Муҳаммад Шодий. Ажаб дунё (ҳикоя)

— Жалолиддин!
— Кираверинг, — деди уй эгаси, — дарвоза очиқ.
Эшикни журъатсизлик билан очиб, қўлида ҳасса, кириб келар экан: — Хайрият, шу ерда экансан, — деди Назар бобо, пешвоз чиқаётган уй эгасини кўриб.
— Э, муаллим, ўзингизмисиз? — Жалолиддиннинг чеҳраси ёришгандек бўлди.
— Ҳа, мен, — дея кулиб қўйди бобо, — кутмаган бўлсанг керак-а?
— Йўғ-э, нега? Келинг, саломатмисиз?
Қўл бериб, ҳол-аҳвол сўрадилар.
— Қани, ичкарига.
— Ким бор?
— Бир ўзим.
— Хўп, лекин кўп ўтирмайман.
Кириб бораётган бобо, ғайриихтиёр, атрофга разм солиб, нақшинкор айвонга бир қараб: — Зўр иморатлар солибсан, — деди хаёломуз, — насиб этсин. Анча бўлдими?
— Ўн беш йил бўляпти.
— Ўн беш йил? Қара-я, мен энди кўряпман. Ажаб замоналар. Ҳамма ўз ташвиши билан банд. Бир қишлоқдамиз, лекин борди-келди ҳисоби билан. Оқибатсиз бўлиб кетяпмиз. Бу даргоҳга охирги марта қачон келганим, ҳатто, эсимда йўқ.
«Лекин менинг эсимда, — кўнглидан ўтказди Жалолиддин: бирданига аъзойи баданида ғалати бир изтироб пайдо бўлди, — отам қазо қилган кун… Унутиб бўларканми?» лекин нафасини ичига ютиб: — Қани, юқорига, — эҳтиром кўрсатди уй эгаси.
Ҳассасини устунга суяб, калишларини ечиб, «бисмиллоҳи…» дея тўрга қадам қўйди бобо, яна бисмилло деб кўрпача устига ўтирди.
— Қани, омин…
— Хуш кепсиз. Мен ҳозир…
— Нима қилмоқчисан?
— Дастурхон ёзай десам…
— Э, нима деяпсан? Моҳи шарифда-я? Бир оят ўқинг, де, — дея ўрнидан турган Жалолиддиннинг қўлидан тортиб, ёнига ўтирғизди бобо.
— Узр, муаллим.
Бир «у-ҳум» дея, ўтирган жойида бир қимирлаб ва кўзларини юмгандай бўлиб, бобо оят ўқий бошлади:
— Аъузу…

* * *

— Усто-о-з, отадай улуғ, деган гап бор, укажон.
— Хизмат бўлса, муаллимжон, бехижолат…
— Илтимос, муаллим дема.
— Ахир… муаллим эдингиз.
— Шундай-ку, лекин… Муаллимлик аллақачон ўтган, ўтиб кетган. Ҳозир домламан. Имом йўқлигида масжидимизда домла-имомлик ҳам қилиб тураман. Хабаринг бордир?
Бир пайтлар мактабда ишларди Назар бобо. Хўжалик мудири эди. Ўқитувчи етишмасди. Шундан гоҳида дарсларга ҳам кириб турар, қишлоқдагилар унга ҳам «муаллим» дея мурожаат қилишарди.
— Хўп, устоз, айтганингиз бўлсин. Домлажон, қулоғим сизда.
— Бир илтимос билан келувдим.
— Хўш?
— Китоб керак бўлиб қолди.
— Китоб? Қанақа китоб?
— Отангнинг эски китоблари. Мулло эдилар, раҳматли, мавлоно эдилар. Кўп китоблари бор эди. Биронта қолганми, йўқми?
Жалолиддин ғалати бўлиб кетди. «Китоб… отамнинг китоблари…»
Нималардир эсига тушиб, этлари жунжикиб, юраги гурсиллаб ураётган бўлса-да, бироз ўйга чўмиб, кулимсираб:
— Фақат битта китоб қолган, — деди, — жон деб берардим-у…
Уй эгасининг хиёл бўзланган рангига эътибор бермай: — Берасан, — деди Назар бобо, — биттагина бўлса-да, берасан, укажон.
Бироз сукут сақлаб, сўради:
— Айтгандай, менинг Мансурим билан бирга ўқирдинг-а?
— Ҳа, домла, Мансурингиз билан бир синфда ўқирдик. Жўра эдик, — дедию лекин у ёғини айтмади…

* * *

Унинг дарди янгиланди. Домласига очиқ ошкора айтмаса-да, кўзларига боқиб-боқиб хаёлидан ўтказди: «Ҳа, домла, жўра эдик. Лекин нимадир бўлиб, бир нарсани талашибми, ёқалашиб қолганмиз. Кимдир елкамга бир мушт туширди. Қарасам — сиз.
— Итвачча! — дея қаттиқ тортдингиз қулоғимдан, — зўр бўлиб кетибсан-ку, руҳоний, халқ душманининг ўғли!
Бу ҳам камлик қилгандай, тарсаки туширмоқчи бўлиб, қўл кўтарувдингиз, «ҳай-ҳай!» деган изтиробли овоз эшитилди-да, қаердандир етиб келган ойим ўртага тушдилар. Мен йиғладим. Умримда бунақа таҳқирни, бунақа мушт зарбини тотиб кўрмаганим учунми, ойимни кўриб, бирдан хўрлигим келиб, ўксиб йиғлай бошладим.
— Бир мушт етарли эмасмидики, яна қўл кўтаряпсиз, домла? — дедилар ойим, — эркангизни эса… Бола сизга азиз бўлса, бошқаларга ҳам азиз. Айтган гапингизга қаранг — руҳоний, халқ душмани. Халқ душмани ким?
— Ҳо-о, шунақа дегин, — дедингиз заҳарҳандалик билан, «бировнинг азизи» деб, безорилик, муштумзўрлик қилсаям қараб туриш керак экан-да, а? «Халқ душмани» ким эмиш… Ким бўларди, жаложин, сенлар!
— Ҳой, оғзингизга қараб гапиринг. Ўйлаб гапиринг…
— Э, кимсан ўзинг менга дўқ урадиган? Кимга орқа қиляпсан? Эринггами? Унинг гапи гап бўлган замон ўтиб бўлган, наҳотки билмасанг?
— Муаллим деган номингиз бор, ўзингизни босинг.
— Нима қилардинг, руҳоний? — дедингиз таҳқирона оҳангда, — қўлингдан бир нима келармиди? — Лекин мен, — дея дағдаға қилдингиз кўкрагингизга муштлаб, — кўп ишларга қодирман, ҳали томоша қиласан.
Тўғри айтган экансиз, домлажон, кўп ўтмай нималарга «қодирлигингиз»ни исботладингиз ҳам…

* * *

— Руҳоний деди, халқ душмани деди, — дея кўз ёши билан арз қилдилар ойим. Дадам таскин бердилар:
— Хафа бўлма, нима деса, унинг оғзи. Жанжал пайтида, жаҳл устида, одам нималар демайди.
Кейин насиҳатомуз давом этдилар:
— Жалолни урган бўлса, майиб бўлмапти. Бир мушт-икки мушт билан ўлиб қолмайди, пишади. Аралашмаслигинг лозим эди — ўзидаям айб бор.
Ойим эътироз билдирдилар.

* * *

Ўша воқеадан кейин, домлажон, мени ёмон кўриб қолдингиз. Рамазон ойи эди, ҳаммаси эсимда. Катта танаффус пайти, мактаб ҳовлисига чиқишимни биламан, уч-тўрт бола келиб, қўлимдан, билагимдан ушлади.
— Кетдик, домла чақиряпти.
— Қўйворларинг, — дедим, — домла чақираётган бўлса, ўзим боравераман.
Лекин мени куч ишлатиб, тортқилаб олиб боришди.
Рамазон ойи эди, домла, лекин оғзингизда сигарет. Ўттиз-ўттиз икки ёшда эдингиз. Кўзларингиздан ўт чақнайди.
— А-ҳа, муллавачча! — ошкора адоват билан қарадингиз менга, — рўзамисан?
— Ҳа, рўза! Рўза! — қичқиришди болалар.
— Бу илонваччаям, афтидан, отасига ўхшаб, мулло бўлмоқчи!
Шундай деб майдонда ўтириб узум еяётган мендан каттароқ бир болага ишора қилдингиз, у шартта қўлимдан ушлаб, пастга тортиб туширди-да, ерга ётқизиб, оғзимга узум тиқа бошлади…

* * *

Кўнглим ғаш эди. «Оғиз очиш» фурсати ҳам етди. Дастурхон атрофидамиз. Бўлган воқеа ҳақида ота-онамга гапириб беришни лозим топмадим.
Икки-уч марта ошга қўл узатдикми, йўқми, дарвоза қаттиқ тақиллади.
— Ҳой, ким бор? Очларинг!

* * *

Жалолиддин бориб эшикни очди.
— Қани отанг. Уйдами?
— Ҳа.
Уч киши эдилар: НКВД ходими, қолган иккиси жамоа идорасидан.
Отаси ўтирган уйнинг эшигини силтаб очишди.
— Сизга келдик, домла.
Анграйиб қолган онаси:
— Нима гап, тинчликми? — деб сўради, ранг-рўйи ўзгариб.
— Нима гаплигини кейин биласизлар.
— Қани, ўтинглар. Бир пиёла чой…
— Вақт йўқ. Қани тезроқ! — НКВД ходими овозида шиддат бор эди.
— Вой, эндигина «оғиз очган» эдилар-а…
Жамоа идораси вакили отасига олайиб қараяпти: — Бўласизми, йўқми?
— Ҳозир, ўғлим, ҳозир, — саросимага тушди отаси. Кетаётиб: — Мен тез қайтаман, хавотир олманглар, — деди.
Хавотир олмай бўларканми?
Юраги тарс ёрилиб кетаёзган онаси ўзини қўярга жой тополмай уёқ-буёққа қадам ташлар, хаёлидан турли гумон-шубҳалар кезар, ўзига ўзи пичирларди:
«Қаерга опкетишди? Нега? Ўзинг сақла, эй Худо… Ўзинг мададкор…»
Икки соатлардан кейин, бахтларига, дарвозанинг ғижирлагани эшитилди-да, отаси кириб келди. Изтиробда эди, лекин лабида табассум:
— Тинчлик экан-у…
— Тинчлик бўлса, нега бундай қилишади, дадаси? Турқи совуқларнинг авзойидан қўрқиб кетдим.
— Эски саводи бўлган ҳар одамни, назаримда, сўроқ қилишяпти.
— Тавба, бу янги ҳукумат…
— Пастроқ, хотин, пастроқ. Янги ҳукуматга тил теккизма, замон нозик…
Эртаси, ифтордан сўнг, атроф хилват бўлгач:
— Тургин, болам, — деди отаси, — бир жойга борамиз.
— Қаерга? — ҳайрон бўлди Жалолиддин.
«Шу бемаҳалда қаерга боришлари мумкин?»
Ичи тўла оғир бир халтани олиб чиқар экан:
— Кейин биласан, — деди онаси, — манавини олиб боришда отангга ёрдам бер.
— Бу нима? Ичида нима бор?
— Китоб, болам, китоб. Эски китоблар… Бу ерда туриши хавфли, болажон.
— Тушундим…
Ёши бир жойга бориб қолган отаси билан қишлоқ четидаги Кафтагузар тоғи этагига йўл олишди. Атроф-теварак зим-зиё, йўл юриш мушкул, юклари оғир, дилларда таҳлика…
Кичик бир ғор ичига Саъдию Ҳофизни, Румию Фузулийни, Навоий, Увайсийларни… «кўмдилар»да, ортга қайтдилар.
Онаси пешвоз чиқди:
— Омонмисизлар? Хаёлим қаерларга бормади.
Оёқларини зўрға судраб босиб, уйга кираркан:
— Энди кўнглимиз тинч, — зўрма-зўраки жилмайди отаси.
Лекин «нотинчликлар» ҳали олдинда экан. Мўйсафид касал бўлиб қолди, иссиғи баланд. Унга яна келишди.
— Туринг, домла.
Эшикнинг тарақлаб очилиши билан қалби ларзага тушган, аъзойи баданини совуқ тер қоплаган онаси худди биров томоғига пичоқ тирагандай:
— Яна нима хоҳлайсизлар? — дея титроқ овоз чиқарди.
Довдираб қолган Жалолиддиннинг юраги ҳам хапқирди. Қаққайиб, гоҳ ота-онасига қарайди, гоҳ чақирилмаган меҳмонларга.
— Қараб турибмиз, домла, турасизми, йўқми?
Бу дағдағадан онаси бироз қизишди:
— Турмайдилар. Қанақа одамсизлар? Бу аҳволда, қандай борадилар?
— Қўй, хотин, бориш шарт бўлса, бир иложини қиларман, — мажолсиз овоз чиқарди ота, — жанжал кўтарма.
Шундай дея, ўрнидан зўрға турмоқчи бўлаётувди: — Қимирламанг! — тўхтатди онаси ва «меҳмонлар»га юзланди: — Бормайдилар. Ҳеч қаёққа!
Шопмўйлов норози оҳангда:
— Ёмон хотин экан-ку, — деди шерикларига.
Онаси, кўзлари мўлтираб, мўйловлига қаради: — Булар-ку бегона, сен тушунгин, Зоҳир, узоқроқ бўлса-да, қариндошмиз-а.
Лекин илтижо унга кор қилмади.
— Хўш, қариндош, — деди у хириллаб, — сени деб ҳукуматга хиёнат қилайми? Тушингни бориб сувга айт!
Умиди пучга чиқишини сезган онаси:
— Шундай дегин, ҳукумат фарзанди, — деди маҳзун жилмайиб, сўнг нажот сўраб новча «меҳмон»га юзланди: — Укажонлар, раҳм қилинглар. Худо хайрингизни берсин. Мусулмонсиз-а, эрта-индин ҳайит, шу улуғ айёмда…
Шопмўйлов хохолади:
— Ҳаҳ-ҳа! Ҳайитмиш… Ҳайитингга ҳукуматнинг не иши бор? Оборамиз!
— Касал бир чолни… Ёстиқдан бош кўтаришга кучи етмайди-ку, бу бечорани? — онасининг овози бўғилиб қолди.
Жалолиддин йиғлай бошлади. Лекин «меҳмон»ларнинг парвойи фалак…
— Хола, фойтун бор ташқарида. Чиқишларига ёрдамлашамиз. Келишдан бош тортди деб айтолмаймиз-ку.
— Шунақами? — онаси бошқа чидолмай, эшик олдидаги таёқни қўлига олди.
— Қани, туёғингни шиқиллат! Тезроқ!!
Она ғазабланган арслонга ўхшарди шу тобда.
— Йўқолларинг!!!
— Ҳўй, жаложин, — деди кутилмаган ҳолдан қўрқиб кетган шопмўйлов, — ҳали ҳукумат билан ўйнашасанми? Биз-ку, кетамиз, лекин яна келишади. Домла боришга, жавоб беришга мажбурлар, устларидан шикоят тушган…

* * *

«Яна келишади…»
Ўша беҳаловат тунда уйқуси қочган эди. Хаёли паришон. Яна келишларига амин эди. «Нега бундай қилишади, нега? Дадажонимда нима айб? Сиҳат бўлганларидаям майли эди…»
Қани эди андаккина мизғиб олса. Азонда туриши керак. Лекин кўзини юмса, алламбало қўрқинчли тушлар…
Саҳарга яқин кўзи илинибди.
— Болажоним…
Кўзини очиб, онасининг ёшли кўзларини кўриб, титраб, бошини шаҳд кўтарди:
— Келишдими, ойижон? Улар келишдими?
— Йўқ, отанг…
— Отамга нима бўлди?
— Мард бўл, ўғлим, — дея она унинг бошини титроқ кўкрагига босди, — отанг… қазо қилдилар.
— Нима?..

* * *

Таъзияга кўп одам келди.
— Эҳ, қанақа одам эдилар-а, домла…
— Қарилик чоғида базўр-базўр топган фарзандининг роҳатини кўрмай ўтдилар, бечора.
— Эсиз банда…
Кимдир Жалолиддининг елкасини олиб, алам-қайғусига шерик бўлар, биров юраги қон йиғлаётган онасига сабр-бардош тилар, ҳамма ғамгин, ҳамма изтиробда эди.
Ажаб дунё! Муллоларни кўролмайдиган, «халқ душмани» деб устларидан ёзадиган одамнинг ўзи, фалакнинг айланиши билан, энди муллоликка даъвогар. Қўлига китоб олмоқчи, диний китоблар. Китоблар…

* * *

… Жалолиддин ҳаяжонини босиб, секин ўрнидан турди-да, ичкарига кириб, рўпарадаги ойнаванд жавондан отасидан қолган табаррук китобни қўлига олди, лабига обориб, қайта-қайта ўпди, кўзига сурди-да, Назар муаллимнинг олдига чиқди.
— Отамдан қолган табаррук китоб…
Жалолиддин Саиднинг фан доктори бўлганигаям йигирма йил бўляпти. Шаҳарлик, лекин бир оёғи қишлоқда. Бир жавон эмас, икки хонаси китобга тўла! Ўзи ҳам бир нечта китоб ёзди. Ҳа, у китобга бой, лекин… Лекин отадан қолган бир дона китоб… барча китоблардан унга азизроқ, бебаҳо ёдгорлик. Ана, ўша ёдгорликни бериб юборяпти. Кимга — отаси устидан ёзган одамга!

* * *

— Э, баракалло! Отамдан қолган ёдгорлик, дегин? Яхши, яхши. Лекин зўр мулло эдилар, раҳматли, бутун водий у кишини тан олар, ҳурмат қиларди. Китоблариям кўп эди? Шугина қолибди холос-да, а?
— Ўқий оласизми?
— Анчадан буён машқ қиляпман. Бу, дейман… — бобо муқовадаги ёзувга синчиклаб қаради, — «Чаҳор китоб»,а?
— Йўқ, «Фиқҳи кайдони»-ку.
— Э-ҳа, «Фиқҳи кайдони». Кўзойнак олмаганимни қара… Айтгандай… — бобо киссасини ковлагандай бўлди, — сўрашнинг айби йўқ, қанча беришим керак?
— Нима?
— Китобнинг баҳосини сўраяпман. Аслида, диний китобга нарх қўйиш, савдолаш ҳам жоиз эмас-у…
Жалолиддин Саиднинг ичи ёнаяпти-ю, лекин лабида табассум:
— Бу китоб, домлажон, биздан сизга ҳадя.
— Раҳмат, укажон, отангга ҳам раҳмат. Лекин… фақат битта қолган экан-да, а? Ҳай, шунисигаям шукур.

* * *

«Тўғри иш қилдиммикин, азиз отажон? Сиз нима дейсиз, онажонгинам?»