У саросимада қолди. Ҳамма ёққа ўт кетган бўлса-да, аммо унга зиён етмади. Шуурида фақат бир гап: “Ҳеч замон кўкдан заминга қаратиб замбарак отиладими?” Яна ҳам қаттиқроқ гумбурлади…
Чўчиб уйғонди, хайрият туши экан. Атрофига аланглар экан, жиққа терга ботганини сезди. Эшикни кимдир зарб билан тақиллатди…
Ким бўлиши мумкин? Яна, яна ва яна давом этди… Аста бориб эшик кўз қарагичидан қаради. Ҳеч ким йўқ, кетиб бўлди шекилли… Бунақа ҳол охирги пайтлар кўп такрорланяпти. Ким бўлиши мумкин? – деди яна ўзига ўзи.
У мактабда, университетда ҳам одамови бўлгани учун деярли дўст орттираолмади. Борлари ҳам бармоқ билан санарли – Дониёр, Абдухолиқ, хонадоши Олим ва тағин бир-иккитаси, аммо танишлари бисёр эди.
Дониёр физика-математика, Абдухолиқ кимё-биология факультетида таҳсил олган бўлса-да, адабиёт уларни дўстлаштирган эди. Талабалик хўп даврлар бўларкан-да, улар йиғилиб қолишса, Дониёр ва Абдухолиқ келажакда фан доктори, ўз соҳасининг етук олими бўлиши ҳақида гапирар, Олим эса “Мен туғилганимдаёқ бу шарафли номга эришиб бўлганман”, деб уларнинг жиғига тегарди. Олим ўқишга тоби йўқ бўлса-да, одамохун ва жуда самимий эди. Нафақат у балки ўша пайтлар бирга ўқиган йигит-қизларнинг ҳамма-ҳаммаси ҳатто ҳаёт ҳам унга жуда самимий туюларди.
Ювинаётганда ҳам, ошхонада куймаланаётганда ҳам хаёлини “Эшикни зарб билан урган ким бўлиши мумкин?” деган савол тарк этмади.
Тайёрлайдиган таоми ҳам антиқа, – оқ мойда пиёз қовуради. Мойни мўлроқ солади, нон бўктириб ейиш учун. Бунинг тарихи ҳам ўзгача, унда ҳали талаба эди. Бир куни хонага киргач, “Эшикни қулфлавор”, деди Олим калтни бериб, сўнг тумбочкадан худди чойга ўхшаш, сал қўюқроқ бир банка суюқликни ликопчага аста қуйди. Шошиб, буханка нонни қўлда ушатиб, ёққа текказар экан: “Қорин таталаб кетди-ю, қани бошладик” деди жилмайиб. У ҳам татиб кўрди, қорни очлигигами жуда мазали туюлди. “Доғ қилинган оқ мой” деди Олим ихтиросига таъриф бераркан. У қаймоқни, сарёғни, борингки маргаринни ҳам нонга қўшиб еганларини кўп кўрган аммо… Пахта мойини…
Хотини ташлаб кетгандан бери ихтиёрий ва мажбурий равишда энг севимли таомларидан бирига айланган шу овқат.
* * *
Эшикни кимдир бу сафар жуда мулойим чертди. У аста бориб қаради, юзи таниш, “Ҳар ҳолда ёмон ниятда бўлмаса керак”, деб очишга қарор қилди.
– Ие-ие, оғайни, бормисан? – деб бир қўлида салафан пакет билан қучоқ очиб турарди курсдоши Тошмат.
– Эй-ҳе, “Какие люди” деган жойларидану-а, кир, киравер, – деди мезбон.
У хижолат бўлиб, оғайнисини қаерга ўтқазишни билмасди. Тошмат ҳам уйга ўғринча разм солар экан, тезроқ қайтишни мўлжаллаб:
– Ҳеч нарсага уринма, мажлисим бор, қайтишим керак, – деди вазиятни юмшатмоқчи бўлиб.
– Эй, тўрга ўт ўртоқ, тўрга – деди мезбон эскириб кетган газетадан дастурхон тўшар экан.
– Кенжамни, суннат қилувдик, бормадинг, ўзим хабар олай деб келавердим, – Меҳмон шундай дея бир шиша ароқ ва шарбатни столга қўйиди.
– Йе, шунақами, ҳалоллабсизларда, қуллуқ бўлсин, қуллуқ бўлсин, табрикламиз.
– Раҳмат, раҳмат, бирга бўлсин.
– Энди эллик-эллик оламиз, ўғлингнинг соғлиғи учун.
– Йўқ, оғайни, кейинги якшанба тоққами, дала-ҳовлигами борамиз, менинг ҳисобимдан, бугун мажлисим бор.
– Озиб-ёзиб бир кебқопсан, мажлисингни қўй энди, – деб ўпкалади у.
Меҳмон ҳар қанча қаршилик қилмасин, пиёлаларга тўлатиб ароқ қуйди. Ичилди-ичилди. Тошмат мажлис баҳонаси билан ҳар гал фақат шарбат ҳўплади, халос. Шиша яримлаганда меҳмон аста гап бошламоқчи бўлганди эшикни кимдир гумбурлатди.
– Тис-с…, – деди мезбон лабига бармоғини босиб.
Ҳамма ёқ жимиб қолди. Меҳмон “Нима гап” дегандай унга тикилди.
– Ке, шуларни қўй, ўзингдан гапир, ўзингдан, оғайни, – деди мезбон кўзлари сузилиб.
– Ҳе, оғайни, биласан, манаман деган нашриётнинг раҳбариман. Бола-чақам тинч, ҳар йил икки-уч марта хорижга бораман, хизмат ё дам олишга… Нью-Йорк, Лондон, Париж, Токио яқинда Пекинда ҳам бўлиб қайтдим. Телевизорда бир соат репортаж беришди, фақат кўрмадим дема, – деди унинг кўзларига ўтли нигоҳига қадаб.
– Йўқ, кўрмадим, – деди мезбон уялганидан кўзини олиб қочиб.
– Қўйсан-чи, муболағамас, ўхшатиш қил шоир, – деди ҳазил аралаш ўпкалаб.
– Ўхшатардим-у, телевизорим йўқ-да, – деди бошини қашиб.
– Ие, қайси асрда яшаяпсан ўзи, – Тошмат артофга разм солар экан, – ҳали радио ҳам йўқдир,– деди киноя билан.
– Қаердан билдинг, авлиё бўлиб кет-ей…– деди базўр ҳазил аралаш ҳижолатли ҳолатдан чиқишга уриниб.
– Ҳа, энди бизам девор бўлмаса, кўчани кўрамиз-да, – деб кулиб давом этди, – йигирманчи аср – техника асри дейишарди, оғайни, йигирма биринчи асрни ахборот асри, янгликлар асри дейиляпти, сен бўлсанг… Қачондан бери телевизоринг йўқ.
– Ўн йиллар бўлди шекилли, нимайди.
– Нимамиш, ахборот асрида ўн йил информациясиз яшаш, замондан юз йил орқада қолиш деган гап, билдинг. Мана, менинг уйимда ҳам, ишхонада ҳам интернет бор, қўша телевизорда юздан ортиқ каналлар, радио, ҳар кун янги газета минглаб янгиликлардан бохабар бўламан. Эй, бугун одамзот Марсга ракета учиряпти, бир гуруҳ олимларни айтиш-ча, Ер қизигандан қизиб, музликлар эриб, дунё сув остида қолармиш, бошқа олимларнинг фикрича, аксинча, ҳаво совиб, музлик даври бошланармиш. Ҳар сонияда бир янгилик, бир хабар. Дунёда очликдан кўз юмаётганлар табиий офатлар, урушларда қурбон бўлганларнинг сонидан ҳам кўпроқ экан. Бунга нима дейсан? Жаҳон иқтисодиётида юз бераётган инқирозларни айтмайсанми, эҳ-й… – деб худди нутқни қойил қилаётган нотиқдай уёқ-буёққа юриб, яна алламбалолар ҳақида берилиб гапирди:
– Эй, ишонасанми, уйдан ишга, ишдан уйга келаётганда ҳам нотбукимда интернетга боғланиб янгиликлардан бохабар бўламан, сен бўлсанг ўн йилдан бери… Эҳ ўн йилдан бери оламшумул воқеалардан бехабарсан, – деди Тошмат унга ачингандек бир қиёфада.
– Жанубий билан Шимолий Корея қўшилдими? – деб ялт этиб унга қаради мезбон.
– Нима… Қанақа Карея… Нималар деб алжираяпсан, – шунча гапни деворга гапирдими дегандай норизо қиёфада, кейин бир нимани илғагандек бўлиб, – Ҳеч қанақа карея-парея қўшилгани йўқ, довдир, – деди тўнғиллаб меҳмон.
– Ҳа-а-а, ахборот, янгилик асрида ҳеч қанақа янгилик бўлмаган экан-у, ҳовосат қилишингни қара-я, – деди шарбатдан бир ҳўплаб олиб мезбон.
Кимдир эшикни яна гумбурлади… Бу гумбирлаш икковини ҳам баҳс кайфиятидан чиқариб юборди.
“Жим” дегандай қўл билан ишора қилди мезбон.
Бир оздан сўнг ҳамма ёқ сув сепгандай бўлди. Мезбон яна ароқдан тўлатиб қуя бошлаганини кўриб Тошматнинг сабри тугади.
– Тинчликми? Кимдан беркиняпсан, – деди ранги қув учиб.
Мезбон ҳеч нарса айтмоқчи эмасди-ку, лекин бир кун эшигига “Платить надо в ЖЭК” деб ёзиб кетишганини эслаб, яна шу такрорланган бўлса, уялиб қолмаслик учун ҳам изоҳ берди:
– Эҳ, оғайни… Газдан келишгандир, балки электрдандир? Ким билади дейсан…
– Эй, сени қара-ю… Ишласанг бўлмайдими, ё иш топиб берайми?
– Гап бунда эмас, – деди мезбон қўлларини бепарво силтаб.
– Унда нимада, – деди баттар жаҳлланиб.
– Биласанми, нимани орзу қиламан.
– Хўш, нима экан? – деди суҳбатдоши беписандлик билан.
–“Параболические антенна”ни биласанми? Ўшанақа қуёш батареяси ихтиро қилинса, ҳамма сотиб олса, уйни иситишми, ёритишми, ҳаммасини қилиш мумкин бўлади. Биров эшигингни таққиллатиб келмайди, “Камуналингни тўладингми?” деган гаплар ҳам йўқ, зўрми? Энг муҳими бировга қарам бўлмайсан, ўзингга бек, ўзингга хон.
– Ҳм… Нима, бизнинг қуёшдан фойдаланганинг учун тўламайсанми? – деди жиддий туриб.
– А… – деди мезбон бошига бир ургандай анграйиб.
– Ҳа, – деди Тошмат унинг кўзларига бақрайиб.
Шунда ҳар иккаласи ҳам бараварига хандон отиб, қотиб-қотиб, кўзлари ёшлангунча, ичаклари буралгунча кулишди.
– Минг қилса ҳам раҳбар раҳбар-да, – деди базўр кулгидан тўхтаб мезбон.
– Нималар деяпсан, шохида юрсаларинг, биз баргида юрамиз, акаси, – деди унга айёрона боқиб меҳмон.
Вазият сал яхшиланганидан фойдаланиб Тошмат дарров мақсадга кўчди.
– Шу десанг, беш-ўн кун аввал Азизов домлани кўрувдим, қўлёзмангни мақтаб қолди, ҳол-жонига қўймай оволдим хафамасмисан, – деди илжайиб.
– Бир катта корхонанинг раҳбари, оғайним, асаримни ўқиса-ю, хафа бўламанми? Бошим осмонга етди, хурсандман, дўстим, раҳмат, – деди беихтиёр кўзлари ёшланиб.
– Дўстим, яхши кунлар олдинда, худо хоҳласа, китобингни ўзим чиқараман, керак бўлса, яхшигина қалам ҳақи ҳам ёздириб бераман, – деди Тошмат гердайиб.
– Наҳотки, ростданми? Қўлёзмани ўқидингми ўзи, – деди ажабланиб.
– Ҳа, тўғриси, бир-икки кўз югуртирдим… Билансан-ку, мингта ишим бор. Умуман асар яхши, чоп этса бўлади, фақат сал таҳрир қилиш керак экан.
– Нима, ким айтди буни, анаву чаласавод бош муҳарриринг Наталя Захидовнамиди? Ўша айтдими, ўзи у ўзбекми, русми?
– Нимайди… Отаси ўзбек, онаси рус… Лекин-чи, жавоб бераман, ўзбекчани сен билан мендан яхшироқ билади, йўқса ўттиз йилдан бери шу лавозимда ишлармиди. Мендан олдин ҳам ишлаган, кейин ҳам ишлайди, мана кўрасан.
– Ишласа, ишлайвермайдими, менга нима.
– Тушунсанг-чи, нашриётнинг ўз талаблари бор, бирорта босмахона ҳам буни таҳрирсиз барибир чоп қилмайди, – деди қизишиб Тошмат.
– Қани бир кўрай-чи, қанақа таҳрир қипти, – деди мезбон.
Тошмат иш силлиқ кўчаётганидан хурсанд бўлиб, секин тавозе билан қўлёзмани узатди. У қўлёзмани олиб варақлай бошлади. Шунда бутун бошли хатбошиларнинг, саҳифаларнинг устига чизиқ тортилганини, бу ҳам етмагандай бу аслимас, нусхаси эканлигини билиб фиғони фалак бўлса-да, тишини-тишига қўйиб:
– Асл нусха қани? – деди ўзини хотиржам кўрсатишга уриниб.
– Шу-да, ўзингнинг асарингни ўзинг танимай қолдингми? – деди илжайишга ҳаракат қилиб Тошмат.
– Ма, яхшилаб қара-чи, – деди ғазаби қайнаб.
Тошмат қўлёзмани олиб варақлай бошлади. Бу ростдан ҳам аслимас, нусхаси эканлигига ишонч ҳосил қилгач:
– Эҳ, оғайни айтдим-ку, ишим кўп шунга бир-икки нусха кўпайтириб яқинларимга бергандим. Тақриз олиш учун, – деб ўзи оқлашга ҳаракат қиларди у.
– Олдин мендан сўрамайсанми, тўнка, – деб юборди жаҳл устида мезбон.
Тошматнинг ҳам нафсонияти қўзиди:
– Ўзинг тўнкасан! Эй, яхшиликни билмаган нонкўр, Азизов домла илтимос қилмаганда бу ерга ўлиб қолсам ҳам келмасдим. Ўзингга ҳам, асарингга ҳам тупурдим, билдингми? Ароқхўр, алкаш, – яна алламбалолар деб сўкиниб чиқиб кета бошлади.
– Бор йўқол, кўзимга кўринма, мараз, – деб жон ҳолатда бақирди мезбон ҳам.
* * *
Тошмат машинага чиқди-ю, “ҳайда” деди. Унинг жаҳли чиққанда ғалати одати бор. Ҳайдовчиси ҳам билади, индамай кичик ҳалқа йўлидан каттасига, каттасидан кичигига, шаҳар бўйлаб айланаверади, токи хўжайини “Қаердамиз” демагунча.
Тошмат иш битмаганини эмас, ҳақорат этилганини ҳазм қилолмаётган эди. У ҳамма нарсага қўл силташи мумкин, аммо “тўнка” дейишларига чидамайди. У пайтлар талаба эдилар, ўшанда ҳам худди ҳозиргидай гап талашиб қолиб, бутун курснинг олдида “Тошмат тўнка” деганда ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулган эди. Унга жавобан “Талантинггаям, ўзинггаям тупурдим”, деганди. Оқибати шунча йил ўтса ҳам, ҳатто раҳбар бўлса ҳамки бу лақабдан қутула олмади. Тошмат ўша пайтларда, кейинчалик ҳам уни “Маймоқ”, “Алкаш”, деган бир неча лақаблар билан атарди, аммо негадир уникичалик оммалашмади.
У бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўйга берилар экан Азизов домладан ҳам ўпкалади.
Бу ўзи университетда ҳам бир пулга қиммат бола эди, хаёлидан ўтказди у. Шу Азизовлар қўлтиғига сув пуркаб, зўрсан, зўрсан қилишарди, холос. “Сен катта шоирсан”, деб эркалатиб, порлоқ келажагидан башорат қилишарди. Ўшанда ҳам сардор бўлганим учун бу бола сал ғалатироқлигини, атрофдагилардан ўзини бир поғона баланд қўйишини устозларга кўп бора айтганман. Улар бўлса, “Шоирлар ўзи шунақароқ бўлади. Шоирни шоир қиладиган нарса, бу унинг “мени”, деб уни оқлашарди. Мана, “даҳо шоир”и нима бўлди охири… Нима эмиш: “Мени таҳрир қиладиган ҳали туғилгани йўқмиш”. Менман деган, отаси тенги шоир, ёзувчилар қабулимга кириш учун навбат кутишади. Китобларининг чиқиши учун барча талабларга қўлини кўксига қўйиб рози бўлишади. Бу-чи, иззатини билмаган ҳайвон… Уйининг аҳволини қара, ҳамма ёқ ивирсиган, ис босган ғорга ўхшайди. Кўзим билан кўрмаганимда, бу уйда одам яшайди деса, ўлай агар ишонмасдим. “Ит ётиш – мирза туриш” шуям ҳаётми? Ёлғиз яшаш! Ўзиям ўттиздан кейин уйланган бу аҳмоқ. Хотини ҳам ташлаб кетиб тўғри қилган, ўзиям ит феъл, тўсатдан ташланиб қолади. Бу билан бир кун яшаган аёлга ҳайкал қўйиш керак. Усти-бошигаю гап йўқ, соч-соқолни қара, нима эмиш: “Иккита Корея қўшилдими?”. Тентак, ейишга бир бурда нонинг йўғ-у, бало борми катталар ишига аралашиб, ундан кўра қорнингни тўйғиз, эшак. Ҳаммасига анави қанжиқ сабабчи, қўлёзманинг нусхасини қўлтиқлатиб юборган мегажин. Ўзи катта бошимни кичик қилиб бекор келдим-да, шу ёшга кириб бунақасини кўрмаганман, салкам битта ароқни газаксиз ичиб ҳам маст бўлмади. Ичиш бўйича жаҳон рекорди ўрнатса бўлади бу расво.
Тўғриси, Азизов домла билан ошда кўришиб қолганда корхонанинг иқтисоди яхшимаслиги, агар харидоргир асар бўлса жон деб чоп этишимни айтиб хато қилганман. У ҳам шуни кутиб тургандек, машинасидаги бир қўлёзмани қўлимга тутқаза қолди. Яна “Бирга ўқигансан, бир-бирингга ёрдам қилсанг бўлмайдими”, деди тагдор қилиб. Ўзим ишдан ортолмайман, китоб ўқий бошласам негадир уйқум келади. Шунинг учун ўзимга яқин одамларимга ўқиб фикрингни айт, дедим. Бири “Бу асармас, узуқ-юлуқ хом-хатала, ўзича бир нималар қилмоқчи бўлган, аммо эплай олмаган, на охири, на боши бор”, деганда ҳафсалампир бўлганди. Эртасига бошқаси “Даҳшат, ҳали бунақа асар ўқимаганман, бу Габриэль Маркесни ҳам йўлда қолдирибди”, деганда яна қизиқишим ортганди. Наталя Захидовна бўлса, “Бос десангиз, яхшилаб таҳрир қилиб бераман босаверамиз”, дегандан кейин яна ўйланиб қолдим. Азизов домла бўлса, “Агар шу асарни чоп этсанг, ҳам пулинг, ҳам обрўйинг ортади”, деганди.
Аслида, домланинг ўзини жўнатсам бўларкан, муаллифни розилигин олиб беринг деб, энди бу ит қайсарни валломати ҳам кўндира олмайди… Кўнмаса-кўнмас, уникидан бошқани асари қуриб қоптими, ҳозир дарахтни тепсанг шоир ёғилади. Кайфият ҳам росво бўлди. Кўнгилни чигилини ёзиб, сал ўзимга келмасам, инфаркт бўлишим аниқ. Ўзи шундоқ ҳам қисқа умрнинг ярми мажлисда ўтяпти, қолганини кимлар биландир пачакилашиб ўтказайми, бор-е-е…
– Ў-в қаттамиз, – деди ҳар галгидек хўжайин ўзига келгач.
– Катта ҳалқада, – деди ҳайдовчи елка оша хўжайинига кўз ташлаб.
– Паккага ҳайда.
– Хўп.
Тошмат аллакимга қўнғироқ қилди. У ёқдан жуда ёқимли овоз эшитилди.
– Ла-б-ай, бормисиз, акам жоним.
– Ҳа, бормиз, бормиз, нима билан бандсиз?
– Сизни кутиш билан.
– Ие, нима бугун учрашамиз деганмидим?
– Йўқ, сиз учрашув белгиламаган бўлсангиз ҳам… Юрагим… Қалбим негадир сизни кутаверади, қўмсайверади… Ахир қалбимга буйруқ бера олмайман-ку.
– Жуда ўхшатасиз-эй, қайси институтни тугатгансиз ўзи, – деди эркалатиб.
– Ҳаёт мактабини, акам жоним, ҳаёт мактабини!
– Хўп яхши, паккада кўришамиз. Кейин бизга ҳам бир оз “ҳаёт дарси”дан ўтасиз, – деди оғзини таноби қочиб Тошмат.
– Ихтиёрингиз, огоҳлантириб қўяй, мен жуда талабчанман, – деди у ёқдаги овоз.
– Зўр-ку, биз ҳам жа тиришқоқмиз-да ўзиям, – деди қиқир-қирир кулиб.
* * *
У зарда қилиб кетган меҳмоннинг ортидан эшикни қулфлади… Аламидан қолган ароқни шишаси билан бир кўтаришда ичиб юборди. Ичини ёндирди, бурнини атиштирди, кўзидан олов чиқиб кетгандай бўлди, газагига оғзини енгига босди.
Ичкиликни газак билан… Ҳеч бўлмаса, битта нонга иккита кабоб босиб келади-да номард… “Ўзингга ҳам, асарингга ҳам тупурдим”, дедими? Ахир талабалик йилларимизда ҳамма қатори ўзи ҳам менга ҳавас қиларди-ку, нега энди… Мендан дарсларни кўчириб юрадиган ўшалар ҳамма ҳавас қиладиган даражага эришишдию, мен… Наҳотки Дўстов домла ҳақ бўлса… “Бу болани кўп эркалатаверманглар, у ёшлик ҳиссиётлари билан ёзаётган бўлиши мумкин, ижодкор учун эҳтирос эмас, илдиз муҳим”, деган гаплар наҳотки рост бўлиб чиқса…
У талабалик йиллариданоқ эл назарига тушган эди. Марказий нашрларда шеърлари чоп этилиб яхшигина қалам ҳақи олар, диплом иши, диссертацияларни таҳрир қилиб пул топарди. Шундан бўлса керак, доим чертиб кийинарди. Ҳатто бир куни деканнинг “Галстугингни бер, мажлисга кириб чиқай” деган гапини эслаб, ҳозир ҳам болалар кулиб юришади. Бир яхши нашриётда муҳаррир бўлиб ишлаётганди. Матбуотда навбатдаги шеъри эълон қилинди. Шеър таҳрир қилинган, қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйган эди. У эртаси куни ичволиб, таҳририятнинг Назм бўлими ходимини ўларча калтаклади.
Милиция чақирилди, ҳибсдалигида кўргани келган Азизов домлага бу машмашанинг сабабини тушунтирди. Домла ҳам таҳририят раҳбариятига оқизмай-томизмай етказди, даъвогар даъвосини қайтиб олди, жавобгар озод этилди. Шу-шу таҳририятлар унинг шеърларини турли баҳоналар билан қайтарадиган бўлишди.
Энг қизиғи, у ишхонага келганда, эълонлар тахтасида ўзини одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилмаганлиги учун вазифасидан озод этилганлиги тўғрисидаги буйруқни кўргач рўй берди. Аввал ҳаммани бир чеккадан бўралаб сўкди. Бу ноҳақликка бутун жамоани томошабин бўлиб турганликда айблади. Бошлиққа кирмоқчи бўлди, аммо у йўқ эди. Ишхонадаги яқинлари бир амалаб алангани бостиришди. Биринчи ўринбосар уни хонасига таклиф қилди. Ижодини ҳурмат қилишини, бироқ вазият қалтислигини айтиб, хусусий газетага ишга жойлаштириб қўйишини, икки баробар кўп маош олишини ётиғи билан тушунтирди.
Ҳақиқатдан ҳам янги ишхонасидагилар жуда яхши кутиб олишди. Барчаси бинойидек, аммо унга расман эмас, конвертда маош берилиши нафсониятига теккан бўлса-да, жамоанинг илиқ муносабати умид бағишлади. Шу тарзда ҳаёти бир маромда давом этаётганда ишхонасига талабаликдаги дўсти Дониёр келди. Кафеда узоқ суҳбатлашишди. Ниҳоят, дўсти чет элдаги қандайдир илмий марказга ишга таклиф қилишаётганини айтди. У ўшанда “Шу шартмикин, ундан кўра номзодликингни ёқла” деганда, “Эй, оғайни, болаларинг кичик, билмайсан-да, ейман, кияман дейди, ҳали уларни уйли-жойли қилиш керак”, деганди кўзларини олиб қочиб. Шундай ўктам, билимдон йигит майда-чуйда тирикчилик ташвишларига ўралашиб қолганидан, тўғриси, ҳайрон қолганди. Ўшанда у илмий иши билан боғлиқ барча китоб-дафтарларини унга ташлаб кетмоқчилигини айтиб, “Уларни ҳеч ким сендай қадрламайди”, деганди. Орадан олти ой ўтар-ўтмас Абдухолиқ ҳам келиб, Дониёр чақираётганини айтиб, у ҳам барча ёзув-чизувларини унга қолдирди. Кейинчалик энг оғири, аянчлиси – дўстларини чет элга ҳеч қанақа илмий марказ таклиф қилмаганини, қора меҳнатга, тирикчиликка кетганини билганда, юраги тилка-пора бўлди. Уларнинг кетиш олдидаги узундан-узоқ суҳбарлар мағзини энди-энди чақаётгандек бўлди. Кейин… Кейин аламини ароқдан оладиган бўлди. Айниқса, газета таҳририятига келганлар “Сизни кўриш учун атайин фалон жойдан келдик”, деб бир пиёла чойга таклиф этишарди, сўнг кайфсафо авжига чиққанда, йигит бургут бўлиб шеър ўқирди:
Тўтига “Озодман” сўзин ўргатсанг,
“Озодман” дея, баралла айтар.
Кишанлаб, қафаслаб, зиндонбанд этсанг.
Яна “Озодман” — дер, такрор ва такрор
Билсанг! айби уни, битта гуноҳи
Озодликни татиб, кўрмаган ҳали.
Қолганлар “Ў сиз даҳо шоирсиз”, “Сиз буюксиз”, деб уни баттар ҳоволантирардилар, ундан сари илҳомланган йигит тунни тонга уларди.
Бир куни яна шунақалардан биттаси келиб, қизни қандайдир конкурсга қатнашаётганлигини айтиб, шеърларини тезроқ газетада чиқариб берсангиз, деб илтимос қилиб, қўлига қоғозхалта тиқиштирди. Ўлганнинг устига тепгандай, “Мен ичишни ташлаганман, йўқса сиздек буюк шоир билан жон деб ичган бўлардим”, дегандай гап қилди. Томошанинг зўри бошланди…
У ўша куни уйига келиб узоқ ўйлади. Ҳақиқатдан ҳам “Сиз даҳосиз” деганларни тўқсон тўққиз фоизи газетада у-бу нарсаси босилган ё чиқиши керак бўлган муаллифлар экани кўнглини ҳижил қилди.
Қачон бу йўлга кирдим… Дониёр, Абдухолиқларни қилган ишидан ўпкалаб юрардим, ўзим-чи? Нималар қилиб юрибман ўзи… Таъмагирлардан бутун умр ҳазар қилардим. Қаерда адашдим… Барига ўша одамлар сабабчи, мени алдаб-авраб йўлга солган аблаҳлар… Шу-шу ишхонага қайтиб бормади.
Эркак эр бўлиб ишламагандан кейин, хотин кишининг топгани нима бўларди. Бир куни у уйғониб, балкон ромидан яна ўша дарахтига назар солар экан, балкондаги ўртоқларининг омонати – китоб-қоғозлар титилганини кўриб жиғибийрони чиқди. Хотини иккита иссиқ нонни хонтахтага қўйди. “Ким тегди анави ёзув-чизувларга” деди зарда билан. “Нимайди, бир дастасини макалатурга топшириб, нон опчиқдим”, деди хотинни асабий оҳангда. “Нега бировнинг нарсасига сўрамай тегасан”, деди бақириб эр. “Бировники бўлса олиб кетсин”, деди хотин тутоқиб, “Бу уйда ким хўжайин”, деди эр кўзлари қонга тўлиб. “Қўлидан бир иш келмайди-ю, тағин хўжайинмиш”, деди хотиннинг аламли юзлари титраб. “Нима дединг, нима дединг”, деб жизғанак эр хотинини бўғзидан олди. Аёл нафаси чиқмай питирчилар, қизалоғи эса дадасининг оёқларига чирмашиб, чинқириб йиғлай бошлади. Эр бир силтаган эди, хотин диванга бориб тушди. У ўкириб, аюҳаннос солиб йиғлади. “Шунча чидадим, энди ўзингни ҳам уйингни ҳам елкамнинг чуқури кўрсин”, деди-да, чиқиб кетганича қайтмади.
У ёлғиз яшаб ўрганган, аммо очликка эмас. Хонтахтадаги ноннинг ҳам уч-тўрт кундан бери суви қочиб қолган экан. Бир бурдасини синдириб ивитиб ея бошлади, сал ўзига келгач, қилаётган ишидан ўзи уялиб кўзига ёш келди.
Шу қадар ожизманми? Мен ҳали кимлигимни, нимага қодирлигимни кўрсатиб қўяман, хаёлидан ўтказиди у.
У бирдан нимадир эсига тушган одамдай тез кийинди, нон ва увоқларини чаққон йиғиштириб, ошхона деразасининг токчасига қушлар еб кетар деган ўйда ташлаб қўйди.
Кейинчалик ҳақиқатдан ҳам қор-ёмғирлар остида ивиган нонни қушлар чўқилаб еганини кўргач, кўнгли анча таскин топади.
У тўғри дўсти Олимнинг дўконига борди. Майдалашиб ўтирмай, мақсад-муддога кўчди. Китоб чиқариш учун беш юз долларга пичиб қарз бериб туришини илтимос қилиб, қалам ҳақи ҳисобидан қайтаришга ваъда берди. Ўшанда дўстининг ишлари зўр бўлмаса-да, ёрдамга муҳтож оғайнисининг синиқиб қолган юзларига қараб пулни қайтара олмаслигини билса-да, ҳаётида биринчи бор ҳеч ким, ҳатто хотини билан ҳам маслаҳатлашмай пул бериб юборди. У йўл-йўлакай газета дўконидан бир қути сиёҳ ранг ручка сўради. Уйига келди-да, анчадан бери ўйлаб юрган мавзусини дўстлари қоралаган илмий ишлар вароғининг орқа томонига бирин-кетин тушира бошлади. Икки йил ичида янги романини етти вариантда ёзиб, ўзига маъқул бўлган энг охирги, мукаммал вариантини Азизов домлага етказган эди.
Мана натижаси, у аламдан зир титради, кўзи Тошматнинг мажлисни баҳона қилиб, ичмаган ароғига тушди. Пиёлани аламдан титраётган қўлларига олди. Юрагини туб-тубидан бир туйғу туйди: “Уни деворга уриб, чил-чил қилиб синдир”, яна туйқус “уни бир кўтаришда ич”. У бир кўтаришда пиёлани бўшатиб ўзини тобора қуюқлашиб келаётган зулмат қаърига ташлади….
* * *
У эшик гумбурлашидан чўчиб ўйғонди. Боши ғумбиллаб оғриётганидан ароқ қўлболамасмикан деб ўйлади. Сўнгра “Битта ароқни газаксиз ичгандан кейин ҳар қандай бош хум калла бўлса ҳам ёрилиб кетади-да”, деди ўзига ўзи. Шу тобда томоғи қақраб кетганини ҳис этди. Кечаги шарбат ичилган стаканни олиб ошхонага борди. Стаканни чайишга ҳам сабри етмай, муздек сувдан тўлатиб ичди. Стакандаги шарбат юқисига ёпишиб, қотиб қолган майда-майда чанг зарраларига кўзи тушди. Ва Ибн Синонинг “Агар чанг бўлмаганда, инсон минг йил яшар эди”, даган гапини эслади. Унинг пешонасида муздек, майда-майда тер пайдо бўлди. Яна боши айлана бошлади. Деворни пайпаслаб балконга чиқар экан, тиззадан пасти йўқдек, худди чўккалаб бораётгандай ҳис қилди ўзини. Ҳалиям кайфим тарқамадимикан, дея хаёлидан ўтказди у.
Ташқарига қаради. Қаршисидаги севимли дарахтининг барглари жуда сўлғин, худди қуриётганга ўхшаб қўринди. Кўзларини каттароқ очди, балки куз келиб барг тўкаётгандир, деган ўйда атрофга разм сола бошлади. Осмон булутли. Пастда яшил майсалар… Қорни тагида ҳам лаббай деб кўм-кўм бўлиб кўриниш бериб турадиган қурмагур майсаларга қараб ҳам ҳеч нимани англай олмади. Дарахтлар… Дарахтлар анча олисда, қараган сари кўзлари тинади. Яқинларида эса арчалар… Арчалар эса қишин-ёзин…
У шу номини ҳам билмайдиган, сирли дарахтга қандайдир боғланиб қолган. Бу асли бошқа юртларда ўсадиган дарахт барглари толникига ўхшаш, бироқ тиккага қараб ўсиши билан фарқланади. Улар кўчиб келишганда эндиганига олтинчи қаватга бўй чўзган, энди бўлса қулоч ёзиб, тўққиз қаватли уй билан бўйлашган эди. Кўпинча шамолда шохлари деразага урилган пайтлари “Эй Худо, ишқилиб, синиб кетмасин” деб нола қилганларини эслар экан, ўшанда дарахтни ўйлаганмиди ёки деразаними, билолмади.
У ўгирилиб, тақвим қидира бошлади. Девордаги икки мингинчи йилнинг календарига кўзи тушди. Икки мингинчи йил, асрлар алмашуви, болалигида бу жуда узоқ манзилга ўхшаб кўринар эди. Энди-чи, анча-мунчаси ўтмишга айланиб бўлди. Шу тақвимни илаётганда хотини: “Эскича китобларда ёзилишича, икки мингинчи йилда қиёмат бўлар эмиш”, деб кўзёш қилганди.
Календар жуда абгор ҳолда сарғайиб, майда-майда тешикчалар пайдо бўлган, худди юз йиллик матоҳдек. У сўнгги вақтларда фақат кечки томон дўконга нон олишга чиқарди. Шундагина ҳозир қайси фасл, қайси ой, қайси кунлигини сўраб билиши мумкин эди. Лекин унга қандайдир ички куч “Сен изласанг, топасан” деди.
Яна деразадан қаради. Рўпарадаги тўққиз қаватли уйнинг подъездидаги ўриндиқда бир кампир жун рўмол, қалин пальтога биқсиниб ўтирганини шохлар орасидан базўр кўриб, демак кеч куз деган фикрга келди. Аммо сал ўтмай ўша подъездан чиройли, сочлари ёйилган аёл, эгнида кўксиини кўз-кўзловчи кофта, калта юбкада чиқиб, машинага ўтириб жўнаб кетди. У энди бу аниқ баҳор деган тўхтамга келди. Шунда йўлакдан қўй етаклаган бир мўйсафид кўринди. Бошида дўппи, уситида чакмон, ортидан иккита бола мева еб қўйни ҳайдаб борарди. Ҳасан-Ҳусан бўлса керак, бир хил шим ва енги калта футболкада, орқасида бошга киядиган қопчиғи ҳам бор эди.
Яхшиям бу ерларда вақти-вақти билан қор ёғиб, ҳамма ёқни оқликка бўяйди, йўқса на табиатга, на одамларга қараб фаслни ажратиб бўлади. Ҳамма ёқ бир хил… Бир хил… Бир хилликдан зерикиб ўлиш ҳеч гап эмас, дея хаёлидан ўтказди у.
Қўйни қаерга олиб кетишаётганикин, тўйгами, маъракагами? Қурбон ҳайити яқинмикин, дея ўйлай бошлади. Унга ўша муққадас китоблардаги ўқигани, тўғрироғи Одам (а.с.)нинг ўғиллари Қобил ва Ҳобилни эсга солди.
Уларда изоҳланишича, Қобил ва Ҳобил бир қизни севиб қолишади. Шунда Одам (а.с.) уларга Тангри йўлида қурбонлик қилишни буюради. Кимнинг қурбонлиги қабул қилинса, қизни ўшанга никоҳлаб беришини айтади. Кейин… Кейин… Қобил деҳқон бўлгани учун меваларидан қурбонлик қилади. Ҳобил чорводор бўлгани учун битта қўчқорни қурбонлик қилганди, адашмасам… Унда… Унда… Одам (а.с.) ер юзидаги биричи пайғамбар бўлса, кейингиси, кейингиси… Идрисмиди?.. Ё…
У ниманидир эслашга ҳаракат қилиб, бошларини бармоқлари билан маҳкам ушлаб, фикрини жамлашга ҳаракат қилди.
Кейин… Кейин Худмиди, ё Нуҳмиди, улардан кейин янглишмасам, Иброҳим (а.с.) ўғли Исмоилни Тангри йўлида қурбонлик қилмоқчи бўлганда, Худо унга қурбонлик учун жаннатдан бир қўчқор чиқариб бергани ҳақида ривоят қилинганди агар хотирам панд бермаса… Ўйга тола бошлади тағин.
Гар шундай экан, Ҳобил ва Иброҳим (а.с.) қурбонлик қилган қўчқорларнинг фарқи нимада… Нимада эди… унинг боши ёрилиб кетгудай оғрий бошлади. Нега бу ҳақда ўйлай бошладим, бу нарсалар миямга қаердан келяпти? Нима, мен ичиб олиб, муқаддас китобларни таҳлил қиляпманми ё маст эмасманми… Мен кеча ичганман, бугун эмас, демак маст эмасман. Нега унда худди маст одамдек чайқаляпман, бошим ҳам айланяпти, тиззамдан пасти йўққа ўхшаяпти. Одатда маст ҳолимда шундай бўларди, демак кайфим бор. Унда бу нарсалар миямга қаёқдан келяпти. Илм деганлари туйғу билан боғлиқми? Ё кайфият биланми? Мен қандай кайфиятдаман? Яхшими? Ёмонми?… Тағин қандайдир ички куч “Сен изласанг, топасан” деди. “Нимани… Нимани топишим керак”, ҳайқирди у.
Билгани, билгани шу эдики, агарда ҳозир фаслни ўз кучи, ўз идроки билан аниқлай олса ҳаммаси изига тушадигандек, ана шундагина у нимага қодирлигини кўрсатиб қўйгандек бўларди гўё.
Эшик гумбурлади… Яна ва яна гумбирлади…
Унинг учун ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмаган эди. Фақат ва фақат ҳозир қайси фасллигини аниқлашдан бошқа… Шунда яна дарахтга кўзи тушди, “Унга қурт тушган бўлиш мумкин-ку”, деди ўзига ўзи ва дарахтнинг баргларини узиб кўрмоқчи бўлди. Қўллари дарахтга, дарахт ҳам унга томон узалди. У энди ушлайман деганда, қулай бошлади. Жон ҳолатда кир ёйиладидан дорга чирмашди, аммо ип узилиб кетди. У олтинчи қаватдан қулаб жон таслим қилди…
Бир пасда орган ходимлари етиб келишди. Гувоҳлар кўз ўнгида эшикни бузишди. Хонада биқсиб қолган дим ҳавони эшикдан кирган елвизак столдаги қўлёзма варақларига қўшиб деразадан улоқтириб юборди. Қўлёзма ҳавода енгил парвозланди. Варақлардан бири айланиб-айланиб унинг очиқ, ҳали дунёга тўймаган кўзларининг устига тушди.
Суд-экспертиза хулосаларига кўра, бу ичкилик оқибатида юз берган бахтсиз тасодиф экани исботланди. У аслида шоир бўлиб, на бир китоб чиққан, на бирон ижодий уюшмани аъзоси эди. Шунга қарамай чет эл оммавий ахборот воситаларига худо берди: “Фалон мамлакатда бир шоирнинг оёқ кўлини боғлаб, оғзидан ароқ қуйиб, ўн олтинчи қаватдан ташлаб юборилган” деган хабар тарқатилди.