АДИБУС-СОНИЙ
Макотиби ибтидоия шогирдларина алифбодан сўнг ўқутмак
учун мумкин даражада очиқ тил ва осон таркиблар ила
ёзилмиш қироат китоби
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Ҳамд
Аллоҳ таоло ҳазратлари бизни йўқдан бор қилди. Кичик эдик, катта қилди. Оч эдик, ризқ беруб тўйдирди. Яланғоч эдук, кийим берди. Кўрмак учун кўз берди. Эшитмак учун қулоқ берди. Сўзламоқ учун тил берди. Юрмак учун оёқ берди. Ишламак учун қўл ҳам куч берди. Яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак учун ақл-ҳуш берди. Хусусан, бизга иймон бериб, ўзининг бирлигига инонтирди. Барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларига бизни уммат қилди. Ҳам динларнинг энг ҳақ ва тўғриси бўлган ислом дини ила мушарраф қилди. Бу нарсаларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидир. Булардан бошқа қанча неъматлар бергандирки, ёзмоқ ва санамоқ ила адо қилмоқ мумкин эмасдир. Бу неъматларнинг ҳар бириси учун Аллоҳ таоло ҳазратларига доимо ҳамд ва шукр этмак барчамизга вожибдир. Аллоҳ таолога айтиладирган ҳамд ва шукурларнинг энг яхшиси берган неъматларини ўз ўрунларига ишлатмак ва буюрган ишларини чин кўнгил ила қилиб, қайтарган ишларидан бор куч ила ўзини тортмоқликдир.
Байт
Банданинг ҳаргиз қўлидан келмағай
Неъмати Ҳақ шукрини этмак тамом.
Яхшиси улдурки, ҳар бир неъматин
Ўз ериға сарф қилгай хосу ом.
«Қил!» — деганин жону дил бирла қилуб,
«Қўй!» — деганин ўзига билгай ҳаром.
САЛОВОТ
Бизнинг динимиз — ислом, ўзимиз мусулмондирмиз. Бизга ислом динини ўргатган ва мусулмонлигимизга сабаб бўлган афандимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларидир. Бу зот Аллоҳ таолонинг энг яқин ва энг суюклик бандаси эдилар. Шул сабабли бошқа бандаларига тўғри йўлларни кўрсатмак ва эгри йўллардан қайтармак учун бу зотни элчи қилиб юборди ва ҳамма бандаларига бош ва пайғамбар қилди. Бу зот ҳам ниҳоятда тўғрилик ила Аллоҳ таолонинг ҳамма буйруқларини саҳобаларига ўргатдилар, саҳобалар боболаримизга ва боболаримиз бизга еткурдилар. Шу йўл ила биз мусулмон бўлдик. Мана шул Муҳаммад алайҳиссалом бизнинг пайғамбаримиз ва биз шул зотнинг умматларидурмиз. Шунинг учун бу зотнинг ўзларига ва барча ав-лод, қариндош ва саҳобаларига Аллоҳ таолодан раҳмат тиламак ва бу зотнинг кўрсатган йўлларидан ва айтган сўзларидан заррача чиқмаслик ҳар бир мусулмонман деган кишига лозимдур.
ИЛМ
Илм — билмаган нарсаларини билганлардан ўрганмоқдир.
Одам боласи туғилган замонда ҳеч нарсани билмас. Ҳаттоки сўзламоқ, ёзмоқ, яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак каби энг керакли нарсалардан маҳрумлик ҳолда дунёга келур. Сўнгра оз-оз ўрганмоқ ила ҳар нарсани билур.
Оталаримиз, оналаримиз, улуғларимиз ва муаллим афандиларимиз ушбу билган нарсаларимизни ўргатмаган бўлсалар эди, ҳозирда биз ҳам ҳеч нарсани билмас эдук. Шунинг учун одам болаларига зиёда лозим бўлган нарса — билмаганларини билганлардан сўраб ва ўқуб ўрганмак, яъни илм деган азиз ва фойдали нарсани қўлга олмак учун ҳаракат қилмоқдир. Илм — одамнинг зеҳнини очар, ақлини орттирар, билмаган нарсаларини билдирур, дунёда бахтли ва иззатли қилур. Охиратда саодатли ва шарофатли қилур.
Байт
Илмдур дунёда энг яхши ҳунар,
Илмсиздан яхшидур гунг ила кар.
Ҳар киши илм-ла бўлса ошно,
Иззату давлатда бўлғай доимо,
Илмсиз одам залилу хор ўлур,
Илмсизлардан ҳамма безор ўлур.
АХЛОҚ ДАРСЛАРИ
Одоб
Бир киши Луқмони ҳакимдан: «Одобни кимдан ўргандингиз?» — деб сўрамиш.
Луқмони ҳаким: «Одобни одобсизлардан ўргандим», — деб жавоб бермишлар.
Ул киши яна сўрамишки: «Одобни одобсизлардан қандай ўргандингиз?»
Луқмони ҳаким жавоб бермишларки: «Доим кишиларнинг қилган ишларига ва сўзлаган сўзларига диққат ила қараб юрдим. Кимдан ёмон сўз эшитсам, ул сўзни ҳеч бир сўйламадим, кимдаки бир ёмон иш кўрсам, ул ишни ҳеч бир қилмадим, шунинг ила одобли бўлдим».
Ҳисса: одобли бўлурман деган киши ҳар нарсага иззат кўзи ила боқуб, иззат олур. Қайси иш кўзига яхши кўрун-са, ул ишни қилмоқға ҳаракат қилур. Ва қай иш кўзига ёмон кўринса, ул ишдан ўзини тортур. Бундай қилган киши, албатта, одобли бўлур.
Искандар Зулқарнайн
Ўтган замонда Искандар деган улуғ бир подшоҳ бор эди. Бир кун бир девонага йўлиқци. Девонанинг баъзи ҳаракатлари подшоҳга хуш келуб, айтдики: «Эй девона, мандан бир нарса сўрагил». Девона айтдики: «Эй подшоҳи олам, пашшалар манга ҳар вақг ташвиш берадурлар. Юз ва қўлларимни чоқуб, хафа қиладурлар. Буюрсангизки, пашшалар манга бундай озор бермасалар».
Подшоҳ айтди. «Эй девона, мандан шундай нарса сўрагилки, ул нарса маним ҳукмимда бўлсун. Ман пашшага нечук буйруқ қилурман?»
Девона айтди: «Эй подшоҳ, дунёдаги махлуқларнинг энг кичкинаси ва ожизроғи пашшадир. Шул пашшагаки ҳукмингиз юрмаса, эмди сиздан нима сўрарман?»
Ҳисса:
Дунёда сенинг на ҳожатинг вор,
Сўрагил они сан Худодан, эй ёр.
Лофчи
Бир лофчи киши бор эди. Лоф ва ёлғон сўзларни кўп сўзлар эди. Бир кун бир мажлисда денгизларнинг аҳволидан ва денгизда кўрган томошаларидан ҳикоя қилди. Мажлисдаги кишилардан бири сўрадики: «Эй биродар, сиз денгизда кўп саёҳат қилганга ўхшайсиз, денгизларнинг балиқлари қандай бўлур экан?»
Лофчи ул кишига боқуб: «Ҳалигача сиз денгиз балиқларини кўрганингиз йўқми? Денгиз балиқлари туяга ўхшаш икки узун шохли бўлурлар»,— деди.
Мажлисда ўлтурганлар билдиларки, ул бечора на туяни кўрган экан ва на денгиз балиғини. Барчалари бирдан кулишиб юбордилар. Лофчи уялиб, мажлисдан чиқиб кетди.
Ҳисса:
Ўғул, парҳез қил сан ҳам ҳамиша лофу ёлғондан —
Ки яхшидур сукут этмоқ, айтуб ёлғону ёлғондан.
Икки йўлдош
Икки киши дўст ва йўлдош бўлиб, сафарга чиқдилар. Йўлда бир айиқ чиқиб, буларга югуриб ҳужум қилди. Буларнинг бири ёш ва чаққон эди. Шу сабабли тезлик ила қочуб, бир ерга бекинди. Аммо иккинчиси ўзининг кексалиги ва кучсизлигидан қочолмай қолди. Начора, ўзини бир ерга ташлаб, ўликга ўхшаб қимирламай ётди. Айиқ келуб, буни искаб-искаб, ўлук гумон қилиб, зарар еткурмай ташлаб кетди.
Айиқ кетгандан сўнгра йўлдош бекинган еридан чиқуб келди ва кулиб айтдики: «Эй йўлдош, қулоғинга айиқ нима деб шивирлади?»
Йўлдош жавоб берди: «Айиқ қулоғимга, бундай ожизлик вақтида сени ташлаб кетадурғон кишига бундан сўнг асло йўлдош бўлма, деб шивирлади».
Ҳисса: Шундай кишилар ила дўст ва йўлдош бўлмоқ керакки, шодлигингга шод, хафалигингга хафа бўлсун. Ошга ўртоқ, бошга тўқмоқ бўлмасин.
Тўғри жавоб
Отаси ўлуб, бир киши ўлди бой,
Ки қолди анга молу мулк, сарой.
Онинг олдига бир фақир келиб,
Салом айлади кўп тавозе қилиб,
Деди: «Ман санга туғма қардошман,
Бу молу манолингга йўлдошман.
Отангдан чу қолди санга бунча мол,
Бўлиб бер менга ярмини ушбу ҳол».
Ул одам деди ҳайрат ила анго:
«Нечук сан қариндош ўлурсан манго?»
Фақир айди: «Эй меҳрибоним, эшит;
Қулоқ сол, бу арзи ниҳоним эшит,
Сану ман ҳама олам инсонлари,
Эмасмизми бир одам ўғлонлари?»
Бу сўзни эшитгач, табассум қилиб,
Бир олтун чиқарди, деди: «Ол келиб»
Ул айди: «Биродар, бу қандай сухан,
Манга шулмидир ҳисса меросдан?»
Жавобида ул марди ширин калом,
Деди: «Сокит ўл, билмасун хосу ом.
Эшитса гар ўзга қариндошлар,
Узоғу яқин, ёру йўлдошлар,
Бўлиб олсалар, молу мулк тамом,
Санго тегмагай бир тийин, вассалом».
Панд
Яхши муомалани дўст ва душманга баробар қилмоқ лозимдур. Чунки яхши сўз дўстларнинг дўстликларини орттурур. Душманларингни дўстликка айлантирур.
Назм
Бўлур хулқу хуш ҳам сучук тил била,
Етаклаб улуғ филни қил била.
Чиқар яхши сўз-ла илон инидан,
Ёмон сўз ила мусулмон динидан.
Жўғрофия
Ернинг аҳволини билдирадурғон илмни жўғрофия дейилур. Ер бизнинг кўзимизға текисға ўхшаб кўринса ҳам, аслида текис эмас. Балки пўртахолға ўхшаш юмалоқдир. Аввалларда «Ер ҳўкизнинг шохида турадир», деган сўзларга ҳар ким ишонғон бўлса ҳам, ҳозирғи замонда андоғ сўзларнинг аслсизлиғи ҳар кимга маълумдир. Ер ҳеч нарсанинг устида турмас. Балки ҳавонинг ўртаси муаллақ турадур.
Пўртахолнинг юзи ўзининг пўсти ила қоплонғониға ўхшаш ер юзининг ҳам тўртдан уч бўлаги шўр сувлар ила қопланмиш, қолғон бир бўлаги тош, қум ва туфроғлар ила қопланмишдур.
Сув ила қоплонғон ўринларини денгиз, кўл ва дарё дейилур. Тош, қум ва туфроғлар ила қопланмиш ўринларини қуруғлиқ дейилур.
Денгизлар беш бўлак бўлиб, Баҳри муҳити кабир, Баҳри муҳити ҳинд, Баҳри муҳити атлас, Баҳри муҳити мунжамиди шимолий, Баҳри муҳити жанубий деб аталурлар. Ушбу денгизлар қуруғликнинг атрофини ўраб олмиш улуғ денгизлардур. Булардан бошқа қуруғликнинг орасиға ёриб кирмиш ниҳоятда кўп кўл ва денгизлар бордур. Машҳурроқлари: Оқ денгиз, Қора денгиз, Шимол денгизи, Каспий денгиз, Манош денгизи, Баҳранг денгизи, Болтиқ денгизи, Аталар денгизи, Мармара денгизи, Азов денгизи, Баҳри аҳмар, Япония денгизи ва Чин денгизларидур. Қуруғлиқ ҳам беш қитьага бўлиниб, Европа, Осиё, Амриқо, Африқо, Австралия деб аталур.
Ҳажжож ила дарвеш
Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар.
Мана ушбу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маним ҳақимга бир яхши дуо қил!» — деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! Бу золимни жонини тезроқ олғайсан», — деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?» — деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», — деди. Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди.