая, – дедим.
– Тоғангиз билиб-билмай дилингизни оғритган бўлса, ажри қиёматга қолмасин! Кечиринг уни, жон болам…
– Қиёматли тоғам деганман уни, ая! Рўзиали тоғамнинг дўсти бўлган инсон энамга ҳам, менга ҳам азиз эди…
– Энг охирида уч марта Рўзиали, Рўзиали, Рўзиали деб жон берди тоғангиз, – деди ая.
Мен муштипар кампирни қайтатдан бағримга босдим.
Биздан рози бўлинг, қиёматли тоғаларим!