Муҳаммад Хайруллаев. Биринчи муҳаббат (ҳикоя)

Мен бу ерга ўзим ўқиган мактабнинг санасини нишонлаш муносабати билан ўтказиладиган тантанада қатнашиш ва шу баҳонада холамларни кўриб кетиш ниятида келган эдим. Тумонат одам тўпланди. Мен сингари -узоқ-яқиндан келганлар ҳам оз эмасди…
Йиғилишнинг расмий қисми тугаб, зиёфатга таклиф этилдик. Мана, собиқ синфдошлар катта бир дастурхонни эгаллаб, гурунг қилиб ўтирибмиз. Даврамизга бегоналарни аралаштирмадик. Мадинадан бошқа барча шу ерда. У мажлисда ҳам кўринмаганди. Шу боис, мавриди келганда, Мавжудадан:
— Мадина кўринмайди? — деб сўрадим.
— Ҳа, — деди у. — Каризга кетган. Аммаси вафот қилган экан. “Иложини топсам, келаман”, деганди. Келмади-ку.
— Ўзи тинчми? Яхши юрибдими?
— Ҳа, бинойидай юрибди.
— Минг йил бўлди-ёв уни кўрмаганимга.
— Бир пайтлар ораларингдан қил ўтмасди, шекилли…
Мавжуда айтган “бир пайтлар” биз бир синфда ўқирдик. Истараси иссиқ, қадди-қомати келишган, чиройли, ёқимтой қиз… Эс-ҳуши жойида, одобли, шарм-ҳаёли. Зеҳни ўткир. Аълочи бўлмаса-да, олдинги сафдаги ўқувчилардан бири эди. Кўчаларимиз бошқа-бошқа-ю, бир гузар бошида йўғонлиги икки қулоч келадиган баланд қари тут дарахти бўй чўзиб турган Лангартут маҳалласида яшардик. Уларнинг уйи катта йўлга туташ кўчанинг охирида, бизники эса гузарнинг анча ичкарисида эди. Мадинанинг ойиси бундан олти йил олдин вафот этган, отаси эса ўтган йили тўсатдан қазо қилиб, у ёлғиз акасининг қўлида қолган эди. Мадинанинг ягона армони ҳам шу эди. Менинг ҳам онамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Отам етти ёшимда автофалокатда ҳалок бўлган. Эндигина -мактабга қатнай бошлаган эдим.
Бугун холам иккимиз аллақачон нонушта қилиб бўлиб, ора-сира бир қултумдан чой ичиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирибмиз. Холам анча қариб қолибди. Лекин баъзиларга ўхшаб майдагап аёллардан эмас. Ўз -қадр-қимматини биладиган доно кампир.
Бир пайт хонага холамнинг бўй етиб, кўзга ташланиб қолган набираси — Муборак кириб келиб:
— Тоға, сизни Шоиранинг ойиси сўраяпти, — деб қолди.
— Қанақа шоира?..
Муборак ўрта мактабни битириш арафасида эди.
— Синфдошим, — деди у жилмайиб. — Исми шунақа. Лекин шоирлиги ҳам бор. Ҳикоя ёзиб туради. Кеча иккинчи қаторда мен билан ёнма-ён ўтирган, сочи узун, чиройли қиз. Кўрмадингизми?
— Қайдам, — дедим мен бироз лоқайдлик билан. — Эътибор бермапман.
Негадир ёлғон гапирдим. Мен, Тошкентдан келган меҳмон сифатида, саҳнага қўйилган, устига яшил мовут ёпилган столда, фахрийлар орасида ўтирар эканман, собиқ ўқитувчиларимни, биринчи навбатда, адабиёт муаллимларимни эсладим. Ҳозир бу ерда мен эмас, ўшалар ўтириши лозим эди. Афсуски, улар раҳматли бўлиб кетишган…
Ногаҳонда пастда Муборак билан ёнма-ён ўтирган қизга кўзим тушди-ю, хаёлим бўлинди. Танишдек кўринди. Ёки кимнидир эслатардими — билмадим. Ҳар қалай унга ўхтин-ўхтин кўз ташлаб қўярдим. У ҳам мендан кўзини олмасди. Энди билсам, ҳикоялар ёзиб турар экан. Демак, адабиёт шайдоларидан. Лекин мен уни қаерда кўрганман?..
— Хўш, — дедим мен ўзимни алахситиш учун, — менда нима гапи бор экан?
— Нималигини айтмади.
— Киравермайдими тортинмай, — холам гапга аралашди. — Келиб юрган уйи.
— Чақирдим, унамадилар.
Қизи ҳаваскор шоира бўлса, бирон илтимос билан келгандир-да, деган хаёл билан ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим.
Ҳовлида, айвонга туташ токсўрининг тагида бежиримгина кийинган, сочлари энсасига турмакланган, қўлида икки букланган газета ушлаган, қирқ беш-эллик ёшлардаги тўладан келган аёл, ҳаяжонланяпти шекилли, у ёқдан бу ёққа юриб турарди. У менга кўзи тушиши ҳамон таққа тўхтаб, бир қўлини кўксига қўйиб салом берди. Сўнг:
— Кечирасиз, безовта қилдим, — дея узр сўради.
— Ҳечқиси йўқ, — дедим.
Эсон-омонлик сўрашган бўлдик. Шундан кейин “Хизмат?” деган маънода:
— Келинг, опа? — дедим.
Аёл маъюсгина жилмайди.
— Ҳа, — деди синиқ овоз билан, — “опа” десангиз ҳам бўлаверади. Қариб қолдим.
“Опа” деганим малол келди, деб ўйладим ва шошиб:
— Узр, — дедим. — Ҳурмат маъносида шундай деган эдим. Исмингизни билмагач… — Бошқа гап тополмадим, бир чеккада турган стол-стуллар томон юриб:
— Келинг, ўтиринг, — деб илтифот кўрсатдим.
Аёл чеккадаги стулга омонатгина ўтирди.
—Ростдан қариб қолибман, — деди яна аламли жилмайиб. — Мени танимадингиз.
У шошиб газета орасидаги эскириб, ранги ўчиб кетган ним ҳаворанг конвертдан бир дона фотосурат олиб, менга узатаркан бирдан чеҳраси ёришиб кетди.
— Балки мана бу сурат… — деди-ю гапининг давомини айтмади.
Суратга кўзим тушиши ҳамон ғалати бўлиб кетдим. Унда майсалар орасида бўй чўзган бир дона қизғалдоққа қиз ва йигит икки томондан қўл узатиб туришарди. Узоқ қараб қолдим. Ўзимга эмас, суратдаги қизга қараб қолдим. Бу Мадина эди… Лазиз бир хотира қалбимда нур таратди… Демак, дала сайлига чиққан кунимиз адирда олинган сурат. Лекин ким бизни суратга туширган, нега бу суратни мен кўрмаганман — билмайман. Дарвоқе, синфимизда фотоаппарат биргина Раънода бор эди. Демак…
…Биз имтиҳонларни топшириб бўлгандик, лекин “етуклик аттестати”ни ҳали қўлимизга олганимизча йўқ. Хуллас,бекорчимиз. Ана шундай кунлардан бирида Асқарали:
— Йигитлар! Тоққа дала сайлига бормаймизми, — деб қолди. — Гувоҳномаларни олганимиздан кейин яна қачон бошимиз бирикади — худо билади.
Саттор:
— Ажойиб фикр! — дея Асқарнинг бошини силади. — Калланг ишлайди сен боланинг!
Бу фикр барчамизга маъқул бўлди. Эртаси куни эрталаб йўлга отландик. Асқар гаплашиб кира қилган автобус айтилган вақтда келди. Қозон-товоғу бошқа ашқол-дашқолларимизни кўтариб автобусга чиқдик. Қий-чувлашиб, ҳазил-ҳузул қилиб манзилга қандай етиб борганимизни сезмай қолибмиз. У ёқдан бу ёққа елиб-югуриб қўнаржой танладик. Ниҳоят ялангликдаги қалин, тиззага урадиган майсазорга шолчаю кўрпачалар тўшаб, оёқларимизни чўзиб, бемалол ўтирадиган жой ҳозирладик.
Ана шундан кейин қизлар гул-чечак тергани далага ёйилиб кетишди. Биз эса ям-яшил майса қоплаган кенг далада қий-чув қилиб футбол ўйнашни бошладик. Мириқиб тўп тепдик. Кейин ўйинга барҳам бериб, тоғ бағридаги тепаликка ўрлаб кетдик. Мўлжал — анча баландликда, у ер-бу ерда бўй чўзиб турган яккам-дуккам арчалар эди. Йўқ, узоққа боролмадик, ҳансираб баттар терга ботдик. Орқага қайта бошладик. Тепаликдан пастга тушиш ҳам осон эмасди. Қўнган жойимизга етмаёқ ўзимизни таппа-таппа ерга ташладик. Бир пайт ёнимда чўзилиб ётган Саттор, нафасини ростлаб олди шекилли, қорнини шапатилаб:
— Қорин дўмбира чала бошлади-ку! — деди.
Асқар унга жавобан билағонлик қилиб:
— Бу ернинг оби ҳавоси шунақа, — деб қўйди.
— Ростдан ҳам қорин очди, — деди яна кимдир. — Овқат пишиб қолгандир.
Ортга қайтдик. Аммо овқат ҳали тайёр бўлмаган, шекилли, дастурхон ёзилмаган эди. Қуйироқда тўшалган эски кўрпачанинг бир чеккасида кафтдек келадиган китобчани варақлаб Мадина ўтирганди. У шарпамизни эшитиб, бизни қаршилагани ўрнидан турди.
— Қўлинг бўшми? — дедим унга яқинлашиб.
— Ҳа. Нима эди?
— Бўлмаса юр, сой бўйига тушамиз. Сойнинг қўшиғини тинглаймиз.
— Сойнинг ҳам қўшиғи бўларканми! — деди қизлардан бири шарақлаб кулиб.
— Бўлганда қандоқ! — дедим мен. — Бу қўшиқлар бетакрор, бири иккинчисига ўхшамайди. Фақат тинглай билиш керак.
— Шоирлигинг бор-да, — деди Раъно.
У биздан бир-икки ёш катта эди. Шунинг учун ҳаммамиз билан сансираб гаплашарди. Умуман шаддодроқ қиз эди.
— Агар бастакор бўлганимда, — дедим тағин, — барча сойларнинг қўшиқларини куйга солган бўлардим.
— Олиб қоч-а! — деди энди йигитлардан бири. Асқар эса:
— Яхшиям бастакор бўлмаганинг, шамолу бўронларни ҳам куйга солиб юборармидинг! — деб ҳиринглаб кулди.
— Айтдим-қўйдим-да, — дедим, сўнг бир менга, бир атрофимиздаги қиз-йигитларга жилмайиб қараб турган Мадинага:
— Юр, — дея уни бошлаб кетдим.
Қияликдан пастга тушиб, сой бўйидаги супача шаклидаги харсангга ўтирдик. Қирғоққа урилиб, шовуллаб оқиб ўтаётган шошқин сой “қўшиғи”ни тингламоқчи бўлгандек сувга тикилиб, жимиб қолдик. Лекин мен сойни эмас, Мадинанинг юрагига қулоқ солардим, дук-дук уришини эшитиб ўтирардим — елкам елкасига тегиб турганди-да… Унинг айни чоғда нималар ҳақида ўйлаётганини билсам эди… Шу зайлда анча ўтирганимиздан кейин, бошқа гап тополмадим шекилли:
— Мадина, нега мени “ака” дейсан? — деб сўрадим. У:
— Ахир, сиз мендан олти ой каттасиз, — деб кулди. — Ўзингиз айтгансиз.
— Маҳмуд!
Бу Сатторнинг овози эди. Жавоб бермадим. Барибир орадан икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас қирда унинг ўзи пайдо бўлди.
— Овқат тайёр. Сенларни кутяпмиз, — деди ва бизга қарамай изига қайтиб кета бошлади. Биз ҳам чор-ночор ўрнимиздан туриб, унга эргашдик.
Тушликдан сўнг Раҳим ака иккимиз шахмат суришга киришиб кетдик. Мен шундай берилиб ўйнардимки, теварагимда нима бўляпти-ю, ким нима билан машғул — пайқамасдим. Ишқибозлар атрофимизни ўраб олишган, ҳали Султон акага, ҳали менга йўл кўрсатишарди. Бировнинг ўргатганини ёқтирмасдим. Негаки, фикрим бўлиниб, янглишиб кетардим. Ҳозир ҳам шундай бўлди: бирин-кетин иккита донани бекорга бердим. Энди ўйинни давом эттириш бефойда эди. Қўлларимни кўтариб:
— Таслим бўлдим, — дея ўрнимдан турдим.
Кун ярмидан оғиб қолган, қуёш ҳам тоғ чўққисига қўниш арафасида. У ёқ-бу ёққа аланглаб, Мадинани қидирдим. Кўринмади. Қизлар даврасида ҳам у йўқ эди. Мавжудадан:
— Мадина қаёққа кетди, — деб сўрадим.
— Ҳали шу ерда эди, — деди Мавжуда атрофига қараб олиб. — Сой бўйига кетгандир. Бошқа қаёққа ҳам боради.
Раъно эса:
— Сой бўйида тинглаган “қўшиғи” ёқиб қолган бўлса… — дея қочирим қилди. Қизлар қиқирлашиб кулишди.
Сой томон юрдим. У ерда ҳам йўқ эди.
— Мадина-а! — деб чақирдим. Жавоб бўлмади. Мен уни баъзида Мади деб чақирардим. Хафа бўлмас, аксинча, бу унга хуш ёқарди шекилли, ҳозиржавоблик билан: “Лаббай?” деб турарди. Овозимнинг борича: “Мади-и-и!”, деб қайта қичқирдим.
Юқоридан, адир томондан:
— Бу ёқда-ма-а-а-н-н-н, — деган товуш эшитилди.
Орқамга ўгирилиб, кўзларим олазарак бўлиб Мадинани қидирдим… Мендан анча олисда, мовий осмондан қуёш нур тўкаётган, дов-дарахтлар билан қопланган тоғ этагидаги тепаликда бир қучоқ лолақизғалдоқ аралаш хилма-хил гулларни бағрига босиб олган, қизғиш дуррасини силкитиб турган фариштадек яккаш қизга кўзим тушиб лол бўлиб қолдим. Унинг сарвқоматига чиппа ёпишган ҳарир кўйлак этаги шабадада оқ капалак қанотларидек бетиним титраб ҳирпирар эди. Бу моҳир рассомнинг мўйқаламига мансуб ажиб бир манзарадек кўринди менга. Ҳа, бу Мадина эди!.. У шошиб пастга туша бошлади. Мен ҳам ҳаллослаганимча тепаликка ўрладим. Бир пайт… тош-пошга қоқилдими ёки оёғи сирғалиб кетдими, бир ёнлаб йиқилди-ю, бир-икки думалагандан сўнг тиззаларини қучиб, ғужанак бўлиб олди. Жон-поним қолмади. Ёнига қандай етиб борганимни билмайман. Меҳр билан узиб тўпланган бир қучоқ дала гуллари Мадинанинг тагида, атрофида ер билан битта бўлиб сочилиб ётарди. Унга энгашиб, оёқ-қўлларини пайпаслай бошладим.
— Қалайсан? — дедим уни беихтиёр бағримга тортиб. — Бирон еринг лат емадими?
Мадина кўксимга бош қўйганча қушқараш қилиб жилмайди. Негадир хурсанд эди. Унинг меҳр ва мамнуният билан боқаётган нигоҳидан нур ёғилаётгандек. Гўё бу нур қалбимни, наинки қалбимни, бутун вужудимни симобдек эритиб, руҳим ҳавода муаллақ учиб юргандек ҳис этдим ўзимни. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади… Кафтим Мадинанинг билагига чип-чип ёпиша бошлади. Қўлимга зимдан кўз ташладим-у, сесканиб тушдим. Мадинанинг тирсагидан сизғиб қон оқарди. Уни даст кўтариб олиб қўнаржойга шошдим.
…Мадина ўзининг бундай аҳволга тушиб, бизни ташвишга қўйганидан хижолат чекарди, шу боис нима дейишини, нима қилишини билмай эсанкираб қолган, кўзлари жовдираб бир менга, бир қизларга боқар эди. Биз ҳам довдираб қолган эдик.
Ҳали йўлда келаётиб Қўшота қишлоғида автобусни йўл бўйидаги пастак дўкон олдида тўхтатган эдик. Бирон зарурият бўлмаса-да, ичкарига кирдик. Расталарга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари хилма-хил рўзғор буюмлари-ю, бошқа майда-чуйда ашёлар аралаш-қуралаш териб қўйилган эди. Қизлар у ёқ-бу ёққа аланглаб, арзигудек бирон нарса топишолмади, шекилли, чиқиб кетишди. Рўпарамдаги растага қатор териб қўйилган атир шишаларга кўзим тушди. Нархи арзон атирлардан бирини қўлимга олдим. Уни, асосан, эркаклар соқол-мўйлов олганларида ишлатишарди. Юқори лабим устида майин туклар сабза ура бошлаган бўлса-да, ҳали юзимга устара текканича йўқ. Лекин баъзан ойнага қараб туриб, қиртишласаммикин, деб қўярдим. Хуллас, атирни сотиб олиб: “Сумкангга солиб қўй, шаҳарга борганда оламан”, деб Мадинага берган эдим, энди асқотадиган бўлди.
Хуллас, рўмолчани атир билан ҳўллаб Мадинанинг жароҳатларини арта бошладим. Биламан, роса жизиллатади. Унга жоним ачийди. Лекин на чора… Қизларнинг жисми нозик бўлса-да, жонлари қаттиқ, деганлари рост шекилли, Мадина бирон марта “вой” демади. Бардошига ич-ичимдан тан бердим.
Ҳамма кетиш тараддудига тушиб қолган эди. Тезда қозон-товоғу бошқа буюмлар йиғиштирилиб, автобусга юкланди. Мен Султон акадан:
— Қўш отада бирон шифохона бордир? — деб сўрадим.
— Нега бўлмасин, — деди Султон ака машинани ўт олдириб. — Ҳозир тўғри ўша ерга борамиз…

* * *

…Ойим қоронғи тушганда Мадинани уйга бошлаб келганимни кўриб, дастлаб шошиб қолди, сўнг тезда ўзини қўлга олиб, Мадинадан:
— Кел, яхши юрибсанми? — деб ҳол сўраган бўлди. — Кир, кирақол, — дея ичкарига бошлади. —Ўтир.
Мадина устига кўрпача тўшалган диваннинг бир чеккасига омонатгина ўтирди. Шундагина унинг оқ дока ўраб боғланган тирсак ва тиззаларига ойимнинг кўзи тушиб:
— Вой! — дея ўрнидан туриб кетди. — Нима бўлди? Нима қилди?..
Ойим менга савол назари билан қарарди. Шу боис бўлган воқеани қисқача гапириб бердим.
— Вой, худойим! — Ойим Мадинанинг ёнига ўтириб, унинг елкасини силади. — Эҳтиёт бўлмайсанми, қизим.
Мадина, ўпкаси тўлиб турган эканми ё бу эркалашдан ўзининг онасини эслаб кўнгли бўшаб кетдими, кўзига ёш олди.
— Қўй, йиғлама. Тезда тузалиб кетади, — дея ойим уни юпатган бўлди. — Фалокат оёқ остида, деб шуни айтадилар-да, — деди-да яна менга ўгирилиб, хўп, бўлар иш бўлибди, на чора, лекин уни нега бу ерга бошлаб келдинг, дегандек синчков қараб турди-ю: — Энди нима қилмоқчисанлар? — деб сўради.
— Мадина акасидан сўрамай кетган экан, — дедим мен.
— Бу ишинг чакки бўлибди, қизим, — деди ойим Мадинага қараб.
— Уйда йўқ эдилар, — Мадина бошини кўтармай жавоб қилди. — Келинойимга айтиб кетганман.
Мен ниятимни очиқ айта олмай:
— Энди бу аҳволида уйларига кириб борса… — дея ғулдирадим.
— Нима бўпти? Ўз уйи…
— Ойи, сиз Раҳим акани билмайсиз. Жаҳли ёмон, — дедим.
— Нима бўлганда ҳам ўз акаси, ахир…
Ойим яна нимадир демоқчи бўлган эди, мен шошиб:
— Ойи, — дея гапини бўлдим. — Мадина шу ерда қолақолсин. Тошкентга ўқишга бирга борардик.
— Вой, нималар деяпсан! Ўйлаб гапиряпсанми?! Раҳимжонни номусга қўймоқчимисанлар!
Мадина яна “пиқ-пиқ” йиғлашга тушди.
— Қўрқма, қизим, — деди ойим даст ўрнидан туриб. — Ўзим олиб бораман. Кўз ёшларингни арт. Ойнага қараб ол.
— Мен бирга бораман, — дедим ўрнимдан туриб.
— Сен нима қиласан у ерда? Бизга қозилик қилармидинг!
— Қоронғида бир ўзингиз қайтасизми?
Ваъжим ойимга маъқул тушди, шекилли, индамади.
…Ойим Мадина билан уларнинг ҳовлисига кириб кетишди. Мен эса юрагимни ҳовучлаганча кўча юзида қолдим. Анча кутишга тўғри келди. Бир пайт ҳовлида ким биландир хайрлашиб, кўчага чиққан ойим у ёқ-бу ёққа аланглаб, менга кўзи тушиши ҳамон тез-тез юриб кетди. Ойимнинг ёнида келар эканман:
— Нима бўлди? — деб сўрадим.
— Нима бўларди, — деди ойим. — Ундоқ, мундоқ деб ваҳима қилганларингга юрагимни ҳовучлаб борган эдим. Йўқ, бинойидек -гаплашдик. Бамаъни, эсли-ҳушли йигитга ўхшайди. Дастлаб сал қўрслик қилгандек бўлди. Кейин бўшашди.
Нима деди, деб сўрамадим. Ойимнинг гап оҳангидан иш силлиқ кечганлигини фаҳмлаб, дилим ёришиб уйга кириб бордим. Чарчаган эканман, дарҳол тўшагимга чўзилдим, лекин уйқим келавермади, алламаҳалгача хаёл суриб ётдим.
Эрталаб гувоҳномалар соат иккида топширилар экан, деган хабар келди. Мадина билан мактабда учрашамиз, деб хурсанд бўлдим. Тошкентга бирга кетамиз. Аммо.. .
Мактабдаги тантанали йиғилишдан кейин баримиз гур-р этиб кўчага чиқдик. Бироз ғала-ғовур қилиб тургач, иккита-учта бўлиб уй-уйимизга тарқалдик. Мадина қизлар тўпидан ажралиши ҳамон унга етиб олдим. Аввал тирсагига, кейин тиззаларига қараб:
— Оғритмаяптими? — деб сўрадим.
— Унчаликмас, — деди у маъюс жилмайиб.
 Муюлишга етганимизда таққа тўхтаб, кўча бошида туриб қолдик. У туфлисининг учи билан ер чиза бошлади.
— Аканг уришмадими? — деб сўрадим.
— Йўқ. Фақат… — деди-ю, жим бўлиб қолди.
— Нима бўлди?
— Маҳмуд ака, мен ҳеч қаёққа бормайман. Шу ерда қоладиган бўлдим.
— Ҳазиллашма, — дедим мен кулиб.
— Рост айтяпман. Акамлар рухсат бермаяпти. Шу ерда ўқийсан, дейди.
— Қароринг қатъийми? — деб сўрадим.
— Ҳа.
— Ана холо-ос! — деб анграйиб қолдим. Тағин сукутга толдим, сўнг:
— Хат ёзиб турсам, жавоб ёзасанми? — деб сўрадим.
— Йўқ-йўқ, — у шошиб жавоб қилди. — Акамнинг қўлига тушиб қолса мени нақ ўлдиради.
— Почтага ёзсам-чи?
— Барибир эшитади. У ерда ишлайдиганларнинг бари аёллар. Уларда гап турармиди… Умуман… энди учрашмайлик.
— Қизиқ. Нега? — Мадина жавоб бермади. — Нима бўлди? Гапирсанг-чи! Ёки Раҳим ака билан ойимнинг ўртасида бирон гап ўтибдими? …Ойимлар узоқ қолиб кетди.
— Холамлар айтиб бермадиларми?
— Нимани? Ҳеч нарса демади.
— Улар гаплашганда мен қўшни хонада ўтиргандим. Эшик қиё очиқ эди. Уларнинг гапларини эшитиб турдим, — деди Мадина, сўнг бирдан бошини кўтариб: — Бахтли бўлинг! — деди-ю, кескин бурилиб чопиб кетди.
Одатда: “Мен борай”, деб менга бир қараб олиб, уйи томон равона бўларди. Кўча охирига етганида, мен ҳали ҳам турибманми ёки кетиб улгурдимми — билмоқчи бўлгандек, орқасига ўгирилиб яна бир марта қараб қўярди. Бу сафар шошиб дарвоза эшигини очди-ю, ўзини ичкарига олди. Мен кўк дарвозага кўз қадаганимча қолавердим.
 Шу ҳолатда қанча вақт турдим — билмайман. Оёқларимни судраб уйга қайтаётганимда ҳушимга келиб, ўйланиб қолдим. Кечаги кун бутун ҳаётимни ағдар-тўнтар қилиб юборган эди. Нега ҳам бордик шу сайлга, дейман ўзимга ўзим. Адирга бормаганимизда, Мадина лолақизғалдоқ тераман, деб тепаликка чиқмаганида, ўша фалокат юз бермаганида… Мен умри бир кунлик капалак умридек қисқа лолақизғалдоқни илгари ҳам негадир хуш кўрмасдим. Дарвоқе, лолақизғалдоқ узиб, ундан баҳра олган одамни эшитган эмасман. Энди эса… “қизғалдоқ” сўзини эшитсам, ерда ғужанак бўлиб ётган Мадина кўз олдимга келади.
Неча кундан бери ичган ошим ичимга тушмай юрдим. Тошкентга ҳам истар-истамас жўнаб кетдим. Таътил пайтида уйга келганимда Мадина билан учрашишга неча бор ҳаракат қилиб кўрдим — бўлмади. Ниҳоят, Мавжудадан бериб юборган икки энлик хатини олдим. Унда: “Маҳмуд ака, беҳуда оввора бўлманг, мени ҳам қийнаманг”, деб ёзилган эди. Янаги келганимда эса, Мадина унаштириб қўйилибди, яқинда тўйлари бўлар экан, деб эшитдим-у, юрагим музлаб кетди. Хуллас, уни бошқа кўрмадим…

* * *

 Рўпарамдаги аёл миқ этмай ўтирар, зимдан мени кузатар эди. Мен бир унга, бир суратдаги Мадинага қараб туриб:
— Мадина?! — дея ўрнимдан туриб кетдим… Ҳа, қаршимда Мадина ўтирарди. Ажабо… танимабман. Шунчалик ҳам ўзгарадими одам! Ҳатто қулоғимга қўнғироқдек жаранглаб эшитиладиган овози ҳам ўзгарган — бўғиқ эди. Дарвоқе, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ахир, орадан бир йигитнинг умричалик вақт ўтибди. У пайтда Мадина ҳам Шоира каби хипча, бели бир тутам, тим қора сочлари тақимига тушган, бир ниҳол янглиғ нозиккина қиз эди. Уни эслагудай бўлсам, ҳамон мана шу суратдаги ўша Мадина кўз олдимга келарди. Бошқача бўлишини тасаввур ҳам қилолмасдим.
— Ҳа, бу мен, — деди Мадина. — Лекин… — У кўзларини ерга қадаганича жим бўлиб қолди.
Мен ҳам бирон нима дегани сўз тополмай гунг бўлиб ўтирардим. Ниҳоят Мадинанинг ўзи бошини кўтариб:
— Мени йўқлаган экансиз, — дея кўзимга қаради. — Мавжуда айтди.
Менга жон кирди.
— Ҳа, — дедим унинг юзига боқиб. — Бир кўргим келди сени.
“Шунча йиллардан кейин-а?!” деб ажабланишини кутгандим, йўқ, у мамнуният билан:
— Раҳмат! — деди. Жавоби самимий эди.
— Қалайсан, соғликларинг яхшими?
— Бинойидай. Ўзингиз тинч-омонмисиз?
— Серфарзанд, деб эшитган эдим…
— Ҳа, Худо фарзанддан берган.
— Каттаси неччи ёшда?
— Яқинда ўн саккизга тўлади.
— Буни қара-я! — дедим ажаблангандек бўлиб, сўнг: — Яқиндагина ўзинг нозик-ниҳол қизча эдинг, — дея кулдим.
— Сиз ҳам, — деди у маъюс жилмайиб, — катта киши эмасдингиз шекилли.
— Бу гапинг ҳам тўғри.
— Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, — деди у яна кўзимга қараб.
— Сўрайвер. Нима экан?
— Шоирани, қизимни айтяпман, танирсиз?
Мен Шоирани кеча биринчи марта кўрган, Мадинанинг қизи эканлигини эса ҳозир билиб турган бўлсам-да, дадил:
— Ҳа, танийман, — деб жавоб бердим.
Мадина гапни нимадан ва қандай бошлашни билмай бир зум тараддудланиб турди-ю, сўнг бир хўрсиниб олиб:
— Шоира китобу қоғоз-қаламдан бош кўтармай қолди, — деди. — Бирон натижа чиқармикан ё шунчаки…
— Эшитдим. Ҳикоялар ёзиб турар экан. Лекин ёзганларини ўқимай туриб бирон нарса дея олмайман.
— Яқинда битта ҳикояси газетада босилиб чиқди… Кўзингиз тушмаган экан-да. Яна бири…
— Шошма, — дедим унинг гапини бўлиб.
Тунов куни газетада “Ёш қаламкашлар” рукнида босиб чиқарилган бир ҳикояни ўқиган эдим. Менга маъқул бўлган эди. Ёш муаллифнинг тузуккина қобилияти борлиги сезилиб турарди. Тили ҳам чакки эмас. Тўғри, ҳикояни босмага тайёрлаган муҳаррирнинг ҳам озми-кўпми ҳиссаси бордир, эҳтимол. Ҳарқалай ҳикоя менда яхши таассурот қолдирган эди. Ҳозир шуни эслаб, жимгина оғзимни пойлаб ўтирган Мадинадан:
— Шоиранинг фамилияси Султоновами? — деб сўрадим.
— Ҳа.
— Бўлди! — дедим қувониб. — Ўқиганман. Яқинда ўқидим. Менга маъқул бўлди.
Мадина севинганидан нақ ўрнидан туриб кетай деди.
— Ростданми?!
— Ҳа. Яхши ҳикоя ёзибди. Қизингни қобилияти бор. Фақат… — У яна менинг оғзимга қараб қолди. Қандай тушинтирсам экан? — Фақат… Биласанми, яхши ёзувчи бўлиш учун биргина Худо берган қобилиятнинг ўзи камлик қилади. Кўп ўқиш, кўп нарсани билиш, тинмай меҳнат қилиш лозим. Ҳали китобу қоғоз-қаламдан бошини кўтармай қолди, дединг. Бу яхши, жуда яхши. Бундан ташқари шароит, муҳит ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳозир Шоиранинг суяги қотмаган ниҳоллик пайти. Қаёққа бурсанг, ўша ёққа қараб эгилаверади, — дедим. Кейин, мана, ўзингдан қиёс, демоқчи бўлдиму, тилимни тишладим.
Мадина осойишта ҳолатда ўтирарди. Назаримда, қизидан ҳам, мендан ҳам мамнун эди.
— Дарвоқе, — деди ниҳоят, — асарларингизни ўқиб тураман. Барини ўқиганман.
— Йўғ-э?
— Ҳа. Шоира қаерлардандир топиб келади. У қўлидан қўйди, дегунча мен ўқий бошлайман. “Ҳамшаҳаримиз” деб ғурурланиб юради.
— Хурсандман.
— Раҳмат, Маҳмуд ака! — Мадина ўрнидан туриб кўча эшик томон юрди. — Яхши қолинг.
У билан хайрлашар эканман:
— Шоира билан ўзим танишиб оламан, — дедим. — Ўртамизда Муборак бор-ку.
Мадина орқага ўгирилди ва менга миннатдорона бир қараб қўйиб, остона ҳатлади.
…Биринчи муҳаббатимнинг умри лолақизғалдоқ умридек қисқа экан — лов этиб бир алангалади-ю… Тақдир экан… Хаёлим яна Шоирага кўчди. Нодир қобилият соҳибасининг қисмати қандай кечаркан? Шу ҳақда ўйлаб кетдим.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 22-23-сонлар