Муяссар Тиловова. Кўкёл (ҳикоя)

Уч кун муқаддам Кўкёлнинг арлони овга чиқиб кетиб, қайтмади. Она Кўкёл уни қидириб дарага тушди. Ҳали қияламасидан хушбичим тумшуғини осмонга кўтариб улиди. Лекин арлон овоз бермади. Фақат осмонга туташиб кетган чўққилардан ўз товушига акс-садо қайтди, холос. У яна қиялади. Хатарсиз деб билган жойлардан мўралаб тоғ этагидаги, тепадан бир ҳовуч бўлиб кўринган қишлоққа мўралади. Чўзиб-чўзиб улиди. Бу сафар унинг овозига жавоб қайтди. Фақат арлондан эмас, қишлоқнинг чўпон итларидан. Улар гала-гала бўлиб ҳуришди. Демак, ортга қайтиш керак. Кўкёл болалаганидан сўнг ҳали тўла кучга кирмаган, югурганда шамолни ортда қолдирадиган оёқларида мажол етарли эмас. У бошини қуйи солганча, секин ортга тисарилди. Ҳар замонда юраги қандайдир нохушликни сезгандай юришдан тўхтаб, қулоқларини диккайтирганча атрофга қулоқ солади. Чўпон итларининг ҳалиям тинмаган акиллаши уни хавотирга соларди. У ниҳоят итлар яқинлашиб қолганини сезди-да, қаршисидаги қоя томон югурди. Тик қояга кўтарилгунча неча марта думалаб, яна юқорига интилиб, ниҳоят тепага чиқиб олди. У қоя устида туриб, тоғнинг қишлоққа қараб қиялаган ёнбағрига кўзларини қадади.
Хавотири бежиз эмас экан. Беш-олтита чўпон ити югуриб келарди. Шу пайт қулоқлари тагидан нимадир визиллаб учиб ўтди ва узоқларда қарсиллаган таниш товуш эшитилди. Бу овозни у болалигида, онасидан ажралган куни эшитганди. Овчилар! Лекин улар қаерда? Она бўри вазиятни англаб улгурмай, ўқ овози яна икки-уч бор қарсиллади. Кўкёл энди ортга қарамай югурди. Узун, пайдор оёқлари тошдан тошга сакраётганда, қор учқунлари тўрт томонга сочилиб кетарди. Малларанг қорачиқлари олис чўққилардан бошқа нарсани кўрмасди.
У энди қоя тошлар ортига ўтаман деганда, орқа оёғи жазиллаб кетди, ўзини ўнглаёлмай боши билан қулади. Панжалари орасидан сизиб чиқаётган қон оппоқ қорни бўяди. Бўри жароҳатига эътибор бермай, оқсоқланиб югурди. Кўкёлнинг тўхташга ҳаққи йўқ, тўхташ ўлим дегани. Бўри буни билар, лекин у болалари томонга эмас, боши оққан ёққа қараб югурарди.
Қаёққа боради, қаерга бекинади, буни ўзи ҳам билмайди. Охири, совуқдан қизариб кетган тилини осилтириб, қалин қор устига чўзилди. Итлардан қочиб қутилгани учун эмас, мажоли қолмаганидан шундай қилди. Панжалари орасидан оққан қон совуқда лахта-лахта бўлиб музлади. Она бўри ожизгина инграганча ҳушидан кетди.
У кўзини очганда атрофга тун чўккан, осмоннинг пар ёстиғи сўкилгандай майдалаб қор ёғарди. Кўкёл оқсоқланганча инига йўл олди. Ин атрофида тентираб юрган бўриваччалар Кўкёлни кўришлари билан унинг оёқларига суйкалиб ғингший бошлашди. Она бўри уларга эътибор ҳам бермай, инига кириб чўзилди. Олд оёқларини чалиштириб, бошини тик кўтарганча кўзларини юмди.
Шу алпозда уч кун ўтди. Бўриваччалар энди овқат сўраб ғингшимас, овоз чиқаришга ҳам мажоллари етмай, Кўкёлнинг пинжига тиқилиб мудрашади.
Она бўри қулоқларини диккайтириб, бир муддат атрофга разм солди, нимадандир сесканганидан жунлари ҳурпайиб кетди. Секин ўрнидан туриб, ташқари чиқди. Ёнбағирда бир сурув қўй ёйилиб юрар, қор остидан энди қулоқ чиқара бошлаган ўт-ўланларни чимдишарди. Қўйларга термуларкан, ҳовур кўтарилиб турган сўлаги қор устига томди. Қорни шу қадар очиққанки, шу топда бир ўзи иккита қўйни ғажиб ташлашга тайёр эди. Аммо эҳтиёт бўлиши керак, қўйлар атрофида чўпон ва итлар бор. Қолаверса, Кўкёл бу аҳволида ҳужум ҳам қилолмайди. Бўри бошини эгиб, ортига қайтди.
Онаси ортидан эргашган бўриваччалар ковак оғзида унга мўлтираб туришарди. Кўкёл уларнинг жовдираган кўзларига бардош беролмай ортга тисарилди. Энди танлаш имкони йўқ, таваккал қилади.
Кўкёл пусиб қўйлар томон йўналди. Бир харcангни паналаб, қулай фурсатни кутди. Масофани, тезликни, ҳатто, ташланадиган қўйни ҳам мўлжалга олди-ю, аммо ортидан ёнбағирликка пастлаб келган битта боласини сезмай қолди. Ниҳоят у кутган фурсат етди, бир нечта қўй сурувдан ажраб, Кўкёл пусиб турган харсанглар томон юрди. Айнан шуни истаган бўри тошлар ортидан ўқдек отилиб чиқди. Ҳуркиб кетган қўйлар маъраганча ҳар томонга қочди. Оқсоқ бўри тиғдек ўткир тишларини ўзи қувиб етган қўйнинг бўғзига солди. Жонивор ожизгина хириллаб, жонҳолатда типирчиларди. Лекин шу ожиз типирчилаш ҳам бўрини ҳолдан тойдирди. Ниҳоят, ўлжа тинчиб қолди. Аммо шу аснода итлар овози эшитилди. Шошилиш керак. Иссиқ қон таъми бўри танасига куч ато этди. У апил-тапил қўйни ёриб ташлаб, катта бир гўшт бўлагини юлқиб олди-да, тепага ўрлади. Сирпанчиқ қорда амаллаб дўнгликка етди. Энди бу ёғига қочиб қутулиш мумкин. Шамолдай елиб кетаётган бўри бирдан тўхтади. Ўлжани ерга ташлаб ортига юрди. Сабаби, пастликда бўриваччаси чийилларди. У бир ёнбағирга, бир қип-қизил гўштга қаради. У ёқда овқатга илҳақ болалари, пастликда эса… Кўкёл икки ўт орасида қолди. Боласини қутқаришга кечиккан, яна озгина иккиланса ўзи ҳам ўлжага айланади. Бўри ердаги гўштни тишлаб, харсанглар томонга, осмонга туташиб кетган тизмаларга қараб югурганча кўздан ғойиб бўлди.

* * *

Қоп оғзи танғиб боғланган экан, Сайид чўпон очишга кўп уринди. Юзлари қизариб, қўллари совуқдан тарашадай қотиб қолди. Қоп ичида ғингшиб, чийиллаётган бўривачча уни баттар тутоқтирди. У қопни даст кўтарди-да, ерга зарб билан урди. Бу ҳам етмагандай зарб билан тепиб юборди.
Қоп икки-уч одим нарига учиб кетди. Бўривачча бир пас жимиб қолди-да, яна ожиз ғингший бошлади.
— Энағар бўривачча, — сўкинди чўпон, — ёмон қутурдиларинг, тап тортмай кундузи ҳужум қилганини-чи буларни. Ҳаммангни битта қўймай қонингни ичаман.
У ёнидан пичоғини чиқариб, қопни ёрди. Тепки зўридан ўзига келолмаётган бўривачча ҳамон инграрди.
— Ўчир овозингни, падарлаънат,— дея бақирганча чўпон бўриваччанинг бўйнидан бўғиб, қопдан чиқариб олди. Мушукдай келадиган бўривачча чўпоннинг бақувват кафтлари орасида кўмак истаб оёқларини қимирлатар, лекин унга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди. Нафаси тиқилганидан, ғингшишга ҳам кучи етмай, оғзидан оқ кўпик чиқара бошлади.
Тўсатдан чўпон бўриваччани осмонга кўтарди. У қалин ёққан қорни ғарч-ғурч босганча, гўё бўриваччага бутун борлиқни томоша қилдираётгандай, у ёқдан бу ёққа бориб-келарди. Унинг нима қилаётганини на жияни Эргаш на ўғли Шерзод ва на икки чўпон тушунарди.
— Кўкёл, Кўкёл, қаердасан, қанжиқ?— тўсатдан Сайид чўпон бақира бошлади. — Биламан, сен яқин орадасан, болангни қандай азоблаб роҳатланаётганимни кўриб турибсан. Ҳозир бўриваччангнинг қонини тўкаман. Ўшанда кўраман типирчилаб қолишингни. Мен сени омон қўймайман. Тишларингни битталаб уриб синдираман. Терингни шиламан. Қолган болаларинг ҳам манавини кўйига тушади.
У бўриваччани бир қўлига олиб, янада баланд кўтарди.
— Кўриб қўй болангни. Уни ҳозир шундай қичқиртираманки, ноласидан қулоғинг қоматга келади. Очкўзлигингни деб унинг шу ҳолга тушгани умрбод ёдингдан чиқмай…
Чўпон нимадандир сесканиб, гапини охиригача айтолмади. Бармоғини ғажий бошлаган бўриваччани бор кучи билан улоқтириб юборди.
— Ярамас! — У резин этикларида катта-катта одимлаганча, хезланиб бўриваччанинг ёнига борди. Унинг қорга беланган кўкиш юнгларидан чангаллаб, оёқлари томон тортди. Шу пайт унинг иккинчи қўлида нимадир ялтираб кўринди. Пичоқ! У бўриваччанинг қўлга илинар-илинмас қулоқчаларидан тортиб, бошчасини кўтарди ва бўйнига тиғ тортиб юборди…
— Бўлди, сурувни ҳайданглар, уйга қайтамиз, — деди ёнидагиларга Сайид чўпон. Эргашнинг ёшлари кўзига қалқмади, бўғзидаёқ муз қотди. Энди совий бошлаган бўриваччанинг танасига бир қараб қўйиб, бошқаларга эргашди.
— Бекор қилибсан,— деди воқеадан хабар топган Ҳикмат ота ўғли Сайид чўпонга. — Энди Кўкёл сени тинчитмайди. Қандай қилиб бўлмасин хун олади.
Сайид чўпон отасининг гапларига эътиборсиз қўл силтади.
— Арлони қопқонга тушган, бир ўзи ҳеч нарса қилолмайди.

* * *

Тонг қоронғусида Саид чўпоннинг бақиргани эшитилди.
— Шерзод, ҳой Шерзод! Ҳалиям ухлаяпсанми, ярамас?
Эргаш чўчиб кўзини очди. Шовқиндан момоси ҳам уйғониб, чолини турткилади.
— Ҳай, туринг, отаси, ўғлингиз боласини бир нарса қилиб қўймасин.
—Бу итфелга яна нима бўлди? — дея чол ташқарига чиқди.
Изидан Хосият хола ҳам бир қўлида ҳассаси, бирида чойгум билан эргашди. Улар чиқишгач, Эргаш деразадан ташқарига мўралади.
— Нима бўлди, ўғлим? — деди Ҳикмат бобо ўғлига яқинлашиб. — Азондан болаларингни қақшатаяпсан?
Қўрққанидан юпун кийиниб югуриб чиққан Шерзодни бўралаб сўкаётган чўпон овозини бироз пастлатди:
— Ота, сиз аралашманг. Шуларнинг касрига бўрилар еттита қўйни ёриб кетибди.
—Шунга ўғлинг айбдорми?
Отасининг хотиржамлигидан Сайиднинг жаҳли чиқди.
— Агар булар нас босмай ҳушёр ётганида биларди-да. Кейин ўғлига ўдағайлади.
— Бор, устингга бирор нарса илиб чиқ. Серрайиб турма олдимда.
Сўнгра у чолга яқинлашиб, паст овозда нимадир деди. Эргаш унинг гапини эшитолмади, аммо бобоси асабийлашиб ҳассасини ерга қаттиқ урганини кўрди.
— Ҳадеб болани турткилайверма, — чойгумга қор тўлдираётган Хосият хола гапга аралашди. – Мен ярим оқшом ташқарига чиққанимдаям Шерзод қўйхонадан хабар олиб қайтаётганди. Ярим соатга кўзи илинган-да. Бу қирилгур бўрилар ҳам шу пайтни пойлаган.
—Тоғдаги ҳамма бўрини қириш керак. Буларнинг дастидан чорвага кун йўқ.
Чойгумни қорга тўлдирган момо уйга қайтаркан, серрайиб қолган чолига сўз қотди.
— Тураверасизми совуқда. Бўлганича бўлди. Ичкарига киринг.
Улар келаётганини кўриб, Эргаш кўрпага ўранди. Шунда қўли ёнида ётган синглисининг муздай билагига тегиб кетди. Унинг усти очилиб, совқотиб қолганини бола энди сезди. Синглисини кўрпага яхшилаб ўраб, озғин бармоқларини куҳ-куҳлаб исита бошлади. Қизча бир тамшанди-да, яна тинчиб қолди.
Бу орада нам тортиб шишиб қолган эшик ғийқиллаб очилиб, Хосият хола, изидан чоли кириб келди.
—Уй совиб кетибди, тезроқ печкани ёқ.
Ҳикмат ота оғир хўрсиниб жойига чўзилди.
— Кўклам келсаям, кун исий демайди. На кун чиқади, на қор эрийди, — ҳўл ўтинни туташтиролмаётган кампир минғирлади.
Уйни қоплаган ачимсиқ тутундан боланинг кўзлари ачишди.
— Нимага индамайсиз, чол? — деди ниҳоят, тапписи, туташган хола.
— Э, нима дей. Қийин-қийин шу икки гўдакка қийин бўлди.
—Нимага ундай дейсиз? Ота-онаси ташлаб кетган бўлса биз бормиз-ку.
—Бизниям боғлаб қўймаган. Бир куни кетсак аҳволи нима кечади?
– Нимага бирдан бу ҳақда ўйлаб қолдингиз, чол?
—Бўри ғажиган қўйларнинг бештаси Эргашники экан.
Бобосининг бу гапини эшитиб, боланинг эти музлаб кетди. Унинг атиги олтита қўйи бор эди. Демак, биттаси қопти. Бултур қўйларини боққани ҳақига амакиси учта қўзича берганди. Энди кўпая бошлаганида бўри еб кетса-я! Бола уларни кўпайтириб бир сурув қилмоқчи эди. Кейин сотиб, пулига синглиси Рухсорни даволатмоқчи эди. Бу ниятини бобоси ҳам билар, шунинг учун ҳам куюнаяпти. Ўзи истамаса-да, боланинг кўзларига ёш қалқди. Йўқ, у йиғламади, кўзлари ёшланди, холос.
— Худо жазосини берсин ўша очкўзларни. Шунча қўй ичидан етимчанинг насибасини ейсанларми? Жувормак бўлгурлар.
Момо дийдиёсини бошлаб бўриларни қарғай кетди.
— Жим бўл. Аввалроқ арлонни қопқонга туширишиб кетишган экан. Кўкёл ҳам нима қилсин. Уям она, болаларининг кўз олдида очдан ўлишига чидолмаган.
— Болалариям, ўзиям қирилиб битсин.
— Бўлди қил. Печканг ёнган бўлса, ётиб дамингни ол.
Хола нималардир деб яна бироз ғудранди-да, ўрнига келиб ётди ва кўп ўтмай хуррак отиб ухлаб қолди.
Боланинг кўзига уйқу илинмади. Озғин бармоқларини кафтлари орасига олиб иситиб ётаркан, синглисига жуда раҳми келди. У туғилганидан буён юролмайди. Биров ташқарига кўтариб олиб чиқади, кўтариб олиб киради. Рухсор учун боқаётган қўйларини ҳам бўри еди. Энди нима қилади… Бола гўё бор-будидан айрилган одамдай тушкунликка тушиб қолди.
Эрталаб оила дастурхон бошида жам бўлди, лекин ҳеч кимнинг кайфияти йўқ.
— Ота, Даврон темирчи қафас ясаб бермоқчи, — деди Сайид чўпон жимликни бузиб. — Қўранинг ичида бўрига қопқон қўймоқчиман. Улар бир мазасини олишди, энди яна келади.
Ҳикмат ота чой ҳўплаб турган пиёласидан кўзини узмай деди.
— Хато сендан ўтди, бўриваччани ўлдирмаслигинг керак эди. Она бўрининг кўзи қонга тўлган. Қўлга туширишинг қийин…
— Бўлмаса, ҳаммасини ғажиб кетаверсинми?
— Билмадим, ўзинг тўғри деб ўйлаганингни қил. Фақат эҳтиёт бўл.
Кун бўйи қўйхонада уста ишлади, қафас ясади. Усталар қўйхона теварагини тикан сим ва пичан билан ўраб чиқишди. Озгина кириш жойи қолдириб, унинг тўғрисига қафасни ўрнатишди. Эргаш катталарнинг нима қилаётганига тушунмасди. Лекин амакисининг важоҳатини кўриб, она Кўкёлнинг яқинда қўлга тушишини биларди. Қанийди! Яхши бўларди. Ахир йил бўйи боққан қўйларини бир кунда бўғизлаб кетишди. Боланинг ҳали нафрат нималигини билмайдиган жажжи юрагида она бўрига нисбатан исён пайдо бўлганди.
Амакиси ва Шерзод туни билан галма-галдан пойлоқчилик қилишди. Тиқ этган товуш эшитилса, югуриб боришади. Лекин ўша тун ҳам, кейинги тунларда ҳам она бўридан дарак бўлмади.
— У энди қайтмаса керак,— деди Сайид чўпон совуқдан тиришиб, қўра эшиги яқинида қоровуллик қилаётган ўғлига қараб. — Кириб ухла. Мен ҳам бироз туриб, кейин ётаман. Бу лаънати энди бўш келмаслигимизни билади.
Шерзоддан кейин чўпон ҳам дарров ичкарига кириб кетди. Бироз ўтиб уйларнинг чироғи ўчди. Кафтдеккина қишлоқ поёнсиз тизмалар бағрида мудрарди. Эргашнинг кўнгли ғаш, нимагалигини билмайди. Уни қандайдир тушуниксиз ваҳима босарди. Қоронғи хонада, пастқам шифтга термилиб ётибди. Борлиқни туннинг рутубатли сукунати қоплаган. Ҳали ёниб битмаган печкадаги тараша ҳар замонда чарсиллаб, учқун сачратади. Учқунлар бир муддат печка тирқишидан атрофга ёруғлик таратиб ўтади. Бир маҳал ташқаридан ниманингдир ожиз инграган овози эшитилди. Бола унинг нима эканини англолмади. Нафас ютиб, қулоқ тутди. Инграш яна эшитилди. Бола энди жим ётолмади. Секин туриб ташқарига чиқди. Овоз қўйхона томондан келарди. Тунда ташқарига чиқишга қўрқарди, лекин ҳозир негадир қўрқмади. Эргаш қўра эшигидан секин ичкарига кирди. Ҳуркиб кетган қўйлар бир бурчакда ғуж бўлиб туришарди. Бола қафас қўйилган томонга юрди. Қафасда нимадир типирчилаб, инграр, ўзини тарсиллатиб қафас четларига урарди. Бола кўзларига ишонмади. Она Кўкёл қафасда эди! Энди ундан ўч олиш мумкин. Бу фикр болакайнинг миясига кейинроқ келди. Аввалига у бироз карахт бўлиб қолди. Бориб амакисига хабар бериш учун ортга тисарилди. Лекин қўрадан чиқмай туриб, ортига қайтди. Негалигини ўзи ҳам билмайди. Бўри чўғдек ловуллаб ёниб турган кўзларини Эргашга қадади. Унинг нигоҳи шу қадар ўткир эдики, бола беихтиёр кўзларини олиб қочди. Бўри унга мўлтирамади, нажот истаб ғингшимади ҳам, фақат тикилди, ҳар бир ҳаракатини кузатиб тикилди. Эргаш довдираб қолди. У биринчи марта тоғлар ҳукмдори она Кўкёл билан рўбарў турибди. Хўш, энди нима қилсин? Ундан қўйлари учун ўч олсинми, ёки…
Эргашнинг юраги ақли измидан чиқиб кетди. Нима қилаётганини ўзи ҳам идрок этмай қафаснинг оғир эшигини тепага кўтара бошлади. Бўри сиғадиган жой очилди. Кўкёл қафасдан отилиб чиқди. Кўзларини ўқдек қадаб болага яқинлашди. Шунчалар яқин келдики, бола бўрининг нафасини ҳис қилди. Боя нигоҳларига бардош беролмаган кўзлари бу сафар тик боқди. Аммо бўрининг малла қорачиқларида ғазаб ёки нафратни кўрмади, уларда одам тушунолмайдиган нимадир бор эди. Бу тўқнашув саноқли лаҳзада тугади. Бўри қора кўланкага айланиб, бир сакраш билан девордан ошиб ўтди. Хатар йўқ, лекин нимагадир болани энди қўрқув босди. У анча вақтгача қотиб туриб қолди.

* * *

Тун ярмидан оққанда бўри чўчиб сергак тортди. Тўрт томондан гумбурлаган товуш келарди. Гўё чўққилардан тош кўчаётгандек. У болаларини туртиб уясидан олиб чиқди. Бир-бирига уланиб кетган баланд тизмалардан оппоқ қуюн пастликка бостириб келарди. Кўкёл бундай ҳодисани арлони билан янги жуфтлашган пайтлари кўрганди. Ўшанда иккиси ҳам кучга тўлган, ғайрати танасига сиғмасди. Улар қор кўчкисидан қувлашмачоқ ўйнаётгандек югуриб қутилишган. Ҳозир эса бир-биридан ожиз икки боласи билан нима қилсин? Кўчки қуюн каби бостириб келарди. Ягона йўл — қочиш. Лекин у икки боласини бир йўла олиб қочолмайди. Она бўри вақтни бой бермай, болаларининг бирини тишлади-да, пастликка отилди. Ортидан югурган болаcи эcа cал фурcатда кўчки оcтида кетди.
Кўкёл жонҳолатда югуриб, қор кўчкисидан қутилгач, мадори қуриб қорга чўзилди. Онасининг тишлари ботганидан, кураклари яраланиб, қон сизиб қолган бўривачча ҳам қилт этмасди. Тонгда яна уйғонадими-йўқми, балки, тириклик шарбатидан яна тотишар, балки йўқ, энди она-болага барибир. Улар ўзларини унутиб, ухлашади.

* * *

Сайид чўпон бўрини қафасдан Эргаш қўйиб юборганини билмади, унинг темир қафасдан ҳам қутилиб чиқиб кетганига қойил қолди. Шундан кейин болакай амакиси Кўкёлни энди тинч қўяди, деб ўйлаганди. Лекин у ўйлаганидай бўлмади. Амакиси ҳамон бўрини қўлга тушириш ишқида ёнарди. Боланинг эса амакиси қазиб, устига шох-шабба ташлаб қўйган чуқурга Кўкёлнинг яқинлашмаслигини худодан сўрашдан ўзга чораси қолмади.
Катта чўққи томондаги яйлов қор остида қолгани учун, бугун чорвани бошқа яйловга ҳайдашди. Тўғри, яйловларда ҳали ўт кўкламаган. Улар чорванинг оёғи ёзилиши ва намда юмшаб турган эски ўтларнинг хас-хашакларини эрмак қилиши учун олиб чиқишди. Эрталабдан ҳаво бироз илиган, кўклам иси келаётганди. Тушга яқин Сайид чўпонга хабар етказишди. Кўкёл ўрага тушибди!
Сайид чўпон югуриб отига минди ва от устида туриб жиянини чақирди.
— Эргаш, сен ҳам мингаш, қўйларингни еб кетган бўрининг аҳволини кўрасан.
Борай деса Кўкёлнинг аҳволини кўришга юраги чидамайди. Бормай деса, қизиқяпти. Бироз иккиланиб тургач, у амакисининг отига мингашди.
Етиб келганларида ўра тевараги одамга тўла эди. Улар узун таёқлар билан ўрадаги ваҳимадан ўзини ҳар томонга уриб, ириллаётган бўрини турткилашарди. Кимдир она бўрининг панасида турган боласига ишора қилди.
— Қаранглар, ёнида бўриваччаси ҳам бор экан.
— Сайид ака, Кўкёлни нима қиламиз?
— Уни тириклай қўлга туширамиз. Қийнаб ўлдирмоқчиман. Қўйхонадаги қафасни олиб келиб, унга бўрини соламиз.
Қафас ўра бошига келтирилди. Кўкёл эса тақдирга тан бергандай жим. У инграниб боласини яларди. Демак, ҳаммаси тамом. У ортиқ курашмайди, курашиш учун имкони ҳам қолмаган. Бола бу ҳолга ортиқ қараб туролмади. Энди йўлга тушганида, қопқон ёнидаги одамлар бараварига қий-чув кўтаришди. Улар нимадандир қаттиқ чўчиб кетишганди. Эргаш ортга қайтди. Не кўз билан кўрсинки, она бўри ўз боласини ғажирди. Ҳимоясиз бўривачча инграр, пичоқдек ўткир тишлардан қутулишга уринарди. Кимдир қутирган бўрини отиб ташламоқчи бўлди. Аммо Сайид чўпон йўл қўймади. У даҳшатли манзарани жимгина кузатди. Бўриваччанинг қаршилиги кўпга чўзилмади, у тинчиб қолди.
— Ё тавбангдан! Жуда ваҳший экан-ку! — деди кимдир.
Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Кўкёл тепага қараб отилди. Ва ҳаммани танг қолдириб бир зумда кўздан йўқолди. Бўрига қойил қолган Сайид чўпон уни таъқиб қилмади.
Шу воқеадан сўнг Кўкёл бу атрофда бошқа кўринмади. Лекин Ҳикмат ота унинг қасос олиш учун, албатта, қайтишини, ундан эҳтиёт бўлишини ўғлига бот-бот тайинлар эди. Сайид чўпон ҳам олдингидай бепарво қўл силтамас, ўзи ҳам хавотирда эканини яширмасди.
Ёз туни. Атроф ойдин. Бугун сурув бошида Эргаш амакиси билан қолган. Лекин негадир иккисининг ҳам кўзига уйқу келмасди.
— Кўкёл нима қиляпти экан?
Тўсатдан сукунатни амакиси бузди.
— Билмадим.
— Шу кунларда тушимга кўп киряпти.
Бола индамади, амакиси ҳам бошқа гапирмади.
Тун ярмидан оққач, қўйлардан хабар олгани қўрадан ташқарига чиқишди. Тўсатдан итлар бараварига ҳура бошлади. Сайид чўпон итлар ҳураётган тарафга қараб югурди. Жияни эргашди. Не кўз билан кўрсинки, итларни ортда қолдириб, улар томон она бўри югуриб келарди. Бола ҳам Кўкёлни бир кўришдаёқ таниди.
— Кўкёл-ку! Ҳа, шунинг учун тушимга кираётган экан-да,— деди Сайид чўпон милтиғини бўрига тўғрилар экан. Тоғларни ларзага келтириб, ўқ товуши қарсиллади. Ўққа учган бўри уч-тўрт марта умбалоқ ошди-да, тинчиб қолди. Чўпон қўрқув аралаш унга яқинлаб борди. Ва… ғафлатда қолди. Она бўри бирдан унга ташланди-да, бўғзига оғиз солди. Амакисининг ваҳимали бақиришидан бола даҳшатга тушиб қотиб қолди. Кейин бўри унга яқинлашди. Бола кўзлари бўри нигоҳлари билан яна тўқнашди. Бир вақтлар ҳис қилган бўри нафасини яна туйди. “Тамом бўлдим” деб ўйлади ўзича. Лекин бўри болага тегмади. Унинг ёнида турганча бир-икки бемажол улиди-да, кейин шундоқ оёғи остига гурсиллаб қулади…
Бўри бугун ҳамма нарса учун мотам тутган эди. Арлони, болалари ва ўзи учун ҳам. Бола бир вақтлар унинг ҳақиқий она эканини билганди, ҳозир эса у бошқалар айтгандай қонхўр эмаслигини ҳам тушунди.