Муҳиддин Тинибеков. Она замин (ҳикоя)

I

Ҳамма ёқ ям-яшил ва ҳўл. Тўқ пистоқи ранг одамнинг юрагини сиқади. Толиқтиради. Ёмғир бутун яшилликни, унинг тўқимдек қалин ва қўпол кийимларини ивитиб юборган. Нима учундир кўкалам, ёмғир ва қир-адирлар доимо бир-бирларига ҳамроҳ. Қирда тепага чиқмоқчи бўлсанг ҳам, пастга тушмоқчи бўлсанг ҳам, таги силлиқланиб кетган эски оёқ кийиминг нишабликда тойиб кетаверади. Хуллас, ҳамма ёқ шалаббо. Юракни сиқувчи яшиллик, оёқ остингдаги намгарчилик, қўланса шитра ёпишган қўй-қўзилар, уларнинг ортидан қолмаслик мажбурияти ҳар доим бир-бирига ҳамроҳ. Дунё фақат шулардан иборат. Бу оламда улардан бошқа нима бор? Булардан бошқа бу яшилликни ташкил қилган бўз ўтларнинг манзарага ярашмайдиган сариқ гуллари бор.
Яхшиямки, бу яйловларни қоплаган носвойранг бўз ўтларнинг бўйи жуда калта. Бўлмаса улар яшайдиган лойшувоғи кўчиб, ғўлаклари кўриниб қолган уйнинг томини ҳам босиб, ҳамма жойни тўқ яшил, юракни сиқувчи тўқ яшил рангга кўмиб ташлаган бўлар ва бу оламда кўз очиб қарайдиган яшил эмас бирор жой қолмаган бўлар эди. Бунинг нимаси ёмон дея кўрманг. Бунга жавобни ҳар бир киши билади. Билмаганлар қирчиллама қишда қир-адирлар ва қишлоқни қалин қор қоплаганда қўй боқиб кўришсин. Қишлоқдан чиқиб бир дўнг ошиб кўринг: атрофни оқлик қоплаган бўлади. Ҳеч ким ёмон деб ўйламайдиган оқ ранг. Бу оқликда сиз атрофга бир қараб кўринг, кўзингиз қамашиб, ёшланиб, оғриб кетади. Агар унинг ўрнини тўқ яшиллик қопласа, унинг ёмонлигини (ноқислигини) тасвирлашга ҳожат йўқ. Бу бўз ўтлар сариқ рангда гуллайди. Сариқ ранг ҳам асли кераксиз, хунук ранг. У онасини элас-элас эслайдиган пайтлардаги замондан бери бироз қизиллик ва ҳали бирор марта учратмаган ҳидни билади. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам қишлоқларидаги бирор кишининг кийимида, уй жиҳозларида сариқ рангни кўрмаган. Сариқ ранг унда бирор-бир ҳиссиёт ёки илиқлик уйғотмайди… Бўзнинг сариқ гуллари беш япроқли, учлари учқур.
Бу гуллар шунчалик кичкина бўлса ҳам, беш қиррали япроқлари жуда митти бўлса ҳам, шу учларини Унинг латта ўраб кийиб олган катта ва эски оёқ кийимининг йиртиқ жойларига санчмоқчи бўлади. Санча олмаса, ўзининг намлигини тўкади… Кейинчалик, у гулини тўкиб, қора уруғ пайдо қилади. Кичкинагина бу уруғчалар Унга қариб қолган холасиникига борганида дамлаб берган чойни эслатади. Бу чой ўзига хос исли, иссиққина бўлади. Уни ичса, бутун баданига иссиқлик югуради, манглайидан тер чиқади. Ичиб роҳат олади. Чуқур нафас олади. Чуқур нафасдан сўнг… йўтал тутади. Йўтали юмшаб, балғам кўчади, нафаси ҳам енгиллашиб қолади. Шунинг учун У бу ўтларнинг ҳеч кимга кераксиз сариқ гулини тўкиб, пайдо қилган бу уруғларига меҳр қўймоқчи бўлди. Уларни оғзига солиб чайнаб кўрди. (Чунки ҳеч қачон уни дамлаб ича олмайди-ку). Тахир таъм бутун вужудини қоплади. Хуллас, яшилликнинг ҳеч бир яхши томони йўқ. Бу ўтлар орасида ундан анча баланд яна бир яшил ўт ўсади. У ҳам сариқ гуллайди. Унинг сариқ гули бу яшиллик, намлик, хуллас, рутубатли оламда думалоқ шаклда пайдо бўлади ва палахмонни эслатади. Ёзнинг гармселида, лаблар қақраган пайтда У тенги болалар палахмон отишади. Улар эски маҳсининг қўнжидан бир бўлак қирқиб олишиб, икки четига узун ип боғлашади. Маҳси бўлаги ичига кесак солишиб, бошлари узра айлантириб туриб, ипнинг бир учини қўйиб юборишади. Кесак узумзор ичига бориб тушади. Бир гала чумчуқ “гурр” этиб кўтарилади. Бу иш болаларга завқ бағишлайди. Токзордан чумчуқлар учмай қўйишгач, палахмонни айлантириб Уни уришади ва бундан завқланишади…
У ҳар доим болалар билан ўйнаганда камсуқумлик қилади. Чунки У шунга маҳкум. Чунки Унинг жуссаси тенгқурлариникидан кичик… чунки… ўксиганда овутадиган меҳридарёси йўқ. Чунки… қоқилганда суянадиган тоғи йўқ.
Бўз ўтлар орасидаги бу сариқ бошли гул ҳам палахмондек доимо чайқалиб туради. Қулай пайт топиши билан Унинг оёқларига ҳужум қилади. Иложини топа олмаса, “шапиллатиб” юрадиган кенг оёқ кийимининг шолвори ёпиб турмайдиган орқа томонидан кириб олади. Уларнинг бир-иккитаси кирса сезилмайди. Бироқ улар “оммавий” ҳужумга ўтишади. Оёқларини ўраб олган пайтавасининг шалаббосини чиқаришади. Қуёшли пайтларда бу “палахмон” гулкосаларини очади. Ва янаям бехосият нарсага айланади. Чарчоқдан ётиб дам олмоқчи бўлган пайтида, мудроқ босганда улар шамолда эгилиб, ўзидан сап-сариқ кукун чиқариб, Унинг бурнига тўкади. Сўнг тўхтовсиз акса уришлар бошланади…
Бу жойлар аста-секин қизғалдоқлар билан қоплана бошлайди. Улар аввал “палахмон” сариқ гуллар каби тугун пайдо қилади. Кейин қизил рангда очилади. Бир пайтлар ҳали қўй-қўзилар боқиш зиммасига юкланмасдан олдин У энг гўзал нарса қизғалдоқ бўлса керак, деб ўйлар эди. Чунки элас-элас эслайдиган Онасини қизил кийимда тасаввур қиларди.
Ўша пайтларда ўғил болаю қиз болалар галалашиб кенг адирларга туташиб кетган ҳовлиларидаги қизғалдоқ тугунларини териб олишиб “ўғилми-қизми” ўйинини ўйнашарди. Қизғалдоқ “тугунаги”ни қўлида ушлаган бола қаршисида ўтирган рақибидан “ўғилми-қизми?” деб сўрайди. Рақиби жавоб бергач, “тугунак”ни унинг пешонасига уради. Уни урганда баъзан товушсиз, баъзан “пақ” этиб ёрилади. Бундан болалар завқ олишади. Рақиби “қиз” деб жавоб берса-ю ёрилган тугунакда ҳарир рангли қизғалдоқ гулбарглари кўринса, у ютқазган ҳисобланади. Бу ўйинда У доим бехато башорат қиларди. Шунинг учун аламзада шериклари Унинг пешонасини ва юзларини қизғалдоқ “тугунаги”нинг қизил рангига бўяб ташлашар, камига баъзилари чимчиб ҳам олишарди. У эса эътироз билдира олмайди. Чунки уларнинг орқаларида суянадиган тоғлари бор.
Бошда У қизғалдоқларни яхши кўргиси келди. Уни қўлига олиб томоша қилди. Унинг тубида қора доғлар ва ўзакни, гулкосаларда сариқ чангларни кўрди. Искади. Акса уриб, йўтал тутди. Қизғалдоқнинг қизил рангидан У онасининг ранги, тафти ва ҳидини қидирган эди. Бунинг аксини топди. Қизғалдоқда ҳид бўлмас экан. Унинг ичида сариқ рангли чанглар — заҳар бор экан. Қизил рангни ҳам ҳамма ёмон кўрса керак, бўлмаса қўшнисининг боласи мактабдан келиб, эшагини бир қир ошириб, унинг оёқларини бўйнидаги қизил галстуги билан тушовлаб қўймаган бўлар эди.
Ям-яшил бу адирларда яна камалак ҳам бор. Қишлоқдаги каттаю кичик одамлар уни кўрса қувонишади. Болаларини камалакни томоша қилишга чақиришади. Кекса холаси уни “Ҳасан-Ҳусан” деб атаган. Яна камалак билан боғлиқ кўп нарсаларни айтиб берган. Улар осмон билан боғлиқ. Бу нарсалардан унга маъқул бўлгани — агар етим йиғласа, етти осмон титрар экан. Шунинг учун камалакка интилиб кўрди. Қўй боқиб, унга яқинлашмоқчи бўлди. Яқинлаша олмади. Қўйларни ташлаб оғир, ҳўл, йиртиқ ботинкасини судраб, эгнидаги аввал кимникидир бўлган эски ва қўпол кийимларини лопиллатиб, ягона суянчиғи — қўлидаги таёғини баланд кўтариб, унга томон югуриб кўрди. Унга яқинлаша олмади. Ундан бирор яхшилик топа олмади. Холаси ўшанда бошқа нарсалар ҳақида гапирган бўлса керак… Самода важоҳатли одам ерга — унга қараб турган бўлса керак. Унинг лабларининг икки чети пастга осилган бўлса керак. Ана шу лаблар камалак бўлиб кўринса керак. Ҳасан ва Ҳусанлар ҳам шу лабларнинг баландки ва пастки томонлари бўлса керак, деб ўйлади. Агар бу лаблар эгасини кўра олса, у бор важоҳати билан унга қараб заҳар сочаётган улкан девни кўрса керак.
Бир куни қишлоқ подасининг чўпони билан амакисининг қўзиси ва поданинг йўқолган қўйини излагани чиқдилар. Адир ошиб унинг ортидаги қоп-қора тоғларгача етиб бордилар. Тоғлар даралардан иборат бўлар экан. Дара улкан тоғнинг икки этаги бир-бирига бирлашиб туташган жой. Дара шу жойда тугайди. Агар йўлингизни давом эттирсангиз, тоғнинг энг учига чиқасиз. Қоронғулик бу жойларни қоплашдан олдин улар шу жойда тўхташди. Чўпон тошдан ўчоқ қурди. Хуржунидан қозонча чиқариб, унинг ичига сув ва яна бир қанча нарсалар солиб, тошўчоққа жойлаштирди. Тагига ўт ёқди. Овқатланиб бўлишгач, чўпон ўчоқ қилинган тошларни бузиб, оловни ёйиб ташлади. Бироз ўтиришгач, олов қолдиқларини олиб ташлади. Олов ёнган ер ва атрофи қуп-қуруқ бўлиб қолибди. Қуриган ерга чўпон ёмғирпўшини тўшади. Устидан чопонини тўшади. Шу ерга ётишди. Ердан зах ўрнига бир илиқлик баданига синга бошлади. Бироқ…
Тепаси хира туман билан қопланган қўрқинчли баланд тоғлар ҳар икки томондан уни сиқиб кела бошлади. Қўрқинчли тоғлар… Тоғ этаклари… Босиб келувчи, сиқувчи даралар… Тоғ ҳам, тоғ тепасидаги туман ҳам қоронғулик тушиши билан ҳаракатга тушиб кетди. Бир-бирларига яқинлашиб Уни сиқиб ташлаш тараддудига тушдилар улар. Қўрқаётганини чўпонга сездирмасликка ҳаракат қилди. Бироқ ваҳима бутун вужудини қоплаб ола бошлади…
У қўрқувдан нима қилишини билмай донг қотди. Кичкина пайтларида тенгқурлари — ўғил бола ва қизчалар қизғалдоқ “тугунаги”ни унинг юзига чаплашарди, энди эса худди шу болалар палахмон билан уни мўлжалга олишади. Ҳатто уйларидаги мушук ҳам елкаси билан ўтирган жойидан суриб ташлашга ҳаракат қилади. Кучи етмагач, думини баланд кўтариб, учи билан бир уриб кетади.
Энди У нима қилсин? Фарёдини далалар эшитмаган, осмон эшитмаган, тоғларнинг аҳволи бу… У ёнида ёнбош ётган чўпон томон сурилди, қўрқувни енгиш учун унга интилди. Бошқа чораси қолмади. У аслида чўпондан ҳам ҳайиқар эди. Амакисининг қўйларини боқиб юрган пайтларида қўй-қўзилари унинг отарига қўшилиб кетса, уришарди, ҳарқалай, урмаган. УРМАГАН. Демак… Чўпоннинг пинжига кириб, унинг елкалари тоғдек улкан эканини ҳис қилди. Оталар шунақа бўлса керак. Нимагадир Онасини кўп қўмсаркан, соғинаркан-у, Отаси ҳақида кам ўйлар экан. Ўпкаси тўлиб кетди. Чўпонга билдирмай ётаверди.
Балки етти само титраётгандир. Балки улкан тоғлар Уни елвизакдан ҳимоя қилиш учун бир-бирлари билан бирлашиб, улкан дара ҳосил қилишгандир. Балки улар совуқдан ҳимоялаш учун шамолларга туманларни тўсиқ қилишгандир. Лекин улар ўзларининг эзгу истакларини намоён қила олмадилар. Кучли чарчоқ бутун вужудини қоплади ва енгди… тақдири азал белгилаб қўйган уйқу Уни ўз домига тортди…
Рутубатли бу олам Унинг жонига тегди. Бу ердан қочиб кетишни ният қилди. Бу қир адирлардан узоқда — оппоқ пахталар билан қопланган жойда бошқа бир амакиси яшайди. Бу амакиси турар жойи ҳақида гапириб берган. У ҳаммасини эслаб қолган.
Қатъий қарорга келиб, қишлоқни айланиб қир-адирлар оша қўшни қишлоқдан туман марказига чиқиб кетадиган йўлгача ҳеч кимга кўринмай етиб олишни режа қилди.
Қир-адирлар ошиб, ўйлаган манзилига яқинлашди. Узоқдан умрида биринчи марта асфальт йўлни кўрди. Бу илонизи йўл Унга жудаям текис, гўзал ва ғаройиб кўринди, унга маҳлиё бўлди. Унинг нариги учида автобус ҳам кўринди. Автобус келиш пайтига йўлгача етиб бора олмаслигига кўзи етиб, югуришга тушди. Чарчаган бўлса ҳам бор кучи билан югурди. Эгнидаги эски, қўпол ва катта кийимининг сақланиб қолган ягона тугмасини ечиб, сўтраб, осилиб қолган чўнтакларини силкитиб югурди. Лабларини осилтириб югурди. Яғири чиқиб кетган енги билан бурнини артиб югурди. Иплари узилиб кетган, телпагининг қулоқларини осилтириб югурди. Ета олмаслигига кўзи етиб, кўзларидан оқаётган ёшни артиб, югурди, кўкайи куйиб югурди. Ягона суянчиғи — таёғини ташлаб югурди. Оёқлари чалкашиб оғир ва ифлос ботинкасини пойчаларига уриб югурди. Оёқ кийимининг йиртиқ жойлари баттар йиртилиб ситила бошлаган бўлса ҳам, оёғидан тушиб қолса ҳам югурди. Қўлларини бошлари узра кўтариб, илтижо билан югурди. Аммо…
Аммо автобусга ета олмади. Ерга ўтириб тиззасига кир ва йиртиқ енг ичидаги нозик билагини, унинг устига бошини қўйди. Ёмғир ҳўллай олмаган жойларни кўз ёшлари ҳўллай бошлади.
У ўтириб олиб хорланиб йиғлади. Дийдаси куйиб йиғлади. Автобусга етолмагани аламига йиғлади. Автобусдаги шунча одам унга эътибор бермагани учун йиғлади, хўрлиги келиб, томоғига бутун олам тиқилиб йиғлади. Бу олам унга тирноқдек мурувват кўрсатмаганидан зорланиб йиғлади. Баданида қалтироқ туриб, ўзини тута олмай йиғлади. Шу пайтгача азобда ўтган даврларини эслаб йиғлади.
Эй, ёронлар, мен бу болани бошини тиззасига қўйиб, яланг оёғини ерга босиб, йиртиқ кийимда, кир-чир ҳолда, ўсиб кетган патила-патила сочларини, бутун гавдасини силкитиб йиғлаётган ҳолда кўрдим. Менга ишонинг.

II

Патила-патила кир сочли эгилган бош майин, хушбўй, сийрак соч ҳолида қад ростлади.
У шоҳбекатга чиқиб пойтахтдан вилоятга қатновчи машина эгаси билан савдолашиб, туғилиб-ўсган қишлоғига йўл олди. Бунга сабаб Унинг яхши жойда, обрўли жойда, яхши лавозимда, обрўли лавозимда ишлаши, энг асосийси, Ҳасан ва Ҳусан фарзандлари туғилганлиги ҳақидаги хабарнинг қишлоғигача етиб бориши бўлди. Қишлоғидаги қариндошлари Ҳасан ва Ҳусанларни эшитиб, лавозимига лавозим, обрўсига обрў, бойлигига бойлик қўшилибди, деб қувонишди. Фарзанд — бу бойлик. У келажак пойдевори. Фарзанди бор ва фарзанди кўп одам билан муносабат ўрнатиш мумкин. Борди-келди қилиш мумкин. Бир оиланинг фарзанди бошқа бир оиланинг фарзанди билан муносабат ўрнатса, оилалар ўртасида борди-келди бўлади. Шу тариқа қариндошлик ёки дўстлик абадий бўлади. Буни исботлашга ҳожат йўқ.
Хуллас, у лавозимга, обрў-эътиборга, оилага, уйга, энг асосийси, фарзандларга эга бўлиб, қийинчилик йилларини ортда қолдириб, эсдан чиқариб, турмушидан хурсанд, ўзи хотиржам ҳолда қишлоғига отланди.
Қишлоғига яқинлашгани сари пахтазорлар ўрнини лалми далалар эгаллай бошлади. У бу далаларни ўтган асрда кўрган. Ўшанда тоғдаги амакисиникидан қочиб, пахтазордаги амакисиникига борган. Ўттиз йиллик қийинчиликларни ортда қолдириб шу даражага етган…
Далалар бошланиши билан ўзи мўътадил деб биладиган ҳаво ўзгарди. Қоғоз, китоб, компьютер, сигарета, автомобил ҳидлари аралашиб кетган шаҳар ҳавоси ўрнини кенг далалар ҳавоси эгаллади. Бу нимагадир ажиб бир ҳаво экан. У машинадан бошини чиқариб, бу ажиб ҳавони, далалар ҳавосини ястаниб ётган бепоён кенгликлар билан бирлаштириб сипқориб юборгиси келди. Унинг орқасидан алғов-далғов ҳиссиётлар келди. Бир томондан яшил далаларни соғиниб кетаётган бўлса, иккинчи томондан куни билан ёмғирда шалаббо бўлиб келиши, кечаси ухлаётганда кўрпани бошига ўраб, зўрға исиниб олишлари, ярим тундан сўнг сув терга ботиб кетишлари, дунёни ларзага солувчи момоқалдироқлар тушларига кириб алаҳсирашлари, хуллас, алғов-далғов фикрларга берилди…
Қишлоғига келиши соғинчли қучоқлашувлар билан бошланиб, қуюқ меҳмондорчиликка уланди. Бу ерларда меҳмондорчилик ям-яшил далаларга чиқиш билан давом этади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ўйлаб кўрса, Унинг ўзи ҳам буни истаб турган экан.
Далага, қир-адирлар бағрига чиқишди. Кенг дала. Атроф кўм-кўк. Ҳаво мусаффо. Шаҳар одами учун бу нарсалар қандай яхши… Бироқ…
Бироқ у шаҳардан қочиб кенг далалар бағрида шунчаки дам олиш истагида бўлган одам ҳолатига тушмади. Унинг қалби соғинчга тўлди. Бу соғинч ич-ичидан тошиб кела бошлади. Охир оқибат томоғига келиб тугун бўлиб тиқилди.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, кўм-кўк, кенг далани ким ҳам соғинмайди. Кўм-кўк ўтлар оёғингиз тагида ястаниб ётса. Улар устида енгил қадам ташлаб юрсангиз. Ўтлар оёқларингиз тагига поёндоз бўлишса, поёндоз бўла олмаганлари оёқларингизни эркаласа… қандай яхши! Бунинг устига шивалаб ёмғир бошлаб юборса. Ҳавони янада мусаффолаштириб, тупроқни кўпчитиб, қадамингизнинг яна ҳам юмшоқ бўлишини таъминласа, эркалатиб, оёқларингизни тойдирса… Нишабликда ўтлар устида пастга қараб тойсангиз, қорда учгандек учсангиз.
Бу замин бунча тароватли бўлмаса, атроф қир-адирлар ва улкан тоғдан иборат бўлса, қир-адирлар яшилликка бурканган бўлса. Бу яшилликка майда ёмғир томчилари, булут, булутлар орасидан ҳар-ҳар жойга тушиб турган қуёш нури ва камалак ҳамоҳанг бўлса. Ҳа, бу замин етти хил рангга, етти хил мўъжизага бурканган бўлса. Бу жойлар таровати бутун умр Сизга ҳамроҳлик қилса. Бу жойларнинг момоқалдироқ гулдурослари Унинг илмий анжуманлардаги нутқларидан сўнг янграган гулдурос қарсаклар тарзида ҳали-ҳамон қўллаб турса.
Бу замин бунча гўзал бўлмаса?! Ҳар қандай одамни, ҳар қандай шоирни, ҳар қандай рассомни лолу ҳайрон қиладиган даражада манзарали бўлмаса. Бу манзарани кўрган ҳар қандай кишининг қалби жўш уриб, тўлқинланиб кетса керак. Буюк бир асар яратишга киришса керак. У чет эллардаги хизмат сафарларида ҳам бундай жозибадор манзарага дуч келмаган. Бундай манзарани ҳатто машҳур рассомлар ҳам кўрмаган бўлса керак. У олис болалик даврига қайтгиси, ўтлар устида тойгиси келди. Болалигини қўмсаб кетди. Мана шу ям-яшил адирлар бағрида бир умрга қолгиси келиб кетди.
Бу далалар Уни ҳар бир нарсага эътиборли бўлишга ундаган. Ўша пайтлар У ҳар бир адирга, ҳар бир йўлга, ҳар қадамдаги нотекисликка, ҳатто ҳар бир тошчага эътибор беришни ўрганган. Уларни ёдлаб олган. Ўтларнинг нозик учларини кузатган, уларнинг ўзлари шунга ундаган. Уларнинг сариқ гуллари йўлларига ястаниб олган, уларнинг тузилишларини кузатган. Уларни бешюлдузга ўхшатган. Бошқа бир ўтлар сариқ гул ҳосил қилиб, бошларини силкитиб ҳар бир қадамини қўллаб-қувватлаб турган. Қизғалдоқлар қизил рангда очилиб, атрофни яна ҳам гўзаллаштирган. Улар ҳар доим Онасини эслатиб турган. Шивалаб турган ёмғир атрофни мусаффолаштирган. Улар ҳозир ҳам эрта оқара бошлаган сочларини асл ҳолига қайтаришга ҳаракат қилмоқчидай… Бу шивалаб турган ёмғир унинг кўзлари олдидан маълум бир тартибда ўтиб турган. Ҳа, ўшанда У ёмғир томчиларидаги маълум бир тартиботни англаган.

III

У яна қишлоғига борди. Бир қир ошиб адирлар бағрига тушди. Бу жойлардан баҳра олиш учун атрофни кузатди. Энди бу жойлар бутунлай бошқа жойлар.
Ўшандан буён анча вақт ўтди. Бу жойларга кўп хизмати сингди. Ўз қишлоғининг ривожида унинг ҳам ўрни бўлди. Нафақага чиқишини ўйлаб, бу қишлоқдан ўзи учун ҳам мўъжаз бир уйча қурди.
Энди мана, нафақага ҳам чиқди. Энди у чет элларга бормайди. Чет элликлар унинг мамлакатига келишади. Ҳатто маслаҳат учун. Нафақага чиққан бўлса-да, иш жойида маслаҳатчи қилиб қолдиришди. Маслаҳатни эса техника тараққиёти сабаб шу қишлоқдан ҳам бериш мумкин.
Энди унинг дунёқараши ҳам ўзгача. Буни тушунтириб бериш қийин. Энди унинг соч-соқоли оқарган, юзидан ёшлик шиддати эмас донишмандлик нури таралади. Энди унинг кўзлари чақнаб турмайди. Энди унинг кўзлари маънолар мажмуасидан иборат.
Мен бу қишлоқни кўрдим. Қишлоқ уйлари ранг-баранг. Улар адирлар ён бағирларида бир-бирларига ўхшамаган, ўзига хос тарзда, ўзгача услубда қурилган, атрофлари яшиллик билан ўралган. Унча катта бўлмаган ҳовлилар гуллар ва дарахтларга бурканган. Бу уйларни бир-бирига туташтирган кўчалар қир ён бағирларидан буралиб, қир ошиб кетишган, уларга икки тарафдан қатор дарахтлар ҳамроҳлик қилишган. Қир ошсангиз, кетма-кет тизилган адирлар бир-бирларига ўхшамаган тарзда ҳар хил дарахтзорлар билан, уларни бир-бирлари билан туташтирувчи илонизи йўллар билан безанган. Адирлар орасидаги жилғалардан сувлар оқиб туради. Энди тоғлар ҳам аввалгидек совуқ қора рангда эмас. Энди улар ҳам йил бўйи кўм-кўк.
Баъзи адирларда майдончалар бор. Бу жойларга вертолётлар қўнади. Баъзи жойларда бир-бирларига ўхшамаган, дам олишга мўлжалланган уйлар қурилган.
Бу жойларда ҳали ҳам қўй қўзилар бор. Энди уларни чўпон боқмайди. Улар аввалгидек отар бўлиб юришмайди. Алоҳида-алоҳида сайр қилишади. Уларга турфа хил ҳайвонлар, жайрон дейсизми, кийик дейсизми ҳамроҳ бўлишади. Энди бу ерда болалар эшак тушовлаш билан овора бўлишмайди. Энди улар ўзлари ясаган самолёт ва вертолётчаларни учириш билан банд бўлишади. Энди бу қишлоқ болалари бир-бирларининг пешоналарига қизғалдоқ урмайдилар, палахмон отмайдилар. Уларнинг интилишлари ўзгача, мақсадлари буюк.
Бизнинг қаҳрамонимиз мана шу манзарани кузатиш учун бу адирга чиқди. Кузатиш учун эмас ардоқлаш учун чиқди. Бу жойлар ҳам уни ардоқлашга тушди. Майда ёғаётган ёмғир атрофдаги яшиллик рангини яна ҳам тўйинтиради. Ёмғир қирлар ён бағирларидаги мевали дарахтларнинг гулларини мевасиз дарахтларнинг барглари ҳамда унинг оппоқ сочларини намлайди.
Эй, ёронлар, мен бу қишлоқни ва бу одамни кўрдим. Бу қишлоқ адирлар ён бағирларига қўғирчоқдек ясатиб, ёпиштириб қўйилган ҳовли ва уйчалардан, ҳар хил буталар, мевали ва мевасиз дарахтлар билан бири-бирига ўхшамайдиган тарзда безалган чексиз адирлар, улар бориб туташиб кетган қишу ёз ям-яшил бўлиб турадиган улкан тоғдан иборат экан.
Мен унинг олдида пайдо бўлдим, унинг кўзларига боқиб бир донишмандни кўрдим. Унинг юз ва кўз ифодасига таъриф беришга ҳаракат қилиб кўрдим ва энг моҳир шоир ёки рассом ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмаслигига иқрор бўлдим.
Унинг юзига қараб, одамнинг юзи шундай бўлиши керак, деб ўйладим. Кўзларига қараб, менга дунёдаги жамики нарсалар тушунарли бўлди. Бир сония бўлса-да унинг ўрнида бўлгим келиб кетди. Бироқ мени олиб кетишди. Мен ўтирган икки кишилик вертолёт туман марказига йўл олди. Мен қайрилиб бу соч ва соқоли оқарган донишмандга қарадим. Воажаб… У енгил шабадада, шивалаб ёғаётган ёмғирда гўзал табиатга ҳамоҳанг ҳолда турар эди… Воажаб… у ям-яшил адирда бўз ўтлар устида оёғи ерга тегмай турарди. Ўтлар уни кўтариб турар эди.
Яшиллик, ёмғир, гул ва камалакка кўмилган бу заминнинг бағрида яна қанча меҳр бор экан?..