Муҳаммад Хайруллаев. Даҳшат (ҳикоя)

“Бўлар иш бўлди. Тақдирга тан бериш керак, вассалом!” Аҳмад Набиев ана шундай ўй билан машинани гаражга киритиб, иккинчи қаватга кўтарилди. Остонага етар-етмас, эшикка кўз тикиб ўтирган эканми, қаршисида хотини пайдо бўлди.
– Тинчликми?! Бунча ҳаялладингиз?!
Аҳмад дилидаги ғулғулаларни хотинига сездирмаслик учун гапни қисқа қилди:
– Ҳа, иш билан бўлиб вақт ўтганини билмай қопман… – Кейин ювингани ваннахонага ўтиб кетди. Жўмракни очиб, енгларини шимараркан, сувнинг ваннага шилдираб тушиши йўлдаги жалани эслатди. Кўз ўнгида ўша йўл, туманли ўша қишлоқ намоён бўлди. Кимнингдир қичқиргани эшитилди… Яна дилида ваҳима қўзғалди. Жўмракни шартта бураб, сувни тўхтатди. Шатирлаган жала овози тиниб, қайноқ сувдан ҳосил бўлган буғ аста-секин тарқалиб кетди. “Одам овози эдими ёки… Нима деб қичқирди? Наҳот… Йўқ, одам овози бошқа томондан эшитилди…”
Аҳмад шу алфозда бир неча дақиқа ўйланиб турди-да, катта хонага ўтди. Овқат ҳам, чой-нон ҳам дастурхонга келтириб қўйилган эди.
– Овқат емайман. Қорним тўқ, – деди у хотинига. – Бир ерга бориб келишимиз керак. Мен гараждан машинани чиқариб тураман. Кийиниб туш. У хотинининг жавобини кутмасдан ички хонага кириб, кўзойнагини олиб чиқди, сўнг эшик томон юрар экан, орқасига ўгирилиб: – Эркинжон уйдамикин? – деб сўради.
– Уйида бўлиши керак. Ҳали кўрувдим. Нима эди?
– Ишим бор.
Аҳмад девордармиён қўшнисининг эшиги рўпарасига бориб, қўнғироқ тугмасини босар экан: “Бемаҳалда безовта қиладиган бўлдим-да”, дея хаёлидан кечирди.
Эшик очилиб, бўсағада Эркинжон пайдо бўлди.
– Келинг, Аҳмад ака, – деди у мулозамат билан жилмайиб. – Қани, ичкарига, – орқага чекиниб йўл бермоқчи бўлди.
– Йўқ. Раҳмат, – деди Аҳмад узрнок. – Бир илтимосим бор эди. Агар малол келмаса.
– Марҳамат. Бажонидил.
– Шу пайтда бир ерга бориб келишимга тўғри кеп қолди. Машинанинг ўнг чироғи ишламаяпти. Шуни бир кўриб бермайсизми?
– Жоним билан, – деди Эркинжон.
– Бўлмаса сиз тушаверинг. Мен ҳозир чиқаман.
У қўшнисининг ҳурмати учун эшикни қия қолдириб, ичкарига кириб кетди.
Аҳмад гаражни очиб, шифтдаги осма электр чироғини ёқиб улгурганича Эркинжон етиб келди. У ўнг фарани очиб, лампочкалардан бирини алмаштирди, сўнг Аҳмадга қараб:
– Қани, ёқиб кўринг-чи, – деди.
Иккита фара бараварига ёришиб, гараж деворига нур ёғилди.
– Раҳмат-э! – деди Аҳмад астойдил хурсанд бўлиб. – Битта фара билан ҳозиргина адирдан келдим. Билмагандан кейин қийин экан.
Аҳмад Эркинжонга яна бир карра миннатдорчилик билдириб, машинани гараждан олиб чиққанида хотини кутиб турарди. У илдам келиб, гараж эшикларини ёпишга ёрдамлашди. Сўнг бир сўз қотмасдан олдинги ўриндиққа, эрининг ёнига ўтирди. Катта кўчага чиқиб олганларидан кейингина юрак ютиб сўради:
– Қаерга кетяпмиз бемаҳалда? Тинчликми ўзи?
– Тинчлик, – деди Аҳмад эшитилар-эшитилмас қилиб.
Хотини ортиқча савол бериб мижғовланиб ўтирмади. Умуман Латофат вазмин, камгап, бамаъни аёллардан. Эрининг феълини яхши билади – муҳим гап бўлса, вақти-соати билан айтади, бўлмаса: “Сенга қизиғи йўқ. Бошингни қотириб ўтирма!” деб қўя қолади.
Аҳмад рулга ўтирса биронта машинани олдига туширмас, айниқса шаҳар таш­қарисидаги тезлик чекланмаган катта йўлларда шамолдай учирарди “Жигули”сини. Дастлабки пайтларда манзилга етгунга қадар юрагини ҳовучлаб ўтирадиган Латофат аста-секин кўникиб кетди. Ҳозир эса йўл чироқлари кўкимтир нур сочиб турган, машиналар анча сийраклашиб қолган кенг кўчалардан секинлик билан ўтиб боришарди. Латофатга бу ҳол ғайри табиийдек туюлди. Улар Тошкент – Чирчиқ йўлига чиққачгина машина бир оз жонланди.
Аҳмад устма-уст сигарета тутатиб, йўлдан кўз узмай кетиб борарди. Дили хуфтон, хаёллари паришон, узуқ-юлуқ. Бир ўша туман қоплаган зимистон қишлоқдаги ҳодисани кўз олдига келтириб, уни хотирасида аниқроқ тиклашга уринса, бир машина олган кунини лаънатлар эди.
Машина сотиб олди-ю, ташвиши ортди. Илгари бирон ерга боргудек бўлса, уйи­дан чиқиб, трамвай ёки автобусга ўтирарди-да, хаёлан тасаввур қилиб юрган янги асари ҳақида ўйлаб кетар, манзилга етгунга қадар ўз ихтиёри ўзида бўлар эди. Борган ерида бамайлихотир ўтирар, кези келганда улфатлар билан қиттак-қиттак “отиб” турар, хуллас, эркин қуш эди. Энди эса…
Шу машинасиз ҳам куни ўтаётган, ҳаётни, яқин-йироқдаги табиат манзараларини кўнглига сиққанича ўрганаётган эди. Олисми, яқинми, қаерга отланмасин, мўл­жаллаган манзилига етолмай қийналган пайти бўлмаган. Одамларимизнинг рассомларга ҳурмати баландлигиданми, гапи ерда қолмайди. Ҳар қадамда кўмак қўлларини чўзиб туришади. Республикада Аҳмад Набиев бормаган бирон манзил, у кўрмаган бирон хушманзара жой қолмаган ҳисоби. Ҳатто чўпонлардан ўзга бирон кимсанинг оёғи тегмаган Сурхон воҳасининг олис чўлларида ҳам бўлиб, анчагина этюдлар, ўзининг ибораси билан айтганда, “загатовка”лар билан қайтган, кейинчалик ўшалар асосида яхшигина асарлар яратган эди.
Латофат машинага ўтирганларидан бери устма-уст сигарета тутатаётган эрига бир қараб олиб, тек эмас, бирон ҳодиса юз берган, деган фикрни дилидан ўтказди-ю, хит бўлиб келаётган юраги така-пука бўлиб кетди. “Ҳойнаҳой бир нарса бўлган. Акс ҳолда бунақа бемаҳалда йўлга чиқмасдик!”
– Нима бўлди ўзи?! – деб юборди охири ўзини тутолмай, овози титраб чиқди. – Сиз ҳам бирон марта бундоқ сир берсангиз асакангиз кетадими?!
– Ҳали ўзимам аниқ билмасам, нима дейман!
– Нимани билишингиз керак, дадаси? Одамни қўрқитманг-да! – деди Латофат ялингудек бўлиб.
Аҳмад ростдан ҳам нима бўлганлигини аниқ айтолмасди. У фақат гумонсирар, бу гумонлар юрагига ваҳима солиб, қалбини кемирар эди. Ҳозир ана шу тахминларни аниқлаш, тўғрироғи, уларга чек қўйиш ёки… машинада одам босиб, қочиб кетган жиноятчи деган иснодни кўтариб қайтиш учун кетаётган экан, буни хотинига айтиб, подадан олдин чанг чиқаришнинг нима кераги бор…
Чотқол этагидаги яланг адирга ўтган йили баҳорда оила аъзоларини лола сайлига олиб чиққан эди. Аҳмад ўшанда хотини, болаларини ортда қолдириб, адирни ёлғиз кезар экан, атрофга суқланиб нигоҳ ташлар, тоғ этагига туташ сайхонликнинг беқиёс манзараси уни ҳаяжонга соларди. Қўл чўзса етгудек парқу булутлар орасидан сизиб таралаётган офтоб нури уларга шунақа беқиёс, антиқа бир ранг бахш этардики, уни наинки сўз билан ифода этиш, ҳатто мўйқалам воситасида ниҳоясига етказиб тасвирлаш ҳам амри маҳол.
Аҳмадни ўзига ром қилган, уни ҳар шанба бу ерга етаклаб келаётган куч ана шу ранглар эди. Бугун ҳам адирга одатдагидек эрта тонгда етиб келди. Кун бўйи тиним билмай ишлади. Ҳатто бир нафас дам олгани, бамайлихотир тамадди қилгани вақтини қизғанди. Термосдаги чойдан бир-икки пиёла ичиш билан чекланди. У илҳом билан, берилиб ишлаган кезларида чарчаш нималигини билмас, вақтнинг ўтганини сезмас эди. Бугун ҳам шундай бўлди. Қуёш ботиб, кеч кира бошлаган бўлса-да, мўйқаламини қўлидан қўймас, энди хотирасида қолган рангларни этюдга кўчирар эди. Кўк юзини қора булутлар қоплаб, совуқ шамол қўзғалгандан кейингина ишдан бош кўтариб, осмонга назар ташлади. “Булутлар бекорга эмас. Ёмғир ёғадиган кўринади”, деган фикрни хаёлидан ўтказди. У анжомларни машинага жойлаштириб улгурмасдан майдалаб бошлаган ёмғир зум ўтмай жалага айланди. Ҳадемай қоронғи тушади. Бунинг устига жала қуйиб турибди. Бу эса йўлда юришни янада мураккаблаштиради. У болалигидан олисни яхши кўрмас, шу боисдан ҳамиша кўзойнак тақиб юрар, кундузи офтобга қарши ним жигарранг кўзойнак тақса, кечқуринлари расмона кўзойнак тутар эди. Лекин, аксига олгандек, ўша ойнаги уйда қолган эди. “Ҳечқиси йўқ, – деди у ўзига тасалли бериб. – Асфалтга чиқиб олсам, у ёғи осон”. У кўтаринки кайфиятда эди, негаки, бугунги иш баракали бўлди. Охирги этюд ҳам ниҳоясига етди. Унинг назарида рассомчилик бири-биридан мураккаб учта босқичдан иборат: биринчиси – мавзу топиш ва объектлар, яъни мавзуга, рассом ифода этмоқчи бўлган ғояга мос келадиган манзаралар танлаш, иккинчиси – этюдлар тайёрлаш ва ниҳоят учинчиси – ўйланган мавзуни ўша этюдлар заминида матога тушириш. Мана, ниҳоят иккинчи босқич муваффақиятли тугалланди. Тўғри, ҳали охирги мураккаб иш жараёнида қисман жузъий, ҳатто жиддий ўзгаришлар ҳам бўлиши мумкин. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Буни, ижод, дейдилар! Аҳмаднинг ўз қўли билан ёқиб юборган тайёр асарлари ҳам бўлган… Ҳар қалай иккинчи жараён ҳозирча ниҳоясига етди. Энди кўлами бир яриму икки метрдан иборат таглик матода иш бошлайди… Навбатдаги кўргазманинг очилишигача албатта тугаллашга ҳаракат қилади.Тугаллаши шарт!..
У аллақачон асфалт йўлга чиқиб олган. “Жигули” бир меъёрда зувиллаб кетиб борар, шатирлаб ёғаётган жала ҳамон тинмас, пешойнадаги тозалағич бетиним ишлар эди. Осмондаги қора булутлар тобора пастлашиб, қуюқлашиб, зудлик билан қоронғи тушиб келарди. Аҳмад фараларни ёқадиган тугмани босди. Аммо ўнг чироқ ёнмади. “Буниси чатоқ бўлди-ю! – ўйлади у, сўнг: – Майли, муҳими чап томондаги чироқ”, – дея ўзига-ўзи далда берган бўлди. Машина тезлигини пасайтириб, спидометрга кўз ташлади. Манзилга яна қирқ километрча қолибди. Унинг мўлжалича, яна ўн километрча юрса, қишлоқ марказига кириб боради, ундан кейин Чирчиқ шаҳри бошланади…
Жала тинди. “Хайрият”, деди Аҳмад хурсанд бўлиб. Аммо шодлиги узоққа чўзилмади. Қишлоққа кириб борганида у ерни қалин туман қоплаб, бутун қишлоқ зимистон тун қўйнида ётарди. Ҳатто беш-олти қадам олдиндаги нарсани ҳам кўриб бўлмасди. Аҳмад нимқора кўзойнак таққанидан афсусланди. Машина тезлигини яна пасайтирди. Аммо бу юришда қачон етиб боради. Хотини ҳам безовталаниб ўтиргандир. Кечки овқатга етиб келаман деган эди. Соатга қаради. Анча вақт бўлиб қолибди. Бунча беғам бўлмаса. Атиги бир соат олдинроқ йўлга тушганда-ку, бу ташвишлару ҳаяжонлар бўлмасди. У ана шундай ўйлар билан бир ўзини койиб, бир ўзига-ўзи тасалли бериб кетиб борар экан, нохосдан “гуп” этган овоз эшитилиб, машина бир силтаниб ўтди. Итнинг ғингшигани эшитилди. Биронта санқиб юрган итни уриб юбордим шекилли, деб ўйлади. Машинани тўхтатиш ниятида тезликни пасайтириб, рўпарасидаги кўзгудан орқага қаради. Қуюқ туман аралаш қоронғи тун пардаси ортида ҳеч нарса кўринмади.Тўхташ фикридан қайтиб, яна газни босди. Эгали ит бунақа пайтда санқиб юрмайди. Дайди ит бўлса, ўзидан кўрсин. Дарвоқе, босганим ҳам йўқ. Туртиб кетган бўлсам, ит зотига жин ҳам урмайди. Машина тезлиги ҳам баланд эмас.
…Чирчиққа етай деб қолганида орқасидан сирена чалиб келаётган “Тез ёрдам” машинасига йўл берди. Кетма-кет яна бир неча машина чироқларини ўчириб-ёндириб ўтиб кетишди. У эса имиллаб кетиб борарди. На чора. Ҳаммасига ўзи айбдор. Йўлга сал вақтлироқ чиқса бўларди. Кўзойнакни эса иккита қилиб, бирини машинада олиб юрса асакаси кетармиди?! Машинага-ку вақтида қарамайди. Дарвоқе, қарагандаям нимани тушинарди. Ўн йилдан ортиқ машина минади. Лекин ҳайдашу бензин қуйишдан бўлак нарсага ақли етмайди.
Рўпарадан тепасидаги айланма чироғи ловуллаб-липиллаб ёниб келаётган ДАН автомобили кела бошлади. Аҳмад тезликни янада пасайтирди.Бир фарада кетаётганлиги учун тўхтатиб, танбеҳ бермаса, деган фикрда юрагини ҳовучлаб борди. Йўқ, хайрият, зувиллаганича ўтиб кетди. Лекин шу зумда хаёлига келган бир фикрдан юраги музлади. Борди-ю, ит эмас, одам бўлса-чи?! Йўл инспекторлари ўша ерга кетишаётган бўлса-чи! Йўқ, одам эмас, одам бўлса кўрар эди. Ахир шунчалик басир эмас-ки, йўл бўйида турган одамни кўрмаса!.. Ҳали-замон қувиб ўтган “Тез ёрдам” машинаси-чи? Бунча зудлик билан қаердан келаётган экан? Ўзи туртиб кетган одамни олиб кетаётган бўлса-я!..
Аҳмадни яна ваҳима босди. Нега бирров тўхтаб, қарамади? Уйга бирор соат кечроқ кириб борса осмон узилиб ерга тушмасди-ку!..
У хотинини қўрқитиб юбормаслик учун осойишта бир оҳангда:
– Ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йўқ, – дея ўша воқеани гапириб берди. – Ит бўлса керак, – деди пировардида. – Ғингшигани қулоғимга чалингандек бўлди.
Латофатнинг хаёлига нималар келмаган эди.
– Кечаси йўлда санқиб юрган итни туртиб кетганингизга шунча ваҳимами? – деди у енгил тортиб. – Нима бўлдийкин, деб юрагим така-пука эди. Хайрияте!
– Ит эмас, одам бўлса-чи?
– Ҳой, нималар деяпсиз?! – Латофатнинг аъзои бадани титраб кетди. –Итмиди, одаммиди?
– Ит, деб ўйлаган эдим… Лекин уни ўз кўзим билан кўрмагач… Ўшандан бери кўнглим ғаш.
– Ҳой, наҳот одам билан итнинг фарқига бормасангиз!
– Туман қалин эди, деяпман-ку сенга… Бурнинг тагидаги нарсани ҳам кўриб бўлмасди…
Улар яна ўн дақиқача юришганларидан кейин Аҳмад:
– Мана шу ўртада бўлиши керак, – дея машина тезлигини кескин камайтирди… – Ҳа, – деди яна пича юришгач, – ўнг томонимиздаги ана у теракларга кўзим тушгандек бўлувди.
Улар узоқ масофага нур сочадиган фаралар ёруғида чап томонга синчков кўз ташлаб кетишарди. Анча жойга боргач, биринчи тезликда секин юриб, орқага қайтишди. Аммо шубҳа туғдирадиган бирон нарса кўзга ташланмади. Умуман, на йўл бўйида, на ундан нарида бирон тирик жон кўринар, қишлоқ эса тун қўйнида мудраб ётарди. Ҳаммаёқ осойишта. Демак, ҳеч қандай ҳодиса юз бермаган… Лекин орадан анча вақт ўтиб кетди-да. Аҳмаднинг кўнгли таскин топмади. Хўш, нима қилсин, қаерга борсин?
Улар орқага қайтишди.Чирчиқ шаҳрига кираверишда, милиция идорасидан сўраш керак, деган фикр пайдо бўлди. Балки улар билишар. Машинани ўша ёққа бурди.
Навбатчи – милиция лейтенанти унвонидаги йигит унинг гапларини эътибор билан тинглаб, бир варақ қоғозга нималарнидир ёзди. Исм-фамилиясию турар жой адресини қайд қилди. Сўнг Аҳмаднинг ҳужжатини кўздан кечирар экан:
– Сизни танийман. Расмларингизни кўрганман, – деб қўйди. – Аҳмад ака, хотиржам бўлинг, – деди сўнг жилмайиб. – Бунақа ҳодиса бўлганлиги тўғрисида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ… Бирон нарса бўлса дарров бизга хабар беришади.Уйингизга бориб бемалол дам олаверинг.
Аҳмаднинг дили ёришиб, мамнуният билан:
– Раҳмат! – деди.
У хуштаъб навбатчи билан хайрлашиб, эшик томон юрди. Остонага етганида лейтенант орқасидан:
– Бирон гап бўлса чақирамиз, – деди.
Аҳмаднинг дилига яна хиралик тушди. Аммо хотинига:
– Тинчлик. Ҳеч қандай ҳодиса содир бўлмабди, – дея уни тинчлантирди.
– Бирам ваҳимачисиз-эй! – Латофат эркали жилмайди.
Уйга қайтганларида соат тунги иккига яқинлашиб қолган эди. Аҳмад ваннахонага кириб ювиниб чиққандан кейингина қаттиқ чарчаганлигини ҳис эта бошлади. Тамадди қилишга ҳам хуши бўлмади. Ечиниб тўшакка ётди. Аммо уйқусида ҳаловат бўлмади. Кечаси билан алкаш-чалкаш тушлар кўриб, босинқираб чиқди.
Ва тонг ёришиши билан машинасига ўтириб, яна ўша қишлоққа йўл олди. Бу сафар мақсад аниқ: қишлоқдагилардан суриштиради. Биров бўлмаса, бошқаси билар. Лекин кимдан сўрамасин, елка қисиб, хабаримиз йўқ, дейишдан нари ўтишмади. Ниҳоят, кўча эшик олдидаги супачага тўшалган бир парча эски шолчада ўзини офтобга солиб ўтирган кампирга яқинлашди. Салом бериб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Сўнг мақсадга ўтди. Кампир унинг сўзларини эътибор билан тинглаб:
– Вой, болам, ўша санмидинг? – деб сўраб қолди-ю, Аҳмадни қўрқув босди.
– Ҳа, менман… – деди Аҳмад. Ўз овозини зўрға эшитди.
– Ҳа, боёқиш-а, кел, бу ерга ўтир, – дея кампир ёнидан жой кўрсатди. Аҳмад баттар бўшашди. Кампир нега ачингандай қараяпти менга? Демак…
– Кимни босибман?..
– Нима деяпсан, болам?.. Вой-вой рангинг бўздай оқариб кетди-я. Мен сенга одам босдинг, дедимми? Картишкамизни, бир қоп картишкамизни туртиб, сочиб кетибсан.
– Росттанми?! – Аҳмаднинг кўзлари чақнаб кетди.
– Ҳа-да, – деб жавоб берди кампир. – Ҳалитдан бери нима деб жавраяпман санга!
– Узр, холажон, – Аҳмад хурсанд бўлганидан ўрнидан туриб олди. – Минг карра узр.
Кампирнинг кичик ўғли Чирчиқ бозорига элтиб сотиш учун бир неча қоп картошкани йўл бўйига олиб бориб қўйган. Лекин ҳадеганда машина бўлавермаган. Жала ёғиб, туман тушгач, уларни уйига қайта таший бошлаган. Охирги қопни эса машина уриб ағдариб кетган. “Жигули”нинг орқасидан: “Кўрмисан!” деб сўкиниб қолган ҳам кампирнинг ўғли экан.
Кампир шуларни бор тафсилоти билан гапириб бериб, пировардида:
– Эҳтиёт бўлиб, секинроқ юрсаларинг бўлмайдими? Орқа-олдиларингга қарамайсанлар. Бунча елиб-учмасаларинг! – дея жавраган бўлди. Лекин заҳрини сочмади.
Аҳмад кеча оқшомдан бери ўзини не кўйларга солиб келган жумбоқни ечиб берган кампирдан чексиз миннатдор эди. Ундан қайта-қайта узр сўраб, машинаси ёнига қайтди. Эшикни очиб ўриндиққа ўтирди-ю, бирдан бўшашиб кетди. Ақл-ҳушини йўқотгандек бир нуқтага тикилганича узоқ ўтирди. Ниҳоят қаддини ростлаб, чўнтагига қўл солди. Сигарета олиб тутатди. Шу пайт рўпарасидаги кўзгуга кўзи тушди-ю, ундаги ўз аксини кўриб, ҳайрон бўлди. Кечадан бери соқол-мўйлови олинмаган, юзи сўлғин, уйқусиз кўзлари ҳорғин боқар эди.
– Уйга бориш керак, – деди ўзига-ўзи. Болалари, хотини кўз олдига келиб, чеҳраси ёришди.
Аммо моторни ўт олдиришга юраги дов бермас, калитга қўл узатса, оёқлари қалтираб, вужудини титроқ босар эди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди.