Ишдан қайтаётганимда тезроқ уйимга етиб, фарзандларимни бағримга босгим келади. Уларнинг беғубор чеҳрасини кўришим билан чарчоқларим тарқалиб кетишини ўйлаб, юрагим орзиқади.
Шу пайт қаршимдан келаётган бир эркак эътиборимни тортди.
— Мен бахтлиман! Мен дунёда ҳаммадан кўра бахтлиман! — деди бирдан эркак телбанамо кулиб.
Миямга у ютуққа эришгандир ёки амалдор бўлгандир, деган фикр урилди. Ҳаётдан мамнун кишиларни кўрганда негадир одамнинг дили яйраб кетади. Беихтиёр ундаги ҳис атрофдагиларга ҳам кўчиб, кишиларнинг юзида табассум жилваланади. Кимдир истеҳзоли, баъзилар ҳавасланиб, мен кабилар ҳайратланиб қараб ўтдик. Бахтиёр эркак мендан узоқлашиб борар, бироқ унинг тантавор овози қулоғим остида жарангларди. Одам қачон ўзини бахтиёр ҳис этади? Орзуидаги малакка уйланганидами, севги шивиридан юраклар ҳаприқиб, нигоҳлар тўқнашганидами, фарзандлари бағрида яйраб-кулганидами, муваффақиятларини қадрлашганидами ёки мансаб пиллапояларидан одимлаганидами? Хуллас, ҳар ким бахтни ўзича ҳис этади. Мени эса бояги эркакнинг бахтиёрлиги сири қизиқтириб қўйганди. Айниқса, бахтини баралла айтиши жуда ғалати…
Турмуш ташвишлари билан кундалик воқеаларни унутиб юбораман. Тўғри, айрим таъсирлантирган ҳодисалар тез-тез хотирам саҳифаларида варақланиб, мени қайта назар ташлашга ундайди. Бироқ бахтиёр эркак тўғрисидаги воқеа аллақачон тубсиз хотирам қаърига улоқтирилди.
Хизмат сафари билан чекка вилоятга боришимга тўғри келди. Бир неча кунга оилам, фарзандларимдан йироқлашиш осон бўлмаса-да, юрак ютиб йўлга отландим. Самолёт ўриндиғига ўтиришим билан ёнимга келиб жойлашган йўловчига кўз қиримни ташладим. Эркак киши, таниш чеҳра. Уни қаерда кўрганийкинман, деган лаҳзалик ўй хаёлот сандиғимни титкилаб ўтди. Йўқ, эслаёлмадим. Ниҳоят, чиройли стюардесса ҳавога кўтарилаётганимизни эълон қилди.
Юрагим шувиллаб, кўзимни чирт юмиб олдим. Болалагимдан тепаликка чиқишдан, юқоридан пастга қарашдан қўрқаман. Шунданми сира болаларга ўхшаб, дарахтга чиқиб, мева узиб емаганман. Доим чаққон укам ёки синглимнинг «муруввати»дан баҳраманд бўлардим.
— Ие, самолётга чиқишдан қўрқасизми? — деган овоз хаёлларимни тўзғитиб юборди.
Кўзимни очиб, истамайгина ёнимдаги эркакка жавоб қайтардим:
— Шундай…
— Унда нега самолётга чиқдингиз? — сўради эркак қизиқсиниб.
Нотаниш киши билан гаплашишни унчалик хушламайман. Суҳбат давомида биронта ноўрин гап айтиб юбориб, кейин мулзам бўлишдан чўчийман. Шу боис доим ўзимни назоратда ушлашга, ёнимдагиларга эътибор бермасликка интиламан. Саволи жавобсиз қолгани эркак сукутимдан қониқмади чоғи яна сўради:
— Сир бўлмаса, қаерда ишлайсиз?
— Сир, — дедим қисқагина.
— Унда яхши, — давом этди эркак, — мен сингилларимни кўргани кетяпман. Бир бориб қишлоқларни кўриб келайлик, у ёқларда аҳвол қандай экан?
— Сурхондарёликмисиз? — сўрадим истамайгина.
— Шундай. Ҳозир тошкентлик бўлиб кетганман, — деди эркак кулимсираб, — асосийси, соғ-саломатман, оилам, ишим бор. Мен дунёдаги энг бахтли одамман!..
Юрагимга ғалати ҳис инди. Ялт этиб ўгирилдим. Эсладим, бир неча ой аввал кўчада уни кўргандим. Ўшанда ҳам бахтлилигини баралла айтиб кетаётганди. Ички қизиқиш ундан барчасини сўраб билишни истарди. Лекин истиҳоладан тилим айланмади.
— Э, ҳаёт қизиқ-да, — деди эркак ўзига ўзи гапириниб, — кўп умримиз йўлда ўтади…
— Кечирасиз, — дедим қизиқишимни тизгинлай олмай, — сизни аввал ҳам кўргандим. Бир неча ой олдин кўчада «Мен бахтлиман!» деб юрмаганмидингиз, мабодо?
Ҳозирги тергашимдан эркакнинг жаҳли чиқиб кетса керак деб юрак ҳовучлаб турувдим, унинг юзига табассум югуриб, кўнглим хотиржам тортди.
— Ўшанда сиз ҳам менга дуч келганмиингиз? — сўради у хиёл хижолат тортиб, — ҳақитатан ҳам ўша мен эдим! Бахтиёрлигимни бошқалар билан баҳам кўргим келганди-да!
— Баҳам кўргингиз келувдими ёки бахтингизни кўз-кўзлаганмидингиз? — деб юбордим беихтиёр.
У менга ғалати тикилиб қолди. Кейин эса саволимни мағзини чақдими, ўша кўтаринки алфозда жавоб қайтарди:
— Тўғри, айрим кишилар бахтини бировга кўрсатишни истамайди, кўз тегишидан қўрқади. Баъзилар бўлса бошқалар атайин ичиқоралик қилмасин, деб бахтини яширади. Лекин мен ажалнинг оғзидан қайтган одамман! Ҳаётни, одамларни, табиатнинг неъматларини яхши кўраман! Шундай экан, нега бахтимни бошқалардан яширишим керак?!
— Ие, боя ажалнинг оғзидан қайтганман дедингизми? Нима, ўлиб тирилганмисиз?
— Маҳкум этилиш нималигини биласизми? Мен ўшандай маҳкумлардан эдим! Мабодо ёзувчи ёки журналист эмасмисиз? — тўсатдан фикри чалғиб сўради эркак.
— Нимайди?
— Тағин менинг тақдиримни газетадами, китобдами ёзиб чиқарманг дейман-да. Аслида-ку, менинг ҳаётимни ўзи бир асар.
Эркакнинг гапларидан қизиқишим баттар ортарди. Қанийди, тезроқ гапира қолса-ю, дардини тўкиб солса дердим.
— Э, одамнинг бошига неки келса, тақдиридан дейишади. Тақдир менинг елкамга шундай залворли юкни ортмоқладики… Онам болалагимда «сабр қилсанг ғўрадан ҳалво битар» деган гапни кўп қайтарарди. Ўша пайтлари ҳолва билан дарахтдаги ғўранинг ўртасида қандай боғлиқлик бор, деб кўп ўйланар, лекин жавобини тополмасдим. Йиллар ўтиб, бошимга синовлар дўли ёққанида барчасини тушуниб етдим. Онам раҳматли ўзимники деб мени холамнинг қизига уйлантириб қўйди. Зубайдани ўз синглимдек кўрардим. Шу боис турмушимизнинг дастлабки йилларида унга кўниколмай, қийналдим. Икки йил яшаганимиздан кейин у фарзанд кўрмаётганидан сиқила бошлади. Мен ҳам болали бўлишимизни истардим. Лекин юрак ютиб, буни бировга айтолмасдим. Онам билан хотиним эса гоҳ отинга, гоҳ шифокорга боришарди. Бу орада мен ҳам шифокорга учрашиб, текширувлардан ўтдим.
Учинчи йил ҳам ўтди. Бир куни уйга қайтсам, хотиним йиғлаб ўтирибди. Сабабини сўрасам, йиғиси баттар кучайди.
— Нега менга уйландингиз ўзи? Холам келин қиламан десаям, сиз унга уйланмайман дейишингиз керак эди, — деди зорланиб.
— Нимага ундай дейсан? — сўрадим қандайдир нохушликни юрагим сезиб.
— Дўхтирлар энди фойдаси йўқ, дейишди. Мен бола туғолмас эканман! Энди умрингизни туғмас хотинни деб ўтказасизми?
— Дўхтирлар айтаверишади, — дедим уни юпатишга уриниб, — мен аниқ биламан, сен она бўласан! Ана онам ҳам айтяпти-ку, сабр қилсанглар, ғўрадан ҳалво битар деб. Сабр қилайлик-чи, бир чораси топилиб қолар…
Хотинимга таскин беряпман-у, унинг жавдираган нигоҳларига қараёлмайман. Назаримда бизнинг сира боламиз бўлмайдигандек, уни шунчаки юпаётгандекман…
Ёзга етмай, онам вафот этди. Ўлими олдидан мени ёнига ўтирғизиб, Зубайдани сира ташлаб кетмаслигимни ўтиниб сўради.
— Фарзандимиз бўлмаса-чи? — сўрадим юрак ютиб.
— Менинг руҳимни ҳурмат қилсанг, ундан ажрашмайсан! — деди онам хириллаб.
Розиман, дегандек бош силкидим. Онамнинг кўнгли хотиржам тортиб, кўзини юмди-ю, қайта очмади. Отам болалагимда вафот этган, уни эслаёлмайман. Энди эса меҳрибоним онамдан айрилганим мен учун оғир зарба бўлди. Икки синглим ва аёлимга бош бўлиб, рўзғорнинг юкини елкамга олдим. Икки йил орасида сингилларимни турмушга узатдим. Қиз бола оиланинг фариштаси деб бежизга айтишмас экан. Сингилларим учирма бўлишди-ю, хонадонимиз файзсиз, ҳувиллаб қолгандек бўлди. Айниқса, боласиз уй гўристон каби жим-жит бўлар экан. Кундузи эру хортин ўзимизни иш билан чалғитамиз. Шом кириб, қоронғилик ўз ҳукмини ўтказа бошлаганида юрагимни ғалати ғашлик чулғаб олади. Эру хотин бир-биримизга қараёлмай, жим-житликда овқатланамиз. Кейин эса сукунатдан юраклар тарс ёрилай дейди. Кўзим телевизорда-ю, хаёлим олисларда. «Қачонгача шундай яшайман? Вақти келиб, мен ҳам оламдан ўтсам, бу уй кимсасиз бўлиб қоладими? Онамнинг чироғини мен ёқяпман, меникини-чи? Ўлимимдан беш-ўн йил ўтиб, мени одамлар эсидан ҳам чиқариб юборади…» деган аламли ўйлар юрагимни эзади. Инсон учун уни унутиб юборишларини ўйлашдан ортиқ даҳшатли изтироб бўлмаса керак. Бу ўй аввалига юрагингни, кейин ақлингни забтига олади. Кейин эса ўзингни бехосдан ҳозир ҳам яшамаётгандек ҳис этиб қоласан. Тириклигингга шубҳанг туғилиб, қўрқа-писа бармоғингни танангга югуртирасан. Тананг сезиб, тириклигингни сҳис қилганинг заҳотиёқ юрагингни қувонч эгаллайди. Яшаётганинга шукр қиласан…
— Ўрнингизга ётмайсизми? — дея аёлимнинг доимги саволи мени ўзга оламдан қайтарди.
— А?! — дея довдираганча ўрнимдан қўзғаламан.
Ўрнимга бориб ётгунимча ўзимни уйқуси бузилган одамдек тутаман-у, кўзимни юмаман. Аслида яна ўша хаёлларимни давом эттиришга киришаман…
— Мен ажрашмоқчиман! — деди бир куни эрталаб нонуштадан кейин аёлим.
— Нима, эсинг жойидами? — дедим ўзимни бепарво кўрсатишга тиришиб.
— Жавобимни беринг! Сиз билан яшашдан зерикдим! Ҳар куни бир хил ҳаёт, иш, ташвиш жонимга тегди. Гўристондек уйингиз мени ютиб юборай дейди. Холамнинг ҳурматини қилиб, шу кунгача чидадим. Энди чидамайман, кетаман! — деди Зубайда қатъийлик билан.
Қаршимдаги аёлимни кўриб, тахтадек қотиб қолдим.
— Мен ажрашмайман! — дедим онамга берган ваъдам эсимга тушиб.
— Сизга тегишимдан аввал анави синфдошим Арслоннинг менда кўнгли бор эди. Бир-икки марта йўлимни тўсиб, унга тегишимни сўровди. Мен ҳам рози бўлувдим. Лекин онам билан холам сизга тегишимга мажбур қилишди. Тақдиримга лаънат айтиб, турмушга чиқувдим. Олти ой олдин Арслоннинг хотини Мавлуда шўрлик оламдан ўтди. Уч боласи чирқиллаб қолди. Тунов куни онамникидан қайтаётсам, Арслонни яна кўриб қолдим. «Агар эрингдан ажрашсанг, сенга уйланаман, болаларимга оналик қиласан», деди. Бир умр манави ҳовлида сўппайиб ўтгандан кўра, ўшанинг болаларига она бўлсамми деб ўйлаб қолдим. Шунинг учун ҳам жавобимни беринг!
Вужудимда илон ўрмалагандек бўлиб, этим жунжикиб кетди. Ичимдан қуйилиб келган ғазабни тутиб туролмадим:
— Сен ҳали мени хотиним бўлатуриб, бева эркакларга ваъда бериб юрибсанми? Менам сени онамнинг васияти учун ушлаб турувдим. Аслида бир дақиқаям яшамоқчи эмасдим. Жавобингни берсам бердим, бор кет!..
Зубайда менга қараб, кулиб юборди. Унинг хушхандон кулгиси баттар ғазабимни кучайтирди. Олти йилдан бери ёстиқдошим бўлган аёл бугун қаршимда бошқа эркакни гапириб, устимдан кулиб ўтириши ғашимга тегди. Алам билан ўрнимдан туриб, кўчага чиқиб кетдим.
Кечқурун уйга қайтсам, жим-житлик. Ҳатто ҳовлининг чироғи ҳам ёнмаганини кўриб, юрагим шувиллаб кетди. Уйга кирсам, хотиним йўқ. Эрталабки гапимдан аччиқланиб, онасиникига кетгандир-да, деб ўйладим. Уни олиб келишга ғурурим йўл бермади. Эрталаб ўзи қайтиб келади, деб кута бошладим. Эшик тиқ этса, ўрнимдан туриб, дарвозага югураман. Назаримда Зубайда дарвоза орқасида аччиқланиб туриб қолгандек, чиқишимни кутаётгандек туюлади. Тонг отгунча зўрға чидадим. Эрталаб ишга боришдан аввал хотинимни уйга олиб келиб қўймасам бўлмаслигини англаб, холамникига бордим. Дарвозани тақиллатишим билан поччам чиқиб келди. Мени кўриши билан қовоғини солиб, саломимга алик олмасдан уйга кириб кетди. Бироздан кейин чиққан холамнинг йиғлаганидан бўлса керак кўзлари қизариб кетганди.
— Сенга, опамга ишониб, қизимни берувдим. Опамнинг тупроғи совумасидан қизимни қувиб соласан деб ўйламагандим. Ниятинг нима ўзи? Боласиз юрганлар бир сенларми? Ана, Носир буванинг ўғлиям юрибди-ку, ўн йилдан бери бефарзанд бўлиб…
— Хола, мен ҳеч нарса қилмадим. Қизингизнинг ўзи… — дедим қолганини айтолмай.
— Қизим-ку, аҳмоқлигига бориб, айтадиганини айтибди. Лекин сен эс-ҳушингни йиғиб олсанг бўлмайдими? Арслон ҳам хотинини ўлимини кутиб ўтирган экан-да. Мен тирик эканман, қизим икки дунёдаям ўшанга хотин бўлмайди… — деди холам йиғлаб.
— Хола, мен Зубайдани олиб кетгани келдим. Жаҳл устида уям, мен ҳам гапирдим. Лекин унга айтинг, уйга қайтсин, — дедим бошимни эгиб.
Эшик қарсиллаб очилиб, ичкаридан Зубайда чиқиб келди. У менга ғазаб билан тикилиб, гапирди:
— Қандай юзсиз, ғурурсиз одамсиз! Жавобимни бериб ҳам ортимдан келишга уялмадингизми? Энди у уйга сира қайтмайман!
— Оғзингни юм! — деди холам қизига ўшқириб, — қилиғингдан уялсанг бўларди.
— Она, сиз мажбурлаб узатганингиз учун олти йилдан бери азоб чекяпман. Дугоналарим аллақачон болаларини суннат тўй қиляпти. Мен бўлса қишлоқда «Зубайда туғмас» деган номни орттирдим. Айбим нима ахир?! Мениям она бўлгим, болаларимни бағримга босгим келади. Ўзимни пешонамга битмаган экан, ўша уч етимга оналик қилсам нимаси ёмон? Қайтага жиянингизниям йўлини очаман. Бошқага уйланиб, бола-чақали бўлиб кетади!..
— Гапингни ел олсин, — деди холам хўрсиниб, — сенларни тақдиринг шундай бўлишини туш кўрибмизми? Опам раҳматлиниям руҳини безовта қилдиларинг!..
Мен хотинимни қайтариш учун ҳар гапни айтиб кўрдим. Лекин Зубайда айтганида туриб олди. Арслоннинг олдига бориб, барчасини ойдинлаштирмоқчи бўлдим.
— Сен хотининг билан ажрашмасанг, мен нимаям қила олардим? Пешонамга Зубайда битмаган бўлса, бошқаси топилиб қолар, — деди у хотиржамлик билан тракторидан тушмай.
Юрагим жунбушга келди. Арслонни тракторидан судраб тушиб, тилка-порасини чиқарай дедим-у, тағин шайтонга ҳай бердим.
Бу қишлоқда ортиқ бир дақиқаям яшагим келмай қолди. Бефарзандликдан сиқилиб юрганим камдек хотинимнинг бу қилиғи мени адои тамом қилаёзди. Бошимни кўтариб, дарвозадан чиқишга, одамларга кўринишга юзим чидамайди. Назаримда ҳамма бу сирдан воқиф бўлган-у, менинг устимдан кулаётгандек туюлаверади. Ўша кечадаёқ бир тўхтамга келиб, қишлоқдан чиқиб кетдим. Қишлоғимиз пойтахтга яқин жойлашгани учун ишга қатнаб ишлардим. Энди тамоман пойтахтга қайтдим.
Ишхонам яқинидан бир хонали уйни ижарага олдим. Мен яшайдиган ҳовли бир кампирга тегишли бўлиб, у билан бирга оиласи бузилган қизи ва невараси ҳам бирга яшарди. Кампир ўта меҳрибон, эрталаб нонуштада мени қаймоқ билан сийлар, кечқурун ишдан қайтганимда мазали овқатлар тайёрлаб берарди. Уунинг меҳрибонлиги, дилкашлигини онамга ўхшатганимдан бу уйдан сира кетгим келмасди.
Бир неча ҳафта яшаганимдан кейин бир куни кампир менга бошқа ижара уй топишимни айтиб қолди.
— Мендан бирон хатолик ўтдими? — сўрадим овозим титраб.
— Йўқ, болам, сиз ҳеч қандай хато иш қилмадингиз. Лекин одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради-да. Ўзингизга маълум, қизимнинг оиласи бузилган. Неварам кўзимнинг оқу қораси. Шу икковини деб яшаб юрибман-да. Бироқ одамлар сизни ижарага қўйганимни, қизим билан бир эшикдан кириб чиқаётганингизни тўғри тушунмаган шекилли, гап-сўзни кўпайтиришяпти. Шунга сизниям, қизимниям номига доғ тушмасин дейман…
— Хола, кечирасиз-у, қизингизни нега турмуши бузилган? — сўрадим илк бор юзимни қаттиқ қилиб.
— Э, бунинг тарихи узун. Қиз ва йигитни бўйи бўйига тенг бўлгани билан кўнгли тенглашмаса қийин экан. Куёвим ёмон йигит эмасди. Лекин қизим иккови сира бир-бирини тушунолмади. Ахийри, ажрашиб кетишди.
— Хола, агар рози бўлсангиз, мен қизингизга уйланаман. Менинг ҳам оилам бузилган. Олти йил мобайнида аёлим билан яшаб, фарзандли бўлолмадик. Энди буёғига неварангизга меҳр бераман, кўнглингизни тўқ қилинг, — деб юборганимни билмай қолдим.
Хола мендан бу гапни кутмаганми, юзимга анграйиб тикилиб қолди.
— Билмасам, қизим нима деркин, — деди ниҳоят, ўзини ўнглаб.
Холани кузатиб қўйдим-у, нима деб юборганимни ўйладим. Шу пайтгача холанинг қизига бир оғиз ҳам гапирмагандим. Унга уйланиш фикри қандай хаёлимга келди, ўзим ҳам ҳайронман. Балки холанинг меҳрибонлиги, куюнчаклигидан юрагим бўшашиб, уникидан кетишни истамаганимдан шундай деб юборгандирман…
Уч кун ўтди. Бу вақт ичида хола ва қизининг кўзига кўринишга юзим чидамай, каллаи саҳардан ишга отланиб, ярим тунда қайтдим. Ниҳоят, одам тақдиридан қочмасдан барчасини оқилона ҳал этиши кераклигини тушундим. Кечқурун ишдан барвақт қайтиб, холанинг ёнига ўтирдим.
— Хола, қизингиз билан гаплашдингизми? Менинг гапларимни айтдингизми? — сўрадим аранг.
Хола индамади.
— Хола менинг қарорим қатъий. Тақдиридан тинмаган инсон бир умр суққабош, бахтсиз бўлиши керак эмас-ку. Мен оилали бўлишни истайман. Қизингизни берсангиз уни ҳам бахтли қилишга ҳаракат қиламан!
— Болам, сиз ҳам менга ўз ўғлимдек бўлиб қолдингиз. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дейишади. Қизим ҳам ҳозир қайта турмуш қуришдан чўчияпти. Иккинчи марта алданмай деяётгандир-да…
Кечқурун кампирнинг розилигини олиб, қизи билан гаплашдим. Ҳаётхон жуда босиқ, ўйловли жувон экан. Унинг ўзини тутиши, гап-сўзлари менга маъқул келиб, унга уйланиш фикрим қатъийлашди.
Эртасигаёқ домла чақиртириб, никоҳ ўқиттирдим. Кампирнинг севинчи ичига сиғмайди. Айниқса, Ҳаётхоннинг ўғли Миродил «дада»лаб мени ҳоли-жонимга қўймайди. Гарчи ўзганинг пуштикамари бўлса-да, боланинг бағрингга суқилиши, меҳр билан талпиниши кишида таърифлаб бўлмас ҳаяжон қўзғар экан. Юрагим бундай ҳаприқишлардан ёрилиб кетмасайди деб қўрқардим…
Бироқ ой ва қуёш ўрин алмашганидек бахт ва бахтсизлик ҳам ёнма ён юрар экан. Бир куни ишлаётиб, ошқозонимдаги қаттиқ оғриқдан додлаб юбораёздим. Ҳамкасабамнинг тавсияси билан оғриқ қолдирувчи дори ичдим.
Кечқурун уйга қайтиб, энди овқатланишни бошлагандим, яна ўша оғриқ забтига олди. Юрагим беҳузур бўлиб, мадорсизланиб кетган бўлсам-да, оиламдагиларнинг олдида буни сездирмасликка тиришдим.
Бир неча кун шу ҳолат давом этди. Бир куни хотиним мени озиб кетаётганлигимни айтиб, соғлигимни сўради. Юрагим увишиб кетди. Кўзгуга қарадим-у, ҳақиқатан ҳам анча ориқлаб кетганлигимни пайқадим. Ўша куниёқ шифокорга учрашдим. Текширувдан кейин шифокор таҳлил натижалари эртага тайёр бўлишини айтди. Қалбим ношухликни сезгандек бўлаверди. Ўзимни қўлга олиб, уйга қайтдим. Туни билан ухлаёлмадим. Тушимга қўрқинчли, ғалати ҳодисалар кириб чиқди. Ҳаётхон билан Миродилнинг мендан аччиқланиб, узоқлашаётгани, мен эса уларни олиб қолиш учун ортидан чопаётганимми-ей… Хуллас, қуёш чиқмасидан уйғониб, ҳовлидаги гулларни суғордим. Турфа хил гулларга қараб, кўнглим ёришди.
Ишдан кейин шифокорнинг олдига ўтмоқчи эдим, тушликда ўзи қўнғироқ қилиб қолди.
— Таҳлил натижаларингиз чиқибди, бир келиб кетасизми? — деди таниш шифокор сирли қилиб.
Юрагимдаги ғашлик илони яна бош кўтаргандек бўлди. Ишхонадан тўғри касалхонага бордим.
— Сиз бугундан қолдирмасдан онкологик касалликлар шифохонасига бориб, таҳлил топширинг. Ошқозонингиздаги яра шунчаки яра эмасга ўхшайди, — деди шифокор кўзимга қарамай.
— Нима, сиз ошқозонинг саратонга чалинган деяпсизми?! — дедим-у, бутун вужудимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳатто тилим ҳам музлаб қолгандек бўлди.
— Бу аниқ ташхис эмас! Саратон касаллиги ташхисини онколог шифокор қўяди. Сиз аввал, мен айтгандек қилинг, кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади! — деди шифокор менга ачингандек тикилиб.
Бояги танамдаги тер ўрнини энди аламзадалик эгаллади. «Нега айнан менда? Энди мен ўламанми?!» деган ўй юрагимни илма-тешик қилаёзди.
Шифохонадан чиқиб, уйга қайтдим. Автобусдан бир бекат аввал тушиб қолдим. Одамзоднинг таабиати қизиқ-да. Бошингга ташвиш тушса, ёлғиз қолишни истайсан! Шу билан бирга кўнглингга бир таскин ахтарасан. Ўша таскинни ким беришини ўйлаб, атрофдагиларга аланглайсан. Мен ҳам руҳим ёлғизликни, қалбим эса таскинни истаб, йўлакдан уйим томон кетиб борардим. Қанийди, шу йўлак ҳеч қачон тугамаса. Жондан азиз яқинларимнинг олдига бу шумхабарни қандай ортмоқлаб бораман? Уларга буни қандай айтаман?..
Хаёллар билан уйимга етиб келганимни сезмай қолибман.
— Дадаси, нега бугун кеч қолдингиз? Кутавериб, кўзим тешилди-ку, — дея дарвозадан қаршилади хотиним, — ошниям сузмай ўтирибмиз.
Унинг самимий юзига қараб, аламим зиёда бўлди.
— Бугун ош эрканмиз-да, — дедим ўзимни хотиржам тутишга уриниб.
— Сабаби бор. Биласиз-у, мен бесабаб, сиздан берухсат бирон овқат тайёрламайман. Лекин бугун гуноҳимдан ўтасиз, шаҳзодам!
— Нима гап, тинчликми?
— Аввал, суюнчисини беринг. Кейин айтаман, — деди хотиним айёрона кулиб.
Маошига бирон каттароқ буюм сотиб олгандир-да, деган ўйда мамнуният билан бош ирғадим.
— Буни ҳали ойимга ҳам айтолмадим. Биринчи бўлиб, сиздан суюнчини олай дедим-да. Худо хоҳласа, яқинда сиз ота, Миродил ака бўлади! Энди суюнчисини берасизми?! — дея кафтини тутиб, жилмайиб турган Ҳаётхон кўзимга оловдек кўриниб кетди.
— Ростданми? — сўрадим кўзимдан ўт чақнаб, — алдамаяпсанми?
— Вой, бу кишини, — дея эркаланиб давом этди аёлим, — шундай гап ҳам алдаб айтиларканми? Ё сиз ота бўлишингиздан хафамисиз?
— Йўқ-е, нега хафа бўлай?! — дея каловландим.
— Бир неча кундан бери бошим айланиб, кўнглим айниб юрувди. Ҳомиладорлигимни сезган бўлсам-да, шифокорга учрашмасдан сизга айтишни лозим топмадим. Мана бугун ойдинлашди. Ҳомилани
икки ойлик дейишди. Етти ойдан кейин болангизни бағрингизга босасиз!..
Ҳаяжондан қулоқларим битиб қолгандек эди. Ота бўлиш! Ахир бу гапни эшитишни, болали бўлишни қанчалик кутгандим!.. Шу пайт шифокорнинг гаплари ёдимга тушиб, осмондан ерга қулагандек бўлдим.
— Сизга нима бўлди? Нега рангингиз оқариб кетди? — аёлимнинг ташвишли сўроғидан ўзимга келдим.
— Ҳеч нима бўлмади, — дедим жилмайишга уриниб.
Ҳаётхон менга ишонқирамагандек тикилиб турганини кўриб, қўшимча қилдим:
— Севинганимдан бўлса керак. Ахир болам бўлишини қанчалик кутувдим?!
— Шунинг учун ҳам суюнчининг зўрини олиб берасиз. Арзонгаров буюмларга учадиган аҳмоқ йўқ! — деди аёлим кулгига олиб.
Бу дамлардан қандай воз кечиш мумкин? Дунёдаги энг қувончли хушхабарни эшитиб турсанг, ёнингда аёлинг бахтдан кулиб турса… Шу дамда ўлгим келмай, юрагим сиқилди. Яшашим, ҳеч қурса боламни кўриб қолишим кераклигини ўйлаб кетдим…
Кунлар ойларга уланди. Ҳар гал шифокорнинг гапи эсимга тушиб, онколог шифокорга учрашим кераклигини ўйласам, кўзимга дунё тор кўриниб кетади. Гўё хавфли ўсма касалликлари шифокорига учраб, ўзимни ўлимга маҳкум этаётгандек ҳис қилиб кетаман. Бироз бўлса-да, бу учрашувни ортга суриб, умримни узайтиргим келади…
Ҳаётхоннинг ҳомиласи катталашиб, юзига доғ тушиб қолди. Унинг вужудида кун сайин улғаяётган фарзандимни ўйласам, яшаш иштиёқим ажални тан олишни истамай, ғалаён кўтаради. Мен яшашим керак, деб ҳар куни ўзимга минг марта айтаман!
Ҳомила етти ойлик бўлганида аёлим фарзандимизнинг жинсини аниқлаб келди. Ўғил бола экан! Бу хабарни эшитганимда қай аҳволга тушганимни тасвирлаб беролмайман! Бир пайтлар мен ҳаётдан изсиз ўтиб кетяпман, ўлимимдан кейин мени унутиб юборишади, деган аламли изтиробларим шу биргина хушхабарнинг олдида ҳавога учирилган шардек ёрилиб кетди. Қалбимда энди аввалгиданда кучлироқ умид, истак пайдо бўлди. Энди бежиз яшамаганимни англаб, кўнглим хотиржам тортса, боламни ўз кўзим билан кўриш, уни бағримга босиш истаги устунлик қилиб, умид учқунимни алангалатарди.
Бахтдан сармаст кунимда оғриқ яна забтига олди. Ишга кетаётиб, оғриқдан букчайиб қолдим. Бу аҳволда уйга қайтсам, хотинимни чўчитиб юборишимни ўйлаб, ноилож шифохонага бордим. Шифокор текширув ўтказиб, таҳлил олишга юборди. Бир неча соатдан кейин таҳлил натижалари чиқди. Ошқозонимдаги яра хавфли ўсма касаллиги экан.
— Дўхтир, мен яшайманми? Яна қанча умрим қолди, фақат тўғрисини айтинг? — сўрадим зўрға ютиниб.
— Ўзингизни қўлга олинг. Хавфли ўсма касаллиги бу…
— Дўхтир, — дея уни гапиртиргани қўймадим, — хотиним ҳомиладор. Икки ойдан кейин ўғлим туғилади. Уни кўришни истайман. Ўз қўлим билан кўтариб, бағримга боса оламанми?!
— Сиз даволанишингиз керак. Жарроҳлик амалиётида ўсмани олиб ташлаймиз…
Шифокорнинг гапи «Сен ажалдан қўрқяпсанми?» дегандек эшитилиб, дамим ичимга тушиб кетди. Мажолсизланиб ўтириб қолдим.
Ўша куни уйимга қайтиб, хотинимга мени хизмат сафарига юборишаётганини айтдим.
— Сизни сира сафарга жўнатишмасди-ку, — дея Ҳаётхон ҳайрон бўлиб.
— Лавозимимни кўтаришмоқчидир-да. Одамларнинг ичида юриб, тажрибаси ортсин, кейин биз тайинлаган лавозимда бемалол ишлайди дейишаётгандир-да, — дедим ёлғонлаб.
Хотиним туни билан сафарга керакли барча нарсани сумкамга жойлади. Эрталаб ўғлим билан хайрлашиб, йўлга отландим. Дарвозадан чиқяпман-у, ортимдан термилиб қолган муштипар қайнонам, меҳрибон Миродилим, фазилатлари беқиёс аёлимни ташлаб кетишга кўзим қиймайди. Уларни яна кўраманми ёки йўқми, деган савол юрагимни қиймалайди…
Шифохонада ётиб, даволана бошладим. Яқинларим ёнимда-ю, улардан яшириниб, уззу кун шифохона шифтига термилиб ётишдан аламлироқ манзара бўлмаса керак дунёда. Мен ана шу манзаранинг маҳкуми эдим. Ҳар бир кун, ҳар дақиқа асрдек чўзилиб кетгандек гўё. Баъзида ҳафта кунларини унутиб қўйгандек бўлиб, фарзандим туғилдимикин, деб ўйлаб қоламан.
Эртага жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган куни туни билан ухлаёлмадим. Бир кўнглим хотинимни чақириб, ўғлимни, яқинларимни кўриб қолишни истаса, бир хаёлим унинг ҳомиладорлигини, менинг касалимни эшитиб, азобланиши, фарзандимга зиён етишини ўйлаб, ўзимни тияман.
Жарроҳлик хонасига кириб кетаётганимда хаёлимда фақат битта ўй — оталикдан маҳрум этилаётганим алами чарх урарди. Бу маҳрумият қайси айбим эвазига берилаётганини, орзуларим бу йўлда қурбон бўлганини ўйласам… Фарзандсиз умр орзу-мақсадсиз яшаш демакдир. Мен эса орзуйимга яқин қолганимда оёғим сирпаниб тубсизлик қаърига шўнғиб боряпман…
Кўзимни очганимда тепамда шифокор кулимсираб турарди.
— Жуда уйқучи экансиз-у. Шу кунгача сиздек уйқучи беморни учратмовдим, — деди у.
— Мен тирикманми?!
— Албатта, тириксиз! Ахир ўзингиз яшашим, туғилажак боламни кўришим керак, девдингиз-ку. Биз шу илтимосингизни бажаришга ҳаракат қилдик.
Шу дамда кўзимга шифокор дунёдаги энг яхши инсон бўлиб кўриниб кетди. Уни бағримга босиб, ташаккур билдиргим келди.
Жарроҳлик амалидан кейин уйдагиларни чақиртирдим. Қайнонам шўрлик ҳаллослаб югуриб келди. У киши ҳақиқатан ҳам онамдек меҳрибонлик қилиб, тепамдан кетмади. Уйга қайтиб, аёлим ва ўғлимни кўриб, шукрона келтирдим. Шифохонада бир неча марта даволаниб чиқдим. Аёлимнинг кўзи ёриётган куни шифохонадан чиқдим. Уни туғруқхонага ўзим олиб бордим. Фарзандим туғилганида шифокордан илтимос қилиб, унинг олдига кирдим. Бемажол ётган аёлимни қўлидан сиққанча миннатдорчилигимни билдириб, боламни бағримга босдим. Унинг муаттар исини туюб, тортган барча азобларимни унутиб юбордим.
Кейин эса кўчага чиқиб, «Мен бахтли одамман!» деб жар солдим. Менимча, сиз ҳам мени ўшанда кўрган бўлсангиз керак.
— Ҳозир аҳволингиз яхшими? — сўрадим ҳаяжон билан.
— Жудаям яхшиман! Шукр, дунёдаги энг меҳрибон аёлим, икки ўғлим бор. Уларнинг борлиги мени яшашга ундайди!
— Болангизни туғилиши сизга умид берганга ўхшайди!
— Эрталаб уйғониб, нафас олаётганимга, оёқ-қўлим ҳаракатланаётганига ишонч ҳосил қилиб, яшаётганимга шукрона келтираман! Биз доим ҳам атрофимиздаги неъматларнинг қадрига етавермаймиз. Лекин маҳрумиятни ҳис этганингда ҳаммаси кўзингга бошқача бўлиб кўринаркан. Мен яшашдан, оталикдан, оила бошлиғилигидан маҳрум бўлмаганимдан бахтиёрман!..
— Ҳурматли йўловчилар! Сурхондарё вилоятига хуш келибсиз! Марҳамат, самолётдан тушишингиз мумкин. Оқ йўл! — деди стюардесса табассум билан салонга кириб.
Хаёлларимиз каптардек ошиқаётган манзилларимиз томон учди. Ҳамроҳим билан хайрлашарканман, унинг тақдирини албатта, асар қилиб ёзишимни айтдим. У эса мамнуният билан бош ирғаганча жилмайиб қўйди.